
Ҳожиакбар ШАЙХОВ – (1945–2002). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият
ходими. Тошкент политехника институтининг энергетика факультетини тамомлаган.
Унинг “Рене жумбоғи”, “Залворли одимлар”, “Еттинчи операция”, “Ғаройиб кўланка”,
“Олмос жилоси”, “Сўнгги аждарнинг ҳалокати”, “Ҳаётбахш хаёллар”, “Аждодлар
хотираси”, “Ёнар дарё”, “Мактаб саҳнаси”, “Сеҳрли қиз”, “Телба дунё”, “Туташ
оламлар”, “Жодугарнинг эри”, “Икки жаҳон овораси” ва бошқа фантастик қисса ҳамда
романлари, “Фан фидойиси”, “Замин шайдоси” публицистик асарлари чоп этилган.
АҚШда чоп этилган жаҳоннинг энг етук фантаст ёзувчилар ҳақидаги энциклопедиясига
ўзбек адабиёти вакили сифатида киритилган.
Шу заҳоти тарақлаб эшик очилиб, остонада азбаройи даҳшатга тушганидан
кўзлари олайиб кетган келин пайдо бўлди. Баҳром шайх ота шошилинч ўрнидан
тураркан:– Тинчликми, қизим? Яна нима гап? – деб сўради хавотирда.
Дилбархон юзи қийшайиб:– Дода, неварангиз шайтонлаб қолди! – деди-ю, мук тушиб йиғлай бошлади.
Баҳром шайх ота Назира ётган хонага кирди-ю, “Ё Раббим!” деганича жойида
қоққан қозиқдай туриб қолди. Неварасининг кўзлари алақ-жалақ, оғзидан кўпик
чиқариб, алланималар дея алаҳсирарди.
Ота унинг: – Шайх бувам… Ҳозир кетдилар… Яхшилар… Қўриқчим… Ҳали яна… Келаман,
дедилар… Эсиз… Тилим… Тилим!.. – деган гапларинигина англай олди, холос.
Баҳром шайх ота ўзини қўлга олиб, неварасининг тепасига ўтди-да, пешонасига
кафтини босиб кўрди. Иситмаси йўқ эди. “Ё тавба, восвос эмасмикин ишқилиб?”
хаёлидан ўтказди у ўз ўйидан ўзи ваҳимага тушганча.
Суяк суриб унга ҳам ўтибди-да, десанг, ота аждодларидан – падари бузруквори
томонидан ҳам, волидаи шафикаси тарафидан ҳам – бирортасининг руҳий
хасталикка чалинганини эслолмайди. Бу не ҳол бўлди?–
Ошхонада мошкичири қилаётгандим, – пиқиллаганча тушунтирарди
Дилбархон. – Бирдан қизим қичқираётганини эшитиб, югуриб кирсам, аҳвол шу.
Нуқул: “Шайх бувам келдилар, Шайх бувам келдилар!” деб алаҳсираяпти. Кўзлари
бежо. Ўша кўзига кўринган… Бува, англашимча, энди ҳозирча яна гапиролмай
қоласан, дебди шекилли, нуқул: “Тилим, тилим!..” деб бақиради.
Баҳром шайх ота невараси ётган каравот ёнидаги стулга ўтириб, қўлларини
юзига тортиб фотиҳа қилди-да:
– Бисмиллоҳир раҳмонир раҳийм, раббана аллазийни азаллана мин алжинни ваал
инси нажъалҳума таҳда акдимина ли йакуна мин ал-асфалин…1 – дея Қуръони шарифдан
оятлар ўқишга тушиб кетди, кейин тағин юзига фотиҳа тортиб ўрнидан турди.
Назира қиз энди алаҳсирашдан тўхтаб, пича ўзига кела бошлагандай эди. Лекин
бирдан у бувасига таънали тикилиб: – Йўқ, йўқ! У жинмас… Бувам!.. – деди-да, негадир ҳолсизланиб кўзларини юмди.
Бундан хавотири ортган Баҳром шайх ота кўксига туфлаб, эшикка йўналаркан,
келинига мурожаат қилди. – Сиз энди уни ёлғиз қолдирманг, қизим, кўз-қулоқ бўлиб туринг, мен ҳозир
дўхтир чақириб келаман. Эрингизнинг ҳам ишдан қайтадиган вақти бўлди…
Баҳром шайх ота маҳаллада “Ниначи дўхтир” деб ном чиқарган шифокорни
бошлаб келганида, хонадон аҳли жамулжам бўлиб, хавотир ва саросимага тушган
хотини Мунаввархон билан ўғли Асадбек қизчанинг атрофида гирдикапалак эди.
Дилбархон ҳам кетма-кет ошхонадан кириб келди. Дўхтир касал гўдакни анча
синчиклаб текширди.
Дарров ташхис қўйишга шошилмади. У бир неча йил Тибетда халқ табобати
усуллари бўйича таҳсил олган, ўтмиш ва ҳозирги замон тиббиётидан бохабар, анча
саводли одам эди. – Қизча билан боғлиқ воқеаларни ҳозирги фан изоҳлаб беришга ожиз, – деди
у ниҳоят қулоғига тақилган фонэндоскопини қўлига оларкан, – ўйлашимча, у биз
ҳали англаб етмаган йўл билан руҳлар билан мулоқотга кирган. Бунинг қанчалик
яхши ёки ёмонлиги ҳақида бир нарса деёлмайман. Лекин келажакда у ғаройиб
хислат соҳибаси бўлиб етишуви эҳтимолдан холи эмас. Уни жуда эҳтиётлаш,
авайлаб тарбиялаш керак. Ҳозирча яхши бир дуохон мулла топиб, эскичасига
ўқитишни маслаҳат бераман. Шу замон шифокорларига кўрсатишнинг фойдаси
йўқ. Улар қизчани ё руҳий касалга чиқаришади, ё бошқа бирор нотўғри ташхис
қўйиб, ичини зарарли кимёвий дори-дармонларга тўлдиришади…
Дўхтир кетгач, Баҳром шайх отанинг умр йўлдоши Мунаввархон ая йиғламсираб
гап бошлади: – Бечора қизгинага энди шу дард бор эканми? Ўзини-ку минг машаққат билан
“кесарево” қилиб, онасининг қорнини ёриб олишган эди. Бу шўрликнинг ёзиғи
нима эканки, сира боши касалдан чиқмайди.– Кўпам қайғуришдан фойда йўқ, – деди Баҳром шайх ота босиқлик ила. –Ҳозироқ ўқийдиган одам топиш керак. Гуручариқда Гулшодабону деган бир
дуохон, башоратчи аёл яшайди, деб эшитувдим, – хонадон соҳиби энди қизнинг
тепасида ранги докадай оқариб, ҳайкалдай қотган ўғлига юзланди: – Асадбой, иккаламиз зумда овқатланиб, ўшаникига бориб келамиз.
Ота-бола Дилбархон олиб келган сопол лагандаги мошкичиридан нари-бери
тамадди қилган бўлишди-да, кўчага шошилишди…
Гулшодабону эллик ёшлар атрофидаги, оқ-сариқдан келган, катта-катта қора
кўзлари ниҳоятда сермаъно, хушқомат аёл экан, Назиранинг тепасига келиб, бирров
синчков нигоҳ ташлади-ю, шу заҳоти фикрини айтди: – Қизчангизнинг одами бор экан. Йўқ… Бир эмас, иккита одами бор экан!
Иккаласи ҳам… – башоратчи аёл кўзларини беҳол ётган гўдакка маъноли қадаганча,
бир зум ўйчан қиёфага кирди-да, гапида давом этди: – мўйсафид кўринишида.
Соқоллари оппоқ. Юзларидан нур ёғилиб турибди.
1 “Эй Парвардигоримиз, инс-жинсларни, бизларни тўғри йўлдан адаштирганларни
кўрсатгилки, биз уларни қадамларимиз остига олайлик, токи улар энг паст хўрланганлардан
бўлсинлар”.
Ҳожиакбар ШАЙХОВ– Вой, тўппа-тўғри топдингиз! – хавотир аралаш хитоб қилди Дилбархон ўзини
тутиб туролмай. – Аввал бизга шайх Тоҳир бува кўриндилар, кейин у, “Шайхбувамни
кўраяпман”, деб роса алаҳсиради. – Демак, тўғри топибман, – ёқимли кулимсираб, бошини маъноли силкиди
башоратчи аёл. – Улар неварамизга бирор зарар етказмасмикин, ишқилиб? – сўради Мунаввар
хон ая дуохон аёлга қўрқув аралаш тикиларкан, титроқ бармоқлари билан бошидаги
оқ рўмолини тўғрилаб.
Гулшодабону яна қизчага синчков тикилди. – Йўқ, уларнинг нияти яхши. Жуда яхши…
Хонадондагилар агар Назира билан боғлиқ ғаройиб воқеалардан бехабар
бўлишганда, башоратчининг бу гапларини бирортаси ҳам жиддий қабул қилмаган
бўлар, ҳатто уларда дуохон аёлнинг руҳий соғломлигига шубҳа уйғониши ҳам
эҳтимолдан холи эмас эди.
Ҳозир эса, аксинча, ҳаммалари унга худди дафъатан бир қудратли сеҳргарга дуч
келгандай лол қолиб тикилишарди. – Нималар бўлаётганига заррача тушунган бўлсам, ўлай агар, – деди энди гапга
Асад аралашиб.
У одатда жуда кам гапирар, лекин гапирганда ҳам писанда қилиб, чўрт кесиб
гапирарди. – Опажон, сиздан илтимос, нима қилсангиз ҳам шу қизимни тузатиб беринг!
Ўзи тилаб олган фарзандимиз бўлса… Тўрт йил деганда… Бутун умр хизматингизда
бўламан. Ёрдам беринг, жон опа!..
Гулшодабону тасдиқ маъносида енгил бош ирғаб, келинга мурожаат қилди: – Синглим, бўлмаса сиз менга қизингизнинг баъзи кийимларини ўраб берсангиз,
кўйлаги, жулоблари… Ейдиган овқати, кулчаларидан ҳам қўшинг. Кечаси билан
ўқиб чиқаман. Уч кун ўқисам, қизингиз анча ўзига келиб қолади. Ҳозир эса, уни
қўлингизга олиб, қаршимга ўтиринг. Яқинроқ… Мана, шундай.
Гулшода бону кўзларини юмиб, кафтларини ёзганча юзига фотиҳа тортди-да,
кейин уларни Назиранинг устида муаллақ юргизаркан, алланималар деб шивирлай
бошлади. У бот-бот “Куф-суф!” дея қизчага нафасини уфурар, кейин яна сирли
тарзда шивирлашда давом этарди.
Маънисиз нигоҳини рўпарасидаги ғаройиб аёлдан узмаётган қизча анча тинчиб
қолган, лекин муолажа амалидан бирор ижобий таъсир олаётгани аниқ сезилмас эди. – Танасини ушлаб кўринг, қизиган бўлиши керак, – деди Гулшодабону келинга
негадир овозини пасайтириб.
Дилбархон қизчасининг қўллари, бўйнини ушлаб кўрди-ю, ҳайратдан қичқириб
юборди: – Яхши, яхши, – деди Гулшодабону яна ўша овозда унинг ҳовурини босиб. –
Демак, таъсири бўлаяпти. Худо хоҳласа, қизчангиз яхши бўлиб кетади. Жуда
яхши бўлиб кетади. Лекин… – Гулшодабону гап шу ерга келганда, “Айтсамми,
айтмасамми”, дегандай пича тараддудда қолди, кейин таваккал қилди шекилли,
қатъий оҳангда давом этди:– Лекин руҳлардан жуда эҳтиёт бўлиш керак. Улар бир уйга кириб қолишса,
чиқиб кетишлари анча қийин. Уларга фақат яхши гапириш, эзгу ният қилиш
керак. Ўйлашимча, қизчангиз бундан буён руҳлар ила мулоқот қила бошлайди.
Назаримда, бунга халақит бермаслик зарур. Руҳий мулоқот унинг пешонасига
ёзилган кўринади, – башоратчи аёл яна кафтларини ёзиб, фотиҳа қилди: – Охири
бохайр бўлсин… Охири бохайр бўлсин ишқилиб… Омин!..
Гулшодабонуни Баҳром шайх ота бошлиқ хонадон аъзолари бирин-кетин
кузатиб ҳовлига чиқишганда, қоронғилик қуюқлашган, осмондаги зумрад
юлдузлар бодроқдай сочилиб, баланд тунука том оша тўлин ой вазмин сузиб
борарди. Бу сеҳрли осмон жинслари ҳам дуохон аёлга мўлтираб, сокин бир ҳайрат
ила тикилишарди.
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-й 4-сон