Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

УРУШНИНГ СЎНГГИ КУНИ

Гулноз ТОЖИБОЕВА – 1991 йилда туғилган. Бутунжаҳон Ёзувчилар уюшмасининг
“Вильям Шекспир” номидаги Халқаро мукофоти совриндори. К. Беҳзод номидаги Миллий
Рассомлик ва Дизайн институтини тамомлаган. Болалар ва ўсмирларга мўлжалланган
йигирма биттадан ортиқ китоб муаллифи ва рассоми.


Ҳикоя
Қодир бобо тун ярмидан оққанида уйғонди. Деразадан юзига кумуш нуқралар
сочилган тим қора осмон яққол кўриниб турарди. Юлдузлар қариянинг деразасидан
мўралар ва худди ҳовлига чиқишга ундагандек милтирардилар.
Бошини ёстиқдан узиб, ўринга ёнбошлаб олган бобо, шу ҳаракатиданоқ,
кўксининг чап тарафи зирқиллаб кетганини пайқади. Ўнг қўли кафтини кўксига
босиб, оғриқ турган жойини аста силай бошлади. Охирги пайтларда юрак қурмағур
гоҳ-гоҳ ўзидан дарак берадиган бўлиб қолганди.
“Аҳволингиз чатоқ! Зудлик билан даволанишингиз керак!” деди тунов куни
қўшниси Нурали. Урушда икки оёғидан айрилиб, кўкси тўла медаль ва орденлар
билан қайтган ҳарбий шифокор шунақанги ташхис қўйганидан кейин, ишонмай
бўладими? Фақат даволаниш ҳақидаги гапга ўрин йўқ.– Болаларимиз фронтда жон олиб-жон бериб турган пайтда улар учун сув ва
ҳаводай зарур бўлиб турган дориларни ўзимга ишлата олмайман, – деди Қодир
бобо қўшнисига. – Майли, ўғлим, уруш тугасин, кейин бафуржа даволанарман.
Бу йил тут пишиғида тўқсон икки ёшни ҳатлаб ўтадиган бобо шифокор
қўшнисининг талабини ёддан чиқариб юбора қолди. Урушнинг тўртинчи йили
оёқлаяпти. Қишлоқдаги эркакларнинг бари урушга кетган. Уларнинг ярмидан
кўпидан “қорахат” келган, фақат бир неча кишигина ярадор ёки мажруҳ бўлиб
қайтишди, холос. Қаёққа қараманг, эркаклар ишлайдиган жойларда фақат аёллар
ёки ўспиринлар меҳнат қилиб кунни тунга, тунни тонгга улаяпти. Айни чанг
кўчаларни тўлдириб ўйнайдиган ёки бақатерагу чинорлар соясида тенгқурлари
билан гап сотадиган ўсмирлар ҳамма шўхликлари-ю, ўйин-кулгиларини ҳам
унутиб, далаларда катталардек тер тўкишяпти. Йиғилган ҳосилни тўлиғича фронтга
жўнатишади, ўзлари эса очлик ва йўқчиликка бир амаллаб чидашяпти. Ишқилиб,
урушда қон кечиб юрган аскар болалар ҳеч нарсага муҳтожлик сезишмасин. Шунда
бу офат тезроқ тугайди.
Қодир бобонинг ҳам тилаб-тилаб кексайганида топган ягона ўғли ва тўнғич
набираси фронтда. Эндигина ўн еттига кираётган кенжа набираси тезроқ чақирув
қоғози келишини орзиқиб кутяпти. Барибир бола-да, тезроқ урушга боргиси, отаси
ва акасининг ёнига киргиси, қаҳрамонликлар кўрсатгиси келади.
Бобо бошини кўтарди, кўзларини қисиб, қоп-қоронғи шипдан ниманидир
излади, лаблари унсизгина шивирлади: “Эй, Оллоҳ, ўзинг марҳаматлисан,
болажонларимизнинг бошини омон сақлагин. Уларнинг душман қўлида нобуд
бўлишларига йўл қўймагин. Илоҳим, оналар боласининг жасади узра кўзёшларини
тўкмасин! Оллоҳим, биздан марҳаматингни дариғ тутма, номинг ўчгур уруш тезроқ
тугасин!”
Оҳ, юрагидаги оғриқ яна ёйилди чоғи, бобонинг бадани ва оёқларида ёқимсиз
заифлик пайдо бўлди. Энди у кучсиз, қоқсуяк қўллари билан оёқларини силай
бошлади. Ярим соатча шу тарзда куймаланиб ўтиргач, ўрнидан турди ва зўрға
қадамлаганча ҳовлига чиқди.
Ташқарида ҳаво салқин, чоққина ҳовли ўртасида виқор билан ўсган азамат тут
