
Нарзулла ЖЎРАЕВ – сиёсий фанлар доктори, профессор, БМТ ҳузуридаги экология
ва хавфсизлик фанлар академиясининг ва халқаро Антик дунё фанлар академиясининг
академиги. 1952 йилда туғилган. Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ)
тамомлаган. Етмишга яқин монографиялари, илмий-оммабоп китоблари, дарсликлари,
қўлланмалари ва рисолалари, уч юздан ортиқ илмий мақолалари чоп этилган.
Зардуштийлик дини минтақа халқлари тафаккурида жиддий ўзгариш ясади.
Унинг муқаддас китоби “Авесто” буюк умуминсоний қадрият сифатида дунёга
келди. Турли ақидаларга эга бўлган уруғлар, қабилалар ўртасида низолар юз
бераётган, эътиқодлари хилма-хил бўлган кўпхудолилик муҳитида катта бурилиш
ясаган зардуштийлик ва унинг яккахудолик ғояси минтақа халқларини ягона
эътиқод атрофида бирлаштирди.
Зардуштийлик қарашлари Турон, Эрон ва Озарбайжон ижтимоий тафаккур
тизимининг илк босқичлари ҳақида ноёб маълумотлар берадики, бу ўша давр
ижтимоий-маънавий муҳитини ўрганишда, узоқ аждодларимиз турмуш тарзи
ва қарашлари ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлишда, шунингдек, ҳозирги давр
шароитида жамият ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим манба бўлиб
хизмат қилади. Айни пайтда, ҳозирги авлод маънавий-ахлоқий қарашларини
бойитади, эзгуликка даъват этади. Хусусан, XXI аср цивилизацияси пайтида,
миллий-ахлоқий тамойилларга жиддий салбий таъсир кучаяётган, деградация
ҳолати юзага келаётган бир шароитда қадимий миллий қадриятларни ўрганиш
яна ҳам долзарб аҳамият касб этади. Бу жамиятда инсоннинг ўрни, мавқеи, унинг
қадрият сифатидаги мақомини тушунишда, шу орқали келажакка ишончини қатъий
мустахкамлаб, ички яратувчилик иқтидорини рўёбга чиқаришга, бунёдкорлик
имкониятларини кенгайтиришга ёрдам беради.
Зардуштийлик таълимотининг мағзи сифатида эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу
амал (“Пиндори нек, гуфтори нек, кирдори нек”) тамойили асосий ўринни
эгаллади. Инсоният тафаккуридаги бундай туб бурилиш ўша даврнинг ўзига хос
цивилизациявий ҳодисаси эди.
Ундаги эзгулик ва ёвузлик категориясининг долзарблиги, икки қарама-қарши
қутбнинг шафқатсиз кураши концептуал аҳамиятга эга бўлиб, зардуштийлик
қарашларининг бутун моҳиятини белгилайди. Ушбу қарашлар эса, дунё ва
инсоният маънавий тараққиётининг муҳим омили сифатида ўзини намоён этди.
Эзгулик ва ёвузлик, яхшилик ва ёмонлик, муҳаббат ва нафрат, ёруғлик ва зулмат
сингари қарама-қарши категориялар шунчаки диний-асотирий тушунча эмас, балки
ижтимоий фалсафий моҳият касб этиб, яхлит инсоният тақдири ва истиқболи билан
боғлиқ бўлган, унинг ҳаёт мазмунини белгилайдиган кенг миқёсли фундаментал
илмий категория мақомига эгадир.
“Авесто”даги виждон тушунчаси бу шунчаки ахлоқий-маънавий тушунча
эмас. Балки у конкрет ҳаёт, реал ижтимоий воқелик асосида шаклланган, ҳар бир
индивид маънавий даражасини белгилайдиган, ўзини-ўзи назорат қилиб, ўзиниўзи йўналтириб туришга, ўзини-ўзи иллатлардан тийиб, яхшилик ва эзгуликка
йўналтиришга сафарбар этадиган ички қудрат, руҳий ирода. Виждон ҳисси ҳар
бир инсоннинг инсоний моҳиятини белгилайдиган, уни қадрият даражасига олиб
чиқишга даъват этадиган ички нидо, чақириқ, буйруқдир.
