
Қўчқор НОРҚОБИЛ – 1968 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг
(ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. “Кафтимдаги қизғалдоқ”,
“Хосиятли дунё”, “Дераза раҳидаги гул” шеърий китоблар, “Дарё ортидаги йиғи”,
“Кулиб тур, азизим”, “Қуёшни ким уйғотади?..”, “Кўзларингни кўргани келдим”, “Афғон:
2рота”, “Осмон остидаги сир”, “Биз жангдан қайтмадик…”, “Самодил”, “Олисларда
осмон йўқ эди”, “Урушнинг биринчи куни”, “Уруш тугаса айтинг, қайтиб келаман”,
“Театрга чипта йўқ” номли насрий, “Тоғлардек баланд бўл!” каби драматик китоблар
муаллифи.
Қисса
1
Одамларга бир гап бўлган. Тўра полвоннинг тўйида шалоқ оғзидан иринди гап
сермаган Нурмат эговга ҳеч ким миқ этмади. Чакагингдан чаён чаққур Нурмат
юзингда кўзинг борми демади, қутирганми нима бало, ёмоннинг кучи япалоққа
етгани каби шўрлик Омонқул гарангнинг ёқасидан олди. Кайфи бормикан, э, йўқ,
кайф-пайфи йўқ, ўзини мастликка солиб, ичидаги иддаони тўкиб солди:– Менга қара, гаранг! Сен бунча ерни нима қиласан-а? Неча кундан бери
ортингдан эргашаман. Тунов куни чолдевор уйингга борсам, итмисан-эшшакмисан
демадинг. Гўнқарғага ўхшаб, эшигинг олдида чўнқайиб ўтирганинг-ўтирган.
Кўзинг тешилгур, кўлдан кўз узмайсан. Қиладиган ишинг, ингрангидай касалинг
бўлмагач, бу дунёда ивирсиб нима қиласан? Шу Афғонда ўмганингга ўқ тегиб, ўлиб
кетганингда яхши бўларди. Тирик мурдага ўхшамай ўл! Айт, сотасанми, йўқма?
Ана, Раҳимга бир қисмини берибсан-ку. Сот менга ҳам, ҳеч бўлмаса, ўн сотихини
сот! Ер сени еб ютсин… Бир ўзингсан-ку, уккағар! Этсиз-тирноқсиз сўққабош
кимса бўлсанг, ортингдан бола-чақанг қолаётган бўлса ҳам гўрга эди-я…
Гаранг бўлса ҳам норғул, давангирдай Омонқулнинг ори қўзиди. Эти жимирлаб,
ўчоқбошидан шахд турди-да, қўлидаги косов билан Нурматнинг қоқ манглайига
зарб билан солди. Кутилмаган бундай ҳамлани хаёлига ҳам келтирмаган, Омонқулни
бўш-баёв бечора деб ўйлаган Нурматнинг кўзидан олов отилиб, қозонбошини чир
айланди-да, гупиллаб қулади. Омонқул Нурматнинг ерпарчин гавдаси томон бир
қадам ташлаган ҳам эдики, ўчоқ ёнида эсдан айрилар ҳолда гарангсиб қолган
Холли ошпаз, Қудрат самоварчи, Шоди гўлах энди текин томошанинг мавриди
эмаслигини англашиб, ҳай-ҳайлашиб унинг йўлини тўсишди. Тупроққа қоришиб,
чилёсин бўлиб ётган Нурмат эговнинг жағини айриб ташлаганда ҳам Омонқулники
жуфт бўларди, албатта.
Ўз кўйида ўзи овора, ҳардамхаёл бўлиб юрадиган, бировга оғирлиги йўқ,
ўзганинг кўзига тик қарамаган Омонқулнинг бугунги қилиғи шу лаҳзадаёқ нафақат
тўйхона, балки қишлоқни зир титратди. Кимсан Нурмат эговнинг чакагига чим урган
Омонқул эл оғзида эрмак бўлди. Зумда тарқалган бу ғалати хабардан Ашур нозир
ҳам хабар топди. Тўйхонада ҳозир бўлди. Омонқул аллақачон гумдон бўлганди.
Вой-войлаб ўз дардини дунё қилишга чоғланган Нурматнинг фисқ-фасодига бу
гал ўчоқбошидаги авом – Холли ошпаз, Қудрат самоварчи, Шоди гўлах чидаб
туролмади. Бор ҳақиқатни айтишди; эговнинг кекирдаги керага бўлиб, бояқиш
Омонқулни оғизга олиб бўлмайдиган даражада ҳақорат, ғурурини топтаб итдан
беобрў қилганини айтиб, кўрсатма беришди. Бу машмашани кўрган бошқалар ҳам
уларнинг гапини тасдиқлашди.
Хуллас, авом халқ бўлди, томошабин оломон элга айланди. Бир бечоранинг
шаъни ва ғурури оёқости қилинса, аҳли қишлоқ юзи ҳам қора бўлишини англаб етган
одамлар Омонқулни қўллаб-қувватлашди. Нурмат эгов турган ерида депсиниб,
шалоқ оғзига шайтонни сийдириб, жаврайберди. Нурматнинг кимлигини яхши
билгани учун Ашур нозирнинг ҳам ажинаси отланди, дўқи сиёсат қилди: – Бунча тайсаллама. Овозингни ўчир! Уруш қатнашчисини ҳақоратлаб чакки
қилибсан. Ҳа, у Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларига тенглаштирилган.– Урушда бўлганман деб, одамга ташланиб қолаверадими? – чийиллади Нурмат.
Энди Ашур нозирнинг ҳам тоқати-тоқ бўлди:–
Ўчир овозингни! Омонқулнинг шу пайтгача бировга тик қараганини
эшитмаганман. Сен маразнинг айтган гапларингга илон пўст ташлайди. Қаерда
жанжал бўлса, сен борсан… Ё нотўғрими? Эсингга солайми? Аслида сени олиб
бориб қамашим керак. Бўлди, энди аяб ўтирмайман, хешим тугул авлиё бўлсанг
ҳам ўн беш суткага тиқаман. Яна бир бор бирор тўполон ичида кўрсам, мендан
ўпкалама! Тушундингми?!– Ахир у мени урди-ку, – қонталаш манглайига кўрсаткич бармоғини ниқтади
Нурмат.– Агар унинг ўрнида мен бўлганимда сени икки буклаб, манови ёниб турган
ўчоққа тиқворардим. Сенга бу ҳам кам. Ўлдирмаганига шукр қил! Тушундингми?
Бор энди, уйингга бор!
Нурмат эгов писсайиб қолди. Уни ўчди. Эгаси урган маймундайгина бўлиб, бир
чеккада шумшайиб турди-да, дарвозага юз бурди.– Ҳозир ош тайёр бўлади-ку, Эговжон! – ижикилади Қудрат самоварчи. –
Кетманг-э, девонанинг калтаги ҳам даво бўлади, дегич эди раҳматли момом, банияти
шифо деб пешонангизга қўлингизни теккизиб, сўнг қўлингизни ўпиб-ўпиб қўйинг. – Ўчир овозингни, кал! – ўшқирди Нурмат эгов орқасига қайрилиб.– Узр… Узр… Майли, бораверинг, ош насиб қилмаган эканда. Насиб қилганини
олдингиз-ку, шу ҳам бўлади. – Қудрат унга атайлаб таъзим қилди.
Атрофдагилар кулиб юборишди. Нурмат эговнинг қораси ўчди.
…Омонқул эса дунёси остин-устун бўлган, янада бир абгор ҳолатда,
гандираклаган кўйи қишлоқ адоғига, аниқроғи, бир ютим ароқми ё вино ичиб,
бошини енгиллаштириш учун Дилоромнинг дўконига қараб кетиб борарди.
Борлиғи зимистон. Ботинида ўрлаган изтироб ўтидан вужуди титроққа тушарди.
У қўлларини чўзиб, кафтига қаради. Косов изи қолибди. Афғондан қайтгандан
бери ҳеч бир жонзотга озор бермаган, уруш ва айрилиқ гирдобида қолган Омонқул
бугун ўз қавмига қўл кўтарди. Ич-ичидан уятми, номусми, нимадир қўзғалиб,
ботинида олов гуриллади. Бўғзига оғриқ тиқилди. Мижжаларидан дувуллаб
ёш сизди. Кўнглини вайрон қилган гаплар тилига кўча бошлади: “Менга ер-пер
керакмас, Нурмат! Сен нотўғри гапирдинг, Нурмат! Биламан, бошқаларни ҳам,
сени ҳам менинг шу бир парчагина ерим, томорқам қизиқтиради. Майли, мен уни
сенга қолдириб кетаман, Нурмат! Майли, ҳамма қишлоқдошларим, бўлиб-бўлиб
олишсин! Мен шу ерни гўримга олиб кетаманми? Ким ер устини ернинг остига
олиб кетолади? Ҳеч ким. Нурмат, айтмасанг ҳам изим йўқлиги, изим қуриганини
биламан. Изи йўқнинг ўзи йўқлигини ҳам биламан. Айтмасанг ҳам этимга тирноқ
битмаганини эл билади, Нурмат! Фақат сенга бир нарсани айтолмайман, Нурмат!
Мен кулбам рўпарасидаги кўлдан узоқда яшолмайман, Нурмат! Бу кўл қаърида
менинг муҳаббатим, ҳаётимнинг энг ёруғ чоғлари қолиб кетган, Нурмат! Ҳа,
одамлар, сизлар ҳам эшитинглар! Шу кулба менга қадрдон боважоним тимсолида
кўринса, рўпарамдаги кўл эса муҳаббатим бўлиб бағрига чорлайди. Гўзал ва
фаришта Расидани кўраман унда. Расида ҳар гал кўл ичидан чиқиб келади. Мен
у билан гаплашаман, унинг ойдай покиза чеҳрасини кўриб тураман. Сизлар
буни сезмайсизлар, одамлар! Мени кун бўйи кўлдан кўз узмайдиган тентак деб
ўйлайсизлар! Балки, шундайдир… Бироқ, мен Расидани, ҳаётим нурини кўраман
ку, одамлар! Майли, ишонманглар, лекин менга халақит берманглар, одамлар!
Сизлар айрилиқ гирдобида тўлғаниб, умид хасига тармашган одамнинг ҳолини
биласизларми? Мен сизлардан хафа эмасман. Ахир ўз дунём билан яшашни афзал
билсам, нимаси ёмон? Майли, омон бўлинглар, одамлар!”
…Ўз дийдиёсини кўнглидан тўкиб, ўзига ўзи гапириб ҳансираб келаётган
Омонқулни кўрган дўкончи Дилором шартта эшикни қулфлаб, ўзини панага
олди. Омонқул буни сезди. “Шу ҳам мендан ўзини олиб қочади. Ҳамма мендан
узоқлашгиси келади”, деган ўкинчли ўй кечди хаёлидан.
Ҳа, ҳамма мендан ўзини олиб қочади…
Изига қайтди.
2
Бироқ қўшниси Раҳимнинг кенжа ўғли Даврон ундан ўзини олиб қочмасди.
Омонқул абгору музтар ҳолда кулбаси ёнидаги ўриндиққа чўкди.
Қуёшботар чоғ. Кўл жимирлайди. Қирмиз ёғду чўлғанган борлиқни титратиб
майин шамол эсади. Атроф-жавониб уфқ ичра ғарқ бўлаётгандай…
Шу тобда Омонқулнинг қошида Даврон пайдо бўлди. Қўлида алюмин коса.– Бова, ассалому алайкум. Энам кесганош бериб юборди. Ҳозир ичаркансиз.
Агар нонингиз бўлмаса, нон ҳам олиб келиб бераман.
Омонқул боланинг қўлидан косани олди-да, худди ютоқиб сув ичаётгандай даст
кўтариб, уч сипқоришда ер сўққандай қилиб, идишни бўм-бўш ҳолда қайтариб
берди. Даврон Омонқулнинг бу қилиғидан яйраб кулди.– Кесганошни яхши кўрасиз-а? Яна опкелайми, боважон?
Омонқул бош ирғади. Жилмайиб қўйди. – Боважон, ошналарим Омонқул бова кўлда ажиналар билан гаплашади,
дейишади. Шу гап чинма, боважон? Отамга айтувдим, уришиб берди. Отам
айтдики…
Омонқул болага ялт этиб қаради:– Отанг нима деди?– Ошналаринг бекор айтибди деди. Унда нега кўлга қараб гапириб ўтиради, деб
сўровдим, кўлга бовангнинг кўнгли чўкиб кетган деди…– Отанг яхши одам… Шундай дедими? Тўғри айтибди…
Қўчқор Н– Ҳа. Боважон, одамнинг кўнгли кўлга қандай чўкади? Менинг ҳам кўнглим
кўлга чўкса, сизга ўхшаб сувга қараб гапириб ўтираманми, боважон?
Омонқул бир қалқиб тушди:– Бундай бўлмасин, болам, ҳеч банданинг кўнгли сувга чўкмасин. Бундай гапни
хаёлингдан чиқариб ташла.– Хўп, боважон!
Омонқул деярли ҳеч кимга оғиз очиб, тиш ёрмасди, мум тишлаб ўтираверарди.
Кимдир нимадир сўраса, бош ирғаб қўйиб, индамай кетворар ё безрайиб тураверарди.
Оғзингни оғритишинга арзимайдиган, сенинг гапингни тушунмайдиган, шундоғам
вайсақи бу дунёда суханингни сарғайтиб нима қиласан, дейдиган кимса эди у.
Бироқ мана шу тирмизак Давронни кўрса дили ёришарди. Бола билан гули гулига
мос тушар, уни кўрса забон битар – унда ўзига нисбатан ҳеч бир таҳқирона ачиниш
ё ёмон хаёлни сезмагани боис бемалол гаплашаверарди.
Даврон косани каска қилиб калласига кийди-да, ўз уйига ғизиллаб қолди.
Омонқул тағин кўлга термилди. Уфққа туташ сув сатҳи алвонтус, қонталаш
осмон кўл қаърида чўкиб ётибди. Парча-парча алвон булутлар қип-қизил атиргуллар
каби сув тубида сузиб юрибди. Оҳиста эсган шабада жимир-жимир, кўринар
кўринмас тўлқинларни пайдо қилади. Омонқул бу жимир-жимирни худди ўз тақдир
китоби саҳифасида битилган жумлаларга ўхшатади. У сув бетида пайдо бўлган
битикларни ҳижжалаб ўқий бошлайди. Дастлаб ёниқ ва тиниқ болалик онлари кўз
олдида гавдаланади. Бобосини кўради. Сўнгра шамол қаттиқроқ эсиб ёшликнинг
нурли ва шавқли лаҳзалари вужудига титроқ солади. Муҳаббатнинг оташ нафаси
ва тафтидан мана шу кўл чайқалиб, алвон рангга бўялиб бораётгандай, бутун олам
эҳтирослар олови ичида чайқалаётгандай бўлади. У уфқ оғушидан қуш каби учиб
келаётган сиймтан ва навқирон Расидани кўради. Омонқулнинг ҳам бутун борлиғи
тиниқлашиб, вужуди ёшара бошлайди. Расиданинг ҳарир оқ либоси остидаги
ёзиқ қўллари худди қанотга ўхшайди. Расида кўл сатҳига қўниб тик туради.
Қўлларини чўзиб Омонқулни чорлайди. Омонқул ҳам қушга айланади, бир зумда
Расиданинг қошида пайдо бўлади. Улар ёш ва бахтиёр жуфтликка айланиб тикка
парвоз қилишади. Осмонда бироз муаллақ туришади-да, бир-бирига чирмашган
кўйи кўл қаърига қараб учадилар. Лаҳзада қирмизтус олам, муҳаббат ёғдуси билан
лиммо-лим кўл қаърига сингиб кетишади… Омонқул кўзларини чирт юмиб олади.
Томирларида қон кўпириб тошади. Париваш Расиданинг адл қадди ва тим ёниқ
кўзлари, ғунчага жонбахш лаблари, тиниқ юзи, камон қошлари, бари-бари уни яна
сеҳрлаб қўяди. Омонқул Расиданинг қўлларини тутган ҳолда кўл тубига сингиб
бораркан кўзларини очишни сира истамайди. Чунки у билади, агар шундай қилса,
тамом, тақдир китоби эврилиб, у ўтмишнинг қора кунларига, урушнинг қонли
гирдобига рўбарў келади. Омонқул шундан қўрқади. Шунинг учун кўзларини
очмайди.
Мана, ҳозир ҳам руҳи-рўёси Расида билан, қуруқ симбату гавараси эса эски
ўриндиқ устида…
Ўтирибди, кўзларини юмиб. Кўрган киши ақлдан озган дейди. Юзида табассум
зоҳир. Жилмаяди. Унинг бу ҳолати биргина ўзига, якка-ю ёлғиз Оллоҳимга аён.
Бу ҳолатнинг шавқини ерда юриб, ерга тўймаган авом, тўмтоқдид оломон, очкўз
Нурматга ўхшаган жипириқлар қаердан билсин?
…Омонқул ўрнидан туради. Қош қорайган. Кеч кирибди. Шом пардаси тортилган
фалакнинг бир бурчида ой мўралайди. Кўл энди кумуш рангда товланади. Ҳовли
адоғида қалтанглаб-салтанглаб тугунча кўтариб келаётган Давронга кўзи тушади.
“Шугинанинг борига шукр! Ўлиб-нетиб қолсам, биргина шу гўдак хабар топса
керак” деган хаёл чарх урди бошида. Айни дам, болалиги кўз ўнгида жонланди.
Ўшанда у ҳам Давроннинг ёшида эди. Бобоси остонада қовоқ уюб турган отасига
қаттиқ гапирувди:– Ўлиб-нетиб қолсам, биргина шу гўдак хабар топса керак. Сендан умид йўқ.
Ўлигимга ҳам келмайдиганга ўхшайсан.
Отаси эшикни қарсиллатиб ёпиб, аллақаерларга жўнаб кетганди. Шу-шу
қорасини кўрсатмади.
3
Омонқулнинг тақдири ўйилсин.
Қисмат уни ёлғизлик комига ирғитган.
Ҳеч кими йўқ.
Ташландиқ…
Одам-а? Одамнинг ҳам ташландиғи бўларканми? У хасу чўпмидики, иқитқи ё
чиқитқига айланса?
Кишилар унга қисмати қора деб ачинишади.
Ёзиқни ёзғирмоқ ниятимиз йўқ.
…Онаси шўрлик ўз ҳаёти эвазига бу бахтсизни дунёга келтирди; гўдак туғилган
онда қазо қилди. Исмини Омонқул қўйишди. Бола отаси ва бобоси қўлида қолди.
Қўшни Сулув хола қарашиб турди. Бола икки ёшга тўлганда дарбадарликни даври
даврон деб билгувчи отанинг йўли очилди. Марказда ўзи билан бир корхонада
ишлайдиган ўрисми, чулчитми, ишқилиб, нотайин бир жувонга боғланиб қолди.
Алалоқибат, шайтон йўлдан урдими, ё ақли ҳушидан мосуво бўлдими, Худо
билади, аёлга эргашиб қайси бир гўрларга, олис шимол томонларга гумдон бўлди –
узоқларда, ўша жувон туғилиб ўсган совуқ заминида палак отди. Қишлоқдан изини
ҳам, юзини ҳам ўчирди. Она армонда, ота зормонда қолган бу дунёда икки ёшли
норасида гўдак энди чин етим бўлди – биргина бобосининг қўлида қолди.
Орадан беш йил ўтганда ота кўриниш берди. Омонқул ўша йили мактабга қадам
қўйганди. Ўртоқларига мақтанди: “Менинг отам олислардан келди, менинг отам
ҳаммадан кучли. Менинг отам… Менинг отам…” Боланинг боши тик, кўкси баланд
бўлди. Насл давомийлиги, томирда оққан қонда жўш урган зурриёдлик туйғуси
борлиғида ғалаён қила бошлади. Бола бу туйғунинг не эканлигини англаб етмас,
лекин тиниқ тассаввурида қаршисида ота деган кучли, жасур бир таянч турганини
ҳис қилар, қишнинг зимистон туни ҳам унинг назарида ёришиб кетгандай бўлар,
болада қўрқув ва ожизлик туйғуси йўқолиб борарди. Бола отаси билан уч кеча бирга,
қучоқлашиб ухлади. Тўртинчи кун, эрта тонгда шовқин-сурондан уйғониб кетди.
Бобоси отасига бақираяпти. Бобосининг фиғони фалакни тўнкарар даражада.– Ҳеч қандай томорқа-поморқани сотмайсан! Агар мени ё ўғлингни десанг, шу
ерда қоласан! Аллақаерларда санғиганинг етар. Қара, манови норасидага қара,
шугинанинг уволидан қўрқмайсанми? Боланинг ўкинчи қарғишдан ёмон. Кўзингни
оч! Эртага хору зор бўласан.– Кетмасам бўлмайди, мен бу ерда нима қиламан? Ахир у ёқда ҳам…– Менга у ёқни гапирма. Эл ичида юриқсиз, юртда туруқсиз қилиб бўлгансан.
Фақат мана шу болангнинг уволи сени уриб кетишидан қўрқ.– Ота, ҳозирча шу ерда ўқийверсин, кейинчалик олиб кетаман.– Ҳеч қаерга бормайсан, тамом! – бобоси ўрнидан туриб кетди. – Кетсанг, мени
ўлдириб кет. Шундоғам ўлдириб бўлгансан. Фақат қора тупроққа кўмгинда, мендан
қутул. Мен ҳам бу дунёнинг ғам-ташвишидан қутулайин.
Отаси бошқа ҳеч нарса демади. Эшикни шарақлатиб ёпди. Бола оёқ-қўли
қалтираб, тўшакка ўтириб қолди. Вужудини титроқ босди. У бобосини ҳеч қачон
бундай важоҳатли аҳволда кўрмаганди. Ботинан бир сезим ила отасининг олисларга
кетиб қолаётганини ҳис қилди. Уввос тортиб йиғлаб юборди. Бобоси ҳам йиғлади.
Сўнг набирасини бағрига босиб, иҳради:– Болам, вақти соати етганда, ўлигимга ўзинг эга чиқ, болам… Бор умидларим
ўзингдан, Омонқулим!
Чол анчагача бир нуқтага тикилиб турди. Бола бобосидан ўзича норизо эди.
Отасига пул керак бўлгандир-да, майли, шу томорқани бериб юборавермайдими?
Бунинг ўрнига отасини итдан беобрў қилиб сўкди, оғзига келган гапни аямади.
Ер тугул шимилдириқ ҳам бермаслигини, бу мулк норасида Омонқулники, унинг
зурриёдига тобинлигини айтиб, зор қақшади. Бу нима дегани бўлди? Зурриёд
дегани нимаси?
4
…Йиллар ўтаверди. Отаси дом-дараксиз кетди. Бола билан бобо икки ёрти – бир
бутун бўлишди, бир-бирига суянишди. Омонқул мактабда яхши ўқий бошлади.
Бобонинг боши тош, болиши бардош эди – мункиллаган қаддига қирқ қоплоннинг
қудрати инди. Томирида қон тирилди. Изидан насли навқирони келаётганини ҳис
қилди. Бобо шу норасидани оёққа қўймагунча тупроққа кирмаслигини Худодан
сўраб ёлвораверди. Яратган сўраганни севгувчи, чин ният эт, бергувчидир. Бобо
узоқ яшади.
Омонқул мактабни аъло баҳолар билан тугатди. Тиббиёт институтига ўқишга
кирди. Бу хушхабарни эшитгач, бобонинг боши осмонга етди. Қадди янада тик
тортди. Новвос сўйиб, элга ош берди. Биринчи курсни тугатгач, набирасини
чақириб, рози-ризолик сўради, ҳаётдан ҳам, Оллоҳимдан ҳам ризо бўлиб,
Омонқулни Оллоҳимга омонат қилиб, юзда табассум, юз ёш ила юзлашиб чархи
дунни тарк этди.
Омонқул еру осмон орасида муаллақ қолди. Дунё ҳувуллади. Дунё увиллади.
Ўғлон аламини ўқишдан олди. Сабоққа боғланди, бошини китобдан кўтармасди.
Кўрганлар уни одамови дейишарди. Ҳеч ким билан иши йўқ, ўз кўйида ўзлиги
қаърида бекиниб олганди.
Бироқ, бироқ… Ёлғизлик ёвдан ёмон, кўнглингни қуритиб кўкайингни чиритади.
5
Бироқ, бироқ… Тақдир осмонидан тўкилган севги ёмғирлари унинг қалбида
ҳаётбахшлик туйғуларини жонлантириб юборди. Дил чаманзори гуллар очди, севги
чечаклари барқ уриб, муҳаббат гуллари чайқалди. У севги билан тўқнашди. Қалбини
Расида тобе этди. Ҳа, шу норасида умрида Расида тугаллик ва бахт тимсолига
айланди. Ҳаёт йўли ёришди. У севди. Севди, севгандаки… Бошқа бир дунёнинг
завқу шавқи оғушида қолди. Кун ҳам шу, ой ҳам шу – Расида! Етимлик етти букиб
ҳаммадан ҳам меҳр кўравермаган йигит учун қизнинг биргина табассуми, эркалиги
ва меҳрибонлиги оламнинг чексиз муруввати бўлиб туюларди.
Авжи баҳор. Оқшом чоғи шафтолилар қийғос гул урган ётоқхона боғида
Расиданинг кўзларига тикилиб турган Омонқулнинг ҳам кўнгил чаманида баҳорий
насимлар титратган гулчечаклар ифори таралди. Дили дунёси тиниқлашиб,
қалбида абру найсонлар мавжланди. Қизнинг эса ёниб турган тим қора чақноқ
кўзларида муҳаббат оташи авжланар, лаблари гулғунча очиб, юзида ой тиниқлиги
жилваланарди. Сокин эсган шабада ерга тегай деб турган гулқийғос новдаларга
титроқ солди. Жавонибда гул учди. Расида, ҳа, бу ўткинчи дунда гўзаллик маъбуди,
қадди дол азалнинг қадди тик расидаси бўлиб қад ростлаган Расиданинг боши узра
ёғилган шафтоли гуллари қизга янада илоҳийлик бахшида этди. Омонқул қизғиш
чечаклар оғушида қолган баҳор ва севги тимсолидаги фаришта қошида эс-ҳушидан
айрилар бўлди.
Ой кўпириб ёғду сочганидан борлиқ сутга чайингандай тип-тиниқ эди. Ҳавода
учаётган шафтоли гуллари тугул, ҳатто шамолнинг ҳам сояси кўринади. Ёруғ боғ
ичра энтикаётган Расиданинг мармардай томоғига шабада юлқиган қизғиш гулпарча
худди капалакдай тебраниб оҳиста қўнаркан, Омонқул севги симфонияси янграган
заминни, ҳа, оёқлари остидаги заминни ва Расидани даст кўтариб, фалакларда
парвоз қилаётганини ҳис этди. Савқи табиийлик ила қизни бағрига босди; унинг
лабида шафтоли гул таъмини туйди. Иккиси юрак ришталари билан туташиб, бир
жону бир тан бўлишди.
Авжу мавж баҳор гувоҳ, шафтоли гул ифорларини таратган ойдин боғ гувоҳ,
ёниқ юлдузларни сочган осмон гувоҳ, қиз юзида товланиб, борлиқни мунаввар
этган тўлин ой гувоҳ, севги оташида гангиган шабада гувоҳ; икки дил риштаси
боғланган онда сўзсиз, оҳангсиз бир илоҳий куй янграр эдики, буни фақат севилган
ва севган, муҳаббат қудратини ҳис этган қалб соҳиблари эшита оладилар. Айни дам
Севги Маъбудини қўллаган Буюк Табиат эса ана шу оҳангдан маст, унинг илоҳий
жаранги борлиқни тутиб кетган эди.– Энди мен сеникиман, – деди қиз.– Энди сен меникисан, – деди йигит.– Энди биз айрилмаймиз, – деди қиз. – Чиндан ҳам айрилмаймиз-а? – деди йигит.– Чиндан, Омонқул, чиндан ҳам айрилмаймиз. Биз ҳеч қачон айрилмаймиз,
Омонқул! Биз ҳеч қачон айрилмаймиз, Омонқул! – Қиз ҳаяжон ўтида йиғлаб
юборди…
6
Тоққа яқин бўлгани боис бу ерларга совуқ эрта тушади. Ноябрь оёқ узатмасдан
қиш дераза чертиб, ойналарга аёз сувратини чизди. Омонқул эти жунжикиб барвақт
уйғонди. Дераза кўзларига қировдан нақш урилибди. Гуппи чопонини эгнига илиб,
ташқарига чиқди; уҳ-ҳ, совуқ! Ҳовли четидаги кичик омборга кириб, ўтган йилдан
қолган ўтин – тут бўлакчаларини қўлтиқлаб чиқди. Печга ўт ёқмаса бўлмайди, қиш
бошланди. Омонқул кулба эшиги олдига келган ҳамоно ҳовли дарвозаси ёнида
кўлга термилиб турган кимсага кўзи тушди. Кўнгли негадир ғаш бўлди. Эрталабдан
бу ерда нима қилаяптийкин? Бунча кўлга термилмаса? Ҳайкалдай қотиб туришини
қара.
Омонқул ўтинни эшик олдида қолдириб, ўша томонга юрди. Сочи елкасига тушиб
турган, чўзиқ юзли, яримсоқол, Худойим бўйдан ҳам қисган озғин бир рангпар
йигитчага дуч келди. У Омонқулга парво қилмади. Жойидан қимир этмади. Икки
кўзи кўлда. Омонқулнинг ғаши келди. Унинг кўлга маҳлиё-ю лол бўлиб, қоқилган
қозиқдай қотиб туришига рашки ҳам келгани чин. Эгнига аллақаердаги илвасин,
адоғи киндигига етиб-етмайдиган тор чарм куртка илиб, чўпдай болдирига чиппа
ёпишган брезинттус шим кийиб олган, оёғида латта ботинка. Нега бунча юпин
кийинган, худди биров талаб олгандай. Олифталигини қара, бунинг устига бош
яланг. Омонқул хўмрайган кўйи томоқ қирди. Йигит унга қаради. Бош-адоқ разм
солди. Ўзича афтини учириб, ҳайратланган каби кўзларини очиб-юмди.
– Ассалому алайкум, тоғажон! Яхшимисиз? Мен Баҳромжонман. Ҳув-в, анови
қишлоқда туғилганман. Тошкентда яшайман. Театрда ишлайман. Рассомман.
Новнимжон бу кимсанинг Омонқул томон чўзилган чукуридай озғин қўли
ҳавода муаллақ қолди. Омонқул унинг саломига алик олган бўлиб шунчаки бош
ирғаб қўйди. Қовоғидан қор ёғиб турган баджаҳл кишининг кўзлари қаъридаги
аллақандай дард, теранлик рассомни чиппа ўзига тортди. Рассом Омонқулга
термилиб қолди.– Сиз Омонқул тоғасиз. Сиз ҳақингизда эшитганман. Афғонда бўлгансиз. Шу
кўл атрофида яшайсиз…
Рассом қолган дарди-дунёни дастурхон қилиб ўтирмади; Омонқулнинг юзидаги
жаҳл ва тундликни ҳис қилиб тилини тийди.
Омонқулнинг хаёлидан: “Ҳамма нарсани билсанг не қилай? Тезроқ бу ердан
қорангни ўчирсанг, яхши бўларди”, деган ўй кечди.
Рассом халқи нозикдид ва сезгир бўлади. Қаршисидаги айиқсимбат кимса билан
гапи ўнг келмаслигини тушуниб етди ва муддаога кўчди: – Мана шу кўлнинг расмини чизмоқчиман. Спектакль учун, саҳна декорацияси
учун керак. Ҳамма нарса тахт. Қуёшнинг чиқишини кутаяпман. – Рассом қўли
билан нарироқдаги анжом-ускунага ишора қилди.
Омонқул учбармоқдай хаччачўпга ўрнатилган оқ картон қоғоз, қути устида
турган бўёқли майда идишчалар, турли хил узун-калта қаламлар, тиш ювғичга
ҳам ўхшаб кетадиган нимарсаларни кўрди. Уларга ажабсиниб қаради. Рассом
унинг нафақат қиёфаси, балки қалбидаги изтироб оғриғини ҳам сездики, назарида
тунд ва чурқ этмас бу кимса ердаги ашқол-дашқолларини бўлаклаб, ҳар томонга
тир тўзғитиб ирғитадигандай туюлди. Мушукдай эпчил ҳаракат билан ўзининг
“зормандалари” ёнида пайдо бўлди. Қўлларини чўзиб бидирлай кетди:– Тоғажон, қишлоғингиздаги Ғуччи шоир бор-ку, ўша яхши драма ёзган. Умуман
олганда, шу атрофдаги чўпоннинг ҳаёти ҳақида. Асар руҳиятидан келиб чиқиб
воқеликка уйғун бўлсин деб, саҳнага шу кўл кўринишини олиб чиқишимиз керак.
Хуллас, шунинг учун…
Омонқул унга бироз ижирғаниб қаради. Сўнгра, шахд бурилиб кулбаси томон
юрди. Рассом унинг ортидан анграйиб қараб қолди: “Менга ҳеч нарса демади. Лекин
кўзларидан жуда кўп нарсаларни уқиб олдим. Кўзлари билан гапираркан. Унинг
нигоҳларини ҳар қандай рассом ҳам чизолмаса керак… “Символ раздавленного
человека… Нет, образ самого сильного человека…”
Омонқул кулбасига қайтиб, чўян печга ермойига ботирилган чалма солиб,
устидан тутўтин қалаб гуриллатиб ўт ёқди. Тор хонага бирпасда ҳарорат инди. Печ
устидаги темир чойнакни олиб, чой дамлади. Печнинг чарсиллаб-тирсиллаб ёниши,
хонага ўрлаган тутун ва олов ҳиди, дераза ойнасидан эриб бораётган қиш солган
олабўжи расм таъсирида Омонқул ҳуув ўша, олам тип-тиниқ тортган дамларни
ёдга олди.
Ҳа, ўшанда ҳам қиш остона ортида турганди. Аёз заҳри деразага мана шундай
ажабтовур чизма солганди. Расида кўрпага ярим ўраниб гуриллаб ёнаётган печкага
ҳайратланиб қарарди. Омонқул худди мана шу темир чойнакни печ устидан олиб
чой дамлаётганда, хонага ўрлаган чарсу чурс учқунларга боқиб, қиз завқ билан
қичқириб юборганди. Расидага бундай ибтидоий, лекин жуда табиий ҳаёт ёқиб
қолганди.
Ўшанда ҳам қиш остонада турганди…
Орадан қанча йиллар ўтиб кетди… Умр ҳам…
Печ ўша… Манови алюмин чойнак ўша… Ўша…
Олам ўзгарган. Одам ўзгарган. Лекин одамнинг кўнглидаги муҳаббат ўти
ўчмаскан… Соғинч ҳам ўша… Ўша…
Э-е-е-ей, нимасини айтсин, ўшанда ҳам қиш остонада турганди…
7
…Ўшанда ҳам қиш остонада турганди…
Ўқув таътилига чиқишдан олдин тиббиёт институтининг ётоқхонасида
комсомолча тўй қилишди. У пайтлар етим-есир деган гаплар айтилмагич эди.
Камсомолмисан, тамом, нуфузи насабинг бип-бинойи! Комсомолча базмнинг
обрў маслаги ҳар қандай буржўйча дабдабанинг дамини пасайтириб қўяди.
Комсомолмисан, етади шу – ўкинма қадрдоним. Сен етим эмассан, қудратли партия
ота-онанг! Бундай сиёсатга Расиданинг онаси қай жон билан қаршилик қилолади?
Ўзича минғирлаган бўлди, инқиллаб-синқиллаб норозилигини Расидага билдирган
эди, бу ҳашамга декану пеканлар бош қўшиб оқ йўл тилашгани, ҳатто ректорнинг
ҳам хайрихоҳлиги айтилгач, муштдеккина кампирнинг ҳуши учди. “Ота-бобонгдан
норизо бўлса-да, қизингнинг бошини силаб турган давлатнинг қўлини тишламоқчи
бўласанми, шум кампир, дейдиган одам йўқ. Авлодларинг Қримдан қувилиб
аллақаерларда саргардон. Сенинг бахтингга шу эл, шу ўлка бор экан, шукр қил…”
Эси йўқ кампир узун кечаларнинг бирида шундай хулосага келди-да, ўзини роса
койиди, охири қиймати бўлса-бўлмаса оқ фотиҳа бериб, тўйга ризолик билдирди…
Омонқул тўйдан сўнг Расидани қишлоғига олиб келди. Бобосидан мерос боғ ва
кенг-мўл томорқа четидаги ихчамгина мана шу кулбада яшай бошлашди. Таътилни
шу ерда ўтказишди. Қўноқлик пайти ҳар куни уй ёнидаги кўл бўйига чиқишади.
Балиқ овлашади, қуёшнинг кунчиқардан қип-қизариб чиқиши, борлиқ шовуллаган
шуъла ичра ғарқ бўлиши, ойнадай тиниқ кўл сатҳи оловтус олиб, қип-қизил
осмоннинг кўл қаърига сингиб кетишини томоша қилишади.– Осмон кўлда чўмилаяпти, – дейди Расида жилмайиб.– Осмон кўлни севиб қолган. Кўл қаърига муҳаббат чўкиб бораяпти, – дейди
Омонқул.– Қаранг, еру осмон алвон рангга бўялиб, кўл билан осмон бирикиб кетгандай, –
энтикади Расида.– Бу муҳаббат ва бахт ранги, осмон кўлда ўзини кўргани каби инсон ҳам
муҳаббат шуъласида ўзини топади, – дейди Омонқул.– Сиз шифокор эмас, шоир бўлишингиз керак, аслида, – кулади қиз.– Сен эса оқ халатли фариштам, ҳам илҳом париси бўласан, – жилмаяди йигит.
Қиз унинг кўксига бош қўяди. Кўзлари қаърига бепоён шафақтус осмон сингиб
кетган каби қорачиқларидан ловуллаган севги оташи отилади. Ким билсин,
Омонқулга шундай туюлади. Қишлоқдошларнинг эса чакаги чарм чайнайди:
“Ҳайдар бованинг етимчаси шаҳардан топган таннозини етаклаб юрибди…”
“Ҳар тонг кўл бўйида бир-бирига суйкалиб туришади. Кечқурун ҳам шу аҳвол,
уялишмайдими-а?”
“Етимнинг ҳунари етти юртни ер қилар деб шуни айтишган-да, машойихлар…”
дейди Тўтигул хола. Лекин бу гап айни ўзиники экани, ҳеч бир машойих айтмаганига
ҳеч ким парво қилмайди.
“Қишлоқнинг ҳам юзини очиб юборишади, бўй етган болаларимиз бор…”
шанғиллайди Чучук хола. (Аслида-ку, бўй етган болаларнинг дийдаси тош
қотиб, қалбида севги-муҳаббат учқунлари ўчиб бораётгани, телевизор ва видеога
термилишавериб ҳис-туйғулари музлаб қолаётгани, севги-муҳаббат фаришталари
бу қишлоқ ўсмирлари кўнгил осмонини тарк эта бошлагани ҳақида ҳеч ким
қайғурмасди.) Фақатгина мактабда қирқ йил адабиётдан дарс берган Сулув муаллима
хотин-халаж дийдиёсини эшитиб энсаси қотарди: “Сизларга нима, улар ўз кўйида,
ўз дунёсида яшаяпти. Ўз ҳолича бахтиёр. Бу дунёда шундай гўзал ҳаёт борлигини
ҳам кўриб қўйинглар…” дерди. Хуллас, таътил даври тугаб, икки ёш қишлоқни тарк
этишгач, учирма-ю, қочирма, қичима гаплар барҳам топди – авомнинг оғзи ёпилди.
8
Кунинг қувноқ ўтса, йилинг қанот қоқади – бирпасда ёз остона ҳатлади. Галдаги
имтиҳонлардан омон-эсон ўтиб олган Омонқул ҳамда Расида қишлоққа, Оққул
бўйидаги бобо ҳовлига кетишга ҳозирлик кўришарди. Ижара уйнинг пастқам
эшиги очилиб остонада озғин, миттиқад, жиккаккина кампир пайдо бўлди. Ҳовлида
идиш-товоқ чаяётган Расида бир зум тош қотди. – Милем ани келде. Ничик яхше. Ани, син исанме? – у татарча сўзлаб, кичик
жусса кампиршо томон ўқдай отилди.
Супада ёнбош тортиб китоб ўқиётган Омонқул бу манзарани кўриб, худди
мультфильмдаги сичқон томон югуриб бораётган мушук тасвири хаёлида жонланди.
Беихтиёр жилмайиб ўрнидан турди-да, қайнонасига пешвоз чиқди. Татарми,
ўрисми, бошқами, дунёдаги ҳамма оналар бир-бирига ўхшайди. Топганини
боласига тутади, Омонқул кампирнинг қўлидаги бозортўрвани олиб, гандираклаб
кетди. Бунча оғир бўлмаса, шу ҳолига қандай кўтариб келдийикин-а?
Супада чой ичишди. Момо қизига синчков-синчков термилиб қўяди. Унга
нимадир дегиси келади. Расида эса хурсандчилигидан ўзини қўярга жой тополмайди.
Пойтахтдан уч юз чақирим наридаги шаҳардан қизи ва куёвини йўқлаб келган
онасидан кўз узмай жилмайгани-жилмайган. Омонқул уларни холи қолдириш
лозимлигини, кампир қизига нимадир демоқчи-ю, бироқ, ийманаётганини ҳис
қилиб, соқол қиртишлаш баҳонасида ўрнидан турди. Ошхона олдидаги сув
жўмрагини бураётиб, қайнонасининг гапи қулоғига чалинди:– Син але йукли тугел иденме? Минем онегем булерге телим…
Омонқулнинг ич-ичидан оғриқ турди. Уч ой олдин ҳам келиб шу гапни қўзғовди.
Қизига қачон фарзандли бўласизлар, мен ҳам набира кўришни истайман, деб арзи
ҳол қилаяпти яна. Омонқул жўмракни ёпиб, шахд билан ичкари уйга кириб, ўзини
диванга ташлади. Ўзини ожизу нотовон сезди. Ташқарига чиқишга, кампирнинг
юзига қарашга ботинида куч тополмади. Анчагача ўз ёғида ўзи қоврилди. Ётди.
Бироздан сўнг хонага Расида кирди:– Сизга нима бўлди? Нега иҳраяпсиз? Тобингиз қочдими?– Бошим оғрияпти.– Ойим кетаман деяпти. Хайрлашиб қўйинг.
Кампирни кузатишгач, Расиданинг ҳам қиёфаси тунд тортди. Супа четига
омонат қўниб, эрига сўз қотди:– Ойим Қримга кетмоқчи. Ота-онамнинг қабри шу ёқда, болалигим ўша ерда
кечган, кўплаб қариндошларимиз ҳам Қримга кўчишаяптийкин. Ойим сизлар ҳам
борсангизлар янаям яхши бўларди, деяпти.– Майли, сессия тугасин, бир айланиб келамиз. Қора денгизни ҳам кўрамиз.– Ойим бутунлай кетмоқчи. Бизга ҳам Қримга кўчинглар, деяпти.
Омонқул ҳангу манг бўлиб эсанкираб қолди:– Эсинг жойидами?
– Жойида!! Икки баробар жойида. – Расида ўрнидан шахд туриб, уйга кириб
кетди. Лаҳзада чарақлаган осмонни булут қоплагандай бўлди – Омонқулнинг
ичидан нимадир чирт этиб узилиб кетди – дили хира тортди. Орадан икки ҳафта
ўтиб, кампиршо яна пайдо бўлди. Бу гал овозини баландлатиб гапирди. Қайнона
қуёв орасидаги сирли парда ҳам сидирилиб тушганди.– Ўқишларингни Қримда ҳам давом эттираверасизлар, – деди ичкари уйдан
чиқиб ҳовли томон йўл олган Омонқулга.– Ҳеч қачон! Бу гапни бошқа айтманг! – зардаси қайнаган куёв оёғи остидаги
елим офтобани зарб билан тепиб юборди ва ташқарига чиқиб кетди.
Кампир унинг гап-зардасини “Бошқа бу ерга келма!” деб тушунди.– Айтмасанг ҳам келмайман. – Шанғиллади унинг ортидан. – Лекин қизим ҳам
мен билан кетади, билиб қўй!
9
Омонқулнинг ўқиш жойига ҳарбийдан қоғоз келди. Хизматга чақиришди.
Комиссарликка борди. “Кейинги ой кетасан, яқинларинг билан хайрлашиб кел”,
дейишди.
Ким билан хайрлашади? Яқинлари борми? Кими бор? Биргина Расидадан
бошқа кими бор? Ҳеч кимга унинг қаерга кетиб, қаердан келаётганининг умуман
қизиғи йўқ. Бир ҳисобга яхши бўлди. Икки йил хизматга кетса, Расида ҳам онаси
билан Қримда яшаб туради. Бу ерларда бир ўзи нима қилади. У шўрлик ҳам етим
ўсган. Унинг ҳам отаси онасини ташлаб аллақаерларда саргардон бўлиб, диму дарс
йўқолиб кетган. Бироқ, Расиданинг суянадиган онаси бор. Омонқулга: “Онам билан
иккингиз менинг қанотларимсизлар…” дегувчи эди баъзида.
Фурсатини топиб, ҳарбий чақирув ҳақида Расидани воқиф этди. Қиз эшикка
суяниб, анграйиб турди. Ич-ичидан қўзғалган титроқ зарби бўғзида портлади –
кўзларидан ёш сизди. Сўнгра ўкириб йиғлаб юборди.– Мен-чи?! Мен нима қилай? Мен энди нима қиламан?! – у титраб қақшаган
кўйи эшикни муштлаб йиғлади. Омонқул уни бағрига босди. Аъзойи тани титраб,
кўзларидан ёш сиза бошлади.– Мен сени бутунлай ташлаб кетмаяпман-ку. Ахир… Ахир… Армияга ҳамма
боради. Икки йилда бурчимни бажариб келаман. Тинчлан. Йиғлама!– Мен… Мен нима қилай?– Сен… Сен майли, онанг билан Қримга жўнайверасан. Ўйлаб кўрдим. Хизматдан
сўнг ўзим сизларнинг ёнингизга бораман. Сени олиб келаман.
10
…Ҳарбийга кетди. Туркманистоннинг қоқ-қуруқ чўлида уч ой тайёргарлик
кўришди; отиш, ўлдириш, ўққа чап бериш, ўлимдан беркиниш, ажалдан тез
югуриш… Ҳатто, энг оғир паллада – қуршовда қолган чоғда ҳам асирга тушмаслик
учун ўзига аталган энг сўнгги ўқни яшириб қўйиш, ҳеч иккиланмай ватан йўлида
уни ўзига, ўз манглайига тўғрилаш сабоқларини мукаммал ўргатишди. Уч ойлик
қийин-қистовли, тер ва қон ҳидига маҳкум жанг машқларидан сўнг уни беш юз
нафардан ортиқ қисматдоши билан бирга ҳарбий юк самолётида Афғон урушига
олиб бориб ташлашди…
Икки йил ўқ ёмғири ичида жон сақлади. Деярли ҳар куни қон кечиб, ўлим
нафасини туйди. Қисм фельдшери эди. Қақшатқич сўқа-сўқларда жанг авжига
чиққан нуқталарга – дўзахга кириб бориб ўлик ташиди, ярадорлар тепасида ҳозир
бўлди, қон… Қон… Қон… Нури сўнган нигоҳларда қотиб қолган сўнгсиз армонлар,
шўрлик жангчи билан бирга ёт тупроқда интиҳо топган орзулар… Йиғи, дод-вой,
аламли фарёд – ўлишни истамаган, ажал калхати қўниб турганини ҳис қилиб,
жон уҳмида, энг сўнгги лаҳзаларда хиралашган қорачиқлари кенгайиб бораётган
тенгдош-тақдирдошларининг жон талвасасида талпинишлари – бари… Бари, сўнгги
йўқ азоб, чидаб бўлмас даражада оғриқли эдики, шўрлик Омонқул гарангу карахт
ҳолда қолар, ўзи ҳам алвидо ониятида бечоранинг ҳолига тушар, бор овозда ўкириб
йиғлар, жони узилган аскар мурдасини бағрига босиб чинқирар, бошини мана
шу тоғу тошларга уриб бўкирар, нола-ю фиғони кўкка ўрлар, лекин кўк ҳам тош
қотиб қолган, худди мурданинг нигоҳи каби ҳиссиз ва туссиз эди. Нега сен ўшанда
ёрилиб кетмагансан-а, осмон?! Нега сен ўшанда қулаб тушмагансан, осмон?! Нега
сен тош-метин тургансан, осмон?! Навқирон-навқирон навкарлар ўлиб, қирилиб
кетаверса ҳам тош қотиб туравергансан, осмон?!
Бу оғир… Оғир, худди хотиралар каби оғир-оғир саволлар умр бўйи юраги,
шуури, тафаккурида қотиб, тоғ каби улғайиб, ўз қаддини босиб, эзғилаб ташлаши,
тинкасини қуритиши, бу оғир… Оғир… Жавобсиз саволларни Омонқул ўзи билан
бирга олиб келиши, бирга олиб келдими, демак, урушни ҳам ўз ботинида олиб
келиши, урушни олиб келдими, ўзи ҳам урушларда қолиб кетгани, урушда бўлган
одам урушдан қайтиб келмаслиги, уруш одамига айланиши, урушни ўзи билан
олиб юришини Омонқул кейинчалик англаб етди ва шу лаънати урушни бир умр
ўзи билан кўтариб юришига маҳкумлигини, бу юк осмондан ҳам оғирлигини жону
тани, вужуди билан ҳис қилди.
Тақдир Омонқулга сон-саноқсиз ўликларни кўргани ва ақлдан озаёзгани, энг
муҳими, ўзни кўрсатиб қўйиш – тақдир деган тушунча борлигини англатиши учун
ҳам омонлик берди. Қисмат қўли унинг пешонасига “Омонқул” деб ёзганди.
11
– Биз ҳеч қачон айрилмаймиз, Омонқул! – йиғларди қиз.
Расида қаердан пайдо бўлди?
Хаёли туман ичра, эси кирарли-чиқарли, боши зил-замбил.
Мана, у чалқанча ётгани ҳолда тепасида йиғлаётган Расидани кўриб турибди.– Расида! Кет… Кет, Расида… Кет, – иҳради. – Тезроқ кет…
Борлиқ гумбурлаб, ер силтанди. Аскарнинг ёнида снаряд портлади. Шундоғам
оғир яраланиб, чалажон ётган Омонқул аллақаердандир шувиллаб учиб келган
оташшар зарбидан ҳушини батамом йўқотди. Оний ҳолатда бошида чақмоқ
чаққандай бўлди ва уни турғизмоқчи бўлаётган Расидани ҳам даҳшатли портлаш
тўзони ютиб юборди.
…Тонг – азонда радиокарнай ваҳимали ванғиллади. Казарма ичида зобитларнинг
ҳайқириғи янгради: “Рота трево-о-о-о-г-а-а-а!!!” Бир зумда қисм аскар ва
зобитлари саф майдонида тизилишди. Панжшер томонга жангга чиқилар экан.
Аскарлар Панжшер ва Чорикор ҳудудларини “борса келмас”, дейишади. Бири
Покистон билан чегарадош, баланд тоғлардан иборат ажал қояси бўлса, бири ғуж
дарахтзордан иборат ям-яшил дўзах, ўлим ўпқони. Панжшерда ҳар бир тош, тоғ
зарралари, Чорикорда эса ҳар бир дарахт, ўту гиёҳ ўқ отади.
Омонқул аслида шу жангга чиқмаса ҳам бўларди. Чунки, ҳарбий хизматни ўташ
муддати тугашига ҳам оз қолган, эрта-индин уйимга жавоб беришади, деган хаёл
оғушида энтикиб, шодлиги ичига сиғмасдан юрувди. Чиндан ҳам бу ерда уруш
кетаётган бўлса-да, ҳарбий хизматнинг энг ёқимли ва шонли лаҳзалари – аскарлар
тили билан айтганда, “дембил”лик онларида қайси калласини еб қўйган жангга
чиқади. Очиғи, бундай аскарларни зобитлар ҳам аяшади. Икки йилдан кўп вақт
мобайнида ўт-олов ичидан шу кунларга соғ-омон етиб келиб, “дембил”ликка
буйруқ чиққанидан қувонган, ватанга сафарбарликни кутиб турган жангчини
урушга олиб кетиш, очиғи, қуюшқонга сиғмайдиган гап эди. Гарчанд ҳарбий
низомда “қария” аскарни аяш кўзда тутилмаган бўлса-да, афғонда тутум бошқача
эди, бундай жангчини галдаги ажал оғзига ҳайдаб бориш ноўрин саналарди. Бироқ
бу ёзилмаган ички қонуният ва имтиёзни Омонқулга нисбатан қўллаш мумкин
эмасди. Чунки у ротада фелдьшер, яраланган аскарларга тиббий ёрдам кўрсатиш,
уларни қутқаришга маҳкум.
Кутилмаганда энди бу фалокат – жанг ваҳимаси пақ этиб пешонасидан чиқиб
турибди. Рота командири Омонқулнинг қаршисида бироз хижолат тортгандай
бўлди, кўзини олиб қочди, сўнг елкасига қоқиб далда берди: “Худо хоҳласа,
бунисидан ҳам эсон-омон ўтиб оласан! Чида, солдат! Ҳаммаси яхши бўлади. Кейин
уйга!”
Жанголди кўригидан сўнг қисм четидаги майдонда вертолётга чиқаётган
жангчиларни кузатиб турган рота командири туйқус Омонқулга қўли билан ишора
қилиб ҳузурига чақирди: – Сен батальон командири билан бирга бўласан. Олти юз ўн олтинчи БМП-2
(Пиёдаларнинг жанговар машинаси)га чиқасан. Қисм тиббиётидаги шифокорлар
бошқа батальонга ўтказилибди, уларнинг ўрнига сен борасан! Бардам бўл!
Начора, буйруқ муҳокама қилинмайди, бажарилади. Комбат билан бирга жангга
чиқиш азоб-уқубатдан бошқа нарса эмас. Ўлгудай сўконғич. Пала-партишлиги
етмагандай, урушга яқинда келгани, ҳали кўп жанг кўрмагани учунми, қўрқоқлиги
ҳам бор. Буни олдинги гал Гардездаги қишлоқда юз берган жангда ҳам кўрганди.
Отишмада хандақдан бош кўтаролмай ётиб олганди. Қочиб чиқишаётганда
ярадорни судраётган Омонқулни ҳам босиб, тепкилаб ўтиб кетганди. Омонқул, жаҳд
билан қараса, шу – Комбат! Агар бирор аскар ё кичикроқ зобит бўлганда қуроли
қўндоғи билан бошига соп қоларди-ку-я, бироқ, кимсан батальон командирини
уриб, бало-қазога йўлиқишини лаҳзада англаб етди ва барибир ўзини ушлолмади:
“Я… Мать… Козёл!” Комбат унга илкис қараб, яна энкайган кўйи хандақ ичра
олдга чопиб кетди.
Омонқул ҳавога кўтарилган вертолётга қўл силкиди. Рота командири, қуролдош
дўстлари, бундан ташқари, сапёр ва минамётчилар, ўн нафар жангчидан иборат
бўлинма Омонқулни ерда қолдириб, Панжшер сари учди. Қисмнинг нарги
томонидан кўтарилган бошқа вертолётлар ҳам кунчиқарни мўлжал олдилар.
Кўринадики, зобит ва аскарларнинг кўпчилиги тоққа олиб бориб ташланади.
Кўзда тутилган жойларни аллақачон оғир артиллерия ўққа тутган, самолётлар
бомбардимон қилиб бўлишган.
Ҳарбий техникалар – танк, БМП-2, БТР, самоход ва бошқа занжирли машиналар
етиб боргунга қадар аскарлар баландликка ташланмас экан. Вертолётлар махсус
жойда қўниб, уларни кутиб туришаркан. Бу жангда афғон ҳудудидаги бутун бошли
40-армия иштирок этаркан. Батальон командири шундай деди.
Белгиланган жойга пешиндан сўнг етиб боришди.
Панжшерда қақшатқич жанг бўлди. Батальон эгаллаши шарт бўлган тоғ
чўққиларида турган мужоҳидлар шўрави (шўро жангчиси)га тепага кўтарилиш
учун сира имкон беришмади. Тоғлар ораси, тошлар ёруғидан визиллаб учаётган
ўқ ёмғири ичида бош кўтариш маҳол эди. Минамёт, гранитамиёт, ҳатто РС (ракета
отадиган қурол) ишга тушди. Қаттиқ қаршилик кўрсатишди. Борлиқ ларзага келди.
Пастдан туриб шўро техникалари ҳам тинимсиз ота бошлади. Тўп, град ва ураганлар
қулоқни қоматга келтирди. Тоғ чўққилари ўт-олов ичида… Нима қилиб бўлса ҳам
белгиланган чўққини эгаллаб, тоғ ортидаги йўлни назоратга олиш керак. Агар
шундай қилинмаса, Покистон томондан мужоҳидларнинг яна бир кучли армияси
кириб келар, шу атрофдаги шўро қўшинлари постлари жойлашган ҳудудларга
озиқ-овқат етказиб бериш йўли тўсилиб қоларди. Энг ёмони, ўша постлардаги
жангчиларни батамом қириб ташлашлари аниқ эди. Сўнгра Хост тоғлари, Али
Хили ҳудудида ҳам вазият ниҳоятда оғирлашар, бу ерларни шўро армияси бутунлай
ташлаб чиқишга мажбур бўларди. Шунинг учун Аҳмадшоҳ жангарилари ҳамда
совет қўшини ўртасида айни дам ҳал қилувчи қақшатқич жанг бораётганди.
Тоғ адоғидаги вертолётлар яна ҳавога кўтарилишди. Бу вертолётлардан бирида
учаётганлар рўйхатида Омонқулнинг ҳам исми-шарифи бор эди. Эрталаб қисм
штабига бориб тушган ушбу рўйхат сўнггида ўн биринчи бўлиб фельдшер Ҳайдаров
Омонқул турарди. Бироқ, батальон командири буйруғи билан вертолётдан уни олиб
қолишди. Рўйхатдан ўчириб қўйиш шу талотумда ҳеч кимнинг ёдига келмади.
Хуллас, комбат билан битта БМП-2да жангга чиқадиган бўлди.
Омонқул ҳам учиши лозим бўлган ўша вертолёт жангчиларни харитада
кўрсатилган манзил – тоғнинг орқа томонига олиб бориб ташлаши керак эди.
Вертолёт пасайган заҳотиёқ нарги чўққида бекинган душман унга РС (ракета) отди.
Вертолёт ониятда олов шарга айланиб, портлаб кетди. Куйиб кул бўлди. Ичида
бирор тирик жон қолмади…
Тутум бўйича бир неча соат ўтгандан сўнг қисм штабидаги рўйхат асосида
вертолётда ёниб кул бўлган ўн бир жангчи манзилига, аниқроғи, уларни ҳарбийга
жўнатган туман ҳарбий комиссарлигига таъзияхат юборилади. Албатта, ҳалок
бўлганлар орасида Омонқул Ҳайдаров деган исм-фамилия ҳам бор эди.
Не бир фожиаларга дуч келиб, дийдаси тош бўлиб қотган батальон жангчилари
бу гал саросимага тушиб қолишди. Бундай катта йўқотишни кўпчилик аскарлар
ҳали кўришмаганди. Даҳшат-ку, бирданига битта вертолёт қанчалаб жангчилар
билан бирга портлаб кетса. Тоғдан алоқа орқали келаётган хабарларга кўра ўлик
ва ярадорлар сони тобора кўпайиб борарди. Омонқул яраланган жангчиларга
тиббий ёрдам кўрсатиб, уларни БМП-2нинг десант бўлмасига жойлаб, армиянинг
кўчма штабида ўрнашган тиббий қисмга олиб бориб топшириш билан банд эди.
Ярадорларнинг айримлари ярим йўлда ўлиб қоларди. Машинанинг десант бўлмаси
эса билч-билч қон… У қон ва порох, ажал ҳиди қоришиқ дунёда гангиб қолганди.
Омонқул ўзининг не аҳволга тушганини англай олмас, карахт ҳолда эрсада
жангоҳни ташлаб чиқмас, тепада ўзини бошқариб ва йўл кўрсатиб турган илоҳий
бир куч ёрдамида чаққонлик билан ҳаракат қиларди.
Навбатдаги ярадорларни ташлаб қайтганда, ротадошлари учган ўша вертолёт
портлаб кетганини эшитди. Ўзини қўярга жой тополмади. Яқин дўстлари лаҳзада
кўз ўнгида гавдаланди, айни дам ўзи ҳам уларнинг ичида бўлиши лозимлиги,
бироқ, Яратганнинг изми билан тирик қолганини англади. – Тиббий ёрдам! Тиббий ёрдам!! Тезроқ бўл!!! Тепаликда тиббий ёрдам
сўрашаяпти! – қичқирди алоқачи.
Омонқул осма тиббий тўрвасини судраб ўша ёққа югурди. Тоғ бағрида чаққон ва
дадил отилиб бораётган қўрқмас ўғлонга боқиб, Комбат эсанкираб қолди.
Омонқул яраланган иккала жангчига ҳам ҳар қандай оғриқни қолдирадиган
кучли укол, ампула урди. Уларнинг ярасини тозалаб, дори-дармон қўйиб боғлади.
Учинчи жангчининг оёқлари илма тешик бўлиб кетганди. Уни пастга олиб тушиб,
армия штабидаги тиббий бўлимга топшириш лозим. Тезроқ ҳаракат қилмаса тамом,
аскар кўп қон йўқотиб, ҳалок бўлади. Омонқул ярадорни елкалаб шошилинч пастга
туша бошлади. Ёнверида ўқлар визиллаб учаётганига ҳам парво қилмасди. Тезроқ
тушса, бас.
Пастда БМП-2 кутиб турарди. Ярадорни тиббий бўлимга олиб жўнади…
Омонқул тоғдаги оловли нуқталарга яна икки бор чиқди. Ярадорлар ва ўликларни
бир жойга тўплаб вертолёт чақиришди. Уларни шу ернинг ўзидан госпиталга
жўнатишга буйруқ бўлди. Ярадорлардан қутулишгач, энг баланд тепаликдаги
пиёда аскарларга пастга тушуш ҳақида топшириқ келди. Кўпни кўрган жангчилар
бу ерларни энди самолётлар бомбардимон қилишини англаб етишди. Бошқа чораси
йўқ-да, тоғнинг ичи, ғор ва ковакларга бекиниб, улкан тошлар остига кириб кетган
душманни тор-мор этишнинг бирдан бир йўли шу-да! Самолётлар бомба ташлайди,
тамом. Нафақат тоғ, унинг атрофидаги қишлоқлар ҳам ер билан яксон бўлади.
Тирик жон қолмайди ҳисоб. Бу ерларда одамзоту молу ҳол, неки жонзот бор – ер
тишлайди. Самолётдан ташланадиган шундай бомбалар борки, портлаши ҳамоно
шўрлик ер лопиллаб кўтарилиб тушганга ўхшайди. Ер ўртасидан ёрилиб кетган
каби қарсиллаган даҳшатли садо борлиқни бадабанг кар қилиб ташлайди. Атрофни
ажал олови ютиб юборади.
Омонқул пиёдалар бўлинмаси билан пастликка энаётган маҳали чап биқинига
санчилган снаряд парчасининг даҳшатли оғриғидан чинқириб юборди ва бир
силтаниб ерга қулади. Ҳушини йўқотди…
…Борлиқ туман ичра… Йўқ, ҳув ўша тундаги каби сутга чайинган боғ ичида
ётибди. Ҳамма ёқ оқлик оғушида. Шафтолизор узра шовуллаб оппоқ нур
мавжланади; жавониб сут ё нур оғушидами, унчалик англай олмайди. Тепасида шу
тобда Расида пайдо бўлди… Ва унинг овозини эшитди:– Биз ҳеч қачон айрилмаймиз, Омонқул! Биз ҳеч қачон айрилмаймиз,
Омонқул! – йиғларди қиз…– Расида! Кет… Кет, Расида… Кет…, – иҳради. – Тезроқ кет…
12
Омонқул Кобулдаги госпиталда бир ой ётди. Яраси тузала бошлагач, уни
Москвага жўнатишди. У ерда олти ой даволанди. Бироқ, бошида ўрнашиб қолган
портлаш зарби асорати, оғриқли гувиллаш азобидан батамом қутулолмаганди.
Бу пайтда эса Тошкентдаги Октябрь райони ҳарбий чақирув бўлимида унинг
исми-фамилияси ҳалок бўлганлар рўйхатидан жой олганди. Бунга афғондаги қисм
штабидан юборилган таъзияхат асос бўлди. Ўзи ўқиган тиббиёт институтининг
“Қаҳрамонлар бурчаги”да эса Ватан шаъни учун ва шарафли байналмилал бурчини
ўташда жон берган ўғлонларнинг ҳарбий сувратлари қаторида унинг ҳам расми
осиғлиқ турарди.
Олтиндаладаги ҳарбий бўлинмага ҳам Омонқулнинг мардларча ҳалок
бўлганлиги ҳақидаги совуқ хабар ҳамда бир ҳовуч кул солинган темир тобут етиб
келди.
Ҳарбийлар вазиятни аниқлаш, “марҳум”нинг оилавий аҳволини билиш учун
дастлаб қишлоқ кенгашидан вакил чақиришди. Суриштирув натижасида ортида ҳеч
кими йўқлиги, бирор изловчиси топилмаслиги, ота-онаси ҳам ўлиб кетгани, ёлғиз
ўғиллиги маълум бўлгач, қишлоқда ваҳима ва қўрқув уйғотмаслик, шундоғам,
афғон уруши дейилса, титраб-қақшаётган халқни янада саросимага солмаслик,
қўрқитмаслик учун энг қулай йўлни танлашди; бу хабардан қишлоқ кенгаши
“пандавақиси” (ҳа, улар вакилнинг ўрис тилини билмаслиги, бўш-баёвлиги учун
ўзларича шундай деб аташди)ни ҳам воқиф қилмадилар, унга ҳеч нарса демадилар
да, темир тобутни ими-жимида комиссарликка яқин жойдаги қабристонга кўмиб
юбордилар.
Фаҳм-фаросати ҳаминқадар бўлган қишлоқ кенгаши масъулига дастлаб
дабдурустдан давлатнинг ҳарбий сири борасида маъруза ўқишди. У шўрликка ҳатто
қишлоқдошингиз фалончи-писмадончи афғон урушида ҳалок бўлибди, шу масалада
чақиргандик, дейишни ҳам лозим кўришмади. Шунчаки, афғонда хизмат қилганлар
ҳақида маълумот олинаяпти экан, бу борада гапириш мутлақ тақиқланиши, агар
бирор кимсага оғиз очса, қамалиб кетишини таъкидлашди. Ўзларича аллақандай
қоғозга имзо ҳам қўйдириб олишди. Қишлоқ кенгаши раиси бўлган бу шўрамат
ҳам ўзбекнинг бошида “пахта иши”, “ўзбек иши” деган бошқа бир кулфатлар ҳам
айланиб, қама-қама авж олган таҳликали паллада московчи Иванову Гдлян каби
исковичлар икки акасини олисларга олиб бориб тиқиб қўйишгани боис, юрак
ўйноғига учраб қолган эди. Важоҳатли афт-ангори олтингугуртдай сап-сариқ, боши
тап-тақир, кўк кўзлари совуқ йилтиллаган ўрис комиссарнинг ўдағайлашидан ич
ичидан қўрқув ўрлаб, турган жойини ҳўллаб қўйишига бир бахя қолди.– Ты понял мне, балбес! Тебе все понятно!– Понят, да, понят… – деди оёқ-қўли қалтираб. – Бар, энди марш, бар жуна! Якши! Мы тебе ешё будем проверять!
Шу-шу, бечора раис талваса ичида икки йил яшади. “Давлат сири”ни ўзи билан
бирга олиб кетди…
13
…Қримдан Тошкентга Омонқулни излаб келган Расида вокзалдан такси ушлаб,
тўғри институтга йўл олди. Мана, саккиз ойдан бери Омонқулдан на хат, на дарак
бор. Ёзган мактублари ҳам бежавоб қолди. Жимжит. Тинчликмикан? Ё… Йўқ, йўқ…
Оллоҳим асрасин! Оллоҳим меҳрибон! Ҳеч қачон унақа бўлмаган. У соғ-омон. Нима
бўлдийкин, Расидадан кўнгли қолдимикин, Қримга келишни хоҳламадимикин?
Балки, бошқача яшашни лозим топдимикин? Ахир у урушни кўрди. Афғонга
борганларнинг кўпчилиги мутлақ бошқа одамга айланиб келишаяпти-ку…
Э-ей-й, Худойим-ей, менга нималар бўлаяпти… Майли, мендан воз кечган бўлса
ҳам, ишқилиб, бир кўрсам, уни тирик кўрсам, бас… Ишқилиб соғ-омон бўлсин.
Тириклигини билсам, шу етади. Уни қийнамайман. Майли, Тошкентга кўчиб
келинглар, қишлоғимизга кетамиз, деса ҳам майли, нарги дунёга деса ҳам эргашиб
кетавераман. Онам ҳам рози бўлади. Майли, онам хоҳласа Қримда қолаверсин, биз
ўзимиз хабар олиб турамиз. Ёки ярадор-парадор бўлганмикин? Шунинг учун бизга
кўрингиси келмадимикин? Нималар деяпман, ўзи? Бунча совуқ ўйлар хаёлимга
қаердан келаяпти? У тирик. Кўнглим сезиб турибди… Тирик… Тирик.
Расида машина орқа ўриндиғида ўтирган кўйи бошини ойнага тираб, беихтиёр:
“У тирик! У тирик…”, деб, уввос тортиб йиғлаб юборди.
Ҳайдовчи машинани бирдан йўл четига олиб тўхтатди.– Синглим, нима бўлди? Тобингиз қочдими? Мана сув, ичиб олинг.
Расида анчагача ўзига келолмади. Қўл-оёғи увишиб, худди танасидан жони
чиқиб кетаётгандек, эти дириллади, музлай бошлади. Сумкасидан дори олиб ичди.– Ҳечқиси йўқ… Ўтиб кетади. Раҳмат. Ҳайдайверинг, – деди титраб.
Расида тиббиёт институти биноси ёнига етиб келгач, алланечук туйғудан
энтикди, кўзи тиниб кетди. Шу ёзда курдошлари ўқишни тугатиб кетишган.
Кимнидир учратиб қолиши мумкин, албатта. Э, майли, курсдошларини кўролмаса
ҳам, Омонқул ҳақида бирор хабар эшитса бўлди. У яна атрофга ботиний титроқ
ила назар ташлади. Ич-ичидан соғинч ҳисси отилди. Омонқул ва сабоқдошлари
билан бирга юриб, ўйнаб-қувнаган манови йўлаклар, ётоқхона, айниқса, бир
вақтлар сирли ва сеҳрли барқ уриб гуллаган, ҳозир анча кўримсиз ҳолга келиб
қолган, шафтолилар кесилиб, ўрнига манзарали кўчатлар ўтқазилган ўша оқшомги
боғ ёнидан ўтаётганда юраги қинидан чиққудай бўлиб дукиллаб ура бошлади.
Расида соғинч ўртаган қалб титроғига дош беролмай изиллаб йиғлаб юборди. Боғ
қаршисида бир зум тўхтаб қолди. Омонқул иккисининг илк севги бўсасига гувоҳ
бўлган боғ ҳам алланечук совуқ бир хабарни айтишга чоғланиб, жунжикиб турганга
ўхшарди.
Кеч кузнинг салқин оқшоми чўкаётган пайт, ётоқхона эшиги олдида кимга
учрашишни билолмай турган Расида анчагача серрайиб қолди. Шу чоғда
ичкаридан қадди-қомати тик, дароз, қўллари ҳам узун, худди баскетболчиларга
ўхшаб кетадиган, истараси иссиқ, эгнига спорт кийими илиб олган Таня чиқиб
келди. У қизларга хос синчковлик билан ўриндиқ ёнида қоққан қозиқдай тик турган
Расидага тикилди. Эгнидаги қимматбаҳо яшил пальтоси, бошидаги сур телпак,
ҳатто бўйнидаги алвон шарфи-ю, оёғидаги бежирим мовий этик қаршисидаги
хилқатга нақадар ярашгани, у айни тоб худди атиргулдай чарақлаб турганини ҳис
қилди. Таня бу гўзални танигандай бўлди, қаерда кўрган эди-я, эй-ей, тўхта, бўлди,
бу ҳалиги, ўзидан бир курс юқори ўқиган қиз-ку, исми нима эди-я? Ишқилиб, татар
қиз-да! Шу ётоқхонада яшарди, шекилли… Кейин кўринмай қолди…
Расида ўзи томон юзланган Таняни таниганди. Ахир институтда бундай бўйдору
пойдор қизлар кўп эмасди-да. У Таняга қараб жилмайди.– Салом, Танюша! Мени танимадингми?– Танияпману, исмингни… Ҳалиги, эслолмадим…– Расидаман! Сизлардан бир курс юқорида ўқиганман. Учинчи курсда Қримга
кетгандим.– Бўлди, эсладим. Эсладим… Нега турибсан, юр ичкарига, хонамизга кир.
Кимнидир излаб келдингми?– Эримни… Эримни излаяпман!
Таня унга ажабсиниб қаради. Расиданинг кўзлари йиғидан қизариб кетгани,
аҳволи руҳияти ҳам яхши эмаслигини англаб, ётоқхонага бошлади. Бу ётоқда
асосан қизлар яшашарди. Омонқулни таниган-билганларни топишолмади. Сўраб
суриштиришди, ҳеч кимдан жўяли жавоб чиқмади. Расида Танянинг хонасида
тунайдиган бўлди. Эрталаб институт маъмуриятига иккиси бирга боришга қарор
қилишди. Улар анчагача суҳбатлашиб ётишди. Таня Расиданинг ўқишни Қримда
тамомлагани, ҳозир шаҳардаги шифохоналардан бирида ишлаётганини билиб
олди. Расида Омонқул ҳақида, иккисининг шу қисқа даврдаги муҳаббат қиссасини
Таняга сўзлаб берди. Таня анча ҳаяжонланди. Расиданинг кўнглига таскин берди:– Уни, албатта, топасан. Балки, у ҳам қаерлардадир ишлаётгандир. Институт
раҳбариятига учраймиз. Уларда, албатта, бирор маълумот бўлади. Мана кўрасан,
албатта, топасан.– Агар бу ерда тополмасам, қишлоғига кетаман. Уни бир кўрсам бўлди, – деди
Расида.
Эртасига ректоратдаги ёрдамчи йигит маслаҳати билан институтнинг ҳарбий
масалалар билан шуғулланадиган иккинчи бўлимига боришди.
Ҳарбий бўлим деганлари иккинчи қаватда жойлашганди. Эшик ва деразаларига
махсус темир панжара тортилган, худди мелисахонага ўхшаб кетаркан. Ўзига хос
сукут ва аллақандай ваҳима ҳукмрон махсус хонанинг тўрида столга тирсак тираб,
ўриндиқда ястаниб ўтирган, соқоли кўксига тушадиган, бошига кенг гардишли
похол шляпа кийиб олган жуҳид чол остонада тик турган Расида ва Таняга
қийғирқараш қилди. Муддаони эшитгач, ўрнидан туриб темир сандиқни очиб,
қоғозжилдлардан бирини олиб, титкилай бошлади.– Мана, – деди бамайлихотир, – мана, топилди.
Расиданинг борлиғи титраб, ҳаяжондан юзи пир-пир учиб, юраги тўхтаб
қолаёзди. Хайрият-е, топилди. Чол қўлида ушлаб турган қоғоз қаъридан мўъжиза
юз бериб, гўё Омонқул чиқиб келадиганга ўхшади. Таня ҳам севинганидан
қичқириб юборди:– Ур-р-е-е-й-й! Топилди! Топилди!
Чолнинг кўзлари чақчайди:– Ким топилди? Нима топилди?!– Биз излаган одам! – деди Таня!
Расида тамомила ҳушини йўқотиб қўйган, тили калимага келмас, ўзини базўр
ушлаб турарди.
Чол энди курсига бепарвогина чўкди-да, тағин совуққонлик билан қоғоз
титкилай бошлади.– Биз уни қаердан топсак бўлади? – деди Расида инграган ҳолатда.
Чол хўмрайди. Бирпас ерга тикилиб турди-да, қаергадир қўнғироқ қилиб,
кимнидир чақирди. Зум ўтмай хонага таёқдай тикқад, сочларини силлиқ тараган,
ўзини тутишидан комсомол ё партиянинг содиқ фарзанди эканлиги кўриниб
турадиган, тақлиду таомилида чекистлар йўлбошчиси соқолтой Феликс Эдмундович
Дзержинскийнинг азаматларига ўхшаш иштиёқи баланд, шипиллаган бир йигитча
кириб келди. Жуҳуд бобой йигитчага маъноли боқди: – Мана шу икки гўзални йўлак охирига олиб борасан, афғон бурчакдан булар
излаган одам, Х… Х… Хайдаров, ҳа, Хайдаров, Амонкулми, Амонкилми, шунинг
манзилини топиб бер, – деди русчалаб, сўзларни чертиб, дона-дона қилиб.
Йигитча чолга содоқат билан термилиб қўйди-да, хонадагиларни ўз ортидан
эргаштирди. Узун йўлак охирига етгач, сўл тарафда, деворда осилган тахтапанжарага
ўрнатилган расмларга ишора қилди:– Ана, бизнинг қаҳрамонларимиз! – йигитча шартта орқасига қайтди.
Расида дастлаб ҳеч нарса тушунмай анграйиб турди. Сўнгра қатор тизилган, бир
хил ўлчамдаги фотосувратларга термилди. Тепадаги ёзувни ўқиди: “Афғонистонда
байналмилал бурчини ўташ даврида ҳалок бўлган қаҳрамон ўғлонларимиз!” Расида
нега буни бизга кўрсатишаяпти, деган ўй билан синиқ жилмайиб қўйди. Сўнгра…
сўнгра сувратлар ичида Омонқулнинг ҳам расмини кўриб, вужудига саноқсиз
игналар санчилиб, худди ток ургандай сесканиб кетди. Чинқириб юборди. Агар
Таня уни ушлаб қолмаганида, сип-силлиқ бетон йўлакка юзтубан йиқиларди.
Расида Қримга абгор ва эзғинди, умид томири узилган ҳолда қайтиб келди.
Аэропортда уни таниши Вагим кутиб олди. Бир ой уйидан чиқмади. Озиб чўп бўлиб
қолди. Онаси шўрлик қизининг бунчалар қуриб-қақшашини тушунолмас, ўша
афғонда ўлиб кетган сайгалди куёвининг гўрига ғишт қалаб қарғанар, қизимнинг
бошига шу касофат етди, деб ёзғирар, ҳар гал боғчадан қайтаётган маҳали Оллоҳдан
қизининг бахтини сўраб ёлворар, майлийди, шугина қизим анови Вагимга кўнгил
берса ҳам майлийди, тириклигимда, шугинамнинг тус-тугаллигини кўриб кетай,
деб нола қиларди.
Орадан икки ой ўтиб, Расида кўчага чиқди. Иш билан машғул бўлди. Вагим
машинасида ишга олиб бориб, олиб келиб юрди. Деярли ҳар куни хабарлашиб
турди. Кампир ҳам ҳар куни қизини тергаб, сен тенгингни топишинг керак, деб
қисталанг қилаверди. Ҳаётингни азага айлантириб нима қиласан, ўлган ўлиб кетди,
лекин сен тириксан-ку!
Кампир ҳам дардини ичига ютиб юрганмикан, зардоби юзига урди. Ажали
айвонда кўриниш бера бошлаган кезда кўрпа-тўшак қилиб ётиб олди ва боши
ёстиққа теккан иҳроқли алфозда қизига Вагимга эрга тега қол, деб ялина бошлади.
Оғриғи ерда, манзили гўрда бўлиб турган паллада кампирнинг ҳасрати хасдай
енгиллашди. Расида Вагимга розилик билдирди. Тўй бўлиб ўтди. Кампир ҳам
ўмганини кўтарди. Тузалиб кетди.
Орадан олти ой ўтиб кампир яна оғирлашиб қолди. Азойи тани жиққа ҳўл,
томоғига ғарғара тиқилиб, жони ҳалқумида алаҳсиб ётган кампир қизини бошига
чақирди.– Кўрдим, уни кўрдим, у келаяпти, – деди эсдан оққан кўйи, инграниб.– Кимни кўрдингиз, онажон, ким келаяпти?– Омонқул… Омонқул сени сўраяпти…
Кампир нури сўна бошлаган аланг-жаланг кўзларини шифтга тикиб оғир
хириллади ва бир тўлғаниб, жон берди.
…Кампирнинг ўлимидан сўнг етти кун ўтгач эшик жиринглади. Ошхонада хомуш
ўтирган Расида ўрнидан турди. Энди қадам қўйган эди ҳамки, хотинининг бирор
кимса билан гаплашишга ҳозир ҳоли мажоли йўқлигини англаган Вагим нариги
хонада кийинаётган бўлса-да, кўйлагини диван устига ирғитиб, майкачан ҳолида
эшикни очди. Вагим қаршисида турган кимсани Омонқул эканини англади…
14
Омонқул Москвадаги ҳарбий госпиталда даволангач, Тошкентга келди. У
урушдан урушни олиб қайтганди. Ҳамон боши ғувуллайди. Тошкентда бироз
тентираб юрди. Институтга боришга юраги бетламади. Негадир ўша ерга оёғи
тортмади. Шаҳарда яшайдиган ҳамқишлоғи Алижоннинг ижара уйида бир кеча
тунади. Одамови ҳардамхаёл. Тошкентда даволанасан, деб берилган тиббий
йўлланмани ҳам ғижимлаб отди. Сокинликка сиёғи сингимай қийналарди. У тезроқ
Қримга жўнаши, Расидани кўриши керак.
Қримга жўнади. Расида йўллаган мактублардаги манзил бўйича борди. Энди
унга қаерда яшашнинг фарқи йўқ эди. Кимсасиз оламда кимсасиз кимсанинг борми
кимсага кераги?
Унинг умиди ҳам илинжи ҳам энди биргина Расида. Ҳаётига шугина инсон
нур беради, уни ўйласа, қалби бироз таскин топар, ҳар ҳолда кимгадир кераклиги,
кимгадир талпинаётганини англаб қолади. Шу илинж-илдиз норасида дунёнинг
Расидаси! Бу дунёда ушлаб турган ягона куч-қудрат ҳам Расида! Йўқса, бу думалоқ
ер юзидан йўқлик ўпқонига қулаб тушиши мумкин.
Топди. Расиданинг манзилини топди. Очиғи, хавотирда эди, бирор кор-ҳол юз
бердимикан, деган ўйда ваҳимага тушганди. Чунки, урушдалиги пайти кейинги
олти ой давомида ундан хат олмаганди. Хат ёзган, албатта, хат ёзади, унинг хатлари
казарма хат қутисида тахланиб ётгани ҳам чин.
Бироқ, Расида ёзган хатлар казармага етиб келмаганди. Қисмдагилар жангу
жадалга кетгани боис, казармада қолган навбатчилар барча хатлар йиғиладиган
почта бўлимидан ротага тегишли мактубларни ажратиб олиб келишмаганди. Олиб
келган тақдирида ҳам уларни ким ўқирди? Деярли ҳамма жангда бўлса… Худо
билади, ким тирик қайтади, ким йўқ…
Ахир Омонқулнинг ротаси октябрдан то март ойигача, деярли олти ой казармада
бўлмади. Гардез ва Пагман тоғларида, сўнгра Қандаҳор ва Жалолободда жанг
қилишди. Унинг ўзи ҳам ярадорларни хавфсиз ҳудудга олиб қайтаётган тиббиёт
взводи машинасида минага тушди. Боши гувиллаб, қулоқлари ҳеч нарса эшитмай
қолди. Омонқулни Баграмдаги ҳарбий госпиталга жўнатишди. Шу ерда бир ой
ётди. Ўзига келгач, Расидага ёзган мактубини почта вертолёт келса, бошқа ярадор
жангчиларнинг хати билан бирга олиб кетишлари мумкинлигини билди. – Вертолёт қачон келади? – сўради ҳамширадан.– Худо билади. Душман тоғларга жойлашиб олган. Вертолёт тугул, самолётлар
ҳам учолмаяпти-ку…
Вертолёт келди, шу вертолётда ўз мактуби билан бирга Омонқулнинг ўзи ҳам
аэродромга учди.
Ўз қисмига келиши ҳамоно артеллериячилар жойлашган казарма бурчида
ўрнашган почта бўлимига ғизиллади. Расиданинг нафаси келгувчи мактубларни
ўқимоқ, унинг тафтини туймоқ учун энтикиб югурди. Нафаси бўғзига тиқилиб
казарма олдиги етиб келди-ю, бирдан тахта бўлиб қотиб қолди. Казарманинг тенг
ярми култепага айланганди.– Сизлар у ёқда эканлигингизда лаънатилар олисдан туриб РС ва минамётлар
билан роса савалашди, – деди эшик олдидаги аскар.– Хатлар-чи, хатлар нима бўлди? – қичқириб юборди.– Ўпкангни бос! Нега шайтонлайсан? Кўрмаяпсанми?! Бутун почтахона куйиб
кул бўлиб ётибди-ку, – зардаси қайнади аскарнинг.
Омонқул дарди дунёсига ўт кетиб казармага қайтди. Расидага хат ёзди. Бу унинг
сўнгги мактуби эди.
Энди бу ёғидан хабарингиз бор, юқорида айтгандим; кутилмаганда Панжшерга
жангга чиқишга тўғри келди. Ўша ерда жаҳаннамнинг оғзидан тирик қолгани-ю
яралангани, бир ой Кобулдаги марказий госпиталда ётгач, яна даволаниш учун
Москвага юборилганини яхши биласиз.
Москвада кузгача қолиб кетди.
…Мана, бугун Расиданинг эшиги олдида турибди, кўзлари тиниб кетаяпти,
эшик тепасида осилган 25 рақами гир-гир айланаяпти, икки бешга, беш иккига,
икки-беш, беш-икки…
Қалтироқ тутган қўллари, не-не ярадорларнинг ёриқ ва ўйиқ таналаридан
ўқ ҳамда темир парчаларини суғуриб олганда титрамаган қўллари айни дам
қалтираяпти. Не бир даҳшатларни кўриб тош қотган кўзларида ёш сизаяпти, ўлим
қаршисида сесканмаган қалби қинидан чиққудек депсинади, бўғзида тош қадалган.
Ҳозир эшикни Расида очади, ўкириб юбормаслик учун энтикиб нафас олади. Эшик
очилиши ҳамоно Расидани маҳкам қучади, кўксига бош қўйиб, борлиғига сингиб
кетади, майли, ўкириб йиғлайди, майли, Расидадан уялмайди, ахир у севгани,
якка-ю ёлғизи-ку, уни соғинган, бу дунёда унинг борлиги, уни деб тирик қолгани
учун йиғлайди.
…Эшик шарақлади. У лаҳзада кўзларини юмди, юраги зарб билан уриб,
ҳолсизланди.
Эшик очилди. У бўсағада йўғон бўйнига сочиқ ташлаб олган, юзи сарғиштоб,
кўккўз барзанги Вагимни кўрди.– Кемга кира? – деди у татарчалаб ва ажабсинди.
– Менга Расида керак эди!– Кем син? – лаҳзада юзи қизариб, бурун катаклари пир-пир учди остонадаги
девкелбатнинг.– Омонқулман, – эсанкиради йигит.– Ул ўлде. Ул инде юк. Мене шул! (У ўлди. У энди йўқ. Тамом!)
Омонқулнинг кўз олди хира тортди, борлиқ гир айланиб, силтаниб кетди ва
деворга суяниб қолди.– Н… н.. нима деяпсан? Нега ўлади? Н-нега?! – ўкириб юборди ўғлон.– Хезер, бар, югал!!! (Кет энди, йўқол!) – эшик шарақлаб ёпилди.
У деворга суянган кўйи, ерга чўкди. Бир нуқтага маънисиз тикилиб, қотиб
турди. Нафаси бўғилди. Қўшни хонадон эшиги тарақлаб, семиз жувон чиқиб келди.
Кўзлари қизарган, аллахиёл бўлиб, деворга суяниб ўтирган Омонқулга қараб, маст
аласт бўлса керак, деб ўйлади-да, ғудраниб, қўл силтаб, уфф тортди.– У ўлдими? – деди Омонқул жувонга маъносиз қараб.– Улде. Ул кута ял итсен. (Жойи жаннатда бўлсин). – Аёл унга энди ҳайратомуз
бир қараб қўйди-да, зинадан пастлади. Аёл бу йигит яқинда қазо қилган қўшни
кампирни, яъни Расиданинг онасини излаб келибди, деган хаёлга борганди.
15
Омонқул қандай қилиб кўчага чиққанини, қай томонга гандираклаб
кетаётганини англамас, унинг бошига бу гал чиндан ҳам осмон қулаб тушганди. У
Қрим кўчаларида елкасига ағнаган осмонни кўтариб тентирар, олис-олисларга йўқ
бўлиб, йўқолиб кетишини хоҳлар, айни дам қаерга боришни ҳам билмас эди. У энди
чин маънода етим, муҳаббати етим этган эзғинди бир кимсага айланганди. Хаёлига
келган фикр шу бўлди: “Саша, Саша Ивановнинг ёнига, Олтойга кетаман…”
Кечки пайт поезд елкасини осмон босиб турган одамнинг дарди ҳасратларидан
зўриққан каби чинқириб, шимол томон йўл олди.
У Олтойда икки йил яшади.
Тақдир тиғларидан азоб тортаётган қалб жароҳатига вақт табиби малҳам бўла
бошлаган кезларда, хаёлининг бир бурчагида киндик қони тўкилган маскан соғинчи
мавж урар, айниқса, бобосидан қолган ҳовли, пастқам кулба, осмоннинг бир четига
туташиб кетган кўл, сув юзида акс этган шафақ авжи, кунботарда қўр тўккан тоғ,
узумзорни кесиб ўтган қишлоқ йўли, эгаларига ўхшаб кетадиган уйлар… Бари-бари
кўз ўнгидан ўтарди.
У қишлоққа қайтди. Ёлғиз ўзи яшай бошлади. Ўқишни тиклаш хаёлига ҳам
келмасди. Қонни кўришга тобу тоқати йўқ. Икки йил ярадорлар ичида гангигани
икки юз йилга татирди. У қондан қўрқиб қолганди. Тиббиётга қайтишга юраги
бетламасди.
Кун бўйи ҳовли ёнидаги тўзғин харракка чўккан кўйи кўлга термилади.
Кўзлари кўл сатҳида қотиб қолади. Худди кўл ичидан аллақандай мўъжиза юзиб
чиқадигандай…
16
У энди қишлоқ кўчаларида пайдо бўлса, одамлар ўзини олиб қочишарди. Уст
боши увада, афтодаҳол, эзғину тўзғин Омонқулнинг қўйнида ё униқиб кетган
шимининг чўнтагида ярми бўшаган вино шишаси бўларди.
Ҳайҳотдай томорқа – бобосидан мерос ҳовли бўм-бўш, на бир гиёҳ ўсар, дов
дарахтлар шох ташлаб, қўра-ю оғилхоналар ҳувуллаб ётарди. Омонқулга ҳеч
нарсанинг қизиғи йўқ эди.
Шу боиски, томорқанинг бир қисмидан қўшниси Раҳим фойдаланади. Эвазига
ош-овқати, еб-ичиши, киярга эски-туски бўлса ҳам кийим-кечаги шу ҳамсоянинг
ҳисобидан. Раҳим ака нураган қўра ва оғилхонани тиклади, ичига қўй-молини
солди. Боғни парвариш қилди, кўчатлар экди. Омонқулнинг ризолиги билан
ҳовлининг бир бурчагида кенжа ўғли учун тўрт хонали шиферли уй қурди. Омонқул
энди Раҳимнинг оила аъзосига айланди. Омонқулга бунинг ҳам қизиғи йўқ. У ахир
бутун ер юзига сиғмаяпти-ку, фақат манови кўл, эски харрак бўлса бас. Бир коса
ёвғон, бир бурда нон етади. Кўп нарса керак эмас. Кўлга термилиб ўтирса, ҳеч ким
ҳалал бермаса бас…
…Орадан йиллар ўтди. Йиллар кечди. Йиллар учди… Омонқул йилларки ўз
кулбаси ёнида Раҳимнинг катта ўғли Собир тиклаб берган суянчиқли мустаҳкам
ўриндиқда кўлга термилиб кун ўтказди. Гоҳида Даврон келтирган емакни ҳам шу
ерда бирёқлик қилади. Энди Даврон ҳам анча улғайган, оқ-қоранинг фаҳмига етади.
Олтинчими ё еттинчи синфда ўқийди. Бироқ, болаликдан тўлиқ узилиб кетмаган,
Омонқулга меҳри янада кучайганди.
17
Омонқул кейинги йиллар ичида бирдан кексайди. Ҳоли-қувватига қурт
тушди. Мадори қурий бошлади. Кулба шўрлик ҳам нурайман, деб турган маҳали
Раҳимбойнинг тўнғичи Собир эски кулба ёнидан икки хонали, бир айвонли жуда
кўркам ва ихчам бошпана қуриб берди. Бироқ Омонқул ўзининг эски кулбасида
яшар, унга шу авло эди.
Деворлари оппоқ, ҳатто томидаги ёпинчиқлари ҳам оппоқ бино худди кўлга
қараб сузиб бораётган оқ кемага ўхшарди. Агар кимки нарги қирғоқдан қараса,
қишлоқ четига туташган кўл юзида оппоқ кема сузиб юрибди, деб ўйларди.
Собир тушмагурнинг лойиҳаси бўйича уйча худди шу андозада тиклаган эдики,
қишлоқдагилар бу “ҳашамат”ни “Омонқулнинг оқ кемаси”, деб аташар, оқ кема
капитани Омонқул эса ленинкепкани бостириб, кўлга кўз тиккани, кўз тиккан эди.
Лаблари пир-пир учиб, ким биландир гаплашиб ўтирар, мижжасида ёш томчилари
титрарди. Кўлнинг алвон юзасида айни қуёш ботаётган паллада оқ ҳарир либоси
қирмизи тусда товланган Расида пайдо бўларди, айни шу маҳалда, шом олди талош
палласида сув юзида Расидани кўрарди. – Яхшиям сен борсан, Расида. Сенинг борингга шукр, Расида, – дерди Омонқул.– Сиз ҳам борсиз, сизни соғиндим, Омонқул, – дерди Расида. – Мен ҳам жон-жонимдан соғиндим. Сени соғинганим учун ҳар куни йўлингга
термиламан. – Мен ҳам сизни кўргани келавераман. Ҳар куни ёнингизга шошиламан.
Кутаётганингизни биламан, Омонқул. – Сен ўлмагансан-а, Расида?!– Ҳар куни сўрайсиз-а? Қўйинг энди, бошқа сўраманг. Ахир ўлган бўлсам,
сизнинг олдингизга келармидим?…– Сен ўша-ўшасан. Мен қаридим, Расида…– Сиз қаримайсиз. Биз қаримаймиз, Омонқул.
Омонқулнинг кўзёшлари жимирлаб кўлни тўсиб қўяди. Расида ғойиб бўлади.
Ҳар куни аҳвол шу – шомталош палласида Омонқул уни кўради. Кўзёшлари шўриш
этган юзини кафти билан силаркан, кўнглида бир енгиллик ва сокинлик уйғонади.
Бошқа оламнинг унга кераги йўқ – у шу олам учун, шомталош вақти Расида билан
кўришиш, у билан суҳбатлашиш учун яшаяпти. Расида ўша йигирма ёшида, қадди
басти тик, навқирон ва гўзал палладаги дуркун алфозда намоён бўлади.– Бово, овқат олиб келдим. Яна йиғлаяпсизми, қуёш ботди, юринг уйга, – дейди
Даврон.
Даврон энди анча эсини таниб қолган. Омонқул, олтмиш ёшнинг нари-берисида
бобога айланган Омонқул қаршисида турган болакайга ҳардамхаёл термилади.– Юрақол, болам, юр, – боланинг ортидан эргашади.– Бовожон, сиз кўлга қараб кўп йиғлайсиз-а? Нега йиғлайсиз?– Билмасам, болам, билмасам.– Бово, сиз танк ҳайдаганмидиз урушда? Танкдан отгандир сизам-а?– Сўраб нима қиласан, болам…– Отам бовонг уруш азобидан қутулолмай шуйтиб қолган дейди… Уруш азоби
нима у, бова?– Энг ёмон азобдир-да, болам.
Омонқул тугунча кўтарган болакайнинг ортидан юриб ўз уйчасига киради. Бола
овқатни қолдириб ғойиб бўлади…
18
Ноябрь юз ўгирмасдан кун совиб кетди. Қиш эрта келди. Қор ёғди. Изғирин.
Омонқул кўл бўйидан қайтиб келиб, тўшакка чўзилди. Юраги безовта бўла
бошлади. Осмон булут кунлари ҳам у кўлга термилишни канда қилмас, бундай
пайтда Расида рўй кўрсатмаса, кўл атрофини бирпас айланар, яна ўриндиқда
ўтириб, кунботарга кўз тикар, Расида билан ботинан, тил-забонсиз суҳбатлашар,
беихтиёр яна мижжаларида ёш сизарди.
У ҳали барвақт бўлса-да, уйқуга чоғланди. Уйқу қаёқда, юраги қинидан чиққудай
безовта бўла бошлади. Анчагина тўлғаниб ётди. Уйча эшиги очилиб, остонада бир
қучоқ ўтин кўтарган Даврон пайдо бўлди.– Бово, шундай совуқда кўл бўйида нима бор? Шамоллаб қоласиз-ку. Ҳозир
чой қайнайди. Онам қайнатма шўрва қилди. Ҳозир опкеламан. Нега иҳраяпсиз!
Ўрнингиздан туринг, бова… – Бола дераза раҳидаги дастурхонни олиб, унинг тўшаги
ёнига тўшади. – Нонингиз ҳам йўқ экан. Ҳозир шўрва билан нон олиб келаман.
Омонқул боши ёстиққа тегиб, ўрнидан туролмай қолса, мана шу меҳрибон
болакай кунига яраши, агар бу дунёдан кетар бўлса, шугина норасида чин
кўнгилдан изиллаб йиғлашини ҳис қилди. У илк бор ўз ўлими ҳақида ўйлади. Бу
дунёда суянчиқ, умрйўлдош, ўлсанг тобутингга эга чиқадиган боши қора боланг
бўлмаса ёмон, деган ўй ич-этини емириб, аъзойи-танига оғриқ солди.
Даврон олиб чиққан шўрвани татингач, манглайи терлади. Бола дамлаган чойни
ичиб, ўраниб ётди. Туш кўрди: кўл усти ойнадай сип-силлиқ, музлаган. Совуқ.
У кўлнинг қоқ ўртасида турибди. Кўл қаърида гўзал ва навқирон Расида пайдо
бўлди, қўллари билан музни уриб, жон талвасасида тўлғаниб, ташқарига чиқишга
уринаяпти. Омонқул жон ҳолатда чўккалаб, иккала қўлини ҳам болғамушт қилиб
музни ура бошлади. Расида ҳамон тўлғанар, энди боши билан музга урилар, муз
ости, кўл қаъри қонга айланиб қолганди…
Омонқул уйғониб кетди. Тонггача мижжа қоқмади. Саҳар пайти қўшниси
Раҳимдан ортган пўстинга ўраниб, кўл қирғоғига чиқди. Анчагача тентираб юрди.
Кун совуқ, осмон олачалпоқ. Кунчиқар қизариб, тўзғин булутлар оловтусга кира
бошлаган маҳал уйга қайтди. Болакай тахлаб қўйган ўтинни чўян печга солди. Печ
олов олди. Совуқ суяк суягига ўтиб кетган экан, тентираб юриб сезмабди. Вужуди
қалтираб човгум қайнашини кутмай тўшаги устига пўстакни ҳам ташлади-да,
эгнидаги пўстинни ечмасдан ўринга чўзилди. Бош-оёқ кўрпага ўранди.
Чошгоҳда уйғонди. Барака топсин, Даврон дастурхон ёзиб, чой дамлабди.
Сочиққа ўралган косадаги овқатни бобосининг ёнига қўйиб, печга кўмир
ташлаётган экан.
Омонқул шу болагинанинг олдида бироз ўсал бўлгани учун хижолат тортди-да,
ташқарига чиқди. Юз-қўлини ювиб қайтди. Бола кетибди. Негадир болакай билан
гурунглашгиси, кўнгил чигилини ёзгиси келганди. Майли, майли-ей, уруш ҳақида
сўраса ҳам майли, гапириб берарди. Ҳатто кечаги туши ҳақида ҳам, бу дунёда
бир замонлар Расида деган жуда сулув қиз бўлгани, у мана шу ерларга келгани,
шу ерларда нафас олгани, унинг ёнида Омонқул деган бир куч-қувватга тўлиқ
ўғлон бўлгани, уларнинг кўнгил сири, ишқи-муҳаббатидан манови кўл хабардор
эканлиги, улар бир-бирини жуда ҳам севиши, кўл ҳам уларга муҳаббат қўйгани,
алалоқибат кўл йигитдан кучлилик қилиб қизни тортиб олгани, қиз кўл қаърига
кириб кетгани, шу… Шу, Омонқул кўл бўйида тентираши, чунки, қиз ҳар замонда
кўлдан чиқиб келиб, Омонқулга кўриниш бериши, у билан суҳбатлашиши, орадан
шунча йиллар ўтган бўлса ҳам қиз ҳамон гўзал ва дуркун эканлиги, Омонқул эса
олтмишга кириб-кирмай қариб-чириб бораётгани, у фақат кўл тубидаги маликаси
Расида учун яшаётгани ҳақида гапириб беради. Йўқ, кўлни ҳам олислардаги бир
кўл, чолга эса Омонқул, деб эмас, бошқа исм қўяди. Бошқа исм тиқилиб ётибди
ку… Расида-чи? Расидани ўз исми билан атайди. Йўқса, у бу эртакни чиройли
қилиб сўзлаб беролмайди. Ахир Расиданинг исмини шивирлаши ҳамон унинг
тўлин ойдай тиниқ, нурли сиймоси кўз ўнгида пайдо бўлади-ку. Расида… Расида…
Қандайлар сира-а, Расида?..
Омонқулнинг беихтиёр лаблари пичирлай бошлади. Мижжаларида ёш қалқди.
Эшик очилди. Омонқул бир сапчиб остонага нигоҳини қадади.– Бово, бовожон… Сизни бир одам излаб келди. Кинога туширадиганми, театр
қўядиганми, шундай бир одам экан. Хуллас, сизни кино қилишса керак. Танкдан
отгансиз-ку-а, бово?
Омонқул рўпарасида ҳансираб, чалама-чатти сўзлаётган Давронга ҳайрон
тикилди. Туйқус асаби ўйнаб, юзлари жимирлаб кетди. – Қаерда у? – Бизникида.– Бор, бориб айт! Мени йўқ де. Бовом анча бўлди ўлиб кетганига де.
Бола гарангсиб турди-да тайсаллади:– Ундай деёлмайман.– Дейсан!!!
Омонқул ўқрайди. Ич-ичидан оғриқ туйди: “Энди шуларга эрмак бўлувим
қолувди…”
Ўзини ҳақоратлангандай сезди. Аввал ҳам бир ёзувчими, мухбирми келиб
бошини гаранг қилганда йўлини кўрсатиб қўйганди.
Бола довдираган кўйи уйчадан чиқиб, томорқа адоғига қараб кетди.– Ассалому алайкум!
Уйчага меҳмоннинг ўзи кириб келди. Айвон эшиги олдида тик турган алфозда
Омонқулга синчиклаб тикилди. Эгнини деворга суяб ўтирган Омонқулнинг энсаси
қотди:
– Ва алайкум ассалом!
Кўл қаъридан қайтган муҳаббат– Сизни излаб келувдим. Кўлни кўрсам дегандим.
Омонқул бу одамни сурбет деб ўйловди, йўқ, юзига синчиклаб боқувди,
чеҳрасида алланечук жозиба ва илиқлик туйди. Кўнглидаги озурдалик тарқади.
Унга қизиқсиниб қаради.– Ана кўл, бемалол, бораверинг, – чарслиги устун келди.
Баланд бўй, қошлари қалин чеҳрасидан самимият балқиган, қадди-басти
келишган меҳмон қоп-қора катта кўзларини юминқираб жилмайди:– Сиз хурсанд бўласиз, фақат кўл бўйига чиқайлик.
Омонқул унга эргашди. Меҳмон кўлга узоқ термилиб турди: – Д-а-а, м-м-м-м, да-а-а-а!
Айнан ўзи! Красота! Айнан ўзини чизган эканда! Ҳақиқатданам жуда гўзал!
Ҳатто сизнинг кулбангиз, мана бу тоғ, узумзор, йўл, уйлар, уфққа туташ кўл! Айнан
шуларни чизган!
Меҳмон ўзига ҳайратланиб қараб турган Омонқулга боқиб жилмайди, яна катта
қора кўзларини хиёл юмди. Юзидан нур таралаётгандай бўлди. Омонқулнинг
кўнглида илиқлик ўти ёнди. У ҳам жилмайди.– Чиройли-а? Чиндан чиройли…– Ҳа, гўзал! Дарвоқе, мен ўзимни сизга таништирмабман. Исмим Валижон.
Режиссёрман. Сизни яхши биламан, Омонқулсиз. Мендан ёшсиз барибир. Афғонда
бўлгансиз. Яна кўп нарсаларни биламан.
Омонқулнинг энди жаҳли чиқди. Афғонни гапирди, демак, бу ҳам шу уруш
ҳақида кино-пино қилса керак.– Хўш, нимани биласиз? – деди тутақиб.
Режиссёр яна жилмайди:– Жаҳлингиз тезлигини ҳам биламан. Сизга Қримдан салом! Расидахоним
салом йўлладилар.
Омонқул ҳеч нарса англамай карахт бўлиб турди:
Тушунмадим.
Мен Қримга бордим. Расидахоним сизни сўради. Биз Қримга спектакль олиб
бордик. Гастролга. Ҳамқишлоғингиз Ғўччи шоирнинг асари… Оддий чўпон
ҳаёти ҳақидаги спектакль. Рассомимиз Баҳромжон ёнингиздаги анови, Обширми,
нима дейди, ўша қўшни қишлоқда туғилиб ўсган экан. Шу боис спектакль учун
декорацияга мана шу манзарани танлагандик…
Омонқул турган жойида бир қалқиб кетди. Бомба портлади гўё. Туйқус бошида
ярадор ва ўликларни ташиган оғир жанглардан сўнг қўзғалиб қоладиган оғриқ
ва ғувуллаш пайдо бўлди. Туш кўраётганга ўхшарди. У қаршисидаги меҳмонни
эшитмасди. Расиданинг исми қулоғига чалингани ҳамоно ботини ағдар-тўнтар
бўлиб, оёғидан мадор кетди. Қирғоқдаги харсанг устига чўкди.– Ни-ни-нималар деяпсиз? – ҳансиради.
Режиссёр чўнтагидан қўл телефонини олиб экранини очди-да, Омонқулга
кўрсатди.– Қаранг, бу Расидахоним иккингизнинг талабаликда тушган сувратингиз.
Ўша ёқда бу расмни унинг ўзи телефонимга ташлаб берди. Сизни ўлган деб
юраркан. Рассомимизга раҳмат айтинг! У сизни биларкан. Айтдим-ку, сизга қўшни
қишлоқдан деб, ўша айтди. Омонқул амаки кўл бўйида яшайди деб. Буни эшитиб
Расидахоним ҳушидан кетди. Тўполон бошланди…
Омонқул ҳеч нарсани эшитмасди. Боши ғувуллар, қулоқлари том битган.
Телбанамо аҳволда режиссёрга бемаъно тикилиб ўтирар, тагидаги тошнинг
совуқлигини ҳам сезмас, муз қотиб турарди. Фақат, фақат у тирик, Расида тирик,
деган бир ўй хаёлида милт-милт этар, гоҳ ёнар, гоҳ ўчар, у чиндан ҳам туш
кўряпман, деб ўйлар, бошига кирган оғриқ батамом карахт қилиб ташлаганди.– Тобингиз қочдими? – режиссёр уни ўрнидан турғизмоқчи бўлди, – юринг,
уйингизга қайтайлик. Қолганини ўша ерда гаплашамиз.
Ҳаётнинг не бир тўфонлари-ю, бўронлари, азоб-уқубатларига дош берган, жони
тошдан ҳам қаттиқ Омонқулнинг қалби, ҳа, ҳамиша қайғу ва кулфатлар зарбига
дош бериб келган, дунёнинг бор жабру аламлари сиққан шўрлик қалбида шодлик
ва қувонч, хушхабар ва ёруғ мужда ҳам жой эгаллаган эди.
Унинг қалби яхши хабарни кўтара олмаётганди, нима қилсин, бундай ҳолга
кўникмаганди. Зимистонлик ичра нур инганди-да. Унинг кўнглига нур оғирлик
қилаётганди. Шунақаси ҳам бўларканда-а? Ҳа, бўлар экан-ку!..
Қишлоқ амбулаториясидан ҳамшира қизини етаклаб келган Даврон отасининг
кейинги топшириғини бажариш учун Тўйчи қассобникига югурди. Пойқадами эзгу
келган меҳмоннинг иззати Раҳимбой панжи қўйини олиб келиб, қўлювғич осилган
устунга боғлаб қўйганди. Ҳамшира Омонқулнинг томирига укол юборди, қон
босими анча ошган экан. Дори-дармон бериб кетди.
Омонқул ўзига келди, ичидаги жами оғриқлар қайғулар чўкиндисидан халос
бўлганди, гўё онадан қайта туғилган каби чеҳра-ю чиройига сокинлик ёйилди.
Ўзини қўярга жой тополмасди. Қўшниси Раҳимнинг: “Ака, сиз ўтиринг, бу ишларни
ўзимиз қиламиз”, дейишига ҳам қарамай Тўйчи қассобнинг атрофида ўралашиб
у-бу нарсага қарашган бўларди. Раҳимбой қўшни Қобил сартарошни чақиртирди –
Даврон ғизиллаб бориб уни олдига солиб суриб келди. Омонқулнинг соч-соқолини
эпақага келтиришди. Раҳимбойнинг борига шукр, уйидан тоза усти бош олиб
келди, Омонқулни кийинтиришди.
Э-э-эй, Омонқул, Омонқул! Шу кунлар ҳам бор экан-а, Омонқул?!
Режиссёр ҳамон гапнинг оловини олдирар, даврадагиларни ўзига сеҳрлаб,
маҳлиё қилиб қўйганди. Энг зўр спектаклни берилиб томоша қилаётган ашаддий
мухлис, чин санъатсеварлар ҳам бунчалик ҳайрату лол бўлишмаган. Сиз ҳам
режиссёрнинг кейинги гапини эшитинг, азиз ўқувчим:– Хуллас, Қримдаги театрда спектакль қўйдик, – дейди у салмоқлаб. –
Ўзбекистонда яшаб, ўз юртига қайтган татарлар ҳам кўп эди. Зал лиқ тўла.
Спектакль тугагач, чиройли, қадди-басти во-о-о, жудаям чиройли, гўзал бир аёлни
бошлаб келишди. Шу ердаги катта шифохоналардан бирининг раҳбари экан у.– Уккаар-а, зўр эканда-а? – гап қистирди Қудрат самоварчи.– Ўчир овозингни! Гапни бўлмасдан буйтибгина ўтир, – жеркийди Холли ошпаз. – Хуллас… Хуллас, аёл мендан кўлни, умуман, дeкорацияни, яъни саҳнадаги
расмни сўради. Ҳақиқийми, реал манзарами шу? – деб сўради. Рассом ҳам бирга
борганди. Рассомдан сўрадик. Ҳа, ҳақиқий Олтиндаланинг тоғолди қишлоғи
манзараси, айнан ўзи, деб жавоб берди. Шунда аёл тош қотиб қолди. “Мен бу жойга
борганман, мен бу жойни биламан”, деди.– У уккаарнинг аёли! Шундай дедими-а? – яна орага суқилди Қудрат.– Ҳой, қиссанг-чи, қисииииб ўтир, гапни гапга қўш, ахир! – Тоғай мироб
Қудратга ўқрайиб қарайди.– Хуллас, хуллас ўша аёл мени ва рассомни шошилинчда ишхонасига олиб кетди.
Хизмат машинасида кетяпти, ув-ув йиғлайди. Мен ҳам, рассомимиз ҳам ҳайрон, –
давом этди режиссёр.
Кўл қаъридан қайтган муҳаббат– Уҳҳ, уккаарей, шундай нарса-я, шундай аёл йиғлайди денг, – Қудрат яна гапга
аралашди. – Келиб-келиб шугина Омонқулни деб шунчаликка… Менга қаранг,
киночи ака, ҳалиги аёл…
Режиссёр жим бўлди. Ҳадеб гапини бўлаётган бу одамга мийғида кулиб қаради.– Ҳой, чиқ йўқол! – Қудратга ўшқирди Тоғай мироб.– Мен ёмон гап айтимма? – эсанкиради Қудрат.– Бор, самоварингга қара. Ҳали замон маҳалла-кўй йиғилади. Одамнинг асабини
қақшатмасдан чойнакларингни тозалаб тур! – Тоғай миробнинг ўқрайган кўзига
дош беролмаган Қудрат, тайсаллаб қолди ва минғирлади:– Ҳаммаси тайёр! Бўлди, жи-и-им ўтираман… Бўлди, тоғажон, бўлди…
Режиссёр бу чапани ва беғубор одамларнинг даврасида яйраб ўтирарди.
Ҳикоясини давом этди:– Хуллас… Хуллас, аёлнинг ишхонасига бордик. Аёл Тошкентда уч йил
институтда ўқигани, Омонқулга турмушга чиққани, шу қишлоққа келгани, кўлни
кўргани, кейин Қримга қайтгани, Омонқул афғон урушига кетгани, Омонқулдан
хат келмай қўйгани, Тошкентда ишлайдиган татар танишидан Омонқул ҳақида
сўраб-суриштиришини илтимос қилиб ялиниб-ёлворгани, у ҳам ҳеч қандай хабар
айтолмагани, охири Тошкентга ўзи келгани ва Тиббиёт институти ҳарбий бўлимига
кириб учрашгани, Омонқулни афғонда ўлгани ҳақидаги хабарни эшитгач аза очиб,
юм-юм йиғлаганини айтиб берди. Расида ўша ерда бир танишига турмушга чиқади.
Икки йил яшагач, эри автоҳалокатга учрабди.
Ихчам уйчанинг чоғроқ хонасида тўпланган қўни-қўшнилар режиссёрнинг
гурунгига ҳангу манг бўлиб ўтиришар, печкага яқин жойда деворга елка тираган
Омонқул эса эси оққан кўйи бир нуқтадан бош кўтармасди.– Кейин нима бўлди? – ҳовлиқади Қудрат.– Худо хоҳласа, агар ўлмасам, унинг қабрига бориб зиёрат қиламан. У яхши
кўрадиган кўлни ҳам кўраман. Бобосининг ҳовлиси, жуда гўзал уйи бор эди.
Омонқул қишлоқдан узум олиб келарди. Тойпи деган узум бўларкан, шундай ширин
узумки, бунақаси ҳеч жойда йўқ… Кейин улар майиз ҳам қилишади. Бунақанги
майиз дунёда йўқ, – деди аёл. Шу маҳал рассомимиз ўрнидан сапчиб туриб кетди:– Ким дедингиз? Ким? Омонқул афғонни айтяпсизми? У тирик-ку! Тирик. Ўтган
ойда ҳам қишлоққа борганимда балиқ овига чиқувдим, Омонқул афғонни кўрдим.
Уйининг олдидаги ўриндиқда қимир этмай кўлга термилиб ўтирарди. Бечора
озгина ҳалигиндақа, одамовироқми-ей, ўзи билан ўзи бўлиб қолган, деди.
Ўз ҳикоясидан ҳаяжонланиб, титроққа тушган режиссёр пиёладаги совиб
қолган чойни ҳўпларкан, тош қотиб турган давра аҳлига зимдан боқиб, қаттиқ
таъсирланди. Гапда давом этди: – Рассомимизнинг бу гапидан сўнг аёл тугул мен ҳам карахт бўлиб, тош қотдим.
Бечора аёлни қўяверинг, ўзини йўқотиб, из-из йиғлайди, бир маҳал рассомни қучиб,
дағ-дағ титраб, сўрай бошлади: “Чиндан ҳам у тирикми, ўлмаганми, тирик бўлса
нега хабар олмади, нега мени сўраб келмади, нега, нега, нега?” Хуллас, аёлнинг
хонасида қиёмат қўпди. Уни базўр тинчлантирдик. Ўзим ҳам бўларимча бўлдим.
Роса эзилдим. Акамизни яхши кўраркан. Менга тайинлади, бориб ўз кўзингиз
билан кўриб, менга хабар беринг, иложи бўлса, видеоқўнғириоқ орқали мени унга
улаб беринг, деб илтимос қилди. Афсус, сизларда интернет ҳам ишламасакан.
Уй ичи сукунатга ғарқ. Ҳамма жим. Меҳмон жилмайди:– Яна бир сюрприз бор, – деди у. – Буни аёл келганида биласизлар. Шундай
гаплар.
Ҳамма жим. Бир маҳал Омонқул ўрнидан шахд билан туриб кўчага отилиб
чиқди-да, кўл томонга югурди. Шу даражада қаттиқ уввос тортдики, осмон қоқ
ёрилиб, кўл устини қоплаган музлар тарсиллаб-тарсиллаб чилпарчин бўлиб, синиб
кетаётганди, гўё. Омонқулнинг ичидаги тош-метин музлар ҳам шу ўкирик зарби
билан ташқарига отилиб чиқаётган, акс-садоси ҳув Вахшивор тоғларига бориб
урилаётганди. Қудрат самоварчи қулоқларини беркитиб олди. Уйчадан чиқиб
қўшнилар кўл томон югуриб бораётган, дунёнинг даҳшатли чинқириғига айланган
Омонқулга тикилиб қолишганди.
Орадан икки кун ўтиб қишлоқ аҳли Қрим томонлардан келадиган аёлни, шу
қишлоқнинг гўзал келини Расидани кутиб олишга ҳозирлик кўрарди. Қудрат
самоварчига эса Валижон режиссёрнинг: “Яна бир сюрприз бор, уни аёл келганида
кўрасизлар, бу сир, айтолмайман, Расидахонимга сўз берганман…”, деган гапи
тинчлик бермасди.
“У-у-у уккаарди ули, айтмади-я, яна нима сюрприз экан?..”
Қудрат самоварчи шу савол ғамида тўлғанаётган, аҳли қишлоқ оғзида
Омонқул афғон ва қримлик Расиданинг исми айланаётган, Раҳимбойнинг кенжа
ўғли Даврон – Омонқулнинг жон соқчиси, эпчил ўғлон атайлаб мактабга бормай,
йўл қараган, қариганда эгаси чиқиб қолганидан ғижиниб, қайси бир замонда
Омонқулнинг ўқлови тушган пешонаси тиришган Нурмат эговнинг ич-этини ҳасад
тирнаётган, хотин-халажнинг ғийбати палаҳмон айланаётган, кейинги кўрган
эшитганлари тушми-ўнгми ҳамон англолмай гарангсиган Омонқул ўзини қўярга
жой тополмай турган паллада олис ўлкадаги Расида Тошкентга учиш учун икки
дона авиачипта буюртма берди. Бири ўзига, бири эса жонжигари, қирқ ёшнинг
нари-берисидаги ёлғизгина ўғли Омонжонга! Дабдурустдан Тошкентга учиш
сабабини тушунолмаган Омонжон онасига қўнғироқ қилди: – Тинчликми? Нега менга олдинроқ айтмадингиз? Қизларимга Сочига бирга
борамиз деб, ваъда берувдим. Индинга келинингиз Земферанинг ҳам туғилган
куни-ку!?– Ҳамма ишингни тўхтат! Эртага Ўзбекистонга учамиз. Отангни кўргани
борамиз. – Телефон ортидан онасининг йиғлагани эшитилди.
Ҳа, айни дамда, Қримда онасидан бу хабарни эшитган Омонжон ҳам эсдан
оғар даражада гангиб қолганди. Қўл телефондан эса ҳамон Расиданинг йиғиси
эшитиларди…
…Кўл бўйидаги қишлоқда эса… Катта бир тўйга, ўлмайдиган севги, кўл қаъридан
қайтган муҳаббат тўйига тайёргарлик кўрилаётган эди… Бутун қишлоқ чинакам
мўъжизани кутаётганди.
2022 йил, 4 ноябрь – 2024 йил, 16 март,
Тошкент – Кисловодск
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 3-сон.