Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

“МЕН БУГУН – КИТОБМАН”

Вафо ФАЙЗУЛЛОҲ – 1963 йилда туғилган. Тошкент давлат университетини (ҳозирги
ЎзМУ) журналистика факультетида ҳамда Москва шаҳридаги Адабиёт институти
Олий адабиёт курсини тамомлаган. Унинг “Ҳут”, “Хабарсиз севинч”, “Мангу лаҳза”,
“Жон йўли”, “Чақмоқ ёруғи”, “Азалий ғусса”, “Оқ лайлак” – “Белый аист”, “Қоядаги
дафтар”, “Навоий назми рангин”, “Куртакда дарахтни кўрмоқ”, “Ҳақ ва ҳақиқат хаёли”
каби шеърий ва насрий китоблари чоп этилган. Шунингдек, Ф. Кафканинг “Жараён”,
“Қалъа” романлари, “Отамга хат” биографик асари, Г.Маркеснинг “Полковникка ҳеч ким
хат ёзмайди” қиссаси, М. Метерлинкнинг “Сўқирлар” драмаси, Х.Борхес, Р.Акутагава,
К.Ҳамсун, Ч.Айтматовнинг айрим ҳикоялари, дунё шеъриятининг ўттиздан ортиқ
забардаст вакиллари шеърларини тилимизга ўгирган.


Бадиҳа
Самарқандлик шоир Жамол Сирожиддинни ўтган асрнинг тўқсонинчи
йилларидан таниганман. Ўшанда унинг икки шеърий китоби қўлимга тушиб,
хотирамга ўрнашган, лирик шеърлари қаторида, айниқса, “Мавлоно Хумий”
таҳаллуси чекилган ажабтовур ҳажвиёти, жиддий туриб айтиб бўлмайдиган
нарсаларни шеърий дангал ва чапанича тилда, даврани кулдириб ҳушёр торттирган
довюрак битиклари кўнглимга ўтирган. Булар бир аср нарисидаги оташнафас
боболар наъраси билан беллашар эди. Аммо унинг ўзи матбуотда сийрак кўринар,
чоп этилган шеърлари эса кўнгилга яқин бўлиб қоларди. Жамол бундай муҳташам
ва алангали шеърларини кўп тер тўкибми ё бир ҳамлада илҳом шиддати ва
қувватида битадими, унинг қўлёзмаси қўлимга тушгунича, бу борада у билан
очилиб гурунглашмаган эдик.


Бир пайтлар пиёзнинг пўстидек юпқа, ички саҳифалари ундан ҳам нозик
ва сарғайган, “иқтисод қилинган қоғозлар ҳисобидан босилди” деган тамғали
китобчалар бўларди. Унинг “Шоирнинг биринчи китоби” туркумида ушмундоқ
илк тўплами ўттиз беш ёшида нашр этилади. Номи “Танбур”. Китобда биринчи
бўлиб мана бу шеър жой олган:
Қувончдан кўзларинг порлади бехос,
Сезяпман, юрагинг зарби чирманда.
Кафтингда ёндирар мени эҳтирос,
Мен бугун – китобман, сен-чи хонанда1.
1 Хонанда – ўқувчи маъносида.

Энди яширмайсан туйғуларингни,
Ҳуркак нигоҳларинг суйканар менга.
Келдим, бузай дея уйқуларингни,
Мен бугун – китобман, сен-чи хонанда.
“Мен бугун – китобман”
Бундай олганда бу шеър туғилишининг изоҳи жуда табиий. Ошиқ йигитнинг
маъшуқа васлига етиш йўлидаги ҳамма ғовларни олиб ташлаб, маъшуқага “етгани”
фақат шоирнинг қўлидан келадиган мўъжиза экан. Бироқ ёш шоир учун илк тўплами
нашри менга иккинчи, шоир учун энг муҳим ғалабанинг аломати бўлиб туюлади.
Бу муаллифнинг китоб эврилгани, қанотсиз қанот чиқаргани, бошқаларнинг ҳам
ҳеч бир ҳадиксиз маънавий мулкига айлана бошланганидир. “Тамбур” биринчи
қадам, аслида шоир қисматининг бутун кечмиши китобга айланишдан иборат!
Унинг қалб мактубининг энг холис, энг дилбар ўқувчига етишидан бахтиёрлик
армони бу. Сўзнинг яшовчанлик мақомини олиши, инсон ҳайрати ва васиятининг
жисмсиз ҳам мангулик йўлига тушишидир. Бундай бахтни ҳар бир ижодкор орзу
қилади. Аммо бу бахт ва саодат фақат истеъдодларгагина насиб этади, шунда ҳам
минг бир машаққат билан (Абдулла Ориповнинг “Бугун шеъри чиққан шоирдай
дунё” сатрида ҳам шу воқелик саодати мужассам). Уч йилдан кейин унинг (буниси
ҳам вилоятда) “Заҳхок салтанатинда” деган иккинчи китобчаси ёруғлик юзини
кўради-ю, шу билан умри охиригача орадан йигирма бир йил ўтиб кетганидаям,
ёзганларини китоб сифатида нашр қилолмайди…
Шоирнинг иккинчи тўпламида “Оч арвоҳ” деган шеър бор. ХХ асрда яшаган
аксарият чин, ҳақиқатгўй, бетаъма шоирлар қисмати мана шу шеърда ўз аксини
топган десам ёлғон эмас. Бу шеърдаги сатрлар ҳатто муаллифнинг ҳам эртанги
куни бўлиб чиққани кишини титратиб юборади:
Ким бўлди бу?!
Билганларим эслайман бир-бир.
Қайси марҳум?
Аросатда қийналган қай жон?!
Кўз олдимга келар неча армонли шоир,
Менга аён улардаги турфа хил армон.
Авазми бу “Халқ” деб бўзлаб,
ётиб зиндонда,
“Телба” дея ном орттирган,
кишанбанд бўлган?!
Фурқатми ё,
“Ўт туташди оламға”, дея
Қаттол зобит амри била фурқатда ўлган?!.
Ўз-ўзимга кўринмоқда эртанги ҳолим, – деб якунланади шеър.
Жамол Сирожиддин бир муддат Тошкентда, ижарахоналарда яшаганида,
оёғи шоир дўсти Чоршамнинг чолдевор кулбасига кўп тортар, бу ерда тўлиб
тошиб шеър ёзар, кейин ҳам Тошкентга йўли тушганида, тўғри шу ерга келиб,
дўстлари ҳаёти ва ижодини суриштираркан, ажиб бир руҳ олиб қайтар, холис бир
мусобақага киришни, келгуси сафар ўша орзулари ижобатидагидек парвозланиб
келишни, биринчи навбатда Машрабникига шаклан ўхшамаган хуржунида китоб
қўлёзмаси бўлишини йигирма йиллар орзу қилиб умргузаронлик қилди… Бу орада
жўраларининг у орзу қилган шамойилдаги китоб “Сайланма”лари чиқа бошлади.
Ижодкор кўп ё оз ёзмасин, битиклари бир тўплам қатида чоп этилгачгина, бошқача
сеҳр-синоатга киради, аҳамияти ҳам шу даражада ошади. Қолаверса, кемтик
жойлари ҳам ўзига-да манаман деб кўринади. У ҳақида мухлис ва адабиётчилар
билдирган фикрга кўра ҳам, ўзига чеккадан қараш жараёнини бошидан кечиради.
Энди йиллар ўтиб, ёзганларидан саралаб, умрлик гулдаста тайёрларкан, ўзи ва
ўзгаларнинг орзу ва тилаклари ушбу китобида мужассам бўлишини йиллар оша
ният қилиб яшайди шоир… 2006 йил дўстларидан биринчи бўлиб Чоршамнинг
“Сайланма” китоби “Sharq” нашриётида чиққач, Жамол Сирожиддин ҳам ўз
сайланмасини тайёрлашга астойдил киришади. Бироқ бу ҳам икки-уч йилга
чўзилиб кетиб, ниҳоят, тўртинчи йили – 2009дан 2010га ўтарда ёзганларини
йиғиб-кўриб, шеъру ғазал, драма, достонлари ва таржималари бир жилдга
сиғмаслигидан таскин топиб, Самарқандда ўзи ягона нусхада тайёрлатган қўлбола
китобига (шоир Самарқанддаги “Зарафшон”, “Суғдиёна” нашриётларида маълум
муддатлар ишлаб, саҳҳофликнинг роса ҳадисини олган, маҳаллий неча бир
истеъдоди турфа даражадаги қаламкашлар китобига муҳаррирлик қилиб куйгулик
ва суйгулик ҳолатларни роса бошидан кечирган эди) “Танланган асарлар 1 жилди”
деб ҳам ёзади. Бу қўлёзма-китобни мен “Sharq”қа ишга келганимдаёқ хонамда
кўрганман. Аммо “нашрга тайёрланг” деган амру фармон ўшанда бўлмаган…
Китобларим ўн йиллардир нашриётларда
Чоп этилиш кунин кутиб,
Чанг ютиб ётар.
Меҳнатларим маҳсулини кўрмай ҳаётда
Ўтар бўлсам Маҳшаргача бу армон етар!
Қўрқаман-ки, эрта бир тун
Қайси бир ношир
Қаршисидан чиқиб келсам хилватгоҳ аро.
Юз беражак қутқу учун бугуноқ кечир,
Деёлмасам:
“Жамол эдим, этдинг оч арвоҳ!..

  1. (“Очарвоҳ” шеъридан)
    Бошқа қўлёзмаларни тайёрлаш зарурлигидан, бу қўлёзма-китоб билан ҳам
    танишишга улгурмадим, аммо Жамол аканинг матбуотда аҳён-аҳёнда чиққан
    шеърларини йўлакай ўқиб борганимдан, “Сайланма” туркумида ўн беш йиллардан
    буён ушбу нашриётда ёруғлик юзини кўриб келаётган бир ўқувчи сифатида нашр
    этилишга у ҳам арзишини хаёлан тасаввур қилар эдим. Бу туркумда биринчи бўлиб
    адашмасам Усмон Азим, кейин Азим Суюн ва раҳматли бўлганидан сўнг Шавкат
    Раҳмоннинг “Сайланма”си чиқиб, роса овоза бўлгач, бизда тирик шоир борки,
    умрининг баланд довонида шу чўққига чиқишни, китоби чоп этилишини орзу
    қиладиган бўлган, нашриёт эшиги турумини бузиб бўлса ҳам “китоб” чиқарган,
    ё икки юз фоиз бунга арзиса-да, шундай китобини кўрмай, кўролмай ўтган, улар
    рўйхати бир кун қаердадир берилар ҳам… 2012 йилнинг бошида шоир оғайнилари
    даврасидан яна бири, худди ўзидай Тошкентда туз татиб, кейин юрти Фарғонага
    бор-э, деб кетиб юборган, лекин бир оёғи ҳамон Тошкентдаги Ғулом Фатҳиддиннинг
    “Ложувард соя” номли “Сайланма”сини минг бир ҳаракатлар, маҳалла-кўйидан хат
    талабномаларнинг таъсир кучи биланми, охири нашр бўлди. Ўзиям китобмисан
    китоб! Муқоваси пўлатранг мармарни эслатиб ярқирар, шоир деганнинг кўзини
    ўйнатар эди. Барча ошналар Фарғонада “Ложувард соя”нинг тақдимотини
    ўтказишаркан, Жамол Сирожиддин ҳам қадрдонлари Ғулом Фатҳиддин, Чоршамъ,
    Нуриллоҳ Остон, Яҳё Тоға ва бошқа ижодкор ва мухлислар даврасидаги мушоирада
    яйради. Аслида бундай шоир жўраларнинг тўй-ҳашам, маърака-маврудларида
    “Мен бугун – китобман”
    Бухорои Фарғонада, Тошкенту Самарқандга етиб боришлар, ажиб бир адабий
    муҳитлари борлигидан бу учрашув-йиғилишлар нафис мажлисларга айланиб
    кетар, шунинг учун юраги ҳаприқиб талпинар, бу мушоира базмларига Фарғонада
    Баҳодир Исо ва Аъзам Исмоил, Бухорода Сулаймон Шодиев, Тошкентда Қурбон
    Эшмат каби янги-эски биродарлар, мухлислар-да қўшилишиб кечган бир кун-ярим
    кунлик завқу шавқ ҳузур юрагига қувват берганича, Самарқандга қайтиб, ойлар ва
    йиллар яна тирикчилик ташвишларига ботиб қолганида далда бўларди. Тошкентга
    тушиб, Бош таҳририятдан китобини суриштирди. Кимни топди, кимни тополмай,
    ана шу 2012 йилдан янаям “Sharq”қа серқатнов бўлди, ҳар дафъа Бош муҳаррир
    ҳузурига кириб саломлашаркан, бир муддат иккиси ҳам “Ёш ленинчи”да ишлашган
    эдилар, ўша замондаги улфатчиликларни эслашарди…

2013 йилнинг биринчи май куни, ўлимидан етти йил ўтиб, устоз Рауф Парфининг
“Туркистон руҳи” “Сайланма”си нишона сони нашрдан чиқди. Бу хушхабарни
ушбу китоб масъул муҳаррири Чоршамдан эшитиб, Жамол ака Самарқанддан
қанот чиқариб Тошкентга учиб келган, мени ҳам самимий табриклагач, китобдан
йигирма дона сотиб олиб, кетарида Аҳрор Аҳмедов ҳузурига кириб, ўзининг
“Сайланма” қўлёзмаси ҳақида биринчи марта дангал сўрайди. У ҳам қадрдонлик
ўз йўлигалигини билдиргандек, унинг бўлғуси китобини ким сотиб олиши маълум
бўлгач, нашрга тайёрлашни тезлаштиришини яширмайди. Муаллиф бунга исбот
сифатида Самарқанд шаҳридан беш-олти ташкилотнинг биридан юз, бошқасидан
икки юз дона сотиб олишга буюртма берган ишонч-тасдиқ қоғозларини кейинги
сафар ўзи билан таҳририятга олиб келади. Эҳ шоир, бу хатларни олиш учун
у кимларнинг олдига борган, кимларга маслаҳат солиб эзилган бўлса? Шоир
дардини кўтариб шеър ёзсинми, ёзганини китоб қилиш учун кимларнингдир
олдига йиллаб сарсон бўлиб, нашриёт ва китобхон ўртасида зир қатнаб, яна унинг
сотилишини ҳам ўз бўйнига олсинми? Ниҳоят шундан кейин Бош муҳаррир
ўзининг яқинда тайинланган ўринбосарига муаллиф Самарқанддан олиб келган
бу хатлар рост-ёлғонлигини, ҳақиқатан ҳам шу ташкилотлар шоирнинг китобини
сотиб олмоқчими телефон қилиб аниқлашни топширади. Бозор иқтисодиёти!
Нашриётдагиларни ҳам айблаб бўладими?! Ҳақиқатнинг тагига етилгач, менинг
хонамда ётган қўлёзмани олишиб, яқинда ишга келган ёш ходим Мирзо Фирдавсга
тайёрлаш учун берилади. Қўлёзма Фирдавснинг қўлида ҳам кам эмас, кўп эмас
бир йил ётди, лекин иш негадир олдга силжимади. Жамол ака эса бу орада ҳам
Бош таҳририятга келиб-кетиб, орттирган эски ва янги ошналари билан салом-алик
қилиб юрди… 2015 йил январи эди, Жамол Сирожиддиннинг навбатдаги келишида
Бош муҳаррир ўринбосари мени хонасига чақириб қолди. Муаллиф гувоҳлигида
унинг қўлёзмасини яна менга қайтариб топширди… – Шу йил вақтингизга қараб, тезроқ тушириб берсангиз, эсдан чиқиб кетмасин,
акага ваъда беряпмиз, – дея таъкидларкан, Жамол аканинг энди ўзига юзланиб
деди: – Ҳозирча фақат минг дона чиқарилади.
Шоир ўринбосар ҳузуридан китоби чиққандай қанот боғлаб чиқди. Аммо
кейинги сафар келганида ҳам, ҳали мен қўлёзмасига қаролмаган эдим, у ёзувчи
Нуриллоҳ Муҳамммад Рауфхон бўлғуси “Сайланма”сига бир нарса ёзгани ҳақида
эшитганини айтди.
Мен: “Яхши бўларди. Нуриллоҳхон ака шунчаки нарса ёзмайди, албатта
сўрайман”, дедим унинг Шавкат Раҳмоннинг “Абадият оралаб” китобига ёзган
ажойиб сўзбошиси хотирамга тушиб. Адибдан суриштирдим, йўқ ёзмаган экан.
Унда бу гап қаердан чиқди? Ҳайрон бўлиб юрдим. Эҳтимол, кимдир сўз бўлиши
керак, деб маслаҳат бергандир. Балки Жамол ака шуни орзу қилган, мен анойи
буни тушунмагандирман. Бу гап ҳам бўлмаган бўлсин, майли, менга яхши таклиф
ва лойиқ номзод берганди муаллиф, нега ундан кейин ҳам қўлёзма ярим йил
ғаладонимда чанг босиб ётди-ку, Нуриллоҳ акага илтимос қилиб, сўз ёздирсам
бўлмасмиди, деб ўйлайман энди…
Қўлёзма қўлимда турганида ҳам уч ой бўлаёзганида, Жамол ака таҳрирриятга
яна келди, хонамга кирди. Ўзимни қаерга қўйишни билмай, у кетгач, ўзимча 2015
йил режасини туздим: йилнинг апрелида бу қўлёзмани муҳаррир сифатида кўриб,
саҳифалашга бераман, деб ёзиб, столимнинг кўринадиган жойига қўйиб қўйдим.
Қайда, мен апрель-майда ҳам Айтматов қиссалари билан бўлдим. Довруқли
ёзувчи ижоди ҳақида ҳеч ким сўзимга кўзи учиб турмаганига қарамай, ўзимча бир
нималар қораламоқчи бўлдим. Ҳолбуки, даҳоларнинг қисматини билиш душвор,
асарларида ҳамма нарса равшан бўлганида ҳам, яралиш моҳияти сирли, жўн ва
қайтариқ сафсаталар билан буни изоҳлашга ҳолинг келмас, кучинг етмас экан…
Чингиз оғанинг асарлари борасидаги нарса июнда ҳам битмай, июлга ўтди…
Бўйнимдаги хайрли қарзни ўтамоқ учун таътилга чиқдим. 2015 йил 17 августида
таътилдан қайтгач ҳам, иккинчи сентябргача бошқа битмаган ишлар билан андармон
бўлдим. Унгача Жамол ака неча марта телефон қилди, августнинг йигирмаларида
яна бир бор Тошкентга келиб-кетди, мен эса унинг қўлёзмасини очиб ҳам кўрмаган
эдим.
Унга ҳеч нима демаган бўлсам-да, ростакамига хижолат бўлиб, ич-этимни
ердим. Сусткашлагим мени изтиробга соларди. “Ахир шу ҳам ўзимдай одам,
“Сайланма”мни кўрай, деб қарийиб беш йилдан буён нашриётга тўрт юз чақирим
наридан келиб-кетади, шоирнинг орзуси қачон рўёбга чиқади?”


Унинг қўлёзмаси аввал ҳам бир неча марта столим устига олиниб, вақт ўтиши
билан четга сурилиб қўйилаверган эди. Ҳолбуки, ҳар сафар унутилганида, яна
хотирга тушаверадиган баъзи бир нарсаларнинг оҳанрабоси бўлади. Бошладингми,
бўлди, энди бу ёғига ўқиш охирига етмагунча, тўхтолмайсан. Балки, шу жараёнда
ҳам қўлёзма-ю, китоблар бир неча гуруҳга бўлинар, бирини ўқиб ҳеч нарса
тушунмайсан, бирида бошидан охиригача бир нарсани излаб, охирида ҳам ўшани
тополмайсан. Бирлари ўқиганда бошқача кўринади, қутқуга солади, ортидан
эргаштиради, кейин эса кетган вақтингга афсусланиб ўтирасан. Бошқасидан на
ҳис, на воқеа эсингда қолади. Лекин шундайлари борки, олган таассуротингни
таърифлаб изоҳлаб охирига етолмасанг-да, яна ўқигинг келади, ундан тўймайсан
ва қайта мутолаада умуман бошқача, аввалида англаб етмаганинг, ҳис қилмаганинг
энди аён бўлаверади ва ҳоказо. Жамол Сирожиддиннинг майда шрифтда терилган
уч юз бетдан ошар қўлёзмасини учинчи сентябрь пайшанба куни бошлаб, эртаси
2015 йилнинг тўртинчи сентябри жума куни ҳали иш куни тугамай ҳаллослаб ўқиб
чиқдим ва таассуротларим ўйлаганимдан ортиқ ва ижобий, шунда ҳам биринчи
навбатда шоирни худди китоби чиққани хушхабарини етказаётгандай табриклаш
учун, кейин баъзи жузъий ўзгартириш ва таҳрирлар учун маслаҳатга чақириш
мақсадида шоир қўл телефони рақамини тердим.


Жамол Сирожиддин ижодига куч бериб турган яна бир фазилат, форс-тожик
тили ва адабиётини чуқур билишида сезилади. Лекин у юксак бир миқёсда туркий
адабиёт, унинг энг гўзал обидалари пурвиқорлигидан туйинганлиги, ўзбек халқ
оғзаки ижоди, достонлари кўламида шеър битиш имкониятини қўлга киритгани
кўлвор шеърларида балқиб туради. Мисол учун у “Алпомиш” достонининг минг
йиллигига бағишлаб ёзган “Барчинни об юртга қайтиш” шеърида улуғ бахши
боболаримиздек наъра тортади. Шунинг учун ҳам шеъри достоннинг энг ўтли бир
саҳнаси янглиғ жаранглайди ва“Алпомиш”даги термалардан қолишмайди:


Аллоҳ берган неъматни банда тортиб ололмас,
Тақдир кетса, тўқсон алп дилга қутқу сололмас,
Ният қилсанг, қалмоқ шоҳ бунда олиб қололмас.
Ой Барчиним ёр-ёр, гул Барчиним ёр-ёр.
Бойсун сари қайтурмиз, кул Барчиним ёр-ёр.
Ўтган аср шеърияти бошидан оғир синовларни ўтказди. Гоҳ ёлғоннинг
ҳайқириғи ростнинг овозини чиқармади, мафкуранинг таъзийқи билан ростгўй
ёмон отлиқ этилиб, ёлғонни кўпиртирган, замонга сотилган, тузумга бош эгган
қаламкашнинг ўртамиёна бадиияти йиллар оша хотирларга сингдирилиб, муаллиф
даври-даврон сурди… Дейлик, Чўлпон “Бузулган ўлкага” ўхшаш рост шеърлари
боис совет тузуми кундасига бошини қўйди. Худди шу йилларда бошқа бир ёш шоир
“Тузалган ўлкага” деган шеър ёзиб, Чўлпонни “ёлғончига чиқаргач”, даврнинг энг
пешқадам шоирларидан бири деб эътироф этилди, “Халқ шоири” деган унвонга
лойиқ кўрилиб, ўттиз-қирқ йиллаб бу ёлғони юртнинг ҳақиқий манзараси сифатида
мактаб дарсликларидан тушмади… Биз ўша жамиятда ҳийла қилиб жонини
сақлаган қаламкашларни айбламоқчи эмасмиз. Лекин чин шоир истеъдоди қай
даражада эканлигидан қатъи назар ҳар бир даврда шахси синовдан ўтар, оламлар
тўқнашувидаги рост шеър, чин шоир даҳри дунга тескари қисматга рўпара келар
экан… Шунинг учун ҳам Абдулҳамид Чўлпон гўзал ва ҳақгўй шеърияти учун умри
билан тўлов тўлаган, шеъри учун қурбон бўлган, эҳтимол, шунинг кучли таъсири
ўлароқ бу шеърият қиёматгача ўқиладиган бўлиб, Чўлпон номи ҳам бу халқ озод
экан, ҳурлик ва ҳақиқат рамзидек тилга олинаверади. Ҳали шеърлари бир-икки
нашр бўлиб, эндигина яхлит ҳолда, ўзидан кейинга етишини истаган Жамол
Сирожиддин ҳам чўлпонона қатъиятда яшаган.


Қисқаси шеърларнинг ижобий таъсирида, Самарқандга телефон қилдим.– Бир келсангиз қўлёзма устида гаплашиб олардик. – Майли бораман. Қачон? – Ўзингизга қараб келаверинг…
Телефонлашувдан ўттиз икки кун ўтиб кетган экан, энди ҳисобласам, олтинчи
октябрь эрталабида телефон бўлиб қолди.– Ишхонадамисиз? – Ҳали етиб борганимча йўқ. Йўлдаман. Ўзингиз қаердасиз? Жимиб кетдингиз,
Жамол ака… – Борайми?
Мен ҳам эски, мужмал жавобни қилдим: – Ўзингиз биласиз!.. Лекин биз тўрт кунлик иш кунига ўтганмиз. Жума куни
ишда бўлмаймиз. – Унда дам олиш кунлари борсам-чи? – Дам олиш кунлари менда имконият камроқ, – дедим ўзимча бир нималарни
қоралашни хомаки режалаштирганимни ўйлаб…– Бўпти, кўраман… – дея у алоқани узди. Мен ҳам шу заҳоти яна ўз хаёлларим
билан андармон бўлдим. Кечга яқинлашган экан яна телефоним экранида “Ж.С.”
ёзуви ёнгачгина, унинг эрталабки телефонини эсладим. У жўшқин овозда деди:– Сирдарёнинг кўпригидан ўтяпман. Тўғри Чоршамникига бораман. Сиз ҳам
ўтинг. – Майли, – дедим ҳеч нимани ўйламай. “Ҳозир Чоршамъ аканикига менга нима
бор? Демак, у эртага таҳририятда бўлади. Бир ой ичида айтадиганларимнинг ҳам
кўпи эсимдан чиқиб кетди. Ҳеч бўлмаса, белги қўйилган жойларга қараб, нимадир
хотирга келар…”