“Авесто” ўзига хос услубда яратилганлиги, ўта қизиқарлилиги, равон ва
халқчиллиги, таъсирчанлиги билан ажралиб туради. Унда инсон моҳияти бутун
ички дунёси, маънавий олами, бетакрор ва ўзига хослиги, шу билан бирга, доимий
равишда комилликка интилишга эҳтиёж билан яшаш ғояси муҳим ўрин тутади.
Ахура Мазда – бу бутун борлиқ, бутун олам, мавжудотнинг яхлит тимсоли.
Инсон эса олам ичра олам. Бу ҳар икки оламнинг ўзаро уйғунлиги масаласи
эса “Авесто” фалсафасида маънавий эҳтиёж даражасига олиб чиқилган. Ушбу
ғоя кейинчалик бошқа дин ва дунёвий таълимотларда ҳам ўзига хос тарзда акс
этган. Жумладан, ислом таълимотининг йирик намояндаларидан бири, тасаввуф
фалсафасининг бетакрор вакили Жалолиддин Румий, “Олами куброда неки бор,
олами суғрода бор”1
, деган эди. Яъни, кенг оламда, борлиқда нимаики мавжуд
бўлса, у инсон ички оламида мавжуд. Инсон олам ичидаги кичик олам. Ташқи
олам, ундаги ёруғлик ва зулмат, зилзилалар, довуллар, тошқинлар, нурафшон ва
фараҳли дамлар инсоннинг ички оламида, қалбида маънавий шаклда руҳий суратда
мавжуд. Таниқли инглиз олими Карл Ясперс, “Инсон ўзида дунёни, макрооламни
мужассам этган микроком (микроолам) сифатида фикр юритади. Инсон алоҳида
моҳиятга эга эмас, у яхлит олам сифатида ўзини намоён этади”2
, дейди. Бунда улуғ
файласуф инсон фикр юритмаса, ақлини ишлатмаса, тафаккур қилмаса, ташқи
олам, ўраб турган дунё моҳиятини англашдан тўхтаса ўз моҳиятини йўқотади,
деган хулосани илгари суради. Зотан, инсон олами (микроолам) (макроолам) кенг
олам, борлиқ билан доимий, узлуксиз мулоқотда, ўзаро алоқада бўлмоғи шарт.
Аниқроғи, инсон макроолам ичида яшаб туриб, уни бутун салмоғи, мураккаблиги,
ранг-баранглигини ўз оламига жойлаб яшайди. Ана шу ҳолатнинг ўзи инсоннинг
бошқа жонзотлардан фарқини белгилайди.
Аллоҳга илтижолар, ҳамдлар, санолар, муножотлар ва таваллолар ўзининг
махсус қоидасига, уни қўшиқ қилиб куйлашнинг аниқ белгиланган меъёрларига эга
бўлди. “Авесто” ижрочилари дин арбоблари сифатида алоҳида руҳий ва маънавий
тайёргарликка эга бўлган ўз даврининг пешволари ҳисобланишган. Руҳий даража
шу қадар кўтарилганки, маросимларда, сайлларда ва ибодат пайтида руҳоний
1
Румий Мавлоно Жалолиддин. Ичингдаги ичингдадир. (Масъул муҳаррир Н.Комилов). “Ёзувчи”
нашриёти. Т.; 1997.
2
К.Ясперс. Смысл и назначение истории. “Республика”. М., 1994, 443-бет.
№ 1 2025 109
буткул ўзини унутиб, руҳи вужуддан чиқиб, самовий хилқатга уланиб кетган.
Тўғридан-тўғри яратгувчи билан мулоқотда бўлган. Айрим ҳолатларда паст овозда,
айрим ҳолатларда эса жўшқин, авж пардаларда куйлаш, ижро жараёнида овозни
бошқариш, йўналтириш талаб этилган.
Зардуштийларнинг маросимлари жамоа бўлиб, кенг майдонларда ва
ибодатхоналарда махсус либосларда якка ва жўровоз ҳолда куйланган. Диалог ва
монолог шаклида қироат қилишган, тартибли ҳаракатланишган ва рақсга тушишган.
Айтиш мумкинки, ҳозирги оммавий театр томошаларимизнинг илк кўринишлари
ана шу даврда дунёга келган.
Зардуштийлик қарор топтирган маънавий, руҳий ва эътиқодий қадриятлар
бизгача етиб келган. Жумладан, Хоразмда “Машъала” ва “Ўт-ўйин”, Бухорода
“Оташхўр” томошалари ҳозиргача мавжуд. Келин-куёвларни олов атрофида
айлантириш, куёвнавкарлар машъала ёқиб, эзгу тилакларини, шодлик ва
қувончларини турли оҳангларда, рақслар ва қўшиқларда ифода этишмоқда.
Мутахассисларнинг айтишича, Бухоронинг қадимий қўшиқларида, жумладан,
“Мавриги” туркумида ва Хоразмнинг машҳур “Лазги” рақсида қуёшга ва оловга
сажда қилишнинг айрим элементлари мавжуд.
“Авесто”даги асотирий қарашларнинг маълум бир қисми ўзбек халқ достонлари,
эртак ва афсоналари сюжетларига сингиб кетган. Уларни “Заркокилли йигит”, “Гули
қаҳ-қаҳ”, “Гўруғлининг туғилиши”, “Гулихиромон” каби достонлардаги сеҳрли
пат билан алоқадор оҳанглар силсиласи мисол бўлади. Сеҳр-жоду ва магия билан
боғлиқ бўлган қўшиқларда қўлланилган қуш пати детали анъанавий, асотирий
тимсоллардан бири ҳисобланади. Достон қаҳрамонига эзгуликлар бағишлайдиган,
унга кўмаклашадиган, мурод-мақсадига етишга ёрдам берадиган ҳомий кучлар
билан боғлиқ асотирий тасаввурлар достонларда ҳамон куйланади. “Авесто”даги
Вараге қушининг сеҳрли патлари ҳақидаги афсонавий қарашлар достонларда ана
шу тарзда ўз ифодасини топган.
Айтиш мумкинки, афсоналар тагида хақиқатлар ётади. Ривоятлар, асотирлар
қадимги аждодларимиз тафаккурининг, ҳаётга муносабатларининг рамзий
ифодаси. Бу эса ўз-ўзидан халқ оғзаки ижодининг шаклланиши ва ривожланишига
туртки бўлган. Улар бутун бир халқ орзу-мақсадларини, ҳаётий эҳтиёжларини ва
қарашларини ўзида ифода этган. Эзгуликка, яхшиликка интилишларига мадад
бўлган. Шарқона ахлоқий меъёрлар, маънавий баркамоллик, руҳий тозалик,
фикратнинг шаффофлиги айни ана шу афсоналар, асотирлар ва зардуштийлик
ақидалари асосида шаклланган. Ҳозиргача халқимиз орасида турли ҳудудларда,
турли шаклларда ўтаётган маросимлар бунга гувоҳ. Масалан, ёмғир чақириш
мақсадида айрим жойларда “Суст хотин” маросими, Амударё сувининг мўл бўлиши
ҳамда турли тошқин фалокатларининг олдини олиш мақсадида “Оролча Авлиё”
деган жойда мол сўйиб қурбонлик қилиш одати мавжуд.
Наврўз байрамининг пайдо бўлиши, унинг генезиси бевосита уч минг йиллик
тарихга эга. Ушбу байрамни нишонлаш, сумалак сайли зардуштийлик давридан
бошланади. Байрам ва сайлларни ташкил этиш, алоҳида кийимлар кийиш, унга
махсус тайёргарлик кўриш ва катта завқ-шавқ билан ўтказиш урф-одати бугунги
кунда такомиллашган, цивилизациялашган турмуш тарзимизга хос равишда катта
кўтаринкилик билан нишонланади.
Баҳор шарқликларда, хусусан, зардуштийлик тарқалган катта минтақада янги
орзулар, эзгуликка йўғрилган умидлар билан қоришиб кетган жамоавий байрамлар
мавриди. Жумладан, бу фаслда анъанавий бойчечак сайли, лола сайли, қизилгул
сайли каби оммавий чиқишлар, сафарқочди ва чоршанба маросимларини ўтказиш,
оловдан ҳатлаш, ҳаво дим бўлиб, нафас олиш қийин бўлган пайтда шамол пири
сифатида эътироф этилган Ҳайдар ва Аждар бобога мурожаат этиб, шамол
чақириш, марҳумлар мозорига қушлар ҳақи деб буғдой сепиш, дарёдан ўтаётганда
“Хубби”га сиғиниш ва сувга туз ташлаш, далага биринчи қўш чиқаришдан аввал
ҳўкизларнинг шоҳини мойлаш каби анъанавий маросим ва удумларнинг тарихий
асоси бевосита “Авесто” мифологиясига бориб тақалади.
“Авесто”нинг алоҳида шеърий қисми “Гоҳлар” деб аталади. “Гоҳ” сўзи қадимий
паҳлавий тилида қўшиқ маъносини билдиради. “Гоҳлар” қисми тўлақонли, яхлит,
бир-бирини тўлдириб борадиган, бир-бири билан узвий боғланган қўшиқлар
мажмуаси. Ҳар бир бешлик ўз мазмунига эга бўлган мустақил асар. Лекин улар
умумий моҳияти билан бир-бирини тўлдирадиган, яхлит композицияга эга бўлган
маҳобатли илоҳий қўшиқ.
“Авесто” йирик асотирий-диний, фалсафий-маънавий дурдона бўлибгина
қолмай, айни пайтда сўз санъатининг ҳам нодир, маҳобатли ёдгорлигидир. У сўз
мазмун юки билан йўғрилган, фавқулодда жарангдор, фавқулодда оҳангдор, айни
пайтда гоҳ жўшқин, гоҳ мунгли, майин, баъзан жойи келганда сир-синоатга тўлиб
тошган оҳангга эга бўлган мукаммал санъат асари.
Авестошунослик узоқ тарихий анъанага эга бўлишига қарамай, сўз санъатининг
бетакрор мажмуаси сифатида ҳали тўла ўрганилмаган. Жумладан, унинг лисоний
жиҳатлари, оҳанглари, сўз ва товушларнинг мусиқий уйғунлиги, жозибали ва
таъсирчан навозишлари чуқур таҳлил этилмаган.
Мутахассисларнинг хулосаларига кўра, зардуштийлик дини руҳонийлари
“Авесто”нинг мусиқий жиҳатларига алоҳида эътибор беришган. Ўрта Осиё, Эрон,
Ҳиндистонда ва умуман, зардуштийлик дини тарқалган ҳудудларда “Авесто”ни
қироат билан ўқиш, қўшиқ қилиб куйлаш мактаблари бўлган. Уларда “Авесто”нинг
ҳар бир бандини, шеърий ё насрий бўладими, қатъи назар маълум бир оҳангга
солиниб, жило бериб, қўшиқ қилиб куйлаш сабоғи берилган. Бир-бирига уланган,
бир-бирини боғлаб турган улкан ва маҳобатли, композицион жиҳатдан яхлит
қўшиқни қироат билан ўқиш ва куйлаш санъатини юқори даражада эгаллаган
руҳонийлар маросимнинг мақсадидан келиб чиқиб ижро этишган. Одамлар эса ўз
эҳтиёжи, эътиқоди ва мақсад-иддаосига қараб, ибодат пайтида, Худога муножотлар
қилиш ҳолатларида хоҳлаган қисмини куйлашган.
Зардуштийлик дини тарқалган ҳудудларда “Авесто”ни куйлашнинг ўзига хос
қонуниятлари, меъёрлари ва талаблари мавжуд бўлган. Жумладан, аёллар уни
бошқача, эркак руҳонийларга нисбатан фарқли ҳолда ижро этишган. Аёллар
қўшиқларида она тимсоли, она орзу-армони, оналик меҳри бола бахти-саодати,
унинг тақдири ва истиқболи билан йўғрилиб кетган. Айни пайтда Аҳура Мазда
тимсолидаги эзгулик ва порлоқ келажак кафолати бўлган илоҳга саловатлар,
мадҳлар, илтижолар ва муножотлар ўз ифодасини топган. Оналарнинг қўшиқлари
бевосита бола тарбияси билан боғлиқ бўлган. Унинг баркамол, юксак эътиқодли
шахс бўлиб етишишида “Авесто”ни ижро этишдан унумли фойдаланишган.
“Авесто”нинг Ясна қисми тоат-ибодат қўшиқлари, Аллоҳга – Ахура Маздага
ва унинг ёрдамчиларига салавотлардан иборат. Гоҳлар эса, шеърий шаклдаги қисм
бўлиб, улар мустақил бешлик ашъорлардан иборат. “Гоҳ” сўзи қадимий паҳлавий
тилида қўшиқ маъносини билдиради. Демак, гоҳлар қисми тўлақонли, яхлит, бирбирини тўлдириб борувчи, бир-бирига узвий боғланган қўшиқлар мажмуаси.
Фақат ушбу қўшиқлар ҳар бир банднинг ҳажми, ҳижолари, бўғинлари сони,
сатрларнинг узун ё қисқалиги, оҳангдорлик даражаси ва албатта мазмунига,
мақсадига ва ижрочининг тилаклари, орзу-умидларига қараб куйланган. Гоҳ
сўзи зардуштийлик дини тарқалган ҳудудларда ҳозиргача ўз маъносини сақлаб
қолган. Жумладан, қадимий Турон халқлари, хусусан, ўзбекларда ҳам ушбу сўз ўз
маъносини йўқотмаган. Шарқ мумтоз қўшиқчилик санъатининг гултожи бўлган
“Шашмақом”нинг айрим йўналишлари айнан “гоҳ” сўзи билан боғлиқлиги ҳам
кишини бир мунча ўйлантиради. Жумладан, “Дугоҳ”, “Сегоҳ”, “Чоргоҳ” ва
бошқалар илдизи энг қадимий, илк ибодат қўшиқчилигига бориб тақалмайдимикан?
Чунки айни ана шу оҳангларда ўта нозик, тингловчи туйғуларини жунбушга
келтирадиган илоҳий қувватни, қон-қонимизга, бутун вужудимизга сингиб кетган
ҳаётбахш ҳиссиётни чуқур англаймиз.
Европалик авестошуносларнинг хулосаларига кўра, Зардушт ўз даврида буюк
қўшиқчи ҳисобланган. Унинг ижрочилик услуби намуна сифатида қабул қилинган
ва зардуштийлар “Авесто”ни айнан унинг услубида куйлаб юришган. Замонавий
компьютер технологиясидан фойдаланиб, профессор Мехер Мастер-Мусхоним
ижросида Зардушт ижрочилик усуллари асосидаги қўшиқ ёзиб олинган.
Зардуштийлар ўзларининг эзгу тилакларини, ниятларини ана шу тарзда баён
этишган. Аллоҳга ҳамду санолар, салавотлар ўқишган. Таваллолар, муножотлар
айтишган. “Ахура Мазданинг олти ёрдамчиси ёки тажаллийси – амеша спентрларга
сажда қилиниб, яштлар – саловатлар айтилади. Бу олти тажаллийлар – Ахура
Мазданинг куч-қудрати тимсоллари. 1. Воҳу-мана – эзгу ният. 2. Аша-вахишта –
энг яхши ҳақиқат. 3. Спента армайте – муқаддас ҳалоллик, софдиллик. 4. Хшатра
варья – тилакли ҳокимият. 5. Харватат – бутунлик, яхлитлик. 6. Умуратат – узоқ
умр, абадий ҳаёт. Бу олти идеал – ахлоқий ва маънавий камолотга элтувчи кучлар,
инсонлар учун энг олий қадриятлар сифатида улуғланган”, дейди таниқли олим
М.Маҳмудов3
.
Ана шу олти идеал Гоҳлар ва Яснанинг асосий мазмуни ҳисобланади. Ясна
китоби – барча маъбудларга дуо-илтижолар, таваллолардир. Гоҳлар эса муножот
қўшиқлари ҳисобланиб, улар ҳам шу бўлимга киради. Яштлар эса мадҳлар,
ҳамду санолар, мақтов ва фахриялардан иборат. Ана шу тарзда улар “Авесто”
қўшиқчилигининг яхлит тизимини ташкил этади. Уни ғоятда улкан, салобатли,
маҳобатли илоҳий-фалсафий имдод даражасига кўтаради.
Илоҳий китобларнинг тасаввур қилиб бўлмайдиган сеҳрли, сирли-синоатли
ва мўъжизавий томони шундаки, унинг на сўзига, на оҳангига тузатиш киритиб
бўлади. Улар табиий ва қуйма, мутлақо таҳрир талаб этмайди. Шунинг учун бундай
муқаддас китоблар ўз оҳанги, қўшиқчиликка мос келадиган табиий имкониятлари
билан Илоҳ томонидан яратилади. Уларга қайсидир бир бастакор алоҳида мусиқа
ёзиб, ҳофиз уни қўшиқ қилиб ижро этмайди. Шундай қилган тақдирда ҳам унинг
сохталиги кўзга яққол ташланарди. Бундай китоблар ўз оҳанги, ўз таровати, ўз
ижро йўли билан дунёга келади, холос.
3
Болтабоев Ҳ., Маҳмудов М. Бадиий-эстетик тафаккур тарихи. Т.; “Мумтоз сўз”. 2012. 287-бет.
112 Шарқ юлдузи
Нарзулла ЖЎРАЕВ
“Авесто” шу даражада жарангдор ва табиий оҳангдорликка эгаки, у равон
ўқилади. Қироатлар юксак пафос билан тингловчи ҳиссиёти ва туйғуларига кучли
таъсир этадиган, руҳиятини жунбушга келтирадиган мўъжизавий қудратга эга.
Буни қуйидаги мансур – Яшт мисолида кўриш мумкин:
Бутун Ийрон сарзаминлари ашаванлари эрларининг фравашийларини
олқишлаймиз,
Ийрон4
сарзаминлари ашаван аёлларининг фравашийларини олқишлаймиз.
Турон сарзаминлари ашаван эрларининг фравашийларини олқишлаймиз.
Турон сарзаминлари ашаван аёлларининг фравашийларини олқишлаймиз.
Сайряма5
сарзаминлари ашаван эрларининг фравашийларини олқишлаймиз.
Сайряма сарзаминлари ашаван аёлларининг фравашийларини олқишлаймиз6
.
Ушбу матндан кўриниб турибдики, бир хил сўзлар бир неча марта
такрорланмоқда, жумладан олти қаторли матнда олтита фраваший, олтита ашаван,
олтита олқишлаймиз, учта аёлларнинг, учта эрларининг, олтита сарзаминлари,
иккитадан Ийрон, Турон, Сайряма сўзлари такрорланмоқда. Бироқ бу ўқувчини ҳам,
тингловчини ҳам зериктирмайди, аксинча, том маънодаги табиий жарангдорликни,
мусиқийликни таъминлайди.
“Авесто” дунёга келган маконга, муқаддас заминга санолар, дуолар фавқулотда
жозибали ва сеҳрли. Бу сарзамин одамларига – эркагу аёлларига эзгу тилаклар,
эзгу амаллар билдирилмоқда, уларга олқишлар айтилмоқда.
Яна бир мисолга мурожаат этамиз:
Завт ва Роспий:
Завр истарман олқишлаш учун. Барсам истарман олқишлаш учун.
Барсам истарман олқишлаш учун. Завр истарман олқишлаш учун.
Завр ва барсам истарман олқишлаш учун. Барсам ва завр истарман олқишлаш
учун.
Бу завр ва бу барсам билан олқишлашни истарман. Бу барсам ва завр билан
олқишлашни истарман.
Бу завр ва бу барсам билан олқишлашни истарман.
Завт:
Бу барсам завр ва бу барсам белбоғи билан Ашаҳ-Ҳақиқат русумига ҳозирланиб,
олқишламоқ истайман7
.
Шеърий сатрлардаги такрорларда сўз баъзи ҳолларда ўрнини алмашмоқда, бу
билан қайси сўз олдин келса, урғу ўшанга берилмоқда. Бутун диққат ва эътибор,
санолар ва даъватлар айни ўша сўз орқали ифода этилмоқда. Яхлит олганда, матнда
жарангдорлик ва мусиқий жило олий мақомда таъминланган.
Форсча матн жами олтмиш еттита сўздан иборат: завр ва барсам сўзлари саккиз
мартадан, ситоеш ва хостор сўзлари ўн мартадан такрорланмоқда. Юқорида
айтганимиздек, сўзларнинг такрорланиши ўқувчининг меъдасига тегмайди,
аксинча, унинг қалбига ғулғула солади, туйғуларини туғёнга келтиради, руҳиятини
илоҳий руҳият билан боғлаб юборади.
Завр сўзи форсийда ичимлик маъносини билдиради ва суюқликлар билан
4
Ийрон – Эрон.
5
Сайряма – сосонийлар ва ислом даври адабиётларида кичик Осиё ва Сурия.
6
“Авесто”. “Шарқ” нашриёти-матбаа акционерлик компанияси. Т.; 2001. 262-бет.
7
“Авесто”. “Шарқ” нашриёти-матбаа акционерлик компанияси. Т.; 2001. 37-бет.
№ 1 2025 113
ўтказишадиган назр-ниёз, зиёфатлар маросимини англатади. Айни пайтда завр
маздапарастлар дини илоҳаси бўлиб, ундан мадад ва имдод истаганлар, барсам сўзи
эса унмоқ, ўсмоқ, яшнамоқ маъноларини ифода этади, дарахтнинг янги кесилган
новдасининг сони ҳар хил маросимда ҳар хил бўлади. Учта, еттита, тўққизтадан ва
ҳоказо.
Вандедот ва виспарат маросимларида ўттиз бешта, яснада йигирма учта хипчин
бўлиб, Яратгувчини эъзозлаш ва ардоқлаш учун дуолар, ҳамду санолар, таваллолар,
муножотлар қилинади. Ҳар бир қисм, ҳар бир бўлак ўз оҳангига, ўз мусиқий
имкониятига, вазни ва бўғинлардан келиб чиқадиган жарангдорлик хусусиятига
эга. Қироат пайтида улар бир-бирига уланиб, улкан ва маҳобатли, бир неча соат
ижро этиладиган, давомдор қўшиққа айланади.
Умуман олганда, “Авесто” қисмларга қараб бир хил такрорланиб келадиган
сўзлар ва гаплар тизимидан иборат. Юзаки қараганда кўп сўзлиликка, ортиқча
такрорга ўхшайди. Бироқ бунда ҳар бир сўз алоҳида урғу, алоҳида ундов ва
таъкид билан айтилаётгани яққол сезилади. Уни қалбдан ҳис этиб, катта эътиқод
билан ўқиса беқиёс улуғворлик, тенгсиз тантанаворлик жисму жонингизни, бутун
руҳиятингизни чулғаб олади. “Авесто” бошдан-охиригача ана шундай услубда
яратилган. Насрий қисмлар, албатта, шеърий қисмлардан оҳангдорлиги билан
фарқ қилади. Уларни, ҳатто, насрий матн эмас, мансуралар деса мақсадга мувофиқ
бўлади.
Насрий қисмларда – мансураларда ҳар бир гап янги сатрдан – хат бошидан
бошланади. Баъзи ҳоллардагина хат боши иккита гапдан иборат бўлади, холос.
Бунда, айтиш мумкинки, ҳар бир гап алоҳида, мустақил фикр ва ғояга эга.
Гарчи сўзлар такрор бўлса-да, улар қироатда биринчи навбатда оҳангдорликни,
мусиқийликни таъминласа, иккинчи томондан тингловчи қалби ва онгини нишонга
олиб, фикрлар қўшиқ садолари билан уйғунлашиб, руҳий ва ҳиссий оламига
таъкид, даъват, ундов тарзида кучли таъсир ўтказилади.
Хулоса қилиб айтганда зардуштийлик динининг жумладан Авестонинг дунёга
келиши инсон ва инсониятнинг тафаккури, онги ва қалбида жиддий эврилишлар
ясаган ўзига хос ва такрорланмас буюк тарихий, ижтимоий, маънавий ва руҳий
сакраш ҳолати эди. Агар дунё, инсоният буни тан олса Марказий Осиё халқлари
иккита эмас, учта цивилизация ҳодисасини бошдан кечирган халқ сифатида
ўзини намоён этади. Демак, бу Марказий Осиё инсоният ҳаётига маданият олиб
кирганини, унга ахлоқий, маънавий-руҳий ва ижтимоий моҳият бағишлаганини
яна бир бор кўрсатади.
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 1-сон