
Алиқул ХОНИМҚУЛОВ – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Дўстлик”
ордени билан тақдирланган. 1955 йилда туғилган. Тошкент давлат университетини
(ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган. “Сенга айтар сўзим бор, ҳаёт!”, “Ўзим ўпай кўзингдан
Ватан”, “Ёмғирни соғинган одамлар” номли китоблари нашр этилган.
Итни Чақирда ёмон кўришарди. Эл итдан ҳам кўра эгаси Турот чавандозни
хушламас, уни ёзғиргани-ёзғирган эди. Букри тол кенг, мўл соя солиб турган
чойхонада қачон қараманг ит билан Турот чавaндознинг ғийбати урчирди. Олабай
баҳайбат эди. Кўзчил одамлар, синчков одамлар уни олти пуддан зиёд бўлса зиёдки,
кам эмас дейишарди.
Зоминдаги Асрорқул чўпондан ана туғаман, мана туғаман дея, елин кўрсатиб
турган бир нечта совлиққа айирбошлаб келтирилган ит бир йил ўтар-ўтмасдан
ўзини кўрсата бошлади. Чақирга ҳадеганда йўртиб келадиган бўриларнинг қадами
узилди. Дайди итлар ҳам қишлоқни айланиб ўтадиган бўлди. Tонгда капкирини
қўлтиғига қистириб, наҳор ош пиширишга бораётган Ниёз ошпазнинг илкидан бир
тишлаб, қўйиб юборгач, Турот чавaндоз итга ўқрайиб қаради: “Бас! Энди жойинг
қафас!..” деди.
Заранг ерга қабатма-қабат қилиб, иккита йўғон арматура қоқилди. Уларнинг
ерга кирган қисмига мўлгина қилиб бетон қуйилди. Ана шундай қозиқ бир метр
нарига ҳам ўрнатилиб, бетон билан ўраб-чирмаб қўйилди. Уч кун ўтгач қўни
қўшнилар билан “Олдик, кўтардик…” дея учта қозиқ қоқилган майдонча устига
пахта терадиган машина бункерини ўрнатишди. Ҳўжамушкентлик Олим овчига
машина жўнатилди. Уйқу дори билан тўйинган ўқ итни суллайтирди-қўйди. Кейин
хўжалик устахонасининг чилангари итнинг бўйнига иккита қайишни қатма-қат
сириб боғлади. Ўта пишиқ, чайир қайишларга темир занжирлар бирлаштирилиб,
қўш қозиққа илдирилди. Итнинг белидаги қозиқ ҳам ана шундай “сийловларга”
муносиб кўрилди. Орадан анчагина вақт ўтгач, Олабай аввал лабларини қимирлатди.
Кейин тумшуғи атрофидаги ҳаволарни искалади. Ана ундан кейин орқа оёқларини
букиб-ёзиб, керишмоқ ҳаракатида бўлди. Ўрнидан туриб, бутун танасини
силкитиб-силкитиб қўйди. Қора товоқдан сув ичаркан, думини ликиллатиб, ҳолига
баҳо бермоқчидай бироз жим қолди. У ёққа қаради, бу ёққа қаради. Занжирларини
шиқирлатиб темир қафасдан чиқмоқ истагида бўлди.
Турот чавандоз, Олим овчи ва қўни-қўшнилар итга илжайиб тикилиб туришарди.
Ит жон-жаҳди билан ҳураркан, одамлару темир қафаслар кўзига жуда-жуда хунук
кўринди. Уч кун давомида туз тотмади. Олабай аразлади. Қип-қизил тилини ариқча
қилиб сув ичарди-ю, таомга қарамасди. Тўртинчи кунга бориб итнинг ғуруридан
путур кетди. Товоқдан аввал гўштли суяк олиб ғажиди. Кейин картошка билан
макаронни ҳам тузуккина иштаҳа билан ея бошлади.
Ит одамлару темирларни кўргани кўзи йўқ эди. Ғажиб ташлай, деса учта занжир
бели-ю бўйнини бўғиб турарди. Оқшом чоғлари у бўйнини тинмай айлантирар,
қайишларини узиб-юлқиб ташлаш пайида бўларди. Орадан уч ой ўтгач итнинг
назарида қайишлар бўшашгандек, чўзилгандек туюлди. Бу орада бўйи ўсиб, вазни
ҳам ортди. Кучга тўлди, ҳар юлқинганда, ҳар ҳурганда кўз томирларига қон тўлиб,
уни ўта ваҳимали кўрсатарди. Қишга бориб қайишларнинг бири узилиб кетди.
Итга овқат берадиган молбоқар буни пайқамади. Рости, ит бўйнидаги қайиш билан
унинг неча пуллик иши бор! Сувни қуйса, овқатни итнинг оғзи етадиган жойга
туртиб етказса, бўлди.
Икки кун ўтгач, яна бир қайиш узилиб тушди. Ярим тунда қайрила-қайрила
ит белидаги учинчи қайишни ҳам ғажиб ташлади. Бункер четини ковлаб, тонг
қоронғисида ҳовлига чиқди. Эндигина “пишак изи” бўлиб қор босган тоққа томон
лўкиллаб кетди.
Турот чавандоз бу паллада Тошкентда даволанаётган эди. Бир ойлик меҳмонга
келган ўғиллари ва келинлари маслаҳат қилиб, ит ҳақида сўз айтмасликка келишиб
олди. Бир ҳафталардан сўнг у даволанишни туман марказидаги шифохонада давом
этказди.
Қўл узатсанг бармоқлари кўкламни силайдиган бир паллада Турот чавандоз
Чақирга қайтди. Жанжал катта бўлди. Косалар бўлакларга бўлинди. Юпқа экранли
янги телевизор ҳовлига улоқтирилди. Ошхона ойнаси офтобадан чил-чил синди.
Ўғилу келинларининг бири молхонага яширинди, бири томнинг тепасига чиқиб
кетди. Фақат Жамшидгина ҳовли ўртасида қўлларини курткасининг кисcасига
тиққанча дадасига боқиб турарди.– Тўғри, мен каттангизман. Итнинг қочганини айтишим керак эди. Аммо менга
ҳам, укамга ҳам соғлиғингиз керак. Бирда эмас бирда, бу ит кимнидир қорнини
ёриб, бошимизни балоларга қолдиради. Сизга шу ташвиш керакми?
Қўчқор отасининг уйига тонгга яқин келди. Бу пайтда сада ва ўрик шохлари
орасида қирғийлардан паноҳ топган чумчуқлар ёришаётган уфқдан хурсанд бўлиб
онда-сонда чирқиллашарди. Кўп ўтмай очиқ дарвозадан отилиб чиққан қалдирғочлар
капалагу олтинкўзларни тутиб уяга қайтди. Ҳар иккиси галма-гал полапонларига
егулик улашди. Бостирмадаги тарғил сигир боласини қўмсаб маъради. Бузоқча ҳам
онасига интилиб, ингичка ипини узмоқчидек чирана бошлади.
Ўғлини кўрган Саид ҳожи ҳовли ўртасида туриб қолди.– Ие, Қўчқор, болам, сотиб олган ҳўкизчанг қани? – деди.– Картага тушдим, бобой… Гапни чуватмай соққадан чўзинг, пулимни қайтариб
ютиб оламан.– Нималар деябсан, болам? Бор пулимни қўлингга тутқазган эдим, картага
борма, дея зорланганим қаёқда қолди? Қудаларга жонлиқ олиб келаман, дея лафз
қилгандим…– Эй пахан, қимирла, пулни чўз. Ёшгина хотинчангга ойда биттадан кўйлак
кийдиргунча, ёлғиз ўғлингни ўйласанг-чи, миясини еган чол.
Уйдан қизил кўйлакдаги дуркун бир аёл ҳовлига чиқди.– Қўчқоржон… Уйга кириб бироз дамингизни олинг. Унгача аччиққина мастава
қилиб бераман. Отангиз ҳам таҳорат қилиб, намозини ўқиб олади.– Сен товуқмия, ичкарига кир, ўзинг дамингни ол. Ота-боланинг орасига туша
кўрма. Бобой, пулдан чўз, бошқа гап-сўз керакмас!..– Э, тилингни илон чаққур! Нега мени сенсирайсан? Пулим йўқ дедим-ку!
Ҳовли ўртасида қўлларини мушт қилиб турган Қўчқорнинг қаҳри қўзғади.
Чолнинг қўлидан обдастани юлқилаб олди-да сув тўла идиш билан бошига урди.
“Вой-вой”лаган чол булғор қалампир пайкалининг ичига йиқилди. Бошидан
тизиллаб қон отила бошлади. Аввал бир қўли билан, сўнг икки қўллаб бошини
ушлаган қария ёнбошлаганча ҳириллай кетди.– Нима қилдингиз, Қўчқор? Отангизни ўлдирмоқчимисиз? Ҳозироқ дўхтирларга
телефон қилинг. Бўлмаса ундан айрилиб қоламиз. Қонни қаранг, қонни!
Чол оғир нафас олар, титрар, чап оёғини букиб, ёзарди. Қўчқор “Тез ёрдам”га
эмас, узоқроқ қариндоши Шарифжонга қўнғироқ қилди. Кўп ўтмай уларникига
етиб келган танишлари чолнинг бўйин томирига икки бармоғини қўйиб турди-да,
“Иш чатоқ”, дегандай бош қимирлатди.– Нима қилдик, Ички ишларга қўнғироқ қиламизми?– Акажон, тасодифан шундай бўлиб қолди. Менга ёрдам қилинг, ахир
жигаримсиз!
Бетон йўлакка йиқилиб, чолнинг боши ёрилган, деган ташхис билан мурдани
туман марказидан қайтариб келишди. Пешин намозидан сўнг қотил ўғил қўлида
нобуд бўлган қарияни жойига қўйишди.
Айвонга уя қурган қалдирғочлар, эндигина темирқанот бўлган болаларини олиб,
қайларгадир учиб кетди. Одатда улар саратон адоғида ҳам тухум очар, кўча-ю боғ
роғлар аро тинмай чарх урарди.
Қўчқорнинг уйқусидан ҳаловат қочди. Босинқираб уйғонадиган қилиқ чиқарди.
Тушларида бир кўзи очиқ, бир кўзи ёпиқ отасини кўриб, қора терга ботиб кетарди.– Агар чурқ этиб тунов кунги воқеаларни тилга олгудек бўлсанг, ўлдим деявер!
Фалокат юз берди, буям бир кўргилик экан, дегудек бўлсанг сен билан ишим
йўқ. Мана уй-жой, мана боғ-роғлар… Акангникидан бирорта қиз жиянингни
олиб келиб, иккаланг шу ерда кун кўравер. Мабодо миянгда ўзга фикр бўлса,
янгаларинг ҳузурига жўнатаман. Қани, неча кун сенга чидаб, тишларини
тишларига қўйишаркин?
Аёл жим турарди. Рўмолининг бир учини тишлаб, кўзёш тўкаркан, бўлали
бўлали кўкраклари кўтарилиб тушар, энтикиб-энтикиб нафас оларди.
Қўчқор ўзининг гапини охиригача эшитмай уйдан чиқаётган аёлнинг бели-ю,
болдирларига суқланиб қаради “Индамасам эрта-индин кимнингдир қўйнига
киради. Боши очиқда, боши очиқ! Бир ой чидар, нари борса икки ой чидар. Кейин
ичидаги шайтони бош кўтариб, уни минг битта фаҳш кўчасига бошламайди, дея ким
кафиллик беради? Уни асло қўлдан чиқазмаслигим керак. Нима, мени эмизибдими,
иштон-кўйлагимни ювибдими?”
Салимбойнинг ҳовлиси-ю қўраси Бўрижарнинг тепасида жойлашган. Қишнинг
аямажиз кунларини айтмаганда, қўй-қўзилари дала-даштлардаги усти ёпиқ
қўраларни ўзларига макон тутади. Илиқ-иссиқ кунларда эса чўпон-чўлиқлар
қўйларни сада-ю, арчалар соя ташлаган жойларга ҳайдашади. Салимбойвачча
радио телефон орқали уларга қўнғироқ қилиб, отарлардаги аҳволни билиб
туради. Катта чўпон Намоз полвон Салимбойнинг бу бевақт суриштурувларидан
аллақачон безиб кетганди. У гоҳ лаб бурар, гоҳ четга тупурар, гоҳ бармоғи билан
пешонасига нуқиб, Салимбойнинг афт-башарасига ўхшатмалар қилиб берарди.
Чўпонлар биқинларини ушлаб, кафтлари билан тиззаларига шапатилаб, мириқиб
кулишарди.
Агар икки-уч нафар чўпонни айтмаганда, қолганлари бу даргоҳда бир-икки
йилдан ортиқ туролмас, ҳақ борасида чиққан жанжал туфайли бошқа отарларга
ўтиб кетишарди.
Бу ҳолдан Салимбой на нолир, на хафа бўларди. Даштда иш қидирган, нон
қидирган подачи-ю, чўпонлар сероб.
Салимбой ўта қув кимса. Қўйларнинг сонини сўраб, қўл остидагиларни ҳолу
жонига қўймасди. Улар билан обдан тортишгач, гўё яширинган, саноқдан қолиб
кетган қўйни топгандай бўларди-ю, оғзи қулоғига етарди.
Ўрта бўйлик, қориндор, юрганда икки оёғи икки жойга қийшиқ тушадиган,
бит кўз одамни кўз олдингизга келтиринг. Салимбой деганимиз шу киши бўлади.
Хотини ўлгач бирор ўн беш, йигирма чоғли бева аёлларга, эрдан ажраган жувонларга
одам қўйиб, уларнинг баридан рад жавобини олди. Уни зиқналикда, тийинни
тишида тишлаб юришда, қолаверса, ўта кўримсизликда айблаб, совчиларни ортга
қайтаришарди. “Совчи бўлмай ўл, ҳамманг! – дерди тутаққанча Салимбой. – Нима
бало, тилларингга омбир солинганми? Беш-олти минг ушшоқ молиму, юзлаб сигир
ҳўкизимни гапириб, ўша аёлларни ўзини, қавму қариндошини жойига михлаб
ташламайсанми? Тили танглайига ёпишган сен гап билмасларга биттадан қўчқор
атаб ўтирибмана! Садқаи жонлиқ сенларга!”
Самандар Зулайҳонинг шаърий эри ҳисоблангани билан улар алоҳида-алоҳида
яшашарди. Эри Ўриссиядаги Бойкўл яқинидан уйланиб, қизчали бўлгач оддий
салом-аликларга ҳам чек қўйилди. “Ўша татар хотинингиз билан бўлаверинг… Биз
томонларга элтувчи йўлларни унутинг”, деди жувон бутун ғазаби-ю, нафратини шу
сўзларга жамлаб.
Самандар тушмагурга бу тиғли гаплар чумоли чаққанчалик таъсир қилмаганди.
У ўғлини кўргани мактабга борар, йўлда пойлаб турар, баъзан эса юрагидаги
ғурурни қайгадир ирғитиб, Зулайҳонинг вагон дўконига келиб қоларди.
Буни қарангки, Самандарни кўриши билан Зулайҳо радиосини бор овозда бураб
юборарди.– Сигаретнинг тўрт донаси минг сўм, бир халта нос минг сўм, совуқ минерал сув
икки минг сўм, “Cоcа-Cоlа” олти минг сўм, биляшнинг гўштлиси уч минг…
Зулайҳонинг радиодан жаранг сочаётган овози ҳадеганда тинмасди. Самандар
кафтларини пешонасига айвон қилиб, ойнадан кулиб қараб турарди. Ўғли Умиджон
онасидан яшириб гоҳ қўлларини кўтарар, гоҳо кўзларини қисиб, дадаси билан
саломлашгандек бўларди.
Жувон, “Бу одам яхшидир, ёмондир боламнинг отаси бўлади. Ачомлашса
ачомлашар, ўпишса ўпишар, бир одамгарчилик қилиб индамайман”, демасди.
Юрагидаги нафрату алам булоқ бўлиб, вулқон бўлиб чор-атрофга отилиб турарди.
Радиодан таралаётган эълонлар қайта ва қайта такрорланарди. Дам олишу нафас
ростлаш нималигини билмасди. Ҳар гал Зулайҳонинг инсофга келмаганлигини
кўрган Самандар ноилож машинасига ўтириб, итхонасига жўнаб кетарди.
“Қадим дўстлар” деб аталувчи итхона бадбўй ҳидлар макони эди. Атрофи сим
тўрлар билан яхшилаб ўралган маскан ишчилари бу ҳидларни ё сезмасди ёки сезса
да писанд қилишмасди. Итхонанинг ўзига хос ажабтовур қонун-қоидалари бор
эди. Кечқурун барча жониворлар иккита темир қувурдан тушаётган сувлар остига
югуриб бориб чўмилишарди. Акс ҳолда, таёқнинг зарбини татиб кўришарди. Итлар
чўмилаётган вақтда узун темир идишларга овқат солинарди. Итлар чопа-чопа, бир
бирларини нари-берига турта-турта, талашиб-тортишиб бўлка нон аралаштирилган
макарон ейишарди.
Қишлоқнинг ўзида бинойидек уйи бўлатуриб, кечаси-ю, кундузи итхонадан
бери келмайдиган йигитнинг одатларига чақирликлар ҳайрон эди. Самандар
итларини бўри ғажиб кетишидан чўчиб яшарди. Баъзан ярим тун, баъзан тонггача
елкасига милтиқ осиб олган йигит “Қадим дўстлар” атрофини айланиб юрарди.
Жониворларни боқадиган, чўмилтирадиган, уларни турли хасталикларга қарши
эмлайдиган кишилар вагонга кириб кетгач, кўпам овозларини чиқаришмасди.
Аммо бу маскан туни билан ҳаловатсизликни бошидан кечириб келади. Тулки,
чиябўри ёхуд ёввойи дала мушугининг шарпасини сезиши билан итлар ҳамжиҳат
бўлиб шунақаям хура бошлайдиларки, Самандарнинг қаёққадир бош олиб кетгиси
келарди.
Оҳак ишлаб чиқарадиган цехлари, бирқанча мармар конлари ҳамда учта
тўқимачилик фабрикаси мавжуд бўлган шаҳар ҳокими шу итхонани очаман,
деб ярим йил уринди. Ўриссиядан қайнонасини кўчириб келди-ю, Азамат
Қурбоновнинг боши ғурбатдан чиқмай қолди. Кампир тушмагур ит деса, ўзини
томдан ташларди. Товба, бунақа ҳиссиёт, бунақа туйғу ва ачинишлар одамларда
қаёқдан пайдо бўларкина? Иккинчи қаватнинг балконида ўтириб олган кампир
кўпинча дайди итларга нон, калбаса, гўштли суяк бўлакларини ташлаб ўтирарди.
Шаҳар ҳокими бўлмиш Азамат Қурбоновнинг аёли минг тергасин, минг танбеҳ
берсин, кампир тушмагур сира бу одатларини канда қилмасди.
Альфия Мансуровнанинг яна бир ғалати одати бор эдики, буни тилга олмасдан
илож йўқ. У бўш бўлди дегунча кўча-ю-хиёбонларни кезиб, ҳассаси билан туртиб
туртиб, чуқалаб-чуқалаб ўлган жониворларни топиб оларди. Шунда кампирнинг
кўзёшлари дарё бўлиб оқарди. Йиғи-сиғи, хафагарчиликлару тумшайишлар
ҳафталаб давом этарди. – Жестокий одамларга Оллоҳим нариғи дунёда албатта кўрсатади. Уларни дўзах ўтида лов-лов ёндиради.
Бу ҳол бир йилча давом этгач, ҳоким бобо шаҳар четидан дайди итлар
сақланадиган ва боқиладиган маскан очишга қарор қилди. Шаҳар ғазнасидан оз
моз пул ҳам ажратилди. Ободонлаштириш бўлими раҳбарлари бу масканни ишга
туширгунча бўлари бўлди. Шаҳардан узоқдаги қир ён бағрида дайди ва эгасиз
итлар учун бошпана қурилди. Ҳомийлар белгиланиб, бўлажак чиқимлар ҳисоб
китоб қилинди.
Шаҳарда изғиб юрган итлар тутилиб, бу ерга келтирилди. Ўн-ўн беш кун ўзларини
тўрт томонга урган, озодлик нашидасини қайта тотаман, деган жониворлар кўп
ўтмай маскандаги ҳаёт шаҳардагидан ўн баравар яхшилигини сезиб, янги жойга
кўника бошладилар.
Шаҳар ҳокимининг ҳайдовчиси раҳбарнинг қайнонасини ойда бир-икки
маротаба бу ерга олиб келар, паркинсон касаллигига мубтало кампир қалтирай
қалтирай қўлидаги ширинликларни итларга ирғитиб, уларнинг бошини соатлаб
силаб ўтирарди. “Қадим дўстлар” ишчи-хизматчилари меҳмоннинг ғалати
қилиқларини кузатаркан, кетар пайтида кампир уларнинг ҳар бирига уч-тўрт сўм
пул ҳам узатарди.
Одамларга мана шу ҳолат ёқар ва улар буни қадрлашарди.
Лаънати бўрилардан ҳушёр бўлмоқ керак. Ҳокимнинг бўйни қилтанглаб
қайнонасига ёқадиган гапларни айтишлари лозим. Ва икки маҳал пишириладиган
макарон ва гуручли овқатларга туз солишни унутишмаса марра шуларники. Бу
масканда итлар каби бахтли, саодатли яшаш мумкин.
Аввал итхона қурилди. Артизан қудуқлар қазилиб, сув чиқарилди. Итларга таом
бўладиган ёввойи ҳайвонлар сақланадиган молхона ҳам битқазилди. Фақат шу ерда
яшаб, шу ерда ишлайдиган одамларни топиш қийинроқ бўлди. Самандар Азамат
Қурбонов билан учинчи бор рўбарў бўлгач, ниҳоят янги ишга рози бўлди.
“Қадим дўстлар”га овчилар, чўпону подачилар, қолаверса, хонадонига зотли ит
олишни ният қилган кишилар тез-тез келишарди.
Қочоқ Олабайимиз шаштидан тушмай қирларга югуриб чиқди. Зовларга югуриб
тушди. Тепаликдан қараганда “ялтир-юлтур” қиладиган сой сувларидан ютоқиб
ютоқиб ичди. Чақир томон олайиб-олайиб қаради. Ириллаб-ириллаб қўйди.
Кечқурун, айниқса эртаси куни ошқозони таталаётганини сезди. Бу зовларда овқат
нима қилсин? Бўхчали тош қирига чиқди-да, дудмал бир илинж билан Чақирга
тикилди. Ана шунда қулоғига ҳураётган итларнинг овозлари келиб урилди. Қишлоқ
сари бориш ўта хавфли эканини сезиб турарди. Қирдаги харсангтош биқинида
тунни тонгга улаган ит нажот тоғларда эканини тахмин қилди. Ўша томонларда
кўнглига ҳуш ёқадиган ҳидлар бордек эди. Салмоқ билан юриб, тоғларни ихтиёр
этди. Кичик бир қишлоқни айланиб ўтгач, кимсасиз сув тегирмон яқинида учта
ёлдор жониворга кўзи тушди. Икки жонивор қораёлни қувар, тишлар, бўйнларини
бўйинига теккизиб, нимадир демоқчидай бўларди.
Олабай бу уч жонивор ўзига ройиш бермаслигини сезгандай бир муддат тўхтаб
қолди. Аммо унинг юрагида қўрқув йўқ эди. Учовлон буни сезди. Бўрилар оралиқда
беш-олти қулоч жой қолдириб гоҳ ўнгга, гоҳ сўлга сакраб-сакраб қўйдилар. Ит
билан бўрилар оралиғи яқин қолганда ёввойилар қозиқ тишларини кўрсатиб,
бурунларини жийира бошлади. Олабайдан таҳдид сезилмаса-да, бўриларда ҳадик
ва иккиланиш бордай эди. Олабай айиқни эслатар, бўйин ёйлари гоҳ кўтарилиб,
гоҳ тушиб турарди. Панжаларнинг йўғонлиги, қоматининг қурчлиги, ҳеч нарсадан
тафт тортмаслиги бўриларда қўрқув уйғотарди. Бўрилар гоҳ чекиниб, гоҳ ўзларини
олдинга ташлаб итнинг хаёлини чалғитмоқчи бўлди. Қораёл Олабайнинг кўзлари
тобора қонга тўлиб бораётганини кузатиб турарди.
Ит ҳам, бўрилар ҳам энди чекиниб бўлмаслигини, ортда туби йўқ жар
борлигини сезишарди. Биринчи бўлиб урғочи бўри итга яқинлашди. Худди унга
хусумати йўқдай бир муддат атрофида гирдикапалак бўлди. Бу ёлғон муросага
чорлов эди. Белида шапалоқдай оқ жуни бор бўри ана шу лаҳзадан фойдаланиб,
итнинг томоғидан ғарч этиб тишлади. Ит эса икки оёғи билан бўрининг чотига
тепиб юборди. Итнинг тирноқлари чандиру пайлардан иборат бўри бўйнига ботди.
У нолишга ўхшаш товуш чиқарди.
Олабай иккинчи бўридан қутулиш ниятида ётган жойида уч айланиб берди. Бу
ҳаракат тўртинчи бор такрорланганда бўрининг чангалидан қутулганини сезиб,
унинг энсасига тиш ботирди. Сўнг энсага қўшиб, унинг бутун танасини икки ёнга
силкита бошлади. Бу иш шу қадар тез содир бўлдики, жондор на қутулишга, на
овоз чиқаришга улгурди. Олабай айнан шу бўрини бир ҳамла билан қорнини ёриб
ташлади. Жон ҳолатида типирчилаётган жонивор орқа оёқларини бир ёзиб, бир
йиғиб ғингшир, типирчилар ва бўрига хос бўлмаган аянчли бир овоз чиқарарди.
Урғочи бўри бир лаҳза қотиб қолди, сўнг ёш арчалар дуркун ўсган тепалик сари
интилди. У қочиб бораётиб ҳар замон, ҳар замонда бошини чапга бурганча итнинг
ҳаракатларини назаридан қочирмасди. Ўша пайт у юмронқозиқ қазиб ташлаган
тепалик ёнида ерга ётди-ю, човига тиш ботирди.
Буни кўрган Олабай бўрига интилди. Етиб бораркан бўрини бутун гавдаси
билан уриб ўтиб кетди.
Бўрининг бўлари бўлди. У бўйнидан маҳкам тишлаб турган итнинг оғзидан
сидирилиб чиқмоқчи бўларди. Аммо Олабай қаёқда-ю, бўри қаёқда! Қораёл
нафсини қондирган итнинг ярмича келмасди. У Олабайга адоғи йўқ нафрату чексиз
хазар билан бир муддат тикилиб турди-да, уяси сари йўртиб кетди. Одатда енгил
қадам ташлайдиган, на баландликни, на чағир тошларни писанд қилмайдиган
Қораёл худди адойи тамом бўлгандай йўртоғида на унум, на ишонч бор эди.
Олабай Қораёлга эргашгани билан, эни бир қулоч, бўйи ярим қулоч бўлган
уяга кирмади. Оёқлари устига тумшуғини қўйиб олган ит Қораёлдан қандайдир
марҳамату хушфеъллик кутиб, шу атрофдан кетмади.
Белу оёқлари оч кулранг, бўйни эса қорамтир ёллар билан қопланган бўри икки
ойлар ўтганда унга ўзини бироз эл тутгандай кўрсатди. Шовқини тепадан ҳам
баралла эшитилиб турадиган сойга бирга тушадиган, ойқорлик Садир чўпоннинг
сурувидан битта-яримта касалманд, яхши юролмай қолган қўй-қўзилардан ўлжа
оладиган бўлишди. Деярли олти ойгача вовуллаб овни барбод қиладиган Олабайни
бўри қўйларга яқинлаштирмас, уни пистирмага қўйиб кетарди. Итга ҳам шу йўриқ
негадир маъқулдай эди.
Орадан ойлар ўтди. Елинлари қизариб, қорни балодек дўппайиб қолган Қораёл
энди овга аҳён-аҳёнда борарди. У Олабай тутиб келтирган қуён, бўрсиқ болалари,
юмронқозиқ ҳамда катта-кичик балиқларга қаноат қиларди.
Бир қараганда икки жониворнинг ҳеч ақлга сиғмайдиган умргузаронлиги узоқ
давом этадигандай туюларди. Бироқ итнинг юраги гупургандан гупуриб, соғинчга
ўхшаш бир туйғудан симиллаб-симиллаб қўярди.
У Турот чавaндознинг пахта терадиган машина бункери остидаги гўшасини,
унга овқат берадиган хизматкорнинг таскин-тасаллисини, ўзига қўрқув ва ҳадик
билан боқувчи чақирликларни, ҳар вовуллаганда қучоқлаб, ачомлаб оладиган
сукунатни ўлгудай қўмсайдиган бўлди.
Аммо қишлоққа элтувчи сўқмоқни, унинг адоғида кутиб турган ҳисобсиз
таҳқиру хўрлашларни ўйласа кўнглидаги истаклар қайгадир ном-нишонсиз
йўқолиб кетарди.
Салимбой ичиб олгач, мақтанишни ҳуш кўрарди. Тошкентда истиқомат
қилувчи укаси Абдусамат билан унинг шериги Қурбонали меҳмон бўлиб келганда
у бўшалгандан бўшалди. Учинчи пиёладан сўнг беш мингдан ошиқ қўйлари,
чўпонлари, эшакдай-эшакдай келадиган бўрибосар итлари борлигини айтиб, тоза
ўтлади. Суҳбат аёл-у қиз-жувонларга тақалганда ҳам Салимбой андишани бир
четга йиғиштириб қўяр, ана шунда Абдусамат: “Ака, гап деган жониворда сал-пал
бўлса-да парда бўлади…” дея унинг оғзини юммоқчи бўларди.– Шу десангиз, Қурбоналижон, ёғ ичида яйраб яшаябмизу, лекин биргина
хотинга ёлчимаябмиз. Оқшомлари мана шу сўрида дарахтнинг қуруқ шоҳига қўнган
бойўғлига ўхшаб бир ўзим қолиб кетаман. Мени илон чақадими, чаён чақадими
бировларнинг тирноқча иши йўқ. Баъзан омбордаги маккажўхори дони-ю арпага
айланадиган каламушу сичқонлар кўрпамнинг устида дикир-дикир қилиб ўйнаб
қолади денг. Бу лаънатилардан азроилдан қўрққандай қўрқаман. Қурбоналижон, бир
ойдан бери Худо раҳмимни едими билмайману, бироқ ана шу каламушу сичқонларга
қирғин келди. Уларни на омборларда, на уйларнинг ичларида кўраман…
Эрталаб меҳмон бўлмиш Қурбонали негадир нонушта ҳам қилмай
Салимбойнинг қўрғонини зўр ҳафсала билан айланиб чиқди. Аввал юриб, кейин
ўтлар орасида тиззалаб, охирида эса эмаклаб бир нарсани қидирган одамга ўхшаб
обдан айланди. Тепалик остидаги сойга ҳам икки-уч бора гоҳ энди, гоҳ юқорига
ўрлади. – Абдусамат, жўранг сал анақароқ эмасми? – дея шаҳодат бармоғини пешонасига
тиради Салимбой. – Нималар деябсиз, ака! У университетда кафедра мудири бўлиб ишлайди, оғзим
бор экан, дея хаёлингизга келган гапни айтаверасизми?
Кун чошгоҳ бўлай дедики Қурбоналининг бесаранжонлиги тугай демасди.
Машинадан болғача-ю лупачалар келтириб, обдан ишга киришган меҳмон тушга
бориб ака-укалар ўтирган сўрига қайтди. Унинг юзлари тунд, қошлари чимирилган,
юзи билан бурун парраклари ҳар замон, ҳар замонда пирпираб-пирпираб қўярди.
Абдусамат қанчалик унинг оғзини пойламасин, Қурбонали бир сўз демади.
Турот чавандоз қўшнисининг тўйида Олабайнинг дарагини айтган одамга битта,
жойини аниқ билиб бошлаб борувчига иккита, Олабайни тутиб келганларга тўртта
қўчқор беражагини қулоққоқди қилди.
Мукофотни эшитганларнинг юрагига ғулғула, пайтавасига бармоқдай
бармоқдай қурт тушди. Қишлоқни шивир-шивир тўлдирди. Бу шивир-шивирлар
ялангоёқ бўлиб, қўшни қишлоқларга ҳам югуриклаб кетди. Баланд-паст миш
мишларга ишонмаган овчилар Чақирга келиб, масалага ойдинлик ҳам киритиб
олишди. Овчи бўлмасада сандиқдаги милтиғига Ички ишлардан рухсатномаси бор
кишиларнинг ҳам тинчи бузилди. Пирларни орқа қилиб, улардан мадад сўрашга
улгурганлари аллақачон қорли тоғларни гуруҳ-гуруҳ бўлиб айланиб ҳам келишди. – Иту жондорларга дуч келишса, эти нари турсин, суяги ҳам қолмайди.– Ҳали Олaбайинг тирик бўлса-да! Бир қашқирлар борки, Нодир чўлоқнинг
хачири уларнинг олдида мушук боласидек думини қисиб қолади.– Шу чавaндоз ҳам одамларнинг ичини қиздириб ташлади-да! Бу қўчқор
қурғурларнинг ҳар бири саккиз-ўн миллион туради. Бир-икки йил анжир қоқи
қиламан, офтоби-ю сояки майиз қуритаман, деганлар ташвишдан хўбгина
қутуларди. Турот ўзи ит бўлгани билан, мард ит! Ўлса ўлади, аммо гапидан
қайтмайди. Алдаган, субутсизлик қилган кимсани қулоғини шартта кесиб
ташлашдан ҳам тоймайди.
Хўжамушкентлик Олим мерганга одам жўнатилиб, Чақирга олиб келинди.– Ҳамма гапни эшитдим! Ичим қизиб ётибди. Биласизлар, овчининг икки
дунёда ҳам бири икки бўлмайди. Лекин бир этак болам бор. Менга бир нарса
бўлса, булар рўзғорнинг учу қуйруғини тополмай қолишади. Қолаверса,
ҳамқишлоқларим нафсингга осилмай ўл, дейишлари аниқ. Бу овчи сону саноқда
бор, дея чақирганларинг учун раҳмат! Аммо мени рўйхатдан чизиб қўясизлар…
Бу жавобдан Турот чавандознинг жаҳли чиқиб, бадани мисдай қизиди. У
аввал жория қилган мукофотларини икки бараварга кўтарди. Бу ҳам етмагандек
Чақирнинг тиш қоққан чолларидан тўрт-бештасини қўрасига чақирди. Шоҳлари
буралиб ўсган, туёқлари бир қарич бўлиб кетган қўчқорларни кўриб, чоллар охурга
кафтларини тираб, қотиб қолишди. Қўчқорларнинг туриш-турмушидан чўчиган
Азим дутор ортга тисариламан, дея челакка қоқилиб йиқилди. – Чавандоз, буларинг дев-ку! Одамнинг ҳуши бошидан учаман, дейди-я!
Товба қилдим, товба қилдим! Буларнинг битта-иккитаси қўрадан чиқгудек бўлса,
қишлоқни остин-устун қилади-ку!
Хонадон эгасининг муштдай қовоқлари ёзилгандай бўлди. “Борига бозорда,
Азим ака, борига бозор…”
Чоллар қайтаётганда ҳам анчагина гурунг қилишди.– Ўзи шу Турот деганимиз итига мунча меҳр қўймаса!– Бўш бўлди, дегунча сим тўрнинг ёнида ўтириб олиб, ит томоша қилади-я…– Ўз қўли билан гўшту суяк чопиб берганини айтмaйсанми!– Олaбайни Турот чавандоз қишлоққа келувчи минг битта хавфу хатарнинг
балогардони, деб билади.– Чин гапни айтайми? Турот чавандоз ўғил бола гапни айтди. Бир неча йилдан
буён Чақирга бўри ораламади. Қўша-қўша занжирда эканини билишса-да, Чақирга
келувчилар чўчиганидан қўлларини кувача қилиб йўталишади.
Далвнинг адоғида қидир-қидир кучайди. Шаҳардан ҳам овчилар келиб, тоғу
қирларни кезиб юрибди, деган миш-мишлар тарқалди. Ана шу овчиларни ўз кўзи
билан кўрган чақирликларнинг айримлари Туротнинг хузурига ул-бул нарса униб
қолармикан, деган илинжда кириб-чиқа бошладилар. Чавандоз бу хабаркашлардан
гоҳ кулар, гоҳ бироз энсаси қотарди. – Соқолингизни қиров қоплагани билан ақлингизда ўзгариш кам, – дерди у.
Хўп, овчиларни кўрибсиз, гурунг ҳам қилибсиз. Бу ишингиз йўқдан кўра ҳарна,
деса бўлади. Аммо пичоққа илинадиган далилни мен кўрмаяпман…
Офтоб Чақиру Мелиобод, Пучуғо-ю, Ҳўжамушкент, Қўшқанду Учтурғон
қир-адирларини эрта тонгдан хуфтонгача сира эринмай ўпиб, эркаларди. Баланд
тепаликларнинг кунгай томонларида қуштилилар вижир-вижир қилди. Отқулоғу
қўзиқулоқлар яшил рангларда кўз қувната бошлади. Қуштили-ю, қушоёқларнинг
офтоб илинжида ҳар кун, ҳар соат, ҳар лаҳзада кўкка талпинганини кўриб, беихтиёр
уларни бармоқларинг билан силаб-сийпалагинг келади.
Кампирчопон даштларини бўйи икки-уч эн исмалоқлар зўр ғайрат билан
эгаллай бошлади. Халта-ю, қоп кўтарган қиз-жувонлар, бола-бақралар қўлларида
тутган калтагу чўнтак пичоқлар билан исмалоқ ковлашга тушиб кетишди. Исмалоқ
тушмагур шу қадар ғайрат билан офтобга интилардики, уларни териб, йиғиб адо
қилиб бўлмасди. Ярим ва тўлган қоп-қопчиқлардаги исмалоқлар йўловчиларга
таклиф қилинар, бу гиёҳнинг сон-саноқсиз хислатларини болакайлар зўр эҳтирос
билан тушунтириб беришарди.
Даштни қўй-қўзи-ю, пода тутиб кетди. Тойлар оналари атрофида чопиб
чарчашмасди. Қўзичалар бир муддат тиззаларини букарди-да, елинларни туртиб
туртиб ютоққанча майсалар ҳиди гуркураган сутни эмишарди…
Қадрия Қўчқорнинг катта ховлига серқатнов бўлиб қолганидан хавотир олди.
Бироз ўтгач эса у аммасидан бўлган воқеаларнинг учини эшитиб улгурди. Агар уч
нафар қизини демаса, ота уйига кетиб қолгудек шашти бор эди. Бироқ янгаларини
ўйлаб, ўтиб кетган отасини хаёлига келтириб, тарвузи қўлтиғидан тушарди. Ота
онаси тириклигидаёқ янгалари унга “ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ“ дея кун бермай
қўйишганди. Ана шуларни кунда-кунора кўнглидан ўтказиб юрган Қадрия энг
тўғри йўл шу уйда жимгина ўтириш эканлигини англаб етганди. Падаркуш инсон
билан муроса-ю, мадора қилиш баъзан уни сил қилиб юборгудек бўларди. Гоҳида
офтоба билан отасининг бошига ураётган эрини, тизиллаб отилаётган қонни
тушида кўриб, додлаганча уйғониб кетарди. –
Нима бало, чаён-паён чақдими? Вой-бўй, бўғизланаётган чўчқадай
чийилладинг-да ўзиям! – дерди Қўчқор унга нафрат билан тикилганча.
Қўчқор ўгай онасининг, ораларида бўлиб ўтган воқеаларни кимгадир айтиб
беришидан чўчирди албатта. Аммо оёғи нуқул ота хонадонига тортарди. Ё битта
тарвуз, ё битта қовун кўтариб меҳрибон ўғил сифатида бева аёлни йўқлаб турарди.
Рисолат ўлганининг кунидан унга “келинг” дерди. Чорпояда ёстиққа суяниб ётган
Қўчқор чой дамлаб келган, қовун кесиб келтирган Рисолатнинг қадди-қоматидан
кўз узолмасди. “Қурмагурнинг юришини қаранг-а! На ошиқча, на кам жойи бор…
Кўзлари олхўрини эслатади. Лаблари жон оламан дейди-я! Аёл деганлари ҳам шу
қадар мукаммал бўладими? Бундай хусни-малоҳатда тенгсиз жувон отамга ҳайф
эди. Шунча йил буни худди туяга ўхшаб пийпалагани қолди. Шугина аёлда сабр
деганлари тоғ бўлиб бир жойда йиғилган экан. Бир оғиз ҳам гап-сўзи чиқмади-я!
Чол билан тишни-тишга қўйиб кун кечирди. Аммо мен қурғур унча-мунча
нарса-ю, гап-сўзларга лаққа учавермайман. Чор-атрофда қанчадан-қанча билаги
йўғонлар яшайди. Наҳотки улар жимгина, мусича-ю, бегона бўлиб юришган
бўлса! Ишонмайман, ишонмайман… Мармардай сип-силлиқ юзларига тик қараб
бўлмайди-я! Бир ўргатиб олсам бормиди, жаннат калити кафтимда бўларди. Баҳузур
келиб-кетиб юрардим. Ҳар замон, ҳар замонда ул-бул нарса совға қилсам ҳақим
кетмасди. Вақт ўтиб қариб қолгудек бўлса, бир тепиб уйдан чиқариб, жиянимни
уйлантириб қўярдим.– Нимага муҳтож бўлсангиз бемалол айтаверинг, ҳаммасини муҳайё қиламан.
Ҳеч нарсага зориқтирмайман…
Рисолат дастурхон четини қайириб қўяркан, “Ҳеч нарса керакмас”, деди. У
Қўчқорнинг нияти бузуқ эканини чоли тириклигидаёқ сезиб улгурган эди. Қўчқор
кетишга чоғланаркан, “Телефон номеримни биласиз. Икки-уч кунда қўнғироқ
қилиб, тинч-омонлигингиздан дарак беринг, сизга пул ўтказиб қўяман”, деди.
Рисолатнинг ёнидан ўтаётиб, кўйлагингизнинг орқасига қора куя тегибди, қоқиб
ташланг деди. Рисолат Қўчқордан тезроқ қутулиш учун кўйлагини қоққандай
бўлди, Қўчқор Рисолатнинг қўлларидан тутиб, унинг кўйлагидаги йўқ куяни қоқа
кетди. Йигитнинг бошига қон урилди. У аёлни ортидан маҳкам қучди-да, елкаси-ю,
бўйнидан ўпа бошлади.
Рисолат бир амаллаб Қўчқорнинг чангалидан қутулди-да, унинг юзига туфлаб
юборди. Сўнгра бошидаги рўмолини юлқиб олиб, йиғлаганча уйига кириб кетди.
“Энди ётса ҳам, турса ҳам хаёлида мен бўламан. Ҳафта-ўн кун деганда гаҳ десам
қўлимга қўнадиган бўлади…”
Даштoбодга яқинлашганларида Қурбонали Абдусаматдан машинани тўхтати
шини илтимос қилди. – Ҳали мендаги гумону ўй-фикрлар жуда-жуда хом. Бир гапни айтсам қоронғи
уйдаги мўлжалга тош отгандай бўламан. Аммо гумоним рост чиққулик шашти
бор. Хўп, десангиз ойни охирида акангизникига бирга келиб кетсак… Шунга нима
дейсиз? – Гумон иймондан айирар деганлар. Очиқ сўзланг, нима гап ўзи?– Ҳозирча ваҳима кўтаришга ўрин йўқ, бироқ сизга айтмасам бўлмайди.
Акангизнинг ўзи-ю, қўшниси бўлмиш Қўчқорнинг қўраси, уйи, боғ-роғлари
атрофида эни бармоқ, чуқурлиги салкам бир қарич келадиган ўйиқ пайдо бўлган.
Каламушу сичқонлар бекорга уларнинг хонадонидан қочиб қўшнилариникига
ўтиб кетмаган. Энг ғалатиси бу чизиқ фақат иккаласини ўраб олган, десам
кўрганларимнинг барини айтган бўламан. Қирқ-эллик қулоч наридаги биронта
қўни-қўшнисида бундай ўйиқ йўқ. Мени мана шу нарса ўйлантириб қўйди… Нега
бундай ҳол юз берганлигига ақлим етмаяпти…
Абдусамат Даштабодгача чурқ этмади. Шаҳарча ортда қолгач, Қурбоналидан
сўради.– Қурбон жўра, бу ёққа келишни кўпга чўзмайлик, нима дедингиз? Иложи бўлса
бир-иккита мутахассисни ўзимиз билан олиб шанбада акамникига борсак дейман.
Рости кўнглимда ғулғула пайдо бўлди. – Шанба куни узоқроқ қариндошимизнинг ақиқа тўйи бор эди. Тўйга бормайман.
Тўйдан ҳам акангизнинг иши зарур…
Бўри ичида нималардир ғимир-ғимир қила бошлаган кезлардан буён Олабайни
янада хушламай қўйди. Инда ҳам, ташқарида ҳам у жуфтига бепарво эди. Ит ҳам
ундан тузуккина совиди. Тушларида нуқул Чақирни кўрар, Турот чавaндознинг
ҳовлисида ўйнаб ўтказган дамларни, итлар билан кураш тушган сой бўйларини
қўмсагани-қўмсаган эди. У худди Қораёлнинг вужудидаги ўзгаришлар бир ёқли
бўлишини кутмоқчи бўлгандек, сабрга қўл берганди. Ва ниҳоят бўри болалади.
Қораёл негадир Олaбайни ҳали кўзи очилмаган бўриваччаларга яқинлаштирмасди.
Одамнинг шаҳодат бармоғидек келадиган тўртта курак тишларини кўрсатиб қаттиқ
ирилларди.
Олабай қушу балиқ тутмаган кезлари индан узоқлашмай айланиб юраркан, гоҳ
қуён, гоҳ бўрсиқнинг изидан тушарди.
…Вақт асрдан шом сари оққанда ёш арчалар мўл-кўл кўкарган экинзор сари
бораётган итнинг бўйнига нимадир кириб қадалди. У бир силкиниб, бир чайқалиб
қўйди. Ҳеч кутилмаганда Олaбайни уйқу хумор қила бошлади. Бўйнига кирган
нарса баданини қизитиб у аллалагандай бўлди. Олабай кўп ўтмай пастки танаси
силлиқ арчага суяниб уйқуга кетди.
…Овчилар қийқириб юборишди… Уч киши унинг олд оёқларини чилвир билан
сиқиб бойлади. Бўйнига занжир урди, сўнг Ўрта тоққа келганлар иккита арча
танасидан қўлбола нарвон ясаб Олaбайни ўша нарвон устига ётқизишди.
Қизилқияда “УАЗик” кутиб турарди, овчиларнинг ҳаммалари ўшанга жой бўлди.
Ярим йўлда Охун овчи итнинг орқа сонига яна бир бор уйқу дори жўнатди.
Чақирда ҳамма нарса нақд эди. Бункер ичи салкам бир қарич бетон билан
мустаҳкамланиб уларга қотирилган занжирлар банди бўрини кутиб турарди. Фақат
иккита ўзгариш бор эди, итнинг бўйнига занжир ўралиб қозиқдаги занжир билан
пайванд қилинди. Тепадан тушган пахта терадиган машинанинг йўғон чарм арқони
итнинг белидан ўтказилди.
Турот чавандоз итни қандай боғлаганларини сабр билан кузатиб ўтирди.
Овчилару чилангарга айвонда дастурхон тузаб қўйилган экан. Чавандознинг
ўғли имо-ишора билан меҳмонларни ўша ёққа олиб борди. Одамни кўрса қўрсга
айланадиган чавaндоз меҳмонларга на келинг деди, на юринг деди. Қай бир меҳмон
чавaндознинг ўғли бўлмиш Акбардан ароқ сўраганди, чавандоз бунга жавобан икки
бармоғининг орасидан бош бармоғини чиқазиб кўрсатди. Товба! Шуям муомалами,
шуям одамгарчиликми? Ўғли қўйларни берайликми, деб отасидан сўраганда,
чавaндоз “ҳа” дегандек бош силкитди. Дарвоза очилиб, “ЗИЛ” мaшинаси кирди.
Ҳаш-паш дегунча саккизта қўй машинага ортилиб, келгучиларнинг оғизлари
қулоқларига етди.
Зулайҳо эри Самандар Бойкўл яқинида яшовчи Камила билан топишгач,
эркаклардан қўлини ювиб қўлтиғига артди. Ўзини савдога урди. Вагон уйнинг
орқасида ўнта қў-ю, битта новвос боқиладиган қўра қурди. Дастлабки йили жуфт
қўйини бўрилар тортиб кетгач, ўта ҳушёр бўлиб қолди. Қўрага ҳам, молхонага
ҳам қулф-калит осилди. Қўш-қават арматурa билан яхшилаб ўраб чиқилди, ана
шу сим қўйхонанинг устига тортилган бўлиб, не-не айёр бўриларнинг нафсига
жилов солди. Даштдаги фермерлардан кераклича сомон ва буғдой сотиб олинди.
Молхона-ю, қўйхона орасига темир қувур тортилиб, Зулaйҳо ўтирган жойида сувни
очиб, ёпиб турарди.
Эри уйланиб олгач, Зулайҳо уриш-жанжал қилмади. Самандарни судга ҳам
бермади. Ўғлига алимент ҳам сўрамади. У қилган битта-ю битта иш эрини вагон
уйга яқинлаштирмаслик чораси бўлди. Вагон дўконининг очиқ жойида мўъжаз
панжара пайдо бўлди. Уни қора дарпарда билан тўсиш ҳамда ота-болани бир-бирига
кўрсатмаслик чораси ҳам аёл томонидан ўйлаб топилди. Самандар кўриниши билан
дарча ёпилиб, дарпарда тушириб қўйиларди. Ва шу заҳоти магнитофонга ёзилган
Зулойҳонинг ўктам овоз жаранглайди: – Носвой минг сўм, семичка минг сўм, газли ва газсиз сувлар уч минг сўм…
Мусурмонқул Абдиев! Йўқолган ҳайдовчилик гувоҳномангизни олиб кетинг,
ҳужжатга суюнчи пули олинмайди. Обинон орасига кесиб қўйилган сосиска тўрт
минг сўм. Стакандаги кўк чой ва қорачойларнинг ҳаммаси минг сўмдан, қовун ва
тарвузларнинг донаси катта-кичиклигига қараб беш минг сўмдан ўн минг сўмгача.
Ел тўлдириш учун бериб туриладиган насос бепул…
Кўпинча Самандар ингичка шохча-ю, таёқчалар билан қора бахмал пардани
кўтариб, ўғлини кўрмоқчи бўлади. Зулaйҳо чўпларни тортиб олиб синдириб
ташлайди. Бу иш бир неча бор давом этгач, йигитнинг ҳафсаласи пир бўлади. У
машинасига ўтиради-ю, индамай жўнаб кетади.
Улар на уришадилар, на сўзлашадилар. Орада Азизбекнинг кулгани-ю,
қиқирлагани қолади. Ўғил отани кутгани-кутган. Баъзан Самандар мактабга
борганда ўғли унинг бўйнидан маҳкам қучоқлаб, ҳадеганда қўйиб юбормайди.
Йигитга ана шу лаҳзалар айилдай ботади. Кўзлари-ю, киприклари намланиб,
томоғи ачиб кетади.
Дийдор шу билан поёнига етади. Бироқ бу дийдордан иккиси ҳам қонмайди.
Бирон ўқитувчи келиб болани қўлидан етаклаб дарсга олиб кетади. Зулайҳо
тушмагур мактаб ўқитувчиларини оғзини тузуккина мойлаб туради. Наврўзу янги
йилда мактаб ҳовлисига катта қозон ўрнатиб, ош дамлашнинг барча ҳаражатлари
Зулaйҳонинг бўйнида бўлади. Ўғли туфайли бўлса керак, жувон бундай эҳсонлардан
сира-сира ўзини олиб қочмайди.
Одамлар соғинч-соғинч дейишади-ю, ана шу соғинч қаердан бошланиб, қаерда
тугашини ўзлари ҳам билишмайди. Самандар учун юракни ўртовчи соғинч пайини
қирқиш атрофдаги ўнлаб қишлоқлардан туршагу писта, бодому майиз, ёнғоғу
қурутилган анжир, ҳар бирининг катталиги бошмолдоқдай келадиган полвон
жийдаларни йиғишдан бошланади. Қишлоқларда унинг ишончли одамлари бор.
Икки ҳафтанинг нари-берисида қуритилган қоқи-ю, мевалар, тиллодай ялтировчи
писта-ю, бодомлар, тартиб билан катта юк машинасига ортилади. Кейин Самандар
“Қадим дўстлар”даги ишчилар билан қуюқ-суюқ хайрлашади. Самандар олис
Сибирга жўнаб кетаётганини ўйлаб, уч-тўрт кун ўтмай бир эмас, икки Камилани
бағрига босишини кўз олдига келтириб, юраги энтикиб-энтикиб қўяди. – Зулaйҳо опам соғу саломатмилар? Сени уч ой қўйиб юбормай мени роса
бопладилар. Мен ҳафамасман… Мен ранжимайман. Яратганга борлигинг учун ҳар
тонг ва ҳар шом шукурлар айтаман. Саломат бўлиб юрсанг бўлди, кулиб турсанг
бўлди. Аҳён-аҳёнда бизларни йўқлаб турганингни ўзи биз учун катта давлат.
Қишлоғимдаги лой йўллар кўзимга ўтдай бўлиб туюлади. Машинанг тиқилиб
қолмаганда, уйимизга келиб трос сўрамаганингда сени учратармидим? Бизларни
Оллоҳ учраштирди. Оллоҳ кўнглимизга тонгдай тиниқ ниятларни жо айлади.
Қизимиз Камила ана шу тиниқ ниятларнинг гулу ғунчасидир.
…Самандар икки-уч кун Бойкўлда бўлгач, яна шимол сари йўл олади. Боришда
дийдор, келишда дийдор, бу дийдорининг, бу толенинг адоғи йўқдай туюлади.
Аммо…
Қўчқор тунги соат ўн иккига бормасдан ўғли уч кун олдин юборган беш юз
доллорни ютқазиб бўлди. Пулнинг алами мия суягидан кириб, товон суягида
тошдай қотиб қолди. Нега бу ерга келганлиги, нега яна карта ўйнаганлигини
тушунмай кайфияти расво бўлди. Қишлоқнинг тупроқли йўлларидан бораркан,
хаёлини шифохона томондан келаётган бедана овози бузди. Чорраҳага келгач, бир
зум тўхтаб қолди: “Ҳойнаҳой, Рисолат ҳам юраги жизғанак бўлиб ётгандир… Икки
дунё бир бўлса ҳам қучоғимни, ўпишларимни унутмаган. Бораман, осмон узилиб
ерга тушиб кетса ҳам бораман. Ор, уят, номус деганларнинг падарига лаънат! Улар
қўлидан ҳеч иш келмайдиган хас-хашаки одамлардир. Ана шунақалар ипирисқи
гапларни тарқатиб юришади. Бирорта жувон уларга бир кулиб қарасинчи,
шунақанги йўрғилайдики, тўхтатиб бўпсан…”
Машинани катта чинор кўланкасига қўйди. Таниш дарвозанинг кичик эшигини
итарганди, ичкаридан берк экан. Пастак девордан бир сакраб ўзини ҳовлига олди.
Шимининг тиззасини қоқиб, жувон ётган хонанинг деразасини кетма-кет чертди.
“Кимсиз, ярим тунда нима қилиб юрибсиз?” деган товуш эшитилди. Эшикни
қаттиқроқ туртганди, зулфи ҳалқасидан чиқиб кетди. Чироқни ёқишга интилган
Рисолатнинг кўзларидан, бўйинларидан, кўкракларидан ўпа кетди.– Одаммисан ё ҳайвонми?! Ўгай бўлса-да она деган номим бор ахир!
Рисолат икки қўли билан Қўчқорнинг сочини ушлаб бошини ортга итарар,
тишламоқчи бўлиб ҳаракат қилар, бу ҳаракатлар Қўчқорнинг ўзига келтириш
ўрнига унинг қонини жўштирарди.
Ит– Айтдим-ку, доим ёрдам бериб тураман деб… Сендек аёл ҳайф кетса майлими?
Умрини бекордан-бекор кетказса индамай турайми? Ё биронта кўз остига босганинг
борми?
Рисолат отган чойнакдан бошини олиб қочаман, деб Қўчқор хонтахта устига
йиқилиб тушди. Аёл юлқинганча ўзини ҳовлига урди, сўнг очиқ эшикдан кўчага
қараб чопди. Яратган Эгам қўллайман, деса ҳеч гап эмас. Итларга икки қоп қотган
нон олиб бораётган Самандар Рисолатни кўриб машинани тўхтатди. Аёл билан
Самандар нари борса икки-уч оғиз гаплашди, холос. Самандар наъматак ортида
пусиб ўтирган Қўчқорнинг юзига тепди. Қўчқор кичик ариққа юзтубан бўлиб
йиқилди. Тепгучи кимса Қўчқорнинг ҳолидан унчалик рози бўлмади шекилли,
унинг қорни-ю кўкракларига мушт тушира кетди.
Бу мўъжаз шовқин-сурондан озорланган итлар ҳура бошлади. Бир эшак эса овози
борича ҳанграб юборди. Қўчқор вазият қалтислигини сезиб, одамнинг киндигидан
келиб-келмайдиган девордан ошиб, ўзини кўчага отди.
У салкам бир ҳафта тухум босган курк товуқдай бўлиб уйидан чиқмади. Лаънати
аёлни кўринг… Сенинг ор-номусинг, иффатинг кимга керак ўзи? Бугун бўлмаса
эртага, эртага бўлмаса индинга барибир бир бўйни йўғоннинг ўйнашига айланасан.
Бу Самандар ҳароми айнан шу пайт йўлдан ўтиб қолганини қаранг… Мошхўрдага
қатиқ бўлмай ўл! Ё бу ерда бирорта сир-синоат бормикан? Ҳароми Самандар, кўзи
оқиб тушади, дея тап тортиб ўтирмади-я!..
Турот чавандоз ушлаб келинган Олaбайни яқинига борди, унга анча пайт
тикилиб турди. Итнинг ичалоғига резина шлангдан сув қуйди. Олaбай ичалоққа
қараб ҳам қўймади. Чавaндоз жигарранг кителининг чўнтагидан колбаса, қурт
олиб итнинг олдинги оёқлари орасига ташлади. Олaбай буларгада қарамади.– Биламан, мендан қаттиқ хафасан! Илкимдан ғарчча тишлаб, суякларимни
ғажир-ғужур чайнагинг келяпти. Ноиложман, жонивор… Икки-уч йилдан буён
қишлоққа қора ораламайдиган бўлди, кўпнинг моли-да, жони-да омонлиқда
турибди. Ўзимнинг ҳам қанчадан-қанча қорамолу ушшоқ молларим бор. Подачи-ю
чўпон деганлари мана бу жанубдан қора босиб келса оёғи қалтираб, тили галдираб
қолади. Сенинг бир марта “Вовв-вовв” дейишинг тоғдан тушувчиларнинг аниқ
ўтакасини ёради. Олaбай, сен шу атрофнинг шерисан. Шу атрофнинг тиргаги-да
ўзинг. Ҳали пича шошмайтур… Ана ундан кейин қабатингга битта-яримта урғочи
келтириб қўяман. Манову темир қафасни-да четга сураман. Занжирларни-да
у ён-бу ёнга ирғитиб юборамиз. Осмондаги қуш қандай яшаса, сен ҳам шундай
яшайсан. Уч йил олдин биргина Чақирнинг ўзидан ўттиз олтита қўй бўғизланди,
бир неча сигиру бузоқлар чавақлаб ташланди. Мен даладан ўту сомон ташийдиган,
даштдаги узумзордан токпилла келтирадиган эшшакларни гапириб ўтирмайман…
Чақир деганлари тоғ билан дашт ачом қилиб кураш тушадиган манзил ҳисобланади.
Олaбай, мана шу нарсаларни билиб қўйсанг мендан ҳадеганда ҳафа бўлмайсан.
Кошки ит жонивор Чавандознинг гапларини тушунса! Унинг матлаби ҳурлик
бўлгач, ўзгаларнинг ўринли гапларини на тушунарди, на ҳазм қиларди.
…Қораёл бош бўлган бўрилар галаси дашт қўраларидан келаётган билинар
билинмас ҳидларга маст бўлиб, бир-бирларига суйкалишар, бир-бирларининг
чотига бош суқуб ўйнаб-ўйнаб қўйишарди. Ит билан қўшилганидан афсус-надомат
чекаётган Қораёл шерикларини Олaбайга, қишлоқ одамларига қарши бетиним
қайраб турарди.
Чор-атрофда, еру кўкда ҳозирлигу хавотирнинг, тараддуди адоқсиз нафратнинг
ислари анқирди.
Олабай ҳар замон, ҳар замонда ниманидир сезгандек, нимадандир хавотир
олгандек ўркачлари ям-яшил арчалар билан қопланган, чўққилари эса шишадек
ялтироқ, пахтадек оппоқ, тик қояларга тикилиб қоларди.
Бироқ одамлар сўқир дала кенгликларида ток новдаларини қирқар, кўмар, уларни
аямажиз қишга таёрлаб борарди. Аллақачон қишлоқ сомонхоналари тилладек
ялтировчи буғдой сомонларига тўлиб бўлган, ёнғоқ шохларида битта-яримта қолиб
кетган меваларни қарғалар тумшуғи билан туртиб юборгач пастга тошдек шўнғиб
кетарди. Ёнғоқлар заранг ерга тарсиллаб тушса-да, диконг-диконг сакрагани
билан ёрилиб синмасди. Ана шунда қарғалар ёнғоқларни қишлоқ четидан ўтувчи
асфальтга ёки сағаноқдаги катта-катта тошларга терак бўйи баландликдан ирғитиб
юборарди. Синган, ёрилган ёнғоқларни панжалари билан маҳкам қисимлаб, тилла
сандиқчани дарров тозалаб қўярди.
Бир шерикни ёнларига қўшиб олган Абдусаттор билан Қурбонали шанба куни
Чақирга етиб келди. Салкам икки гектарлик тепаликни обдан айландилар. Қош
қораймасдан уйга қайтган Салимбой уларни кўриб бироз ҳайрон бўлди. – Меҳмон келса эшикдан, ризқи келар тешикдан, деган гап бор. Хуш кўрдик, хуш
кўрдик, меҳмонлар! – деди Салимбой брезент этигини ечиб оёқларини юваркан. – Гап бор дейсизларми? Жуда яхшида… Гап бўлса гаплашамиз, сир бўлса
сирлашамиз, деди уй эгаси ҳиринг-ҳиринг кулганча.
Келганлар нафақат уни, балки боғининг адоғида яшовчи Қўчқорни ҳам кўрмоқчи
эканини эшитиб, ажабланди. “Мени шу итга дуч қилмасаларинг яхши бўларди.
Қўчқор деганларинг билан тилла товоқда жилигу қуйруқ жемайман. Ҳар ой белини
ғижимласанг бармоғинг суякка тегмайдиган қўчқор сўяди. Терисини болта билан
қийиб-қирқиб чопади-ю, ҳо ана шу ялтираб турган Бўрижарнинг сувига ирғитади.
Бу қўйларнинг бари меники. Бу қўйларнинг барини менинг қўрамдан ўғирлаган.
Хотини бечора мени кўрса кўзларини калишининг учидан узолмайди. Бу аёлда сал
бўлса-да виждон бор…
Абдусаттор акасига шундай қилмаса бўлмаслигини хўп тушунтиргач, Салимбой
бўшашди. Билганларингни қилинглар, дегандек қўл силтаб дастурхонга сал тескари
ўтириб олди.
Ана шу орада мотоцикл аравачасига икки боғ қамиш ортган Қўчқор ўтиб қолди.
Меҳмонлар ҳай-ҳайлашиб, бақир-чақирга зўр беришиб уни тўхтатишди. Қўчқор
Салимбойнинг сада остидаги чорпоясига бўйнидан боғланган тозидек зўрға келди.
Ажабки унинг қўлида бир қулочлик таёқ бор эди. Еб-ичиб юборган қўчқорларнинг
муҳокомаси бўлади, дея хаёл қилган бўлиши мумкин-да? Бироқ меҳмонлардан
эшитган янгилик уни тутақтириб юборди.– Қанақа из, қанақа ўпирилиш? Сизларга бир гап бўлдиёв, меҳмонжонлар? Бу
тепаликлар туғилганимиздан бери турибди. Бобо-ю бобокалонларимиз вақтида
ҳам бўлган. Келиб-келиб, мана шу ҳурлик даврида, мустақиллик замонида, дўкон
пештахталари бели майишган бир паллада бизди тупроқ босиб қолармиди? Вой
воей, қўрққанимдан шимимни ҳўл қилиб қўйдим-а!
Уч киши уч томондан гапиришди. Босиқлик билан, далиллар билан… Бироқ
Қўчқорнинг дами қайтмасди. Унинг ана шу дамига аллақачон бир ош пишарди.
Салимбой яктагини ечиб ярим яланғоч бўлди. Абдусаттор ҳам қизиқ, келсанг,
ўзинг келайвермайсанми? Манови думларни бошимга ураманми? Нега бунча гапни
айлантиришади, ё унга биронта қўй-қўзи сўйдирмоқчими? Сўйиб бўбти! Ана,
дастурхонда бир лаган яхна бор. Заҳарингга ейвермайсанми?
Боягина қишлоқ осмонини нурларга белаб ётган ой шом еди. Вакиллаётган
итлар ҳам бироз бўлса-да шаштларидан тушди. Қирғийдан қўрқиб сада ичида
жон сақлаётган чумчуқлар аллақачон жим бўлиб қолганди. Дайди бўлса-да жонга
ҳузур-ҳаловат бағишловчи шаббада турди. Карим Афзалович қайта-қайта эснади,
охири ёстиққа бош қўйиб кўзларини юмди. Чорпоядагилар тундан тонг ақлли, дея
маслаҳатни эртага қолдиришди.
Қиру тепаликлар қучоқлаб олган Чақир тонглари бирам роҳатбахш, тотли
эдики, меҳмонлар уйқуга қонган бўлсалар-да ўрниларидан оғирроқ қўзғалишди.
Чой қайнади, қаймоққа нон ботириб, чойхўрлик қилдилар. Абдусаттор пастга
эниб, Қўчқорни чақириб келди. Меҳмонлар икки қўшнини қаватларига олиб уйлар,
қўралар, боғлар атрофидан илон изи бўлиб ўтган изларни бирма-бир кузатишди. Бу
чизиқлар фақат Салимбой ва ўзининг ҳудудини бошқалардан ажратиб ташлаганини
кўриб, Қўчқор ҳайрон бўлди. Аммо у ичидагини ташқарига чиқармади. Силжиши,
сурилиши мумкин бўлган тупроғу тепаликларга узун-узун арматура қозиқлар
қоқсак бўлмайдими, деган таклифлар айтилди. Қўчқорнинг бу гапларини эшитиб,
Карим Афзаловичнинг энсаси қотди. Пастдан қуриган бир дона чўп олиб, тишлари
орасида қолиб кетган ниманидир чиқариб ташлаш пайида бўлди.– Ҳўв акажонлар, бу қирларга, бу тепаликларга жин ҳам тегмаган. Пастга қаранг,
Бўрижарнинг суви шашт билан оқиб ётибди, унга бир ҳовуч ҳам тупроқ тушмаган.
Подадан олдин чанг чиқармаяпсизларми? Каламушу сичқонлар қўрққанидан тўрт
томонга қочиб кетди, дея жар солиш шартмиди?
Карим Афзалович худди қумғонда қайнашга шай турган сувга ўхшарди. Кетма
кет чекар, пириллаб учаётган яноқларини, пешонасини кафтлари билан ишқаб
ишқаб қўярди.– Сен бола ғирт ғалча экансан. У деса кўнмайсан, бу деса кўнмайсан, кимсан
ўзинг? Кўр одамга ўхшаб ушлаганингни қўйиб юбормаяпсан… Биз шу соҳага
ўқиганмиз. Ажинлар бекорга пайдо бўлмаган, сочлар бекорга барвақт тўкилмаган…
Мен қирқ йилдан буён мана шунақанги ёриқларни, тектоник силжишларни, музу
тупроқда пайдо бўлган катта-кичик ўпиришларни ўрганавериб кўзларим пишиб
кетган. Хавф-хатару ўлим нафаси бор деяпмиз, ўзингни ўйламасанг ҳам бола
чақангни ўйласанг-чи? Ё ақлинг бутунлай суюлиб қолганми? – Олимлигингиз ўзингизга сийлов! Мен билан бунақанги оҳангда гаплашманг.
Қандай юришни, қандай туришни ўзим яхши биламан. Мана бу уй-жойлар, қўра-ю
оғиллар, боғу роғлар чакана пулга қурилганми? Лаънати қурувчиларнинг қўлини
ўпиб, ялиниб ишлатганман. Ҳовлингиз қия экан, сув олиб келиш қийин экан, дея
роса менинг қонимни ичган. Сизлар эса бошқа жойга кўчинглар, жонларингни
қутқаринглар, дея бошимни қотираяпсизлар. Мен тегирмон тоши устига тушиб
кетсам ҳам бутун чиқадиган одамман, мени Қўчқорбек дейдилар. Ушлаган
жойимни, тишлаган жойимни жағим синиб кетса ҳам қўйиб юбормайман…
Салимбой Қўчқор билан қозондаги шовласи пишмаслигини билиб жимгина
ўтирарди. Бир меҳмонларнинг оғзига, бир ҳамсоясининг оғзига тикиларди.
Тушунтириш, муроса-ю, мадора гаплар мана шу Салимбойнинг ўзига ҳам чивин
чаққанчалик таъсир қилмасди. У нуқул “Яшириб нима қилдим, Худоннинг суйган
бандасиман… Эмасам Яратган Эгам менга шунчалик бойлигу давлатни бериб
қўярмиди? Унга ёққан бир хислатим борки, шу элнинг, шу юртнинг олд одами
бўлдим. Шундай бўлгач Яратган Эгам келиб-келиб мени жазолайдими?” дерди.
Карим Афзаловичнинг жини тутиб қолди. Ҳовлида худди машқнинг ҳавосини
олган аскар каби у ёқ-бу ёққа бориб кела бошлади.
Абдусаттор қўлини гоҳ гирра қилиб, гоҳо кўксига қўйиб, акасига нималарнидир
тушунтирар, Салимбой эса ёш боладек тумшайиб ерга қараб олганди.
Зулaйҳога жўлангарлик хотини ўлган бир йигит совчи қўйди. Вагон уйга келиб,
Зулайҳога учрашган икки аёл жувоннинг жавобини эшитиб, ҳангу манг бўлиб
қолишди.– Самандар отлиқ эрим бор, уни бодомфурушу сакбоз десалар ҳам ҳамон
ўшанинг никоҳидаман. Демакки, эрли аёлман. Мана, ҳар бирингизга биттадан
музқаймоқ. Мана буни эса сизларни олиб келган ҳов анаву шопир акага беринглар…
Зулайҳонинг қўлини сўраб келган кўплаб совчилар мана шунақанги гапларни
эшитиб, анчагина кўникиб қолишганди.
Жувон тушмагур ўктаму, кўркам эди. Ўктаму кўркам бўлгани билан номига
игнанинг учичалик доғ теккизмаганди. Молу қўйларга қарар, ўғлининг ўқишини
назорат қилиб чарчамасди. Болакай аълочи, одобли, устига-устак, онаси чизган
чизиқдан бир эн бўлса ҳам четга чиқмасди. У бобоси билан эшакка миниб, дарсга
боради. Дарсдан келади. Кун қизиб кетган дамларда онаси қувурдан отилиб тушаётган
сувда ўғлининг чўмилишига рухсат берарди. Бола зерикса-да, сиқилса-да, дадаси
бўлмиш Самандарни мўл-кўл соғинса-да, онасига шикоят қилмайди. У онасининг
нима дейишини кара-карани қандай ёдлаган бўлса, ана шундай ёдлаб олган.– Сенинг энг яқининг бобонгу мен бўламан. Мана бу китобу дафтарлар бўлади.
Қолгани ёлғон бўлади. Ўтригу алдов бўлади. Сал нарида Самандар сакбоз аталмиш
даданг турибди. Шу дашту далада қолиб кетмай десанг китобни маҳкам қучоқлаб
катта бўл, болам… Буларни ҳижжалаб мағзини чақ, шундай ўқигингки, варақлари
титилиб кетсин. Бир йигит бўлгинки, одамлар юриш-туришингга, ақлу заковатингга
қараб сендан андоза олсинлар. Уқдингми, болам? – Дадам келганда нега магнитофонни баланд қилиб қўясиз, у киши гаранг эмас
ку?– Э болам, мен ул-бул нарса олмоқчи бўлса даданг адашиб кетмасин, дея
магнитофон овозини кўтараман. Бу одам ўғлимнинг дадаси-ку, дея унинг ҳожатини
чиқармоқчи бўламан.– Бир гапни айтсам хафа бўлмайсизми? Сиз ўзингизни дадамни ёмон кўргандай
тутасиз. Шунақами? Аслида ёмон кўрмайсиз. Ҳами ёки йўқми?– Билмадим болам, билмадим…– Дадамни ҳамма яхши кўради. Масалан, бобом эшагини жўртака ўтлатмоқчи
бўлгандай жиловини тортади. Ана шунда дадам менга ўзи олиб келган ўйинчоғу
қанд-қурсларни узатиб юборади. Бобом эса буларнинг барини кўриб-кўрмасликка
олади.
Она-боланинг ҳаётида ўзгаришлар деярли бўлмайди. Ҳайдовчилар билан нарх
наво ҳақидаги тортишувлар, савол-жавоблар улар ҳаётининг катта қисмини эгаллаб
олган. Она-бола оқ ёмғирлар, ёмғирдан кейин пайдо бўладиган найкамалаклар
ҳақида гаплашишни хуш кўришади. Дала-ю даштда ёмғирдан ивиб қолган болака-ю
қизалоқлар қишлоққа қайтишда уларнинг дўконига бош суқиб ўтади. Баъзан оқ
сақичларга исмалоқ алмаштиришади. Кўп ўтмай вагон ичини исмалоқ сомса ҳиди
тутиб кетади. Офтобга “ассалом” қилганига ўн кун бўлмаган исмалоқни емабсиз,
бу дунёга келмабсиз! Ана шундай исмалоқлардан тўрт-бештасини еб, Ислом
сартарошнинг таъбири билан айтганда, оёқни узатиб ўлиб кетсанг ҳам армонинг
қолмайди. Кейин гал чуқурга келади. Равочга келади. Зулайҳонинг дўконида ҳам
ана шу ўт-ўланлар ҳайдовчиларга таклиф қилина бошланади.
Самандар тасодифан ток уриб ҳаётдан кўз юмган Камила ҳақидаги хабарни
“Қадим дўстлар”да эмлаш ўтказилган душанба куни эшитди. Тошкентдаги
аэропортнинг пуллик бекатида мaшинасини қолдирган Самандар шимолга учиб
кетди.
У тобут кўтарган одамларга қабристоннинг дарвозаси яқинида етиб олди.
Камилани сўнгги йўлга кузатаётган бойқолликларнинг кўпчилиги Самандарга
таъзия билдириб, елкаларидан қучиб-қучиб қўйишди. Қайнонаси ва қизи
Камиланинг ёнида бир ҳафта бўлгач, улар билан зўрға хайр-хўшлашиб, ортига
қайтди. Самолётда ўтириб қизини, ўғли Азизни қайта-қайта ўйлади. У Азизни
қанчалар яхши кўрса, қизи Камилани ҳам шунчалик яхши кўрарди. Уларни еру
кўкка ишонмасди. Қариб қолган қайнонаси бўлмаганида эди, қизини аллақачон
юртга олиб кетган бўларди. Аммо кампирдан неварасини сўраш унинг юрагини
суғуриб олиш билан баробар эканлигини у яхши биларди.
Қораёл Олабайдан чеки-чегарасиз ғазабланарди. Баъзан унинг учта боласини
тишлаб ташларди. Улар дуркун-дуркун бўлиб ўсишди. Уч ўғлон атрофдаги
бўрилардан деярли тап тортмасди. Ҳадемай улар тўдани ташлаб кетишади. Ҳадемай
янги оила қуради улар. Балки ана шунда оналари бўлмиш Қораёлнинг вақт
бевақт ириллашидан, бўйинлари-ю, сонларидан оғритиб-оғритиб тишлашларидан
қутулиб, бутунлай эмин-эркин бўлишади.
Ўрта тоғ бағридаги бўрилар вақт-бевақт Қораёлнинг юрагига қутқу солиб, даштга
босқин уюштиришга ундарди. Олабай бошлиқ итлар тўдасини, жониворларни,
ҳар дам, ҳар лахза ўзларига хавф туғдирувчи одамларни тамоман тилка-пора
қилишни ният қилишарди. Аммо бу юмуш осон эмаслигини, одамлару итлар анойи
эмаслигини, милтиқ, паншаха, тўқмоғу таёқ кўтарганлар галаси жон олиб, жон
беришга шайлигини галадагилар яхши билишарди.
Одамдир, ҳайвондир ҳаёт-мамот олишуви бошлангач, ўлим шарпасини аниқ
сезганлиги боис ҳеч нарсадан чўчимай қўядилар, орқага чекиниш муқаррар
мағлубият эканлигини уларнинг кўпчилиги аниқ-тиниқ ҳис қилишади. Ё ҳаёт, ё
ўлим деган ибора балки узоқ асрлар қаърига бориб тақалувчи бўрилар ва одамлар
жангининг мантиқий хулосасидир.
Тўдадаги айрим бўрилар дашт қишлоқларининг айримларида каттарганда
ўзлари билан тап тортмасдан тенгма-тенг олишадиган бўрибосар кучукваччалар
вакиллаётганини эшитиб қолишарди. Бўрилар одатда уларни пойлаб юриб, бир
икки ойлигидаёқ ғажиб ташларди.
Итларнинг эпчиллиги, шумлиги, қўрқув нелигини писанд қилмаслиги
бўрилар олдида уч пул эди. Бу ёввойи жониворлар тана тўши ўзидан катта итлар
қаршисида диконг-диконг ўйнаб, бағрини қору ўтларга суркаб ўзларини дўст
қилиб кўрсатишади. Рақибдаги ҳушёрлик, сезувчанлик сусайиши билан эса унинг
бўғзига ёпишади. Қону ҳаво ўтмагач, итларда фалажлигу довдираш бошланади.
Кўп итлар буни узоқ йиллик тажрибалардан яхши билганлиги боис олишув
бошланган дастлабки лаҳзаларданоқ бўрининг човини, қорнини ёриш, бўйнидан
маҳкам тутиб ғажиш пайида бўлишади. Олaбай, канғал Туркистон бўрибосарлари
бундай алдовларга учишмайди. Бўрининг олдинги ва орқа оёқларини ғажиб-ғажиб
ташлайди. Эркак бўриларнинг моякларини шарт-шарт узиб оладилар. Ўткир
тирноқлари билан ёввойиларнинг қорнини пастдан ортга ёки ортдан юқорига қараб
тилиб юборадилар. Ақлли ит зотлари қорни ростмона ёрилган бўрига қайрилиб
қарамайди. Негаки, ўша лаҳзаларда ажал дасти бўри юрагини маҳкам қисиб турган
бўлади.
Бўри мард тентак. Ўлса ўладики, яккама-якка келган бирон жонзотдан
ҳайиқмайди. Жуфти ёки ўзининг болалари бўлмаса, одатда, ҳар қандай шеригини
ўлжадан нари қувиш пайида бўлади. Агар ўзи тўда ичида қолиб кетса, лўкиллаб
қочади. Етмиш-саксон қадам қочиб қутулгач, ё тўхтаб, ё қадамларини секинлатиб
ҳарифларини кузатади. Одатда у чап томони билан орқага ўгирилади. Ўзини
ярадорга солиш ҳавосини олган бўри, жанг майдонидан анча узоқлашгач, ортидан
бораётганга ҳужум қилади. Оёқлари билан устидаги оғир юкни бир силкишда
улоқтириб ташлайди. Сиртлондан ташқари бирон-бир ёввойи ҳайвон бўричалик
сўнгги қони қолгунча олишмайди.
Урғочилари фақат бир маротаба оила қуради. Жуфтига энг садоқатли жонзот
оққуш бўлса, иккинчиси бўридир. Агар эркак бўри олишувда ёки тасодифан ўлиб
нетиб қолгудек бўлса, урғочиси мойлиғини ғажиб-ғажиб ташлайди. Икки-уч ҳафта
ичида ғажилган мойлиқ бутунлай битиб кетади.
Қораёл жуфтини ўлдирган Олaбайга сира-сира ройиш билдирмади. У итнинг
панжаларидан, сўйлоқ тишларидан, қонга тўлиб қизариб кетадиган кўзларидан
ҳадиксираб келарди. Олабай итдан кўра кўпроқ айиққа ўхшаб кетарди. Ит
Қораёлнинг икки дунё бир бўлганда ҳам ўзига эл бўлмаслигини, унинг фақат вақту
фурсат кутиб яшаётганлигини савқи-табиий ила сезиб, англаб турарди.
Рисолатнинг юрагини қуршаб олган ваҳима ва қўрқув бир йил ўтсада тарк
этмасди. Бегона келса ҳуриб сездиради, деган ўйда “қўнғироқ ит” олиб келди.
Акиллаши-ю вакиллаши яхши экану, аммо одамга уйқу бермаскан. Ҳовлида мушук
юрса ҳам, каламушни кўрса ҳам, қалдирғоч уяси яқинида олаҳакка пайдо бўлса
ҳам тўхтовсиз ҳураркан. Жувон ёлғизликнинг ҳамма азобларини кетма-кет тотиб
улгурди. Ёши улуғ бўлса ҳам раҳматли хўжайини яхши одам эди. Унинг кўнглига
қарарди. Илоҳим жойлари жаннатда бўлсин. Бу падаркуш ўғлининг жазосини
Яратганнинг ўзи беради. Ёмоннинг ўлими қирқ қават тоғлар орасига беркилган,
деб бежиз айтишмаган. Қўчқорнинг бу дунёси ҳам, у дунёси ҳам дўзах оловида
лов-лов ёнади. Шундай бўлишини Рисолат Яратгандан тилаб, илтижо қилгани
қилган. Яна қадам босгудек бўлса, бутун маҳаллага, қишлоққа шарманда қилади.
Ана ундан кейин ўлдирса ўлдирар! Бир бошга бир ўлим дейишган…
Шундай ҳусни малоҳатда тенгсиз, шундай қадди-қомати келишган жувон
қишлоқнинг ўртасида бир ўзи яшайдики, эркак зоти қўлини қовуштириб жим
турармиди! Кунда-кунора унинг уйини совчи босади. Қанчадан-қанча рост гаплар,
ёлғону алдовлар айтилади. Қишлоқни қўйиб, шаҳардан уй олиб беришга шайлар ҳам
топилади. Чўнтагида уч сўми бўлмаса ҳам, уни иккинчи хотинликка сўровчилар ҳам
онда-сонда бўлса-да учраб туради. Таги Чақирдан бўлган, ўзи шаҳарда яшайдиган
баъзи пулдор кимсалар ҳам унинг қўлтиғига қўл солиб кўришди. Жувондан садо
чиқмагач, “Шу қишлоқда тарашадай қотиб ўлиб кет…” деган маънода зардалар ҳам
қилишди.
Боши очиқлардан фақатгина Турот чавaндозгина унга оғиз солмади. Кўча-кўйда
дуч келганда ҳам аёл берган саломга “Балли синглим, балли…” дерди-ю, бошқа
гапирмасди. Четдан қаровчиларда шундай таассурот уйғонардики, гўё Турот
чавандоз келисопдай қўлларимни, ҳумдай калламни шу аёл кўрмай қолақолсин,
дея юзини четга бургандай бўларди.
…Рисолат Чавандознинг унчалик мол-дунёга кўнгил қўймаганлигини, бор
мол-дунёси шаҳардаги икки ўғли-ю невараларига аталганини қўни-қўшнидан
эшитиб, билиб улгурганди. Жувон қўшнисининг ит билан тириклигини, шу ит уни
кўраётган кунларига унча-мунча ёруғлик бериб турганлигини ички бир шуур билан
сезгандай, илғагандай бўларди. Қўчқор ўзига охирги бор чанг солганда Рисолат
билибми-билмайми, “Сен ифлос ҳали шошмай тур, ҳали ҳамма гапни Чавандоз
амакига айтиб бераман…” деганди. Бу гапни эшитган Қўчқорнинг қўллари, елкалари
қалтираб кетди. Уни қўйиб юборди. Гапи таъсир қилганини кўрган Рисолат, сенинг
ҳам жонингни оладиган киши бор экан-ку, дея ич-ичидан суюнди.
Юрак ойнасига, кўнгил ойнасига кимдир билибми-билмайми, cезибми-
сезмайми “тиқ” этказиб кичик бир тош отгандай бўлди.
Қурбон ҳайит байрами яқинлашаркан, у зўр ҳафсала билан ғижим бўлмайдиган
оқ матодан кенг-мўл яктагу шалвор тикди. Яктакнинг ёқасига жуда нозик пушти
рангга мойил гугурт чўпининг энидай улама ёпиштирди. Тайёр бўлган кийимни
ўрик шоҳига илиб қўйди-ю, уни хумордан чиққунча томоша қилди.
Кейин бу туҳфани ким учун тикканини билолмай кулиб-кулиб, жилмайиб
жилмайиб қўйди. Тақдир қилган кишига бераман-да, дея ўзини-ўзи тузуккина
юпатиб ҳам қўйди.
Ўша оқшом тонгида уйқудан эрта уйғонди. Ҳовлига шакароб қилиб сув сепди ва
тилига битта сўз қалқиди: “Совға Чавандоз амакига бўлади…”
Яхшиям оралиқда пасту баланд қир-адирлар бор. Қораёлу унинг ёнидаги
шерикларининг ҳунукдан-ҳунук увуллаши Олабайни сергак торттирарди. Уни
мана шу лаънати занжирлардан халос қилишганда эди, қишлоқ итлари билан
бориб уларнинг чаккагини ўчирган бўларди. Жонзот деганлариям шунақа ҳунук,
шунақанги бемаврид увуллайдими?
Олабай тоғнинг пастки қисмидаги ўн-ўн беш йиллик ёш арчазору бутазорга
қанчалик тикилмасин, у томонларда ҳеч бир ҳаракат сезилмасди.
Тоғдалигида, Қораёлнинг ёнидалигида жарликка ағдарилиб тушган бир серкани
еганди. У димоғида айниб улгураётган гўшт ва ҳеч бир жойда учратмаган ғалати
бир ҳидни сезгандай бўлди. Одатда серка деганлари эчки-ю такага қараганда
ҳам тоғу тошда юришга ўта мослашган бўлади. Оёқлари бақувват, шохлари
букилиб-буралган бу жонивор унча-мунча ёввойи ҳайвондан чўчимайди. Қандай
қилиб туёқлари тойилиб кетди экан? Айиқ ёки бўри билан олишди, дейилгудек
бўлса, унинг танасида айтарли жароҳат йўқ. Фақат калхат кўзларини, тилининг
ярмини узиб олганини айтмаса, бу ўлжани бошқа ҳайвонлар сезиб улгуришмаган.
Серканинг қорнини ёргач, итнинг боши айланиб кетди. Қандайдир сарҳушлик
домига илинтиргандек бўлди. Ит ўлжанинг юраги-ю, ичакларини егач, гўштдан
ўзини тортди. Ошқозондаги оқиш яшил ўтдан хушбўйлик уфурарди. Айнан ана шу
ўт итнинг бошини айлантирганди.
Тоғларнинг очиқ майдонларига мўмай даромад илинжида юрган кимсалар
гиёҳванд экинлар экишади. Бу экинлар олдига унча-мунча ўтхўр ҳайвонлар етиб
боришолмайди. Серка учун бу иш хамирдан қил суғургандай осон бир юмуш. Мана
шу серка ҳам, афтидан, тўйиб гиёҳ егач, боши айланиб пастга қулаган, шекилли…
Сойдан сув ичиб чиққан ит серкани бўйнидан тишлаб Қораёлнинг ини сари
судраб кетди. У ёққа етиб боргунча серканинг ошқозонида тўпланиб қолган гиёҳлар
ўрмон сўқмоқларига тўкилиб-тўкилиб қолди.
Бўри серкани ҳидлади-ю, бурун жийирди. Негадир итга қарата икки-уч бор
ириллади. Унинг ортга сал қайирилган қозиқ тишлари арча шохлари орасидан
ўтиб келаётган офтоб нурларида “ялт-юлт” қиларди. Бироздан сўнг бўри қовурға
устидаги терисиз этдан бир чимдим узиб олди. Гўшт ёқди, шекилли, ўрнидан турди.
Серканинг ўнг сони терисини тиши билан сидиргач, ютоқиб гўшт ея бошлади. Кўп
ўтмай анча вояга етиб қолган, тана-тўши Қораёлдан кичик бўлмаган болалари ҳам
оналарига шерик бўлди.
Қораёл ва унинг уч боласи ҳафсала билан овқатланишарди. Олабай бўри инидан
ташқарига чиқди. Май офтобининг ёқимли нурлари арча шохларида эмин-эркин
ҳаланчак учарди. Қаёқдандир пайдо бўлган олаҳакка ин атрофида учиб-қўнар,
тинмай қағилларди.
Бўрилар ёнига қайтиб кирган ит топ-тоза қилиб қирилган серка суякларини
кўрди. Анчадан буён нафсларини қондиролмаётган бўри-ю, бўриваччалар бир
бирларининг қўйниларига бош тираганча аста-секин уйқуга таслим бўлаётганди.
Олабай бўрилар ёнида икки оёғига бошини қўйиб бироз ётди-да, юраги
сиқилганини сезиб, ташқарига чиқди. Унинг юрагини ниманидир қўмсаш,
қандайдир соғинч ҳислари ўртагандан ўртаб борарди.
Салимбо-ю Қўчқорнинг олдига келиб-кетувчиларнинг сони ошса-ошдики,
камаймади. Келувчиларнинг анчаси бу икки қўшнини тепаликдан бошқа жойга
кўчишни, тошкентлик олимларнинг гапига қулоқ тутишни маслаҳат бердилар.– Ўпирилса менинг уйим ўпирилади, тупроқ остида қолсам мен қоламан…
Сенларга нима!? Ўзларингча ичларингда суюниб, сиртларингда куюнгандай
кўрсатмоқчимисизлар? Мен бир дангалчи одамман. Баринг мени кўролмайсан,
баринг менга ҳасад қиласан. Тўйларда менга ароқни босиб-босиб қуйганларингдан
бери ниятларингни сезиб юраман. Тиқилиб, бўкиб ўлса-ю, шунча мол-ҳол бизга
қолса, деб ўйлайсизлар!
Бойни бундан бошқа бир жанжал, бошқа бир қўйди-чиқди ҳам кутиб турарди.
Бир неча чўпон хақини талаб қилиб, унинг тинчини буза бошлади. Шунча йиллар
Салимбойнинг кўзига тик қаролмай сурув кетидан жимгина юрганларнинг шашти
баланд эди. Уч ака-ука чўпоннинг оғизлари кўпириб кетар, бир-бирининг гапини
тасдиқлаш учун кўкракларига муштлаб-муштлаб гапиришарди.– Ҳар биримизга йилига ўттизтадан эркагу урғочи қўй ваъда қилгансиз. Лекин
нимагадир хисоб-китобни орқага ташлайсиз! Даштга бизни ипсиз боғлашдан
мурод-мақсадингиз нима ўзи? Юзлаб қўйларни сотиб, шаҳардан уй-жой қилдингиз.
Тагингизга қўша-қўша мошина олдингиз, бизлар эса лабимиз гезариб, шунча
йилдан бери қўйлар туёғидан кўтарилган чангни ютиб юрибмиз. Бизларда ҳам
бола-чақа, орзу-ҳавас деган нарсалар бор ахир!– Еганинг, ичганинг, кийганинг ҳисобмасми? Тўй қиламан, маърака қиламан,
деб олган пулларинг-чи?– Битта чўб олган бўлсак ҳам бир эмас, иккита дафтарга ёзиб келаяпмиз. Сиздаги дафтарда ҳам буларнинг бари ёзиб қўйилган. Ҳисоб-китоб қилайлик десак, куз
келсин дейсиз. Куз келса, кўкламни кут, дейсиз. Кўкламда эса, ёзни гапирасиз.
Мард бўлиб орани узиб ташланг, биз ҳам қўйларимизни олиб, ўз қишлоғимизга
кўкрак кериб кириб борайлик. Фалончи чўпон, деган номимиз бор ахир!
Ҳақларингни бермайман, дегудек бўлсангиз этагимиздаги чангни бир силкиймизу
дала-даштингиздан бутунлай жўнаб кетамиз…
Салимбой кўрдики ноўрин айтилган битта гап, битта сўз анча йиллардан бери
ўзига ихлос билан қайишиб ишлаб келаётган кишиларни бездириб қўяди. Бу тентак
дунёнинг ўйинларини қарангки, чўпонларнинг дардига малҳам бўлай дегудек
бўлса, сурувни анча сулайтириб ташлайди.
Уй эгаси қўлидаги бўш пиёлани гоҳ отиб, гоҳ илиб олиб, анча пайт жим ўтирди.
Нималарнидир хомчўт қилди. Ер тагидан ака-укаларга тикилиб-тикилиб қўйди.
Кейин кулимсираган кўйи гап бошлади. – Хўп, айтингларчи, сенлардан қанча қўй қарзим бор? Фақат инсофни унутмай
гапиринглар. Чама-чамадан Сирдарёнинг суви саккиз челак, дегудек бўлсаларинг,
ўлақолсам кўнмайман.
Нафас чўпон маҳсисининг қўнжидан анча оҳорини йўқотган мактаб
болаларининг дафтарини чиқарди-да, кичкина қўл телефонда хисоб-китоб қила
бошлади.– Уччаламиздан умумий қарзингиз икки юзу қирқ битта қўй. Сотишга, турли
лозим-лузумларга олган қўйларимиз ўзимизга тегишли бўлган жониворлар
ҳисобидан айириб ташланган. Мана бу ҳужжатларда олди-бердимиз қайси йилда,
қайси ойда бўлганлиги кунма-кун кўрсатиб ўтилган. Мана бу сизнинг имзойингиз.
Боя айтганимдай, бундай дафтардан бизда иккита… Уларда ҳам шу рақамлар, шу
сана-ю, сизнинг имзоларингиз. Ҳеч бир жойи, ҳеч бир варағи ўзгамас. Ҳақимизни
берсангиз, уларни машиналарга ортиб бир кунда уйга ташлаб келардик. Ишимиз
яна давом этади. Қочиш-қувиш деган нарсалар бизга ярашмайди. Бир кун туз ичган
жойингга қирқ кун салом бер, деган гап бор ахир!– Нафас чўпон, оғзим бор деб гапираверасанми? Икки юзу қирқ битта қўй
пулга чақсанг қанча бўлишини биласанми? Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир
дейишган. Шунча йилдан бери дастурхонимдан нон еб келаябсан. Кўрнамак
бўлма… Теппамизда Худо турибди. Бировни ҳақи эртами-кечми томоқ тешади.
Шуни биласанми?
Чўпон ёстиқ устидаги латта халтадан қалин китоб олиб, дастурхонга қўйди.– Гувоҳ қилиб кимни олиб келсангиз олиб келинг… Ажримни жойига қўяман, деган ёр-жўраларингизни ҳам ёнингизга чақиринг. Шу бугун орамизни очиқ қилиб
оламиз… Айримлар бой алдайди, ишлатиб-ишлатиб орқангга бир тепиб ҳайдаб
юборади, деганларида ишонмагандик. Мана энди одамлар айтган гаплар тўғри
эканлигига ўзимиз гувоҳ бўлиб турибмиз…
Салимбойнинг юзлари қизариб кетди, қулоқлари, пешоналари анор тусини
олди. Кирланган сочиқ билан бўйинларини арта бошлади.– Учалангга йигирматадан олтмишта қўй бераман! Олсанг шу, олмасангда ўзинг
биласан… Эски макаронни емаймиз, бир қоп бўлса-да оқ ун келтиринг, бизга балиқ
қовурилган ёғ берибсиз, деган гапларингдан феълларинг айниб турганлигини сезиб эдим. – Салимбой ака, хўжайин деганлари ўз чўпонига қурт босиб кетган макаронни
раво кўрадими? Мойингизнинг ичидан балиқнинг думлари, суяклари чиқиб ётибди.
Акажон, бизни ҳам она туққан, биз ҳам одаммиз, камроқ бўлса-да инсонга ўхшаб
овқат ейишимиз керакмасми?– Хўш, нима қил дейсан? Мойингни мен тозалаб берайми? Човли билан
суякларни сузиб ол-да, итнинг ичалоғига ташла… Шу ҳам гап бўлдими? Шу ҳам
сўз бўлдими? Уял, Нафас чўпон, уял!
Нафас чўпон Қуръон китобини маҳкам қучоқлаб, “Агар айтгану деганларимда
битта ёлғон бўлса, Оллоҳ тонгга етказмай жонимни олсин. Мен розиман”, деди.
Чўпоннинг кўзларидан оқаётган ёш юзидан сизиб ўтгач, соқоллари орасида
кўринмай кетди. Алам билан хўрсинди, алам тамоман чангалига олди. Икки укаси
қўлтиғидан ушлаб, Салимбойнинг ҳузуридан олиб чиқиб кетишди.
Орадан кунлар ўтди, ҳафталар ўтди, уларнинг жанжали судга ҳам етиб борди.
Салкам бир ойлик қўйди-чиқдилардан сўнг, суд Салимбойнинг зиммасига икки
юзта қўйни тўлаш мажбуриятини юклади. Аммо Салимбой қарзини тўлаш ҳақида
сира-сира қайғурмади.
Ниятқул домла кенжа қизини чиқарган куни даштдан совуқ хабар келди. Уч ака
ука чўпон танишлари билан хайр-хўшлашиб Нарпайдаги уйларига жўнаб кетибди.
Салимбойнинг юраги “шувв” этди, иккита жиянини ёнига олиб, даштга югурди.
Ҳайриятки, ака-укалар боқадиган отар қўйлари Жўралисой атрофида эмин-эркин
ўтлаб юрарди.
Салимбой тушлик тараддудини кўраётган Имомалига бармоқларини бигиз
қилиб ҳазиллашди.– Ёлғонларинг бор бўлсин, Имом чиноқ. Қўйларнинг бари омон-эсон-ку!
Имомали кулди. Белидаги сариқ белбоғини ечиб, юзларидаги терларини
яхшилаб артиб чиқди.– Бой ота, сиз буларни санаб чиқинг! Гап қаерда эканини кейин биласиз. Нафас
чўпон тун салқинида қўйлар яхши ўтлайди, деган баҳона билан уларни асфальт йўл
бўйига ҳайдаб бориб, ўзига тегишли жониворларни сотиб юборди. Биз ҳам буни
кечроқ билиб қолдик. Энди уларни ҳеч нарса қилолмайсиз… Қўлларида суднинг
ҳужжати бор. Қўй сотилганлигини айтувчи, тасдиқловчи гувоҳ йўқ…
Салимбой “ваҳ” деди-ю, ўнг қўли билан пешонасига шаппатлади. Ҳали уларни
топиб тавбасига таянтираман, оёқларимни ўптираман, кўзларидан ёш аралаш қон
томдирмасам, Салимбой отимни бошқа қўяман, дея роса жазавага тушди.
Аммо Салимбойнинг таниш-билишлари унга бундай йўл тутмасликни маслаҳат
бердилар. “Харажатга тушганингиз қолади. Суд идораларида адвокат аталмиш
шундай учарлар борки, бошингизни айлантириб, соққангизни боплаб шилиб
олади”, дейишди.
Маҳалла хотин-қизларининг етакчиси бўлган Ханифа Рисолатга учрашаркан,
айтадиган гапини унутиб қўйгандек, бир муддат индамай ўтирди.– Аяжон, элчига ўлим йўқ, дейишган. Қандай гап бошлашни ҳам билолмай
турибман.
Рисолат Ханифага бир пиёла чой узатди-ю, ёқимсиз бир гапни эшитишга
чоғлангандек жимгина тикилди.
Ҳожи бобом билан расмий никоҳдан ўтганмисиз, ўтган бўлсангиз ишимиз анча
енгил кўчарди…
Уй бекасининг шаҳло кўзлари янада каттариб, юзларида хавотир пайдо бўлди.
Худога шукур, шаръий никоҳимиз бор. Ўша пайтлари бу кишимнинг паспорти
йўқолган экан. Янги ҳужжат олингач, “Ана энди, заксдан ўтамиз…” дейишга
тўғриси тилим бормади. Гўё ҳожи бобога ишонмаётгандек бўлиб кўринишдан
ўзимни тийдим. Ўзи нима гап, овсинжон? Очиқ-очиқ гапиринг…– Ўртанчи ўгай ўғлингиз Қўчқор қора бор-ку, ўша дининг куйгур, “Энди отам йўқ,
хотини-да бизга ҳеч ким эмас… Кўч-кўронини ортиб, ака-укалариникига кетсин”,
деябди. Бу уйга жиянини уйлантирармиш. Уйнинг барча ҳужжатлари унинг номида
экан. Кадастир, ҳоким қарори, бари-бариси… Қайним Шодибой билан гаплашсам,
“Қўчқор астойдил тармашса, уйни олиб қўяди, қонун у томонда…” дегандек
қиляпти. Аяжон, шуни ўйлаб-ўйлаб олдингизга келдим…
Рисолат оёқларини қучоқлаб, бошини тиззалари устига қўйди. Ичидан йиғи
деса йиғига, хўрсиниш деса, хўрсинишга ўхшамайдиган нола чиқди. – Аввалги эримдан бола кўролмаслигим аниқ бўлгач, укамнинг уйига қайтиб
бордим. Келиним ярим йилга ҳам сиғдирмади. Ўлганимнинг кунидан йигирма
ёш катта бўлса ҳам ҳожи бобога тегишга мажбур бўлдим. Хотин қўйгану, хотини
ўлганлар одам қўяйвериб жонимдан тўйдириб юборганди. Илоҳим, бу кишининг
жойлари жаннатда бўлсин. Салкам ўн йил тотувгина, аҳилгина яшадик. Нима
қилай, чолгинам пешонамга сиғмади. Очиғи, бировлар сиғдиришмади…– Бу шивир-шивирларни, паст-баланд гапларни бутун қишлоқ билади. Аммо
исбот йўқ, далил йўқ. Чин гап очилиб кетса қишлоқнинг шаънига яхшимас,
дейдиганлар ҳам топилади. Энди, аяжон, гап бундай… Қўчқорни йўлга солинг,
ўгай бўлса ҳам онангман денг. Жиянини уйлантирса, уйлантирар, келин-куёв билан
яшайверасиз…
Рисолатга Ханифанинг маслаҳати ёқди. Аммо оқпадар Қўчқор бунга кўнармикан?
Хизматларини қилардим, болаларига қарардим! Ахир ҳали белим букилиб, бир
бурчакда ўтириб қолганим йўқ-ку, дея ўйлади жувон. – Оллоҳ сизга куч-қувват берсин. Қизишманг, бақир-чақир қилманг. Лозим
кўрсангиз бизни ҳам чақиринг. Ана, маҳалла маслаҳатчиси Охун дадани ҳам
бирга олиб келаман. У одам гапни жой-жойига қўяди. Қанчадан-қанча оилаларни
яраштириб юборди. Мана мени айтди дерсиз, ҳали ҳамма ишларингиз яхши бўлиб
кетади…
Баъзи кўнгил тортар ўртоқлари Турот чавандоздан, “Нега элга кам қўшиласан,
нега бунчалик кам гапирасан”, десалар биласизми у нима дейди? Ҳеч нима демайди…
Гўё саволни эшитмагандек жим тураверади. Чавандоз ўтирган айвонидан итини
томоша қиларкан зерикиш нималигини билмайди. Ўзининг косасидаги гўшту
суякдан албатта итга илинади. Ит билан одам каби бемалол гаплашиб қўяверади. – Намунча четга қарамасанг? Битта гапни яхшилаб эшитиб ол. Оғир кунларнинг
кўпи кетиб, ози қолди. Сенга эркинлик бераман, шундай экан, бўлар-бўлмасга юз
ўгираверма. Ахир шу қишлоғу унинг одамлари иккимизнинг элимиз-ку! Эрдан
чиқсанг ҳам, элдан чиқма дейишган. Бу гаплар минг йилларнинг нари-берисидан
келаяпти. Унинг мағзи ғалвирак ёнғоқнинг мағзидан ҳам тўқ. Бу элнинг мардлари
ҳам, қора гўрлари ҳам бор. Эл бўлгач, ҳаммаси қўшу қўшалоқ келади. Сенга Абди
чиллаширнинг қилмишини айтиб берайми? Рўзиқул мулла ўлганда Абдибойимиз
бир ҳафта унинг дарвозахонасида ўтирди. “Менга мулланинг болалари эътибор
қилсин, кўзи тушсин, мени эслаб турсин, содиқ мурид эканлигимни фаҳмласин…
Садоқатимга яраша биронта қўй-қўзи тегиб қолар…” деган илинж уни кирар
чиқар жойга миxлаб қўйганди. Бу тентак мулланинг бола-чақалари мўллигини,
улардан ортиб ўзига битта гугурт чўп ҳам тегмаслигини тушунмасди. Ўнинчи куни
мулланинг ўғли, “Амаки, энди уйингизга боринг, чақирсак, келасиз, хўпми”, деди.
Кўрдингми, Олабай, одам боласи ўзини-ўзи мана шундай қилиб ҳурматдан
айиради. Инсон мартабадан оёғи тойиб, нафс деган чоҳда бўғилиб ўлади.
Ҳали сен билан бироз ишларимиз бор. Буни ўзинг ҳам сезиб турибсан. Улар
ҳали тоғларда тинч ётишмайди. Ана шулар мисоли қумга кўмилиб, нишига заҳар
йиғаётган чаёнларга ўхшайди. Эртами-кечми ана шу заҳардан қутилмаса, уларни
дард йиқитади.
Чавaндознинг икки ўғли бўлиб, улар шаҳарда туришади. Оталари уларга ҳам гап
қўшавермайди. Аммо шаҳарликларнинг мошинасини қовуну ошқовоққа, дилафрўз
ноклари-ю ёнғоқларга, қўй гўшти-ю думба ёғларга обдан тўлдириб беради. Хайр
хўш чоғлари ҳар иккала ўғлининг елкаларига уриб-уриб қўяркан, томоғига нимадир
тиқилгандек бўлиб, кўзларининг зийига ёш қалқийди.
Ёлғизлик аталмиш бир толе ортидан соя каби эргашиб, уни анча толиқтириб
улгурганди. Бироқ бу ҳаётда ҳар бир нарсанинг ўз ибтидоси-ю, ўз интиҳоси
бўлганидек, одам боласининг ҳаёти фақат адоғи йўқ ғаму ташвишлардан иборат
эмас.
Ҳайит байрамидан икки кун муқаддам ёнғоқ дарахти билан тўсилган қўшни
томондан уни кимдир чақиргандай бўлди. Сабзи билан булғор қалампирга сув
тараб юрган чавaндоз, “Адашдимов, мени ким чақирарди”, деб ўйлади. Лаҳза ўтмай
бояги овоз такрорланди. Сўнг йўқлагувчининг ўзи кўринди. Қизил товар кўйлак
кийиб олган Рисолат шохлар орасидан унга сариқ ҳалтага солинган нарса узатди.– Арзимас ҳайитлик илинган эдим. Қўлимни қайтарманг, – деди аёл рўмолининг
бир учини тишлаган кўйи. – Раҳматли отам сизни бизнинг уруғдан, дер эдилар. Ана
шу гапларнинг ҳақи-ҳурмати туҳфамни қабул қилинг…
Чавандоз совғани олди. Рисолат уч-тўрт йиллик ёнғоқлар орасидан ўз ҳовлисига
ўтиб кетди. Сариқ қоғоз орасидан яктак ва шалварни олиб чавaндоз бир зум туриб
қолди. Кейин яктакни елкаларига тутиб ўлчай бошлади. Бунга-да қаноат қилмай,
ичкарига кириб, сарполарни кийиб кўрди. Товба, айнан ўзининг бичими-ку!
Рисолат тушмагур қандай қилиб чамалади экaн? Жуда-жуда кўзчил экан…
Янгиликни бориб Олабайга айтди. Қийиб қўйгандай ўзимники экан, деди.
Ёқасидаги каштани кўр, ёмонам бежирим чиқибди…
Олабай унинг ўзи-ю, сарполарига қайрилиб ҳам қарамади. Итнинг кўзлари
қорлар ялтираган Ўртатоғ арчаларига қадалганди.– Олабай, Олaбай! Сени кўнглимга яқин олиб ич ёрибман-а, туриш-турмушингни
қара! Сени салкам жўрам, деб билибман. Майли Олабай, майли. Мен барибир сени
яхши кўраман…
Зулайҳонинг олдига туя тишларини кўрсатиб, тиржайиб турувчи Қўчқор
гоҳо-гоҳо келиб турарди. Ана шунда дўкон туйнуги тақа-тақ ёпилиб, нархларни
тўтиқушдай такрорлайдиган магнитофон ишга тушарди. Қўчқор ўзича гапириб,
ўзича жавраб турарди-турарди-да, кейин ортига қайтиб кетарди. Бир куни мана
бундай бўлди: у магнитофон симини илгак билан юлиб олди-ю, пастга ташлаб
юборди. Батареяси ҳам тугаб қолган, шекилли, магнитофон бутунлай ўчди.– Зулайҳо синфдош, сал ўзингни босиб ол! Кўп ҳам ўзингдан кетаверма, нари
борса эри тирик туриб, ўзи бева қолган бир аёлсан-да! Нимангга кериласан?
Самандаринг Россияни итдай кезиб жонон овлайди. Сен эса қишда совуқ, ёзда
иссиқ вагончада ётиб ҳали бу тентак эрим қайтиб келади, дея умид қилишдан
чарчамайсан. Қўй, бу бемани хаёлларни… Машинамга чиқ, дала-даштларни бир
айлантириб келай. Қизғалдоқлар гулхан бўлиб ёнаяпти. Бағримга кел, сени ҳам
ёндираман деяпти. Олдин ҳам айтганман, ҳозир ҳам айтаман. Бу умр қурмагур
одам боласига фақат бир марта берилади. Яшаган яшаб қолади, ўлганни мозорга
элтиб кўмиб келишаверади. Кейин қурт-қумурсқа-ю, илон чаёнлар бир ойга қолмай
гулдай танангни еб битиради. Гилосдек лабларингдан, ажинаси ўйнаб турган
хумор кўзларингдан, оқи-оққа, қизили-қизилга ажралган юзларингдан пистанинг
пўчоғидай жой қолмайди. Тана-тўшинг, қулоққа хушёқувчи сўзларинг бари-бариси
қора ер қаърида қовурмачоқ бўлиб кетади…
Зулайҳо картошка-сабзи соладиган товоқни олди-да, темир қошиқ билан ура
бошлади. Қўчқор дангура-дунгур оҳангига мослаб ўйнай кетди. Охири чарчади.
Вагон туйнугини ёпиб турган айвон устунига суяниб олди.– Сенга бир гап айтайми? Эру эркакнинг қучоғига зор бўлиб ўт! Самандар
ҳам сенинг мана шундай сигир мижозлигингни билиб, сўлқиллаган татарканинг
тўшагига кириб кетган. Энди қиё боқиб бўпти! Чопонининг этагидан тутаман
десанг, ўша жойини шартта кесиб ахлатхонага ирғитади. Бас, шундай экан, бирорта
менга ўхшаган зўр йигитни топиб айш қилиб яшамайсанми! Ана шундай қилсанг
Самандарни кўзини ўйиб олган бўласан. Овора бўлма, у ҳеч қачон узр сўраб,
бошини эгмайди. Уч кун итларга қараса, уч юз кун қиз бола аталмиш гулларни
ҳидлаб юради…
Жувон дўконча туйнугидаги қора бахмални кўтариб, қаергадир қистириб
қўйди. Сўнг шаҳодат бармоғи билан Қўчқорни туйнукча олдига чақирди. Боягина
ўктам-ўктам, бурро-бурро сўз айтаётган Қўчқорнинг чакаги ўчди. Чағир кўзларида
тараддуд ва ҳайронлик пайдо бўлди. Жувонга ишониб-ишонмаётган йигит дўкон
дарчасига яқинлашди. Зулайҳо қўли билан “сал пасай” ишорасини қилди. Қўчқор
эгилди. Жувон қўл йитадиган жойда осилиб турган сим илгакни пасга босди.
Қўчқорнинг енги калта оқ кўйлаги, қора кастюми ҳамда янги дўпписининг устига
ташқи дарча устидаги челак ширқиллаб ағдарилди.
Йигит ўзини зинапоя устидан пастга ташлади. Ростини айтиш керак, манзара
ўта хунук эди. Унинг ияги ва қулоғи солинчагидан қоп-қора лойқа сув оқарди.
Манзарани кўриб-кузатиб турган жувоннинг юзи қилт этмади. Шунчаки,
“Ҳолинг қалай, хотинбоз” дегандай, Қўчқорга им қоқди. Йигит дўкон деразаларини
уриб, синдириш учун пастдан нималарнидир қидирарди.– Гапимни яхшилаб эшит. Агар вагонимнинг деразасига мошдек тош тегса
бўлди… Оқшомни милицияхонада ўтказасан. Камида бир ой темир панжара
орқасида ўтириб, макарон шўрва ичасан. Мана, телефонимни хотирасини ёқдим:
ҳар бир сўзингни ёзиб олади…
Одатда лов-лов ёнадиганлар, ўйиб оладиган сўзларни эшиттгач, бир пақир сув
сепилган кунда каби “пис-пис” этиб ўчади, қолади. Қўчқорнинг ҳоли худди сув
сепилган кунданинг ҳолига ўхшарди.
Ўртатоғда Қораёлни кейинги пайтлар унчалик хушламай қўйишганди. Хонаки
ит билан жуфтлашиб, ундан учта бўривачча орттирганлигини шериклари сира
сира ҳазм қилолмасди. Аммо жангу жадалларда тўданинг боши бўлиб ҳаракат
қилиши, шерикларини қийин ахволда қолдирмаслиги бирмунча Қораёлнинг
обрўсини кўтариб турарди. Унинг учта ўғли ҳам аллақачон бўй етиб, ҳеч нарсадан
тап-тортмайдиган жонзотларга айланиб улгурганди. Улар чўчқа-ю тоғ эчкиларини
бир зумда ичак-чавоғини ағдариб ташларди.
Қораёлу бир-икки хабаркаш бўрилар ов арафасида ва талатўп бошланмасдан
олдин “у-вв” тортганларида ўрмон ҳайвонлари жим бўлиб қоларди. Ҳатто ой
ҳам булутлар ичига шўнғиб кетиб, очиқ жойга чиқишга юраги бетламагандек
чор-атрофни қора тун ўзига тобе айларди. Ўша лахзаларда тоғ ўркачларидан, гоҳ
Сутлисой томонлардан бир-бирларини йўқлаб бўрилар тинимсиз увлашарди.
Ҳайвонларки ҳайвонлар, бўриларнинг бу хунук овозлари одам боласини ҳам
тарнов учидаги муз сумалагидек қотириб қўярди. Отга минган бўлсангиз отингиз,
эшакда кетаётган бўлсангиз ана шу жонивор қулоғини динг қилиб, то икки-уч
қамчи емагунча тошдай қотиб қолади. Бўлмаса бўрилар билан одамлар яшаётган
жойнинг оралиғи неча-неча чақиримлардан иборат. Қўйлар, серка-ю такалар, оту
қулунлар қўра-ю оғилларнинг бир бурчагида тўпланиб, ғуж бўлиб оларди. Қачондир
қуйруғу-ю белидан, томоғи-ю оёғидан бўри тишлаган жониворлар иложи борича
ўзини шерикларининг устига отиб, хавф-хатардан бешикаст чиқишга уринарди.
Касалманд, чўлоқ ҳамда довдир қўйларга ҳужум қилиш бўриларнинг қон
қонига сингиб кетган. Бақувват, жағи-ю тажрибасига ишонган жондорлар эса
одатда қўйларнинг энг семизига ёпишарди.
Ўта оч бўрилар истакларининг зўридан тўсиқлардан сакраб ўтаркан жағларини
очиб олишарди. Қўрқув билмас бу ўлим элчилари баъзан қўйларни бир чекадан
бўғизлаб, уч-тўрт бўлак эту қуйруқни ямламай ютарди. Итлар овози-ю,
чўпонларнинг ҳай-ҳайлашидан саросимага тушган бўрилар жониворларнинг дуч
келган бирортасининг энсасидан тишларди-да, бир сакраб тўсиқдан ошиб кетарди.
Ялангликка чиқиб олгач, қўйни маҳкам тишлаганча, думи билан қуйруғига уриб,
тезда кўздан йўқоларди.
Қуруқликда бирон-бир ёввойи жонивор бўрилардек ҳужум уюштиролмайди.
Одатда чўпонлар увлаётган бўрилар томонга қарата милтиқ отишарди. Ўн
беш, йигирма дақиқа қўрқинчли қўшиқларини айтмай турган бўрилар, кўп ўтмай
яна бир-бирларини огоҳ қилиб, нимагадир чорлаб, қайтадан увлашга тушиб
кетарди. Бу тўда кўпинча Қораёлнинг яшин урган арчаси атрофида тўпланарди.
Улар бир-бирларининг тумшуғи-ю човларини ҳидлашлар, бир-бирларининг белу
бўйниларига осилишларди. Ана шу ғалати мулоқот чоғида улар нимага келишди,
нималарни бир-бирларига етказишди, буни ҳеч ким билолмасди.
Барча сиру синоатлар фақат бўриларнинг ўзларига аён.
Тоғнинг чўққи-ю, кунгай томонидаги эриган қорлар бир-бирига қўл узатиб,
жилға-ю, жилғачалар бўлиб Сармич, Хўжамушкент аталмиш сув омборларига
қуюлиб ётарди. Даштлар бинафша аталмиш, қашқабеда аталмиш гулу гуллолаларни
кўйлак қилиб кийиб олишди. Ана шу гулу майсалар бир-бирига суйкалишар,
уларнинг орасидан ўрмалаб ўтиб бораётган кўлвар илонлар ўзларининг юмушлари
билан оввора-сарсон эдилар. Турли-туман ўтларни чимдиган тошбақаларнинг
беўхшов оғизлари ям-яшил тусга бўялганди.
Бўриларни даштдаги бу манзаралар қизиқтирмас, чоп-чопу қув-қув дамлари ана
шу манзаралар ёнидан шоша-пиша ўтиб кетишарди. Ҳаводан яқин ўртада бўлиб
ўтиши тайин бўлган ҳужуму талатўпнинг тахир иси келарди. Бўрилар ана шу улуғ
кун яқинлигидан оёқлари билан тумшуқларини, қулоқлари-ю бўйинларини қашиб
ва ишқалаб ўйнашарди.
Даштдаги ўнлаб қишлоқ одамлари бўриларнинг шум ниятидан бехабар эдилар.
Фақатгина кўпни кўрган чўпон-чўлиқлар ҳамда овчилар ҳўвв ўша тоғлардан
бошланувчи юрак томирига ўхшаган Бўрижарга хавотир ила тикилиб-тикилиб
қарашарди.
Самандарнинг тез-тез уйқуси қочадиган бўлиб қолди. У қўлидаги дурбин
билан итхона атрофидаги тепалигу туядек чўкиб ётган харсангтошларни, гужум
ва буталарни синчиклаб кўздан кечирарди. Мана, неча-неча ойдирки биронта
бўри Чақиру унга туташ бўлган қишлоқларга яқинлашмай қўйди. Шу ҳолатнинг
ўзиёқ Самандарни тузуккина хавотирга соларди. Бу жимлик катта бўрон олдидаги
сукунатни ёдга ундарди. У ташвишу хавотирини Турот чавандозга ёрилганда
Полвон ҳам йигитнинг тахминларига қўшилди. “Самандар! Хавфни сезибсан,
балли ўғлим, балли! Ҳадемай ой тўлишади. Жуда-жуда сергак туришимиз керак.
Бир кўзимиз ёпиқ бўлса, иккинчиси очиқ бўлиши шарт. Келгуси ҳафта шаҳардан
таниш овчиларни зиёфат баҳонасида бир-икки кунга чақирсак ёмон бўлмасди…”
Жума тонгида Турот чавандознинг юраги хуруж қилди. Икки қовурғаси
бирлашган кўкрагида кучли оғриқни сезди. Нафас олишга қийналди. Сўрида
қувватдан кетиб анча пайт беҳол ётиб қолди. Ўзига келгач эса, омонати бўғзида
қолганлигидан Яратганга шукроналар айтди. Бу дунёда битмаган ишларим бор,
шекилли, акс ҳолда тепада учиб бораётиб омонатини топширган қарғадек қотардим,
қолардим дея суюниб ҳам қўйди. Эртаси куни тонгда боғ тўрида қип-қизил бўлиб
пишган қўқон гилосни кўриб, пешонасидаги ажинлар ёйилди, кетди.
Олаҳаккани қўрқитиш учун гилос шохларини силкитиб-силкитиб юборди.
Ана шу паллада қўшни ҳовлида сигир соғаётган Рисолатга кўзи тушди. “Гилосни
шу аёлга бераман, биринчи бўлиб шунинг оғзи тегсин”, дея ўй сурган Чавандоз
иккиланиб-иккиланиб қўшнисининг номини тилга олди. Бир қўли билан
кўйлагининг ёқасини чимдиб олган аёл уват ортидан туриб пича ҳадигу, пича
қувонч ила салом берди.– Шу гилосларни олиб қўйсангиз. Оғзингиз тегсин, дедим. Яна кўнглингизга
бошқача гап келмасин, – деди Чавандоз, ҳаяжонини зўрға босиб.– Сиздай чин мусулмон одамнинг кўнглида ёмон хаёллар нима қилсин, – деди
Рисолат калишининг учига тикилганча.
Ҳар иккиси қўлларини кўксига қўйиб хайрлашди. Ҳар иккиси суҳбат деганлари
ўта қисқа бўлганлигини англаб, бироз афсусландилар. Уйга борган Рисолат нуқул,
“Шу мулла акам…” дерди-ю на фикрини, на сўзини тугатолмай ҳалак эди.
Эрининг вафотига икки йил бўлса-да, бирор-бир эркакка қиё боқмаган, қиё
боқиш нари турсин, ҳатто бировни хаёлига келтирмаган Рисолат шомга қадар
ҳовлига ёйилган таппиларни йиғди. Бостирма тагига каттасини-каттага, кичигини
кичикка қилиб ажратиб босди. Ана шу дамларда ҳам унинг лаблари нуқул “Шу
мулла акам…” дея шивирлаб, дунёда бундан ёқимлироқ сўз йўқдек, уларни айтмай
қўйишдан, уларни йўқотиб қўйишдан жуда-жуда чўчирди.
Чавандоз сўрида ётиб ўзи билан ўзи олишарди, “Шайтонга ҳай беришим керак…
Тўримдан гўрим яқин, ахир! Қариганда қишлоқ аҳлига беимондек кўринишнинг на
ҳожати бор…”
Аммо одам боласида кўнгил деган бир нарса бор. Ана шу кўнгил ёш боладай
унинг қўлларидан маҳкам тутиб, дуч келган томонга бошлаб кетади. Шу болакай
озор чекмасин, дилига андуҳ қўнмасин, деган ниятда орқасидан жимгина
кетганингизни билмай, сезмай қоласиз.
Чавандозу Рисолатлар юрагини ана шундай ширин изтироблар маҳкам қучиб
қучоқлаб олганди.
Абдусамат билан Қурбонали Чақирга бўзчининг мокисига ўхшаб жуда серқатнов
бўлиб қолди. Салимбой билан Қўчқор бориб-бориб уларни кўрса ё даштга эниб
кетадиган ё бўлмаса боғ оралаб кўздан қочадиган бўлиб қолди. Воқеадан туман
катталарини ҳам хабардор қилиб қўйишди. Ҳоким, прокурор ҳамда милиция
бошлиғи уларни обдан тинглашди. Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг
икки нафар ходими тошкентликларнинг далилу қатор гумонларини тўлиқ
тасдиқлади. Ҳоким Аҳмад Жўраев ўша куниёқ ҳар икки қўшнини хавфсиз жойга
кўчириш, уларга кўмаклашиш тўғрисида буйруқ берди.
Кечга бориб Салимбой ва Қўчқор аталмиш қочоқларимиз кўриниш берди.
Ҳар иккисининг ҳам қовоқлари осилган, меҳмонлар билан қўл учида салом-алик
қилишди.
– Сени ёлғиз укам, жигарим десам очиғи одам-подам эмас экансан. Келиб-келиб
мени чуқаладинг-а, бунинг ўрнига бирон дардинг бўлса қулоғимга шипшитсанг
бўлди эди, – деди Салимбой кечки дастурхон устида. – Мана ҳамсоям Қўчқор ҳам
қараб турмайди…– Менга товламачи иниларингизнинг ўтқазиб қўйган жойи борми? Танк олиб
келиб суриб ташлашса ҳам ҳовли-ю қўраларимдан воз кечиб бўбман…– Ҳў-вв Қўчқорбой, сиз хушламаётган давлат уй-жойингизнинг пулини қуртдай
санаб беради. Боғ-роғларингизнинг уч йиллик даромад пулини ҳам ҳисоблаб
сизларни рози-ризо қилади. Кўчки тагида қолганларинг яхшими ёки тик қараган
ажалдан ўзни сақлаган яхшими?
Ўжарликда уларнинг ҳар иккиси бир-биридан ўтса ўтардики, асло ортда
қолмасди. Хуллас калом, меҳмону мезбонларнинг маслаҳат шовласи пишмади.
Эртаси куни шаҳарга қайтаётган Қурбонали Абдусаматга қараб, “Мен
Қўчқорни қайсар десам, акангиз унга этак тутқазмас экан. Бир ойни ичида ёриқ ўн
сантиметрга кенгайибди. Қияликдаги жинғилу, дарахтлар сал бўлса-да сой томонга
эгилганини кўрдингизми? Баландлиги икки юз метрлик тошу тупроқ пастга
силжиса йўлидаги ҳеч бир нарсани омон қўймайди. Барча-барчасини кўмиб, ютиб
юборади. Қурбонали жўра! Қадрдоним… Бу ўжарларнинг ҳар иккиси ғирт аҳмоқ,
ўлгудай ипирисқи. Мол-дунё деганлари уларнинг кўзига шира бўлиб сурилган.
Кўр одам ушлаганини қўйиб юбормайди, деганларидек, уларнинг дарду дунёси уй
жо-ю бойликларда қолган…
Абдусамат шеригининг гапига кулимсираб қўйгани билан, юрагининг тубида
катта бир хавотир нафас олиб турарди. Бир замонлар танишларининг юзга яқин
қўйини ўғирлаб, пуллаб юборган акасининг талайгина қитмир ишларини билса
да, унга ачинар, содир бўлиши нақд бўлган фалокатдан уни қутқариб қолгиси
келарди. Оталари тириклик чоғида Салимбойга нуқул укангнинг чопони этагини
ушла, эмасам ҳолинг чатоқ бўлади. Кўзингнинг аланг-жаланг қилишини кўрган
одамнинг капалаги учади. Тулки деганлари эртами-кечми тумшуғидан илинади,
дея қайта-қайта такрорларди.
Отаси салкам авлиё экан, Салимбой қўли кўксида тургани билан ўзини ҳаётнинг
сертикон сўқмоқларига урди. Ҳали-ҳамон ўша сўқмоқларда юрибди.
Ёмон кунлар қаватида, яхши кунлар ҳам нафас олиб, кун кечириб юраркан.
Самандар учун энг яхши гап Чақир қишлоққа энаси билан қизи Камила келди.
Қандай келди, унинг манзилу маконини қандай топди, нечоғлиқ сарсону саргардон
бўлди, буни энди эна-болаларнинг ўзлари билишарди.
Қизалоқ дадасининг бўйнидан шу қадар маҳкам қучоқладики, Самандарнинг
бироз нафаси қайтгандай бўлди.– Она қизим, жоним қизим, жонимдан ҳам ширин қизим! Олмахонлар дикир
дикир қилиб ўйнайдиган томонлардан дадасини йўқлаб келган қизим…
Иссиқ бўлишига қарамасдан қалин кийиниб олган қайнонаси Самандарни
елкасидан қучиб йиғлар, гапини айтолмай хиқичоқдан тузуккина қийналгани
билиниб турарди. Самандар таксичининг оғзидан чиққан пулни бериб, уни
Тошкентга қайтариб юборди. Йигитнинг қўни-қўшнилари, бир тўп қизалоғу
болакайлар дарров Камилани ўраб олиб, уни ҳалинчакда учира бошладилар.
Олис юртлардан Чақирга келган меҳмонлар ҳақидаги янгилик атрофга яшин
тезлигида тарқалди. Самандар ўзида йўқ шод эди. Қизини сира қучоғидан қўйиб
юборгиси келмай, ширин-шакар сўзлари билан уни эркалатиб-эркалатиб қўярди.
Шом кирди… Вақт хуфтондан ҳам силжигач қизалоқ дадасининг тиззасига бош
қўйиб уйқуга кетди. Қайнона-куёв суҳбати ярим тунгача давом этди.
– Самандар, ўғлим, олти ойдан бери ўйлаб-ўйлаб Камилани ўзингга топширишга
аҳд қилдим. Ҳолим ўзингга аён: бирда ҳуд, бирда беҳудман. Қанча куним қолди,
Оллоҳга аён. Сенинг ҳам ҳозирги оилавий шароитингни эшитганман… Хотининг
билан яраш. Уни жуда ақлли аёл дейишмоқда. Унақа аёллар кўча-кўйда сочилиб
ётмайди. Ўғли-ю Камилага оналик қилсин. Мен ҳам чин дунёмга орқамга
қарамасдан кетай…
Ҳовлидаги ўрик остига қўйилган сўрида Самандар хўрозлар илк бор қичқиргунча
ўйланиб ётди. Ўзининг кўкрагидан итарган Зулайҳо Камилани қабул қилармикан?
Бунга у ишонмайди. Қайнонаси ҳам Зулайҳонинг асл феъл-атворидан бехабар-да!
Эр бермоқ – жон бермоқ, деганлар, ахир. Аммо энди қизининг онаси йўқ-ку! Буни
да Зулайҳо аллақачон эшитган бўлса керак.
Самандар нонуштадан кейин ишхонага бораману келаман, деб чиқиб кетди.
Кампир эса неварасини қўлидан етаклаб гузарда турган таксилардан бирига ўтирди,
“Зулайҳо хонимнинг олдига, вагон дўконга элтиб қўйинг, ўша жойда бизларни
бироз кутасиз. Сизни рози қиламан, ўғлим”, деди.
Дўкон олдига сув сепаётган жувон кампир билан қизчани кўриб тўзиган
сочларини рўмолининг остига яширди. Кампир худди ўзбек момоларидек у билан
қучоқлашган кўйи “омонмисиз-эсонмисиз” дея кўришди. У жувоннинг елкаларидан
қучиб-қучиб сўрашди, уч-тўрт бор аёлнинг юзу кўзларидан ўпиб-ўпиб ҳам олди.
Ширинзабонлик жувонни балодек эритиб юборди. У ниманидир сезгандек
бўлиб, энасининг қўлидан маҳкам тутиб турган қизчани оҳиста ўзига тортди-да,
унинг юзу кўзларига қаради. Қизчанинг кимнидир эслатувчи қирра бурнидан,
пешонасидан ўпиб-ўпиб қўйди.
Кампир йиғлади. Йиғлаш баробарида беш-олти қадам четга чиқиб, бурнидаги
сувдек югурик суюқликни яхшилаб қоқиб ташлади. Бу пайтда Зулайҳо худди
йўқотган қай бир нарсасини топмоқчидай бўлиб қизчанинг бўй-бастига тикиларди.
Аёл ҳам йиғлади. Томоғига нималардир тиқилгандай бўлиб озорланди. Оқибатда у
андишани, ғурурни, кибрни қаёққадир итқитиб, қизалоқни тиззаларига
ўтказиб олди. Товба, одам боласи ҳам отасига шунчалик ўхшаркан-да! Юзидаги
иккита кулгичлари, қўй кўзлари, тим қора қошлари-ю, ихчам қулоқлари “Мен
Самандарнинг қизиман…” дея пичирлаб, шивирлаб турарди.– Қизим ҳаёт бўлганида сира-сираям сизларни безовта қилмасдим, биби
Зулайҳо! Нима қилай, у пешонамга сиғмади. Буни тақдир дейдилар. Неварамдан
меҳрингизни қизғанманг. У энди сизнинг қизингиз. Мана кўрасиз, у сиз билан эту
тирноқ бўлиб кетади. Бир тану бир жонга айланади. Сиздай оқила аёлга насиҳат
қилишдан, йўл-йўриқ кўрсатишдан мен ўзимча маъни йўқ, деб ўйлайман.
Айни тун тонг томон оққан паллаларда итнинг безовталиги негадир кучаяр, Ўрта
тоққа қараб ваҳима билан ҳурарди. Қуш уйқу бўлиб қолган чол-кампирлар, соғлиғи
ёмонлашган эркагу аёллар, оғироёқлик боис юзларига билинар-билинмас доғ
тушган келинчаклар ётган жойларида уйқусираб, бир-бир ағдарилиб қўйишарди.
Олабайнинг ваҳимали ҳуришларидан сўнг қишлоқнинг турли томонларидаги итлар
вакиллашу ғингшишни бошлаб юборарди. Оҳаксой тепалиги пастида жойлашган
“Қадрдон дўстлар”даги жониворлар ҳам чор-атрофдаги биродарларининг анчагина
ёқимсиз бўлган овозларига қўшилиб, жўровозлик машқини маромига етказарди.
Олабай кундуз кунлари ҳам, овқат еётганда ҳам, ўзи аниқ билмаган ва билиши
мумкин бўлмаган қандайдир фалокатни олдини олмоқчи бўлгандай Ўрта тоғнинг
сертаҳлика чўққиларига қараб-қараб қўярди. Мана ҳафта-ўн кундирки у ўзига
ноқулай бўлса-да чап оёғини ўнг оёғидаги занжир устидан ошириб, узоқ вақт тоғ
томонга тикилиб туришни одат қилди. Турот чавандоз қўтир касалидан ўлган ёш
қўчқорни бўлиб-бўлиб кунига икки маротаба итнинг олдига ташлайдиган бўлди.
Ит билан чавандозни дўст деб бўлмаса-да, уларни душман, деб ҳам бўлмасди.
Тутқунликдан чекаётган азобларни демаганда чавандоз уни аяб-суяб ҳамда
анчагина меҳр билан парвариш қиларди. У тез-тез итнинг занжир билан боғланган
бўйнини кузатар, сим тўр ортидан бўлса-да бит ва каналарга қарши дориларни
сепиб турарди.
Ит ўз эгаси бўлмиш чавандознинг кўп феълларини тушунмас, шундай бўлса-да
унинг бошқаларга қараганда меҳр-муҳаббатли одам эканлигини билиб, полвоннинг
эркалашларига жимгина туриб берарди.
Ит чавандознинг кейинги пайтларда ҳушёр тортганини кўриб турарди. Турот
чавандоз Рисолатнинг ҳовлиси билан чегарадош бўлган полизу сабзавот экилган
четларга сув қўярди. Жума оқшомига яқин бошига қизил рўмол ўраган Рисолат
сирли товоқда ош узатди.– Овқатим сизга ёқадими, йўқми буни билолмадим.Чиним шуки, бу ошни сиз
учун дамладим.– Нега ёқмасин экан, ёқади… Чўпонларнинг кечқурун чиқарадиган таомидан
қутуладиган бўлдим. Сизга кўп раҳмат.
Жим қолдилар. Сукунат хиёл чўзилгандек бўлди. – Мулла ака, мен борай. Ҳали сигирим соғилмаган…
Чавандоз ўзининг туриш-турмушига, айтган сўзларига минг афсусланмасин,
жувонни яна кўргиси, овозини эшитгиси келди. Сўнг меҳмонхонага кириб, ўзини
тош ойнада кузатди. Ундан болаликда чиққан сувчечакдан қолган чандиғу қўй
кўзларни кўриб ўзича кулди. “Қўтир кўнгилга тилла жомашов, деб шунга айтсалар
керак-да! Бошини иккита қиламан деса, ундан ёш, ундан ўктам не-не эркаклар бор.
Бева кимсани бир товоқ ошу битта сарпо билан сийлаган жувондан умиду илинж
билан қандайдир рағбат кутиш инсофданмикин”, дея ўйлади.
Ўй бошқа, ишу ҳаракат бошқа. Эртаси куни уни йўқлаб опаси Анзират келди.
У ёқдан-бу ёқдан гурунг қилдилар. Гап-сўзлар чувалашиб-чувалашиб охири
Рисолатга бориб тақалди. Укаси ул-бул дея, гапни айлантиравергач, Анзират оғзига
солган парвардани дастурхоннинг бир чети билан ёпиб қўйди-да, чавандозга
тикилиб қаради. – Сен ўзингга муносибини топ… Рисолат сенга сочининг битта толасини ҳам
ушлатмайди. Бу аёлни билмабсан, дунёга келмабсан. У мисоли бир хурлиқо, у
сендай икки товоқ туппани кўрдим, демай еб юборадиган айиқполвонга қайрилиб
ҳам қарамайди.
Кўнгли сал озор чеккан чавандоз ҳовлига чиқиб, итнинг олдига борди. Ичалоққа
яримта нону, бир қисм оққанд ташлади.
Итнинг олдида мунғайиб ўтирган укасининг ҳолини кўрган Анзират бироз
бўшашди. Ким билсин, балки мен яхши опа бўлганимда бу полвон укамнинг боши
аллақачон иккита бўлармиди, дея ўйлади. – Менга қара, Турот! Шарманда бўлсам ҳам Рисолатнинг эшигини тақиллатиб
кўрайми? Нега оғиз очдинг, дея оёғимдан боғлаб қўймас! Пулим бўлганда эди,
дўкондан новот, тешик кулча, итларнинг расми бор “Барбарис” конфети сотиб
олиб, чиройли бир дастурхон билан борардим… Ҳа-ҳа бўлди, шу берганинг етади.
Пулинг ортиб қолса, қайтариб келаман… Мен гапни айлантириб ўтирмайман,
бошимга косов билан тушириб қолсанг ҳам Чавандоз укамдан сенга қулчиликка
келдим. Хўп десанг бир ҳафтада йиғиштириб кетамиз, йўқ десанг ҳар иккаланг
дарахт шохидаги жуфтини йўқотган бойўғлидек бўлиб ”ғув-ғувлаб” ўтиравер,
дейман. Укажон, салгина ройиши бўлса дастурхонимни очади, бўлмаса уни қўлимга
қайтариб беради. Таомили шундай…
Анзират дарвозадан чиққунча ўзига-ўзи гапириб кетди. Кўчага чиққач эса ортига
бир қаради-да, “Мени эртага шому хуфтон оралиғида кут”, деди.
…Анзиратни, унинг қўлидаги дастурхонни кўргач, негадир Рисолатнинг юзлари
қизариб кетди. Анзират қурмагур бир сўзли аёл эмасми, гапни чувалатмади.
Укасига нима деган бўлса, жувоннинг уйида ҳам шу гапларни айнан такрорлади.
Рисолат рўмолини пешонасидан пастга қараб тортди. Унинг чарос кўзларини рўмол
яширгандай бўлди. Темирни қизиғида бос, деган нақлга амал қилган Анзират
ичидаги бор дарду аламларини тўкиб-солди. Ростда, битта-ю битта укаси неча
неча йиллардан буён якка-ю ёлғиз яшаса, у қандай чидаб юрсин!
Анзират бир пайт қараса, уй эгасининг елкаси силкиниб, қўллари эса қалтираб
қалтираб кетаяпти. Меҳмон шарт-шурт айтаётган гапларга пича дам берди.
Пиёладан чой ҳўплади. “Ўзим сизга гиргиттон бўлай сингилжон! Билиб-билмай
кўнглингизга оғир ботдимми? Дилгинангизга тегиб кетдимми? Мендай бир тоғдан,
бир боғдан келувчи опангизни кечирибгина қўйингиз…”
Рисолат Анзират олиб келган дастурхондан тўртта кулчани, бир қисм қант
қурсни олиб, хонтахта устидаги лаганчаларга кам-камдан тақсимлаб чиқди.
“Опажон, олиб ўтиринг. Бу неъматлар сизники эди, энди бизники бўлди”, дея
гап қистирди. Ҳар бир ҳаракатни кузатиб ўтирган Анзират тушмагур Рисолатни
елкасидан қучиб-қучиб қўйди.– Элу халқ нима дер экан? Жигарларим-чи? Серуруғ бўлмасам-да менинг ҳам
ўзимга яхши-ёмонларим бор. – Ўзим айланай сиздан, Рисолатхон! Билишимча, икки оёғимиз бир маҳсига
тиқилгани йўқ. Сабрнинг ҳам елкасидан туртиб юбормаймиз. Бироқ, беваликнинг
минг бир азобини бошидан ўтказаётган укам бечорага нима дей?
Рисолат ҳаяжоннинг зўридан Анзиратнинг қўлларидан маҳкам тутиб олганди.
Шу кўйи у анча пайт шаҳло кўзларини пастга қаратиб ўтирди-да, нам лаблари
билан меҳмоннинг икки юзидан ўпиб-ўпиб қўйди.
Ана шу мўччининг ўзиёқ Рисолатнинг юрагида жимгина нафас олаётган орзу
ниятлардан дарак берарди.
Салимбойнинг уйидан ўн қадамча тепадан ўтган ёриқ майнинг адоғига келиб,
сезиларли кенгайди. Энди бу ёриқдан унинг қў-ю эчкилари хавотир билан
сакраб-сакраб ўтадиган бўлди. Тўғри, Салимбойнинг асосий қўйлари даштдаги
қўраларда. Улар беш-олтита чўпон-чўлиқнинг инон-ихтиёрида. Ҳовлидаги қўйлар
эгиз туғадиган, туққанда ҳам баъзан чала-ярим кўз ёрадиган жониворлар бўлиб,
унга Ҳасанбой чикка деган чўпон кўз-қулоқ бўлиб юради. Кечқурун қўйларини
топшириб кетса-да, бу чўпон ярим тунда ҳам қўраларни бир-бир кўздан кечириб
қўяди. Салимбойни чойини дамлаб, ўзи ҳам қорнини тўйдиргач, бақир-чақир билан
қўра эшикларини ланг очиб юборади. У баъзан очиқчасига, баъзан яширинча қилиб
дастурхондан ул-бул егуликни чўпон халтасига солиб қўйишни ёдидан чиқармайди.
Чақирга кўклам бошқа жануб қишлоқларидан кечроқ келади. Бодом бошлаб
берган малоҳат ўйинларини эндиликда ўригу шафтоли, олма-ю беҳилар келишиб
кенгашиб давом эттиришади. Ям-яшил ўтлар орасида “тоққа уч, чўлга уч” қўнғиз
лари парпираб қанот қоқишади. Пичан ўриш мавсуми яқинлиги боис боғбону
чўпонлар, ўқитувчи-ю шифокорлар тобора сарғайиб бораётган ўт-ўланларга
тикилиб, ҳар-ҳар замонда белўроқларини “ширр-ширр” этказиб чархлаб қўядилар.
Куёвиникида бир ҳафта меҳмон бўлган эна Бойкўлга қайтиш тараддудини кўра
бошлади. Кетар чоғда Самандардан ўзини Зулайҳонинг ҳузурига элтишни сўради.
Буни қарангки, ўтган бир ҳафта ичида кампир билан Зулайҳо тузуккина эна-бола
тутинган экан.
– Жоним қизим, йўлга чиқ, дея мени уйим чақираяпди. Бормасам бўлмайди.
Қолаверса, Бойкўлдаги Камила опанг ҳам менинг қадамимга зор бўлгандай
туюлаябди. Худо хоҳласа, бу ёруғ дунёдан насибам узилмаган бўлса куз адоғида
яна келаман. Унгача биз томонларга тўртталанг боргудай бўлсаларинг уйимнинг
эмас, юрагимнинг тўрини сизларга бўшатиб бераман…
Аёллар йиғлаб-сиқтаб хайр-хўшлашдилар. Болака-ю, қизалоқ ҳам кампирнинг
этагига ёпишиб, оёқларини қучоқлаб олди. Самандарга бу манзарани кўриш жуда
жуда оғир эди. У юзини четга буриб, тоғларни томоша қилгандай бўлди. Болакай
ва қизалоқни етаклаб олган Зулайҳо анча вақт Самандар ва кампирни Тошкентга
элтаётган “Ласетти” машинаси ортидан қўл силкиб турди.
Зулайҳо ўша куни кўп йиғлади. Камиланинг, “Сиз энди менинг чин онам
бўларкансиз… Буни менга бабулям айтди”, деган гапидан сўнг унинг йиғиси янада
кучайди. Эртаси куни қайнонасини самолётга ўтказиб, ортга қайтган Самандарга
қизчани бермади.
Энг қизиғи, Зулайҳо тўрт йилдан буён биринчи маротаба Самандарга сўз қотди.– Бу қизча энди акаси-ю мен билан бирга яшайди. Ҳеч қаерга бормайди!
Мактабга ҳам ўзим олиб бораман. Сиз итларингизга қарайверинг. Одамларга
қараганда, итлар сизга яқинроқ-ку!
Самандар машинасини дўкон олдидан сал нарироққа олиб қўйиб, унинг ичида
ухлади. Майнинг оқшоми ҳам оқшом бўлибдими? Уни бир тутам десак ҳам ҳақимиз
кетмайди. Кимдир шу атрофдаги қишлоқлар устига бир сидра қора мато ёпади-ю,
кўп ўтмай ўша матони, яна биров ўғирлаб кетадигандек шоша-пиша йиғиштириб
олади.
Учёғоч қирларининг елкасига тирмаша-тирмаша офтоб чиқиб келди. Зулайҳо
Самандарнинг турганини, кафтларини ерга тираб машқ қилганини, сўнг майкачан
бўлиб йўғон қувурдан пастга отилиб тушаётган сувга юз-қўлларини ювганини
кўриб, кузатиб турди.
Жувон чойнакка чой дамлаб, бир бош узум, тақсимчадаги икки қошиқ қаймоқ ва
иккита нонни патнисга солди-да Самандарнинг машинасига қараб юрди.
Қўлидагиларни “Ласетти” устига қўйиб, энди изимга қайтаман деганда кимдир
сочи-ю елкаларига уч-тўрт ҳовуч сув сепиб юборди. Зулайҳо бир муддат бошини
елкаларининг орасига тортиб, жим турди. Сўнг қўлидаги патнис билан кичик
кўлчадаги сувни Самандарга қаратиб шунақанги тезлик билан сепа бошладики,
йигит турган жойида қотиб қолди. Самандар оёқ кийими билан таги ялтироқ
тошлардан иборат кўлни кечиб келди-ю, уни маҳкам қучоқлаб ўпа бошлади.
Болалар ухлаб ётибди. Тонг ҳали отиб-отмаган, чор-атрофда зоғ йўқ, фақат
қўрадаги қўй-қўзилар жувоннинг ўйғонганлигини билиб, зўр аҳиллик билан марай
бошлади.
Самандар бақириб-чақираётган Зулайҳонинг паст-баланд гапларига эътибор
бермас, ҳали мендан кўрадиганингизни кўрасиз, деганларига енгилгина қўл
силтаб, туфлисига тўпланиб қолган сувларни пастга тўкди-да, машина моторини
ўт олдирди.
Мана тўрт-беш ой бўлдики, Анзиратнинг оғзи қулоғида. Ҳеч кимга гап бермайди.
Укаси ундан миннатдор, шекилли, опасига кўзи тушиши билан мийиғида жилмайиб
қўярди. Опа ҳам бу лутфу карамлардан тузуккина фойдаланиб қолди. Турот
чавандоз эригандан эриб, опасининг невара бешик тўйини тўла-тўкис ўтказиб
берди. Бу ҳам камдай, жиян неварасига атаб бузоқли сигирни энчи, деб жўнатди.
Анзират тушмагур турли баҳоналар билан, айтайлик, Рисолатнинг ҳолидан бирров
хабар олиш учун укасиникига зир-зир қатнайдиган одат чиқарди.
Ана шу кунларнинг бирида ҳайрату қувончдан кўз қорачиқлари кенгайиб кетган
Анзират ит олдида чўққайиб ўтирган укасининг қулоғига нимадир дея шивирлади.
Чавандоз қотиб қолди. Олабайнинг товоғига ташламоқчи бўлган суякни тешикдан
қайтариб олди.– Сизга бир гап бўлдими, опа? Кап-катта хотин бўлсангиз!
Анзират ўнг қўлининг кафти билан чавандознинг оғзини юмди. – Жим-жим, ярим оғиз ҳам гапирма! Ўзи айтмаганда мен ҳам билмасдим.
“Бу атрофда фақат Зулайҳонинг дўконида шўр бодринг кўрганман. Одам юборай
десам, андиша қурғур тилимга омбир солган. Укангизга айтишга эса мен қурғурда
юз борми…” деди.
Чавандоз суякни Олабайнинг товоғига ирғитди. Кафтларини рўмолчага арта
арта ўрнидан турди. Опаси билан ўзини босиб гаплашай деса, қаёқдандир ёпирилиб
келган, орти кўринмайдиган қувончлар юз-кўзларига хурсандчилик бўёғини
аллақачон суртиб улгурганди.– Опа… Қирқ саккиз ёшдаям шундай бўладими? Сира ишонгим келмаябди,
дерди чавандоз ўзини босиб-босолмай.
Анзират укасининг елкасига бош қўйиб йиғлади. Гўшти қочган бармоқларини
мушт қилиб, унинг кўкрагига уриб-уриб қўйди. – Иложи бўлса икки-уч банка келтиринг, деяпти ҳотининг. Бош қоронғи бўлиш
ҳам хўп ғалати юмушда. Файзулло ўриснинг хотини деворга сув сепилганда ундан
чиқадиган ҳидга бошқоронғи бўлганди. Қўшним Алим мешнинг хотини эса “ИЖ
Планета” мотоциклининг қувуридан чиққан тутунни ҳидлаш учун ўша уловнинг
ортига кўрпача ташлаб ётиб оларди. Эри минг сўкиниб, минг бақиргани билан бу
келин тушмагур ҳафта-ўн кун ана шу кўйда юрарди. Хотинингга раҳмат дегин.
Кўнгли бор-йўғи шўр бодринг тилабди, холос… Ўзим ҳам айтдима, Рисолат бечора
нега шундай иссиқ кунларда ҳам белини жун рўмолда ўраб олибди, нега ўн қадам
юрмай терлаб, ҳансираб қолаяпти…
Чавандоз иккинчи марта дўконга борганда Зулайҳо сал жилмайгандай бўлди.
“Ҳадеб қатнаб сарсон бўлманг! Биратўла бир қутисини ола кетинг, мулла ака…”
деди у.
Бу оқшом Чақир осмонида тўлин ой балқди.
Олабай қош қорайгандан буён безовта бўлиб қолди. Овқат еб, тилини ариқча
қилиб, “чалоп-чалоп” қилгинча сув ичаётганда ҳам нимадандир хавотирлангандай
бўлиб, дам-бадам тоғларга қарар, итнинг ўзини қўйгани жой тополмаётганини Турот
чавандоз сезиб турарди. Пардавой подачи даштдан қайтиб, тўрт-беш хонадонга
“оши ҳалол” учун бош суқди. Унинг сирлари кўчиб кетган товоғига кимдир угра,
кимдир мошикичир, яна бошқа биров эса бир капгир палов солиб берди. – Полвон ака, боя тош йўлда баландчақирлик Нозим жўрамни кўргандим. Гапига
қараганда эркагу урғочи қанғал зотли итлари занжир тортавериб, уйдагиларини
роса безовта қилаётганмиш. Жўрам, “Негадир кўнглим ғаш, ичим чироқ ёқса
ёришмайди…” деди. Ишқилиб охири бахайр бўлсин-да, Полвон ака! Ўн етти
йил аввалги қирғинбаротга яна рўбарў келмасак гўрга эди. Эсингиздами, ўшанда
нимадандир дарғазаб бўлган бўрилар гала-гала бўлиб, пастга тушиб келганди. Вой
бўёв, соқолимга тук чиқиб бундай дарғазаб жониворларни сира кўрмаган эдим.
Сигиру бузоқни, қў-ю серкаларни бўғизлаб, бўйин томирларини ғажиб ташлаган
қашқирлар тоза базму жамшид уюштирганди. Одамлар нима қилишини билмай,
томларининг тепасига, дарахтларнинг шохларига чиқиб милтиқ отишганди.
Ҳозирги ёшларнинг кўпчилиги бу олишувни билмасалар ҳам керак. Ўшанда мен
Чақирнинг итларига тан берганман. Тана-тўшлари унчалик катта бўлмаса-да
ёввойилар билан шердай олишганди.
Чавандоз дарвоза биқинидаги ўриндиққа ўтириб, кўзларини қоронғилик босиб
келаётган тоғларга тикди. – Синчков одамсиз-да, Пардавой ука, – деди Чавандоз дўпписини қўлига олиб
тиззасига ураркан. – Лаънатиларнинг номи бўри бўлгани билан юриши, ётиши,
икки олдинги оёғи устига тумшуқларини қўйиб пинакка кетиши худди итларга
ўхшайди. Фақат увлаши бошқача. Одамнинг юрагини товонига тушириб юборади.
Бўри билан итнинг аслида ўзаги-ю, насли битта. Шу ўзимизнинг итлар ҳам гоҳо
гоҳо бўрига ўхшаб увламоқчи бўлади. Кексалар бу увлашни бехосият ҳисоблашади.
“Чакаги очилганларнинг олдига бутун нон ташланглар, уни ўчсин”, дейишади.
Пардавой ука, уйингга боргунча Вали, Аҳмадмурод, Акбарали, кейин анови
Исмоил тегирмончиларга менинг гапларимни тайинлаб ўтсанг дегандим. Бир-икки
кун сал ҳушёрроқ туришсин. Атрофидаги бақувват-бақувват йигитларга ҳам “Огоҳ
бўлинглар!” қабилидаги гапларни уқтиришсин. Бу ерда биз ҳам жим ўтирмаймиз,
ҳар эҳтимолга қарши милтиғу паншахаларни, болта-ю гавронларни ҳозирлаб
қўямиз. Билиб ол, менинг ул-бул деганларим, бугун-эрта тоғдан бўри энади, дегани
эмас. Аммо осмонга қара! Ой ҳам безовта. Ой ҳам негадир ўзини нуқул қорамтир
булутлар ичига уриб ётибди.
Қишлоқда итларга яхшилаб нону овқатлар берилди. Кўплари занжиру чарм
арқонлардан ҳоли қилинди. Уларнинг бошлари қайта-қайта силанди. Синчков
қариялар жониворларнинг юраклари кўкрак қафасларига сиғиб-сиғмаётганини
сезиб, билиб туришарди.
Итлар шундай бир жониворки, қонли тўқнашув олдидан эгаларининг оёқларига
суйкалиб, “ғинг-шинг” қилгани билан, олишув бошланганида ўз жонларини сира
сира аяшмайди.
Ўн-ўн беш чақиримдан иборат Бўрижар тоғ билан даштни улаб турган чуқур бир
зовдир. Унинг икки четидан тепага чиқиб кетадиган сўқмоқлари кам, ҳар қандай
ҳайвону жонзот шу ишга жазм қилгудай бўлса, тошу тупроқ тагида қолиб кетиш
хавфи туғилади. Бўрилар даштга асосан ана шу жарлик тубидаги сой зийидан юриб
келишади.
Қораёлнинг кўнглида унинг энг катта душмани Олабай эди. Бўри зоти жангга
ҳамиша ўлимни бўйнига олиб киради. У ҳам итларга ўхшаб қўрқувдан, таҳликадан
олис яшайди. Кўп бўрилар олишувни мақсаду матлаб билганликлари боис даҳшатли
ва беаёв кўринишади.
Ой тўлишган оқшомда Қораёл турган жойида айланар, ўзига ярашмаса
да қуймучини гоҳ ўнгга, гоҳ чапга ташлаб кўнглини жўштира бошлади. Сўнг
тепалик устига чиқиб увлай кетди. Кўп ўтмай Ўртатоғнинг гоҳ нариги, гоҳ бериги
бурчагидан бўриларнинг жавоблари эшитилди. Барчаси қачонлардир мана шундай
кунлар келишини, интиқом дамлари жуда-жуда яқинлигини еру осмонга намойиш
этардилар.
Тўда Қораёлнинг ини яқинидаги ёнғоқли тепада йиғила бошлади. Улар ўзларига
ва фақат ўзларига тегишли бўлган ҳудудларни бўриваччалару хаста жинсдошларига
омонат қолдирдилар. Улар ҳаяжоннинг зўридан оёқ пайлари-ю панжаларини тез
тез ялаб-юлқаб қўйишарди. Уларнинг ҳеч бири тоғларда қолаётган касалманд
тўдадошлари-ю болаларига даштдан омон-эсон қайтишларини башорат қилмасди.
Буларнинг ҳеч бири уларнинг хаёлига ҳам яқин йўламасди.
Бўрилар ўзлари охиригача тўлиқ тушуниб-тушунмаган интиқом ўтида “жазз
жазз” куюб-қовриларди.
Эҳтимол шу сабаб минг йиллардан буён ўзларининг анъаналарига хиёнат қилган
Қораёлнинг гуноҳидан ўтиб, унинг бошчилигида омонсиз, ким қолиб, ким ўлиши
номаълум бўлган қирғинбаротга шай эдилар.
Қўчқор чавандознинг тахмину гумонларини эшитиб, “Бу кишим ҳам сал фаросат
бобида оқсай бошлабди. Ҳали қариликка қўл бермаган ёш хотинчаси унга йўл-йўриқ
кўрсатса бўларди. Қанақа бўри, қанақа босқин! Ҳеч бир замонда бўриларнинг ўч
олиш учун ҳужум қилганини эшитганмисизлар? Уларда ақл нима қилсин, ўч нима
қилсин! Пардабой подачига ўхшаб қорни тўйса хурсанд бўлиб юраверади-да! Ўч
деганлари, қасос деганлари мана бизларда бор! Эй чавандоз, ўгай бўлса-да, шундай
нозанин аёлни биздан тортиб олиб, ўзингни тенгсиз эру эркак санайсанми? Роҳат
фароғат айвонида ўтирибман, дея тўрт томонга қарата кўкрак керяпсанми? Вой
ифлос чол, мараз чўтир, менинг оғзимдаги ошимни тортиб олган имонсиз қария!
Ҳали бошингга шундай кунларни солайки, Қўчқор номимни эшитгудай бўлсанг,
тилу танглайинг музлаб қоладиган бўлсин. Шундай гўзал, шундай сўлқиллаган
жанонни тортиб оласану, мендек бир сўзли, ушлаган жойини шартта кесадиган
йигит, “Балли, Худо берган одам экансиз, сизга қойил қолдим…” дермиди? Рисолат
аталмиш расвони ҳам қилмишларига сира-сира қойил эмасман. Эрсираган экансан,
нега менинг кўкракларимга оёқ тирадинг? Сен қийшиқ кўнгилнинг ниятларини
ўзим қондирган бўлардим-ку!
Ўша ой тўлишган оқшомда Қўчқорнинг аёли-ю қизлари қўшни қишлоқда
яшовчи синглисиникига қидириб кетишганди. Ўзи нашвати тагидаги чорпояда
аламли ўйлар гирдобида ухлаб-ухлолмай ётарди. Тепадаги Салимбойнинг битта
чироқ ёниқ турган ҳовлисидаги машиналар уй эгасига шаҳардан аёл меҳмонлар
олиб келганди.
Саунасини ёқибди, лаънати! Бу ифлосни қўли қайга узатса етади. Шаҳарлик
таксичилар ҳафта-ўн кунда ёш-ёш, бунинг устига қилпинглаб-жилпинглайдиган
зўр-зўр жононларни етказиб келади. Бир сўмнинг устида тик турадиган, ўша бир
сўм пастга тушиб кетса киприги билан қисиб оладиган бу Салимбой фоҳиша-ю,
суюқоёқ аёллардан сира-сира пул аямасди. Тахта-ю мармардан қилинган сауна, уч
хонали уй, ранги қип-қизил гиламлар, сал туртсанг тебрана бошлайдиган ёйсимон
ўриндиқлар, бари-бариси роҳат-фароғат мажлисининг ашёлари эди.
Эгнига баданини тўлиқ яширмайдиган оппоқ халат ташлаб олган бир жувон
меҳмонхонадан чиқиб ўзини ҳовузга отди. “Бир кун эмас, бир кун, бу аблаҳни
бўғизлаб бўлса-да, ҳамма пулини оламан. Очкўз Салим ҳеч қачон пулини банкда
сақламайди. Пулдан бошқа нарсага ишонмайдиган бу хумпар банкка ишонармиди?”
Кутилмаганда у ётган чорпоя бир силкинди. Босинқирадим шекилли, дея ўзига
тасалли берди. Шу орада чорпоя яна силкинди. Силкинса ҳам майли эди-я, аммо
у ерга бота бошлаганди. Қўчқорнинг юрагига қўрқув кирди. Қаердандир ваҳима
босиб келди. Янада ёмони, чорпоянинг тўртта оёғи ҳам тупроққа ботиб, ер билан
теппа-тенг бўлиб қолганди.
Ана шу паллада Салимбойлар томонида нимадир қарсиллаб кетди. Иккита
аёлу уй эгаси ярим яланғоч ҳолда ҳовуз бўйидаги ялтироқ қувурларни қучоқлаб
туришарди. Ховузга яқин турган сариқ рангли “Некcия” пастга шўнғиб, ичидаги
ҳайдовчи “Салим ака, сув бочкангизни машина олдига кўндаланг қилинг…” дея
бақирарди.
Чорпоянинг бақувват тахта суянчиғидан маҳкам тутиб олган Қўчқор тепадан
шашт билан тушаётган машина олма ниҳоллари орасига кириб кўздан йўқолганини
кўриб-кузатиб турди. Тепадаги хонадонларнинг бири “лов-лов” ёна бошлади. Ўша
ёқдаги саунадан чиққан сув Қўчқорнинг ҳовлисидан ўтиб, полизга кира бошлади.
– Қўчқор иним, бу ёққа чопинг! Меҳмонларга ёрдам беринг…
Қўчқор жавоб бермади. Жавоб берадиган ҳоли ҳам йўқ эди. Ўзи тагида ётган
дарахт синиб, унинг белини босиб қолганди. “Мени Худо урди… Урганда ҳам
қўшқўллаб урди. Салим ифлоснинг укаси тупроқ тагида ўлиб кетасан, деганидан
кейин, ана-мана дея, бир ойни ўтказиб юбордим. Оллоҳим, мени кечир, менга
қувват бер! Шу фалокатдан қутулсам, минбаъд таваллодан қўлим бўшамайди…”
Қўчқор чангаллаб олган чорпоя суянчиғи чарсиллаб синди. “Ўлдим…” деб
бақирган уй эгаси қумдай юмшаб қолган тупроқ уюми оралиғига сингиб кетди.
Салимбойнинг уйи тарсиллаб иккига бўлинди. Томи унчалик баланд бўлмаган
меҳмонхоналар ҳам дов-дарахтларга қўшилиб кўчки қучоғида қолди. Гувуллашга
ўхшаган буғиқ бир овоз ортидан эргашган тепаликнинг катта бир бўлаги шашт
билан Чўчқажарга қараб сурила кетди. Бу ҳолат шу қадар тез, шу қадар шитоб
билан юз бердики, икки ҳамсоянинг қўшнилари нима бўлганини тушунолмай,
ўзларини четга олиб қочдилар. Зеро, ҳамманинг жони ўзига ширин-да! Гувуллашу
шувуллаш тингач эса чироғу фонусларини кўтариб жарлик четига яқинлашдилар.
Бироқ уларнинг ҳеч бири қўлларидаги чироқларни янгидан пайдо бўлган жарликка
тутишмасди.
Йигирма йиллар муқаддам ўпирилиб, силжиб кетган тепаликда бир булоқ бор
эди. Суви ўта тиниқ, ўта ширин эди. Ён-атрофдагиларнинг кўпчилиги шу булоқнинг
сувини хуш кўришар, ташиш қийин бўлса ҳам шу булоққа келишарди. Одамлар
бедапоямни тепкилаяпти, тинчимни бузаяпти, деган баҳона билан Қўчқор уни
кўмдириб, устига бетон торттириб юборганди. Булоқ ерга чўктими, кўкка учдими –
ҳеч ким билмасди. Тепаликнинг пастга силжиб кетишига ана шу булоқнинг яширин
суви сабаб бўлган дегувчилар ҳам топилди. Балки шундайдир, эҳтимол бўлак
сабаблари бордир. Бу энди фақат Оллоҳга аён.
Ярим тунга яқин Чақирни қиёмат қойим қўпди. Итлар вовуллар, сигирлару
қўйлар маъраб қишлоқ сукунатини чил-чил синдирди.
Ўғли-ю Камиланинг ўртасида ётган Зулайҳо қишлоқ томондан келаётган шовқин
суронни эшитиб, прожекторни ёқди. Жувон қишлоқ томон йўртиб кетаётган бўри
галасини кўргач, беихтиёр қичқириб юборди. Шоша-пиша Самандарга қўнғироқ
қилди. Йигит “Сигир-қўйларимни асрайман, дея ташқарига чиқа кўрма! Болаларга
кўз-қулоқ бўл! Эшикнинг занжиру ҳалқаларини қайта кўздан кечир. Сен томонда
нималар бўлаётганини тез-тез менга айтиб тур. Агар хавф сезсанг уч дақиқада
ёнингда бўламан…” деди.
Темир қайчи билан занжиру қайишдан озод бўлган Олабай қишлоқ итларининг
пешқадами эди. У дуч келган бўрини энсасидан, оёқларидан, човидан маҳкам
тишлаб жон-жаҳди билан талаб ташларди. Ёввойилар уни кўришлари билан четга
ўтишар ёхуд тўрт-бештаси тўда бўлиб даф қилишарди. Бу улкан ит худди айиқ каби
кутилмаган бир ҳолатда панжалари билан бўриларнинг белига уриб, сулайтириб
ташларди. Самандарнинг ўттиз-қирқ ити ҳам беомон талатўпга қўшилиб кетди.
Чўккалаб олган Самандар қўлидаги милтиқ билан тана-тўши йирик бўлган
бўриларни мўлжалга олиб, ўқ бўшатарди.
Шовқин-суронни эшитган қўшни қишлоқдаги итлар ҳам гала-гала бўлиб, бир
тану бир жон бўлиб Чақирга етиб кела бошлади. Еру кўкни жонини ўртага тиккан
итларнинг даҳшатли овозлари тутиб кетди. Ўлим шарпасини сезган, тузалмас
жароҳатлар олган иту бўрилар вангиллар, ғингшир, зорланиб товуш чиқарганча
ёрдаму кўмак сўрарди.
Беомон олишув туфайли қишлоқ тутай бошлади. Олишув тақдири ҳал қилувчи
паллага кираётганини кўрган бақувват йигитлар, эллик-олтмишнинг нари
берисидаги ўрта ёшлилар қўлларидаги паншаха-ю болталар билан бўриларни
бир ёқли қилишга тузуккина хисса қўшишарди. Бута ичларига кириб кетган,
чуқурликлардан паноҳ топган бўрилар ҳам томиридаги қонлари кўпириб-тошган
итлар томонидан суғуриб олиниб, тилка-тилка қилинарди.
Ҳар жангу жадалнинг ўз шерлари, ўз марди майдонлари бўлади. Олабай барча
итлар ичида пешқадам эди. Бир ўзи хаш-паш дегунча бешта бўрини ғажиб ташлади.
Бостириб келганларнинг фақат етти-саккизтасигина ўзларини Бўрижардаги
сўқмоқларга уриб, кўздан йўқолди.
Ҳали қўрқуви кучли ҳаяжондан тўла-тўкис қутилмаган қишлоқ аҳли молҳовуз
бўйига йиғилди. Бекзод дўкончи чолларга эҳтиром кўрсатиб, уларга ўриндиқлар
келтириб берди. – Самандар иним! Сал бақамти келинг. Сизни сакбоз, ул-бул дея минғир-минғир
қилувчиларнинг оғизларига қум тўлди. Итларингиз еган ошу тузларини оқлади.
Ўзингиз ҳам қўшюракли йигитнинг йўлини тутиб, жон аямай олишдингиз. Балли
ўғлим, балли!
Тонг бўзарганда ўнга яқин одамнинг катта-кичик жароҳат олганлиги маълум
бўлди. Фақат Пардавой чўпоннинг яраси жиддий бўлгани боис туман шифохонасига
жўнатилди. Нобуд бўлган иту уй ҳайвонларининг сонини ҳисоблаш, қаерга кўмиш,
қай тарзда кўмиш, тумандаги ташкилотлардан тегишли вакилларни бу ёққа
чақириб, кўрилган зарарларнинг ўрнини қоплаш борасида маслаҳат қилдилар.
Бу пайтда туни билан кўкни ёритган ўн тўрт кунлик ой Бўғчалитош қирлари
нинг учида омонат осилиб турарди.
Отаси ётган касалхонага кетаётган Жуманазар оломон олдида тўхтаб, рангу
қути ўчганча Салимбой билан Қўчқорнинг кўчки тагида қолиб кетгани, уларнинг
қўшнилари обдан қўрқиб, кўчага чиқмай ўтирганини гапириб берди.
Одамлар олдинма-кетин бўлиб силжиган тепалик томонга йўл олишди. Ҳосил
бўлган жарлик қўни-қўшниларни четлаб, фақат Салимбой ва Қўчқорнинг шўрини
қуритганди. Пастда кўчки туфайли тўпланиб қолган сув ялтирар, беному нишон
кетганларнинг ҳамсоялари ўзларида журъат сезиб, ҳамқишлоқлар сафига келиб
қўшилишди.
Ўша куни туману вилоятдан гуруҳ-гуруҳ бўлиб текширувчи-ю мутахассислар
келиб, кетишди.
Мутахассису раҳбарларнинг гап-сўзига қараганда миллион-милион тонна тошу
тупроқ остида қолган майитларни кавлаб олишнинг сира-сира иложи йўқ экан.
Рисолат билан Зулайҳо фавқулодда қил ўтмайдиган опа-сингилга айланди,
қолди. Зулайҳо дўкони-ю мол-ҳолини ташлаб Рисолатникига камдан-кам келарди.
Аммо Рисолат ўғилчасини соябонли аравачага ётқизиб, тутинган синглисидан тез
тез хабар олиб турарди.
Аёллар нимани ҳам гаплашарди? Рисолат икки ёнига ёстиқ қўйса бемалол
ўтириб қолган ўғилчасининг ўнлаб қилиқларини тўлиб-тошиб гапирар, Зулайҳо эса
тўртинчи синфга қатнаётган ўғли-ю, бу йил илк маротаба ўзбек синфига борадиган
Камола ҳақида завқланиб сўзларди.– Меҳр деганлари одамни эт билан тирноқ қилиб юборар экан, – деди ҳарир
дуррачасини бошига қайта танғиркан Зулайҳо. – Опажон, шу қизчани кўрдиму
юрак қурғур шунақаям уриб кетдики…Бир кунда минг маротаба “Ойи-ойижон”
деган сўзлари ётсам ҳам, турсам ҳам қулоқларим остида жаранглайди. Мактабга
кетишда ҳам, келишда ҳам ўпади. Унча-бунчага қучоғидан бўшатмайди. Катта
йўлнинг нариги томонидаги майда тошли сўқмоқ йўлни кўрдингизми? Ҳар икки
боламни ўша ердан кузатиб, ўша ерда кутиб оламан. Гоҳида ўғлим ҳам бизнинг
ўзаро гап-сўзларимизни эшитиб, мени қизғангандай жим бўлиб қолади. Ана шунда
ҳар икковини бағримга босиб, юрагим тубидан чиққан сўзларни айтарканман, улар
ҳам худди қалдирғоч болаларидек бўйнимдан қучоқлаб чуғурлаб юборишади.
Гап-гапга уланади. Савдо тўхтамайди. Баъзан дўкон олдига келган йўловчилар
опа-сингилнинг илиқ-иссиқ ҳангомасини эшитиб, жилмайиб қўйишади.– Менга қаранг, овсинжон, – деди Рисолат. – Неча ойлардан бери ана сўрайман,
мана сўрайман, дея тараддудланиб юрибман. Энди шу Самандарни кечириб
қўяқолсангиз бўлармиди? Босиқ, камтар йигит, чакки гапини эшитмаганман. – Ким билсин, опа, ич-ичимдан қаттиқ ранжиганман. Худди юрагимни кимдир
ўткир тиғ билан кесиб қўйгандек туюлади. Бу қурғур яра қачон битади, билмайман.
Аммо менинг ҳам эртанги кундан умидим бор. Икки қора кўз тирик етим бўлишини
ўзим ҳам хоҳламайман…– Яшанг, синглим! Ақлли аёлнинг гапини айтдингиз. Кимгадир жаҳл қилиб
юраверсак, оғзимиздаги ошни бировлар илиб кетади…
Рисолатнинг бу гапидан сўнг Зулайҳо бир чўчиб тушди. Сўнг пиёладаги совуқ
минерал сувни ичиб кўкрагига “туф-туф” лади. “Ҳа, жувон қурмагур-а, ичингда жон
деб турибсану, тағин ғурур, нафсоният, дея бош айлантирасан…” дея жилмайди
Рисолат пинҳона.– Қани, ҳамманг машинага чиқ! Уйга кетамиз… Бизлар ҳам бошқа одамлар каби
ўз уйимиз, ўлан тўшагимизда яшашга ҳақимиз бор, – деди у пича зарда билан.
Зулайҳо билдики, Самандарнинг шашти баланд. Ким билсин, қишлоқда оғзига
кучи етмаган бирор кимса баланд-паст гап айтдимикан?
Елкасига қизил жемпир ташлаб олган Зулайҳо эшикни очиб, энди оғиз жуфтлаган
эди, йигит унга шундай қадалиб тикилдики, жувоннинг юраги така-пука бўлиб
кетди.– Дадаси, шунча мол-ҳолни ўғри-ю қашқирларга ташлаб кетаверамизми? – Мол-ҳолингни эртага ҳайдаб кетамиз. Бугун эса уйга бормасак бўлмайди…
Зулайҳо индамай бошини эгиб дўконга кириб кетди-да, болаларни кийинтира
бошлади. Улар чапак чалишар, аёлнинг юзидан “чўлп-чўлп” ўпишарди.
Йўлда боришаркан, Самандар ойнадан Зулайҳога қаради-да, ҳазиллашиб кўз
қисиб қўйди. Жувон тилини чиқариб, жавоб қайтарди.
Пардабой чўпоннинг сонидаги яралар аста-секин бита бошлади. Бўрилар билан
бўлган олишувда унча-мунча жароҳат олган бошқа одамлар эмланганидан сўнг,
шифохонадан қайтиб келишди. Қишлоқдаги барча-барча катта-ю кичик моллар ҳар
эҳтимолга қарши қутуришга қарши эмлаб чиқилди. Бунда Самандарнинг одамлари
ҳам чақирликларга беминнат ёрдам берди.
Чавандоз якшанба куни танасига икки одамнинг қулочи етмайдиган тол
соясидаги чойхонага чиқди. Аброр унинг тагига кўрпача, ёнбошига ёстиқ қўйди.
Носқовоғини гоҳ отиб, гоҳ илиб ўтираркан кўзларини тоғлардан узмасди. – Пардабой иним, ирғай чўқморингиз ҳам зап иш берди. Бир неча бўрининг
бошига қарсиллатиб урганингизни ўзим кўриб, кузатиб турдим. Олабайимиз ҳам
жон олиб, жон берди. Худо уриб бўшалиб кетса биринчи бўлиб мени даф қилади,
деган ҳадигим бор эди. Талатўп тугагач ит жонивор бир томони кунда билан
кўтарилган бункер остидан ўтиб, занжирларининг олдига бориб ётди. Ташқарига
чиқсин, деган илинжда ичалоғини сим билан тортиб олсам ҳам ётган жойидан
қимирламади. Бўрилар тишлаган белини, орқа оёқларини ялаганча менга қараб
қараб қўярди. Аста-аста уни ҳовлига ўргатдик. Овқатини ҳам ҳовлида берадиган
бўлдик.
Чавандоз гапдан тўхтади. Аҳли Чақир жимгина унинг оғзини пойларди. Сукунат
чўзилгандан чўзилди. Бироқ у бошқа оғиз очмади.
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 2-сон