Еттинчи октябрь. Самарқанддан бир муаллифнинг қора тортиб шахсан олдимга
келаётганини олдиндан билсам-да, тўққиз яримдан олдин таҳририятга келолмадим.
Тўртинчи қават йўлагида киши билмас шошиб-пишиб юриб хонамга эндигина
кириб олиб, курсимга ўтирмагандим ҳамки, эшикда котибанинг қораси кўринди: – Олдингизга одам кевотти!
Мен тахминан “Одам”нинг кимлигини билардим… Ҳали шоирнинг қўлёзмасини
ёзув столимга келтириб, бир қур кўз ташлаганимча ҳам йўқ…
Йўлакдан сипогина эшитилган қадам товушлари эшигим ортига етиб, бир зум
тинди. Ичкарига киргач, бошида самарқандча дўппи, қорачадан келган истарали
юз, қора кўзлари самимий боққан шоир эшик олдида ҳозирланиб тўхтади. Пешона
очиқ, икки чаккадаги сочлар оқарган.– Келинг.
У билан кўриша туриб, қўлёзма-папкани столимга келтириб олдим. Хатжилднинг
юзида Бош муҳаррир бергандаги санага яна кўзим тушди: “27.03.2011”. Демак,
қўлёзма муаллиф томонидан олтмиш ёшга киргунимча чиқиб қолар деган умидда
бу санадан беш йиллар олдин тайёрланган эди. Бош муҳаррир таҳрирриятга келган
қўлёзмани тезда кимгадир бериш асносида ўша кунги санани ёзиб қўяр, бу билан
ҳам муҳаррирга имдод қилар, вақт шафқатсиз бўлади, тезда адолатли жавобни
беринглар, бўлмаса ўзимиз жавобгар, хижолатли бўлиб қоламиз, дегани эди, мана
бунинг яна бир исботи, ҳар қанақа сабаблардан қатъи назар у нашриёт ғаладонида
тўрт йилдан ортиқ ётганини кўрсатиб турар, бу орада шоир эса олтмиш бирга
кетаётган эди…
…Вақт ўтиб борарди. Қаршимда, хонанинг қибла бети деворига суянган, отам
замондан қолган яғир стуллардан бирига чўккан шоир яна бир латифа бошлаб
қолиши хавфидан ташвишланиб қўлёзмага қараб дедим: – Жамол ака, сизнинг шоирлик қувваи ҳофизангизга унча-мунча тенг келиши
қийин, – бу гапим такаллуф эмасди. – Буни ўзингиз бу ерда ўтирганингиз учун
айтаётганим йўқ. Ҳис қилганни баъзан эътироф ҳам қилиш керак.– Шу гапни бир пайтлар, нашриётда ишлаб юрганида Мирзо Кенжабек ҳам
айтган эди. “Сизнинг шеърларингизни китоб қилиб чоп этишса, ўзларининг
майдаликлари билиниб қолишидан қўрқишади”, деб…
Ва Жамол ака тезда гапни бошқа ёққа – истеъдодлар истеъдодларни рўёбга
чиқаришига бурди: – Аммо Шавкат ака, уялганларидан бўлса керак, битта китобимизни чиқариб
берганлар…
Менинг чамалашимча, бу “Танбур” бўлиб, “Шоирнинг биринчи китоби”
туркумида у ўттиз бешга кирганда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат
нашриётининг Самарқанд бўлимида нашр этилган эди. – Биласиз, “Сайланма” характерига кўра, сайланган шеърлардан иборат бўлиши
керак… – дедим. Кейин унинг ўрнида ўзимни қўйиб фикримни юмшатишга
уриндим: – Тушунаман, бундаги ҳар бир шеър сиз учун азиз. Аммо ҳамма
ёзганларимиз ҳам ҳамиша бир хил, зўр чиқавермайди-да…
У жим эди. – Ўзингиз ҳам нашриётда ишлагансиз, қанча китоблар қўлингиздан ўтиб ёруғлик
кўрган. Менга қўлёзмадаги шеърларнинг жойлашуви ҳам… – дея фикримни охирига
етказмагандим-ки, деди:– Массаж-да, бири енгил, бири оғир… – у ярим ҳазил фикрини ифодаламоқчи
бўлди чоғи… Мен бунгача хатжилдни очгандим. – Келинг, мана бу биринчи шеърни олиб қўямиз, – дедим, “Истиқлол” шеърини
қўлимга олиб.
“Мен бугун – китобман”– Майли, майли, – деди у дарров кўна қолгандай, – у ошини неча йил ҳалоллади.
Мен учун анча-мунча яшин қайтаргич бўлган. – Бунақа мадҳиягўй машқлар асл шеърхоннинг ихлосини қайтаради. Иккинчи
жойлаштирганингиз билан китобингиз очилса айни муддао бўлади. Фақат тепасига
қўндирилган “Муҳтарам фалончиевга бағишлайман” отлиқ шапкасини олиб
ташлаймиз. “Зуҳалия” (Алишер Навоий ҳазратларининг “Ҳилолия” қасидаларига
жавоб)нинг ўзи етади.
Тарихдан биламиз, шеъриятимиз “шоҳу султони” ҳазрат Алишер Навоийни
болаликдан яқин дўсти, Ҳусайн Байқаро мелодий 1469 йили Ҳирот тахтини
эгаллагач, Самарқанд ҳокимидан рухсат олдириб, уни ўз ёнига келишини сўрайди.
Шунда навқирон шоир шоҳ биродари тимсолида ўз юртига бўлган бор эзгу
тилагини “Ҳилолия” қасидасида битиб она шаҳрига кириб боради…
Жамол Сирожиддин ҳам улуғ салафидан улгу олиб, истиқлолга бағишланган
манзумасини “Зуҳалия” деб атайди. Бу 38 байтли шеър инсоният тарихининг
унутилмас воқеалари, пайғамбарлар қисматидаги энг муҳим икки нуқта
солиштирилиб кела, охири Истиқлолимизнинг халқимиз тақдиридаги энг қутлуғ
воқелик деган фикрни баён этмасдан англатиб, ҳазрат Навоий тилагининг тадрижи
сифатида шоирона ташбеҳ билан сайёралар ичида энг каттасининг осмон буржида
кўриниши деб баҳолайди.
Шундан кейин унинг қўлёзмасини бирма-бир варақлашга тушиб кетаман. Мен
“Сайланма”да шоир ижодий тадрижини кўришни истар, шеърлар йиллар буйича
жойлаштирилиши керак деб ҳисоблардим. У эса адабий жанр ҳар қандай шоир
нимага қодирлигини намоён этадиганини китобнинг бошига қўйиш керак деб
ўйлаганди.– Китоб ғазаллар билан очилибди? – Шеъриятимизнинг энг зўр жанри ғазал-да! – деди у қатъий.
Бунинг жавобини ҳам бериб қўйган эди бир ғазалида:
“Қайси шоир ишқи зўр, киргай аруз дунёсиға”.
Унинг ғазаллари, мухаммаслари билан танишган ўқувчи, истеъдод узилган
ҳалқаларни боғлашини, кеча туғилган бўлмасин, сўзи энг асл, энг қадимий
ўзанларга бориб туташишини кузатади. Ҳолбуки, Жамол Сирожиддиндан анча
олдин ўрис, Европа шеъриятига эргашишлар бошланган, энг иқтидорли ва ё
иқтидорсиз ҳам хориж таъсирига берилибгина бир каромат кўрсатишига ишонар,
мумтоз санъатимизни ўзлаштиришга эса кучи етишига имони комил бўлолмай,
ундан тобора узоқлашиб кетаверган эди. Ғазалнинг вақти ўтди деб Абдулла Қаҳҳор
каби наср дарғаси ёзганида, қанча-қанча ёшларга бу мулоҳаза жуда тўғри туюлган
бўлса ажаб эмас, лекин айни шу пайтда Эркин Воҳидов қасдма-қасдига ғазал ёзиб,
унинг яшовчанлигини исботлаб бергандек.– Дунё шеъриятида ғазалга етадигани йўқ, – деди ёнимда ўтирган шоир чўрт
кесиб. Мен ўзим ғазални яхши билмасам-да унинг ғашини келтирмоқчи бўламан. – Бу жанрни араблар кашф этган. Исломгача бўлган қадим араб шеъриятида
бунинг мумтоз намуналари бор… – Уларга ҳам форслар ўргатган, – дейди Жамол ака тўлқинланиб. – Ҳатто
шеърият форсларнинг маънавий ҳаёт тарзига шунчалик кириб борганки, фолбинлар
Ҳофиз девонига қараб фол очишар экан. Шоир девонини очар эканлар-да, етти бет
варақлаб, тўхтаган саҳифаларининг еттинчи байтига қарашаркан. Хўжа Ҳофиз
ғазалларида эса кўпинча байт ё “қил” ё “қилма” сўзи билан тугайди. Фолбинлар
ҳам шу мисранинг охирги сўзига таянишаркан… – Форс-тожик шеърияти ҳайрон қоларли даражада тили зебо, сўзи оҳангдор ва
рангин. Рудакийни айтинг…
– Ҳофиз ҳам Рудакийни ўзининг муршиди комили деб билган, – фикримни
исбот билан қувватлайди Жамол Сирожиддин. Аммо у форс-тожик шеъриятини
туркий шеъриятдан устун қуяркан деб ўйламанг. Жамол Сирожиддин худди
шундай – дунёдаги энг муҳташам халқ оғзики ижодига эга, бармоқ вазнида жуда
содда, теран ва гўзал дарди ифодаланган туркий достончиликдан баҳрамандлиги
шу даражадаки, шеърий ифода тарзи шуларга уйқаш ва мусобақа қилгандай бир
ҳайқириғи билан каттакон давраларни зийнатларди. Диққатга сазовор бир ҳолат.
Ҳазрат Навоий ўз замони дунё шеъриятининг новатор вакиллари Низомий ва
Деҳлавийдан хамсачиликни, Саъдий ва Ҳофиздан ғазалнинг, Аттор ва Жомийдан
диний-маърифий йўналишда ўргана туриб беллашган бўлса, бу собитликка ўз
иқтидори ва замони даражасида Жамол Сирожиддин ҳам арузу бармоқ вазнларини
ўрганиб, маснавий ва халқонадан шунчалик ўзлаштириб, ўша юксак даражани
кўзлаб қалам сургани учун, Ҳофиздаги сир, Рудакийдаги оҳор, Саъдийдаги
ҳикмат, Навоийдаги тафаккур, Алпомишдаги наъра, Махтумқулидаги кучли
оҳангдан баҳрамандлиги илҳом билан туғилган шеъларида сезилади ва ўқувчини
жамолсирожиддинчасига мафтун этади.
Соат ўн бирга яқинлашганди. Мен соатга илкис-илкис қараб қўйиб унга дедим: – Соат ҳам пешинга яқинлашибди. Ошга ўтасизми? – Аввалига амри маъруф ҳам қилинаркан, сал кечикиб ҳам бораверамиз…
Мен ҳайрон бўламан:– Нега? Ахир яхши-ку! Амри маъруф, наҳи мункар ҳам фарз дейишади.– Эй-й, – дейди у қўл силкиб. – Уни ким қилишига ҳам боғлиқ-да… – Бундай деб бўлмайди, ахир. Ўзининг гапини айтмайди-ку! Оят, ҳадис эшитасиз.
Бир умр амал қилинадиган ҳикматлар. Мен учун буларни ким айтгани эмас, улар
аслида кимники эканлиги муҳим. – Қўйинг, Вафо, риё, кибр, иккиюзламачилик. Гапи бошқа, иши бошқалар ҳақида
“Чақмоқ…”да ўзингиз ҳам куюниб ёзгансиз-ку. – Жамол ака, фикрингизни тушунаман. Аммо буларга аччиқ қилиб, ҳикмат
эшитишдан бош тортсак, ҳеч қачон асл илмга етиб боролмаймиз.
“Бунёдкор” метро бекатидан чиқиб, Бешёғочга қараб юрамиз. –
Самарқанд вилоят телеведениесида ишлардим. Умар Хайём ҳақида
кўрсатув тайёрламоқни режага киритиб, кейин хотирадан бутунлай кўтарилиб
кетибди денг, – дея жўшқин гапга тушиб кетади Жамол ака. – Эрталаб ишхонага
кечикиброқ келсам, режессиёримиз ҳовлиқиб эслатди. “Дастурга аллақачон чиқиб
кетган, бугун эфирга кетиши керак, ака Жамол?” “Бўпти, шу ҳам иш бўлибдими?!
Операторингизга тайинланг, эшик оғзида турсин. Мен кимга микрафон тутсам, ёзиб
олаверсин…” дедим. Шундай уч оғайни ботирлар эшик оғзида турибмиз. Эшикка
тўғри бўлганга мен микрафон тутаман “Хайёмни биласизми?” “Эй акажон-эй, ким
Хайёмни билмаскан?!
Май ичсанг оқилу доно билан ич,
Тонг чоғи дилбару зебо билан ич.
Кам-кам ич, оз-оз ич, ҳам яшириб ич,
Эзма, расво бўлма, ҳаё билан ич.
Бошқаси бошқа бир рубоийни олиб кетади: “Гул ерга тўкилур, биз бўлурмиз
хок…” Ана яна биттаси келяпти шошилиб. Турқидан туя ҳуркади. Мен парвоимга
келтирмайман. Ҳаммага бераётган саволимни унга ҳам бериб, микрафонни унга
ҳам яқинлаштираман. “Хайём ким?” У барибир бир оғиз бир нима демай ичкарига
йўналади. Мен эса унинг ортидан камерага қараб дейман: “Ўв ҳамшаҳарлар, кўриб
қўйинг мана бу кимсани! Хайёмни билмаскан… Хайёмга қизиқмаскан шу юртда,
шу ташкилотда ишлаб…” Бир-иккки соатда ана шундай дарбонлик қилиб кўрсатув
устихонини тиклаган бўламиз ва у ўша куниёқ эфирга узатилади. Эртаси куни эса
бутун шаҳару вилоятдан қўнғироқ ёғилиб кетади. Дув-дув гап, шов-шув… – Олиб қўйганмисиз шундай ишларингизни? – Қайда? Қанча-қанчаси йўқолиб кетди… – “Маданият ва маърифат” каналида ҳам яхши бир кўрсатув ташкил қилишибди.
“Оқшом гурунглари”. Бу сафаргисида Абдували Қутбиддин билан Азиз Саид чиқар
экан, – деганча давом этаман, – яхши шоирларимиз кўп-да. – Яхши шоирларимиз кўпу, яхши шеърларимиз йўқ-да, – дейди у ва менинг
қиёфамдаги “маъно”ни уқиб, гўё фикримни давом эттиради: – Устозимиз Иброҳим
Ғафуров айтганларидек…
“Наврўз” ресторанининг кунботар томонида ҳам чоғроққина зал бор экан.
Ташқарида тўйчи кўринади. – Салом-алик борми? – Жамол аканинг гапига аввалига тушунмайман. У
тўйчига яқинлашмай чўнтагида аввалдан тайёрлаб қўйганини қўлига олволиб,
кафти орасига киши билмас яширади ва олдинга юради. – Марҳабо, Хумий жаноблари, – дея унга кўзи тушиши билан чеҳраси очилиб
пешвоз юради тўйчи Тўра ака.
Аллақачон тўй бошланган, машшоқлар залга кириш жойида ашуласини варанглатиб
хониш қилишар, эшик оғзидагилар “кираверинглар”, дейишларига қарамай, бўш
жой кўзимизга ташланмаганидан, остонада бироз тараддудланиб қоламиз. Фақат
“Муқимий”нинг машҳур артистлари ўтирган ўнгроқдаги столнинг энг чеккасида
иккита жой бўшлигига тўсатдан кўзим тушиб қолади. Тўғрида домла, у ҳам ўзимиздан
экан, Мирзо аканинг ўзи қўли билан ишора қилиб жойни кўрсатгач, ўша томонга
йўналдик. Шеригим дастурхондан кўпам тотинмади ҳам, аммо даврага кўз ташлаб,
танишларини кўриб қолса, беҳадик, бетакаллуф қўл кўтариб, қўл силкиб қўяр эди…
Ош еб бўлиниб, ташқарига чиққанимиздан кейин унинг биринчи гапи шу бўлди:– Агар Мирзо Кенжабек амри маъруфчи эканини билганимда, эртароқ келган
бўлардим.
Мен ҳам муштарак фикрга келганимиздан қувондим.
Шахсан айтилмаган эса-да, такаллуф кутмасдан тўйга келгани тўйчини хурсанд
қилганидек, билган-билмаган қавмдошлари билан танишгач, гурунглашишдаги
дилкашлиги менинг ҳам кайфиятимни кўтариб юборади. Айниқса, қадрдон
дўстлари билан кўришганда кўзлари яшнаб кетар, ҳозир ҳам байрам устидан чиқиб
қолгандай қанот чиқариб айланиб юрарди. – Кетмаймизми? – деб унга қарадим. – Шу Баҳодир (Мурод Али) акани кўрмай кетсак, уят бўлади, – деди у ресторан
айвонида қўйилган чорпояга яқинлашиб. У Чоршамъ ака билан ҳам яқин орада
биринчи марта кўраётгандек кўришди. Ҳолбуки, эрталаб шу биродарининг
уйидан чиқиб келган эди. Чоршамъ Рўзи билан саломлашарканмиз, у Хумийнинг
Самарқанддан шошқин етиб келгани сабабини йўлакай айтиб берди.– Аввалги куними Жамол телефон қилиб қолди. “Шу нашриётга бир келиб
кетинг, дейишяпти…” “Бундай пайтда чопиб келинмайдими?!” дедим.
У мен билан гаплашгандан кейин қадрдони билан маслаҳатлашган ва унинг
далдаси билан бирдан бошқа ташвишларига этак силкиб, ҳаё-ҳуйт деб, Тошкент
сари йўлга чиққан эди. Менинг хаёлим яна унинг шеърларига кетди. У табиатан
жўрабоз, улфатлари ҳам ундан қолишмас эди. Анчадан буён бу навқирон даврага
ҳавасим келиб юрарди. Бу дўстлик астойдил экани ижодида шундоқ акс этган.
Бундан чорак аср олдин Самарқанд – Тошкент орасида, оиласи у ёқда, ўзи
бу ёқда – Республика радиосида ишлаб юрганда, бир куни мана шу Чоршамъ
шоирнинг чолдевордай кулбасига бориб, Хумий туркумидаги ўнга яқин шеърни
бир кунда ёзиб ташлайди. Бу қуйма шеърларни дўстига ўша куниёқ завқ билан
ўқиб беради.
Дард оғир!
Зирқираб кетади юрак.
Кўзимга зар симлар суқа бошлар шамъ.
Наздимда қўш оёқ осмонда терак,
Зах босган кулбада яшовчи Чоршаъм.
Эй дўсти азизим, эй биродарим!
Уйсиз шоирларнинг пушти-паноҳи.
Кулбангда ёзилди кўплаб шеърларим
Ҳақ йўлин собири, ахийлар шоҳи.
Мумтоз шеъриятимизда устозларнинг устозига мухаммас боғланган, улар билан
баҳоли қудрат бадииятда беллашилган. Жамол Сирожиддин эса бу эҳтиром ва
ҳавасни дўстларидан бошлайди.
Унинг дўстлари ҳақига юракдан қилган илтижолар бўлиб кўз очган шеърларини
ўқирканмиз, булар жойнамозга мукка тушиб ғойибдан дўстнинг нияти ижобат
бўлишини истаб, Парвардигорга қилган ёлворишлар каби ўқувчи қабул қилади.
Мисол кўп, ўшалардан биттаси “Эшмат дўстим ҳақига дуо”дир:
Етмиш икки томирим қизиб, қилурман дуо:
Умидвор шу бандангни ноумид этма Худо!..
Ҳар бир қизи бир малак, ақлли, зийрак, доно…
Меҳнаткаш Эшмат жўрам ўғил кўрмоқчи, аммо.
Ниятига еткургил, ўнинчи – ўғил бўлсин
Ука кўрсин Додарой, Ўғилою Улбўлсин.
Бундай дуони ҳар бир танти, дўлвар ўзбек йигити биродари ҳақига қилиши
мумкин. Лекин унча-мунча шоир ҳам бу дуони шоирона қойиллатиб айтолмайди
да. Рости, қиёматли биродар, охиригача дўст бўлиб қолиш ҳам ҳамманинг қўлидан
келмайдиган пешонадаги саодатманд ёзиқ шекилли.
Жамол Сирожиддиннинг дўстлар фожиасига чинакамига йиғлаган ва йиғлатган
тароналари оз эмас. Чунки у дўсти бародарлари ҳаётидаги ҳар бир фавқулодда
воқеани юрагига яқин олар эди. Ўзидан икки ёш кичик, ўттиз беш ёшида оғир
касалликдан қазо қилган истеъдодли шоир Чори Аваз вафотига бағишланган
шеърини кўринг:
Сен соҳири гуфтор эдинг, гуфтора кетдинг Чорижон,
Сен ошиқи дилдор эдинг, дилдора кетдинг Чорижон.
(“Чори Аваз марсияси”)
…Тўй эса унга дийдор пайти эди. Кўплар билан қўл олишган, қадрдонлари билан
бир чимдим ҳазил-мутойибага ҳам улгурган, шулардан бирига нега шаҳри азимга
айни паллада “ялло қилиб” юрганини айтган бўлса керак, кўришаётганимизда
шоир акамиз Саъдулла Аҳмад менга луқма ташлади:– Хумийни хумдан чиқарманг… – Нега? – Муҳаррир унинг “даъво”сини билиши керак-да…
Сағир авлоди оллиға Атойи чиқмаса чиқмам!
Амирий, Яссавий, Фазлий, Гадои чиқмаса чиқмам!
Аламкаш, Вола, Мискинман, Садои чиқмаса чиқмам!
Фақирийни Умиди шул Вафойи чиқмаса чиқмам!
Мани чиққил дема хумдин, Навоий чиқмаса чиқмам!
– Аллақачон Хумий хумдан чиқиб кетган, – дедиму ўйлаб қолдим…
Ёнимдаги бу инсон, бир эмас иккита шоир – Жамол Сирожиддин ва Хумий.
Қайси ўқувчи уларни бир-бирига ўхшата олади? Қаламкашлар ичида шахсан
таниганларнинг аксарияти юзида бирдан табассум ёйилиб, унга Хумий деб
мурожаат этар, ё шу тахаллус билан уни ўзига яқин олишарди.
Эҳтимол, жой торлиги учунми, баъзи жамоалар ўн бирда эмас, ўн иккида
айтилган кўринарди. “Шарқ юлдузи”чилар бошида келаётган Икром Отамурод
одатда ўзини жиддий тутиб юради, Жамол Сирожиддинга кўзи тушиб эса бирдан
тўқсон даражага ўзгарди:– Э бормисиз, Хумий жаноблари, – деб чеҳраси очилди.
Биз чеккароқ йўлакдан гурунглашиб ортга қайтавердик. Бир гулзор-майдонча
нарироқдаги йўлакдан яна бир гуруҳ тўйга келувчилар ўтиб бораётганига кўзим
тушиб, бошлаб бораётган кишига қарадим. – Ғаффор ака, – дейман беихтиёр. У тўхтамайди. Биз улар томонга буриламиз.
Олдин мен бориб Ғаффор Ҳотамга қул узатаман, у эса Хумийни кўриб, бошқани
унутади. – Самарқандлар тинчми, Хумий?
Эҳтимол, одамда дил изҳор қилиш учун камида иккита қиёфа, иккита тил, икки
хил кайфият бир паллада кўз очиб туради. У баъзан бир нарсани жуда ҳам жиддий,
ичкин, лирик айтгиси келади, ўша пайт бу унинг кайфиятига рост ва мос, бошқаси
сохта, юракдан эмас, юракка етиб бормайдигандай туюлади, шунинг учун қувончда
ҳам кўзёш тўкади, бу лираканинг қонида бор, обидийдасиз кайфият яратишнинг
иложи йўқ… Аммо ҳамма вазият, ҳамма давра ҳам, айниқса, жамиятнинг жилпангсоз
тарозиси бу йиғлоқиликни кўтармайди; шунда ижодкор ҳажвга, кинояга, пичинг ва
кулгига ўраб, ҳақиқатини айтади, керак бўлса, ўчини ҳам олади. Жиддий кайфиятда
эса бу бўронни ёлқинлатишнинг ҳеч ҳам имкони йўқлигидан, у энди, сал бошқача
бир қиёфага киради, кўзгудаги нигоҳлар айёрана кулиб турганча, тил чархланган,
оғуга ҳам ботириб олинган ҳолида, сўзлар ярим ҳазил янграб, унинг ичкинлиги
эмас, коса тагидаги нимкоса маънолари бор ҳақиқатни аслидаги маъносидан-да
ўтиб ифодалайди. Ана шу ҳолат Жамол Сирожиддиннинг иккинчи, ажралмас ва
бетакрор бўлаги Хумийда юз кўрсатади.
Жамол Сирожиддиннинг ижодий топқирлиги, бадиий “приёми”нинг ўзига
хослиги шундаки, Хумий образи тарихимизнинг бурилиш нуқталаридан бири
бўлган, ХIХ аср охири ХХ юз йилликнинг бошида яшаган тирик, исёнкор ҳажв
устаси каби расмана жонланади. Бировникига ўхшамас шакл, архаик ўткир тил,
кўтарган мавзуларидаги бадиий кашфиётлари салафларининг издоши сифатида
ўқувчини мафтун этади.
Раҳмон – Сан, Раҳим, Олим… Аёна баён на ҳожат?
Маълум ўзингга ҳолим аёна баён на ҳожат?
Қийноқдаги жонимни, ҳоли паришонимни
Айтмоққа йўқ мажолим аёна баён на ҳожат?
Сенсиз бирор оним йўқ, сендек нигоҳбоним йўқ,
Огоҳ шамсу ҳилолим, аёна баён на ҳожат?
Манга ишқ бер, имон бер. Болаларимга нон бер,
Кўпаймасун уволим, аёна баён на ҳожат?
“Нега келдим?” Огоҳ эт. Яхшиларга ҳамроҳ эт,
Кесма бевақт ниҳолим, аёна баён на ҳожат?
Зулматларда чироқ тут, ёмонлардан йироқ тут.
Эй, мунаввар жамолим аёна баён на ҳожат?

Ҳалол топай нонимни, ўртамағил жонимни,
Нек айлағил аъмолим, аёна баён на ҳожат?
Бир кун кетсам фанодан, сероб айла дуодан,
Хумийингман, кулолим аёна баён на ҳожат?
(“Аёна баён…”)
Биз яна метрога “Бунёдкор”дан тушиб, “Мустақиллик”дан чиқамиз.– Анвар ака (Обиджон) курсдошим бўладилар. Бир кун менга насиҳат қилиб
қолдилар: “Форсий, арабий сўзларни шеърларингизда қўлламанг!” Мен дедимки:
“Курсдош, бунақа насиҳатингизни ҳазрат Навоиий, Бобур, Машрабларга айтинг.
Ана ўзингизга яқинроқ Муқимий, Фурқат, Завқийларингизга денг”.
Кейин яна бир сирни очгандай бўлади. Ўшанда Анвар ака сал ҳажвий, биз сал
юмористик йўлни танлаганмиз. Менга бирдан Уста Гулмат ва Хумий қандай, қаерда
туғилгани маълум бўлади-қолади. Мана таъсир, мана бир-бири билан мусобақа,
янги бир шеъриятга расм бўлган ажиб комик, фош этувчан йўлнинг кўз очгани!


Тўйдан қайтгач, шоир билан бафуржа гаплашилса, бир кун етмаслиги аёнлиги
сабаб фақат белги қўйган саҳифаларнигина ажратиб олдим. Шундан кейин
“Сайланма”дан мен чиқариб ташлаш, у эса киритиш учун холис бир тортишувга,
даҳанаки “жанг”га киришиб кетдик.
Навбат “Умрим наврўзлари” туркумига етади.
Жамол Сирожиддин шеъриятининг шоҳ бир саҳифаси шу туркум дегим келади.
Зеро, мен билган ўзбек шеъриятининг минг йиллик тарихида ҳеч бир шоиримиз бу
мавзуга унинг каби кўп мурожаат этмаган ва лирик, ижтимоий, фалсафий, ҳаётий
бунча кўп жиҳат ва ракурслардан туриб, “хўб ва кўп” шеърлар битишга муваффақ
бўлмаган. У қарийиб йигирма йил давомида ҳам мавзу, ҳам оҳанг, вазн ва маъно
жиҳатидан бетакрор шеърлар бита, ўзининг истеъдод кўлами ва азим ҳафизаси
миқёсини намойиш этади.
Савдоли дунё бу савдоси битар.
Ғавғоси битару савғоси битар.
Охир жонни олиб яғмоси битар
Келгил, Наврўз бугун, қилайлик байрам.
(2, 1984)
Бу унинг шу туркумдаги иккинчи шеъри. Бир йил ўтмай Наврўз байрами
ҳам халқимизга кўп кўрилади. Наврўзни байрам қилиш бутунлай тақиқланади.
“Наврўз” сўзини халқ хотирасидан бутунлай ўчириш, унуттириш учун апрель
ойининг бошида “Навбаҳор” номида янги байрам ўйлаб топилади ва нишонланади.
Қизил мафкуранинг ўзимиздаги “лаббай”чи яловбардорлари янги байрамга атаб
шеъру қўшиқларни ҳам ўша заҳоти тўқиб-бичишади… Ўшанда шоир оташин бўлиб
навбатдаги шеърини ёзади:
“Навбаҳор!” дейишса, “мен!” дедингми ҳай?
Сурнайчи бошқадир, булар бир сурнай!
“Бир борай” дедингми, – “муқом ўзгармай!”
Бир пуфи тақвою, ўзга пуфи май!
Сени-да ранжитмай, ўзим чалғимай.
Сенча эмасманми некбин, дилафрўз?
Яна келдингми-я, келдингми – Наврўз?!
Ёки бул келмагинг ишоратму – ҳей?!

Аждаҳо маргидан башоратму – ҳей?!
Навоий юртида кўп ғоратму – ҳей?!
Таяммум – қон бирла таҳоратму – ҳей?!!!
Ё манқурт элиға ҳақоратму – ҳей?!
Жигар то жигарга бўлмасдан дилсўз
Яна келдингми-я, келдингми – Наврўз?!
(4,
1987)
Бу парчада миллий байрамимиз Наврўзгина эмас, мустамлака замоннинг бус
бутун ижтимоий сурати бор кўлами билан мардона чизилади. Миллат дардининг
ярасидан қон шундоқ сизиб турибди. Бу икки шеър руҳи ва ифодасидан бир сурур
туюб, учинчисини ўқирканман у юқоридагиси даражасида туюлмайди. – Мана бу “Муборакбод” деб аталганини олиб ташласак-чи? – Нега, у энг яхшиларидан биттаси-ку. Эшитинг! – бу сафар шоир шеърини
қўшиқ қилиб ростакамига хониш қилишга тушиб кетади:
Кўрдинг элин анордай эзган каслар етмади!
Адолат тўзонида учган хаслар етмади!
Ор-номусин олтинга сотган наҳслар етмади!
Сен-эй,
Етиб келганинг – Наврўз муборак санга!
О, гапирма ғўзанинг япроғидай жигардан…
Кеча асли бошқа-ю, бугун тили дигардан!
Вақт тулпори ёмонни ирғитворар эгардан,
Сен-эй маҳкам турганинг – Наврўз муборак санга!
(1988)
Ритмика, сакраб-сакраб ўйин тушишга мос оҳанг ва сўз қурилмаси, ёвқур
рақс ва шодиёна кўтаринкилик руҳи, ҳар мисрада уч бора кўтарилиб тушиш,
кайфиятни яйратиб, шуур парвози эшитувчини сеҳрлар, ўзим ўқиганимда шуни
ҳис этмаганимга ҳайрон қолар эдим. Шоир-хонанда эса 22 мисрали шеър-қўшиқни
ёнида турган одамга умуман эътибор қилмасдан, худди саҳнада ижро этгандек
охиригача куйлаб сел бўлгачгина, бошини кўтариб менга қаради… Шунинг учун
энди унинг бошқа йилларда ҳам қаторасига Наврўзга бағишлаб ёзган шеърларидаги
сўзнинг ҳайбати ва ранги, оҳанги ва зарби, фикрни кўтариши ва ўша йиллардаги
жаҳоний воқеаларнинг бадиий чин ифодаси руҳиятга изоҳдан кўра кўпроқ нарсани
беришини дилдан ҳис қилиб турдим.
Яна суҳбатимиз давомида билдимки, у тарихни сув қилиб ичган, тарихий сана,
дейлик, байрамларнинг бир-бирига боғлиқлиги борасида узвийликни мантиқан
топар, ҳазил оҳангидаги гапида ҳам жиддий бир маъно сўзининг остида чўғдай
шуъла таратиб ётар, у топган гап билан унинг ҳаётий исботигача баъзан маълум
бир босиб ўтиладиган йўл, фурсат бўлар, лекин фикрининг қуйма ва тўғрилиги
бир куни уни излаганга етиб борар, англанар, теварагидагилар ҳам бундан боладек
шодланарди.
У жигарларидан чиққан олиму санъаткорларга бўлакча меҳр қўйган, ниятлари
ижобатини шуларда ҳам кўрар, уларнинг фаолиятидан ҳамиша завқланар эди.
Хонанда укасини Баҳодир Танбур дея у атаган, қайси маънодадир китобининг
номини “Танбур” деб атаганида, укасига ҳам, қолаверса, турфа куйчиларга ҳам
бағишлангани, бир соз каби одамзот тақдирини назар тутганини тасаввур қилиш
мумкин. Одамнинг курашиб завқланиши бир қисмат. Бундан бошқалар ҳам сурур
ва ҳузур топсалар, энди бу бўлак саодат.
Ҳозир унинг хаёлига бирдан бошқа укаси – тарихчи Икромиддин Сирожиддинов
тушиб кетди. Ўзининг ўйи биродарининг манбачилигига асос топиб берганини
завқу иштиёқ билан сўзлашга киришди. – У насоролар байрами, Исо Масиҳ таваллуди, милоднинг бошланиши устида
ишлаб, манбаларни титкиларди. “Шунга ҳам бошингни қотириб ўтирасанми,
билмасанг билиб қўй, шунга ҳам ўзимизнинг Наврўзимиз сабабчи бўлган”, дедим
бир гал шунчаки ҳазиллашиб. “Байрам, висол… Январда бориб эса фарзанд
туғилади-да. Мана сенга Рождество байрамининг келиб чиқишининг асоси,
Икромиддин”. Ўшанда у “мазах қилаяпсиз-а”, дегандай менга бир хўмрайиб
қўйганди. Бир-икки кундан кейин ҳовлиқиб кириб келди. Ва деди: “Рост айтасиз,
ака. Бу томонини ҳеч ўйламаган эканман. Балосиз ака, балосиз…”
Чуқурроқ ўйлаб кўрилса, шоирнинг ҳазиллашгандай туюладиган “топқирлиги”да
бирор бир воқеанинг устидан ёки изланаётган тадқиқотчининг ҳаракатидан кулиш
йўқ. Бир чимдим кинояда эса бир йил ҳисоб-китобнинг иккинчисига ўрин бўшатиб
беришидаги адолат ва адолатсизликдан изтироб чекиш бор. Зеро, шарқликнинг ўз
қадимий йил тақвими хотиридан олиб ташлаб, дини бошқа, ақидаси ғайри, табиат
ва ҳаёт тарзига тўғри келмайдиган йил ва ой тақвимини зўрлик билан тиқиштиргани
ҳақиқат-ку! Йиллар ўтиб бу зуғумларни-да унутган авлод энди бу сана, бу йил
ҳисоби илдизини астойдил бир ихлос билан ўрганиб юрганидан куйиниш латифа
қилишга арзир экан ўйласам. Ахир, билишни ўзликни англашдан бошлаш керак.
Шунда мустамлака даврида байрам, вақти чоғлик қилинган баъзи саналар аслида
тарихимизнинг энг қора кунлари экани маълум бўлади…
Шоир қўлёзмаси бир еридан “Анишурвони одил ва қашшоқ кампир кулбаси
ҳақида ривоят” деган ажойиб шеър чиқиб қолди. У бу шеърнинг қандай муносабат
билан ёзилганини айтиб бераркан, шоир шахси билан шеърияти айро-айро
воқеликми ёки яхлит, шунга ўзимча жавоб топган бўлдим. Жамол Сирожиддин
тарихни яхши билгани билан, ундан бугунга ибрат бўладиган, таъсир қиладиган
бирон-бир мисол топсагина ўша воқеани нишонга олиб, тимсол қилиб шеър битган.– Самарқанд шаҳри марказида жойлашган чойхона ўша йиллар норасмий
штабимиз эди. Ўша ерда шеърхонлик қиламиз, муҳим ҳар бир масалада йиғилиб
маслаҳат-баҳс уюштирамиз, қўйинки, нимадир пичоққа илинадиган бир матн
тайёрланса, шу ерда халққа, мухлисларга, адолатни севадиганларга тақдим
қилинадиган, қадамимиздан ўт чақнайдиган пайтлар эди. Шаҳарга янги ҳоким
келиб ўзича “ободонлаштириш”ни бошлаб юборди. Эски, қадрдон масканларни,
ҳатто табаррук қадамжоларни тап-тортмай, ҳеч кимнинг таваллосига қарамай,
буздириб ташлайверди. Қадрдонлар менинг олдимга йиғлаб келади…
Унинг гапи шу ерга етганда, мен ўзимча ўйладим: “Шоир оташин бўлиб, шаҳар
ҳокими ҳузурига борган, бор кўнглидагини важоҳат билан тўкиб солган, қадимий
шаҳарни вайрон этганнинг оқибати ёмон бўлишини ҳоким бувага эслатиб қўйган…”– Менинг қўлимдан нима ҳам келарди… – давом этади ҳамгурунгим. –
Муҳсинийда ўқиган ривоятим бирдан эсимга кела қолди. Пайғамбаримиз даврида
юз бериб, овоза бўлиб кетган воқеа. Бошқа шоҳлардан ортиқ жойи бўлмаган
Ануширвон ўзига янги сарой солаётганда бир қашшоқ кампир кулбасини ташлаб
чиқмасдан, тихирлик қилаётганини аъёнлари шоҳга етказади. Шунда у “Қўяверинг,
кампирнинг кулбасини бузманг, сарой ҳудудида қолаверсин ”, дейди ва шу билан
подшонинг арки ичида чалдевор кулбаси бузилмай, кампир шу ерда қолган умрини
ўтказганини гувоҳи бўлган халқ Ануширвони номи ёнига “одил” лақабини қўшиб
айтадиган бўлади ва тарихга ҳам шу ном билан киради. Шу воқеани шеър қилиб,
шаҳар газетасида бериб юбордим…
Тўрт-беш кун ўтиб йўлимда Ҳокимнинг бир елпатаги учраб қолди. “Шоир шу
шеъри билан менга ишора қилмаяптими, деяптилар ҳоким тўра”. Елпатак менинг
нигоҳимдан буни аниқлаштиришга уринарди. “Акамулло, ундай эмас. Менинг
қўлимдан нима ҳам келарди?” дедим ўзимни бепарво тутиб.
Аслида эса қўлидан келганини жуда гўзал тарзда адо этган эди. У сўзнинг
кучини чамалаган, бунга бир минг тўрт юз йил наридан ибратли мисол топган,
шаҳар ҳокими ҳузурига бормай, унинг ишига гўё аралашмай шеъри билан икки
карра таъсир қила олган, “кенгроқ бўл, бу ўзинг учун ҳам, номинг учун ҳам яхши”
дея, одил бўлишга ундаган, ҳеч бўлмаса ўз ишлари ва унинг оқибати ҳақида бир қур
ўйлаб кўришга ундаган эди. Демак, унинг бу ибратидан шундай хулоса чиқариш
мумкин: шоир, аввало, сўзи билан доим ҳақиқатни кўрсатиши, адолатни эслатиши,
ҳар қандай шароитда ҳам мазлумларни ҳимоя қила туриб, юқорида турганларга ҳақ
сўзи билан таъсир қила олиши, аммо қўлидан келмас ишларга бурнини суқмаслиги
керак.
Тушдан кейин ишимиз тезлашгандай бўлди… У ҳам ярим ҳазилми ё чини билан
деди: – Мен сизга ишонаман… – Кейин кулимсираб қўшимча қилди: – Озгина
муҳаррирга ҳам иш қолдирай дедим-да. – Йўқ, ака, ўзингиз билан қўлёзмани олиб кетинг, яна бир ўқиб кўринг, қай бир
жойларини таҳрир қиларсиз… Таржималарни ҳам бир жойда жойлаштириш керак. – Кейин қачон олиб келай? – Қанча тез бўлса, шунча яхши. Мен тезгина “тушириб” юбораман… Унга
“тушириб юбориш” ибораси ғалати туюлди шекилли, менга ажабланиб қаради.
Сўнг сўради:– Сайтларингиз борми? – Ҳозир ишламай турибди. – Интернет ажойиб бир имконият бўлди-да. Қайси кун Хумий девонидан
беришибди. Кеча биров Япониядан телефон қиляпти. “Раҳмат, шеърларингизни
ўқидим”, деб. Шукур шунга ҳам. Кўнгил кўтарилади. – Энди бир-икки кун жиддий ўтирасиз-да, бутун Ўзбакия шу гапни айтади,
лекин чўзилмасин. – Чўзилмайди! – хонамдан чиқиб кетарда шу унинг охирги гапи бўлди.
Шошилиб тургандим, Марказий универмаг томонга юриб, яқин ўртадан
интернет кафе изладим. Топгач, Айовадан келган хатга шошқилаб жавоб беришга
киришдим. Хатнинг қаеридадир хонамга Жамол Сирожиддин келганини қистириб,
“Негадир у хонамдан маъюс чиқиб кетди”, деб ёзарканман, беш йил таҳририятга
қатнаб, ҳозир жузъий тўғрилаб бериш учун олиб кетган бўлса ҳам, бу унга салбий
таъсир этган бўлса, балки қўлёзмани умуман қайтариб келтирмас энди, деган
хаёлга борганимни билмай қолдим…
Пайшанба, жума, шанба ўтди, мана якшанба ҳам икки соатдан кейин ниҳоясига
етади.
Пайшанбами, жума куни, кечки палла телевизорга термилиб ўтирганда, ўғлимга
ҳам, ҳамон гурунгимиз таъсири хотирамдан кетмагани учун дедим: – Олдинга қанча зўр муаллифлар, тажрибали одамлар келади. Беихтиёр гапдан
гап чиқиб, бутун ҳаётининг энг характерли жойларини ҳикоя қилиб бериши мумкин.
Кундаликда қайд этиб борсанг, бир куни ижоди билан солиштириб ёзишингга жуда
қўл келади.
Якшанба, почтамни очдиму “Бугун кайфиятим бўлмади….”дан бошлаб
сидирғасига ўқиб кетганимча… “Жамол Сирожиддин вафот этибди. Интернетда
қўйиб қўйишибди. Олдингизга келганини ўйладим…” жумласига етганимда бирдан
кўзим тинди. Қўлим титрар эди: “Наҳотки…”


…Дунё ўзгариб кетди… Бор эди, йўқ энди… Биров мени ҳам бу ўлимда
айблаётгандай… Кечга томон телефоним тарона қилди. Экранда “Жамол
Сирожиддин” деган ёзувни кўриб, беихтиёр қалбимда бир умид чироғи ёнади…
– Ало, ало… “Э мана…” – Телефон муруватини алоқа учун босган одам уни
бошқага узатарди, афтидан. – Укажон… – бу қадрдон дўстининг овози эди. – Нима бўлди, Чоршамъ ака? – Э сўраманг, мен ҳам… Уйқуда. – Тавба, биз қўлёзма устида яхшигина гаплашиб олгандик. – Айтувди, фикрларингиздан жуда хурсанд бўлганини ҳам. Энди қўлёзмани
нима қилиш керак? – сўради у. – Менга қайтариш керак. – Ёнимда ўғиллари Муслиҳиддин… – Бандалик, – дейман. – …У томондан бунга ҳеч қанақа жавоб бўлмайди.
Гапимга қўшимча қиламан: – Хафа бўлманг, укам. Менга қўлёзма билан унинг
электрон вариантини жўнатиб юборсангиз. – Флешкада бериб юбораман… – шу билан алоқа узилади.
Ўзимга ўзим дейман “Энди ҳаммаси ўзгарди. Бу Жамол Сирожиддиндан энг
катта адабий мерос. У чин дунёга кетди, биз ёлғончи дунёдамиз ҳозирча. Унинг
васиятидай мен кўрган бу қўлёзма. Шеърларидан биронтасини чиқариб ташлаш
йўқ, ҳеч қайсига тегмайман. Келди, ёзди, орзу қилди китоб бўлишини. Сарғайиб
ётди шеърлари. Биз бу ҳаётга вақтинча келганимизни нега вақтида унутиб қўямиз?
Ўқишга арзирли ёзганимизни тўпласак ҳам катта гап экан…” Шоирдан қолган
шеърларнинг улуғворлигини! У ҳам салафлари қаторига қўшилган, шеъриятдаги
ҳаёти эса энди бошланади, буни китоб ҳолида кўриш ўзига насиб бўлмади-да.
Кўрганида… Унинг хотирасига бағишлаб шеърий нимадир кўнглимдан тўкила
бошлайди:
Бу дунё шовуллаб оқиб ётибди,
Сен кетдинг. У наҳот қолди ҳувуллаб.
Қуёш ҳам шом келгач, ахир ботади,
Тонг мангу отгандай ўйлардинг, эй қалб.
У дунё буларга аралашмас ҳеч.
Азалдан абадга этак силкиган.
Қайғу на билмайди, билмас на севинч,
На чора, ҳеч бир кор келмас илкидан…
Шунда ҳам ҳаёт ёр! Шоир сўзинг-а,
Ўзингсиз елади, кирар отилиб.
Ҳақ мангу кўрсатар қалбнинг кўзига,
Юракда жаранглар ёд бўлиб.
Ўзингсиз минбарга борарсан чиқиб,
Ўзингсиз кўнгилни минг бор ёқасан.
Ўзингсиз ғийбатни ташлайсан йиқиб,
Ўзингсиз зулмга тиғдай ботасан.
Наврўзлар келади Сирожиддинлаб,
Чироқ кўтарганни қутлайди бир кўрк,
Шундай юксалади, завқланади таъб,
Номингга қўндириб паҳлавоний бўрк.
Сен эса тикилиб олис Қиблага,
“Танбур”нинг дардидан таскин топасан…
“Самарқанд ушшоғи”н сўйлаб Аллоҳга,
Ҳар куни сиротдан ўтиб ётасан…
Йўқ, бу сатрларим унинг қисматини сўйлашга ожиз. Яхшиси яна унинг биринчи
китобида башоратдай битилган шеъридан бир парча келтираман:
Мен ҳаёт!
Бормисан қадди шамшодим?
Кафтингда бандингман шу ҳур ватанда.
Сенга боғлиқ энди қолган ҳаётим,
Мен бугун – китобман, сен-чи хонанда…


Чоршамъ ака йигирма бир йил олдин дўстининг “Заҳҳок салтанати” китоби
чиққанида бир адабиётшунос кўзи билан “Машрабиман далли дунёнинг…” деган
каттагина мақола ёзган, шуни яна бир бор ишлаб, сўнгсўз сифатида беражагини
айтди. “Одам ўтгандан кейин у ҳақида ёзадиганлар кўпаяди, тиригида эса бир оғиз
эътирофга зор бўлади баъзан…”
У мақоласини келтириб беради. Мен Бош таҳририятнинг ҳафталик мажлисида
буни айтаман. Бош муҳаррирнинг гапи эса бошимга болға билан ургандай бўлади. –
Унинг китобини энди ким сотиб олади? Бўлмайдиган нарсага вақт
сарфламайлик!
Бу гапдан кейин неча кун қўлёзмани қўлимга ололмайман. “Одам нариги
дунёга кетгандан кейин шунчалик унинг ҳақи тез унутиладими? У энди қайтмас
бўлиб кетди, келиб ҳеч қачон қўлёзмаси тақдирини сўрамайди, сўролмайди, деб
ўйлаймизда…”


Бир пасда йил охирлади. Янги 2016 йилнинг февралми ё мартида, марҳумнинг
ўғли ҳеч кутмаганимда қўнғироқ қилиб қолди. – Дадамнинг китоблари нима бўляпти?
Мен ҳам муносабатдан тўлиб юргандим. Дангалига кўчдим:– Иқтисодий томонини қоплашга бир нарса топилмаса, олға силжимайди. – Шуни айтмайсизми ака, – деди гўё бунақа муаммолар борлигини биринчи
марта эшитаётгандек шоирнинг катта ўғли Ғазал. – Пул топилади. Мен нима
қилишим керак?– Бизда иқтисод бўлими бор. Китоб қўлёзмасини уларга тақдим қилсак, ҳажми,
қоғозининг сифати ва муқованинг қаттиқ-юмшоқлигига қараб, ҳисоб-китобини
қилиб, масалан, мингта китобнинг ҳар бир донаси қанчага тушишини аниқлаб
беришади. – Бўлди! Сиз уларга қўлёзмани бераверинг, ҳисоб-китобини чиқариб беришсин,
мен шу ҳафтанинг охирларида бориб қоламан.
Унинг дадиллигидан хурсанд бўлдим. Шоирнинг ўғли шартномани олиш учун
келаётганини қувониб, бошлиққа айтгандим, бунақа ҳолатларни кўп кўрганиданми,
бир оғизгина деди: – Унда калкулатсияга беринг…
Ғазал Сирожиддинов келаётган кун ўзим иқтисодиёт бўлимига тушиб, ҳисоб
китоб қилинган шартнома қоғозини олиб чиқдим. – Мана икки нусха, бирини пул тушадиган жойдан муҳр бостириб қайтариб
юборасиз. Ўз номингиздан ариза ҳам керак экан, уни факс орқали жўнатиб
юборсангиз ҳам бўлади.
У китобнинг бир дона нархига қараб ҳеч нима демади… Бир дона китоб ўн беш
минг сўмдан ҳисобланган, минг донаси ўн беш миллион бўлади дегани эди бу…
Чоршам акага Ғазал келиб кетганини айтдим.
– Ўн беш миллион ҳазилакам гап эмас, – деди у биродарининг ўғлига ачингандек.
Ғазал бирон ойлар ўтса ҳам бошқа телефон қилмади. Шу орада Алишер Назар
қўнғироқ қилди. – Э ака, Ғазал, бу пулни қаердан топар эди? Буни сизга қандай айтишини энди
билмай юрибди, ўшанда кимдандир, тўрт-беш миллион қарз оламан деб ўйлаган.
Мен ўзим Ашурали акани олдига ўтиб кўраман. “Ўзбекистон” нашриётида китоблар
потирлаб чиқиб ётибди-ку. – Яхши бўларди. Унгача мен ҳам озгина ишлари бор эди, охирига етказиб қўяр
эдим. – Ҳали охирига етмаган ишлари ҳам борми? – Озгина.
Алишер Назар Ашурали Жўраевнинг олдига кирган экан, у олиб келаверинглар,
дебди. Қўлёзмани яна бир бор кўриб чиққанимдан сўнг “Ўзбекистон” нашриётига
олиб ўтдим.
Ўғлим шу нашриётда ишларди, ёз чилласи – июлда келган рамазон ичида, бир
гап топиб келди. – Ашурали ака, ҳайитга чиқариб беринглар, яхши совға бўлади оиласи
га, – дедилар қайси кун мажлисда. Ўғиллари ҳам беш миллион сўм ўтказмоқчи
бўлишибди, унга ҳам ҳисоблаб китоб бериларкан. Мен ҳам китоб қачон чиқаркан,
деб интизорлик билан кутардим. Бу гапни эшитиб, гўё тўрт-беш кундан кейин
китоб менинг қўлимга етиб келадигандек туюлди.
Рўза ўтди, Қурбон ҳайити ҳам келиб-кетди…


2016 йил охирги кунлари. Қўнғироқ. Ғазал Сирожиддиновдан экан. – Бугун дадамнинг китобидан икки дона олиб келдим. Сизга Баҳодир амаким
ҳам раҳмат айтаяптилар. – Хурсанд қилдингиз, – дедим. – Фақат бир илтимос. Қалам ҳақининг
бир қисмига китоб беришлари турган гап. Шунда менга ҳам тўрт-беш дона
ташлаб кетсангиз. Реклама учун керак, газета, радио-телевениеда ишлайдиган
ҳамкасбларга айтиб, китоб чиққанини матбуотда билдиришимиз керак. – Хўп, ака…
Мен у билан алоқани узаману, ўғлимга телефон қиламан:– Жамол Сирожиддиннинг китоби чиқибди-да! – Йўқ, дада. Мен кўрмадим. – Сенинг ҳеч нарсадан хабаринг йўқ, ўғли олибди-ку… –
Балки икки дона босмахонада махсус чиқариб беришгандир. Мен
ёнимдагилардан сўрадим. Чиқмаган.
Яна тарвузим қўлтиғимдан тушади.


2017 йил бошланиб кетади. Апрель. Бир куни кечки ўнларда ишдан ҳориб уйга
қайтаман. Тезгина хуфтонни ўқиб олиб, жойимга чўзилишдан бошқа нарсани
ўйламайман. Хонамизга эшикдан кирган жойда ошхона столини хоним билан
иккимиз ёзув столи қилиб олганмиз. Бир жигари-заррин ранг пўрим ёндафтарга
ўхшаш китобча эътиборимни тортади. Унинг яқинига бориб қизил чинни
гулига қараб кўзим яшнаркан, беихтиёр ҳижжалайман “Жамол Сирожиддин.
СИЁБ ОҚШОМЛАРИ” “Ёпирай! Тушимми ўнгим?” Яна икки дона! Китобнинг
гиззагидаги кичкина суратчадан менга боқиб турган одам гўё дегандай бўлади:
“МЕН БУГУН – КИТОБМАН…”

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 1-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil