
Минҳожиддин МИРЗО – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист. 1965 йилда
туғилган. Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини (ҳозирги
ЎзМУ) тамомлаган. Унинг “Нилуфар”, “Висол хабари”, “Гуллаш пайти келди, боғларим”
номли шеърий тўпламлари нашр этилган.
Миллий ўзликни шакллантиришда маълум миллат маданиятини белгиловчи
таркибий қисмлар сифатида тил ва адабиёт, хусусан, шеърият катта аҳамият касб
этади. Миллий ўзига хослик, умумий моҳият ва эътиқодга кўра, халқнинг ўзлигини
англашидир.
Зеро, шўро тузуми даврида “замон талаблари” асосида ёзилган шеърларда
ҳам гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона, гоҳ рамзий маънода шоирнинг миллий ўзлик,
миллий тарих ва маданият, қадриятлардан фахрланиш туйғулари бўй кўрсатиб
турди. Ойбек, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Ҳамид Олимжон, Миртемир каби
шоирлар ижодини таҳлил қилар эканмиз, замонасоз шеърлар қаъридаги рамзлар,
тимсоллар, пинҳона ифодаларда улар қалбида мафкуравий кишанларни парчалаш
руҳи, ҳуррият соғинчи ва умиди ҳамиша мавжуд бўлганлигини англатади.
Бугунги кун мақомидан туриб таҳлил қилинса ХХ аср 30–50-йиллар
шеъриятининг нодир ва бетакрор ютуқлари, шу билан бирга улкан фожиа ва
оғриқлари яққол намоён бўлади. Собиқ тузум яшаб кетиши учун, ҳар бир соҳада ўз
ғояларига ҳамоҳанг мафкуравий мезонларини ўрнатди. Жумладан шўро адабиётида
ҳам ўз ижодий тамойилларини шакллантирди, уларни ижод жараёнига татбиқ этди.
“Адабиётда мафкура”нинг ўрнатилиши миллий адабиётимиз ривожига қанчалар
зарар етказганини, бугун кутубхоналарда жилд-жилд бўлиб ётган беҳисоб
китоблар тасдиқлаб турибди. Бу даврда яшаб ижод этган ижодкорлар қандай “тақиқ
чегаралари” доирасида қалам тебратганини ҳис қилиш қийин эмас. Қайси мавзу
бўлмасин, деярли ҳар бир ижод намунасида “мафкуравий эътирофлар”ни кўриш
мумкин. Ана шундай шароитда адабий эътиқодидан қайтмай, миллий ўзлигидан
чекинмай, муқаддас қадриятларга терс қарамай, қалби буюрганини ёзиш қанчалар
қийинлигини тасаввур қилиш учун Ғафур Ғулом(лар) босиб ўтган йўлнинг пасту
баландини синчиклаб ўрганиш зарур.
Ҳеч шубҳасиз, Ғафур Ғулом XX аср ўзбек адабиётининг йирик намояндаларидан
биридир. Миллий шеърият, бадиий публицистика, ҳажвий наср, таржимачилик
ривожини шоир ижодисиз тасаввур қилиш қийин. Ғафур Ғуломнинг шеъриятдаги
ўзига хос услуби, бадиий кашфиётлари, қуйма сатрлари янги авлод шоирлари учун
чин маънода мактаб вазифасини ўтади. Шоирнинг илмий фаолияти ҳам алоҳида
йўналишни ташкил этади. Шунинг учун бу даврда яшаб ўтган ижодкорларни
“замонасоз шоирлар” дея баҳо беришга шошилмаслик керак, назаримизда.
Абдулла Ориповнинг фикрича, “Ғафур Ғулом ўз сафдошлари қаторида ғоят
мураккаб, ғоят зиддиятли, таҳликали бир даврда яшаб ўтди. Собиқ империя
ҳудудида, қолаверса, жаҳон миқёсида ном қозонган шоир замоннинг барча воқеа
ва ҳодисаларига гувоҳ бўлди, унинг бир қисм ижоди эса ҳукмрон мафкуранинг
талаблари таъсиридан четда тура олган эмас. Тағин шу ҳолатни афсус билан қайд
этамизки, мадҳиябозлик кўп миллатли улкан адабиётнинг оммавий таомилига
айланган эди. Не-не гўзал ташбеҳлар, чақмоқдек мисралар сомон орасидаги
каҳрабо буғдой доналаридек назардан қолиб кетар эди” 1.
Шу ўринда савол туғилади, Ғафур Ғулом замонасоз шоир эдими? У чиндан ҳам
зулм ва зўрликка, хўрликка асосланган совет тузумини бутун борлиғи билан қабул
қилганмиди? Назаримизда, шу пайтгача айрим шахслар томонидан айтиб келинган
бу каби саволларга жавоб бериш учун аввало шоир ижодини теран, синчиклаб,
заррама-зарра ўрганиш, унинг маънавий оламини англаш, тадқиқ қилиш, сатр ости
маъноларни илғаш, бир сўз билан айтганда Ғафур Ғуломни тушунишга интилиш
зарур. Шундагина, биз мутлақо янги Ғафур Ғуломни кашф этамиз.
“Ғафур Ғуломнинг биринчи ва асосий ўқитувчиси – китоб, ҳаёт муаллими эса –
матбуот, яна аниқроғи, газета бўлди”2. У Шарқ адабиётининг Шайх Саъдий,
Мирзо Абдулқодир Бедил, Умар Ҳайём, Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий,
Алишер Навоий, Фузулий, Машраб каби етук мутафаккирлари, Абул Фарож,
Муҳаммад Авфий, Убайд Законий каби ҳажв пешволари ижоди, жаҳон адабиёти
дурдоналаридан баҳрамандликда камол топди.
Ягона совет давлати буюк Ватан деб эътироф этилаётган, Москва шаҳри унинг
юраги сифатида шарафланаётган, рус тили барча миллатлар учун халқларни
бирлаштирувчи “буюк ришта” сифатида эъзозланаётган, собиқ иттифоқнинг
асирига айланган барча миллий республикалар халқларининг ўз туғилган ошёнини
“Она Ватаним” деб айтишга бўлган журъати тушовланган, барча ҳудуд бўйлаб
“Мой адрес: Советский Союз!” қабилидаги ашулалар янграб турган бир даврда
“Ғафур Ғулом кимлигини биласиз, Адресимдир Ўзбекистон, шубҳасиз” деган
сўзларни битиш, “Озод Шарқ деб аталур Ватаним Ўзбекистон, Қуёшга пардоз
қути дейилса арзигудек” дея олиш учун қанчалар жасорат керак эди. Шунинг учун
қандай бўлмасин бу ҳақиқатни ўз миллатдошлари, хусусан, ёшларга англатишга
интиларди. У 1965 йилда ёзган “Ленин учқуни” шеърида шундай сўзларни битади:
Халқимнинг маърифати, юксак маданияти
Жаҳонда ман-ман деган халқлар билан баробар.
Коммунизм қуришдек, азмкорлик нияти,
Бу муаззам ғоядир, бизни қилмиш сафарбар3.
Шоир ниҳоятда нозик қочиримлар ила, юксак маҳорат билан “Халқимнинг
маърифати, юксак маданияти, Жаҳонда ман-ман деган халқлар билан баробар”
деган ҳақиқатни айтиш учун “Коммунизм қуришдек, азмкорлик нияти, Бу
муаззам ғоядир, бизни қилмиш сафарбар” деган сатрлардан бўлажак мафкуравий
босимлардан ўзига қалқон ясайди.
1 Орипов А. Ўзбекнинг ўз шоири. Сўз боши. Ғ.Ғулом. Танланган асарлар. Тошкент: Шарқ,
- – Б .3.
2 Ғулом Ғ. Асарлар: Шеърлар. Биринчи том. – Тошкент: Бадиий адабиёт, 1964. – Б. 7.
3 Ғулом Ғ. Асарлар: Шеърлар. Биринчи том. – Тошкент: Бадиий адабиёт, 1964. – Б. 9.
Шу ўринда, миллий адабиётларда мустабид тузум даврида “расм бўлган” бир
“анъана”ни айтиш керакки, бу ҳам бўлса, ўзига хос “қилич ва қалқон” анъанасидир.
Яъни, миллий ғурур, ифтихор, миллий ўзлик борасидаги сўз юритган ижодкор,
қиличдай ярқираган туғёнлари учун, албатта “қизил ифодалар”дан ўзига хос қалқон
ясарди. Айтиш мумкинки, бу борада ҳеч ким Ғафур Ғуломнинг олдига тушолмасди.
Негаки, гоҳ жиддий, гоҳ шодон, гоҳида аччиқ мутойиба билан ёзилган шеърлари ўз
ўқувчисига миллий ўзлигини англатиб, унга эстетик завқ улашган ҳолда моҳиятдаги
ҳақиқатни пардалаб ўтарди.
Шоирнинг ана шундай кучли мутойиба, киноя руҳида битилган асарларидан
бири “Алкоголь” шеъридир:
Алкоголь
бизнинг қонларга,
ва рўзғорларга
дин аҳкомлари,
феодал арконлари,
капитал қонунлари-ла,
урф-одатларга
уйланиб, ичкуёв, яъни ёв бўлиб кирмишдир”4.
Бир қарашда ўқувчида жиддий фикр ва мулоҳаза уйғотмайдигандай туюлган бу
шеър моҳиятида катта бир ҳақиқат мужассам. Аввал Россия босқини, кейинчалик
собиқ иттифоқнинг тўйлар, маърака ва тадбирлар, байрамларда, мавжуд иймон
талабларига зид равишда “қадаҳ уриштириб тилак айтиш сиёсати” бора-бора
халқнинг қонига сингиб, ўзлигидан йироқлаштирди. Қуръони каримда ман
қилинган ароқ, “янги даврнинг фазилатли неъмати”га айланди.
Энди шоир шеърда билдирган асл ҳақиқатга келадиган бўлсак, у “Алкоголь
бизнинг қонларимиз ва рўзғорларимиз, дин аҳкомларимиз, қадимий арконларимиз,
капитал қонунлари-ла, барча урф-одатларимизга уйланиб, ичкуёв, яъни ёв бўлиб
кирди”, яъни барча муқаддас тушунчалар алкоголь изми ва итоатига ўтди, уйимиз
яъни қалбимиз тўрини ўша ичкуёв эгаллади, дейди. Шоир бу ерда ҳам ўша қувликни
намоён этиб, ичкуёв ва ёв сўзларини мутойиба йўсинида шундай ўйнатадики,
миллий ўзлик ва қадриятларимизни топтаб, қалбимизга кирган “ёв”ни бир қарашда
англаш қийин бўлиб қолади.
Шоир бу шеърни ёзар экан, шундай руҳ, услуб, ифода йўлини танлайдики, ундан
чиқадиган яна бир мазмунда ичкилик домига асир бўлиб, ундан чиқа олмай қолган,
айни дамда иймони қақшаб, виждони оғриётган ширакайф шахснинг аламли
изтироблари ҳам намоён бўлади.
Алкоголь
Бизлар қул,
Руҳан тушкун,
Узван тутқун,
Ризқимиз жигархун,
Ҳаёт хуммори – банг
Бўлганда,
Нозли бир бузуқ,
Созли бир сатанг,
Инжиқ бир келин сингари,
Ўз ҳукмин ўтказиб,
Маишат – чимилдиққа кирмишдир.
4 Кўрсатилган асар. – Б. 45–49.
Шоир бу “созли сатанг”нинг ўз домига тортувчи нағмаларини нафрат ила
таърифлар экан, бу алкоголнинг аслида сунъий, қалбаки сурур, юзаки ғурур, фаҳш
олий, энг тубан номус тимсоли эканлигини таъкидлайди. Биргина шеърда қўлланган
“температура” сўзи, “оммавий мастлик”ни таъминловчи алкоголнинг инсон
ўзлигини маҳв этувчи таъсир кўламини очиб беришга хизмат қилади. Бу билан ўша
даврдаги миллий тушкунлик ва тутқунлик гирдобидаги миллат кайфиятини ифода
этишга ҳаракат қилади.
Алкоголь
ёв,
унга ўлим!
У улуғ темплар олдида
Балчиқ сув – ғов.
Ҳар беш қадамда
бир кайф
ҳей сен,
жамият!
Сенга кучлар ҳайф
бўлса фақат;
Беш зарб саккизни
қирқ,
пивной ларёкни – йиқ.
Партия шиори
қалқиб борлиққа.
Ҳаммамиз,
Ҳаммамиз,
Оммавий
Ҳушёрликка!!!”
Ушбу сатрлар ҳам мажозий ҳам реал воқеликни ифода этаётганини назардан
қочирмаслик керак. Шеър давомида “сенга кучлар ҳайф бўлса фақат; Беш зарб
саккизни – қирқ, пивной ларёкни – йиқ” дер экан. Айни “пивной ларёк” тимсолида
мустабид тузумнинг “мафкуравий дўкони”ни назарда тутгандек бўлади.
Бир томондан мафкура таъсиридаги “оммавий мастлик”, иккинчи томондан
маст қилувчи ичимликлар таъсирида миллатнинг ўзлигини йўқотиб бораётгани
намоён бўлади. Шоир жамиятни оммавий ҳушёрликка даъват этаётган экан,
жамият оммавий мастликка ружу қўйиб бўлган экан-да, деган ҳақли хулоса келиб
чиқади. Собиқ иттифоқнинг барча миллий ўзлик ва қадриятларни янчиб ўтган
ҳукмрон мафкураси ичкилик таъсиридаги “Оммавий мастлик” сифатида талқин
қилинадики, ундан фориғ бўлмоқнинг ягона йўли – ҳушёрликдир. Эс-ҳушни,
ўзликни унутмаслик, қалбдаги иймон ва эрк туйғусини асраб авайламоқликдир. Бу
ердаги “Партия шиори” эса чалғитувчи ифода эканлиги кўриниб турибди. Шоир
“Етар май, рубоий ва анекдот” шеърида бу мавзуни яна давом эттиради:
Шеър айтар: сиз билан бирор гал ҳушёр,
Сўйлашмак ҳаттоки мумкин ҳам эмас.
Сизда зарур жиддий сўроқларим бор
Тўсиқдир ўртада спиртли нафас.
Оддий кўзга содда ялтироқ танга
Ҳали биз билмаган талай юлдузлар.
Ғафлат бадмастлари кўр каби излар,
Телескоп ўрнига қўлда бутилка.
Кўкда порлаб турган юлдузлар аслида қалб осмонини ёритиб турган
умидлардир, аммо у кимларнинг кўзига ялтироқ танга бўлиб кўринади. Ғафлат
гирдобида тутқунга айланган, ўзлигини унутган бадмастлар қўлда телескоп ўрнига
бутилка тутган кўр каби юлдузларни тангадай излар, дейди алам билан. Бугунги
китобхон ҳам тўртлик моҳиятидан “Эй миллат, сен Мирзо Улуғбекдай дунёда илк
бора расадхона тиклаган, юлдузларни кашф этган миллат вакилисан, наҳот энди у
сирли юлдузлар ширакайф кўзингга танга бўлиб кўринмоқда. Қани энди қўлингда
май шишаси эмас, олис юлдузларни кашф этувчи телескоп бўлганида! Эй дунёни
илму маърифат билан тебратган миллат, қандай ҳолга тушиб қолдинг?!” деган ички
ҳайқириқни ҳис қилади.
Ғафур Ғуломнинг поэтик маҳорати ҳақида жуда кўп ёзилган, қатор тадқиқотлар
қилинган, аммо унинг сатрлари қаъридаги миллий ўзлик руҳи билан боғлиқ
изланишлар жуда кам. Кўриб турганингиздек, шоирнинг мустабид тузум давридаги
шеърлари қатига яширилган маъноларни ўқир эканмиз, кўз олдимизда ҳақиқатдан
ўзлигидан чекинмаган, жамиятдаги ёвузлик, бузуқлик, сохта ҳақиқатлар устидан
кулиб кетган донишманд шоир образи намоён бўлади.
Ғафур Ғуломнинг “Сарҳисоб” шеърида миллий ўзлик руҳи билан боғлиқ
туйғулар фалсафаси давом этади:
Гомердан бошланиб тамом бўлмаган
Одамзод ақлининг дурдоналари;
Миллиард сатрларда занжирбанд сўзлар,
Ўзингиз шоирга юпанч берингиз
Ва шоирлигига ишонч берингиз.
Андишага жавоб юрак овози,
Ақида бутлиги зўр истироҳат.
Тонг отар пайтида ичилган қасам
Ватан хизматидир, юракка хитоб,
Енгил тортиб кетдим, мана сарҳисоб 5.
Шоир бу шеърда тамомила тақдири ва қисмат ҳукми-ла изтиробда ўтган иймон
ва муроса, виждон ва ўзликдан йироқлашган қалб оғриқлари билан боғлиқ ҳаёт
лаҳзаларини таҳлил қилади. Гомердан бошланиб, ҳалигача давом этаётган инсон
қадри, эрки, саодати билан боғлиқ курашлар одамзод ақлининг дурдоналари
сифатида яшаб келаётганини таъкидлайди.
Миллиард сатрлардаги занжирбанд сўзлар учун шоир сифатида ўзини айбдор
деб билади, иймону эътиқод, ўзликка терс яратилган шеърлар олдида тавба
тазарру қилаётгандек бўлади. “Миллиард сатрларда занжирбанд сўзлар, Ўзингиз
шоирга юпанч берингиз Ва шоирлигига ишонч берингиз”, дея занжирбанд тақдир,
кишанланган сўзларга илтижо қилади.
Шеър якунида оромсиз виждон оғриқлари ичра таскин излайди. Андишалар ўз
йўлига, лекин ақидасида собит қолиб келаётган иймон бутлиги қалбга энг гўзал
таскин ва истироҳат эканлиги; тонг отар пайтида ичилган қасам – бомдод вақти
Ҳаққа юзланиб иймон азми ила қасамга тенг иқрорлик моҳияти шоирга йиллар
давомидаги виждон азоблари олдида руҳий енгиллик бахш этади. Негаки, қачон,
қандай вазиятда, қандай босим ва зўрликлар, тазйиқлар остида қалам тебратмасин,
ички руҳий иқрор, яъни қасами моҳиятида Ватан хизмати туриши лозимлигини
таъкидлаб ўз юрагига хитоб қилади.
Собиқ иттифоқ даврида миллий давлатчилигимиз, буюк боболаримиз қанчалар
камситилгани, халқимиз саводсиз миллат сифатида талқин қилингани, фақатгина
“октябрь инқилоби” туфайлигина ёруғлик кўрганимиз ҳақида қанчалар ривоятлар
битилди. Тарих сохталаштирилди. Амир Темур, темурийлар давридаги буюк
маданий-илмий инқилоблар юзига парда тортилди. Аждодларимиз жоҳил
сифатида талқин қилинди. Тарих китобларида ўтмишимиз ўқувчида нафрат
уйғотадиган тарзда, миллий ўзлик руҳи сўндирилган тарзда ёзиб чиқилди. Ана
шундай бир даврда ёзилган “Самарқанд учун” номли шеър Ғафур Ғулом миллий
ватанпарварлигининг ўчмас далили сифатида намоён бўлди:
Нилий гумбазлари кўк ичида кўк,
Ложувард осмонда чиний кабутар.
Самарқанд сайқали рўйи замин аст
Шарқнинг кўрки бўлган тарихий шаҳар.
Манглайинг бир ажин касб этолгунча,
Минглаб жафоларни кечирди бошинг.
“Зижи Кўрагоний” секундларида
Кўп карра тутилди кўкда қуёшинг.
Ўтган асрнинг деярли 70 йили собиқ иттифоқ даврида кечди. Мустабид тузум
ўз ҳукмронлигини ўрнатгандан кейин, 1920 – 1930 йилларга келиб социалистик
реализм эстетикасининг шаклланиш жараёнлари кучайди. Янги мафкуравий
кўрсатмалар, янги маданий стандартлар жорий этилди. Қатағонлардан сўнг совет
халқининг янги миллий ҳамжамияти тафаккур характерини шакллантиришга
киришилди. Миллий адабиётлар бир вақтнинг ўзида ХХ аср жаҳон адабиётининг
таркибий қисми ҳисобланса-да, ғоявий жиҳатдан ўзига хос ягона мафкуравий
бадиий макон сифатида ажралиб турди. Инсон онги ва дунёқараши шаклланиши,
прогрессив фикр ва ғоялар уйғониши, юксак ишонч руҳининг қарор топиши, илғор
қарашлар устувор касб этишида тафаккур тарихийлиги билан ажралиб турадиган
ХХ аср ўзбек адабиёти миллатнинг ўз-ўзини англашига ҳал қилувчи таъсир
кўрсатди.
Ишқу вафоларинг “Хамса”син ёзган
Жомий, Навоийнинг асрий нидоси.
Ҳали гумбазидан ғўнғирлаб келур
Олимлар баҳсининг акс садоси.
Улуғбек юлдузлар сирин фош этиб,
Сўник шам олдида тақдим этди бош.
Мазлум Шарқ халқига бўлолур кўзгу
Топталмас тупроққа тушганда қуёш.
Ватанга – жамоли жаҳон орони
Бергучи фарзандлар бешиги бу ер.
Шарққа маърифатнинг аниқ юзини
Бениқоб кўрсатган эшиги бу ер”6.
Асли мустабид тузум даврида бундай шеърнинг ёзилиши ўзига хос маънавий
жасорат эди. Аммо, давр, ҳукмрон мафкура тазйиқларини айланиб ўтиш, керакли
“ҳимоя чоралари”ни кўришни тақозо этарди. Бир қарашда ўзликдан хабар берувчи,
ўзликни англатувчи сатрлар. Ўқувчида шундай савол туғилади: наҳотки мустабид
тузум даврида халқи саводсиз, эли жаҳолатга ботган халқ деб аталган бу юрт, унинг
шаън‐шавкати ҳақида шоир ҳақиқатни шундай битолган бўлса?! Ҳа, бу шеърлар
Ғафур Ғулом қаламидан тўкилган, аммо лой чапланган олтин танга лойлари ювилиб
ярқироқ ҳолатга келгачгина унинг жилвалари намоён бўлади.
Китобхон қалбига муҳрланадиган “Самарқанд сайқали рўйи заминаст…”,
“Зижи Кўрагоний” секундларида”, “Ҳали гумбазидан ғўнғирлаб келур Олимлар
баҳсининг акс садоси”, “Ватанга – жамоли жаҳон орони Бергучи фарзандлар
бешиги бу ер,” каби сатрлар азалий ҳақиқатлардан хабар беради. “Шарққа
маърифатнинг аниқ юзини, Бениқоб кўрсатган эшиги бу ер” сатри моҳиятида
эса жуда кўп воқеликларни ниқобга ўраб кўрсатиб келган тузумга нисбатан очиқ
ишоралар мавжуд.
Айтиш мумкин бўлмаган ҳақиқатни айта олиш борасида Ғафур Ғуломнинг
поэтик маҳоратига тан бермасдан илож йўқ. У ҳатто машҳур “Сиёҳдон” шеърида
ҳам миллий руҳга хиёнат қилмайди:
Сендаги у сиёҳ – йўқ, сиёҳ эмас,
Қалбимда қайнаган қип-қизил қоним.
Донғимни оламга ўзинг ёйгансан,
Омон бўл, қолмади дилда армоним.
Йилларки ухламай иккита шоир
(Сенинг ҳам шеъримга анча ҳаққинг бор,)
Оқни қора қилдик – қоғозу қалам,
Ҳар яхши фикримиз бўлди беғубор…7
Муаллиф сиёҳдонга мурожаат этар экан, уни нафақат ички туйғу ва қайғуларига
сирдош, балки ўзи каби ёзган шеърига ҳақдор шоирдай эъзозлайди. Шу билан бирга
жуда маҳорат билан сўз ўйини қилар экан, “Оқни қора қилдик – қоғозу қалам”, дея
воқеликнинг асл кўринишини чизиб беради.
“Алишер” шеърида ҳам миллатга ўзлигини таништиришда Алишер Навоий
сиймоси, даҳоси ва унинг жаҳон маданиятида тутган ўрнидан қанчалар
фахрланишини моҳирона ифодалайди:
Юксак тоғ оралаб ўкирган шернинг
Наърасига тенгдир акси садоси.
Беш юз йил янгради тоғдай ватанда
Буюк Алишернинг асрий нидоси.
6 Кўрсатилган асар. – Б. 260.
7 Кўрсатилган асар. – Б. 268.
Дарахшон юлдузлар сари ўкирган
Бўйнида занжиру, қалби озод шер.
Инсоний муҳаббат меҳри-ла вафо,
Эрку бахт тимсоли улуғ Алишер.
Улуғвор халқимиз тарихда машҳур,
Гувоҳлик беролур бунга Геродот.
Ўзбекни, тожикни қабила атаб,
Бирор лорд қилолмас ўтмишни унут.
Шарқимиз чумоли уя эмасдир,
Бири-бировидан таниб бўлмаса.
Шўрлик бойбаччалар, толейингиз шўр,
Афсуски, тарихдан тониб бўлмаса!..
Бу шеърдаги ҳар бир сатрда шоирнинг ички “мени”, ғурур ва ифтихори мағрур
бўй кўрсатиб турибди. Энг муҳими, у шеър воситасида ўзлик туйғусини ўзлигини
унутишга маҳкум қилинган миллатга етказа олади. Буни шоирнинг: “Дарахшон
юлдузлар сари ўкирган, Бўйнида занжиру, қалби озод шер. Инсоний муҳаббат
меҳри-ла вафо, Эрку бахт тимсоли улуғ Алишер”, “Улуғвор халқимиз тарихда
машҳур, Гувоҳлик беролур бунга Геродот. Ўзбекни, тожикни қабила атаб, Бирор
лорд қилолмас ўтмишни унут”сатрлари моҳиятидан билиб олиш қийин эмас.
Аслида шоир “лорд”лар тимсолида ўзига ёнма-ён яшаб келган “господин”ларга
ўзбек халқининг ўзлигидан сабоқ беради. “Шарқимиз чумоли уя эмасдир, Бири
бировидан таниб бўлмаса. Шўрлик бойбаччалар, толейингиз шўр, Афсуски,
тарихдан тониб бўлмаса!..”
Буюк давлат, тарих, маданият яратган ўзбек халқи чумоли уяси эмаслиги,
тарихдан тониб бўлмаслигини ғурур билан таъкидлайди. “Тирик Фарҳодларни
танимак бўлиб, Олий юртимизга қилсангиз сафар, Бу ерда ҳар битта тарошланган
тош, Юксак умидлардан беради хабар” дейди. Тирик Фарҳодлар, олий таълим
муассасаларида ҳар битта “тарошланган тош” яъни “руҳан, қалбан уйғонган,
ўзлигини таний бошлаган авлод” юксак умидлар элчиси сифатида намоён
бўлаётгани шоирга тенгсиз сурур бахш этади. Шундай бўлса-да, бундай “тирик
сўзлар”ни битиш осон эмаслигини англаган шоир яна шу сўзларни ўз авлодига
етказиш умидида мустабид тузум мафкураси билан “ҳисоблашиш”га мажбур
бўлади:
Алишер бобонинг холис нияти
Бизнинг асрларда ҳаётга кўчди.
Ильичнинг юз минг вольт чироғи ёниб,
Бойқаро саройин шамлари ўчди…
Таъбир жоиз бўлса, Ғарбга қараб сўз айтиб, Шарққа етказа олиш маҳоратини
пухта эгаллаган шоир кейинги шеърларида ҳам миллий ўзлик руҳидан бир лаҳза
бўлсин чекинмайди. Деярли ҳар бир қулай имкониятдан қалб ҳақиқатини айтишда
усталик билан фойдаланади. “Шараф қўлёзмаси” шеърини ҳам шоир аслида
“инглиз лордининг бизларни қабила деб атаганига жавоб” деб ёзса-да, унинг кимга
аталганини зукко ўқувчи англаб олади, албатта:
Қадим ўзбек халқисан,
Асл одам авлоди.
Миср эҳромларидан
Тарихинг қарироқдир.
“Олий ирқ” даъвогари
Черчилнинг боболари
Ҳатто санай олмасди
Ўн бармоқни мукаммал.
Биз эккан пахталардан
Ер юзида бор киши
Уятини ёпганда,
Устма-уст, қават-қават.
Ҳозирги жанобларнинг
Маърифат ва дониши.
“Пахта дарахт қўзисин
Жуни” деб билган фақат.
Аслида бу сатрлар олис мамлакатлардаги “лорд”ларга эмас, ёнимиздаги
мустабид тузум соҳибларига қаратилганини ҳар бир қалб сезади. Шоирнинг
маҳорати шундаки, у халқнинг миллий ўзлиги, тарихи, давлатчилиги, маданияти,
жаҳон миқёсида тутган буюк ўрнини кўрсатишда ҳар бир воқеликдан усталик билан
фойдаланади. Бу бир томондан ўша лордларга жавоб бўлса, иккинчи томондан
ўзбек халқини камситиб келган, ҳар қадамда турткилаб турганларга “коса тагида
нимкоса” қабилидаги англатиш, миллатни ҳимоялаш эди. Буларсиз миллий ғурур,
тарих, буюк маданият ҳақида сўз айтиш, миллий ифтихор тўғрисида шеър битиш
мумкин эмас.
Албатта, бу шеърда ҳам“Улуғ рус халқи билан Оға-ини, қариндош, Жаҳонлар
яратарлик, тарихий камолинг бор…” каби сатрлар борки, улар гўё ҳақиқий оловни
ёқиш учун тутантириқ вазифасини ўтайди.
Мақоламиз сўнггида шу нарсани алоҳида таъкидламоқчимизки, ХХ асрдек
мураккаб бир даврда ўзбек адабиётини ривожлантириш, адабий анъаналарни давом
эттиришга бел боғлаган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Чўлпон, Абдурауф Фитрат,
Сўфизода, Абдулла Авлоний, Ойбек, Усмон Носир, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом,
Мақсуд Шайхзода, Миртемир каби шоирлар ижодини баҳолашда биринчи навбатда
мафкуравий мезонлар асосида ёндошилди. Мустақиллик йилларида уларнинг
асарлари миллий ўзлик нуқтаи назаридан ҳали тадқиқ қилинмади.
“Биз Ғафур Ғуломнинг номини кимлардандир ҳимоя қилмоқчи эмасмиз. Биз
Ғафур Ғулом шаънига сохта мақтовлар ёғдириш ниятидан ҳам йироқмиз. Зотан,
Ғафур Ғулом буларнинг барчасидан баланд туради. Ҳа, Ғафур Ғулом ўз замонасининг
фарзанди эди. Шоир бир шеърида: “Кремль саройида минбардаги ўзбекман”, деган
экан, биз учун ҳозирги кунда “ўзбек” ибораси азиздир! Вақт кўрсатдики, ҳақиқий
ижодкорнинг ўрнини, хотирасини турли минбарлардангина эмас, халқнинг қалбидан
ахтармоқ керак экан. У зот замоннинг барча олий нишонлари-ю унвонларига ўз
буюк истеъдоди ва меҳнати туфайли эришганди”8. Дарҳақиқат, Ғафур Ғулом ҳақгўй
адиб эди. У мажозий кўринишда ҳаётдаги зиддиятларни, тарих ҳақиқатини, халқ
кўнглидаги армонларни бадиий гавдалантиришга интилди. Кўп асрлик бой тарихга,
анъаналарга эга бўлгани учун давр мураккабликлари ўзбек адабиётининг халқчил
поэтик руҳини янча олмади.
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 1-сон