Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Муҳаббат ва айрилиқ мотивлари

Дилнавоз БЕРДИЕВА – 1992 йилда туғилган. Қарши давлат университети филология
факультетини битирган. Ижодкорнинг «Кўнгил» номли шеърий тўплами нашр этилган.


Жаҳон ва мумтоз адабиётининг жавҳар мотивларидан бири бўлган муҳаббат
ва айрилиқ мавзуси инсоният учун ҳамиша ҳаёт ва мамот масаласи бўлиб келган
ҳамда одамзотнинг бахти ва бахтсизлигининг маълум бир маънода мезони
ҳамдир. Бу мавзуларни адабиётнинг қон томирлари, десак, адашмаган бўламиз.
“Баҳорнинг бошланиши” шеърий китоби билан адабиёт бўстонига қадам қўйган,
шеърларидан бирида: “Муҳаббат борлиги – илоҳий неъмат”1, дея ёзган Нодира
Афоқнинг шу кунга қадар “Кўнгил шеваси”, “Қора наво”, “Сўз айвони”, “Бизнинг
эра”, “Ёлғизнинг ёри” каби қатор шеърий тўпламлари ҳам дунё юзини кўрди.
Шоиранинг шеърий тўпламларидан жой олган шеърларида муҳаббат ва айрилиқ,
айниқса, айрилиқ мотиви алоҳида ўрин тутади. Унинг “Бизнинг эра” тўпламига
киритилган шеърлари бошдан охир ҳижрон кунларида ёзилгандек туюлади.


Кетдинг. Яна ёлғизлик эски
Ошнолардай дарчамни чертди.
Сенсизликка кўникмоқ мушкул,
Нечун кетдинг, ёлғизим, кетдинг?!


Ўхшамайди августга август,
Боғчаларда ноаён зорлик.
Саҳарларда вижирлайди Куз,
Ўхшамайди шодликка шодлик2.


Биринчи сатрлардаёқ шоира маҳбубига тўғридан тўғри мурожаат қилиб,
айрилиқ, ёлғизлик азобидан шикоят қилади. Нодира Афоқ: “Ёлғизлик эски
ошнолардай дарчамни чертди”, дея бетакрор ташбеҳ яратади. Яъни ёлғизликни
ҳолидан тез-тез хабар олиб турувчи эски ошноларга ўхшатади. Шеър матнидаги
иккинчи жумлани “яна” дея бошланаётганидан билишимиз мумкинки, лирик
қаҳрамонга бу зериктирувчи айрилиқ яқин кунлардан эмас, аксинча, узоқ


1 Афоқ. Н. Бизнинг Эра. – Тошкент. “ИЖОД ПРЕСС”, 2019. 19-бет.
2 Ўша китоб. 25-26-бет. Бундан кейинги шеърий парчалар ҳам мазкур китобдан.


кунлардан, балки йиллардан буён ҳамроҳлик қилади. Кейинги икки мисрада лирик
қаҳрамон маҳбубидан нечун тарк этиб кетганини сўрайди: “Нечун кетдинг, ёлғизим,
кетдинг?!” Бу сўроқлашнинг ортида оғир ҳижрон кунларидаги азоблар, зорликлар,
соғинчлар, қоронғи кечалардаги аччиқ кўзёшлар эшитилиб туради. Кейинги бандда
ёр йироқдаги маҳбубига ўзининг усиз ўтаётган кунларини тасвирлайди. Шеърнинг
кейинги бандида лирик қаҳрамон ошиғига устма-уст саволлар ёғдиради:


Ғижимларми кўксингни баъзан
Яра янглиғ яланг ҳақиқат
Интизорлик, кутиш, соғинчда
Ўтармизми дийдорга илҳақ?


Календардан бирма-бир ўчган
Капалаклар ортимда ғужғон.
Қўй, уларни сўрама мендан,
Барисининг исмидир “Ҳижрон”.


Дарёдайин оқиб борар йўл,
Қайдасан Сен, қайдадир ёшлик?
Сенсизликка кўникмоқ мушкул,
Ўхшамайди шодликка шодлик.


Лирик қаҳрамоннинг: “Ғижимларми кўксингни баъзан Яра янглиғ яланг
ҳақиқат”, дея берган биринчи саволида фақатгина бу икки ошиққагина аён бўлган
қандайдир ҳақиқат ҳақида сўз боради. “Ҳақиқат” сўзининг олдидан “яланг”
лексемасини келтириб, асосий урғуни айнан шу сўзга туширади. Аёнлашадики,
бу икки ошиқни айирган қандайдир яширин сир бордир. Аммо бу яширин “офат”
айрилиққа маҳкум қилинган икки ошиқ учун аён ҳақиқатдир. “Интизорлик, кутиш,
соғинчда Ўтармизми дийдорга илҳақ?” дея лирик қаҳрамоннинг узоқдаги маҳбубига
берган навбатдаги саволидан англаш мумкинки, ҳар икки томон ҳам бу айрилиққа
рози бўлмаган, ҳамон кўникмаган ва улар ҳануз бир-бирларига талпинмоқдалар.
Демак, ўртада тўсиқ бор. Кейинги бандда маҳбуба тақвим ҳақида сўз очиб, ўтаётган
ҳар бир кунини капалак мисоли омонат эканлигини айтиб, бу кунларнинг барини
“Ҳижрон” дея номлайди. Профессор Баҳодир Саримсоқов таъкидлаганларидек
“Образ моҳиятига кўра ҳаракатдаги воқеликдан иборат”3. Мана шу ўринда шоира
бетакрор образ яратадики, китобхон кўз ўнгида лирик қаҳрамон ортида қолаётган
ғужғон капалаклар ҳаракатланади.
Кейинги бандда яна ўзидан ҳасби ҳол келтиради. Қуйидаги шеърий парча ҳам
юқоридаги шеърнинг давоми ўлароқ янграйди.


Қуёш чўкар.
Юлдузлар ёнар.
Кулбамда-чи, юлдузсиз шомдир.
Ой ўксик-у,
Кўнглим ўксинар,
Ёлғизлик-да, бу кеч ошномдир.


“Бизнинг Эра” тўпламига киритилган “Қуёш чўкар” деб бошланувчи шеъри
ҳам айрилиқ ва ҳижрон мавзусидаги шеърлардандир. Шоира бу шеърда ҳам
суюклисидан йироқдаги ҳижрон йўлларини босиб ўтаётган маъшуқанинг ёрсиз
кунларини тасвирлайди. Шоира ушбу шеърда ҳам ёлғизликни “ошномдир” дея
истиора қўллайди. Шунингдек, тазод санъатидан фойдаланиб, мазмуннинг эстетик
таъсирчанлигини оширади: “Қуёш чўкар – юлдузлар ёнар”. Кейинги мисрада ҳам
шоира ташқарида юлдузлар чарақлаб турганини назарда тутар экан, кулбасида ҳали
ҳануз юлдузсиз шомлар эканлигини айтиб, яна тазод яратади. “Кулба” лексемасида
ҳам яширин маъно борлиги илғанади, яъни бу сўзда ийҳом санъатини кўришимиз
мумкин. Шоира “кулбам” дея ҳам ўз уйини, ҳам ички олами, руҳиятини назарда
тутади. Айни ўринда ийҳом санъати билан биргаликда “Кулба” сўзида истиора
(кулба – лирик қаҳрамоннинг ички олами, руҳий дунёси) санъатини ҳам кузатиш
мумкин. Шеърий матнда “юлдузсиз шом” бирикмасининг қўлланишида ҳам лирик
қаҳрамоннинг айни вақтдаги ҳолати яшириндир. Маълумки, “шом” термини –
умрнинг якунига етаётгани, замоннинг оғирлиги каби маъноларда адабиётда
кўп учрайди. Мазкур шеърда ҳам лирик қаҳрамон умрининг “шом”ини яшаб
ўтаётганига ишора қилинаётгани, ҳам маҳбубининг “Шам ёқса, ёришмайдиган”
кўнглидаги кечинмалар, ғам-андуҳ ва изтиробларга ишора қилинади. Кейинги
жумлада ой ва кўнглини қаршилантириб, тазод яратади. Аслида, ой ҳақиқатда
ёлғиздир бу сабабдан ўксиниш ойга хос, аммо кеча-ю кундуз лирик қаҳрамон
ёлғизликдан ўксинмоқда.
“Бу баҳор баҳорми…” етти шеърдан ташкил топган бу туркумдаги назмлар
шундай мисралар билан бошланади:


Даҳшатли айрилиқ тонги ҳам отди,
Сап-сариқ нурларга буркалди олам.
Ой эмас, умидлар қуёши ботди.
Кетма, деб чинқирди юрагим-болам.


Бу туркумдаги илк шеър “даҳшатли айрилиқ”нинг илк кунини тасвирлаш
билан бошланади. “Айрилиқ” лексемаси олдидан “даҳшатли” сифатини эпитет
вазифасида келтириш орқали, у куннинг бор ваҳшатини аён қилган: “Сап-сариқ
нурларга буркалди олам”. Сариқ сифатининг асосий семантик маъноларидан бири
айрилиқ, ғам ва андуҳ, дард, беморлик. Гўёки лирик қаҳрамон наздида ўша кун
бутун заминни сариқлик қоплагандек туюлади. “Ой эмас, умидлар қуёши ботди”
жумласидан маълум бўладики, лирик қаҳрамон қалбида қуёшсиз кунларнинг
бошланиши, айрилиқнинг маъшуқа бошига солган, кундузларини-да зулматга
айлантирганлиги англашилади. “Кетма, деб чинқирди юрагим-болам” жумласининг
мазмунидан ошиқнинг ёрини, муҳаббатини тарк этиб кетганлиги, маъшуқанинг эса
боладек пок, соф ишққа лиммо-лим қалбининг “Кетма” деган чинқириғи китобхон
қулоқларини ларзага солгандек бўлади.


Етар таъқиб, ҳасад, туҳмат, адоват!
Зулм кашшофлари, тин олинг бир зум:
Изтироб зўридан ўлим тиларман.
Энг яқин кишимга ўқтин ва ўқтин.


Бу қандай айрилиқ?
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Нодира Афоқнинг “Бизнинг Эра” китоби
ошиқ-маъшуқнинг ҳижрон кунлари ҳақида ёзилган достон каби ўқилади. Айрилиқ
ва ҳижрон мавзусидаги шеърлар бир-бирини тўлдириб, гўё бири бирининг
давомидек туюлади.

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 1-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil