
Севара БОБОЕВА – филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PHD).1994
йилда туғилган. Гулистон давлат университетини тугатган. Моқолалари республика
матбуотида чоп этилган.
“Шарқ юлдузи” журналида эълон қилинган – Темур Пўлатов ва Шерзод Комил
Халилнинг “Одам атонинг сўнгги авлоди”, Муртазо Қаршибойнинг “The pearl of
the soul” (Дил гавҳари), Аббос Саиднинг “Мунаввар қорининг сўнгги нидоси”,
Наби Жалолиддиннинг “Мерос”; “Ёшлик” журналида нашр этилган – Эрпўлат
Бахтнинг “Суронларда кечган болалик”, Орзиқул Эргашнинг “Турсунбойнинг
саргузаштлари”, Рустам Жабборовнинг “Шаҳзоданинг иқрори”; шунингдек, тўплам
ҳолида чоп этилган Шуҳрат Маткаримнинг “Мақар”, “Йилон”, “Салав”, Байрам
Алининг “Босириқ”, “Тункезар болалар”, Фурқат Алимардоннинг “Қоракуя”,
Муҳаммадхон Юсуповнинг “Илк” каби қиссаларининг яратилиши 2024 йилнинг
сермаҳсул ижод даври бўлганлигини исботлайди.
Бу қиссаларни мавзу жиҳатидан шартли равишда қуйидаги гуруҳларга бўлиб
ўрганиш мумкин:
- Фалсафий-психологик (“Одам атонинг сўнгги авлоди”, “Мақар”, “Салав”,
“Босириқ”). - Маънавий-ахлоқий (“Мерос”, “Қоракуя”).
- Саргузашт (“Суронларда кечган болалик”, “Тункезар болалар”).
- Тарихий қиссалар (“Шаҳзоданинг иқрори”, “Мунаввар қорининг сўнгги
нидоси”, “Илк”). - Автобиографик (“Турсунбойнинг саргузаштлари”).
- Ҳажвий (“The pearl of the soul” (Дил гавҳари).
Темур Пўлатов ва Шерзод Комил Халилнинг “Одам атонинг сўнгги авлоди”
номли қиссаси Россия Федерацияси ҳамда Эстонияда истиқомат қилувчи ижор
халқининг аянчли ва таҳликали ҳаётидан олинган бўлиб, олис шимол халқлари
мифологияси ҳамда ўткир танқидий руҳ билан суғорилган. Асарда Ватан, миллат,
инсоннинг қадр-қиймати каби энг олий қадриятлар юқори пафос, фалсафий руҳ
ҳамда индивидуал услубда ифода этилган. Асар қаҳрамонлари Кочубей, Мекрон,
Микола, Айна ва унинг ўғли каби персонажларнинг ҳаммаси ўз зиммасига рамзий
маъноларни юклаган.
Ёзувчи Неъмат Арслон асар ҳақида қуйидаги фикрларни келтиради: “Одам
атонинг сўнгги авлоди” асарининг руҳи оғир. Шунга қарамай унинг саҳифаларида
юморга мойил эпизодлар анчагина. Барча воқеалар, одамларнинг умумий руҳи
чуқур трагизм билан суғорилганки, бу китобхонни кенгроқ ўйлашга ва мушоҳадага
чорлайди”1. Чиндан ҳам асардаги ҳолат ва кайфият шу даражада тушкун ва
юқумлики, китобхон уни ҳис қилмай ўқий олмайди. Ер юзида батамом йўқ бўлиб
кетаётган ижорларнинг тасвири, ҳаёт гултожи бўлмиш инсон зотининг нақадар
аянчли ва ночор аҳволга тушиб қолганлиги, албатта, инсонни жунбушга келтиради.
Шуҳрат Маткаримнинг “Мақар” қиссаси. Асардаги бош образ Мақар – яъни
Ҳўсинбой тасвири Назар Эшонқулнинг “Фаришта” ҳикоясидаги Бойқул, Эрнест
Хемингуэйнинг “Чол ва денгиз”идаги Сантягони эсга солади. Аммо улардан айро
ўзига хос жиҳатлари ҳам талайгина. Адиб қаҳрамоннинг руҳиятини жуда нозик
тасвирлайди. Атрофидаги одамлар, қариндош-уруғ, ҳаттоки оила аъзоларининг ҳам
ҳурмату эҳтиромига сазовор бўлмаган, бироқ буни кўп ҳолларда кўнглига олмаган
Мақар олам ичра ўзининг ички оламига – “олами суғро”сига эга.
Байрам Алининг “Босириқ” номли қиссаси илм-фан ва техника кундан
кунга ривожланиб бораётган бир пайтда инсоннинг жамият орасидаги руҳий
ёлғизлиги, бегоналик ҳисси ва ушбу ҳолатда инсон реал ҳаётдан кўра кўпроқ
хаёлий тасаввурлар орасида яшашни афзал билиши ҳақида. Хўш, нима учун
асар қаҳрамонининг “Мияси суйилган, хаёллари паришон?” Негаки, у атрофида
рўй бераётган ҳодисалардан, кўзбўямачиликлардан шу даражада безиб кетганки,
“Олам ичра кичик бир оламчага ўхшайдиган ёввойи қушлар галаси”га қўшилиб,
олисларга учиб кетгиси келади. Асарда “Беномуслардан беномусларча қасд олган”
Ойпар отин ва унинг гап сотишга ўч котиблари Абдушукур мечкай, Аваз довдир,
Муродали қасамхўр образлари, қолаверса, руҳиятида юзакилик билан моҳир
санъаткорлик хислатлари уйғунлашиб кетган Норбой рассом образлари ўта жонли,
таъсирчан ифода этилган.
Ёзувчи Темирпўлат Тиллаев мазкур қисса ҳақида ўзининг “Талотум изтироби
ёхуд жимлик ортидаги овоз” номли мақоласида қуйидаги фикрларни келтиради:
“Китобдаги иккала қисса ва барча ҳикояларда Байрам Али ўзининг ёрқин адабий
истеъдодини намоён қилган. Зотан, унинг жумла қуришида бахшиларнинг
бўзловига монанд сирли ва сокин ажиб ички оҳанг мужассамки, бу машқларда
ўзлаштирилмайдиган, фақат ижодкорнинг савқи табиийсида туғиладиган, демак, ё
қон хотираси, ё руҳ илмига оид ноёб адабий ҳодисадир…”2 Демак, асар бадииятининг
нечоғлик юксак бўлиши фақат машқ ва изланиш билангина эмас, балки ижодкор
ботинидаги илоҳий мағизнинг қанчалар етилганлиги билан ўлчанади. Байрам Али
асарларида бу жиҳат яққол кўзга ташланади.
Муаллифнинг “Тункезар болалар” қиссаси эса беғубор болаликдан ёшлик
сари қадам қўяётган тўрт йигитнинг оила, дўстлик, севги, садоқат борасидаги
ҳис-туйғулари, изтироб ва ҳасратлари ҳақида ҳикоя қилади. Асар тили равон ва
жозибадор бўлиб, қисса давомида кўплаб халқона сўзларни учратиш мумкин.
Шунингдек, ўз ўрнида қўлланилган теша тегмаган ташбеҳлар ўқувчини беихтиёр,
ўсмирликнинг самимий оламига олиб киради. Шунингдек, ҳар иккала қиссани
муаллиф шу қадар кутилмаган ниҳоя билан якунлайдики, ижодкорнинг бадиий
1 Неъмат Арслон. Кучли аурага ўровчи асар. Шарқ юлдузи. 12-сон, 2024. – Б. 38.
2 https://teletype.in/@akademnashr/Bayram-Ali-Bosiriq
тафаккури ва ижодий концепсиясини асарни тугатмасдан туриб англаб бўлмайди.
Бу жиҳат Байрам Али услубидаги яна бир ўзига хос хусусият десак арзийди.
Наби Жалолиддиннинг “Мерос” қиссаси оила, меҳр-муҳаббат, дўстлик, садоқат,
оқибат каби тушунчаларнинг бадиий талқинига бағишланган бўлиб, персонажлар
руҳияти орқали инсоннинг қадр-қиймати, ёлғизлиги ҳақида фикр юритилади. Узоқ
йиллар бирга яшаб умрининг сўнггида ўз аёлидан жудо бўлган, унинг қадрини
вафотидан кейин англаган Ўктам ҳожи образининг руҳий изтироблари қуйидагича
тасвирланади: “Ҳатто таомлар таъмсиз, ютилаётган ҳаволар оғир-оғир туюла
бошлайди. Ўтаётган вақт буларни зиёдалаштиради, холос…” Қиссани ўқиган
китобхон, беихтиёр, ёнидаги яқинларининг қадрини англайди, кўнглида меҳрнинг
ажиб жилвалари уйғонгандек бўлади. Бу эса ёзувчининг бадиий маҳоратини
белгилайдиган омиллардан бири саналади. Шунингдек, асарда Эрали бува, Вакил
тоға, Адҳамжон сингари бир-бирини такрорламайдиган, миллийлик нуқси уриб
турган бир қанча образларни учратиш мумкин.
Эрпўлат Бахтнинг “Суронларда кечган болалик” қиссаси. Қисса сюжет
жиҳатидан бир нечта ҳикоялардан ташкил топган бўлиб, муаллиф ҳар бир ҳикояга
алоҳида ном беради. “Дебоча ёхуд тақдир томидан томган чаккилар”, “Қўшнидан
ташланган қармоқ”, “Изғиринда изиллаб” сингари сарлавҳаларнинг берилиши
китобхонда асар мазмуни ва воқеалар ривожига нисбатан олдиндан қизиқиш
уйғотади. Асарнинг тили равон, уни бир нафасда ўқиб чиқиш мумкин. Муаллиф
ўзига хос ташбеҳлардан ҳам ўринли фойдалана олган. Аммо қиссадаги воқеалар
ҳаётий, мантиқий тугалликка эга бўлса-да, асарнинг сўнггида асосий урғу
ифодадан кўра кўпроқ воқеалар ривожига қаратилганлиги сабабли баёнчилик
сезилади. Бадиий услубдан адабий асар услубидан кўра публицистик услубга
яқинлик сезилади, шу сабабдан асар бадиий тугалликка эришмагандек таассурот
уйғотади.
Фурқат Алимардоннинг “Қоракуя” қиссасида муаллиф бугунги жамиятдаги
баъзи бир иллатларни танқидий нигоҳ билан бадиий акс эттиришга уринади. Нафс,
хиёнат, манфаатпарастлик, лаганбардорлик, жоҳиллик каби инсониятни маънавий
ботқоққа ботирувчи хусусиятлар асар қаҳрамонлар характерида жонли тарзда очиб
берилган. Асарнинг бош қаҳрамони сифатида тасвирланган Шавқиддин Амирович
мураккаб характерли шахс бўлиб, қисса давомида унинг турли хислатларини
кашф этиш мумкин. Ижодкорлик, китобхонлик, нотиқлик, киришувчанлик унинг
характеридаги ижобий белгиларни ифодаласа, манфаатпарастлик, хоинлик кабилар
билим ва тажрибаларини тубан мақсадларга йўналтирган шахс сифатида кўрсатади.
Қиссанинг экспозиция қисмида мактаб тадбири тасвири келтирилган бўлиб, эрта
баҳорнинг совуқ кунларида “катта” амалдорларнинг ташрифи кутилаётганлиги
англашилади: “Бир томонда ош дамланяпти, бир томонда сумалак қайнаяпти.
Бинога кириш эшиги ёнида олти-етти нафар ўқувчи қиз турибди. Ҳавонинг
совуқлигига қарамай атлас кўйлак кийиб олган қизлар дир-дир титрашади.
Атрофдагилар эса ўқитувчилар, маҳалла фаоллари – куртка-ю пальтоларининг
тугмаларини охиригача қадаб олиб, нималарнидир муҳокама қилишяпти”3.
Бунинг натижасида эса амалдорлар сўзга чиққан вақтда қизларнинг кетма-кет
йўтал овозларидан нотиқларнинг нутқлари даврадагиларга эшитилмайди. Бундан
ташқари, тадбирда иштирок этаётган образлар исми билан эмас, балки “директор”,
3 Фурқат Алимардон. Қоракуя. – Т. Академнашр. 2024. – Б. 4.
“палтоли”, “курткали”, “шоир” каби номлар билан келтириладики, гўёки уларга
исм қўйиш ҳайф. Улардаги тилёғламалик, иккиюзламачилик хусусиятлари
портрет ва диалоглар орқали юзага чиқади. Уларнинг орасида Шавқиддин
Амировичнинг ҳайдовчиси Мавлонбой образигина ажралиб туради ва унинг
фикрича, “каттакон”ларга ёқишга ҳаракат қилганлар подшоҳларга ёқиш учун
жонини берадиган ҳарамдаги канизакларга ўхшайди. Албатта, бугунги кунда тез
тез учраб турадиган ушбу ҳолатларнинг бадиий асарда келтирилиши ёзувчининг
синчи эканлигини англатади.
Адабиёт тарихида “Падаркуш” номи билан машҳур бўлган, темурийлар
авлоди Мирзо Улуғбекнинг фарзанди шаҳзода Абдуллатиф Рустам Жабборовнинг
қаламига мансуб “Шаҳзоданинг иқрори” номли қиссасида янги ракурсда
акс эттирилган. Бугунги кунгача яратилган кўплаб тарихий роман, қисса,
трагедияларда ушбу темурий шаҳзода қилган қилмишига асосланиб тасвирланган
бўлса, Рустам Жабборов Абдуллатифнинг айнан ўша мудҳиш жиноятигача
ва ундан кейинги бўлган жараён, унинг қалб кечинмалари, руҳиятидаги
талотўплар, эврилишларни батафсил баён этишга уринади. Муаллиф Мирзо
Улуғбек ҳақида тўхталиб ўтар экан, уни ҳукмдор, олим сифатида эмас, балки ота
сифатидаги жиҳатларига кўпроқ эътибор қаратади. Асарда тасвирланишича, 5–6
ёшларида онасидан ажралган, бувиси Гавҳаршодбегим қўлида Ҳиротда тарбия
топганлиги сабабли отаси ва сингилларидан йироқда улғайган Абдуллатиф
руҳиятида шакллана бошлаган бўшлиқ секин-аста отасининг Абдулазизга бўлган
муносабати, Гавҳаршодбегимнинг Алоуддавлани зимдан тахт вориси сифатида
тарбиялаши натижасида унинг қалбида чуқур адоват туйғусининг уйғонишига
сабаб бўлади. Айниқса, бир кўришдаёқ ошиқу беқарор бўлиб, унга атаб ғазаллар
битган, уйланишга тараддуд кўриб юрган қизи Жамилага барча гапдан хабардор
бўла туриб Абдулазизнинг уйланиб олганлиги, унинг ғазалларини “ўзлаштириб”,
машҳурлика эришганлигини билганида қалбидаги исён алангаланади. Қиссанинг
айнан шу қисмини авж нуқта деб айтиш мумкин. Адиб унинг руҳиятини қуйидагича
ифодалайди: “Ўзи мен кимман? Бу оламда ким учун, нима учун яшаб юрибман?
Ўз амакиваччам қонимни тўкиш учун пайт пойласа, бир ёстиққа бош қўйган
жуфти ҳалолим бир шапалоқ билан мендан юз ўгирса, бувим ҳам мени душман
ўрнида кўрса, иним мен кўнгил қўйган қизга эга чиқишни ўзига ор билмаса, отам,
мени ўлимга йўллаб, боримни юлиб кенжатойига тутқазса-ю, кўксимдан итарса…
Айтинг, мен кимман ўзи.”4 Ушбу психопоэтик матн орқали персонаж руҳий ҳолати
ёрқин ва ишончли тасвирланган. Аммо асардаги тарихий ҳақиқат қандай асосга
эга эканлиги муаллифнинг ўзига маълум.
Аббос Саиднинг “Мунаввар қорининг сўнгги нидоси” қиссаси ХХ асрнинг
1-ярми жадидчилик ҳаракатларининг турли тўсиқларга учраётган даври воқеалари,
миллат фидойиларидан бири Мунаввар Қори Абдурашидхонов умрининг сўнгги
ойларидаги қийинчиликлар, руҳий ситамлари, орзу ва армонлари ҳақида ҳикоя
қилади. Асар марказида Мунаввар қори ҳамда унинг яқин шогирдларидан бири
Тўлқин Турсунзода туради. Қиссанинг бошида Тўлқин Турсунзода устозининг
аянчли тақдиридан дарак берувчи туш кўради ва чўчиб уйғонади. Ундаги
психологик ҳолатни муаллиф қуйидагича тасвирлайди: “Юраги қинидан чиқиб,
ичига чироқ ёқса ёришмайдиган ҳолда, йиғлай деса сира йиғлолмайдиган афтода,
4 Рустам Жабборов. Шаҳзоданинг иқрори. Ёшлик. 2024. – Б. 65.
жуда аянчли бир руҳий изтироблар исканжасида анчагача ўрнидан қўзғалолмай
ўтирди…”5
Шунингдек, Мунаввар қори образи диний илмдан мукаммал даражада хабардор
эканлиги яққол тарзда тасвирланади. Шогирди билан бўлган суҳбатларида у ҳуррият,
маърифат, жаҳолат, дину диёнат, виждон ва ростгўйлик борасидаги деярли барча
фикрларини Қуръони карим оятлари билан асослашга уринади. Хусусан, “Аъроф”,
“Юсуф”, “Ар-Роҳман”, “Тавба” суралари шулар жумласига киради. Шунингдек,
Тўлқин Турсунзода ҳам асар сўнггида Мунаввар қорининг вафотидан кейин “Ул
зотнинг шаҳид кетганларини, руҳ қушчалари эса иллиюн китоби сари парвоз этиб
юқорилагандан-юқорилайверганини мана энди тушуниб…”6 тарзида ифодаланади.
Ушбу тасвирдаги “иллиюн китоби” ҳам Қуръони каримдаги “Мутоффифунн”
сурасида келтирилган бўлиб, унга кўра қиёмат кунида барча инсонларнинг номи
икки китобда келтирилади. Дўзах аҳли “Сижжийн” номли китобга, жаннатга
киритилиши лозим бўлган инсонлар эса “Иллиюн” номли китобга ёзилган бўлади.
Ёзувчи бош образнинг жаннатий инсон эканлигини юқоридаги тасвир орқали
айнан ушбу ояти каримга асосланган ҳолда ифода этади.
Муҳаммадхон Юсуповнинг “Илк” номли қиссаси ҳам Мунаввар қори
Абдурашидхоновнинг ҳаёти ва фаолияти тасвирига бағишланган. Қиссанинг ўзига
хос жиҳати шундаки, бош образ, яъни Мунаввар қорининг характеридаги нозик
томонлар олдига қўйган мақсадларининг амалга ошишида улкан тўсиқ бўлиб
турганлиги маҳорат билан тасвирланади. Бунинг асосини ёзувчи унинг болалик
давридаги воқеаларга боғлайди. Олти ёшида тўсатдан йўлидан чиқиб оппоқ
ҳарбий либос кийган, отда дарғазаб ҳолда келиб унга қаттиқ гапирган рус зобити
олдидаги қўрқув унинг юрагига мустаҳкам ўрнашиб, ҳам отларга, ҳам собиқ шўро
ҳукуматига нисбатан таҳлика солиб қўяди. Ҳатто отаси билан бўлган сўнгги сайрда
ҳам: “Мунаввар эгарни маҳкам тутиб олиб, кўзларини ҳадеганда очавермаган,
ахийри Абдурашидхон уни яна ерга туширганида, кўзларини очиб, йиғлаб юборган
эди…”7 Адиб қаҳрамон психологиясини шу тарзда маҳорат билан тасвирлайдики,
китобхон натижада унинг қилаётган хатоларини тўғри деб қабул қилишга “рози”
бўлади. Унинг мактаб очиш жараёнидаги ўқувчиларни йиғиш воқеаси асардаги
тугун саналади. Дўсти Абдусомий мактабга биринчи навбатда фақиру эҳтиёжманд
болаларни жалб этишни хоҳласа, ундан фарқли ўлароқ Мунаввар қори ўзига тўқ,
халқ орасида нуфузга эга оилаларнинг фарзандларини йиғишга ҳаракат қилади.
Бунинг асосий сабаби мактабнинг очилиш ва кейинги фаолиятида уларнинг ота
онасидан кўмак илинжи эди.
Орзиқул Эргашнинг “Турсунбойнинг саргузаштлари” қиссаси автобиографик
қисса бўлиб, шоир ва таржимон Турсунбой Адашбоев ҳаёти, асосан, болалик ва
ўсмирлик даври тасвирига бағишланади. Асар ҳикоячи қаҳрамон, яъни Турсунбой
Адашбоев тилидан берилади. Қиссада қирғиз халқининг Иккинчи жаҳон уруши
даврида кўрган қийинчиликлари, собиқ совет иттифоқининг зиёлиларга қилган
тазйиқлари, болалик давридан эрта маҳрум бўлиш изтироблари ҳикоя қилинади:
“Мен ва мен тенгилар бола бўлиб бола ҳаётида яшамадик. Уни ҳатлаб ўтдик.
Ҳатлаб ўтган еримизда – катталарнинг бешафқат ҳаётида бола бўлиб қолишимиз
5 Аббос Саид. Мунаввар қорининг сўнгги нидоси. – Т. Ёшлар матбуоти. 2024. – Б. 3.
6 Аббос Саид. Мунаввар қорининг сўнгги нидоси. – Т. Ёшлар матбуоти. 2024. – Б. 141.
7 Муҳаммадхон Юсуспов. Дераза ортида. – Т. Академнашр. 2024. – Б. 3.
мумкин эмас эди. Тезроқ улғайишга мажбур эдик. Тез улғайдик…”8 Бироқ шу
улғайиш жараёнида бобосидан мерос бўлган китобга, бадиий адабиётга муҳаббат
ҳисси Турсунбойни тарк этмайди. Айнан адабиёт уни бу машаққатлар гирдобидан
олиб чиқадиган ягона ҳимоячига айланади.
Муртазо Қаршибойнинг “The pearl of the soul” (Дил гавҳари) номли қиссаси
ҳажвий қисса бўлиб, асарда сатирик кулги ҳукмронлик қилади. Ҳажвий асарларда,
одатда, характер ёки ҳолат кулгиси акс этади. Ушбу қиссада эса ёзувчи ҳар иккала
кулги турини чамбарчас ҳолатда ифода этишга уринади. Асар бош қаҳрамони
мураккаб характерга эга бўлган “Жиндак хаёлчан, қорачиқлари тубида мунг
аралаш аллақандаай тушуниксиз туйғулар сузиб юрадиган”9 Сўрақулдаги соддалик,
самимийлик, ишонувчанлик ва жайдарилик каби жиҳатлар диалоглар орқали
характер кулгисини очиб берса, у тушиб қолган вазият ҳамда ушбу жараённинг
борган сари мураккаблашиб, чигаллашиб кетиши ҳолат кулгисини юзага келтиради.
Бироқ юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, ҳар иккала кулгида ҳам юмордан кўра
кўпроқ сатира устун туради. Қиссада шўро тузумининг машаққатлари, жумладан,
мустақилликка эришишдан олдинги пойтахтда яшовчи вилоятлик инсонларнинг
биргина “прописка” масаласида қанчалик қийинчиликларга дуч келганлиги,
бунинг натижасида турли қинғир ишларни қилишга мажбур бўлганлиги танқид
остига олинади. Қишлоқда хотини, беш фарзанди бўлатуриб, мажбурият юзасидан
бошқа аёлга уйланиб, аммо ўз мақсадига эриша олмаган, балки иккинчи ёрининг
орзу-истаклари қурбонига айланган Бойсўра образи ХХ асрнинг иккинчи ярмида
яшаб, замонга мослашиш умидида эгри йўлдан юриб, натижада кўплаб зулмларни
бошдан ўтказган йўқсил инсонларнинг қиёфасини ўзида акс эттиради. Унинг
гап-сўзлари, тутумлари китобхонда баъзан кулги, баъзан ачиниш, баъзида эса
нафрат уйғотади. Асарнинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири унинг тилида кўзга
ташланади. Адиб қаҳрамонлар тилини турли шевалар орқали берадики, бу жиҳат
персонажларнинг ички дунёси ва руҳониятини янада яққол англашга ёрдам беради.
Асар равон ёзилган бўлиб, китобхон уни бир маромда ўқиши мумкин. Замонавий
атамалар (ренессанс, проғрамм минимус, программ максимус, мотивация),
бадиий истилоҳлар (олами суғро, дастурул-аввал, дастурус-соний), диалектизмлар
(гуппи, ўшакчи, мудгар, суқаноқ, улги ва бошқаларнинг) ўринли қўлланилиши,
ўхшатишлар, мажозу ташбеҳларнинг ҳам ровий ҳамда персонажлар нутқида
келтирилиши асар бадиий қийматининг ошишига хизмат қилган.
Хулоса қилиб айтгаанда, 2024 йилда яратилган қиссалар мазмун жиҳатидан,
шаклий томондан катта кўламга эга. Ушбу асарларнинг ўзига хос хусусияти –
улардаги фикрларнинг эркинлиги, хилма-хиллиги, танқидий руҳнинг устунлиги,
оламни ва инсонни англашга уринишнинг устувор эканлиги билан англашилади.
Шу жиҳатдан, ўзбек адабиётида қиссачилик анъанасининг юқори босқичга
кўтарилаётганлиги инсонни қувонтиради.
8 Орзиқул Эргаш. Турсунбойнинг саргузаштлари. Ёшлик. Н 7-8. 2024. – Б. 50.
9 Муртазо Қаршибой. The pearl of the soul. Шарқ юлдузи. 9-сон, 2024-йил. – Б. 18.
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-й 4-сон