
Завқиддин НАСИМОВ – 1991 йил туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари
университетининг Халқаро журналистика факультетини тамомлаган. “Руҳсиз тандан
чиққан садолар” номли китоби чоп этилган.
“ҚАЛБИМ АРДОҒИ” ҲАҚИДА
Эсимни танибманки, тонг азонда ота-онамнинг тортишувидан уйғониб кетар
ёки уйғонишим билан уларнинг тортишувига гувоҳ бўлардим.
Худдики оиламиздаги барча муаммолар мен улғайишим билан якун топадигандек,
ич-ичимдан Худога дуо қилиб тезроқ улғайишни сўрардим…
Ён қўшнимиз жуда бадавлат бўлиши билан бирга фарзандларига ҳам
меҳрибон ота эди. Ўшанда ҳамма камбағал оилаларнинг ота-оналари меники каби
фарзандларига меҳрсиз, бойлар эса қўшнимиз сингари меҳрибон бўлса керак деб
ўйлаганман. Шу сабабли у кишининг қимматбаҳо машиналарига, икки қаватли
уйига ва асосийси фарзандларига бўлган муносабатига жуда ҳавас қилардим. Шу
орзулар билан улғайдим…
“Худога шукур, бугун ўша қўшнимиздан кўра бой, фарзандларимга ҳам
меҳрибон отаман!”
Ёшлигимда кўрган “американский” кинодаги бош қаҳрамоннинг ушбу сўзлари
менга жуда қаттиқ таъсир қилган.
Ўша кундан бошлаб инсон орзуларига фақат ҳавас қилиш орқали эришиши
мумкин деган фикрга келганман. Шундай қилиб яхши нарсаларга қалбимда ҳавас
уйғота бошладим.
Кейинчалик ўқиб, эшитиб билдимки, ривожланган мамлакатларда ҳавас
тушунчаси алоҳида аҳамиятга эга. Боғча ва мактабларда болаларга таълим
беришдан олдин қалбида ҳавас туйғусини уйғотар, буюк орзуларнинг барчаси
кичик ҳаваслар йиғиндиси эканлиги уқтириларкан.
Ёзувчилар уюшмасида ишлаганим учун деярли барча гурунглар ижодкорлар,
уларнинг шахсияти, ижоди, фаолияти ва яшаб ўтган умр йўллари ҳақида бўлади.
Баъзиларининг ижодини юқори баҳолашса шахсиятидаги қусурларини танқид
қилишар, бошқаларини эса аксинча – ижоди ҳаминқадар бўлса ҳам шахсиятини
улуғлаб эътироф этишарди.
Ҳар сафар Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов ҳақида гап
кетганда уни таниган, билган, ҳамсуҳбат бўлган борки, ижодини ҳам, шахсиятини
ҳам улуғлар, ҳаяжон билан ҳақиқий “аристократ”, ниҳоятда юксак маданият
соҳиби, ҳар томонлама идеал инсон эди дея сифатлашади.
Воҳидов билан бирга ишлаган адиб Хайриддин Султонов устозининг шахсиятига
алоҳида тўхталиб, “Эркин Воҳидов ўзининг салкам эллик йиллик фаолияти
давомида бирор бир ходимга овозини баланд кўтармасдан жамоани бошқариб,
уларнинг юксак ҳурматини қозонган ажойиб раҳбар эди”, дея хотирлайди.
Қандай қилиб? Наҳот иложи бўлса? Ёки у даврларда шаллақи, шантаж,
тилёғлама инсонлар бўлмаганмикан? Йўқ. Ҳамма замоннинг ҳам ўз тошу тарозиси
бор. Барча билан бирдек тил топишиб ҳурмат қозониш учун инсон аввало Эркин
Воҳидов каби бўлиши, у кишидаги олийжанобликни ўзлаштира олиши керак.
Ишласанг кўравераркансан. Шундай раҳбарлар борки, уларни ҳурмат қилишга
ҳаракат қилиб ўзингни ҳар қанча мажбурлама фойдаси йўқ. Улар ўз аслияти ва
даражаси билан ҳурматга нолойиқ эканлигини намоён қилади. Лекин шундайлар
борки, улар ҳақида ҳар хил гап-сўзлар эшитиб салбий фикрга келасан ва ёмон кўра
бошлайсан. Аммо улар билан бирга ишлаб, ҳамсуҳбат бўлиб гарчанд аввалига
хоҳламаган бўлсангда унга нисбатан ҳурматинг ортгандан ортиб бораверади.
Шундай вақтларда инсоннинг ҳаётда ўрин топиши, аввало, унинг шахсияти билан
боғлиқ эканлигига амин бўласан.
Яқинда Эркин Воҳидовнинг турмуш ўртоғи Гулчеҳра Воҳидованинг «Қалбим
ардоғи» китобини ўқиб тугатдим. Китобнинг номига қаранг, «Қалбим ардоғи!»
Мутолаа давомида шунга амин бўлдимки, шоирнинг элу юрт суюклиси бўлиб,
унвону мукофотларга сазовор бўлишида Гулчеҳра опанинг роли беқиёс экан.
«Таом мазали чиқиши учун масаллиқ зўр бўлиши керак» деганларидек яхши
автобиографик асар ёзилиши учун яшаб ўтилган умр мазмунан бой бўлиши керак,
албатта. Эркин Воҳидов ҳақида севимли ёзувчимиз Собир Ўнар (Оллоҳ раҳмат
қилсин) кўплаб ажойиб ҳангомаларни гапириб берган. Шу-шу у кишининг умр
йўлига, шахсиятига ҳавасим уйғонган. Китобни ўқиб бу туйғу яна ҳам ортди…
Талабалигимда Эркин Воҳидов билан икки «партия» шахмат ўйнаш бахти ҳам
насиб этган. Ўйин вақтида иложи борича кам гапириш кераклиги учун қисқагина
суҳбатлашганман, холос.
«От ўрнини той босар» деган ҳикмат бежиз эмаслигини шоирнинг фарзанди
Хуршид Воҳидов билан суҳбатдош бўлгач англаганман.
ОТА МEҲРИ
Қайсидир йили рўза ёзнинг саратонига тўғри келди. Кун узоқ, ҳаво иссиқ. Шунга
қарамай тирикчилик учун оз-моз қимирламаса бўлмайди. “Бўш қоп тик турмайди”,
деганларидек яхши емаса ярамай қолиш ҳеч гапмас. Ота-онам маслаҳатлашиб
рўзғорнинг камини тўлдириш учун Ургут бозорига отланди. Мен ҳам тезда тайёр
бўлиб ортларидан эргашдим.
Бозор катта, одам кўп, шовқин-сурон. Адашиб қолмаслик учун баъзан отамнинг,
баъзида эса онамнинг қўлидан ушлаб оламан. Бозорга келишдан олдин онамнинг –
уни олиб беринг, буни олиб беринг деб бошимни гаранг қилмайсан – деган шартига
рози бўлиб келганим учун нимадир егим ёки ичгим келса отамнинг қўлидан тортиб
секин имлаб кўрсатаман. Отам истагимни “бажо” келтиради.
Роса айланиб икки сўмка бозорлик қилдик. Бозорнинг чиқишида бошига
газетадан шляпа ясаб олган амаки резина тўп сотиб ўтирган экан. Дод, шу тўпдан
олиб беринглар деб туриб олдим. Иккаласи ҳам пул йўқ дейди. Мен бўлсам,
“Ўламан саттор шу тўпдан олмасам бўлмайди, мендан бошқа ҳамма жўрамда
бор”, деб туриб олдим. Хархаша қилаётганимни кўрган сотувчи, “Болани раъйини
қайтарманг-да, ака, ҳаммамиз ҳам шу бола-чақа деб шуларнинг хурсандчилиги учун
яшаб юрибмизда”, дея отамга насиҳат қилди. Амакининг гапларидан “мотивация”
олиб баттар оёқ тираб туриб олдим. Ноилож, отам йўлкирага аталган пулга ўша
тўпдан олиб берди.
Асабийлашаётган онамга тушунтирди. – Кампир қолиб кетаётган ишинг, кутадиган меҳмонинг бўлмаса қўявер энди.
Майли, бир томондан шу баҳона олиб берганимиз ҳам яхши бўлди.
Онам ҳавонинг иссиқлиги, йўлнинг узоқлигини айтиб бироз норози бўлди.– Хўш энди, бундай қиламиз. Сўпи маҳалланинг йўли бўйлаб юриб кесиб
чиқсак, манзил анча яқин бўлади. Саратоннинг қуёшида юриш инсон организми
учун фойдали, кўпроқ юриб қолиш керак, – деди отам. Ургут бозоридан бизнинг
уйгача тахминан ўн икки-ўн беш чақиримча йўл бор. Пиёда гаплашиб кетаверамиз.
Шундай қилиб хурсандлигимдан теримга сиғмай ота-онам ортидан зипиллаб
келяпман. Ҳаво иссиқлигидан олаётган нафасинг ичингга олов пуркайди. Йўл
йўлакай ҳар-ҳар жойда тўхтаб, соялаб нафас ростлаб оламиз. Ота-онам бозорлик
сўмкаларни алишиб кўтариб бир-бирига ёрдамлашади. Мен бўлса дам-бадам
ариқда оқаётган сувдан чанқоғимни қондириб оламан. Юриб-юриб оёғим оғриди.
Кўтаринг дейишга юрагим бетламайди. Чарчадим, дедим. Отам вазиятни тушунди,
шекилли, мени бўйнига кўтариб олди. Бепоён дала бўйлаб келяпмиз. Камина бўлса
“жангдан ғолиб қайтаётган от устидаги саркарда” каби мағрур кетяпти…
Қишлоққа етиб келганимизда ота-онам рўзадор бўлгани учун анча чарчаб,
ҳолсизланиб қолди. Мен янги тўпимни олиб далага, мол боқишга югурдим. Тезроқ
бориб жўраларимга мақтанишим керак…
Қачон бўлди, қандай бўлди, ким тепди, англолмай қолдим. Уйдан чиқарда
янги тўпи билан гердайган мен, қайтаримда ёрилган тўпим билан ҳурпайиб уйга
қайтдим. Молларни боғлаб уйга кирсам рўзадорлар энди оғиз очишга тайёргарлик
кўраётган экан. Дастурхон тўла ноз-неъматлар. Бугунги бозорлик бўй кўрсатиб
турибди. Акам кўчадан азон айтилганини дараклаб келди. Қўйнимдан тўпимни
чиқардим. Ҳуркибгина турганимни кўрган онам, “Ҳа”, деди. Ёрилган тўпимни
кўрсатиб йиғлаб юбордим (аслида, бу гап эшитмаслик учун аввалдан пухта
ўйланган режа эди). Отамга яқинлашдим. Бундай пайтда энг хавфсиз жой отамнинг
бағри. Энди овқатланиш тараддудидаги отам ўрнидан туриб шифоньер устидаги
қутидан елимни олди. Ҳозир ямаб бераман тепиб юраверасан деди.
Онам уришиб берди. «Отанг кун бўйи рўза ҳолига сен арзандани деб роса
ҳолдан тойди. Овқатланиб олсин энди, сал сабр қилиб тур!» Отам онамнинг гапини
қайтарди. – Сен овқатланавер! Мен сабр қилиб тураман. Овқат дастурхондан қочиб
кетмайди, деб ёрилган тўпимни ямашга уннаб кетди…
Ўйлаб қолдим. Отам қанчалик сабрли, меҳрибон эди?
Аслида, барча оталар фарзандларига нисбатан сабри чексиз, меҳри улкан
бўлишади. Фақат улар меҳрини жимгина улашади. Худди чуқур дарёлар тинч ва
сокин оққани каби…
ОНА ДУОСИ
Қишнинг илк кунларидан ҳаво кескин совиб кетармиш деган хабардан ҳамма
ваҳимага тушган. Менинг эса парвойимга ҳам келгани йўқ. Ҳайронман, бунинг
нимаси хавотирли?
Бундай вақтда иссиққина уйда китоб варақлабми, яхши кўрган фильмингни
кўрибми дам олишга нима етсин?! Қўшимчасига Конституция байрами муносабати
билан уч кун таътил бўлса. Шундай ширин хаёллар билан режа қилиб тургандим
тоғамнинг тўйи эсга тушиб қолди-ю. Онам нақд икки ойдан бери кун санаб тўй
кунини кутаётганди. Энди эса “совуқ ҳаво оқими” ҳақида хабарлар тарқалиб
турибди.
Эринибгина акамга қўнғироқ қилдим.– Ака, хабарларни ўқияпсизми? Қаттиқ совуқ бўлармиш.– Ҳа, ҳамманинг оғзида шу гап-ку…– Одам деган шунча совуқ кунда ҳам тўй қиладими? Тоғамнинг тўйига боришни
нима қиламиз?– Шу тўйга бориш шартмикан? – Акам мен умид билан кутаётган жавобни
айтди.– Мен ҳам шуни айтаманда? Ҳаво совиб кетса, қолаверса, уч кун дам экан.
Мундай бир дам олгандек бўлармидик?!– Тўғри айтасан. Бир кунлик тўй бизсиз ҳам ўтади…
Акам иккимизнинг фикримиз бир жойдан чиққанлиги айни муддао бўлди. Ўзаро
келишиб кечга акамнинг уйида йиғилиб тўй масаласини муҳокама қилдик. Сезилиб
турибди онам тўйга бориш умидида. Бир томондан мен, иккинчи томондан акам
ҳавонинг совиб кетиши бу совуқда онамни қийналиб қолишини куюниб гапира
бошладик. Далил сифатида интернетдаги хабарлар кетини улаб баланд овозда ўқиб
эшиттираман.
Интернет нашрларининг бирида “минус” саккиз-тўққиз даража деса, бошқа
“ҳовлиқмароқлари” аномал совуқнинг ҳароратини ўн беш-йигирма даражада
бўлишини ёзишади. Улардан ҳам менинг ваҳималарим, қўрқинчлироқ чиқяпти.
Ҳар замон акам ҳам қўшилиб қўяди. Узоқ давом этган “музокара”лардан сўнг “Она,
сиз нима десангиз шу бўлади. Бизга сизнинг истагингиз муҳим, шу билан бирга
соғлигингиз ҳам”, дея қўшиб қўйдик.
Хуллас, эрта тонгдаги ҳавонинг ҳароратига қараб бир қарорга келадиган бўлдик.
Кечаси болалар у хонадан-бу хонага югуриб алламаҳалгача ухламади, шекилли,
тарақа-туруқ тинмади. Ҳар замонда онамнинг дашноми эшитилиб қолади. “Онамга
ҳам ҳайронман, зарурмикан. Ётиб ухламайдими? Бола деган ўйнаб-ўйнаб ухлаб
қоладида”.
Эрталаб онам уйғотаётиб:– Шу дейман тоғангнинг тўйига борсак яхши бўлармиди?! – дедилар. Мўлтираб
турган нигоҳларида илтижо бор эди.– Сиз нима десангиз шу, – дедим. Тезда тайёргарлик кўриб онам, акам, мен йўлга
отландик. Тонг ёришмаган бўлса ҳам ҳаво мулойим. Йўл-йўлакай гурунглашиб
кетяпмиз. Сирдарёга яқинлашганимизда кун ёришиб ҳаво илий бошлади. Жиззахга
етганимизда қуёш чиқиб кетса бўладими?– Э, ака, одамларга ҳам ҳайронсан-да. Кечаги совуқ ҳақидаги ваҳималарга
қарангу бугунги қуёшнинг чарақлашига қаранг. Ҳозирги замонда ҳеч нарсага
ишониб бўлмай қолди. Биз бўлсак тўйга борсакми, бормасакми деб иккиланиб
юрибмиз, – дегандим. Акам онамга юзланди:– Она роса хоҳлаган экансизда, қаранг ҳавони исиб кетганини.– Ҳа бўлмаса-чи. Ахир укагинам отам ўлганда бешикда олти ойлик эди.
Етмаганига кўп касал бўларди. Шунинг учун ҳаммамиз уни авайлардик. Айниқса,
энам уни ҳаммамиздан кўпроқ яхши кўриб авайларди. У бизларга энамни эслатиб
туради. Шу укам ўлмай-нетмай шу ёшларга етиб ўғил уйлантирса-ю, боролмасам,
ўлганимча ичимни тирнаб ўтардим. Қолаверса энам, “Мени гўрида тинч ётсин
десаларинг, шу укангни кўнглига қаранглар”, деган васиятлари бор. Шунинг учун
кечаси билан ухламай намоз ўқиб дуоларимда ҳавонинг исишини Худодан ёлвориб
сўрадим…
Тўйни яхши ўтказиб келдик. Онамнинг дуоларини эшитиб ўзини жиловлаган
осмон, сабрини сақлаётган қорлар ҳам бугун – эрта тонгда ўзига роса эрк берибди…
ЭЪТИБОРГА ЭЪТИРОЗ
Эҳ-ҳа, бир вақтлар У шунақа катта (лавозимли) одам эдики, яқинига
йўлолмасдинг. Дамига нақд зоғора пишарди… Кеча кўрдим. Мансабдан кетиб анча
чўккан, қадди букилган. Қадрига етмаган дамларини қўмсаб юрибди…
Инсон зоти ғалати-я?! Оч қолиб тўқликнинг, кексайиб ёшликнинг, дард чекиб
соғликнинг, йўқотгач яқинларининг қадрига етади. Афсуски, шундай. Хом сут
эмган бандалар деб шунга айтишса керак. Токи йўқотмагунча қадрига етмайди.
Бир саволда? Инсон тирикликнинг қадрига қачон етади? Наҳотки унинг учун ҳам
ўлиб кўриш керак бўлса? Ёки онгли равишда руҳи ва жисмида ўлим даҳшатини ҳис
қилишнинг ўзи етарлимикан? Билмадим…
Шифокорларнинг хулосасидан кейин менда ҳам шунга ўхшаш ҳислар ўтди.
Англадимки, дунёдаги ҳамма нарсанинг қадри ўлим олдида ҳеч нарса экан.
Кўп нарсалар ҳақида роса ўйладим. Олисларда қолган болалик йилларим, шу
кунгача кўрган-кечирганларим, қандай яшаганлигим? Нимани, кимларни арзирли
қадрлай олганим? Атрофимдаги одамлар, яқинларим, менга берилган неъматлар ва
имкониятлар, энг асосийси, омонат умрим? Уларнинг қай бири бугун мендан рози?
Яшаган йилларимдан ўзим розиманми?..
Шунақа охири йўқ саволлар билан кун ботиб тонг оттирдим. Эртадан кечгача
атрофимда “гирдикапалак“ бўлаётган аёлимга қараб шугинага ҳам ачиниб қўйдим.
Юзларидаги нур ҳам хира тортиб қолган. Эссиз, имкон борида қадрлаб гул, пул
бериб ҳам ёлчитмадим. Ўйлаб кўрсам тўйимиздан бошқа вақтда унга гул бермаган
эканман. Э Худо, оғриқли “иқрорларим“ бунчалик кўп бўлмаса?!.
Соғайиб чиқсам тез-тез унга гул совға қилишни чин дилдан ният қилиб ўзимга
ваъда бердим.
…Биринчисида жиддий тайёргарлик қилдим. Жуда хурсанд бўлиб кутиб олди.
“Ваъда” бажарилди. “Энди унинг давомийлигини таъминлашинг муҳим”, дея
ўзимга қатъий уқтирдим.
Ҳар ой маош олишим билан барча сарф-харажатлардан олдин гул дўконига
отланаман. “Аҳдимга вафо” қилаётганимдан мамнун бўламан. Лекин бу ҳол узоққа
чўзилмади. Уч-тўрт ой ўтиб уйга гул билан борсам хушламайроқ кутиб оладиган
одат чиқарди. Кейингиларида очиқчасига норозилигини билдирди. – Эй, дадаси, шуни пулини ўзимга берсангиз-чи?..– Нима деганинг бу? Сени хурсанд бўлсин десам…– Раҳмат. Лекин, гул икки-уч кунда сўлийди. Кейин бекор ташлаб юборамиз.
Ундан кўра пулини берсангиз, йиғиб-йиғиб болаларга ўзлари минадиган катта
мошинчадан олардик. У куни боғда миндиргандим хурсандлигини кўрсангиз…– Қанча тураркан? – энсам қотиброқ сўрадим.– Дадаси, мен роса суриштирдим. Сифатлиларини тўрт-беш миллионга топса
бўлади.– Нима? Калланг ишлайдими? – овозим баландлаб кетди.– Ҳавас қилгандимда.– Э-э, ҳавасинг қурсин сени. Мениям каптива, малибуларга ҳавасим келиб
юрибди, оламан демаяпман-ку.
“Кўрпангга қараб оёқ узат”, дўқ-пўписаларимдан мулзам бўлиб қолди. Яхши
қилдим. Бўлмаса хотин киши мияни эговлаб қўймайди.
Йўқ, таслим бўлмаган экан. “Шу гулнинг пулини берсангиз чинни бозордан зўр
чиннивор олардим”, эмиш.
Менга-ку фарқи йўқ. Шу билан хурсанд бўлса, бўла қолсин дейману, лекин бир
вақтлар шифо умидида ётиб ўзимга ваъда бергандимда. Шу сабаб ҳам кўнмадим.
“Гапимиз” бор. Ҳар ой маош олган кунимиз ҳамкасблар ўтирамиз. Бир сафар гул
бозорда озгина ушланиб қолиб йиғинга кеч қолаётгандик, ёнимда диққат бўлаётган
ҳамкасбим жеркиб берди. “Ўзиям жа хотин қули бўлдингизда. Бўлдида энди. Бир
сафар гулсиз борсангиз борибсиз ёки уйга киргизмайдиларми”, дея киноя қилди…
Ўша куни ҳам қовоқ-тумшуқ билан кутиб олди.– Сизга нима дегандим? Неча марта айтиш керак? Мана олдим. Энди бунга
тикилиб кун санаб сўлишини кутаманда кейин ташлаб юбораман…
Одам бир нарсадан қаршиликка учрайверса-чи шу нарсадан қўрқиб, безиллаб
қоларкан. Кейинги ой юрагимни ҳовучлаб гул билан кириб бордим. Эшикдан
киришим билан бошланган “хониши” узоқ давом этиб “авжига” чиқди. Гулни
олмадиям. Бечора гул, болаларимнинг қўлида сен ол, мен ол бўлиб бурда-бурда
бўлиб сочилиб кетди. “Ахир мен ўзимга ваъда бергандим-да”, деёлдим йиғламоқдан
бери бўлиб.
Кейинги ойдан виждонимнинг олдида бебурд бўлмай деб гулнинг пулини
берадиган бўлдим. Кузатсам ҳеч қандай чиннивор-пиннивордан асар йўқ.
Сўрасам “Ўғлингизга сўмка билан милтиқча, қизингизга ободок, лента, памперсга
ишлатдим”, дейди. “Эй билганингни қил”, дедим қулоғим тинчиганидан хурсанд
бўлиб.
Тўрт-беш ойлик танаффусдан кейин яна “жазм” қилдим. Ишхонамиздаги халқаро
тадбирдан сўнг бир сават гулни “гитлер капут” қилиб шартта “Жиззах питак”дан
таксига солиб жўнатиб юбордим. (У ота уйига кетганди.) Телефон қилсам, “Бобо
бувиларимни кўргани Зоминга келдим”, дейди.
Ишга шўнғиб кетган эканман бир вақт онаси телефон қилиб қизи бувисини
йўқлаб кетганлигини сабаб “почтани” ўзи қабул қилиб олганини билдирди.
Овозидан хурсанд. (Қизига юзта атиргул боради-ю, қайси она хурсанд бўлмайди
дедим. Қилган ишимдан ҳаволаниб.)
Ишдан кечроқ қайтдим. Ётар олдидан телефон бўляпти, кўтардим. Салом йўқ,
алик йўқ:– Дадаси, гулга пулни қаердан олдингиз?– Ваалайкум ассалом, – дея зардали саволига юмшоқлик билан кинояли жавоб
қайтардим.– Гапни чалғитманг, гулга пулни қаердан олдингиз?– Топдимда…– Тўғрисини айтинг. Уйга жўнатаётиб пулим йўқ деб зиқналик қилгандингиз-ку.
Шунча гулга пулни қаердан олдингиз?
Ўзимни “камерада” сўроқ қилинаётган маҳбусдек сезиб қўрқиб кетдим.– Э-е, нима фарқи бор, топдимда. “Узумини егину боғини суриштирма”.– Дадаси, айтиб қўяй, агар бешикнинг ичидаги пулни олган бўлсангиз ўзингиздан
кўринг, лекин…
Ҳали гап бу ёқда эканда. Бир сакраб бешикни титкилашга тушдим. Ёстиқчасининг
остида оқ рўмолчага ўроғлиқ пул турибди. Ҳа маккор, гап бу ёқда эканда, ҳали
шунақами? – Ўзи унча пулни нима қилмоқчи эдинг? – Бепарво оҳангда сўрадим.– Шу пулни ишлатдингизми? Ахир мен уни болаларга мошинча обераман деб
йиғиб юргандим… – Гапларини тугатар-тугатмас йиғлаб юборди.
УРУШ ВА ТИНЧЛИК
Улар турмуш қурганидан ўн йил ўтиб ҳам фарзандли бўлмади. Бормаган,
кўрмаган жойи қолмади. Охирги умидларини боғлаб Исроилдаги шифокорларга
кўринди. Аввало, Аллоҳнинг меҳрибонлиги кейин эса шифокорларнинг саъй
ҳаракати билан фарзандли бўлди. Қайғулар ортда қолиб қувончли кунлар
бошланди. Оиладагилар ва уларнинг яқинлари нафақат шифокорлардан, балки
бутун Исроил халқидан бир умрга миннатдор бўлиб уларнинг ҳақига дуо қилиб
яшайдиган бўлдилар…
…Кўзларининг оқу қораси, Худодан тилаб-тилаб олган ёлғизгина фарзанди
айни йигирма тўрт ёшда оила қуриш арафасида эди. Исроилликлар ташлаган бомба
сабабли ўша ёлғизгинасидан ҳам айрилди. Ота-онанинг ҳаёти, орзу-умидлари
барбод бўлди. Оиладагилар ва уларнинг яқинлари то умрларинг сўнггига қадар
нафақат Исроил аскарларини, балки бутун халқини ҳам қарғаб ўтадиган бўлдилар…
УМИД
Қаҳратон қишнинг изғиринли кунлари. Этик олиш умидида саҳарлаб бозорга
борган она жажжи этикчалар олдидан шунчаки ўтиб кетолмади… Яна калиши
билан қор кечиб уйига қайтди. Келибоқ фарзандига этикчаларни кийдираркан
назарида қизчаси ҳозир юриб кетадигандек юраги энтикиб кетди. – Ойи, бу саккизинчи этигим…
Фарзанди ногирон бўлса ҳам тили бурро эди.
ОНА
Акам, опам, мен, иккита синглим ва онам бозорга бордик. Ўзидан бошқа
ҳаммамизга янги кийимлар олиб берган онам ҳаммамиздан кўпроқ хурсанд бўлди…
МАНГУ САВОЛ
Кундан кунга ўғлимнинг бўйи ўсиб, куч-қувватга тўлгани сари отамнинг қадди
букилиб, қувватсизланиб боряпти. Унисига суюнайми, бунисига куюнайми?
ДАРАЖА
Доим унвону мукофотлардан умидвор бўлиб юрадиган “катта ижодкор” ҳеч
натижа бўлавермагач очиқчасига таъма қилишга ўтди ва шу билан қанчалик кичик
шахс эканлигини намоён қилди.
МУҲАББАТ
Унинг чиройли кўзларига ярашадиган кулгилари, лабларига ярашадиган
табассуми, юзларига беркинган иффати, ҳаёси, назокати, руҳиятидаги сокинлиги,
тарбиясидаги босиқлик, нигоҳи ва қиёфасидан таралаётган нур барча-барчаси
мукаммал гўзал эди. Менинг наздимда, Аллоҳ уни камчиликлардан ҳоли қилиб
яратганди. У токи Яратганнинг неъмати бўлган муҳаббатни қадрламаслигини
билганимга қадар мен унга ошиқ эдим.
ОЖИЗЛИК
Муҳаббат бу – ожизликдир деганлари ростга ўхшайди. Мудом туйғуларим билан
курашиб, соғинчга осонгина енгиламан. Кейин дунёни кузатиб иқрор бўламан, не
не мағрур бошлар шу “ожиз” туйғу олдида эгилмаган…
УЗИЛМАЙДИГАН УМИД
Сизни соғиниш, сиз ҳақингизда ўйлаш гуноҳ. Шу гуноҳларимдан покланиш
мақсадида намоз ўқиб, тоат-ибодатлар қиламан. Сўнг дуоларимда мени севиб,
менга мубтало бўлиб қолишингизни сўраб ЯНА гуноҳга ботаман.
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 1-сон