
Икром ОТАМУРОД – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. 1951
йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика
факультетини тамомлаган. Шоирнинг “Вақт ранглари”, “Жануб қушлари”, “Тўрғайли
манзиллар”, “Уфқлар орти бепоён”, “Узоқлашаётган оғриқ”, “Сопол синиқлари”, “Сен”,
“Ичкари ва ташқари”, “Руҳимнинг қайғуси”, “Канглум, ўзинг”, “Тавр”, “Тағаззул”,
“Харитага тушмаган жой”, “Ҳувийят” шеърий китоблари чоп этилган.
Ватан – руҳият ҳодисаси. Шундай экан, уни таниш ва уни суюш ҳам руҳиятнинг
муқаддас ҳодисаси. Ёлғизоёқ йўллардан бошланган мурғак қадамлар, кичкина
орзулардан ҳаракатга келган мўътабар мақсадлар кенглик дейилмиш, буюк
майдонда макон бунёд этади. Унда бирлашади. Бу буюк майдон, тасаввуримча,
руҳиятдаги Ватан тимсолида ўзининг шакли шамойилини топади. Шу жойда,
Ватаннинг фикримизга қаттиқ ўрнашиб қолган, фақат жуғрофий ҳосила эмаслиги
пайдо бўлади. Ва, у масалага чуқурроқ нигоҳ ташлашга даъватлайди. Дарҳақиқат,
Ватан нафақат бизнинг атрофимизни ўраб турган нарсалар, нафақат жисмлар, Ватан
нафақат ёнимизда кечаётган воқеалар ёки содир бўлаётган ҳодиса-ю ҳаракатлар,
булар бор-йўғи моҳиятнинг ташқари жиҳатлари. Ватан дейилмиш вужуднинг
назаримизгагина ташланиб турган, нигоҳларимизгагина кўриниб турган жиҳатлари
ила тарзлари, холос.
Аммо, Ватан дейилмиш ҳосиланинг яна бир жиҳати бор. Яна бир тарзи бор.
Аслида, ўша жиҳат билан, ўша тарз билан асосий моҳиятдир. Нигоҳлар силсиласини
бирлаштирган, туб ҳалқа ўшадир. Ўшадир назарлар тизимини марказлаштирган
мустаҳкам тўға. Шу боисмикин, уни шунчаки илғаш мушкул. Шунчаки, тасаввур
қилиш қийин. У чинаккам идрок билан ҳис қилинади, заковат билан англанади,
туйғу билан сезилади. Бу, ўша юқоридаги қадр, қалбдаги иймон, руҳиятдаги
эътиқод. Буни сезишнинг воситаси илм билан қувватланади, тафаккур билан
мустаҳкамланади.
Бугун истиқлол манзилида эканмиз, уни энг аввало, тафаккур суви билан
қондириш лозим. Бунга катта эҳтиёж сезилмоқда. Негаки, бундай ўтиш жараёнида
нима муҳим, нима номуҳим эканлигини фақат чуқур ақлу идрок билан, теран фаҳму
фаросат билан ажратилади. Кечиладиган нарсадан вақтида кечилиб, танланадиган
нарса вақтида танланмаса асосий мурод қоришиб қолаверади. Синовдан ўтган,
кузатувларда кўрилган шундай бир хулоса бор. Ҳамишаям ҳаво ўзгариб, шамол
эсганда ёки довулу тўзон турганда, ҳавога, осмону фалакка биринчи бўлиб,
енгил нарсалар кўтарилади. Чангу ғуборлар юзага чиқади. Асил, томири берк
жисмлар эса, илдизига суяниб, мустаҳкам заминда вазмингина тураверади. Чунки,
уларнинг таянчи замин. Бугунги ҳолатни кузатар эканман, негадир хаёлимдан
мазкур қиёс ўтаверади. Фикр қиламан. Хусусиятларнинг замирига қачонким, илм
ила тафаккур, маърифат ила зиё маҳкам жойлашсагина ҳар қандай ўзгариш ҳам,
янгиланиш деб аталган қутлуғ ният ҳам юзаки, расмиятчиликнинг навбатдаги бир
кўринишига дўниб қолаверади. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб фикр юритилса,
миядаги қурумни, юракдаги зангни кетказмасдан туриб, руҳият иқлимларига пок
ҳаволарни йўналтирмасдан туриб, истиқлол мақсадини камолга етказиш мушкул.
Мен бу ерда маънавий камолотни назарда тутаяпман. Сабаби, биз ҳозирда кўпроқ
моддий, иқтисодий қийинчиликлар доирасида ўралашиб қоляпмиз. Маънавий
кемтикликни эса, деярли эсдан чиқариб қўяпмиз. Бутун фикри-зикримиз моддиятга
йўналтириляптики, бу ҳодиса маънавият томирини борган сайин ожизлантираяпти.
Унутмаслик керак. Ривож ҳам қўшалоқ. Танқислик ҳам қўшалоқ. Шунинг учун,
эндиликда истиқлол маънавиятини ҳам ўйлаш керак. Истиқлол руҳиятини
тарбиялаш лозим. Бу маънавиятнинг камолоти билан боғлиқ жараён. Бунинг
учун, руҳни энг аввало, фикрсизлик мустамлакасидан, билимсизлик қопқонидан
қутқариш зарур. Билимсизлик кўп ёмон, буни ўтмиш донишларимиз хўб оғриниб
оғриниб қайд қилганлар. Фикримни мустаҳкамлаш сифатида, шу ўринда аллома
Алихонтўра Соғунийнинг бир ҳикматларини келтириб ўтишни жоиз санадим. Ул
зот ўзларининг “Туркистон қайғуси” номли хотира-асарларида шундай битикни
ёзиб кетганлар:
“Кофирлик ёмонми, билимсизлик – тушунмаслик ёмонми? Бу саволга энг
улуғлар, пайғамбарлардан бошлаб, барча билимли донишмандлар билимсизлик ва
тушунмаслик куфрдан ҳам ёмонроқ деб, жавоб берганлар”.
Эҳтиёж фарзанди бўлмиш одамзоднинг чинакам хазинаси – руҳининг
бойлигидир. Табиатда бўлгани сингари ҳар бир одамнинг кангулда ҳам, ундан
пайдо бўлган миллатнинг руҳиятида ҳам ўзининг муқаддас бойлиги ҳисобланган
ғурур, қадр Ватан, тил, истиқлол тамойилларида зуҳур топади. Албатта, тафаккур
қудрати билан, маънавият хусусиятлари билан, маърифат чироқларидан таралган
нури зиёлари билан миллатнинг иззати барқарор бўлади, одамнинг ўзлиги ўсади.
“Инсоннинг кимлигини нимани англашига қараб, билиб оламиз”, деган эди
ҳинд мутафаккири Робиндранат Тагор.
Маълумки, жамиятни янги одамлар янгилайди. Ҳадиси шарифлардан бирида
шундай ҳикмат асосланган: “Бирор тоғни ўрнидан бошқа жойга кўчибди деб
эшитсаларинг, унга ишонаверинглар, аммо, бирор кишининг хулқи ўзгарибди
деб эшитсаларинг ишонманглар, чунки, у, албатта, туғма феълига қайтур”. Бу
ҳикмат одамзоднинг феъл-атворига доимо фурсат кутиб, биқиниб яшайдиган,
имкон пайдо бўлиши билан рўёбга чиқадиган қусур хусусидаги огоҳга ўхшайди.
Таассуфлар бўлсинким, муайян бу фазилатлар борган сайин сийраклашиб, камайиб
кетяпти. Кангулларни тарк этаяпти. Руҳдан ўгайланиб қоляпти. Борди-ю, бу жиҳат
чинаккам иззатга, улуғлар руҳларига билдирилган, кангул мулки бўлган ҳақиқий
ҳурматга айланса қани эди? Йўқ, у аъмол тақозоси тарзи бўлиб қоляптики, бу
одамни ачинтиради. Халқимизда бир гап бор. Ҳамма нарса, аввало, кангулда
бўлиши керак. Бу худди аждодларга ҳурмат билдириш шаклида айтилгандек.
Ҳақиқатан ҳам, кангулда яшаган ҳурмат барқарор бўлади. Қалбга нур бўлади.
Руҳда шакл топади…
Афсуски, жамият зиёлига ҳамиша бефарқ, беэътибор муносабатда бўлиб келган.
Бундайин ҳолат янги кузатувда ҳам мавжудлик сездираяпти. Шунинг оқибатида
бўлса керакким, бугун илмга иштиёқ, фикрга иштиёқ сусайиб боряпти.
…Фазилатлар – миллатнинг ибтидоси ва интиҳоси орасидаги энг азиз, муқаддас
туйғу. Аниқроғи, руҳий озодлик. Миллатнинг аҳволотини умумий савия, умумий
даража белгилайди. Баъзи-баъзида ўйлаб қоламан. Фазилатларга йўл солган
халқнинг илмга қизиқиши нега сусайиб кетяпти? Аждодларимиз руҳига яқин
бораяпмизми ёки кун ўтган сайин узоқлашаяпмизми? Яқинлашганимиз нималарда
намоён бўлаяпти, йироқлашаётганимиз неларда содирлик кўрсатяпти? Назаримда,
фазилатларга нисбатан муносабатда аждодларимиздан йироқлашяпмиз? Илмга
ҳавас, уни билишга интилиш бобида узоқлашиб кетяпмиз? Бир гуруҳ зиёлиларни
бир ёнга қўйиб, умум ҳолатдан келиб чиқилса, аччиқ эрсада, тан олиш жоизки,
маърифатдан, аждодлар тафаккур оламидан узоқлашяпмиз. Аждодларимиз руҳи,
қадри маълум саналар, муносабатлар боиси билан ўтказилаётган тадбирлардагина
эсланиб қолмасдан, миллатга мансуб ҳар бир кишининг кангулидан макон топиши
керак. Таъбир жоиз бўлса, боболаримиз тафаккур оламини идрокнинг алжабрига
менгзайман. Алжабрнинг мағзини чақиш, унинг маъносига етиш учун, албатта,
арифметика деган босқичдан ўтиш лозим. Шу сингари боболар закосини тушуниш
учун ҳам, катта қувваи ҳофизага, тайёргарликка, билимга эга бўлиш керак.
Шундагина, у оламга кириш мумкин.
Бу ҳам жамиятнинг илмга, зиёлига эътиборсиз муносабатидан туғилаётган
содирликдир. Чунки, кангуллар мулкида маърифат ёғдуларидан кўра кўпроқ нафс
очлиги ҳукм сурмоқда.
Ачинарли томони шундаки, бундай жиҳат асосан, айни билим ва ҳунар эгаллаш
ёшида бўлган ўсмирлар орасида авжига чиқмоқда. Улар маърифат томон эмас,
аждодларимиз мерос қолдирган ахлоқий фазилатлар томон эмас, балки нафслари
томон интилаётгандек таассурот пайдо этади.
Китоб варақлаб тургани эса ундан ҳам камроқ. Ўзи, ҳозир китобни нашр этилиши
мушкул бўлиб турган кезда, китобни қадрлаш муаммоси ўйлантирадиган жиҳат.
Истиқлолни қорин тўйғазиш билангина, эгнини бут қилиш туйғуси билангина,
маишат қилиш ҳисси билангина, олиб-сотиш манфаати билангина жорий этамиз
деган ўй замирсиз гапга ўхшайди. Истиқлол – фикр билан, маърифат билан,
ахлоқ билан бунёд этиладиган иморат. Фикр ила маърифат илм фарзанди. Китоб
ўқийдиган дўст – ноёб мўъжиза.
Эрта бир кун миллатнинг бастини ана шу жуссаси синиқ, эгни юпун
зотлар кўтаради деган хаёл хотирамдан бот-бот ўтади. Уларнинг тобора сийрак
тортаётганидан эзиламан. Ваҳоланки, истиқлол шундайларга йўл очиб, шундайларни
қадрлаши керак. Уларга шарт-шароит яратиши лозим. Чунки, аждодларнинг
муқаддас меросларини шундайин имкони қисқа, фикри улуғ инсонлар асрайди
ва келгуси авлодларга эсон-омон етказади. Фикр руҳдан-руҳга ўтгувчи ҳаракат
чизиғидир. Маънавиятни эса адабиёт камолга етказади. Тарбиялайди. Буни
адабиёт англатади, руҳият кечимларини уйғотади, чироқларни ёқади. Миллий
маърифатни ва миллий маданиятни ўргатади. Миллий хотирани тиклайди, уни
авайлаш, асрашга ундайди. Миллатни, халқни, Ватанни, тилни маърифат аъмоли,
фойда илинжи билан эмас, балки, руҳ қувват берган ақл-идрок билан суйиш керак.
Бунинг томири эътиқодда. Фикр – миллат руҳининг пойдевори, устуни, муайян
ижобатидир. Ватанни эътиқод улуғлик маснадига кўтаради. Миллатни тафаккур
асрайди.
Булар кичкина кангулда вояга етади. Кангулнинг чинаккам хотираси чўкмасин.
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 2-сон