
Эшқобил ШУКУР – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.
1962 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) филология
факультетини тамомлаган. Унинг “Юракни ўрганиш”, “Сочлари сумбул-сумбул”,
“Тунги гуллар”, “Яшил қушлар”, “Ҳамал айвони”, “Кўз юмиб кўрганларим” каби шеърий
ҳамда “Кўҳна боғ ривоятлари”, “Оқибат оқшоми”, “Падаркуш”, “Дунёнинг кўчиши”,
“Қўриқхонада”, “Пул санаётган одам” каби насрий асарлари ва “Ибтидо хатоси”,
“Нақшбанд” номли драматик достонлари, “Лаҳза синиқлари”, “Насойим-ул муҳаббатга
сайр” туркумлари, ҳамда “Бобосўз изидан” номли тилимиз тарихи ва тадрижига
бағишланган китоблари чоп этилган.
***
Ойнинг орти қародир,
Худоё, Худо.
Йўллар оқиб бородир,
Худоё, Худо.
Гиллар гулга дўнодир,
Худоё, Худо.
Чап кўксимда яродир
Худоё, Худо.
Боғидан айро булбул
Куйган дилга қўнодир,
Худоё, Худо.
Теграмда қаҳратонлар
Саратондай ёнодир,
Худоё, Худо.
Маънолар бемаънодир,
Бемаънолар маънодир,
Қақраган танглайларим
Чўғ музларга қонодир,
Худоё, Худо.
Эшитганим эртагу,
Кўрганларим рўёдир,
Худоё, Худо.
Бир боқсанг оқил телба,
Бир боқ, телба донодир,
Худоё, Худо.
Юрагим жим ёнодир,
Ўз ўтида тўнодир,
Қақнусдай тўлғонодир,
Сен сари чоғлонодир,
Худоё, Худо.
Қувғин туйғулар
Оқшомлар куйиниб шеърлар айтаман,
Бағритош дунёга ҳаёт отидан.
Тунлари уйғониб титраб кетаман,
Мазлум туйғуларнинг аччиқ додидан.
Алар манглайига қора битилмиш,
Кўкси чок, дили хун, бағри тилинган.
Бири саҳроларга қувғин этилмиш,
Бири музликларга тутқун қилинган.
Тош асри тош эмас, менинг асрим – тош,
Харсанг таналару темир юраклар.
Йўқолган инсонни излаб бобардош
Қайдададир куйиниб куйлар тераклар.
Улуғлар кўзёшин ичга ютдилар,
Чиллага қочдилар тош замонидан.
Пайғамбарлар Аршга арзга кетдилар,
Оғриниб туйғулар қатағонидан.
Боғ
Қоронғи боғ ичра ойдин бир йўлак…
Хуфтон юлдузидай титрайди юрак.
Севгилар, соғинчлар, қайғулар билан
Шу боғда шу кеча учрашсам керак…
Сувдай тотли соҳир суханлар билан,
Гулга дўнган азиз хок-танлар билан,
Ҳазрати Хизр ва чилтанлар билан
Шу боғда шу кеча учрашсам керак.
Фалакда бир гулзор, ерда бир гулзор,
Ҳар тилда минг даъво, ҳар дилда минг зор,
Менинг ҳам Худога айтар арзим бор,
Шу боғда шу кеча айтолсам керак.
Боряпман ўз изим, ўз сўзим билан,
Кўксимдаги оташ юлдузим билан,
Ўзини излаган ўз-ўзим билан
Шу боғда шу кеча учрашсам керак.
Қушлар
Қушлар тонгда туриб қилар ибодат,
Боғлар тўлиб кетар янгроқ сасларга.
Юрагимни ташлаб кетган муҳаббат,
Мендан олисларда, кўп олисларда.
Қушлар шомда қайтиб қилар ибодат…
Ҳарорат сезмасман ўзга ҳисларда.
Аразлаб Худога кетган муҳаббат,
Кўнглимдан олисда, кўп олисларда…
Ойнинг қизи бўлиб кетган муҳаббат…
Мўъжиза
Не сирлар кечмоқда пинҳон кўнглимда,
Суманлар сайланар, боғлар турланар.
Севгилар ёғмоқда қайси иқлимда
Ва қайси осмонда куйлар турналар.
Ҳаяжонлар гуллар чўнг қояларда,
Тоғларни уйғотар тошлар кулгуси.
Дунёга келажак сўнг ғояларга
Доялик қилади Ҳаё севгиси.
Сирдошим муҳаббат, ҳамроҳим ҳайрат
Кўнглим оламига кирганда дойим,
Ҳар тараф мўъжиза, мўъжиза фақат,
Неларни яширдинг унга, Худойим.
Ўлим
Қандай кучсан? Шонга ботганлар
бир ҳукминг-ла йиқилди, йитди.
Ерни тўпдай думалатганлар –
дунёдорлар дунёсиз кетди.
Қандай кучсан? Ғамга ботганлар
суягига зорларин битди.
Қайғудан бахт сўраб ўтганлар –
дунёторлар дунёсиз кетди.
* * *
Эҳ, шоир ўтди-я, шоир ўтди.
Шафоат Раҳматулла Термизий
Жон гумон бўлса-ю, ҳол ёмон бўлса,
Дил нолон қолса-ю, йўл тумон бўлса…
Имон омон бўлса, сен томон бўлса,
Сен замон бўлсангу, руҳ ҳамон бўлса.
Қасдлашиб қасд келса, қилич даст келса,
Қисмат паст келса-да, пирлар дўст келса,
Кунлар маст, қуёшлар ойпараст келса,
Сен замон бўлсангу, руҳ ҳамон бўлса.
Эй Зуҳро, қошингдан бир Тойир ўтди,
Ер-осмон оралаб бир сойир ўтди,
Фақат сенга дойир бир шойир ўтди,
Сен замон бўлсангу, руҳ ҳамон бўлса.
Жон гумон бўлса-ю, ҳол ёмон бўлса,
Дил нолон қолса-ю, йўл тумон бўлса…
Имон омон бўлса, сен томон бўлса,
Сен замон бўлсангу, руҳ ҳамон бўлса.
Шамол, бедана ва мен
Бир боғда шаҳарга адашиб келиб қолган шамолни учратиб қолдим.
Бир вақтлар қафасда бедана боққанимни эсладим.
Қафасдаги қушдай ўзини ҳар ёнга урарди шамол.
Мен боққан бедана ҳам ўзини қафасга уравериб бошини ёриб
ташлаган эди.
Седаналар бердим бу беданага,
Энг тотли емишлар билан сийладим,
Мўл-кўл эди унинг егуликлари
Лекин осмон керак эди шўрликка!
Мен бугун учратган шамолга кенглик керак бўлгани каби.
Боши ёриқ бедана билан кўкси ёриқ шамол
Ўзимга ўхшаркан энди ўйласам.
* * *
Айланайин овозингдан, Сув,
Ифорингдан айланай, Ҳаво.
Кўнглим ичра азиз бир туйғу,
Тўлқин-тўлқин эсади наво.
Ҳимматингдан айланайин, Ер,
Ҳаёт, сенга шараф ва сано!
Тўлиб борар кўзларимга нур,
Юрагимга тўлмоқда Худо.
Йўл ва йўлдош
Йўлга тушди йўлни етаклаб карвон,
Руҳимни равон элт, эй, руҳи равон.
Ҳорғин туяларнинг кўзи тўла ёш,
Темир тиззаларда титрайди бардош.
Йўлларда Имонни менга йўлдош қил,
Фикру хаёлимга Виждонни бош қил.
Қай сори бормоқда манзиллар, йиллар,
Жон қаён, руҳ қаён, жаҳонлар қаён?
Заъфарон боғларда хазонлар гуллар,
Мен бир илтижога айландим аён:
Йўлларда Имонни менга йўлдош қил,
Фикру хаёлимга Виждонни бош қил.
Гул уза шабнамдай умрим фаромуш,
Фалак тўфонида мен бир капалак.
Ҳорғин кўзларимга ой боқар хомуш…
Заволдан ҳам камол излар бу юрак.
Йўлларда Имонни менга йўлдош қил,
Фикру хаёлимга Виждонни бош қил.
Фитналар, фасодлар, сизни ер ютсин,
Туйғулар, фикрлар, чиқаринг қанот.
Осмонлар, замонлар бари эшитсин:
Жуда улуғ эди мен кўрган Ҳаёт.
Йўлга тушди йўлни етаклаб карвон,
Руҳимни равон элт, эй руҳи равон.
Кузатиш хотираси
Ер остига шарқираб
Дарёлар кетиб борар,
Қизил-яшил ярқираб,
Дунёлар кетиб борар.
Қояларга қор тушар,
Қора бошга зор тушар,
Тошда сувдай сирқираб
Маънолар кетиб борар.
Товонида ўт чақнаб,
Юрагида дард чақнаб,
Виждонлардай зирқираб
Ҳаёлар кетиб борар.
Ҳалималар додида,
Абдуллалар ёдида
Кўзёш каби тирқираб,
Кубролар кетиб борар.
Ҳушёр бўлгил, элу юрт,
Поянгга тушмасин қурт.
Тобутларда гуркираб,
Дуолар кетиб борар.
Ер остига шарқираб
Дарёлар кетиб борар.
* * *
Оқшом чўкаётган олтин лаҳзалар
Мағрибда бир юлдуз милтираган чоғ,
Оят тинглагандай барча нарсалар
Шомнинг ҳасратига тутганда қулоқ.
Аста кўзларимга чўка бошлар мунг,
Кўксимга қадалиб турар бир ханжар.
Руҳимда Ҳасратни уйғотади тун,
Муқим бир ҳолимда кўнглим дарбадар.
Шодон бир қўшиқлар бошлай олмайман,
Кипригимга тизиб тошу кадарни…
Найлайки, суғуриб ташлай олмайман
Кўксимга урилган сирли ханжарни.
Кулгулар ва қайғулардан сўнг
Куни тўлса ҳар неки абас,
Зор кўнглингни дарёдай тошир.
Ўткинчида ўлигингнимас,
Тиригингни Худога топшир.
Бу оламда тирик ўлганлар,
Хода каби юрганлар қанча?..
Кетишга шай, келишга яна
Эшик қоқиб турганлар қанча?
Мунча оғир кўзлардаги мунг,
Мунча оташ лабларда титроқ.
Кулгулар ва қайғулардан сўнг
Йўлинг қайга, бандаи мудроқ?
Тафтиш, ҳадик, саволлар-да, бас…
Кел, ўзингни кўнглингга яшир.
Ўткинчида ўлигингнимас,
Тиригингни Худога топшир.
Ҳасрат қўшиғи
Кўнглимни сўрама, исмим сўрама,
Руҳимни сўрама, жисмим сўрама,
Бир кўҳна йўл каби, бир ҳасрат каби
Ўтиб бораяпман сим-сим, сўрама.
Уфқлар ортига, қуёш олдига,
Кўзёшдан тикланган бир тош олдига,
Қоялар илдизи – бардош олдига,
Кетиб бораяпман жим.. жим.. сўрама.
Оҳ тортиб куйлайди мангу музликлар,
Саҳролар фарёди – олов сўзликлар,
Маҳшарда оқ юзлик, қаро юзликлар,
Инсон ким, ҳайвон ким, ким ким, сўрама.
Шаробми, ҳубобми – жом тўла қайғу,
Наймидир, рубобми бу куйган туйғу
Туробми, харобми гултанлар ёҳу,
Қонми ё гулобми кўксим, сўрама.
Инсон ким, ҳайвон ким, ким ким, сўрама.
Воқиф Самад ўғли билан танишув
Мен Воқиф Самад ўғлининг асарларини у тириклигида кўп
ўқиганман, лекин шоир билан ҳақиқий маънодаги руҳий танишувим
унинг вафотидан сўнг бўлган. Шоирнинг ўзи айтганидай: “Бир гўзал
дунёнинг ичидан кетардим, Тўхтамадим”.
Эллик беш ёшимда, элга йўлимда,
Бир шоир Шамолнинг ёнидан ўтдим.
Дил бериб ҳаётга, чап бериб ўлимга,
Жавобсиз Саволнинг ёнидан ўтдим.
Барқ уриб баҳорлар кирди дилимга,
Гуллаган Иқболнинг ёнидан ўтдим.
Шодлик ўнгимда-ю, қайғу сўлимда,
Буюк бир Заволнинг ёнидан ўтдим.
Кўнглимда не бору, не бор қўлимда,
Бир бева Хаёлнинг ёнидан ўтдим.
Кўзёш териб юрган тунлар дилимда
Увада Уволнинг ёнидан ўтдим.
Қумрилар такаллум қилди тилимда,
Бобойий бир Ҳолнинг ёнидан ўтдим.
Бордим, боравердим, етмиш иқлимда
Ҳаввойий Жамолнинг ёнидан ўтдим.
Ҳаёт деб аталмиш қалтис илмда
Кекса бир Мақолнинг ёнидан ўтдим.
Илтижо
Вал е, олам мени гардунға сотти.
Алишер Навоий
Бошимда ҳорғин куз шовуллаётир,
Кўзимда зар боғлар ҳувиллаётир,
Кўксимда бир оғриқ шивирлаётир:
…Инсонни хор кўрсатма, Тангрим…
Гулми у, тиконми, ниҳолми, оғоч,
Бошидан караминг шудрингларин соч.
Ёлборар тонг танглайида қалдирғоч:
…Инсонни хор кўрсатма, Тангрим…
Қатор-қатор келар қанча насллар,
Ҳар бошда неча тош, неча фасллар.
Ҳар бир умуртқада бир дод қисирлар:
…Инсонни хор кўрсатма, Тангрим…
Ярми гуноҳ унинг, ярми ҳаёдан,
Бунёди, бедоди савоб, хатодан.
Бир илтижо мерос Одам Атодан:
…Инсонни хор кўрсатма, Тангрим…
Фитналар, низолар, хавф-хатарлардан
Руҳ омон ўтарми бу сафарлардан…
Қўл сўраб турибмиз пайғамбарлардан
…Инсонни хор кўрсатма, Тангрим…
Кимнингдир ўғли у, кимнингдир қизи,
Кимнинг боши узра ойдай ёлғизи,
Олтмиш минг томирдай эгилар тизи:
…Инсонни хор кўрсатма, Тангрим…
Шунчаки кўзларга келмайди кўзёш,
Шунчаки кукунга айланмайди тош.
Қилични синдирар эгилганда бош,
…Инсонни хор кўрсатма, Тангрим…
Дуоларга тўла ҳайрон ҳовучим,
Ҳарир капалакдай ҳалак товушим,
Бир ўтинч ўтида куйиб-совушим:
…Инсонни хор кўрсатма, Тангрим…
…Инсонни хор кўрсатма, Тангрим…
Жавзо
Шамолда чайқалган терак бошида
Порлаб кўринади ўн тўрт кунлик ой.
Фусункор Жавзо балоғат ёшида
Сенинг ёшлигингдай очади чирой.
Кўкда ой, пастда мен… бирга борардик,
Майин ёғдуларга кўмилган борлиқ.
Сенинг ёшлигингга тумор сўрардик,
Кибор чоғларингга тилардик соғлиқ.
Афсуски, бу тун ҳам ўтару кетар,
Ой ҳам қолиб кетмас терак бошида.
Шаббодалар ҳар кун менга эслатар
Сени ўн тўрт кунлик Жавзо ёшида.
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 2-сон