Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Бир сулув қалбимга ўт қалаб ўтди

Нажмиддин ЭРМАТОВ – 1993 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг
журналистика факультетини тамомлаган. Ижодкорнинг “Бўзла энди, бўзтўрғай”,
“Турон соғинчи” номли китоблари нашр этилган.


* * *
Тун.
Ёмғир.
Қоришиқ ифор.
Учқур хаёл, қадамлар аста.
Борлиққа сочилиб келади кетгинг,
Ёмғир бўлсам керак, аслида.


Сен йўқсан.
Ҳеч ким йўқ.
Нималардир бор.
Ненидир туярсан ёмғир остида.
Мен ахир осмонда яшаганманку,
Не қилиб юрибман замин устида.


Шайтон.
Тақиқ.
Ва ўша мева
Афсус бор қувғинди одам наслида.
Негадир уларга алоқам йўқдек,
Ёмғир бўлсам керак, аслида.


* * *
Келма!
Соғинчни ўлдирар сенинг ташрифинг,
Дийдорга тўйишдан қўрқаман, келма.


Келма!
Ҳижроннинг овчиси бўлган висолга,
Ўлжасин беришдан қўрқаман, келма.

Келма!
Туғилмаган шеърлар туғилсин ҳали,
Уволга қолишдан қўрқаман, келма.


Келма!
Бир олам бахт билан келарсан, келсанг,
Мен бахтли бўлишдан қўрқаман, келма.


Келма!
Мана шу дард билан, гулим, тирикман,
Даводан ўлишдан қўрқаман, келма.


* * *
Ўттиз қуш қонимни бўзадай ичди,
Оҳулар кўзига сиғмади умрим.
Менинг осмонимда учмаган ҳурни,
Бир тунда алафлар пойида кўрдим.
Бўзла энди, бўзтўрғай.


Кафтимнинг чизиғин талади йўллар,
Пиллақурт касбидан бермади улгу.
Қопқонда чорасиз ётган қашқирдай,
Бўғзимни йиртгудай увулладим “у-у-у-ув”,
Бўзла энди, бўзтўрғай.


Кечалар ожизман, кечалар – хунбор,
Кундузлар кифтимга қўнмаган бахтқуш.
Ҳар оқшом бўғзимда уяласа мунг,
Ҳар саҳар кўзимдан сачраб кетар туш.
Бўзла энди, бўзтўрғай.


Булбул сайроғида висолга умид
Куйган кўкайимга ботмоқда тиғдай.
Эртамни кўролмай қуриган ўша
Кўзим косасида узатаман май.
Бўзла ўзинг, бўзтўрғай.


Олдинда нима бор – илон ютган йўл,
Имкон йўқ, қайтиб ҳам бўлмайди изга.
Андуҳга чайилган узу-у-ун умрда
Ўлув битталиги кам бўлди бизга.
Бўзла энди, бўзтўрғай.


Ҳар лаҳза – косадай азобга тўла,
Тушун, қисмат бўлди симирмоқ жабри.
Бутун ҳаётини шундай куйдириб,
Бўзлаб ўтар одам айтяпти.
Бўзлагин-ай, бўзтўрғай.

* * *
Тилкалаб, тилкалаб тонглар дон сочди,
Пешонангга қўнди қисмат қушлари.
Яна бегонадай томоша қилдинг,
Ёстиғингга оққан шаффоф тушларни.


Эшилиб, эшилиб ингранди арқон,
Дордаги ёстиғинг оқ нурлар қучди.
Яна бегонадай томоша қилдинг,
Парланиб, парланиб тушларинг учди.


Қоралаб, қоралаб чўкди-я оқшом,
Бошинг-а яна шу болишга етди.
Суйилиб, суйилиб оққан тушлардан,
Ёстиқдаги гуллар очилиб кетди.


Куйиниб, куйиниб яна кўз очдинг,
Ёстиқда гул унган, уза олмайсан.
Туш ўша, гул ўша – танийсан менман,
Менга бегонадай термилолмайсан.


* * *
Тушларда қушларга қўшилиб учдим,
Гоҳо булутларга тўш уриб учдим,
Ўнгим оғир келди, пойингга тушдим,
Тийрамоҳ, титраб оҳ чеккани келдим.


Сарбон йўл кўрсатди, ўзи кўр эди,
Гўрўғли чиқмади, оғзим гўр эди,
Жасорат унмади, манглай шўр эди,
Бағрингга бир гиёҳ эккани келдим.


Тақвим қашқирдайин умримга ўчми?
Яширин бир титроқ бўғзимга кўчди,
Кўзимда бир чироқ бор эди ўчди,
Ўзимни мен сўроқ этгани келдим.


Бир сулув қалбимга ўт қалаб ўтди,
Ҳижронга кўнувчан жон тилаб ўтди,
Лек руҳим ўтгунча ишқталаб ўтди,
Ёшимни мен гувоҳ этгани келдим.


Қабрлар қирларга туташиб борар,
Йиллар бирин-кетин қир ошиб борар,
Руҳим само сари тирмашиб борар,
Қисматдан мен йироқ кетгани келдим.


Ул туғмас қабрда сўзлар сурунгай,
Қашқирдан қочиб тан бекор урунгай,
Асли тириклигим ёлғон кўрингай,
Дор келтир, мен гуноҳ этгани келдим.


***

Бу кунлар ёмғирнинг жилваси,
Соғинчнинг аксидир, ўйласам.
Бу кунлар – эртанинг эркаси,
Юпатар ўзгадир йиғласа…


Бу кунлар баҳорнинг ёдини
Боғлардан ўмарган қароқчи.
Бу кунлар кўп кўрган тотиниб,
Жонимни қайтадан олмоқчи.


Бу кунлар кун эмас,
Кунсулув
мен ила қолдирган хотири.
Бу кунлар тутса ҳам ўзни ёв,
Отса ҳам чиқарман отилиб.


Кунсулув пеш қилиб кадарни,
Умрини эртага атади.
Тўхтатдим мен бундай сафарни,
Бу кунлар қиёмат қадардир…


* * *
Ҳали кечилмаган кечувдай мубҳам,
Ҳали шўнғилмаган уммондай сирли,
Ҳали ёзилмаган шеърдайин бекам,
Бир йўлга тушардим яралар битса.


Ҳамда кўрилётган тушдайин эркин,
Ҳамда сурилётган хаёлдай озод,
Ҳамда айтилмаган сирдайин ичкин,
Шамолга дўнардим
қўйворса ҳаёт.


Бироқ артилмаган мужгондай интиқ,
Бироқ учолмаган қушдайин дилгир,
Бироқ ўлолмаган дардчилдай тирик,
Бандиман,
Тушовим маҳкамлар кимдир…


***

Бир юпанч бор эди айтарли,
Бир ишонч бор эди идраган.
Битта йўл бор эди қайтарли,
Битта гул бор эди қайтмаган.


Оппоқ қор ёққанда гупуриб,
Оҳ-зорлар оғдирди эсимдан.
Оқшомга юз бурдим тонг туриб,
Оҳ, Соғинч, сен кимнинг исмисан?..


Бу қисқа кўринган кунмиди,
Бу қистаб жон олар тундир-а?
Май тусаб турибман тўлдиру,
Ҳа, истаб юрибман ўлдира…


Ютганда энг сўнгги ютумни,
Чиққанда оғринчнинг измидан,
Айт қани, унутган отимни,
Айт, Соғинч, сен кимнинг исмисан?..


* * *
Кўнглимни сўрайсан,
Ҳа, кўнглим бордир –
Дунёни сиғдирган,
Сени сиғдирган,
Бошдан оёққача бус-бутун юрак.
Менинг топинганим ўша-ку ахир,
Энди бу дунёлар менга не керак.


Ишқимни сўрайсан,
Ҳа, ишқим бордир –
Ҳув, ўша одамга
жон кирар маҳал
чалинган мусиқадан ажралган наво.
Мен унинг сеҳри-ла яна қайтадан
Яратиб олгайман бошқа бир дунё.


Фақат сўрамайсан,
Сўрай олмайсан.
Менинг яна битта азобим бордир –
Яратган яратган, эй, тенгсиз дилдор,
Ҳижронга эврилган умр йўлимда –
Менинг сен сиғмаган пешонам ҳам бор.


* * *
Шимолдан ҳовури яхлаб қайтди ел,
Умидвор чечаклар топмоқда завол.
Менинг дардим оғир,
Оғринмасдан кел,
Кузакдан кўнглини узмаган аёл.


Кафтимдан дон еган қушларим учди,
Илонлар шайланди этмоққа жоду.
Лек кўнгил дардисар,
Ҳамон саросар,
Ҳамон кафтим очиқ,
Қўлларинг қушку?..


Эртанга хотирдан тўн тўқиб сотган
Умидни забтига олмоқда кузак.
Қўлларим қировга ботмасдан аввал,
Юрагим тинмасдан
Қўлингни узат.


Кузакдан кўнглини узмаган аёл.

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-й 4-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil