Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Севгилим, шу эрур ишқнинг матлаби

Равшан ҲАҚМУРОД – 1993 йилда туғилган. Ҳозирда Тошкент давлат аграр
университети талабаси. Ижодкорнинг “Янги ривоят” номли китоби нашр этилган.

***
Сеҳрли кулгулар алдади мени,
Ёқимли туйғулар алдади мени,
Унутдим энг олий мақсад нелигин…
Ғафлатли уйқулар алдади мени.


Кўп чопдим, ҳар ёнга ҳаллослаб,
Ўзимни зўрларга таққослаб,
Борим деб, лабимга босиб лаб:
“Болман” деб оғулар алдади мени.


Уй дедим, жой дедим, тўй дедим,
Шеър дедим ва қўшиқ, куй дедим,
Бошимда минг битта ўй дедим,
Ўткинчи қайғулар алдади мени.


Сеҳрли кулгулар алдади мени,
Ёқимли туйғулар алдади мени,
Тангрим, ўзинг мени уйғотиб юбор,
Бомдодда уйқулар алдади мени.


***

Мен бугун панд едим ўзим ўзимдан.
Алдаган эканман ўзимни ўзим.
Масалан, манов қор поклик рамзимас,
Ана, кучукчани қийнар изғирин.


Шунчаки куйламас ҳеч қачон булбул,
Бугун илғаб қолдим йиғи товушин.
Балки хиёбонда қолган севгисин
Эслаб йиғлагандир тушда қовушиб.


Масалан, беш кунлик эмас-ку умр,
Ахир мен жудаям узоқ яшадим.
Иқболим бол эмас, наҳотки заҳр…
Энди ҳаммасини англай бошладим.


Алдаган эканман ўзим ўзимни.


Манзара
Тораяди кунларнинг эни,
Кузги намчил кечалар узун.
Чуғурлашар чумчуқлар бетин,
Табиатнинг авзойи ҳазин.


Йўқлик сари сингийди дунё,
Нишона йўқ ҳатто ойдан ҳам.
Бунда фақат кезади танҳо,
Севилмаган бечора одам.


***

Бу ёмғирли қотил кечалар,
Қалбинггизга қилдими ҳужум.
Кўзларинггиз чўккандай бироз,
Лабингизда синиқ табассум.


Юзингизда изтироб зоҳир,
Роҳат кутгандингиз бир ютум.
Айтмабмидим, кетманг деб ахир,
Ана энди муҳаббат – етим.


Аланглайсиз уст-бошингиз ҳўл,
Пойингизга армон томчилар.
Айтинг нега паришонҳолсиз,
Чарчатдими бу алдамчилар.


Бир гап айтайинми, севгилим,
Дунёдан бахт кутиш аҳмоқлик.
Ҳижрат қилмоқдаман кўнгилга,
Истасангиз қилинг ҳамроҳлик.

* * *
Севгилим, кўрдингми синиб тушди ой,
Севгилим, юлдузлар қулар афтода.
Севгилим, дунёда қолмади чирой,
Кечаги орзулар бугун ғамбода.


Севгилим, дунёнинг ишини қара,
Қисмат терс ўгрилди бизга келганда.
Сен йиғлаб ўтасан, мен эса исён…
Майли, қилаверсин Худо билганин.


Биламан танангга сиғмаяпти руҳ,
Биламан бу ҳисни тизгинлаш қийин.
Севгилим, бошингни саждага қўйгин,
Мен эса кундага қўйгум атайин.


Севгилим, шу эрур ишқнинг матлаби,
Куйинма бир куни бахтга етасан.
Мен эса интилиб дор оғочига,
Ғамгин шеърлар ёзиб ўтиб кетаман.


* * *
Шамоллар юзимга урар телбавор,
Тошкент боғларининг ранги заъфарон.
Яшиллик излайман, қайдасан, баҳор?
Ўқрайиб қарайди ғамбода осмон.


Дарбадар кезаман дайди ит мисол,
Ўн ойки йўлимни пойлайди Косон.
Қимматли вақтимни этмай деб увол,
Сўзларга қоришиб юрибман – асов.


Гарчи қилинажак юмушлар бисёр,
Онамга берилган аҳдим бор ҳали.
Чопаман ҳар ёнга боқиб саросар,
Билмадим қанчалар вақтим бор ҳали.


Косон, сен онамни овутиб тургин,
Бир қучоқ бахт билан боргунимча то.
Тошкент боғларининг ранги заъфарон,
Ҳозир уни ташлаб кетолмам танҳо.

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 1-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil