Авлиёхон ЭШОН – 1957 йилда туғилган. Ленинобод давлат педагогика институтининг
(Ҳозирги ХДУ) тарих-филология факультетини тамомлаган. Унинг “Тунги тиловатлар”,
“Райҳоний рангли сувратлар”, “Маҳжуб”, “Сирли пардалар”, “Ботиний ёруғлик”,
“Очун” номли китоблари чоп этилган.

Ёмғир
Ёмғир тинай демас…
Булут ичидан
Кўзга элас-элас кўринади қир.
Очиқ дарвозадан кирар
шом тушмай,
Подадан айрилган соғинсиз сигир.
Ортида уст-боши ивиб қолган чол
Қозиққа илади чилвир арқонни.
Беозор кампири шошиб бузади,
Сандиқ устидаги кичик тахмонни.
Тўн билан яктакни олиб,
хаёлан
Ўзидан ўпкалаб, чолни тергайди:
“Битта сигирни деб…
ўтган йилгидек
Шамоллаб қолмаса, ҳай, гўрга эди”.
Чоли гапирмайди,
ўйлаб ўтирар
Ёмғир суви бузган шолипояни.
Хира тортган чироқ ёрита олмас
Ҳорғин юзларига тушган сояни.
Ташқарида ёмғир…
Чол ва кампирнинг
кафтлари дуога очилар.
Ўчоқ ёнидаги дорга илинган
Чолнинг кўйлагидан томар томчилар.
* * *
Қор юзига ёздинг: “…cени севаман!”
Ўйладинг
бу ердан ўтса ўшал қиз,
Бир нафас тўхтайди,
ёзувларингни
Қувончдан энтикиб ўқийди сўзсиз.
Лекин у келмади.
Деразадан жим
Йўлакларга боқдинг – оғир шунчалар.
Хатларингни ўқиб,
қиш тугагунча
Саводин чиқариб олди қушчалар.
Сўнгги қиш
Қорашом. Изғирин.
Муштдайин кампир
Сандали четида мудраган чолнинг
Кўрпасин оҳиста қўяди тортиб.
Сўниб бораётган эрини кўриб,
Кун сайин
қайғуси боради ортиб…
Токчага солинган эски газетнинг
Биринчи бетига ёзилган: “Баҳор…”
Тахмоннинг устида сарғайган суврат
Ундан ўктам йигит жилмайиб боқар.
Уйнинг бир бурчида ётибди ғужжак,
Кампирнинг ўзидай ювош мушуги.
Ташқаридан эсган шамол ҳамласин
Зўрға қайтаради кулба эшиги.
Мўридан тушган қор зумда ўчиргай
Нам тортган ўчоқнинг олов-ўтини.
Даричани хиёл очиб,
ёпади
Кампир ҳайдамоқчи бўлиб тутунни.
Чол кўзин очади,
иштаҳаси йўқ,
Татиб ҳам кўрмайди оби-овқатни.
Дарвоза қаноти тинмай тарақлаб,
Синаб кўрмоқ бўлар сабр-тоқатни.
Момо кўпни кўрди,
яхши билади
Бу хаста чолининг охирги қиши.
Юрагини тинмай эзади
унинг
Ёлғиз кампирига вазмин боқиши.
Ташқарида эса қор ёғар тинмай,
Поёнсиз туйилар қиш кечалари.
Бўғотдан йиқилар тош каби музлаб
Чол-кампирнинг маъсум мусичалари.
Чироқ мойи тугар…
Момо хўрсиниб,
Чолнинг манглайига босар кафтини.
Сандали ичида совқотган оёқ
Оғрийди,
сезмасдан чўғнинг тафтини.
Чол ўйга ботади: “Худога шукур,
Кампирим меҳрибон, содда, мулойим.
Кетсам… қийналмасин,
келаси йили…
Қиш жуда ҳам иссиқ келсин, илойим…”
Ташқарида қор ёғади, қор…
Азиз Саидга арзи ҳол
Манглайимда қамчи сояси
Илон изи сингари сўқмоқ.
Кўринмайди ғам ниҳояси.
Қўшчи ботиб борар тупроққа,
Тиззасини куйдирар қайғу.
Юрак тушар бирдан титроққа.
Бошоғидан қулаб тушар дон.
Ердан сизиб чиққан сув – қайноқ.
Дастурхонда тишланмаган нон.
Тўлиб-тошган дил паймонаси.
Кўзи очиқ катта ғалвирда
Қовурилган буғдой донаси.
Сурур
Кўнгил ёришмоқда…
Ғусса чекиниб,
Ортига яширди ўз соясини.
Саодат қушлари самодан эниб,
Чўқиб битирмоқда ғам қоясини.
Бу нечук тараддуд –
эй дил, ёнасан,
Тилимдан сўз қочган, кўзларим жимдир.
Хазон босган овлоқ кўнглим хонасин
Кумуш қўнғироғин чалмоқда кимдир.
…Ишқ келди –
ҳаётбахш насимлар эсиб,
Нурга ғарқ бўлмоқда юрак ичлари.
Оламнинг кўринмас сарҳадин бузиб,
Руҳимга қўнмоқда севги қушлари.
* * *
…Ва ниҳоят,
гулхан қошига
етиб келдик кечиб қорларни.
Лекин олов теварагида
кўрдик фақат бахти борларни.
Яқинлашиб бўлмайди ўтга
вужуд музлаб борар совуқдан.
Чўғ ўчмоқда…
халойиқ тинмай
келар ҳануз йироқ-ёвуқдан.
Халқона
Юрак ноғора бўлди,
Ноғорани қоқинглар.
Ёр кетди, ғам едириб,
Юрагимни боқинглар.
Юрагим – най, пуфласам,
Томоғимдан хун чиқар.
Бизнинг осмон қорайди,
Ёр томонда кун чиқар.
Юрагим чилтор бўлди,
Ипларини узди ёр.
Ҳажр лашкарин тузиб,
Мен томон юргизди ёр.
Юрак ноғора бўлди,
Ноғорани қоқинглар.
Музладим, оёғимнинг
Остидан ўт ёқинглар.
* * *
Энди куз кетади,
ўзгарар фалак
Турналар айланар
ой теграсини.
Қўриқлаб чиқади
неча юз малак,
Ҳар икки фаслнинг
чегарасини.
Энди қиш келади,
тўнгиган оғоч
Соғиниб эслайди
бахтли кунини.
Қор кўмиб боради
унинг яланғоч
Новдасида қолган
қушнинг инини.
Энди туман келар
булутдай тошиб,
Йўлида учраган
боғларни ямлаб.
Шамоллар пахсали
девордан ошиб,
Хазонни йўлакка
кетар ғарамлаб.
Энди совуқ тушар,
куз билан бирга
Қуёш ҳам аразлаб
кетгай кўк сари.
Тўсатдан йўлини
буриб адирга,
Кечгача изғирин
чопар кўпкари.
Энди қорлар ёғар
кеча-кундузи
Қиш буза олмайди
ўз низомини.
Дарчадан боқасан,
шамол бир ўзи
Супуриб юради
уйлар томини…
Бозор
Оёғимни бердим ёлғиз дарахтга
Ҳар оғочга айтар дил қувончини.
Сайҳонда болалар билан югуриб,
Бузади мудраган еллар тинчини.
Ҳовучимдан тўйиб сув ичган қумри
Қўлимни сўроқлаб келди қошимга.
Тилим узиб берсам, юнус балиқлар
Ишқ дея тўш ургай дийдам ёшига.
Шоҳона либосин ечган илонлар
Теримни ёпиниб ухлар ойдинда.
Ҳали сархушлигим тарқамай туриб,
Савдойи бошимни соғинди кунда.
Кўзларим – марварид, дурри бебаҳо,
Тақдир чақиб кўрди уни майдалаб.
Томирим ип қилиб эшар созанда,
Танбур қобирғасин ўт ичра қалаб.
Ҳеч кимнинг ёдига тушмаган кўнглим
Кўча тупроғидай ётибди қизиб.
Харидор топилмас…
Кимдир устидан
Бозор аравасин ўтар юргизиб.
Тасбеҳ тоши
Фалак
яшил жойнамоз устида
ағдаради тасбеҳ тоши
ой
ва
қуёшни…
Қиёматга қадар
узилмайди
тасбеҳнинг ипи.
* * *
Қишлоқ йўли. Йўловчи ўтар
Елкасидан қоқиб чангини.
Ҳар бир дарахт яшил туғ бўлиб,
Ҳилпиратиб турар енгини.
Йўл ёқалаб ёввойи гуллар
Томошага чиққан қизлардай,
Бир-бирининг пинжига кириб,
Чўчиб турар ғайри кўзлардан.
Тегирмонга ўтган арава
Орқасида чумчуқ галаси.
Эшитилар қулоғинг тутсанг,
Оппоқ-оппоқ тошлар нафаси.
Еллар ўтар боғлар ичидан
Чиқармасдан товушларини.
Бойчечаклар тонгда қирларга
Ечиб кетар ковушларини.
Шомда шафақ деворга чўғдай
Гиламларни қўйганда ёйиб,
Бу оламнинг кўнглини сойлар
Сувларида бергайдир чайиб…
Қишлоқ йўли. Йўловчи қайтар,
Ҳаёт гўзал кўринар – янги.
Орқасига боқар, хўрсинар,
Юрагида соғинч оҳанги.
* * *
Бахт ҳайдаб чиқарди,
изимдан
Ёпиб олди эшикни маҳкам.
Деразанинг очиқ кўзидан
Йиртиб отди сувратимни ҳам.
Ғусса қучоқ очди
киритиб,
Ёпиб олди эшикни маҳкам.
Ҳануз мендан воз кечмас,
йиртиб,
Ўтга ташлар сийратимни Ғам.
Баҳайбат қуш
Ёдга солар дарахт илдизи
Ерга қўнган қуш панжасини.
Ҳис қилади оғоч тупроқнинг
Жуда қаттиқ исканжасини…
Ҳар кун ўзин парвозга чоғлаб,
Кўкдан излаб ҳаловат ва бахт,
Қулай фурсат кутиб ўтирган
Улкан қушга ўхшайди дарахт.
Чўғ устида
Мен туғилиб, тупроққа эмас,
Оёғимни босдим оловга.
Дунё бахт ва ғам ўртасида
Ҳаётимни тикибди довга.
Чопдим еру кўкни оралаб,
Эврилгандай тўзон, қуюнга.
Томошани суйган эл учун
Чўғ устида тушдим ўйинга.
Танам ёнди, лек ўчирди ғам
Юрагимнинг гулхан-ўтини.
Югураман зўрға кўтариб,
Синиб қолган руҳ тобутини.
Шамол каби тин олгим келар,
Элдан нари, ўзимдан нари.
Лек қочарман, оломон қарғаб,
Қувган дайди бир ит сингари.
Сой кечарман, томоғим куяр
Ҳовуч-ҳовуч оловни ичиб.
Ўчирайми энди ўзимни,
Бошимданми, тупроқни сочиб?
Юким оғир… Елкам устига
Дунё ташлаб олган лошини.
Ўчмади чўғ, шунча тўксам ҳам,
Йиғлаб-йиғлаб кўзим ёшини.
Қаён борай, бошим кўтарсам,
Чақилади фалак чақмоғи.
Ўчиргайми бу ўтни болам
Кафтидаги қабр тупроғи?..
Алҳол кулга дўниб боряпман,
Товонимни куйдиради ғам
Мени кўрмай ўтар оғзида
Сув ташиган чумолилар ҳам.
***
Мен кимман?
Лаҳзага тенгми ҳаётим,
Ўзимни нимага айирбош этай?
Юрагимга етиб борсин деб додим,
Ёқамданми тутиб, қаттиқ силкитай?
Ё гулхан ичида терисин ташлаб,
Рақс тушган илондай қутқазай жонни?
Юрак бўғзидаги тошни тарашлаб,
Бузиб чиқайинми қадим зиндонни?
Илдиздай пармалаб борайми ерни,
Бўлайми қушларнинг ширин озиғи?
Ҳовучимда олиб келиб ёмғирни
Тўкайми, кўкарсин ернинг қозиғи?
Хазон ҳиди келса еру осмондан,
Совуриб олайми елга ўзимни?
Фалакка қочайми тийра жаҳондан,
Тупроқдан суғуриб икки тизимни?
Мен кимман?..
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 4-сон