
Хурсанд АЛИ – 1971 йилда туғилган. Тошкент қишлоқ хўжалиги институтини
(ҳозирги ТошДАУ) тамомлаган. Ҳикоялари Республика матбуотида эълон қилинган.
“Тоғларга туташ тақдирлар” номли китоб муаллифи.
Қисса
Олисдан қараганда қуёш нурларидан кўм-кўк бўлиб жимирлаган Чир
дарёсининг ғарбий томонини қир-адиру бийдай даштлар, шарқий қисмини эса
дўнгликлар, сойлар ва тоғликлар эгаллаган. Аслида, туркий тилда тўполончи
ва тез деган маънони англатган Чир (кейинчалик “Чирчиқ” деб атала бошлаган)
дарё оққанча бориб, ўзидан анча катта ва вазминроқ Сирдарёга қўшилади. Бу ҳар
иккала дарё қирғоқлари эса қамишзору тўқайлар билан иҳоталанган, шу боис у
томонларга юрак ютиб, адашиб, мункиб бориб қолаверишга унча-мунчанинг
юраги дов бермасди.
Чир бўйларидаги охири йўқ тўқайзорлар сувтол, ёввойи терак, жинғилга
тўлиб кетган, орадаги сўқмоқ йўлда қум аралаш тупроқ, унча-мунча ерларида
туртиб тошлар чиқиб турарди. Нима бўлсаям сой қамишзорга мўл, йўл четидаги
буталар устига ўрмалаб ўсувчи чирмовуқсимон ўт-ўлан сероб. Қирғоқлардаги сой
толлари шохларининг уч-учида қулқунтойнинг ғалтакдайин жунли уяси елвизакда
чайқаларди. Айниқса, кўклам пайти дарё суви мисли қутурган буқадай гувуллаб,
пишқириб, қирғоқларига сиғмай қолар, бутун атрофга ваҳима солиб, қулоч етмас
тошларни тўлқинларида шарақлатиб оқизганча тўқайзорни энлаб кетарди. Бундай
чоғлар айниқса балиқларга қийин бўларди. Хавфни олдиндан билиб, четдаги
ўзанларга ўтса – ўтиб қолгани, лекин ғафлат босса – кўзи қонга тўлган сел уларни
аяб ўтирмай, сув остидаги уяларигача бузиб ташларди. Шунда жигарранг лой
қум аралаш пўртаналари билан каттаю кичик балиқлар ойқулоқларини тўлдирар,
шўрликлар жонҳолатда ўзларини қирғоқ томон отар, сой бўйи балиққа тўлиб
кетар, одамлар эса уларни бемалол саватларига териб оларди. Сойнинг бу феьлини
яхши биладиган паррандаю даррандалар эса бундайин бало-қазолардан ўзини
четда тутарди. Қолаверса, бу олатасир кўп эмас – нари борса бир ойча давом
этарди. Бундай пайтлар фақатгина олашақшақ сой ўртасида илиниб қолган,
пўстлоғи шилиниб яланғоч ҳолга келган тол тўнкасига ўтириб, аввал олдини,
сўнгра енгилгина сакраб-сакраб ўгирилиб ортини ҳам кузатар, ҳудди муҳим
ишни бажараётгандай гоҳ бўйнини эгиб, гоҳ қайта қаддини тикларди. Кейин бир
силкиниб, қанотларини қоққанча қайгадир шошиб учиб кетарди. Эҳтимол уни
қайлардадир тўқайни вақтинча тарк этган биродарлари қандай хабар билан келар
экан деб кутиб турган бўлса ажабмас. Кўклам ўтса бўлди, иссиқ кунлар бошланиб,
ҳаммаси ўз йўлига тушиб кетади. Куни билан қушлар сайроғи оламни бузса-да,
қалин тўқайзор ичида ўзлари кўринмасди. Гўёки қушлар эмас дарахтлар, буталар,
чирмовуқлар куйлаётгандай. То қуёш қизариб ботмагунча, қоронғи тун пардасини
ёпмагунча тўқай ҳаёти шундай давом этаверарди. Кейин эса кўз етгунча милтираб,
оламнинг бу четидан, у четига ўзидан ярқироқ из қолдириб учаётган юлдузларга
тўла осмон тагидаги сеҳрли сокинликни чигирткалар чириллаши қопларди.
Ва бирдан қайлардандир Турон йўлбарсининг кучли наъраси эшитилиб, шитир
шитиру, чисир-чисирлардан тортиб ҳатто чигирткаларнинг ҳам уни ўчади ва зумда
атрофни сув сепгандай сокинлик қамраб оларди. Бир неча сониялардан кейингина,
чигирткалардан битта-яримтаси секингина қайта чириллашни бошласа, иккинчиси
жўр бўлиб, тағин тезда яна оламни шу тунги ҳашарот товуши тутиб кетарди.
Тингласанг, бу товушлар – сеҳрли-сирли, бувижонларнинг эртагидай мароқли…
Аммо табиатнинг яшаш учун кураш деган қонуни шу қоп-қоронғи тўқайнинг
ҳар бурчида оч шоқолдай изғиб юради. Ой нурида силовсиннинг кўланкадай
қорайиб, ҳамлага шай тарзда дарахтнинг кўндаланг йўғон шохида сассиз силжиб
бораётган жуссаси лип этиб бир кўринади. Унинг оқиш-қизғиш, ялтираб турган
ҳиссиз кўзлари қоронғилик қаъридан ўлжа излайди. Ҳеч нарсадан хабари йўқ
кўрсичқон эса орқа инидан ташқарига тупроқ отаркан, бир зум ишидан таққа
тўхтаб, орқа оёқларида тик турганча анқовсираб, хавф-хатар йўқмикин дея қулоқ
мўйлабларини тиккайтириб қўяди. Аммо ўзи ёнгинасидаги дўнг устида чўнқайганча
тош қотган, кўрсичқоннинг кулранг танаси уясидан бор бўйила чиқиши билан уни
шаппа босишни кутиб турган тулкини пайқамайди. Қорин ғамидаги типратикон
эса шилиққуртнинг йилтироққина изидан ис олиб шошади. Сўқмон сингари сассиз
титраб турган йўғон ўт-ўланларнинг читир-читирларидан эса биланглаганча овга
чиққан илонлар ҳаракати сезилади…
Тўқайзорнинг оқ-ойдин, оқсоч тунлари ҳар доим шундай кечарди. Кимгадир
жон берса, кимнингдир манглайига қора чизиқ тортади.
Нурек ота тоғининг эндигина кун қизариб чиқаётган салқингина тонгида тоғ
олди адирларидан сой томон узайган сўқмоқда қорайиб, шошмайгина бир отлиқ
келарди. Устидаги тўн этаклари хуржунини ярмигача бекитиб турар, бошидаги
четлари икки чакагидан осилиб тушган, оқ тирноқли бежирим панжалари
ялтиллаган, қуюқ қуйруғи тилла рангда товланаётган тулки мўйнасидан тикилган
ажойиб тумоғи отнинг юришига монанд астагина силкинарди. Оти ҳам бугун айри
кун эканлигини сезади, хожаси ниқтамаяпти-да, шундан шошмайгина одимлайди.
Одатда хожаси уни бостирмадан тўғри етаклаб, қўра ёнида қўнқайиб турган
қизил тошга олиб борар, сўнг тош устига чиқиб, чап оёғини узангига қўярди-да,
эгар қошидан қаттиқ тортиб, “ҳў-ўп!” деганча эгарга ўрнашиб олгач, юганидан
бир силтаб, от йўлини осмоннинг ярмини бекитган тоғлар томон бурар, қўлидаги
қамчин билан биқинига секин, лекин зардали, чирт этиб уриб қўярди. “Оқ пат”га
шунинг ўзи етарли. Бугун эса бундай бўлмади, юки ҳам ҳар доимгидан оғирроқ,
ниқтамаяптими, демак – манзил узоқ.
Отлиқ одам – Бойғози. Арғинга – жўраси Алиқулникига отланган. Улар
кўришмаганига ҳам анча бўлди – ўтган кузда боргани. Илгари оталари дўст эди.
Болалигида отаси отига мингаштириб, тонг саҳарда йўлга чиқиб, кесак отсанг
кўринмай қолар паллада ҳориб-чарчаб Алиқулларникига етиб боришганди. Сўнг
от юганини тортиб, пастакина пахса девор оша, “Абдулҳай, ҳой Абдулҳай!” деб
баланд овозда чақирганда, қаршиларига тим қора ит даҳшатли ириллаб югуриб
чиққанди. Бу ит тикка туриб, важоҳат билан олди оёқларини деворга қайта-қайта
уриб, шундай ҳурардики, Бойғозининг юраги оёғига тушиб кетганди. Қўрққанидан,
отасининг орқасига чиппа ёпишиб, белбоғидан жонҳолатда тортган қўллари, отнинг
биқинини қаттиқ сиққанидан сонлари зирқирирарди. Ўзига келганида уялиб кетган.
“Ўл-э, ишқилиб қўрққанимни отам сезмадимикан”, деганди ичида. Ерда турган
бўлса ҳам майли-я – отасининг ортида, яна от устида ўтириб, шунча ваҳимага
тушганидан жуда мулзам бўлганди. Ит чиққан ҳовлидан ориққина, у тенги бор,
калта чопон кийган бола билан бирга шовқиндан безовта бўлган уй эгаси ҳовлиқиб
чиқиб келишди. Отасининг дўсти уларни кўриб кўриб хурсанд бўлиб кетганди.
Эртаси куни оталари дўстлигимиз узилмасин деб, уларни – ўша озғин бола билан
икковини жилик ушлатиб, қиёматли дўст тутинтиришди. Оллоҳ раҳматига олган
бўлсин, бу болаларнинг икковининг ҳам оталари ўтиб кетди, лекин улар ҳанузгача
дўст.
Ўзи шундай, бир ёққа отлансанг, хаёлингда албатта шунга тегишли хотиралар
жонланаверади. Бойғози шуларни ўйларкан, шошмай, отини секин ниқаб борарди.
Юки ҳам балодайгина: хуржунида жўрасига совға учун арча ковагида битган
бир хумча сара асал ва кийикнинг сур гўшти бор. Ҳали Алиқул жўраларига,
“Тоғдан томирим олиб кебди, дўстимнинг жуда қўли очиқда”, деб роса мақтанади.
Бойғози шуларни ўйлаб, мийиғида кулиб, қўйди. Хуржундаги қолган нарсалар
эса қор тушганда қопқон қўйиб овлаган сувсару энг чиройли тулки терилари.
Уларни бозорга чиқариб сотади. Бу мўйналарга камбағал қайда, қиз узатаётган
бирор ўртаҳол чиқмаса, асли фақат бой бувалар харидор. Бой бўлгани билан, вей,
савдолашишганда ҳаммаси мис чақадай майдалашиб кетишади, тескари қараб
олгинг келади. Лекин наилож – харидорга яхши гапириб, молни амаллаб сотиш
керак. Бир кўзи санаётган пулида, бир кўзи бўз устида узала қуёш нурларида
товланётган мўйналарда бўлади. – Шунчага бе-ер энди… – дейди харидор. –
Йўғ-э… Сизнинг айтганингиз бўлмайди: мўлжалимнинг ярмини ҳам
айтмадингиз-ку. Инсоф билан сўранг, – дейди у.
Харидор ипакдай сувсар терисини тирсагига қўйиб, қўли билан силаб кўради.
Елкасига ҳам ташлаб кўзининг қири билан қарайди. Хуллас минг чиғириқдан
ўтказиб, сўнг: нонмидики қорин тўйса, майли устига шунча қўшдим, деганча
тўнғиллаб қайроқ қараш қилади.
Айтганига берай деса – бола-чақани қандай боқади? Бу жониворларни
ушлашнинг ўзи бўптими? Тиззадан қор кечиб, оппоқ тонгни совуқ, зах, тундай
қоронғи ғорда ити билан дирдираб кутмадими? Бир қиш йиғди. Илгари яхши
мўйнанинг харидори кўп бўларди. Замон тинч эди-да! Ҳозир эса оғир, халқ зўрға
қўл учида кун кўраяпти. Қашшоқлик ҳар қадамда далада тиккайган ғумайдай бош
кўтариб турибди. Ўрислар келгандан бери юртда барака йўқ. Бундай кетаверса нима
бўлади? Халқимизда қўҳна гап бор: яшасанг катта шаҳарда ёки баланд тоғда яша,
деган. Шаҳардаку сув-пув сотибми, ҳамоллик қилибми тирикчилик қилар-а, тоғда
эса мева-чева, илдиз териб кун кўрасан, ов қиласан – қурсоғиниг оч қолмайди. Шу
гапларга энди-энди ақли етаяпти.
Ҳа, майли! Ўлмаган қул кўраверади дейди-ку… Балки яхши нарсалар ҳақида хаёл
қилиш керакдир? Хуржунидаги сувсарларининг битта ноёби – қордай оппоғи бор.
Илгариги овчилардан оқ сувсар ҳақида эшитардию, лекин ишонмасди. Қарангки,
шундай сувсар занглаб кетган қопқонига тушибди. Ўша палла жонивор Бойғозига
қўлини кўтараётгандай панжасида қопқон осилганча момиқ думи ерга тегар
тегмас турарди. Оқ сувсарни қор бетида кўрсангиз ажрата олмайсиз. Бир омади
келди-да! Ўзиям югурганда бирон сас чиқмайди, бамисоли қор юзида эпкин бўлиб
сузаётгандай.
Ўзи сувсар овлашни отасининг кетидан йўртиб ўрганган, унда анча ёш эди.
Қор кўп тушган кезлари отаси уни қантариб қўйилган саман олдида қолдириб, ўзи
қопқонларни текширгани ёлғиз кетарди. Мўйна ови қишнинг энг қаҳратон ойларида
ўтади. Шу даврда сувсарнинг остидан момиқ пар билан қопланган жигарранг
жунлари симобдай товланади. Ўша кўзни қамаштирувчи жилони-ю, силасанг,
кафтинг остидаги сирғалувчи нафис эпкинни кўримсизгина темир қопқони “тақ”
этадию, сувсарга қўшиб сиқиб олади.
Бойғози хаёлга берилиб, сойларнинг қўшилган қўшмасига етиб келганини
билмай қолди. Ҳозир дарёнинг энг тинч пайти, тиниқлигидан сой худди бўм
бўшдай, анови катта-кичик, ранг-баранг тошларнинг чизилгандай манзараси сувни
ютиб қўйгандай. Агар сой суви четидаги юпқа музлар остида ғимирлаб оқиб
қолмаса, музлар орасига сиқилиб қолганда бурқиллаб товуш чиқармаса – сувнинг
борлигига ҳам ишонмайсиз. Нарироқда қордан қалпоқ кийган, кундузи эриб-эриб
юзларида муздан из қолдирган тош тагида турган қундуз қадам товушини сезиб,
секин сувга шўнғиб кетди. Бойғози шу кетишда Оқсоқ ота сой оқими бўйлаб катта
Чир дарёси бўйларига тўрт соатларда етиб боради.
Азалда тоғлар вужудга келаётган пайт, фаришталар қамчисини гулдуратиб,
қарсиллатиб савалаганда осмон шўрлик сўтилиб, яшиндан ялтироқ из қолар ва кўз
очиб-юмгунча яна ғойиб бўларди. Олам титраб гувиллар, ернинг қозиғи бўлган
тоғлар эса аста-секин осмон сари қад кўтарган, кўтарилар чоғи устидан пастга қараб
шовуллаб дарёлар оққан. Ўша дарёлардан бири бўлган Чир дарё замон ва макон
пайдо бўлибдики шу шовуллашларга ҳамоҳанг оқмоқда. Қанча-қанча асрлар ўтиб,
атрофида сарҳадига кўзинг етмас кўм-кўк сайҳонликлар, тўқайзору чангалзорлар
пайдо бўлиб, ҳайвонотга макон бўлди.
Бу ҳайвонот оламининг султони бўлган Турон йўлбарсини одамлар улкан мушук
ҳам деб атарди. Бўйи отдай, вазни ўн икки пуд тош босади, кунда ҳудудининг
олтмиш олти чақиримини кўздан кечирган. Шундан ҳам куни билан йўлда деб,
балки терисининг йўл-йўллигигадир, йўлбарс номини олган бўлса ажабмас. Аммо
тақдир бугун улардан юз ўгирди. Чунки нафс, кибр ва нафратни ўзида жо этган
инсониятнинг катта уруши шу жонзотларни ҳам яшаш деган олий неъматдан
маҳрум этди.
Ўша замонларда тракторлар йўқ, осмонларни қалдиратиб самолётлар учмаган.
Лекин энди ҳатто ўша тўқайзорлар ҳам худди Турон йўлбарси каби фақат
афсоналарда қолган… Улар ҳақда қай бир кутубхонанинг қуёш нури етар-етмас
зах жовонлари токчаларида борган сари мўртлашиб, сарғайиб кетган қоғозларгина
сассиз шивирлайди. Турон йўлбарси ҳақидаги мислсиз ҳикоятлардан бўзлайди…
Ҳа, инсоният ўз нафси учун, ҳою-ҳавас йўлида Оллоҳ берган ҳаёт неъматидан жудо
қилган жонзот ҳақида…
Ахир Сирдарё ва Амударё қирғоқлари бундан бор-йўғи – дунё яралганидан буён
ўтган давр учун сонияларга ҳам арзимас – бир аср илгари салобатли тўқайзорлари
билан ҳам қудратли эди. Ҳозир эса улар хариталарда қилдай ингичка кўк чизиқлар
билангина намоён. Бу саркаш дарёлар бошига шундай кулфатни табиий офатлар ва
вақт эмас, одамзотнинг ўзи солди. Биргина мисол: 1847 йилда Россия империяси
томонидан Ўрта Осиёга юриш бошлангач, бу заминнинг ишғол қилиниши
шундоқина Сирдарё ёнбошида жойлашган Тошкент шаҳридан бошланиб, 1885 йил
туркманларнинг бўйсундирилиши билан тугалланади.
Уруш – халқ учун ҳамиша офат! Аввал ҳам турмуши қийинчиликда кечаётган
халқ бошига янада катта ўлпонлар солинди. Бу пайт жаҳон майдонида ҳам ўзига
яраша иқтисодий тангликлар юз бериб тургандики, бунга Америкада авж олган
халқ қўзғолонлари ва иш ташлашлар туфайли жаҳон бозорига пахта толаси
етказишда катта муаммолар юзага келганди. Дунё тўқимачилик саноати учун
асосий хомашё бўлган пахтанинг етишмаслиги Ўрта Осиё ерлари ва ресурсларига
нисбатан эҳтиёжни янада оширган. Мустамлакачилар халқнинг борини тортиб
олиб, ҳатто ўзлаштирилмаган далалар ва тўқайларга оч назар билан кўз тикишди.
Пахтачиликни ривожлантириш учун анчайин машаққатли меҳнат талаб этилиши
ойдек равшан бўлишига қарамай, ҳеч иккиланмай ўзлаштирилмаган ерларга чанг
солинди. Машаққатлар жабрини эса ана – маҳаллий аҳоли – текин ишчи кучи
тортаверсин!
Шу тариқа чор Россияси қарамоғига ўтган ёввойи тўқайзорлар бир четдан
йўқ қилиниб борилди. Тўқсон фоизгача қисми пахта, шоли ва сабзавот
экинлари учун ўзлаштириб бўлинди. Эҳ, бечора мустамлака халқ! Ориққина
отмиди, ҳўкизмиди – учига темир қоқилган ёғоч омочда ер ҳайдар, ёрилиб кетган
кафтларида бўлиқ тупроқни олиб, юзига яқин келтириб, шивирлашиб, Яратгандан
мўл ҳосил ва яна ўрисларга инсоф сўрарди. Оддий халқ бошига тушган бу қарамлик
азобларию, йўқчилиги кимга ҳам қизиқ? Ҳар ким ўзи билан ўзи овора, чангалзору
қамишзорлар йўқ бўп кетса нима бўпти, тинчлигу нон бўлса – бас… Ўзи шундоғам
булар келгунча, хонликлар ва амирликларнинг низолари жонга тегмагандими?
Лекин нима бўлганда ҳам сарҳадсиз пахтазор учун ўзлаштириш, тўқайзорларни
макон тутган ҳайвонлару дарранданинг таназзулига сабаб бўлиши кимнинг ҳам
хаёлига келибди, дейсиз?
Тўқайзорларга беаёв ўт қўйилар, ёнғиннинг бир четидан жонҳолатда қўрқиб
кетган жайронми, ёввойи чўчқаларнинг галасими урилиб-сурилиб отилиб чиқишар,
одамларни кўриб, яна ҳуркиб, ўзларини қайта олов қаърига уришарди. Чўчқага
ишқибоз ўрислар бу пайтда бир тиззасини ерга, милтиғининг қўндоғини елкасига
тираганча милларини қалин ўрмонга тикарди. Тўқай устини қуюқ тутун қоплаган,
остидан илон тилидай қип-қизил гулхан гўё ўз тутунини ялаётгандай вишиллар,
чарс-чурс этар, гоҳида қандайдир ҳайвоннинг аянчли қичқириғи қулоққа чалиниб
қоларди. Ёнғиндан жонсарак қочиб чиққан ҳайвонларни бу келгинди овчилар ўққа
тутар, йиқилса – ўринларидан туриб чапак чалишар, шерикларига бош бармоғини
юқорига қилиб, кўрдингми дегандай мамнун ишора қилардилар.
Табиатни ана шундай “ўзлаштириш” ўзиям бир аср давом этди: ноёб ҳайвонлару
минг йиллик дарахтлар ҳақида ҳеч ким қайғурмади ҳам. Паррандалару балиқлар
макони бўлган катта-катта кўллар қуритилиб, шудгорланди, улар ўрнида оппоқ
пахтазорлар қийғос очилди. Яхшилаб идрок қилинса, бу йўқотганларимизнинг
ҳаммаси – пахта эмас, оқ кафанга ўхшарди. Салкам юз йилдан сўнггина ўтмишга
назар солган олимлар “Био хилма-хилликка энг катта таҳдид – уларнинг яшаш
муҳити қисқаришидир”, деган хулосага келишди. Аммо энди кеч, чунки хатони
тузатиш учун бир аср ортга қайтиш керак бўлади. Бунинг эса имкони йўқ. Балки
тузатиш эмас, кейинги хатога йўл қўймаслик керакдир?
Турон йўлбарси эса ўша йўқолган ўтмишдаги тўқайзор қироли эди. Ер юзидаги
энг сўнгги улкан мушук. Бечоранинг шашти йўқ, қаерга боришини билмай оҳиста
қадам ташлар, илгаригидай кўзлари ҳам порламасди. Ҳозир унинг ҳам тақдири шу
бир тутам бўлиб қолган тўқай билан туташ. Ҳар иккови ҳам жисман, ҳам руҳан
ярадор. Тўқай энди илгаригидай шовулламайди, йўлбарс эса наъра тортмайди.
Бойғози алламаҳалда қачонлардир отаси билан отга мингашиб келган уй олдига
етиб келди. Деворлари қайта-қайта сувалавериб бироз йўғонлашиб, ўзини қўйиб
юборганини айтмаса, ҳовли ўша-ўша – ўзгармаган. Алиқулнинг айтишича, бузгани
кўзи қиймайди, пахсанинг ҳар гирдида отасининг бармоқ излари бор. Ҳар бир-икки
йилда ёмғирдан ивиб кетмасин деб, девор устидаги қамишини янгилаб қўяди. Отдан
тушиб, ҳовлидан ўсиб, тарвақайлаб кетганидан девор оша осилиб турган тут шохига
юганини илдида, пастаккина ёғоч эшикни қамчисининг сопи билан ғийқиллатиб
очди ва энгашиб ҳовлига кирди. Уй ёнига борганда, лагандай келадиган туйнукдан
ёруғ липиллаб турар, ичкаридан элас-элас товушлар эшитиларди.
Туйнукка бироз энгашиб, “Алиқул… Алиқул”, деб чақирганди, гангур-гунгур
товуш тиниб, гуп этиб эшик очилди. Уйнинг олди томонига айланиб ўтар экан,
елкасида чопон илиб олган жўраси, эски ковушини оёғига иларди.
Апил-тапил ташқарига чиқаркан, қоронғига тикилганча иккиланиб, “Бойғози,
сенмисан?” деб, унинг ҳузурига қараб юрди. Дўстини товушидан таниди, қучоқлашиб
кўришаркан, энди уйидан чиққан Алиқулнинг устидаги илиқ тафт қанчалик
қадрдон эканлигини ҳис этиб кетди. Бағридан қўйиб юборгиси келмасди. Улар
уйга кирганларида хира чироқ ёруғида Алиқулнинг оғайни тенг-тўшлари – озгина
ширакайф Ҳалим этикдўз ва сартарош Фозиллар ўтиришарди. Лаганда яримлаб
қолган ун оши, атрофида бир ҳовуч жийда, туршак, синдирилган нон, четида эса
этикдўзнинг мижозлари иш ҳақига берган ёғоч товада бўза ва сопол пиёлалар
турарди. Улар дарров туришиб, “Қайнонанг яхши кўрар экан”, дея меҳмон билан
кўриша кетишди. Сўнг юзларига фотиҳа тортишиб, сўрашишар экан, бошқаларга
қараганда қаримсиқроқ кўринадиган этикдўз: “Бойғози, келиб қолганинг зўр бўлди
да! Ўзи сен етишмай турувдинг, боягина эслагандик. Биласан-ку юртинг ҳақида
гапирсанг, ичим бир қалқиб тушади, ўша сен айтган кенгликларда, шаршаралари
шовуллаб, шамоллари гувуллаган, ҳатто ўзининг булутлари бор тоғларда юргандай
бўп кетаман. Яна айтиб берасан-а? Кеп қолганингни қара, оғайнилар дунёни
ташвишларини унутиб бир гурунг қилайлик дегандик, ниятимиз холис экан-а”,
дерди қувончини яширолмай.
Улар ростдан ҳам йиғилганда бутун ташвишларини унутишар, ўзларича бир
олам бўлиб қолардилар. Ахир эсини танибдики бирга, эслайдиган хотиралар ҳам
кўп, бирга улғайишган, бирдай соч-соқоллари оқармоқда, насиб қилса, бирдай
ҳасса ушлайдилар.
Кейин устида униқиб қолган кўк камзул ичидан қизил қийиқча тақиб олган,
бошида кийилавериб қирралари йўқ бўлиб кетган қалампирнусха дўппили Ҳалим
этикдўз гап бошлади. Сергаплигини ўзи ҳам билади. “Касбим шунақа – кўп
гапиришни талаб қилади”, дейди кулиб. “Ўзинг ўйла, бир жойда то кун қорайгунча
эски пойабзалларни ямаб, тикиб ўтиришнинг ўзи бўладими? Баъзан мижозларим
буюртмасининг битишини кутиб, пешанамда қараб ўтиради. Ана шунда гапириб
гапириб оламан, бўлмаса ёрилиб кетаман. Айтганча, Алиқул сен кўп кўргансан,
ёнимдаги-чи шеригим соқов Тўйчини, гапиролмайди. Шундай бўлса-да у ўлгурам
тинмайди-ку, қўллари панжалари билан имо-ишоралар қилиб, бир нарсаларни
тушунтириб, қиқирлаб кулади. Унинг тилига аллақачон анча тушуниб ҳам
қолганман. Демоқчиманки, касбимиз шунақа – ёнимизда соқовлар ҳам тилга кириб
кетади”.
Шу пайтда Фозил сартарош қўлини юқорига кўтариб, “Тўхта-тўхта энди,
жўрамиз йўлдан чарчаб келган-ку – ичига иссиқ тушсин, чойини ичиб олсин”, деди
кулиб. Бу пайтда бўйи отасининг бўйига етиб қолган Алиқулнинг ўғли лагандаги
овқатни янгилагани олиб кетди. Алиқул, “Дастурхонга қара, биз гапираверамиз,
эшитгину, лекин овқатдан қолма”, деб уқтирди. – Хабаринг бор – ойда-йилда бир йиғилиб қоламиз, суҳбатлашиб кўнглимиз
ёзилади-да. Мана сенга қўлбола буғдой бўзадан қуйиб берай, чарчоғингни олади,
дўстим…
Токчасида липиллаётган тош чироқнинг хазин нурлари лой сувоқли деворларга
сингиб кетар, қоронғилик билан ёруғнинг уйғунлашган бир пайти қизғиш сояга
чўмгандай хонанинг четидаги темир печка ёриқларида аланга бемалол кўринар,
лекин булар оғайниларнинг зўр суҳбатига монелик қилолмасди.
Дўстларининг гапларига Алиқул мийиғида кулганча энгашиб, қўлидаги тараша
билан печка эшиги зулфини кўтариб, унинг очилган оғзига ўтин ташлади. Сўнг ёнида
турган идишга ёғоч чўмични ботириб сув олди-да, печка устида чийиллаб турган
човгумга қуйиб, овозини ўчирди. Кейин қўлларини қоқиб-қоқиб, жўраларининг
ёнидан жой эгаллади. – Эҳ… – деди Фозил, – яшаш ҳам оғир бўп кетди-а… Оқ пошшонинг сиёсати
юртимиздан баракани учирди. Буғдойнинг нархини қара, ёғни қара, кундан-кунга
нархи кўтарилиб бораяпти. Ўйланиб қоласан киши. Ана ҳатто Тошкентдан ҳам
бу ерда қариндошлари борлар кўчиб келаяпти. Ҳар ҳолда деҳқончилик, мол-ҳол
қилади-да! Айтганча, эшитдингми, Алиқул? Деҳқонсан-ку: тўқайнинг қолганини
ҳам бузишармиш, катта иш бошлашармиш, пахта экармишми? Гузарда шундай
гаплар юрибди. – Ҳа, эшитдим, яхши ҳақ берадими дейман, элнинг оғзида шу гаплар. Агар
шу миш-мишлар чин чиқса мен ҳам ўша ишга чиқиб кетардим. Деҳқон бўлиб
на уруғлигим, на бошқам бор, ҳаммаси соб бўлди, билмайман, нима қиламиз…
Ҳақ берса бўлди-да, тўқай бўлса – тўқай-да! Бола-чақани боқиш керак-ку! Балки
кейинроқ ер ҳам беришар, яхши бўлиб кетар…
Бу гаплар бўлиб турган пайтлар Қўқон хонлигининг шимолий-ғарбий қисми
ва Тошкент шаҳри истило қилинганлигига ярим аср ўтиб қолганди. Асли XIX аср
ўрталарига келиб хонликлар ўртасидаги низо ва зиддиятлар, давлат раҳбарларининг
узоқни кўролмаслик, ички ва ташқи сиёсатни олиб боролмасликларидан ночор
аҳволга тушиб қолганлигидан фойдаланиб қолди Русия. Ана энди бу юрт
мустамлака, қўлларида бийлик йўқ, халқ эса қашшоқлашиб кетган, қўл учида кун
кўрарди. – Сирдарёнинг бўйларидаги катта-катта тўқайларни, қамишзорларни тозалаб
экин экишаётганмиш, Чиноз атрофларида ҳам иш бошланиб кетганига анча
бўлибди. Биз томонларга ҳам яқинлашиб қолган, – деди Алиқул қаншарини
қашиганча.
Этикдўз ёнбошлаган ёстиғидан туриб:– Ҳа-ҳа, мен ҳам эшитдим, илгариги куни бир бегона одам чориғини яматгани
кирганди. “Шу одам – мусофир”, деб ўйладим дарров ичимда. “Кийими, афт
ангорига қараганда деҳқон-ов, чунки пешона ва бўйнининг терини артаверганидан
белидаги қора қийиқчаси шўрлаб кетган. Кетмондан бўлак дастёри йўқ”. Авлиё
бўп кетсам бўларкан: мижозим ўйлаганимдай деҳқон бўлиб чиқди-ку. Худди ўша
Чиноз атрофидаги Ялламадан экан. “Катта иш кетяпти, дарахтларни кесяпмиз,
кунда ковлаймиз, қамишзорга ўт қўямиз, кўзга сезилмас экану шунақа катта
майдонлар очиляпти-ки – кўзинг қувонади! Тупроғини айтмайсанми! Пўрсилаб
турибди, эккан нарсанг бўларича-бўлади-да ўзиям! Лекин тўқай тўла жонзот
экан”, деди. Жонзотларнинг мўллиги шунчалик-ки, умри ов кўрмаган баъзи
ўрислар ҳам қочиб кетаётган ҳайвонлар галасига ўқ узса борми, бири бўлмаса
бирига тегармиш. Айтишича, улар чўчқа гўштини хуш кўраркан. Айниқса,
она тўнғизни отиб ўлдирганда атрофида чийиллаб, пилдираб, нима қиларини
билмай саросимага тушиб қолган тарвузнинг палласидай тарғил-парғил митти
болачаларини бутунлигича гулханда тоблаб, устини кўкатлар билан безаб,
дастурхонга тортилса – шоҳнинг таомидай эъзозланаркан. Бу чориғи йиртиқ чорикор
ўзимдан экан, гапга тушса гапиравераркан-гапиравераркан. Мен ҳам, орқаворатдан
маҳмадона дейишларингга қарамай, жим туриб эшитдим, – кулди этикдўз. – Яна
ўша деҳқон у тўқайдаги жайронларни, оҳуларни айтмайсанми, деди. Мен ундан:
“Чўчқа-ку майли – ҳаром, ўзларинг нега ўша оҳую жайронларни илгаридан сира
ов қилмайсиз?” деб сўрадим. У эса: “Бу тўқайларга ким ҳам юрак ютиб кирарди?
Болалигимиздан катталар у жойларни алвастихона дерди. Инсу жинслар макони
дерди. Ҳар ҳолда шуларнинг таъсирими ўша ёқларга яқинлашмасликка ҳаракат
қилардик. Худди шу гапларни тасдиқлагандай кечалари тўқайзордан мисли бир
неча чақалоқ баб-баравар йиғлаётгандай чувулдоқ ингалаш овози тинмай қоларди.
Даҳшат эди ўзиям, эшитганда юрагим товонимгача тушиб кетар, кўкракка ёпиб
ётган кўрпани секин тортиб бошимни ҳам бекитардим. Оғзи бурнимга ёпишиб
турган кўрпадан нафасим қайтиб кетар, уйқу олиб кетмагунча уйни юрагимнинг
дукиллаши тутиб ётаверарди. Кейин билсак, ингалаган товушлар чиябўриларники
экан. Лекин баъзан йўлбарс наъраси келса, бутун атрофга оғир жимлик чўкарди.
Менимча жонзотлар у ёқда турсин, ҳатто сесканиб тушган ўрмон ҳам шитирлашиб,
титрарди. Бостирмадаги кекса сигирим шохидаги чирик арқон худди уни йўлбарсга
судраб борадигандай кўзлари чақчайиб кетига қараб, тонг отгунча деворга қараб
тисариларди. Йўлбарс – йўлбарс-да, биродар! Кундузи денг, тўқай атрофида мол
боқиб юрганимизда, оҳулар улоқларини эргаштириб чиққанини кўп кўрганман.
Ҳар сафар худди рассом чизгандай табиатнинг бу мафтункор жонзотидан ҳайратга
тушардик. Кечалари ваҳиманинг уясига айланадиган, ойнинг хира нурида
тишларидан сўлаги оқиб йиртқичлар қўзғалган маконда қандай жон сақлашини
болаларча тафаккурим идрок этолмасди. Қолаверса, биродар, халқда қурол нима
қилсин? Бу жониворларни қўлда тутиб бўлмаса, балиқмидики тол новдаларидан
“Ашам” тўқиб сувга ташлаб қўйсанг”, дейди. – Ҳа, айтганча, ов деганингизга ёдимга тушди, эшитдингларми? Ўрисларнинг
генералими, қисқаси – каттаси-да, ким йўлбарс терисини келтирса, мукофотига
бешотар милтиқ ваъда қилибди. Шу гап ростми? – сўради Алиқул.– Тўғри, мениям эшитганим бор, – тасдиқлади сартарош. – Лекин ким ҳам
ҳадди сиғиб овлайди? Кимсан йўлбарсни-я! Ё йўлбарснинг ўзи келармиди шоҳона
пўстинимни ечиб берайми деб? Деҳқон бова нима дейсан? – дея Алиқулга юзланди. – Э… одамини топдинг-ку, мендан энди сутга кирган тариқпояларга ҳар
томондан гур-гур этиб келадиган чумчуқ ҳайдашни сўра. Ўша сен айтган
йўлбарсинг экинзорим четига йўл-йўл пўстинини ташлаб кетса ҳам ердан
кўтарсам – номардман!
Бу пайтда вақт ҳам аламаҳал бўп қолган, йўл юриб чарчаганидан уйқу тортиб,
кўзлари юмилиб бораётган Бойғози эшитганидан сергак тортганди. Жиддий туриб,
“Йўлбарс терисига ўрис ростдан милтиқ берармишми?” деб жўраларидан қайта
сўради. – Эл орасида миш-миш юрибдики, демак, бекоргамас, – деди Алиқул. –
Ҳа айтганча, сен овчисан, милтиғинг бор яна кўнгиллари янги милтиқ тусаб
қолдиларми, қизиқяпсан, Бойғози? Тинчликми?
Энди жўралар гапдан тўхтаб, Бойғозига тикилиб қолганидан хижолат тортиб
кетди. Ёнбошлаган ёстиғидан қаддини тиклаб ўтириб, икки қўлини тортишиб
турган оёқларининг устига қўйди. “Сўраш ҳам мумкинмасми, намунча тикилиб
қолдилариг, қизиқ-ку, ахир”, деди. Аммо ичида: “Ўзинг ўйла, бешотар милтиққа
ҳақиқий мерган бутун молу жонидан кечса ҳам эришмоқни орзу қилади. Бундай
битта милтиқнинг бутун овулни боқадиган қуввати бўлади”, деди.
Тўқайзорнинг ҳар бир оқсоч туни шундай кечади – кимгадур жон берса,
кимнингдур манглайига қора чизиқ тортади. Бугун ўша маъшум чизиқ ўзининг
чекида. Тўқай – ҳар оқшом қасир-қусурлаб, бир ўчиб, бир том бўйи тўлғаниб
ёнаётган вужуди билан дарёнинг йўлини ёритиб бормоқда. Кетидан кул ўйнаб
куяланган митти шамол тўқайнинг ҳокини тўзғитиб, дарёга элтарди. Энди ёниб
битган бу чангалзору, қамишзорлар устида кўк-кўк тутун, мотамсаро сукунат. Лекин
тонг отиши билан овул томондан келадиган сўқмоқлардан элас-элас ғала-ғовур
чалиниб, аста-секин кучайиб, бу ерлар бир тўда жулдур чопон кийган одамларга
тўлади. Уларнинг ҳаммаси қўлларида кетмон, кирка, болта тутган. Ҳар-ҳар жойдан
тутун чиқиб, куйик ҳиди анқиб, кул босган сайҳонликда чала куйиб, айиқдай
чўнқайган дарахтларнинг илдизини ковлайди, шох-шаббаларни сувга оқизиб,
ерни йирик тошлару кесаклардан тозалайди. Улар янги ерлар очарди. Нима қилсин
бечоралар экиб юрган унумдор сувли ерлар келгиндиларнинг қўлида, шундан ҳам
бу ерларда чориқиб юрибдилар-да! Ўрислар хизмат ҳақига кунига учта нон берса,
бирон ҳафталарда ярим халта буғдой бериб қолар? Бечора, қарам халқ эса бундан
яхшироғини кутмасди ҳам. Кўришдики, генерал Черняев деганлари сувбошидаги
Ниёзбек қалъасини эгаллаб, анҳор сувини бўғди-да, зулҳижжа ойининг ярмидан
бошлаб сафар ойигача Тошкентни қирқ икки кун сувсиз ҳолдан тойдирди. Бухоро,
Хоразм ва фарғоналиклар ёрдам бермади. Орланган халқ ўрислар билан ёлғиз
тўқнашди. Ўшанда ариқлар қонга, кўчалар мурдаларга тўлганди. Паншаха, чалғи
билан қуролланган халқ ўрисларнинг замбараги ва милтиқларининг олдида нима
деган гап? Айёнлар кўрдики, муроса қилмаса бўлмайди, элдан ажраб қоладиган,
маслаҳат билан ноилож босқинчиларнинг шартларига кўнди. Кўп ўтмай Оренбург
генерал-губернатори Крижановский 1865 йилнинг сентябрида Тошкентни “Мухтор
қарам мулк” деб эълон қилиб юборди. Ўшанда шаҳарни топширмаслик учун жон
берган, ҳали йиғиштириб улгурилмаган шаҳидлар руҳига Қуръон тиловат қилинди.
Ҳар куни қариялару момолар кўзида ёш, мижжа қоқмай, бу дунёга сиғмай кетган
ўғлонлардан гоҳ пичирлаб, гоҳ инграб кечиримлар сўрарди.
Бу ўлкалар ўрислар оёғи остида топталмасдан уч юз йилча илгари Бобур мирзо
Шайбонийхон таъқибидан қочиб, сипоҳилари билан тўқайзордан кун ботишда ўтиб
кетганди. У пайтларда Шайбонийхон бутун Фарғона давлати ва дарёнинг нариги
қирғоғидаги ҳудудда ягона ҳукмдор бўлиб, ярим вайронага айланган Самарқанддаги
Амир Темур тахтини эгаллаб, ўзининг кўчманчи даштлик қавмлари билан улкан
империя яратганди. Бобур мирзо ҳаммасига қўл силтаб, шу қарорга келганида,
таҳминан 1504 йил июнь ойи эканми, ҳар ҳолда тизгинини тақдир қўлига тутқазиб,
ғарбга шошган дарё бўйлаб борар, боши эгик, қалби нақадар изтиробда эканлиги
юзларидаги мунгдан билиниб турар ва ҳатто тўқайнинг хилват сўқмоқларида уни
ёнма-ён кузатиб бораётган – тақдирлари эгизак Турон йўлбарсини пайқамасди
ҳам. Бу ерларга энди ҳеч қачон қайтолмаслигини сезган юрак симиллаб, қаттиқ
оғрир, аммо лаблари, “Мен қайтармен, насиб этса ғолиб бўлиб қайтармен”, деб
пичирларди. Ўша пайтлардаёқ Темур тузган буюк давлат ичра низолар ва давлат
бошлиқларининг узоқни кўра олмасликлари оқибати чинор илдизларига уя
қурган сичқон каби юртни куну тун кемирарди. Бир-бирига ёт бўлмаган шоҳлар,
шаҳзодалар, беклар, бекзодалар бири-бири билан жиққа мушт.
Қўзи терисига ўранган бўридай яхши дўст ва яхши қўшни Чор Русияси учун
кутган палла келганди. Ахир Пётр Биринчи Русияни империя деб эълон қилган
пайтдан буён Ўрта Осиёни босиб олишдек қонга қорилган режалар билан
яшамаганмиди? Отасининг режаларини амалга оширолмай ўғли қийналди. Аммо
фалак қонга беланган бу жирканч болтани невараси қўлига тутқазди. Александр
Иккинчи қўлларини Ўрта Осиё томон чўзганда, генерал Черняевлар ва унга ўхшаш
ашаддий шовинист қўмондонлар Буюк Турон кулини кўкка совурди. Ҳатто иккиқат
хотинларнинг қоринлари устида оқ подшо аскарларининг найзалари санчилиб
турарди. Россия империяси молия вазири Вишнегородский “Ўрта Осиё – рус
империяси тожидаги энг бебаҳо гавҳар” деса, Ички ишлар вазири Горчаков “Россия
келажаги – Ўрта Осиёдан!” дея ҳайқирарди. Бу пайтда бўйин эгмаган қанча-қанча
мусулмонлар жон берар, мачитлар бузилар, буюк Турон тарихи кўмиларди.
Алламаҳалда жўралар тарқашдию, овчининг хаёлидан милтиқ ҳангомаси
кетмади. Ахир, бу кичкина гап эмас – нақд бешотар-а! Маҳаллий халқ вакилининг
уйидами, қўлидами қурол борлиги аниқлаб қолинса борми, ҳукми сургундан
бошланиб, отиш билан тугарди. Энди эса милтиқнинг зўрини бир пўстак учун
ўзлари бераман деб турса-я? Ишонишингни ҳам билмайсан. Нима бало йўлбарсга
келдимики, биратўласи милтиқ атаб юборилса? Майли, нима бўлганда ҳам ўша
ўриснинг каттаконига – тери, менга эса – бешотар керак.
Кўзларидан уйқу қочган, бир сўлга, бир ўнгга ағдарилавериб, қийналиб ҳам
кетди. Ўзига ўзи, “Милтиқнинг дараги уйқуни ҳаром қилдию, камига севиб қолган
сўтакдай “уф” тортишимни айтмайсанми”, деб қўярди.
“Қанийди шу хаёлни миямдан чиқариб ташласам, – ўйларди Бойғози. – Агар
уйқуси сергак бўлса, Алиқулдан уят бўлди, “Жўрам тоза бургалабди” деб ётгандир?”
Тонгга яқин уйқуга кетди, лекин бир қарорга келиб бўлганди. Албатта, тез кунда
йўлбарсни овлагани келаман, мен бу имкониятни қўлдан бермайман, деб ўзига сўз
берганди.
…Бойғози тўқайга кечаси етиб боришини ҳисобга олиб, йўлга чиққанда туш
маҳали эди. Олдинги сафар келганида овчиларга хос зийраклик билан қаердан иш
бошлашни мўлжал қилиб кетганди.
Мана ҳозир ўша жойда турибди. Атроф кумуш рангга бурканган, сокин тун.
Оқ патни етаклаб, олдидан чиқаётган шох-шаббаларни болта билан тозалаганча
борар, саҳаргача инсон қадами етмаган гўшаларга кириб боришни мўлжаллаган.
Қалин чангалзорнинг дим ва зах ҳавосидан мерган терга ботди, қайта-қайта
пешонаси ва бўйнини артар, тепада эса кекса ой унга ҳайрон бўлиб боқарди.
Дарёга яқинроқ жойлашганим маъқул, ҳар ҳолда от учун ўт, суғоришга ҳам сувга
яқин бўлади, деб ўйлади. Тонг бўзариб, шоқолларнинг чинқириғи тинганда минг
машаққат билан мўлжалидаги ерга етди. Дарров отини қантардида, қумлоқ жойни
оёғи билан текислаб, тошлардан ўчоқ ясаб, қумғон остига олов ёқди. Қорни
таталаб кетган Бойғози тош устига ўтирганча чала куйган ўтинларни таёқ билан
италаб, ўчоқ тагига ташлар, лекин қиладиган ишлари хаёлидан бирма-бир ўтарди.
Бугун-эрта атрофни ўрганаман деб, тўрт томони сув тол ва буталар, қанақадир
ўсимликларнинг қалинлигидан ўн қулочдан нари жой кўринмайдиган жангалга
тикиларкан йўлбарснинг ошёни қаерда, ўлжасини қандай овлайди, кийикдайин
зийракмикин, деган саволлар миясида ғужғон ўйнарди. Ҳақиқатан пурвиқор
тоғларнинг булутларга қадалган қоялари-ю, дараларининг кенгликларида
табиатнинг эрка барсидай эркин юрган овчига қуюқ тўқай мисли бир тилсим эди.
Қумғон шақирлаб, жўмрагидан отилган сув пас-пус қилиб чўққа тушди. Бойғози
қумғонни четга олиб, қуруқ чойини солар экан, “Ҳа, йўлбарс яқинлашганини
пайқаш учун ёйиқларда митти юмронқозиқни ҳам илғайдиган бургут кўзлармас, ер
остида шипирлаган кўр сичқонни пайқайдиган укки қулоқлар керак”, деб кўнглидан
ўтказди. Ҳақиқатан шундай эди. Кечалари уйқуси қочганда, пишиллаган нафаси-ю,
ўтларнинг ғарчиллатиб узишидан “Сариқ сигир яна бўшалибди, қўрқоқ молда,
девордан нари кетмайди”, деб қўярди. Тинмай чириллаётган қора чигиртка нафси
ёмон молдан чўчиб, қари олча сари кетгани аниқлигини ҳам биларди. Ана малла
ити ҳам бўшалавериб жонга тегди-ку – ҳар бошини силкитганда қулоқларининг
шапиллаган овози қўра остидан эшитилади.
Лекин бу ер анча бошқача, товушлар бегона. Белидаги қийиқчани олдига ташлаб,
устига жавдари нон, олма қоқи ва йўл четидан юлиб олган саримсоқ пиёз тўпини
қўйди. Ўзи эса эгарга ёнбошлаганча ёғоч пиёласида чойни обдан қайтарди. Сўнг
бир чап, бир ўнг томонини кузатиб, аччиқ-аччиқ чой ичаётганда тонгнинг заррин
нурлари тўқай узра оҳиста ёйилди. Кўп ўтмай сариқ гулга қўнган ёввойи арига кўзи
тушди. Арининг кўзага ўхшаш оғзи торроқ эканми, боши сиқилиб, жонҳолатда
ғийинг-ғийинг қилиб қўллари билан гулни қайта-қайта нари итарар, лекин бундан
ҳеч иш чиқмасди. Унинг бу ҳаракатларини бироз кузатгач, жилмайганча, қўлидаги
чўп билан гулни туртиб юборди. Раббимнинг мўъжизаси бўлган асалари ўзи бору
йўғи йигирма бир кун яшайди. Шу даврда минглаб гулларга қўниб, бир томчи асал
йиғади. Инсон учун бор-йўғи бир томчи асал, арилар учун бутун умр дегани экан.
Шуларни ўйларкан, “Мен учун битта милтиқ – йўлбарснинг эса бутун умри”, деган
гап ҳам хаёлидан ўтди. Кўз олдига йўлбарс келиб, кўзларини юмдида, қўлларини
очганча пичирлаб, узоқ дуо қилди. – Э Парвардигорим… Йўлбарс ови осонмас, мен ҳеч қачон бундай овда
бўлмаганман, тўқайзор ҳам мен учун тилсим. Лекин менга қурол керак. Шундан
ҳам ҳаётимни хавф остига қўйиб, ҳаммасига кўзимни юмиб, журъат қилдим. Агар
ўрис ваъдасида туриб берса, уларнинг ўзларидай милтиқни бемалол елкамда осиб
юраман. Эл олдида уялтирма, юзларимни ёруғ қил, – деб юзига фотиҳа тортди.
Ўрнидан туриб, тўрвасини елкасига илдида қўлига пилта милтиғини олиб,
жангал сари ичкарилай бошлади. Бу ерларга на одам, на мол кирган, шундай
қалинки! Кўклам ўрталари эмасми – қамишзорлар чиркай (пашша)га тўла, тагидаги
суви қорайиб, сассиқ ҳид билғиб турарди. Атрофда қор босиб синган, букилган,
янгидан кўкариб, ғовлаб кетган дарахт тўла, улар орасидан юриш мушкул. Ярми
қуриб, ерга қадалган қалин шохлар остида тошлардан тозаланган, текисланган
супача қачонлардир чўчқанинг ошёни бўлганлигини билдириб турарди. Тупроқлари
қуриб, унча-мунча жойидан ўт-ўлан униб чиққанидан “Анча бўпти чўчқавойнинг
келмаганига”, деб хаёлидан ўтказди. Бойғози ҳамон ичкарилаб борар, ҳар-ҳар
жойда тиззаларига ўтирганча билинар-билинмас ерга тушган изларни бармоғи
билан аста тозалаб, шохлар орасига қисилиб қолган ҳайвон жунларини кунга тутиб
кузатар, бамисоли тўқай ўқилмаган китобу, овчи эса зеҳнли ўқувчи эди. Изқувар
ишга шўнғиб кетганидан кун ўтганини билмай қолди. Аввалги оқшом мижжа
қоқмай юрмаганми, кечга томон уйқу элита бошлади. Ортга қайтди.
Кун бўзарганда уйғонди. Тонгга яқин дарёдан эсган эпкинни айтмаса, кечаси
илиқ экан, тиниқибгина ухлабди. Бойғози устига ёпган чопонини кийди-да, сой
бўйидаги бўзроқ ерга арқонланган отидан хабар олиб, дарё чеккасида ўтирганча
юз-қўлларини ювди. Артинаётганида қушларнинг шовқинидан ҳайратланган
Бойғози қийиқчасини лаблари устига босганча қулоқ солди. Бир-биридай
қолишмай, тирноқдайин қушдан тортиб қарғагача бираваракайига чуғурлашар, эх
ҳе, худди Эски Жўва бозоридай! Бироз ўтиб, тоғ ортидан қуёш кўтарилган сари
шовқин пасайиб, молини йиғиштиролмаётган жиғибийрон сотувчидай у ер-бу ерда
чиқаётган овозлар қолиб, бозор тарқаб, атроф сув сепгандай жимиб қолди. Ҳа,
деди, кун чиққунча қушларнинг бир гузари бўларканда! Сўнг ўзи айтмоқчи, уясига
қайтиб келди. “Бугун ҳам атрофларни кузатаман, яхшилаб ўрганмасам бўлмайди,
йўлбарс ҳақида ҳеч нарсаям билмайман, бу қурғур мушук дейман, қанча кўп
бўлса, овлаш имкониятларим шунча кўпроқ бўларди. Уларни оила бўлиб яшайди
деб эшитганман. Лекин кеча куни билан битта ҳам из кўрмадим. Майли, бу ҳам
яхшиликка аломатдир”, деди-да, бамайлихотир изқуварликни давом эттирди. Энг
қизиғи, эс-дарди милтиқ бўлган Бойғози ким билан ўйнашаётганини жуда ҳам
яхши биларди. Ўзи билмаган, умрида кўрмаган йўлбарс ҳақида ҳеч бир тасаввурга
эга бўлмай, нуқул, “Шу ишга қўл урганимни қара-я, яна бир ўзим, аҳмоқлик ҳам
эви билан”, деб хаёлидан ўтказарди. Ҳозиргина йўлбарс изига дуч келди, отнинг
туёғидан пича каттароқ, шуури сескангандай бўп кетди. Камига ноқис ақли бундай
из эгаси 150–200 кило тош босишини ҳам билади.
“Мен уни эмас, у мени кузатаётган бўлса-чи?” деган фикр мерганнинг барча
режаларини чилпарчин қилиб ташлади. Шунда ичидаги ички овоз: “Келганингдан
бери шарақа-шуруқ қилиб, шохларни синдириб, гулхан ёқиб, шовқин солиб
юрмадингми? Тўқайзорнинг пошшосидай ҳузурланиб чой ичдинг-а? Ғаши келган
улкан мушук сариқ кўзларини чақчайтириб, сенинг ўзингни овлаш режасини
тузмадими? Балки ўлжа сендирсан? Ҳеч ўйлаб кўрмадингми?” дея шивирлашга
ўтди. Вазиятни идрок этиб, жин урсин, қўрқиб кетди. Ишини тўхтатиб, харсангга
қиялатиб ташланган ходалар устига қуруқ қамишлар билан ёпилган мўъжазгина
чайласига қайтди. Кела солиб, пилта милтиғини олди-да, ўқлашга тушди. Асли
ўқлаб, сўнг кўтариб юриш маъқул эмас, чунки зипланган ўқлов чайқалишдан
бўшаб, нишонга етиб бормайди. Лекин наилож, ахир улкан мушукнинг қанчалик
хавфли эканлигини ҳозиргина шуурида кашф этди-ку, энди унинг севимли
сўқмоғини топиб олса бўлгани, марра уники, хилват жойга беркиниб, бир ой кетса
ҳам жойидан жилмай кутади. “Бунга сабрим етади”, деб хаёлидан кечирди.
Бойғозининг тўқайга келганига етти кундан ошдики, ҳали йўлбарсни кўргани
йўқ. Лекин у ер, бу ерда изи учраб турибди. Ёки ростдан ҳам бу махлуқ халқ оғзида
юргандай афсунгармикан-а? Одамлар унинг тўқай ташқариси ёки дарахтлар
орасидан тикилиб турганини гоҳ-гоҳида кўриб қолармиш. Кимсанинг кўзи
тушиши билан худди рўёдай ғойиб бўларкан. Ким билсин, ахир кекса овчилар
ҳатто каптарларнинг ҳам пири бўлади, деб айтишади-ку?
Овули Ов-қашқа тоғининг этагида жойлашган. Бу тоғ шунчалик кўҳна, шунчалар
улканки, ҳаттоки осмон ҳам бўйин эгиб тургандай. Шимолида тинмайдиган дайди
шамол юртида “Така чағоноқ” деган жой бор. Узоқдан сариқ-жигаранг бўлиб
кўринади. Кийикларнинг севимли маскани. Ҳар куни қуёш қизариб кўтарилаётган
пайт, айниқса, улоқлари диканглаб, сакраб-сакраб роса тупроқ ўйнайди. Харсанглар
устига ирғиб чиқиб, ўзини пастга ташлаб, яна қайта айланиб эринмайди. Ярамас
овчилар билиб олган, улар келмасдан олдин тошлардан битилган пистирмасида,
ҳеч нарсадан бехабар жониворга ўқ узади.
Бойғозининг овулдоши Қулмирза ҳам шундай овчилардан бири бўлган экан.
Бир кун пистирмадан туриб у ҳам кийик отибди. Нишонга тегмабди, такалар
гуриллашиб ҳар тамонга қочибди. Хуноби чиқиб ўтирса пастдан бошқа кийик
олдироғида улоғи билан чиқиб келаверибди. Улоқча ўн-ўн беш қадамлар югуриб,
тўхтар, ортига қараганча онасини кутар, она кийик шошмас атрофни кузатар,
ҳавф сезмагач, яна юришда давом этарди. Ўйинқароқ улоқчаси эса азбаройи
шошиб кетар, жажжи туёқларини ерга уриб, онасига аччиқ қилиб яна чопқиллаб
борарди. Етиб боргач, она кийик чағонақнинг харсангига чиқибди-да, теваракка
назар солиб, ичига сиғмай диконглаб чопиб юрган улоғига қараб тураверибди.
Пистирмада нафас олмай мўралаб ўтирган ноинсоф, боласи ёш экан, онасиз яшаб
кетарми, деб ўйлаб ҳам ўтирмай, секингина милтиғининг пилигига ўт қўйди. Бутун
дара гумбурлаб кетди. Нима бўлганини тушунмай ўтакаси ёрилган улоқ, қулаб
ётган онасига қоқилиб ўмболоқ ошиб кетди. Шунда бутун кучини йиққан кийик
бир ирғиб турибди-да, ўзини пастга қараб ташлабди. Нарироқдан чанг-тупроққа
беланган, жавдираб турган гўдаги ҳам унга қўшилибди.
Ўша пастда, зовнинг баландлигига бардоши келмай оппоқ зарраларга айланиб
тўкилаётган шаршаранинг ёнида ғор бор. Оғзи беш қулочлар келади, охирига ҳеч
ким бормаган, овчилар “табибхона” деб атайди. Ғорнинг кун тушмаган деворлари
захлаб, ёриқларидан мўмиё оқиб турар, ковакларини эса тоғ сичқонлари макон
тутган. Шундоқ ғор оғзининг атрофида эса минглаб ҳайвоннинг оппоқ суяклари –
ораларида кийикларнинг камондай эгилган кулранг катта шоҳлари ҳам – сочилиб
ётади. Манзара ҳақиқий ҳайвонлар қабристони каби. Кейин билди, касалланган,
зовдан учган ярадор ҳайвон борми, паррандами – дардига малҳам излаб, шу ғорни
паноҳ тутиб келар экан. Қай бири шифо топса, қай бири мангуга бу ерларда қолиб
кетаркан. Ростдан ҳам, жароҳатланган ҳайвонлар шу ғорга қараб қочади, она кийик
ҳам шундай йўл тутди. Бўйнидан ўқ тешган жой қизиб, куйик ҳиди анқир, энди
эса кучли оғриққа айланиб, ўнг курагидан биж-биж қилиб қон отаётган яраси ерга
тортиб борар, шунга қарамай жонивор улкан ҳарсангларни айланганча оқсоқланиб,
қадамини табибхона томон бурганди. У ерга етгач, оғриқдан қалтираб, ортда қолган
улоғини кутиб турди. Сўнг яна бир куч йиғди-да, одам боласи тушолмайдиган
терак бўйи зовга қараб кетди. Қоя бошидаги улоқча пастдаги оғзи қорайиб турган
ғорга мўлтираб қараб турарди. Ана, онаси чўлоқланиб кириб кетаяпти. У ердан
тузалиб чиқади, “Мен эса шу ерда кутишим керак”, деб ўйларди. Бир зумда
ҳаётини чилпарчин қилган бешафқат тақдир мурғак улоқчани ҳолдан тойдирганди.
Онасини кутиб, зовнинг четига ётди. Тумшуғи ерга тегар-тегмас шивирлаётгандай,
ором олаётгандай кўзлари юмуқ, узун киприкларига осилибгина титраётган томчи
ёши жилоланиб турарди. У илтижо қиларди:– Эй ғор, мен кўриб турибман: онам сендан шифо излаб, қўйнингга сингиб
кетди. Ортида қолган сўқмоқ унинг вужудидан оққан қондан қизариб турибди…
Мадад бер! Онамнинг танасидан қон оқмасин. Энди тош чағаноққа бормайман,
бораман деб онамни қистамайман, хархаша ҳам қилмайман, у ерларда
ўйнамайман, – деб қайта-қайта маърарди шўрлик.
Калаванинг ипидай сўқмоққа чизилиб келган қип-қизил қон эса Қулмирзани
ҳам изма-из ўша ёққа бошлаб келарди. “Оббо, табибхонага кетибди-ку, ишқилиб
мажоли етмай, зовнинг тепасида қолиб кетган бўлсин-да! Ўзи бошида овинг
юрмагандан кейин шундай бўладими дейман, уч кундан бери нишонга олганим
жойида қолмайди. Ҳовучдайин ҳолига бу эчкини айтмайсанми, ўқим тешган
ярасидан тизиллаб қон отаяптию, ётиб қолай демайди”, деганча сўйланарди.
Зовнинг тепаси кўрингач, ҳарсанг ортига паналаб, телпагини ечди-да, аста бошини
чиқариб фиғони чиқиб кетди. Эҳ,.. лаънати! Ўзи нима бўлаяпти: бу ярим жон
ғорга тушиб кетибди-ку! Зовдан тушолмасов, деб ўйлаганди. Зов четидаги нима у,
улоқми? Тавба, улоқ дегани онасидан ажраганда зир югуриб, маърайвериб дунёни
бошига кўтармасмиди? Худди вақт дегани зовнинг қаршисида тақа-тақ тўхтаб
қолгандай, улоқ ҳам заминга бошин қўйиб, қотиб турарди.
Кийикнинг яраси оғир, ўзи кўрди-ку, табибхонага югурган бўлса ҳам барибир
чора топмайди, демак, зовга тушиб, ўлжасини ололмайди. Шундай экан қуруқ
қайтиш йўқ, деди ижирғаниб ўзига ўзи ва харсангтошга суянганча шошиб-пишиб
милтиғини қайта ўқлади. Ер бағирлаб, милтиғининг қорайиб турган милини улоқ
томон тўғрилади. Бироз ўтмай сойлар қалтираб кетди.
Қулмирза югуриб, мункиб етиб келганда кўзлари юмуқ, оғриқнинг зўридан
жажжи туёқлари ер тирнаган улоқчанинг жони узилиб борар, лекин ҳамон майин
жун босган тиниқ қора лаблари шивирлаётгандай қимирларди. Тепасида қараб
турди… Негадир ўлжасини олмади, ортга чекинди.
Бойғози Қулмирзани болалигида кўрган: жулдур, йиртиқ-ясмоқ кийимларда,
елкасида ипга боғланган кичкина кади, қўлида катта асо билан кўчадан ўтиб
қоларди. Болалар ортидан тушиб, “жинни-жинни!” деб галма-галдан шовқин-сурон
соларди. Шунда унинг жаҳли чиқиб кетар, кўзлари ола-кула бўлганча, “У-уу-у!” деб
бақириб берарди. Катталарнинг айтишича, у тоғнинг қаҳрига учрагани келтирган
экан.
Кавказ халқининг ажойиб бир рақси бор. Навқирон йигитлар бир-бирининг
елкасига қўлини қўйиб, доира шаклида айланиб, оёқ учларида ер тепиб, шўх
рақсга тушадилар. Бу рақс ҳаракатларида қондошлик, бир-бирига улкан ҳурмат
мужассам. Тўқайдаги дов-дарахт, буталар ҳам бир-бирларининг елкаларига қўл
қўйгандай, шох-шаббалари билан зич чирмашиб кетишган, ҳатто ер бағирлаб
ўсиб ётган гиёҳлар ҳам амаллаб, илашиб бўлса-да, юқорига интилиб, бошқа дов
дарахтлар билан бир бутунликни ташкил этганди. Синчиклаб кузатсанг, инсон ва
табиат орасидаги кўз илғамас ўхшаш ришталарни англаш қийин эмас. Бугун тўқай
илгаригидан ҳам қаттиқроқ жипслашиб, ўз ичида кун кўраётган жониворларни
ҳам ҳар доимгидан кўпроқ ҳимоя қилишга шайлангандай. Шу кун ярамаса чорига,
қачон ярар ахир корига! Одамлар тушуниб-тушунмай шундайин тўқайнинг бир
четидан ўт қўйиб, кесиб келмоқда. Бунда кунига фарёд, фақат одамзот у овозни
эшитмайди. Чунки инсон эшитадиган фарёд бугун бутун Туркистонни эгаллаган.
Мустамлакачилар халқдан таланган бойликларни аввал туя, от-арава, эшак,
ҳўкизга юклаб ташмалаган бўлса, энди темир йўл қурилгач, вагон-вагон қилиб
олиб чиқиб кетадиган бўлишди. Бойликлар-ку майли, лекин халқ онгидан буюк
тарихию қадриятларигача тортиб олишга ҳаракатлар авжига чиққан, зиёлилар қатл
қилинарди.
Ўша пайтда Николай Иккинчининг фармойиши билан “Империядаги барча
ерлик халқлар эркак аҳолисини ҳаракатдаги армия районларида ҳарбий иншоотлар,
шунингдек, давлат мудофааси учун зарур бўлган бошқа ҳар қандай оғир ишларга
жалб қилиш” ҳақидаги фармони чиқиб, унга кўра Ўрта Осиё, Қозоғистон,
Закавказьедан ўн тўққиз ёшдан қирқ уч ёшгача бўлган 400 минг киши Сибирь
ҳудудларини ўзлаштириш учун мажбурий мардикорлика олиб кетиларди. Бу
фармон эзилган эл учун ўлганнинг устига тепган бўлди. Хўрланган халқ у ер-бу
ерда бош кўтаргандай бўлар, лекин на улови, на қуроли борлигидан бенамозлар
зулмига қарши кўкраги тўла нафрат бўлса-да, паншаха тутган қўллари билангина
ёв замбараклари қаршисида ожиз қолардилар. Эплаганларгина тоғларнинг қадам
етмас овлоқларига кўчиб кетишди.
Лекин юрт бу каби зулмдан азоб чекаётган бир пайтда ҳукмрон сулола учун
маишат одатий, кундалик, шунчаки ишлар бўлиб қолганди.
Деворлари оппоқ, тилларанг нақшлар билан безатилган залворли хона, ўртада
оёқларигача ўйиб безак ишланган, устига мовут қопланган оғир стол турар, катта
ойналарга рўпара қилиб қўйилган юмшоқ диванда қўлларини суянчиққа тираб,
оёқларини чалиштириб, кўчага ўйчан тикилганча оқ пошшо ўтирарди. Улкан эман
дарахтининг кўм-кўк шохлари эринибгина чайқалар, лекин подшо бунга эътибор
бермас, хаёли Ўрисия тожидаги гавҳар аталмиш Туркистон билан банд эди. Она
малика Мария Александровна сулола саодати ва кафолати – Россия кафолати, деб
тушунар ва шу тўғрисида ўғлига яна маслаҳатлар бериш учун бугун тушдан кейин
виқор билан канизаклари қуршовида саройга ташриф буюрганди.
Пошшо бундан хабардор, шундан миясида айланаётган режаси, яъни инисини
Туркистонга юборишни она қиролича билан гаплашиб олишни кўнглига тукканди.
У ерда ҳозир ишонганлари – генерал-губернаторлар Кауфман, Черняевлар аҳолини
қиличдан ўтказиб, Русия сиёсатини ўрнатиб бўлди. Туркистон мутлақ ўзиники,
энди жигарлари борса бемалол халқни бошқариб, қолган ишларини юритса
бўлади. Ишчи кучи текин, оч-яланғоч халқ нонга муҳтож, арзимаган ҳаққа кечгача
меҳнат қилса – яна нима керак? Ким ўйлабди дейсиз: икки аср муқаддам дунёни
зир титратган Туронни мавҳ этиш унинг чекига тушишини?
“Ўша улкан империядан бундан буён ҳеч нарса қолдирмасман – ибтидодан
ёзиб келинаётган кўҳна тарихнинг зарҳал варақларига битилган битикларигача –
барини йиртиб, ёқаман! Дунёни кезиб чиққан, қанча-қанча халқларни қаршисида
тиз чўктирган, сон-саноқсиз лашкарларга руҳий куч бериб ҳилпираётган яловидаги
Қуёшними ё борлиқ-оламни юмалатиб бораётган Турон йўлбарси рамзигача йўқ
қилмасамми!” дея хаёлидан ўтказарди.
Кўп ўтмай бой-бадавлат шаҳзода Николай Константинович Романов Тошкентга
келди. Қизи анчадан бери бўғма касаллигидан оғрир, докторлар унга ҳаво
алмаштириши кераклигини айтишганди. Балки бунда ҳам бир ҳикмат бордир, дея
ўзига тасали берди кичик шахзода. Ўрта Осиёга келдию, ишни шаҳарнинг шимолий
шарқий томонидан ўзига қаср қуришдан бошлади. Ватанида удумга айланган
кўнгилочар базму жамшидларни йўлга қўйиб, қасрга тез-тез рус киборларини
чақириб, зиёфат уюштириб берарди. Ахир шу ердаги ўрис киборларидан ортиқ
содиқ одам борми? Айнан шулар-ку, империянинг қонли режасини аъло даражада
бажараётганлар!
Улар орасида унвон даражаси паст, аммо касби географ ва этнограф бўлган,
ўзини подшо шажарасининг қайсидир бир узоқ бўғинига илашиб қолганлигини
(Худо билади) ширакайф пайти қайта-қайта мақтанишни канда қилмайдиган,
ёши элликлардаги хўппа семиз одам ҳам бор эди. Михаил Савельев исмли бу оқ
сариқдан келган, тепакал, лунжлари сал осилган, сўзлаганда пешонаси терлаб,
костюмининг чап чўнтагидан тахи бузилиб кетганидан бир уюм бўлиб қолган
оппоқ рўмолчасини юз-кўзига босиб-босиб, сўнг уни яна шошганча, палапартиш
қайта жойига тиққанча, валиаҳд олдида ҳижолат тортар, айбдордек жилмайиб қўяр
ва бу ҳаракатларини бироз ўтмай яна такрорларди. Ҳақиқатан бу қадимшунос
этноолим кўп нарсани билишга ҳаракат қилар, маҳаллий аҳоли орасида кўпроқ
бўлишга интилар, суҳбатлашар, уларнинг қадрият ва удумларини ўрганарди.
Шундай кунларнинг бирида кечки пайт зиёфат охирлаб қолган маҳал валиаҳд
билан Михаил Савельев қўлларидаги муз солинган коньякли бокалларини тутганча
тик туриб, нималардир ҳақида гаплашишарди. Бу орада Николай Константинович
бемор қизининг дарди ҳақида ҳам айтиб қолди.– Жаноби олийлари, мен маҳаллий халқдан бўлган бир табибни танийман.
Унинг ўзи асли синиқчи. Анатомияни билимдони! Эл орасида машҳур, кучли
табиб. Мабодо лозим топсангиз, уни чақиртирсак, нима дейсиз?– Тушунмадим? Тараққиётдан орқада қолган саводсиз осиёликлардан қандай
қилиб кучли табиб чиқиши мумкин? Мени ҳайрон қолдираяпсиз…– Жаноби олийлари, бетгачопарликка йўймангу, сиздан минг бор узр сўрайман
албатта, лекин бу халқ аслида, биз ўйлаганчилик оми эмас. Ана шу юпун халқнинг
буюк алломаси – ибн Синоси бор, табобат, адабиёт, сиёсат соҳаларига доир
қанчадан-қанча китоблару, қўлёзмалари бор. Буларни улар кўз қорачиғидек сақлаб
келмоқда. Алишер Навоийи, Бобуршоҳдек шоирлари бор, одамлар ҳамон уларнинг
ғазалларини куйлаб юради.
Романов маҳалий халқ ҳақида яна бошқа билганларини кўзлари чақнаганча
айтмоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган бу бақалоқ олимга бир кибрли назар ташлаб,
қўлидаги бокални хизматчига тутқазди-да, “Сиз билан гаплашадиган мавзуларимиз
кўпга ўхшайди”, деди. Сўнг ишора билан четроққа чиқайлик дегандай имлади.– Биласизми, бу юртлар бизга тақдир, азалу охирдир! Энди бу ерларда
болаларимиз, авлодимиз, яъни Русия келажаги яшайди. Ким ҳам буни инкор
қиларди, нима дедингиз, азизим? Уйингдаги хизматкорнинг кимлигини билмай,
хизматингни қилдириб, бир том остида яшайвериш, нодонликдан бошқа нарса эмас.
Демак, Туркистонинг ўтмиши ва кечмишини кўпроқ ўрганиш зарур. Бу масалада
сизнинг ўқувчингиз бўлсам бўлавераркан.
Кимсан – шахсан валиаҳднинг бундай чиройли сўзларга ўралган илтифоти
олимнинг бошини айлантириб юборганди. Ҳаяжондан қизарган пешона,
чаккасидаги сийрак сариқ соқоллари ораси яна йилтирай бошлади, тўмпайиб
турган чўнтагидан рўмолчасини олди-да, “Узр олампаноҳ, узр”лаганча апил
тапил пешонасидан шашқатор қуйила бошлаган терни артди, ҳижолатомуз тарздан
Романовга термуларкан, “Бош устига, хизматингизга тайёрман”, деди астойдил.
Валиаҳднинг Михаил Савельев билан бўлиб ўтадиган суҳбатлари ўз таъсирини
кўрсатмай қолмаганди. Айниқса, ҳали ҳеч ким дардига шифо тополмай юрган кезда,
унинг наздида тўпори, маълумотсиз, қолоқ бир табиб фарзандини бу хасталикдан
қутқара олиши мумкинмикин?
“Ҳа… қизиқ, жуда қизиқ… Бу халқ – очилмаган қўриқ”, деб ўйга толди. Ахийри:
“Майли, биздан нима кетди, чиқмаган жондан умид! Балки фариштамнинг шифоси
унинг қўлида бўлса не ажаб? Бари – Худодан!” деди. Ахир шўрлик қизининг
маъбудаларники мисол оппоқ гўзал чеҳраси гоҳ-гоҳида ҳаво етмай қолганидан
қизариб, қўллари билан ёқаларини тимдалашларига яна қанча бардош бериш
мумкин? Унинг азобларига қандай чидаб турсин? Қизини кимларга кўрсатмади:
олмон дейсизми, фаранг дейсизми, манаман деган докторлар кўригидан
ўтказмадими? Ҳаммаси жим.
Қўлин чўзса етмайдиган марра йўқ отаю, аммо зурёди танасига яширинган
дард олдида чорасиз! Бугун бўлмаса эртага акаси императорнинг қулоғига етиб
борадиган, ана – валиаҳд қуйи табақа халқнинг қандайдир саводсиз табибига
бош эгди, деб урчийдиган миш-мишлардан қўрқсинми? Николай Константинович
хаёлида балки бу ҳаракатларини фосиқлар давлат сиёсати даражасига чиқариб, рус
империясига иснод дейишларини билса-да, олимнинг гапларида жон борлигини
тан олди: тарих тиз чўктирган халқни яхши ўрганиш керак.
Кўп ҳам ўтмай Савельев табибни Ромоновлар хонадонига таклиф этди. Николай
Константинович ўзининг хос хонасида тилмоч орқали эгнида чийдухоба чопон,
бошида кўк салла, чиройли қиртишланган соқоли ярашган, қирра бурун қишлоқ
табиби билан суҳбатлашди. Стулга ўтириб кўникмаган Маҳаматраим ўзини ноқулай
сезар, вақт имиллаб ўтарди. Лекин катта стол атрофида бошланган бу суҳбат борган
сари жонлана бошлади. Чунки кўпни кўрган валиаҳд табибга эркин муҳит яратишга
ҳаракат қилар, савол бериб, тилмочга бир қараб, сўнг яна суҳбатдоши жавобини
қизиқиш билан кутарди. Борган сари оддий қишлоқ одамининг оқил жавобларидан
ҳайратланиб, орада “Сен ҳақга ўхшайсан”, дегандай жилмайиб турган Савельевга
қараб-қараб қўярди. Меҳмондан кўнгли тўлди.
Уни кузатгач, Михаил Савельевнинг елкасига кафтини қўйди-да, ўйчан ерга
боққанча, бироз сукутдан сўнг “Бу одамга қизимнинг дардини ишониб топширсак
бўладиганга ўхшайди. Энди имилламанг, тезлатинг, касал кутмайди”, деди ҳорғин.
Ҳақиқатан ҳам жаноби олийлари адашмаганди: кўп ўтмай табибнинг гиёҳлардан
таёрланган дамламаю малҳамлари беморнинг юзига қизил бўлиб югурди, иштаҳаси
очилиб, йўтали камайди. Қизнинг яна андакина муолажаси қолган, бунинг учун эса
у Угам тизмаларининг этакларида жойлашган Маҳаматкаримнинг ушоқдеккина
қишлоғига бориши, ҳар тонг шарқ томондаги қўҳна Чотқол тоғлари ортидан ёйилиб
келаётган субҳидамни ва туғилаётган янги кунни ҳис қилиши керак экан.
Ўша пайтда қирда туриб, энди қизариб кўтарилаётган қуёшга рўпарама-рўпара
туради, унинг босимидан бунёд бўлган салқингина саболардан тўйиб-тўлиб нафас
олади, қуёшнинг нафис нурларига ғарқ бўлганча тилладай жилоланган сочлари
тўлғаниб, қўлларини икки томонга ёйиб, кўзларни енгил юмиб, борлиққа сингиб
кетиши, шу кўйи офтоб то мўнгилардан қалпоқ кийган улкан тоғдан узилгунга
қадар табиат билан ҳамоҳангликда нафас олиб, сўнг кўзини очиши, ички овоз
билан янги кунни қутлаб, шукроналарини айтиши керак…
Николай Константинович қизи баҳона Сойлиққа келди. Ўзи ҳам қирда туриб,
тонгни кутди. Қўлларини ёйди, кўзин юмганда бандидан “чирт” этиб узилган сўнгги
япроққа айланди. Майин шамол уни астагина учирар, сўнг яна ва яна юқорилатар,
енгил шабодадай айлантирар, валиаҳднинг кўзлари нам, лаблари “ҳаловат!” деб
пичирларди.
Орадан кўп ўтмай малика дарддан фориғ бўлди, оғриқлар чекинди, оиланинг
изтироблари барҳам топди.
“Бизлардаги хутор каби бордан кўра йўқ шу кафтдеккина қишлоқдан чиққан
табибнинг илмига қойил! Ҳақиқатдан бу масканларга Тангрининг назари тушган
экан”, дея ҳайратланди Романов.
Ёз тугаб, куз келди. Валиаҳд ўша жой – Чир дарёнинг шундоқина тепасида 2000
гектар жойда ўрмон яратишга бел боғлади. Бир ойлик иш ҳақига киши бошига бир
тилла танга атаб, халқни чорлади. Бир томони очарчилик, бир ёғи қишнинг эшик
қоқар маҳали жарчининг бундай чақириғи оддий одамлар учун нажот бўлиб янгради.
Русиядан дуб-эман, ясень-кул дарахти кўчатлари олиб келинди, яна маҳаллий ёнғоқ,
қайрағочлар ҳам экилди. Николай Константинович рус киборлари орасида, оиласи
олдида энди бу жаннатмонанд юрт Русиянинг сарҳади, менинг масканим, анови
тепаликларда ҳам катта-катта ўрмонлар барпо этаман, обод қиламан, бу масканлар
келажакда авлодимга асрлар оша хизмат қилади, деб киборлар орасида гапиришни
хуш кўрарди.
Куз ўз ўрнини қишга бўшатиб бера бошлаган сўнгги илиқ кунларининг бирида
этноолим Михаил Савельевич ҳовлисида сайр қилиб юраркан, унинг тураргоҳидаги
ёғочдан ясалган, икки табақасининг оралари бармоқ сиғар даражадагина тирқишли,
вақт ўтиб, офтоб тиғию ёмғирлардан сарғайиб, қорайиб кетган дарвозаси шошилинч
тақилаб, ташқаридан от кишнагани эшитилди. Шошганча дарвоза томон йўналди
да, занглаб кетган темир зулфинни кўтариб, кичик табақасини қия очди ва
қаршисида валиаҳднинг хос хизматчисини кўргач, унга пешвоз чиқди. Чопар от
устида турганича бироз эгилиб, қўйнидан бир хатни олиб, унга узатди. Бу хатда
Михаил Савельевич кечки дастурхонга лутфан таклиф этилган эди.
Ҳаяжонланиб кетган олим хизматкорга минатдорлик билдирдими, йўқми эслай
ҳам олмади. Кузнинг бир тутам куни ҳам тушдан ошган, зудликда бу оқшом учун
тадоригини кўриши керак эди. Валиаҳд қароргоҳигача манзил пича узоқ, чамаси
тўрт чақиримлар атрофида. Лекин ҳозир уни ташвишга солиб қўйгани миясида чарх
ура бошлаган ғужғон саволлар ва уларнинг ягона якуни: нимага чақиртирди экан,
деган ўй эди. Тинчликмикан? Ўзига ўзи, “Тинчлик, албатта тинчлик, йўқса оппоқ
қоғозда чиройли ҳуснихат билан таклифнома битилмасди, қолаверса, бу мактубни
ўзининг хос извошчисидан бердириб юбормасди. Тўғрисиям шу-да! Сиёсатчи ёки
армия бошлиғи бўлмасам, оддийгина олимман. Лекин маҳаллий халқ билан жуда
“ош-қатиқ” бўлиб кетмадиммикин? Балки шунгадир? Э, бўлиши мумкинмас. Ахир
бу ерларга аслида ҳам шунинг учун келганман-ку, яъни маҳаллий халқ удуми,
тутуми, феъли, яшаш тарзини ич-ичидан ўрганиш учун”, дея таскин берди.
Олим ана шу каби минг бир хаёллар гирдобида Тошкентдаги Новомосковская
кўчасига етиб келганини билмай қолди. Чеккароқда турган извошга ўтирди-да,
папкасини тиззалари устига қўйиб олгач, отлиққа манзилини айтди.
Эгнида эски пальтоси осилиб турган извошчи “чирс” эткизиб отига қамчи
ургандики, жонивор бир силтаниб, депсиниб турган ўрнидан қўзғалди ва сарғиш
барглар тўшалган тош кўчани туёқлари билан тарақа-туруқ қилганча бир маромда
йўрғалаб кетди.
“Ҳали вақтим бор, князь ҳазрати олийларининг қўрғонига етмай тушиб, пиёда
бораман”, деб хаёлидан ўтказди олим.
Олимни кўп ҳайратларга солган князь ҳазрати олийлари унга ўйлаганидан
ҳам кўра кўпроқ такаллуф кўрсатди. Яқин кишисидай оила дастурхони атрофида
ўтиришдек шарафга мушараф этди… Ўз ўрнини яхши билган олим, бундан
ғурурланиш ўрнига хижолат тортар, ички ҳаяжонини босолмасди. Николай
Константиновичнинг қизлари ёнларидаги ликопчалардан таомни шошилмай,
назокат билан санчқига кичик-кичик бўлак билан олиб, тановул қилишар, аҳён
аҳён оқ сочиқчаларини лабларининг четига оҳистагина босишаркан, олимга
қизиқиш билан боқардилар. Назарида подшо сулоласининг нигоҳлари уни таъқиб
этар, бу шоҳона дастурхон қаршисида ўзини жуда ғариб сезарди. Ўзи майли, ҳатто
бўйнидаги эски бўйинбоғи хижолатдан илондай ўралиб, бўйнидан бўғаётган каби
пешонасига тер тепчирди.
Шу пайт князь жаноблари, “Азизим сиз ерли аҳолининг туриш-турмушини
ўргангансиз, биз эса яқинда келдик. Агар малол келмаса бизга шулар ҳақида
гапириб берсангиз, бағоят миннатдор бўлардик”, деб қизиқсиниб қаради. Бу
пайтда хизматкорлар дастурхонга мева-чева тортишди. Михаил Савельевич подшо
сулоласининг оила аҳли билан дастурхонда илк кўришиб турганлиги учун гапни
ўзининг бу ерларга келиб қолиш сабабларидан бошлашни маъқул кўрди. Сўнг
маҳаллий аҳоли ислом динида эканлиги, ягона Оллоҳга сиғиниши ва Оллоҳнинг
элчиси деб Муҳаммад салаллоҳу алайҳи вассаламни тан олишларини сўзлар экан,
оила, айниқса, болалар қулоқ қоқмай, тушунмай қолган жойида, отасидан изн
сўраб, олимга бирор савол юзланардилар. Зиёфат поёнига етиб қолганда, унинг
суҳбатидан мамнун бўлган валиаҳд қўлларини тиззаларига қўйганча:– Азизим Савельич, бугун қимматли вақтингизни аямай қилган ташрифингиз
учун миннатдорман. Оилам ва қолаверса ўзим учун ҳам қизиқарли ва муҳим бўлган
маълумотлар бердингиз. Менимча, орамизда ерли аҳолини сизчалик биладиган
одам бўлмаса керак. Ўз касбингизнинг жонкуярисиз, сиз билан Русия фахрланса
арзийди, – деди.
Сўнг бироз ўйланиб тургач, гапида давом этди: – Хабарингиз бор, қизим Анна, сиз топган табибнинг саъй-ҳаракатлари билан
Тангрим ёрлақаб, шифо топди. Бунга сабабчи сиз, албатта. Қизимни кимларга
кўрсатмадик, донғи кетган дўхтирлару профессорларнинг қўлидан ҳеч вақо
келмади! Ўша табибни бирор кун таклиф этсангиз, бу инсонга ўз минатдорлигимни
билдирсам, – деб олимнинг бу ердаги ташрифи сабабини англатди.
Тез орада ўша кошонада олим ҳамда, валиаҳд тили билан айтганда, Маҳаматкарим
жаноблари ва Николай Константинович қизғин суҳбатлашиб ўтирарди. Бу суҳбат
давомида ҳазрати олийлари табибга унинг табобат илмини чуқур эгаллаганига
шубҳаси йўқлигини, шунга қарамай, унинг табобатга оид билимларни қаерда
эгаллагани билан ҳам қизиқди.
Меҳмон ора-сира бироз орқароқда турган таржимонга қараб қўяркан, табобат
илми чўққисини эгаллаган буюк ибн Сино кўплаб тиббиётга доир бебаҳо
асарларгина эмас, қанчадан-қанча шогирдлар ҳам етиштириб қолдиргани ва шу
шогирдларнинг издошлари ҳозир Европада ҳам, Шарқда ҳам таҳсиллар бериб
келаётгани ва унинг ўзи ҳам улардан илм ўрганганини айтиб берди.– Қолаверса, оиламизда катта бобомизнинг қўл ёзмаси сақланади ва у авлоддан
авлодга ўтиб келмоқда. Ўз навбатида мен ҳам худди ота-боболарим каби ўрганган
ва билганларимдан шу қўлёзмага янги саҳифалар қўшиб, кейингиларга мерос
қолдириш учун ҳаракат қилиб келяпман, – деди табиб.
Валиаҳд ҳазрати олийлар унинг теран жавобидан ҳайратга тушди ва қизиқиши
янада ошганча, кутилмаганда: “Айбга буюрмайсиз, ўша қўлёзмани менга
сотсангиз – айтганингизни оласиз! Розимисиз?” деб қолди.
Табиб бундай илтимосни кутмаганидан уни бу ерга бошлаб келган олимга кўз
қирини ташлади. Михаил Савельевич бир зумдаёқ дўстининг нигоҳидан “Энди
нима дейман?” деган таънани ҳис этгандай бўлди. Ёрдамга шошилиб, энди оғиз
жуфтлаган эдики, табибнинг ўзи сиполик билан сўз бошлади:– Князь ҳазрати олийлари, мен бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаганман. Ҳозир айтиб
ўтганимдек, бу қўлёзмалар оиламизнинг гавҳари, мени маъзур тутинг, ҳар қандай
баҳога ҳам сотолмайман, – деди хижолатли оҳангда.
Шу пайтгача ҳеч кимдан рад жавобини эшитмаган подшо сулоласи вакилининг
юзида ранжиш аломатлари ўрнига ҳайрат сифатлари зоҳир эди. – Ҳа, албатта! Бу мерос фақат сизга эмас, барча аждодларингизга тегишли ва
қўлёзмага бўлган муносабатингизни кўзларингиз айтиб турибди. Ўзим ҳам кўнмаса
керак деб ўйлагандим. Лекин ростдан ҳам: айтган нархингизга асло савдолашмай
олмоқчи эдим. Майли, хижолат бўлманг. Рад жавобингизни қадрлайман, – деди
Николай Константинович.
Шу пайт олим вазиятни юмшатиш учунми, бу юртда шунақа тарихий аҳамият
ва қимматли маълумотларга эга қўлёзмалар бисёрлиги ва уларни арзимаган пулга
олиш ҳам мумкинлигини қистириб ўтди. Валиаҳд жаноблари Михаил Савельевичга
синовчан қараб.– Ёдингиздами, ўзингиз шу ерликларнинг бир дониш сўзини айтгансиз. Шоли
курмаксиз бўлмас, деб. Мен бу иборани ҳатто кундалигимга битиб қўйганман, –
деди ва бирдан гап мавзусини ўзгартириб, яна табибга юзланди.– Боя айтганимдек, сиздан оилам билан жуда миннатдормиз. Бу яхшилигингизни
қандай қайтарсам экан? – Айбга буюрмайсиз, – миннатдорлигини билдириб бош эгди табиб. – Кимгадир
берган малҳамимиз эм бўлган бўлса, таъма учун эмас, Оллоҳ ризолиги учун
қиламиз. Қизингиз Аннага Оллоҳ шифо берди, мен эса бир сабабчиман, холос.– Ҳа, сиздан бундан ортиқ жавобни ҳам кутиб бўлмайди. Лекин бугун меҳмоним
экансиз, сизга бўлган ҳурматим белгиси сифатида энг яхши арғумоғимни оиламиз
номидан қабул қилишингизни сўрайман, – деди жилмайганча: – Сиз менинг
маҳаллий халққа нисбатан қарашларимни ўзгартириб юбордингиз… Бунинг учун
Михаил Савельичдан ҳам минатдорман, – деб илтифот кўрсатди…
Тонг… Николай Константинович Романов ёзув столи устига қўйилган хат ва
хабарларни кўздан кечириб ўтираркан, волидасининг мактубига ҳам кўзи тушди.
Хат охирида шундай жумлалар бор эди:
“Ўғлим, сизларни, айниқса, гўзал набирам Аннани жуда соғиндим. Худо ёрлақаб,
дарддан фориғ бўлибди, деб эшитгач, бошим кўкларга етди. Бояқиш дардчил
юрганда ҳам гўзал эди, энди фариштадай янада очилиб кетгандир? Ё Тангрим! Шу
сатрларни ёзаяпману, унинг олтиндай товланаётган сочлари исини туйиб кетдим.
Азизим Николай, Русияда ҳам аҳвол хавас қиладиган даражада эмас.
Эшитаётгандирсиз, уездларда турли намойишлар бўлиб турибди. Мана пасха
байрами ҳам яқинлашиб қолди. Ўшанда келсангиз, бафуржа гаплашармиз…”
Кўкламда Николай Константинович императорнинг қишки саройида, акаси –
Николай Иккинчи қабулида ўтирарди.– Ҳазрати олийлари, маъзур тутгайсиз, – деб оҳиста сўз бошлади у. – Мен
Романовлар сулоласи вакили ҳамда подшо ҳазрати олийларининг иниси сифатида
давлат манфаатлари учун қайғуришни шарафли бурчим деб ҳисоблайман. Шу
масъулликдан келиб чиққан ҳолда Ўрта Осиёда Тошкентни қўналға қилган эканман,
ўтган давр мобайнида маҳаллий халқ эътиқоди, ўтмиши, савиясини имкон қадар
ўрганишга ҳаракат қилдим ва бу борада ўз таклифларим бор, – деди.– Ўрта Осиёда динга бўлган эътиқод ниҳоятда мустаҳкам ва Ислом дини
давлат бошқарувининг асосий омили ҳисобланади, – гапида давом этди у. –
Болаларга мадрасаларда араб алифбоси ўргатилиб, муқадас Қуръони карим
китобидан таълим берилади. Улар ёшлигидаёқ одоб-ахлоқ, интизом ва билимнинг
жамиятдаги роли ҳақидаги чуқур тушунчаларга эга. Шунингдек, уларга дунёвий
илмлар ҳам ўргатилади. Бу борада аллома, олим ва буюк тафаккур эгаларининг
турк, форс ва араб тилларидаги беназир китоб ва қўлёзмалари бисёр. Уларнинг
дунёга назари ўзгача. Ҳазрат олийлари, бугун шундай давлат тизгини Русия қўлида
экан, шубҳасиз, ул мамлакат хизматимизда бўлмоғи керак. Бунинг учун аввалом
халқни диндан чиқариш, етишиб чиққан олим, ёзувчи, тарихчи ва маърифат
тарқатувчиларни йўқотиш ҳамда ўтмишидан айириш лозим. Халқ қўлидан илмий,
адабий, дунёвий китобу қўлёзмаларни олиб қўйиш, қаршилик кўрсатганларга
ҳар қанақа қатъий жазо чораларини қўллаш, болаларини рус-тузем мактабларида
ўқитиш, русларга нисбатан онги, дунёқарашини ўзгартириш мақсадга мувофиқ
бўлади деб ҳисоблайман.
Соғинтирган укасининг ташрифидан мамнун, жилмайганча юзларига тикилиб,
унинг ахборотини тинглаб турган Николай Романов кўнглидан, “Ҳа, ўтган икки
йил ичида укам чиндан ҳам анча улғайибди, нима бўлса ҳам Ромоновлар сулоласи
вакили ахир”, деган ғурурли хаёл кечди.
…Қоронғи кеча. Йўлбарс овчиси ёғоч товачасига халтадаги таги кўриниб қолган
кепак унидан бир сиқим солди. Пича сув қуйиб, туз ҳам ташлади. Сўнг ўтган куни
темир қопқонига тушган қуённинг чарвисидан майдалаб тўғради-да, хамир қорди.
Бир сиқим кепак нима бўларди? Бир қўли билан аралаштириб, суви қочгач, чўғ
орасини очди-да, ёнида қизиб ётган япалоқ тошнинг устига қўйиб, ўша чўғ билан
хамирни кўмди. Пичадан кейин кўмоч тайёр бўлади, деб ўйлади. Тандирга ёпилган
нондай эмасу, лекин овчининг тоғдаги ҳамроҳи. Овга чиққанда доим халтасида
ун олиб юради. Ҳам енгил, ҳам хуржуннинг бир бурчини эгаллайди: керагида
пиширади-да! Ов деб қўйибди ахир, бароридан келганча балки ўн кун, балки ундан
кўп ўтар, шундан ун олиб юрган қулай.
Бойғози кўмочни чўғ аралаш кул тагидан олди-да, оғзига олиб келиб, пуфлаб
пуфлаб, ёнида шапалоқ баргли япирмоқнинг бирини юлиб, юзларини артиб
тозалади. Нон иси иштаҳани қитиқларди. Нон барибир нонда! Унинг ўрнини ҳеч
бир неъмат босолмайди. Бўлмаса ҳар куни еймиз-а – кунига уч маҳал. Камига очқаб
кетганда ўрмондаги сўқмоқнинг четидаги булоқ кўзидаги миттигина ҳовузчага
бўктириб еймиз. Меъдага тегмайди-ей, очқадингми – хаёлингга қалқиб эт эмас, яна
бир бурда нон келади. Шундан азизда, ерга тушган ушоғи ҳам пешонага сурилиб,
четга олиб қўйилади.
Ҳозир эса турмуш оғир, қишлоғида очарчилик ҳукм сурмоқда. Ҳалиям тоғнинг
бағри кенг, борлар бир нави илдиз-пилдиз ковлаб қўл учида кун кўраяпти. Лекин
ҳеч кими йўқларга оғир. Етим-есирлар кам дейсизми, қачонлардир гуркираган
кўркам шохлар ўрнида қорайиб ходага айланган, ярмидан синиб ерга санчилган,
чалажон қари толдай, фарзандлари доғида куйиб, юзини эрта ажин босган чол
кампирлар йўқ дейсизми?
Бир ҳамсояси бор. Онасини йўқлаб, “Ойиша, ўтирибсанми?” деб кеп қоларди.
Шу аёлни кўрса унга ачинар, юраги жизилларди. Кичиги ўрмалаган, тўнғичи ўн
икки ёшларда, бир-биридан ёшларида сал фарқи бор олти бола билан тул қолди.
Тегирмоннинг бир маромда ғижирлаётган тошидай тақдир устига кулфат ёғдирди,
йўқчилик ёғдирди. Олти болани боқиш керак. Сўйиб берай деса, қўрада бир тарриқ
улоғи, ер ҳайдай деса омочини судрайдиган эшаги ҳам йўқ. Болалар ёш, нима
қилсин аёл бошига, бу ёқдан норасидалар “нон” деб йиғлаб турса? Очарчилик,
ҳамма ўзи билан ўзи овора, қимирлаган жон ташвиши емиш топиш бўп қолган,
кийимни-ку айтмаса ҳам бўлади: нон олдида у нима бўпти? Лекин кунлар совиб,
тоғлар орасида кўкиш булут сузиб қолганда кийим ҳам эсга тушиб қолади. Ундаям
аввалом чориқ! Буқа терисидан топиш керак, қалин бўлади…
Бусара хола нима ишлар қилмади. Эрта тонг атрофи тиканли буталар, дўлана
дарахт шохлари билан қўраланган қўрадан бошини кўтариб, уй эгасини чақирар, эй
палончи, киринг бўлса ювиб берай, тозалаш бўлса тозалайин, биласан болаларим ёш,
ҳақига аталалик кепак берсанг бўлгани деб, минг истиҳола билан айтарди. Шундай
қилиб, саҳар кетиб, қош қорайганда келарди. Келардию, қора қозон тагига ўт қўйиб,
кепакни қовурганда каталакдай уйига жон киргандай бўларди. Бу пайтда ўчоқдан
сал нарида уч бола, уч кичигини овутар, онасини куни билан кўрмаган норасидалар
ҳархаша қилиб, у томон қўлини чўзиб талпинарди. Кунлар бир хил, ҳар куни оғир,
шундай дардчил ўтарди. Борган сари қўраси сочилиб, тўкилиб бораётган уйда ҳаёт
оғирлашгандан-оғирлашар, овқати зўр-базўр кунга етар, момонинг сабри ёзнинг
булоғидай қуриб борарди. Бир куни тоғдан ўтин йиғиб, орқалаган ўтинига харидор
чиқмади. Уйга қандай борада ахир олти жон оч-наҳор эшикка қараб ўтирибди? Қора
кўзлар жавдираган қора декча қайнамайдими? Ахир шу – бир қошиқ бўлса ҳам ёвғон
пишаётган қора қозон тагида милтираган чўғ эмасми тириклик? Яшашдан чарчаган
аёл худди девонадай чайқалиб, Нурек отанинг сой бўйидаги ўт босган сўқмоғидан
зил-замбил ўтинни кўтарганча хўрлиги келиб борарди. Болаларим нима бўлади,
ўзи шундоғам қорни тўймай силласи қуриб, терилари суягига ёпишган. Орқалаган
шох-шаббаларига илиниб, бўйинбоғдай бўйнига тушган рўмоли билан иши йўқ,
нима қилсам экан-а, деб ўйлаб борарди. Шунда кўзи эчки қўрасининг олдида
безовта бўлиб юрган Умрон отага тушди. Юкини ҳам ташламай, ота деб чақирди,
эшитмади. Оғзи қуриб, оёғида зўрға турган аёлнинг чақириғини ўзидан бошқа ҳеч
эшитмасди. Қўранинг четидан ушладида, “Ота, ота” дея қайта чақирди. Чол ортига
қаради, елкасидаги ўтин эмас, тақдирнинг юки эзиб, муштдай қилиб қўйган, абгор
ҳолатдаги аёлга кўзи тушди. Аёл жавдираб турар, қариянинг қўра олдига келишини
кутарди. Келгач салом бериб, ота деди…. “Мен палончининг келиниман, қийналиб
қолдик. Бугун ўтинимни оладиган одам топмадим, уйда эса болаларим оч, эшикка
қараб ўтирибди. Раҳмингиз келсин, ота, озгина егулик беринг. Фақат йўқ деманг,
ўтиниб сўрайман. Иш-пишларингиз бўлса, тонгдан келиб қилай, фарзандларимнинг
уволига қолмайин”, деди изиллаб кўзларидан шашқатор ёш оққанча. Йўқчиликдан
ҳам кўра бешафқат тақдир ортидан италаб, уни тиланчиликкача тақаб борганидан
хўрлиги келиб, йиғларди. Чол эшитди.
“Ўзимиз ҳам шу тўрт эчкига қараб қолганмиз, қизим. Сутини соғиб, амал-тақал
қилиб невараларни алдаяпмиз”, дейин деса, тили бормайди. Қани бир тўп дони
бўлсаю бериб юборса. Шунда бир нарса ёдига тушгандай ортига қараб олди. – Келин, – деди ҳазин овозда, – қўрага қисилиб, бир сутли эчким ўлиб қобди,
пайқамай қолибман. Шунга замондан хафа бўлиб, хунобим чиқиб турганди.
Тўғрисиям, ҳеч бўлмаса, терисини шилсамикин, деб турувдим. Қизим, шуни олиб
кет… Болаларингга едир, йўқчилик қурсин. Пичоққа илинмади. Ҳаром қотган бўлса
ҳам наилож? Агар гуноҳи азим бўлса менга ёзилсин, – деди соқоллари титраганча.
Ва ўша кун жесир хотин елкасига ҳаром қотган жундор эчкини ортиб, ҳансираб,
қоқилиб, чанг сўқмоқда уйи томон шошиб борди. Нажас қотган кўкиш жунлари
бўйнию юзи аралаш тегиб қичитар, қўланса ҳид гупиллар, қайта-қайта ўқчирди.
Шу куни оймомо чиқмади, муштипарни эл кўрмасин дедими? Атрофнинг зим
зиёлиги аёлга кор қилмасди. Ахир ҳазилакам гўштми бу? Ҳаром бўлса нима
бўпти? Парчалаб, яхшилаб тузлаб қотирса, фарзандлари анчагина жон сақлайди.
Шунда уйида туз йўқлиги эсига тушиб, кўзидан шашқатор ёш чиқди. Уни топсанг
буниси йўқ, буни топсанг униси… “Эй Тангрим! Ҳатто тузнинг тами эсдан чиқиб
кетдик-ку, ёвғонимиз тузсиз-ку… Отлиққа йўқ-ку, ҳар ёзда бир келиб қоладиган
савдогарлардан туз олишга болага этаги тўла хотиннинг чоғи келади дейсанми?
Шунча бола туғмай мен ўлай, ўла қолсам бўлмасмиди яна кимнинг эшигини
қоқаман”, деб юкнинг оғиридан мункиб кетиб бўзларди.
Эҳ, жуда қийин бўлган эди ўшанда… Бойғози бир кун ҳовлида нимадир
қилаётганди: отга нўхта тўқиётгандими… Ўша пайтда холанинг тўнғичи ҳиқиллаб,
ўпкаси томоғига тиқилиб, чопиб кеп қолди. Онаси ҳам қўрқиб кетди, юзлари кир
боланинг йиғлаб айтган гапидан тушундики, Бусара йиқилган. Олатасир югуриб
боришди. Боришса бечора аёл юзтубан ётар, бир нарсалар деб ғудранар, кўзлари
эса юмуқ эди. Бойғозининг онаси дарҳол қўлини аёлнинг боши тагидан ўтказиб,
юзини ўзига қаратаркан, “Сенга шунча азоблар каммиди, боёқиш”, дедида, ўғлига
қараб ўгирилганча, “Югур тез, бир коса ун ола кел”, деб буюрди. Қайтиб келса
онаси Бусорани титилиб кетган поёндозга ётқизиб, боши остига жун солинган эски
ёстиқ жойлаб қўйган экан. Онаси Бойғозини кўргач апил-тапил ўрнидан турдида,
қозон тагига ўт ёқиб, атала қилгани киришиб кетди. Ўшанда, “Бу аёлнинг эси оғиб
ётибди-ку, сув ичгани ҳоли йўқ, ёвғон пиширишнинг ўрними”, деб ҳатто аччиғи
чиққандай бўлганди. Кейин онаси айтиб беради: ўтган куни келганда бечора беш
кун бўлди туз тотмаганимга деган экан. “Уни очлик йиқитган-да”, деди яна онаси.
“Оналарнинг бардошини кўрдингми, бир она бўлса шунчалик бўлар-а, эрта шуни
болалари билармикана?” деди кейин эзилиб.
Ҳа, ҳозир овулидагиларнинг барига қийин – очарчиликни бошидан кечирмоқда.
Шу ўлгур йўлбарсни қўлга киритса, ваъда қилинган милтиқни оларди-да, элининг
корига яратарди. Сулаймон қария бекорга айтмаган, бир яхши овчи, бир ит, бир
милтиқ бутун қишлоқни боқади, деб. Бойғузига шунинг учун ҳам бир зўр милтиқ
кифоя – бешотар!
Чирсиллаётган гулхан нури хиралашиб, қоронғилик қаърига сингиб кетай
деганда тол тагида кўзи қип-қизил ялтираб турган тулпори ем ейдиган вақт бўлди
дегандай пирхиллаб қўйди. Бойғозининг хаёли бузилди. “Эй қашқа! Ем тугаганига
анча бўлди-ку, буни ўзинг ҳам биласан яна эсимга солмоқчидай пир-пирлашингни
қара. Сенга-ку дарё бўйидан қамиш, қирқбўғинлардан ўриб келиб бераман, лекин
менинг емишим ҳам тугаб бораяпти. Мана шу муштумдай кўмочидан тўртта
чиқадиган ун қолди, кунига биттадан есам тўрт кунга етади”, деди отига қараб. Шу
пайт яна оти пирхиллади. – А? Айтмоқчисанки, сиртмоқ қўйиб, тузоқ қўйиб қирғовулмиди, бўрсиқмиди
тановул қилаяпсан-ку демоқчимисан? Эй, буларнинг бари нон бўлолмайди,
жонимга тегиб бўлди-ку! Ҳамма нарса нон биланда, жонивор. Келганимизга
йигирма кунча бўп қолдиёв, куннинг ўтишини қара. Кулгим қистайди, йўлбарсни
ҳали кўрганим йўқ. Бошида ўн кунлар чамаси эски изларни учратиб юрдим, кейин
шу ҳам қаергадир йўқолди.
Оти эса унга худди товуқдай бошини буриб, бир томони билан қарар, кўзлари
қоронғиликда лағча чўғдай қизариб, овчининг гапини тушунаётгандай тумшуғини
силкитиб қўярди. Талай кундан бери одам кўрмаган Бойғозига ҳам эшитадиган
қулоқ топилган, яна гапини давом эттирди:– Мен сенга айтсам бу катта мушук ёлғиз экан. Олдинига иккиланиб юрдим,
балки адашаётгандирман, дедим. Кейин қопқонга тушган, лекин чиқиб кетганини
билдим. Ўзинг ўйла, ахир! Салкам сендай жониворга менинг қўйган қуён
қопқонларим нима ҳам бўларди? Панжаларини бир деганда суғуриб олган албатта,
лекин жароҳатини қолдирибди. Чунки қумлоқлардаги изларини синчиклаб
қарасам, олд чап панжаси изи билинар-билинмас тушган. Демак, оғрияпти. Лекин
ҳар гал унинг залворли изига тушганимда юрагимни ҳаяжон, қўрқув ва қандайдир
куч босади. Ичимда биров, “Ўзи ким ўлжа?” деб қўяди.
Биласанми Оқ пат, у ортидан тушганимни аллақачон сезган. Буни ҳис қилаяпман.
Назаримда яқин кунларда у билан тўқнашамиз. Ажаб, бу тўқнашувда ким ғолиб
бўларкин-а?
Бойғози худди саволига жавоб кутгандай яна оти томон қаради, сўнг бошини
эгиб, гапида давом этди:
– Қатъий, мен бўламан-ов…
Кейин эса худди шу ваъдасига изоҳ бермоқчидай, сўзлашда давом этди:– Чунки овулимни боқиш учун милтиқ керак. У-чи, у? Бу оламда ўзидан бошқа
йўлбарс қолмаган, мақсадсиз тентираб юрибди. Жуда ачинарли-а? Лекин унга
ичим ачимайди. Бошида айбдордек ҳис қилдим ўзимни. Худди келгиндиларнинг
ваъдаларига учиб, тоғларимга хиёнат қилгандай… Энди эса йўқ. Чунки унинг
қавмини сақлаб қололмаганидан ранжидим. Тўғри, балки нималардир қилгандир,
бу ёғи менга қоронғи. Лекин шуни биламанки, бу йўлбарс энг сўнггиси! Буни
қопқоним ҳам тасдиқлаяпти. Тўғрисиям, агар ёнида битта жуфти бўлганда ҳам мен
аҳдимдан қайтардим. Чопонимни елкамга ташлардиму, саҳар пайти сени етаклаб
тўқайдан чиқиб кетардим…
Ҳақиқатдан ҳам эртасига тонг чоғи, туннинг кўланкалари ҳам чекинаётган
паллада отига бир боғ ўт ташлаб қўйган йўлбарс овчиси елкасида эски ов милтиқ,
қўлидаги таёғига таянганча йўлга чиқди. Асли ҳар куни шундай кечарди. Лекин
бугун бошқача, қадамини мен ғолибман деб бошлади. Йўлини ўзгартириб,
тўқайнинг чекка тарафини ҳам ўрганиш ниятида буталар тагидан эгилиб, ўрмалаб
ўтаверди. Ҳар бир бутоқнинг синиғига, улардаги изларга эътибор бериб, эгилган
шохларнинг нега бу ҳолатдалиги сабабини билмоқчидай танасини силаб кўриб
борарди. Йўл-йўлакай сув толнинг билакдай шохидаги қопқонидаги олмохонсифат
мушукпарага кўзи тушди. Аччиғи келиб, “Эй нодон, сенга қўювдимми бу тузоқни?
Нима қиласан тумшуғингни тиқиб? Энди яна қайта қўйишим керак-ми?” деб
астагина қопқоннинг қисқичларини очди-да, ҳеч нарса бўлмагандай жундор
думлари осилиб турган бир тутам қотиб қолган мўйнани четга отиб юборди.
“Қопқонимнинг жони бўлса экан, сени ташлаб юбориб, яна темир оғзини очиб
ўлжа пойласа”, деди тўнғиллаб. Ишини битиргач, энгашди-да, атрофни пастдан
кўрингача кузатди. Тўқайда шундай: пастдан қарасанг, дарахтлар остидан
бирмунча нари кўринади. Изқувар йўлини давом эттирди. Бир жойга келганда
майда ҳайвонларнинг тўқайдан ташқарига чиқаверганидан ўт-ўланлари эзилган
мўъжазгина сўқмоғига дуч келди. Тиззаларини ерга тираб, қўлидаги таёғи учи
билан хасларни суриб, синчиклаб қаради: бу ердан кечаси бўрсиқ, каламуш ва
типратиканлар томир ковлагани ёки сув ичганими ўтиб турганини билди: “Мана
бу из қуённики, саҳар пайти қолдирган, ёши уч баҳорни кўрганов, лекин кечроқ
уйғонганми қирғовулдан кейин ўтибди. Ҳали иккиси ҳам қайтмаган… Балки бошқа
томондан келишар? Чунки булар кўпроқ шундай йўл тутади”.
Белги, излар шунақа – тилини тушунсанг барини айтиб туради. Устидаги шохлар
қуриб, синиб, тўқал бўлаёзган катта толга кўз югуртирганча айланиб ўтаркан,
тагидаги қорайган унгур ёввойи чўчқага тайёр уй эканми, деб хаёлидан кечди.
Тўқайнинг ўрталаридан ҳакканинг чағиллагани эшитилди. Қулоқ тутди: дарёнинг
шовулаши-ю, сув тагида тошларнинг бир-бирига урилиб бўғиқ гурсиллашидан
бошқа нарса илғамади. Ҳакканинг феъли бўлакча, эликларми, ёввойи тўнғизми
туш пайтида ҳордиқ олгани қуюқ дарахтлар остида пинакка кетди дегунча устида
туриб чағиллайди. Остидаги ҳайвон олазарак: овчини чақириб қўймадими, бўрини
чақириб қўймадими бу чақимчи деб. Буни Бойғози яхши билади. Шу ҳаккавойлар
унга кўп марта ёрдам берган. Синчиклаб кузатиб борар экан, йўлбарснинг изларидан
маълум бўлдики, унинг ҳам бу ерларга келганига уч-тўрт кун бўлган.
“Менинг эса унинг ортидан тушганимга йигирма кунлар бўлди-ёв… Шунча
пайт қаерларда юрди экан? Ҳар ҳолда муздай жой топиб, кўкрагини захга босиб
ётмагандир? Нима бўлсаям ҳайвонлар султони – шунчаки ётадиган махлуқмас у”,
ўйлади овчи.
Катта мушукнинг сарҳадлари кенг. Тўғрироғи кенг эди. Бугун эса ўзи ҳам
ёлғиз – сўнгги йўлбарс бўлиб турибди. Тўқай унинг она макони, шу ердан оламни
таниди. Ҳов анови қариб, пўстлоқлари ёрилиб кетган терак шохида синглиси
билан ўйнарди. Ўшанда юқорида турганча томирларига ин қурган каламушларни
тап босиб, ов қилишни ўрганган. Улғайгач, кун ботишгача чўзилиб кетган Сирдарё
бўйлаб, Орол денгизи қирғоқларигача борган. У пайтларда тўқайларнинг ҳайвон
қуши мўл, ўзи туганмас, интиҳоси бўлмасди: босаверарди, босаверарди, кун эса
неча чиқиб, неча ботарди.
Жуфтини ҳам Орол денгизининг сўлим бўйларидан топганди. Қачонлардир
қавми шу улкан ҳудудларда эмин-эркин яшамасмиди? Бугун тўқай ичра кўкиш
тутун ўрлаган, тўйиб-тўйиб нафас ололмас, ўпкасини дуд ачитар, куйдирарди.
Одамзотга нима бўлган? Шунча ерга сиғмай қолдими? Ҳеч нарса бўлмагандай ўзи
ёқиб битирган кул қоплаган майдонларда шоду хуррам шудгор қилиш билан банд?
Ана – у ер бу ерда чақмоқ ургандайин қоп-қора тиккайган дарахт устида мотам
тутган ҳакка карахт, омон қолган қирғовуллар тоғлар этагидан макон топган. Ора
сара унинг “қийқ-қийқ” деган фарёди тун ярмида янграб қолади. Куйиб, бир тутам
тўқай қолди, хонавайрон ҳайвонлар емиш излаб, тўрт томонда изиллашиб юрибди.
Шундай улкан бир олам бир зумда лайлакнинг уясидай тор бўлиб қолса-я? Бу ҳам
камдай омон қолган болаларини ҳам олиб, катталарини овлоқларга таъқиб этишдан
чарчамайди. Одазот, сени нима жин урди? Дастингдан қавмим қирилиб кетди-ку!
Бунчалар ваҳшийсан, дея нола қиларди йўлбарс сассиз-садосиз…
Ўтган йили жуфти билан ёнғин ичида қолганди. Тўқайни тўрт томонидан
олов қамраб келар, аланганинг зўридан қоронғу тун кундуздайин чороғон, атроф
чарсиллар, жизиллар, илондек вишилларди. Қарсилаб дарахтлар қулар, ярмидан
узилган қамишларни аланга осмонга варрак қилиб, пирпиратиб олиб чиқиб кетарди.
Оловнинг улкан қизил тиллари тўқайни эмас, тунни ёқиб, кулини кўкка сочаётгандай
қоп-қорайиб борарди. Ақлни оздиргувчи бу гўзал маназарани – ёвузликнинг
гўзалигини ўшанда кўрган. Ҳайратдан қотиб қолганди. Сўнг туёқлар дупуридан
ҳушига келди. Ўзи у ёқда турсин, ҳато исидан бир чақирим нарига қочадиган ҳуркак
оҳулар ундан нажот тиланган каби атрофига йиғилар, ортидан олазарак чўчқалар,
чала куйган ҳайвонлар кўз очиб юмганча тўпланарди. Атрофдан жон аччиғидаги
қийқириқлар чалинар, кўзларида қўрқув тўла эликлар туёқлари билан ер депсинар,
ҳатто ярим жон қуёнлар ҳам унга умид кўзи билан қарарди. Ўшанда йўлбошловчи,
шу тўқайда султон эканлигини ҳис қилди. Қўрқув йўқолди, шуури қайтди! Жамоага
бир қур кўз ташлаб, жуфтининг кўзларига тикилди. Маликасининг кўзларида фахр
жилоси, не бўлмасин ёнингдаман дерди гўё. Шунда бир ташланиб, дарё томонни
мўлжал қилиб, терак бўйи ловуллаётган аланга қаърига югурди. Ортидан жуфти,
сўнг жонсарак тўда югурарди. Олов орасидан шамолдай учди, ҳамма ёқ зангори,
қип-қизил, терисию панжалари жизғанак бўлаётганини сезиб борарди. Яна қанча
югура оларкин? Кўз ўнгида жундор чўчқа бошидаёқ ёниб кетди-ку! Анча чопди,
куйган куйди, қолган қолди. Ғийқиллаган эшикни бир очиб, ташқарига отилгандай
гуп этиб ўтиб кетди. Улар енгди, одомзотнинг офатидан қутулди! Жамоанинг
омон қолган ярими оёқларида зўрға турар, бироз ўтиб нафасини ростлагач, бири
ғингшиб, бири куйган жойларини ялаганча бирин- кетин судралишиб, тун бағрига
сингиб кетди. Ўзлари ёлғиз қолди. Шунда жуфти йиқилди, қаттиқ куйган экан-да…
Ор ўлсин, ор! Уни оёқларида шу ор кўтариб турган экан-да, тонгга ҳам етмади…
Бу кўргиликдан шундай қаттиқ наъра тортди-ки, ўкиригининг зўридан
куйган терилари ёрилиб, қони сизиб кетганди. Эй одамзот! Бу нима қилганинг?
Кичкинагина жуссангга нега дунё кам, бунча очсан?! Биз овни яшаш учун қиламиз,
шунинг ўзи кифоя. Сизлар учун яшаш нима? Қорин тўйиш керакми, кўзинг тўйиш
керакми?
…Ўша куни телба шамол ҳам оловни ҳар томондан баттар ёпириб, бешафқат
эсганди…
Бойғози тўқайнинг қийтиқларида йўлбарс изини учратмади. Демак, бу
томонларга кўпдан ўтавермайди у. Кун кечлаб ҳам бораяпти. Бугун ёмон бўлмади,
тузоғидан битта қирғовул олди. Каттами, кичикми – ҳарна ўлжа. Овчи учун омад
белгиси дея, белида саланглаб, ҳар хил рангда товланаётган паррандани силаб қўйди.
Ногоҳ кўзи кеча ўзи қайтган изи устидан тушган йўлбарс панжаларига тушди. Ичи
шувуллааб кетди. Энгаша солиб, бу жойни бармоғи билан хас-паслардан тозалади,
ҳали қуриб улгурмаган нам қум аралаш тупроқни кафтига ола-солиб йирқичнинг
ўтган пайтини чамалади. Наригисини кўрди, ўрнидан тура солиб чопди-да яна
тўхтаб кузатди. Бу излар овчининг ўз излари устидан намойишкорона босилганди.
Ёнидаги шохни ушлаб, аста ўрнидан турди. Икки қўли қўйилган ҳассасига энгагини
тиради-да, “келган-кетган” изларга ўйчан термилди. Бу йўлбарсга хос эмас, лекин
нима учун? Ортидан тушганимни билдими, сен кимсан дедими? Шу пайт миясида
бир чақмоқ чақди. Эҳтиёткорликни ҳам унутди, апил-тапил чайла томон югурди.
Лекин манзил узоқ, куни билан тўқайнинг тўрига кеп келган, юзларига урилган
қамишлар хивчинининг ўрни ачишар, аммо издан кўзин узмасди. Тўхтар, атрофга
аланглар, қадамларнинг шитирини, қанотларнинг шув-шувини, нозикина шохнинг
сингандаги “қирс”ини қулоғига кафтини қўйиб, тек турганча эшитишга ҳаракат
қиларди. Кун ботганда чайласига чамаси эллик қадамча қолганда тўхтади. Чунки шу
ерларда ҳар куни қадам товушларини пайқаган оқ пат кишнаб қўярди. Жимжитлик.
Баттар ҳадиги ошди. Яна югурди, чайлага ҳам қарамади, тўғри дарё томон ошиқди.
Апил-тапил қалинлаб кетган шохлар орасини очиб, оти томон мўралади. Лекин
жим, ичида бир нарса узилди, бутоқни оҳиста қўйиб юборди-да, беҳол юра
бошлади. Оқ патнинг тумшуғи тепада, нўхтасига осилганча қонталаш кекирдаги
чиқиб турар, ёрилган қорнидан ташқарида ичак-човоқлари ўт-ўланга булғаланиб
ётарди. Чўккалаб тепасига ўтирди, тулпорининг совиб қолган пешонасини силади.
Қулунлигидн катта қилган қадрдони… Сўнг бир нарса эсига тушиб қолгандай
шошиб ўрнидан тура солиб гулхан ёқди. Кузата бошлади, атрофида йўлбарс
изи тўлиб кетибди. Қўлига ёнаётган шохни олиб, от кекирдаги атрофига қаради.
Ханжардек тишлар изи, елкаси ва бошида улкан тирноқлардан қолган ёриқларида
йилтираб қон қотган, очиқ қолган кўзларида аянчли қисматнинг шафқатсиз
муҳри шуълаланиб турарди. Овчи бошини чангаллади. Миясида саволлар ғужғон.
Бўғизлаб ўлдирибсан, қорнини ёрибсан – нега емадинг, ақалли бир тишлам
гўшт ҳам ютмабсан? Оч эмас экансан, унда нега ўлдирдинг? Қудратимни кўриб
қўй дедингми? Маконимдан йўқол дедингми? Ҳовлимизда дон чўқиб ғафлатда
қолган чумчуқни мушугим пойлаб бориб ушлаб оларди. Ғарч тишлаб, қанотини
жароҳатлаб, кейин қўйиб юборарди. Учолмай қанотлари ер судраб, чирқиллаганча
қочаётса яна жойига олиб келар, то жонига теккунча шундай давом этарди. От эса
овчининг қаноти, сен ҳам мени мушук каби ўйнамоқчисан? Агар шундай ўйласанг,
адашибсан деб, шахд билан ўрнидан турди, жийронининг осилиб турган муздай
бошини ушлаганча арқонни кесиб, аста ерга қўйди. Қоронғиликка тикилиб,
ўйлайсанки қўрқиб кетиб, ўлган отнинг жабдуғини елкасига ташлаганча тоғлар
томон қайтиб кетади, дея овоз чиқариб гапирди.
“Тўғри, қўрқаяпман сен билан рўпара бўлиш қанчалик даҳшат, лекин қўрқувдан
ҳам кучли нарса бор. Бу ғурур! Биласанми яна нима бор? Мақсадим бор! Сенда
чи, менимча ҳеч нарса. Ўзингни кўрмадим, лекин изларинг тўқайда мақсадсиз
тентираб юрибди. Ортингдан тушганимни билдингда, чалғидинг. Мен албата сени
отаман, элимга милтиқсиз бормайман!” деди. Устида пахталари чиқиб, кирлаб
кетган чопон, бир қўлида пичоқ, бирида арқон, зулматдай тўқайнинг бурчига
аламзада қараганча гапирарди овчи.
“Ортингдан тушганимга яқинда ой тўлади. Вақт ўтишини қара-я… Лекин
вақтнинг қалби йўқ. Ҳеч кимга раҳм-шавқат қилмайди. Кимдур охирги сўзини,
кимдур экаётган дарахтини экишга, ҳомиладор аёлнинг эса кўзи ёриб олишини
кутиб ўтиришга чоғи йўқ, вақти бўлдими омонатини олиб кетаверади. Фақат
қулоғига ҳамма нарса вақтинча, деб сассиз шивирлашни унутмайди. Билиб қўй:
мен ҳам сенга вақтдай шафқатсиз. Ҳозироқ тушардим ортингдан, лекин тунда кўзим
кўрмайди, ҳузурингда кўрсичқондан фарқим қолмайди, қачон тонг отаркин-а…”
деб, жаҳд билан пичоғини ерга қадади.
Кун бўзарганда аламзада қалби тинчланган, ақли тийраклашиб, ўтган тунга
холис баҳо берарди. Халтасини елкасига осиб, милтиғини олди-да, жийронинг
жасадига бир қараб, ўнг қўлини чопон тагидан тиқиб, пичоғини пайпаслади. Сўнг
тўғрисига қараганча, “Эй Раббим… шарманда қилма…” деб, юзига фотиҳа тортди.
Йўлбарснинг йўналишини ахтариб, сув толнинг ортидан дарё томон шошмай
бамайлихотир кетган изини топди. Из шунчалар сокин, ҳеч нарса бўлмагандек
босилган эдики, узоққа бормай, кенгроқ дарахт тагида туни билан бемалол ётганни
англаш мушкул эмасди. Бойғози тутаб кетди. Сен қандай безбет махлуқсан, туни
билан мени кузатиб ётдингми, фиғонимни эшитдингми? Мазза қилгандирсан-а?
Яна йўлини давом эттириб, хаёлида йўлбарс билан гаплашарди: – Эй, тўқайлар султони! Мен сени кўрмаганман. Тасаввурим турингни
одамларнинг миш-мишидан тиклади, босган изларинг эса феълингни айтиб турди.
Биламан – султонсан, эҳтиёткор ҳам кучлисан, шунинг учун тириксан…
Овчи йўлбарс билан хаёлида ҳали анча гаплашарди. Лекин шу пайт дарё
қирғоғида кўзига тарғил махлуқ чалинди. Шошиб энгашиб, милтиғини учини
бутоқнинг устига қўйиб, аста бошини кўтарди. Осойишта боққан кўзларга
кўзи тушди. Бу нигоҳлардан уни махлуқнинг ўзи эмас, сарғиш кўзлари кузатиб
юрганлигини уқди. Қўнжидаги гугуртига қандай қўл чўзишини билмасди. Шунда
унга боққан кўзлар, “Ҳозир гугуртингни оласан, уни чақиб милтиғинг пистонига
тутасан, милтиқ мили пишилайди, вишилайди секин ёниб порохига етади. Эҳ-ҳе…
Бир олам вақт! Мен эса бу пайтда ўқинг етмас олисларда бўламан”, деётгандай
бўлди. Хижолат тортиб кетди. Ҳеч бундай ўсал бўлмаганди. Яна махлуқ олдида-я?
Улкан йўлбарс эса икки томонидан сув айланиб ўтаётган катта харсанг қақайган
дарё томон қайрилди. Худди ўлжасига ташланаётгандай харсангни чамалаб,
бошини сал кўтарди, танаси таранглашиб, орқа оёқларига таянди. Бойғози қотиб
қолган, кузатишдан бошқа чора йўқ.
Бўлди кетди, энди қайтиб кўрмайман, деб хаёлидан ўтказди. Лекин шу пайт
ҳайвонлар султони шаштидан қайтди. Осойишта ортга ўгирилди. Бойғозига қараб
тикилди…
…Эрта тонг тўқайга энди кун тушган маҳал “гум-м-м” деган чўзиқ овоздан
чўчиб тушган бир гала зоғлар чағиллашиб ҳар томон учди…
«Шарқ юлдузи» журнали 4-сон