Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Бармоқлар учида уради юрак

Шоди ОТАМУРОД – 1978 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг
журналистика факультетини тамомлаган. Ижодкорнинг “Соғинч ранглари”, “Умр
ўтиб борадир, гулим”, “Мулойим мушук” номли китоблари нашр этилган.


Юрагимнинг майдонига баргдай учиб
Сўз келади изтиробнинг шамолида.
Бошимдаги кўҳна дунё шароб ичиб,
Шеър ўқийди ҳаётимнинг мисолида…


Туйғуларнинг илдизига болта урманг,
Шеърдай тўкманг титраётган япроғини.
Сўз – мангудир. Асло унга кафан қилманг,
Бу дунёнинг қонга ботган байроғини.


* * *
Шоирнинг Сўз билан юзма-юз ҳолин,
Булбулнинг гулига арзида кўрдим.


Зулмат билан нурнинг мангу курашин
Тонг билан тунларнинг баҳсида кўрдим.


Дунёни данакдай чақдим сабримда,
Барча маъносини мағзида кўрдим.


Худойим ўргатди қандай севишни,
Ўзимни муҳаббат дарсида кўрдим.


Хайём улоқтирган ҳаёт жомини
Ярадор юракнинг дарзида кўрдим.


Менга ойна тутди адашган дунё,
Кўнглимни девона тарзида кўрдим.


Дарс


Эски сабоқлардан кечди бу даврон,
Англамоқ мушкулдир охир-аввалин.
Юрагимга михлаб қўйибди ҳижрон,
Янги дарс ёзилган ҳаёт жадвалин.


Эскирдими энди кўнгил талаби,
Етар. Бу кўнгилнинг бошқа арзи йўқ.
Наҳот юрагингда йўқлигим каби
Ҳаёт жадвалингда дийдор дарси йўқ.


* * *
Яшаяпман яқину йироғинг орасида,
Бир олов бор дийдору фироғинг орасида.


Бошим кўкка етганда товонимда тикандир,
Мен ҳайронман осмону тупроғинг орасида.


Қизғонаман шамолдан – ўғирлай деб атрингни
Пайдо бўлса ғунчаю япроғинг орасида.


Тунлар тонгга туташдир, адо қилма шам каби,
Қуёш кўрай қувончу титроғинг орасида.


Золим йиллар дастидан ойдай кўнглимга кун йўқ,
Умрим ўтар жавобу сўроғинг орасида.


* * *
Кўнглингни чўктирма саҳрога қараб,
Йўлга чиқ, пойингга туялар чўксин.
Ҳорисанг, оҳиста бошинг қўймоққа
Хотиржам жой бўлсин безовта кўксим.


Кўнглингни чўктирма дарёга қараб,
Мен борман ҳаётинг каму кўстида.
Пойингда йўл эдим, йўлда давом эт,
Умрим кўприк бўлсин дарё устида…


* * *
Дунё, ўзинг очиқ дастурхон,
Ҳаёт таъмин келтир маромга.
Болаликда ҳайратга солган,
Юлдузларни сепма ярамга.


Менга ўхшаб безовтасанми,
Бағринг кемтик, тўлмайсанми, ой?!
Нурларингга қўшиб ичгали
Уйқу дори бўлмайсанми, ой?!


* * *
Кундузлари қуёш, тунда ой бердинг,
Кулганингда шўхчан, тошқин сой бердинг,
Жонгинам, кўнглингдан менга жой бердинг,
Қиммат совға борми табассумингдан.


Кўнглимнинг жавони тиллодан десам,
Сени топганимни Оллодан десам,
Шу лаҳза сўзимда хато йўқ ҳечам,
Қиммат совға борми табассумингдан.


Қарасам, дунёси сарсонга ўхшар,
Яшаганим сари нуқсонга ўхшар,
Харидор бўлмадим – арзонга ўхшар,
Қиммат совға борми табассумингдан…


* * *
Ҳуснингга ҳайратда осмон билан ер,
Ифорингдан мастдир кундуз ва кечам.
Кўзларимга қара, қўлларингни бер,
Заволинг кўрмайин, атиргул, ҳечам.


Майли, киприкларинг душманга қасддир,
Майли, ўғирласин ҳаловатимни.
Ишғол айламоққа бир нигоҳ басдир
Юрак деб номланган мамлакатимни.


Кўксим дарчасида ёруғлик кўрдим,
Муҳаббат дардидан бошқаси дардмас.
Муҳташам қасрингни юракда қурдим,
Мендан кўп яшагин, Тожмаҳал шартмас.

Пианино қаршисида


Бармоқлар учида уради юрак,
Бармоқлар учига кўчади само.
Ҳозир ҳузурингга бормоғим керак
Бармоқлар кўрсатган шу йўллар аро.


Кафтингдан жой топар безовта жаҳон,
Кафтингда томирдай чалкашар йўллар.
Кафтингда не алам, не сирлар пинҳон,
Клавишга айтар дардини қўллар.


Оқ-қора рангларга чулғанган ҳаёт
Кўнгилга бермоқда хаёл дарсини.
Тоза туйғуларинг қилгин эҳтиёт,
Эшитма дунёнинг кўҳна баҳсини.


Ҳисоблаб бўларми ҳайратнинг кучин,
Бармоқлар сеҳрига ўзим маҳлиё.
Бир куйга арзирли лаҳзалар учун
Юрагим уришин санасин дунё!..


Манзил


Болалик хайр деди, мен унда қололмадим,
Совғалари кўп эди, ҳаммасин ололмадим.
Қалбимдаги оташни ўчмайдиган чўғ дебман,
Шу армоннинг дастидан ўзимга келолмадим.


Кўп уриндим қолай деб, йўлга солди тақдирлар,
Юрагимнинг ярмини юлиб олди тақдирлар,
Тушларимга киради тоғлар, семиз қирларим,
Қишлоғимда мунғайиб қолган ўчоқ, тандирлар.


Ўлжадек яшаяпмиз дунёдай мерган билан,
Отам кетган ёғоч отда, ҳозир у Эгам билан.
Онажоним қабрини қопламишдир хазонлар,
Меҳрига тўярманми “Онажон” деган билан.


Мен не дейман, қўлимдаги сознинг навоси шуми,
Қалбимга нуқси урган шаҳар ҳавоси шуми?
Шеърим – кўзёш, йиғларман, сиёҳдоним қалбимдир,
Қаламнинг учи – малҳам, дардга давоси шуми?

Ташлаб кетгани ростми тоза, қайноқ дамларим,
Шеър билан тўлса эди кўксимдаги камларим.
Нимага муҳтождирман – сирларим билар Худо,
Ёруғ кўнгиллар томон бошларми қадамларим.


Нега умр дегани машаққатли йўл бунча,
Ташналигим ошмасми вақт косаси тўлгунча.
Борар манзилим ўзинг бўлгин энди, эй кўнгил,
Сенда қолгим келяпти, сенда қолай ўлгунча.


* * *
Дунё шудир, жўра, десам,
Умр оқу қора, десам,
Битмайдиган яра, десам,
Йиғлашини билмаганман,
Билиб, бағрим тилмаганман.


Дийдор ҳам бир эҳсонмикин,
Унга етмоқ осонмикин,
Ё тушлардай пинҳонмикин,
Тушларида бўлмаганман,
Пинҳон бўлса, кўрмаганман.


Кўзёшимга доғлар ювманг,
Кўҳна ердан мени қувманг,
Кўзасида мангу сувман,
Балким ҳали тўлмаганман,
Шунинг учун ўлмаганман.


Жафосиздан жафоли кўп,
Нега бунча заволи кўп,
Бу осмоннинг саволи кўп,
Жавобини билмаганман…
Жим туришга келмаганман…

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil