
Гулноз МЎМИНОВА – 1978 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг
(ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. “Фасллар шивири”, “Сайёҳ
қушлар”, “Дил синиқлари”, “Чиғаноқ”, “Комета” номли шеърий тўпламлари нашр
этилган.
Муножот
Эй севгили!
Бир ишорасила
Тоғларни тевадек чўктирган,
Вулқонларни Ер белига
Оташ нутфаси каби жойлаган севгили!
Эй, айри оқимларни айрилигича
Ёнма-ён оқизиб қўйган,
Очни очлиги, тўқни тўқлиги,
Борни борлиги, йўқни йўқлиги ила
Синаган, сийлаган севгили!
Эй, нурнинг илк толасига
Субҳ қатрасидан кўзгу ясаган,
Ҳаётни томчига, ўлимни сукутга,
Руҳ қушини тан қафасига жойлаган,
Ҳар умр оғочида бир қушни бўзлатган севгили,
Ҳар жуфт қорачиққа бир армон гизлатган севгили,
Ҳар тирик исёнга бир мозор излатган севгили!
Баданимнинг кўк ирмоқларида
Севгили исмларни кўпдан кездирган,
Хиёнат аччиғин обдон сездирган,
Жонни ҳаётдан бездирган севгили!
Биламан, қачонлардир
Ер белида оташ нутфасин қайнатган
Қудрат бармоғила халос этгайсан
Кўк ирмоқларимни қуритган исмлардан,
Эй, севгилилар севгилиси!..
Ой сояси
Ой сояси – улкан гулмоҳи.
Ялтирагай кумуш тусида.
Тун бағрида ўсган гулларни
Бўш гулдонлар кўрар тушида.
Ой – бир оғоч,
Барглари кумуш,
Оч дилларнинг мангу емиши.
Аёл қадар пинҳон тутилмиш
Унинг ҳам тенг ярим кечмиши.
Озғин бўйним борар эгилиб
Хапамат1им осмон тошидан.
Айтолмовдим тилим тутилиб,
Мен ёт эдим Ерга бошидан.
Сабрнинг бор косаси синди
Тўрт тарафим парча, синиқлар.
Ёр отини англатмас энди
Юракдаги руний битиклар.
Кетмакдаман оғиб, туртиниб,
Сувим – ёмғир,
Озиғим – армон.
Энди чиқа кўрма қаршимдан,
Мусаллом – ўт,
Қиблам – пушаймон.
Ой сояси – улкан гулмоҳи.
Сув қўйнига кирган халоскор…
Гулмоҳининг шаффоф қорнидан
Пичирлагум:
“Сенга Худо бор…”
Аёл қўшиғи
Йилдирим фурсат учирган ёшлигим,
Бошга не келса кечирган ёшлигим,
Ўзни кечмишга кўчирган ёшлигим,
Кўр, увол қолмиш шитоблар ўтдилар.
Сарвигулга бўй бўларман девдим-а,
Беҳадик, беўй бўларман девдим-а,
Бир жарангос куй бўларман девдим-а,
Тори салқиган рубоблар ўтдилар.
1 Қадимий бўйин безаги.
Долғаландим, етдилар кўпикланиб,
Ё аразлаб кетдилар – кўпикланиб.
Билмадимки, нетдилар кўпикланиб…
Дарё умримдан ҳубоблар ўтдилар.
Думалаган дунё – Ҳайём кўзаси,
Тутган борки, қабул бўлмас рўзаси.
Бўзлатолмас энди унинг бўзаси,
Аср ҳўплаб зўр шароблар ўтдилар.
Гоҳи эра, гоҳида бир он эдим,
Ҳар не эсам-да, шаксиз меҳмон эдим.
Гоҳи йўл барси, гоҳи қулон эдим,
Жонни “тез-тез”лаб тезоблар ўтдилар.
Кўр, увол қолмиш шитоблар ўтдилар…
Ичкари
Жонимни тирноқлаб ўтмоқда кунлар,
Азоби сабоҳу кечимга тушди.
Қавс мўрисидан чиқди тутунлар
Менсираган ғусса ичимга тушди.
“Воҳ, ичим” демадим, кетдим ичкари
Кўрдим, ташқарида нажот йўқ эди.
Эски ғардек маккор ҳаёт қайнарди,
Шафқатсиз халоскор – Мамот йўқ эди.
Ичкари, ичкари, сирли ичкари,
Сурур шовқинидан пинҳон эт мени!
Лаҳм ковлат чилла қудуғи сари
Хилват шаробила меҳмон эт мени!
Битмас дунё ғамин эслатмасин, йўқ…
Ўтингум, кўзимга туширма ёғду!
Офтоб хўп ўқталди оловли юмруқ,
Якканинг дўстидир хилват, қоронғу.
Ризқи лойга тушган қудуқчинг ўзим…
Ичкари!
Хилватим, борим ўзингсан.
Жимман бундан буён, охирги сўзим:
Қирқ йилда қовушган ёрим ўзингсан.
Ичкари, ичкари, ҳамроз ичкари…
Cари китоб
Келди Нозимнинг китоби
Денгиз иси
Таралди хонамда,
Денгиз бўлиб чайқалди хонам,
Сари бир денгиз бўлиб.
Неча ойки
Юрагим устида
Урчиган капалаклар
Нозим китобига қўндилар,
Қўнган каби сари денгизга.
Сари денгиз,
Сари денгиз,
Долғанг капалакларни ёпмасми?
Нозим китобидан
Чиққан балиқлар
Енгил суздилар
Хастахонанинг оғир ҳавосида.
Нозим, денгиз кўзли Нозим,
Капалакларни ютмасми
Балиқларинг?
Қайиқлар туғди
Нозимнинг китоби
Шоир арвоҳидай
Сарбаст қайиқлар,
Капалакларим
Учиб ўйнади
Қайиқлар орасида,
Хумордан чиққунча ўйнади.
Денгиз деви чиқди
Нозим китобидан
Меҳрибон денгиз деви.
Кўзлари ғамгин эди
Болалигимнинг девона дўсти каби,
Дағал кафтлари
Ер капалакларига интизор.
Сари китобинг ичра
Зиндон ҳам бор, Нозим,
Ўтинаман, чиқарма уни,
Ҳар кимнинг зиндони
Ичида турсин.
Фасл ранги саридир,
Хасталик ранги саридир,
Айрилиқ ранги саридир
Нозим китобининг ранги каби.
* * *
иқрор бўл,
иккимиз аввалбошдан
ошиқлар эмасдик
вақт афсунгарининг
қора цилиндридан
бир пайтда учиб чиққан қушлар эдик
шунчаки
иккимизни боғлаган ришта
муҳаббат эмас
ҳамдардлик эди, эшитяпсанми?
шунчаки бирга ин қурдик
бирга бола очдик
бирга полапонлар учирма қилдик
кунни бирга қаршиладик
жалаларда бирга қунишдик
ўтказдик бир узуун мавсумни
иқрор бўл,
ёрилди дунёнинг ҳамма соатлари:
чорасиз клепсидралар2
занглаб ётар
уммонлар тубида
бирма-бир қулар
дунёнинг ҳамма курантлари
даҳшатли зилзилага йўлиққандай
қумсоатлар аёвсиз сочиб ўйнар
ичидаги зарраларини
фақат қуёш соати қолди
оловли милларила
ҳаётни ўлчаётган қуёш соати…
биз бўлсак
аллақачон ҳаёт эмасмиз,
вақтимизни ўлчамагай қуёш соати
клепсидралар эса
занглаб ётар уммон тубида
Иқрор
Сўзларимга ишон, севгилим,
Энди Дунё ёлғизлигимизни тўлдиролмайди,
Ёлғизлигимизга бас келолмайди дунё.
Ичимиздаги яширин туғённи
Кўп йиллик ярадай кўклаган,
Азоб бераётган туғённи
Бостирмоққа уринар нафсиз…
Боз устига энди қалбнинг қоқ ўртасида
Ёвуз бир ўпқон бор – оғзи ёпилмас,
2 Сув соати.
Бир жарангос куй бўларман девдим-а
Ҳамма осмонларни юборгай ютиб,
Ҳамма дарёларни ичиб тугатар…
Қачондир қушлар эдик, севгилим,
Тонгда уйғониши билан
Қуёшни чўқилаган қўрқмас қушлар эдик
Дунё бизни Кўкдан Ерга,
Ердан сувга туширди
Одамбалиқларга айландик.
Ҳолдан тойдик тескари оқимларда.
Энди сузгичларимиз қанотга эврилмас, севгилим,
Ишон, чора йўқ
Худкуш балиқлардек соҳилга отилмоқдан ўзга
Эҳтиёж
Боларилар ёлғиз куйлаётган
Апрель караокесида
Илонлар рақс тушар
Мавсум ҳовлисида
Сандироқлаб юрар ҳаккалар
Руҳлар боғчасига жамлагай шамол
Оғочларнинг тушган ҳомиласини
Энди уларни аллалайдиган одам керак…
Ҳукм
Сенга жуда гўзал туюлган
Ўша кеч бир одам
Ўзи тутиб олган бахт қушининг
Укпар қанотларин бирма-бир юлмоқда эди:
“Чирт, чирт, чирт…”
Охир яланғоч қолди бахт қуши.
Кейин ўша одам
Қушни учмакка мажбурлади.
Мил тортди ўша кеч
Кўк юлдузларин минглаган кўзларига
Яланғоч бахт қушининг шармисор парвози,
Ер юлдузларин ҳам.
Қайтиб кўргулик қилмасин,
Қайтиб кўргулик қилмасин…
Кўппакча
Юрагинг –
Онанг қорнидаёқ
Кўксингга боғланган кўппакча
Одамларни соғиниб
Ангиллаб чиқар тунлари
Шиқирлайди митти занжири…
Чап кўксингни ғижимлаганча
Дўқ урасан кўппакчага:– Жим бўл!
Барибир сени эшитмаслар,
Пайқамаслар борлигингни.
Ит боласи ит боласи-да…
Гапга тушунармиди
Баттар авжланади
Ангиллай бошлайди кўкка қараб.
Охир бўшатасан занжиридан
Эшикни шарт очиб:– Кет, дейсан,
Даф бўл!
Қайтиб юзингни кўрмайин!
Сўнг шаффоф парда ортидан
Қараб қоласан
Бош урган эшигидан
Кира олмаслигин билса-да
Пилдираб кетиб бораётган кўппакчага.
Кунгабоқарлар
Қуёш табассумли дугонам,
Сен юрган йўлларда очилади кунгабоқарлар
Чағир тошлар қувватлайди қадамларингни
Жавоб берармисан, сўрасам савол…
Фўруғ3 нега борди моховлар орасига?
Эмили4 не учун узлат тобутига тушди тириклай?
Нега Альфонсина5 қўнғир кафанининг этагига
Долғалардан тикди бурмалар?
Айт менга, Гулжамол!
Дунёга сиғмаган бошин Сильвия6
Газ печига сиғдирди қандай?
Касалхона деразасидан термилган Ҳалина7
Севмоқни қандай уддалади?
Нималар ҳақида ўйлади
Худкушлик олдидан ўғлига
Кечлик ҳозирлаган Марина?8
Дидем9 қандай кашта тикди нолаларидан?
Майли, саволларни очиқ қолдирамиз…
3 Фўруғ Фаррухзод.
4 Эмили Дикинсон.
5 Альфонсина Сторни.
6 Сильвия Плат.
7 Ҳалина Посвятовска.
8 Марина Цветаева.
9 Дидем Мадак.
Яхшиси, ҳеч қачон инсон олдида
Отилмасликка қасам ичган фарёдларимизни
Жойлаймиз бир қора қутига.
Кейин кодлаб қўйилган қутини
Олис юлдузларга томон йўллаймиз
Токи милярд йиллар кезиб юрсин
Эврилиб коинот чорловига…
Токи камроқ фарёд чексин Ер аёллари…
Ишон, ҳали рақамланмаган
Сайёраларнинг қудратли мавжудотлари-да
Бизнинг Пандорани очолмаслар
Зеро, калит сўзни Фўруғ, сен ва мен биламиз:
(“Хонэ сиёҳ аст”)
Қуёш табассумли дугонам,
Ўлсам, мозоримга
Кунгабоқарлар билан кел.
Парчаланиш
Тангрининг одатий куни.
Исмим овозингда олтига бўлиниб ётар…
Менинг эса
Қалбимда на ранж, на шафқат, на севги…
Шунчаки унутмоқ истайман барини
Ўзимдан кечиб, дунёдан кечиб
Игнашакл ёғдуга осилиб ўйнагим келар
Болаликда ҳалинчак арқонига осилганим каби
Ғазабнок овозингда гирён қолиб кетган исмим
Ёлворади мени йиғиб ол, дея,
Менинг эса парвойим палак:
Деворга урилган кўзгу парчаларидай
Аёвсиз майдаланган тақдир олдида
Сен нима бўпсан, дейман бўлакланган исмимга.
Сезаманки, аста кўтарила бошлар
Ичимда кулча бўлиб ётган илоннинг боши
Шундоқ ҳам енгил вазним
Яна йигирма бир грамм енгиллашишини истайман
Ўн дақиқа-ю ўттиз саккиз сониялик
Имкон сўрамоқ истагум Абадиятдан.
Альбинослар
Дўстларимга бағишлайман
Бошқаларга ўхшамас асло
Теримиз, кўзларимиз,
Қошу киприкларимиз ранги
Қуёшга тик қаролмаймиз улар сингари
Улғайган чоғда ҳам
Фарқ қилмаймиз дунёнинг соф ва ожиз гўдакларидан,
Қуёшнинг озурда болаларимиз.
Одамзотнинг борки кулфатида бизни айблагайлар
Қачонки етилса бир исён,
Қачонки ҳаддидан ошса бир зулм,
Қачонки бир қурбонлик эҳтиёжи туғилса,
Бизга қадалгайдир ҳадафлар,
Найзалар бизга тўғриланар,
Камонлар тортилар биз томон.
Биз бўлсак
Аниқ кўролмаймиз овчилар юзини,
Ҳужум қай томондан бўлишини чамалай олмаймиз ҳатто:
Шу боис гўдакларнинг кўзларидай
Маъсум кўзларимизни ярим очганча
Кутамиз, сўнг лаҳзани жим кутамиз…
Зотан, бизлар туғилишдаёқ
Ўлимни бўйнига олганлармиз
Ҳаётга жон-жаҳдимиз билан
Тармашиб олмаймиз бошқалардай
Уни озод этажакмиз
“Қўйиб юбор” деган заҳоти!
Одамлар биздан нафратланар,
Биз одамларни қаттиқ севамиз.
Одамлар биздан жирканишар,
Биз қаттиқ интиламиз уларга.
Бир-бировга жўр бўлганча
Қайта-қайта ўтинамиз одамлардан:– Гўдакларни чавақламанг!
Қизчаларни зўрламанг!
Шаҳарларни ёқманг!
Раҳмингиз келсин ҳар шом
Шаҳид Ғазо рангида ботаётган Шафаққа …
Даҳл қилманг мазҳабларга, эътиқодларга…
Яхшиси, бизни танланг қурбонлик учун
Овчи йўлланг ортимиздан Африка шаманларидай
Зотан, бизлар одам эмас
Альбинослармиз!
* * *
Севги
Кўпинча диалогни,
Баъзан монологни севар
Монологни сева бошлаганида
Уни тарк этган маъқул
Илло ҳар қандай монолог
Бир буюк жимликнинг ибтидосидир
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 3-сон