япроқларининг шитиригина тун сукунатини бузиб турарди.
Қодир бобо бошини кўтарди, кексаликдан нурсизланиб қолган кўзларини
яна шўх ялт-юлт қилаётган юлдузларга тикаркан, улар орасидан Тонг юлдузини
топишга уринди. “Ҳали Зуҳро чиқмабди, – деб ўйлади у ўзича. – Демак, ҳали учинчи
хўроз қичқириғига анча бор. Майли, энди барибир ухлай олмайман. Яхшиси боққа
чиқиб, ўрикнинг тагида ўтира қолай”.
Ўрик дарахтини эслаганида, Қодир бобонинг юзига табассум югурди. Боғнинг
энг узоқ бурчагида тарвақайлаб ўсган ўрик бу йил эрта баҳорда жаннатий бўй
таратувчи пуштиранг гуллар билан қопланди. Бобонинг келини Марҳамат нуқул
ўрикнинг атрофида ўралашар ва завқ тўла кўзларини пуштиранг гулчалардан
узолмасди.– Ҳай, ҳай, кўз тегмасин-ей! Бу йил ўригимиз еру кўкни тўлдириб ҳосил
беради-ёв, – дерди у ва ҳар эҳтимолга қарши ёқасини қайириб туфлаб қўяркан. –
Мевасини нест-нобуд қилмай териб олсак, офтоб тиғида қуритамизу, фронтдаги
аскар болаларга жўнатамиз. Улар кучга тўлиб, отинг ўчгур фашистларнинг жонини
суғуриб олишади!
Ўригига қўшниларининг кўзи тегиб қолишидан чўчиган Марҳамат ҳатто
бир неча марта дарахтига исириқ ҳам тутатиб қўйди. Гарчи Қодир бобо ирим
сиримларга ишонмаса-да, лекин келинига ҳалақит бермади. Майли, шундай қилса,
эҳтимол кўнгли сал таскин топар, деди.
Тез орада ўрикнинг гуллари шабадада чирпирак бўлиб айланиб, ерга тўкилди.
Уларнинг ўрнида майда-майда довуччалар пайдо бўлди. Шунда… тут дарахтининг
соясида мудраб қолган Қодир бобо келинининг кутилмаганда жон ҳолатда
додлаганидан уйғониб кетди:– Уйинг куйгурлар! Ўғирлашибди!
Кейин билишдики, дарахтнинг пастки шохларида биронта ҳам довучча қолмабди.
Ўрикнинг энг юқори шохларида анча йириклашган, лекин ҳали қаттиққина кўм
кўк довуччаларгина ғиж-ғиж осилиб турарди.
Тўғри, “ўғри”ни узоқ излашга тўғри келмади. У… Гулнора бўлиб чиқди.
Ёқимтойгина, камгап, камсуқумгина Гулнора бобонинг қишда урушга жўнаб
кетган тўнғич набираси Козимнинг хотини.– Ҳой, ўзингни бос, келин! – бобо ёшгина келинчакка бобиллашга чоғланган
Марҳаматга ўқрайиб қаради. – Нима ўзинг ёшлигингда қандай бўлганингни
унутдингми? Бобиллашнинг ўрнига келинингни бағрингга босгин, уни асраб
авайлагин. У юрагининг тагида сенинг набиранг ва ўғлингнинг тўнғич боласини
олиб юрганини унутма! Мени эваралик бўлиш бахтига етказган Оллоҳга минг
қатла шукур!
Ҳозир, субҳидам қоронғисида, кекса Қодир бобонинг кўзлари ҳеч нарсани
кўрмаса-да, лекин ҳали ўткирлигини йўқотмаган қулоқлари боғдаги элас
элас ҳаракатларни илғади. Гарчи бобо уни ҳимоя қилаётган бўлса-да, Гулнора
қайнонасининг ғазабини қўзғамасликка уринар, шунинг учун ҳам довучча ейиш
учун боққа кечаси чиқаётган эди.
Қодир бобо жилмайиб қўйди ва боққа бориш фикридан қайтди. У тут дарахти
тагидаги тахта каравотнинг бир четига омонатгина қўнди. Тўсатдан бошига
юмшоққина нимадир урилди, бир сакради-да, қулоғининг ортига қисилиб қолди.
Қодир бобо қўлини узатиб, қулоғи ортидаги нарсани олди ва хира кўзларига
яқинлаштириб, оқиш-пуштиранг тусли, етилиб пишган тут мевасини кўрди. – Тут пишибди! – қувониб, ўз-ўзига шивирлади бобо. – Оллоҳга шукур, тут
пишиғига етдик! Энди қутулдик. Энди очдан ўлмаймиз.
Қодир бобо кўзларидан тирқираб оқиб тушган қувонч ёшларини енги билан
артди. Шу пайт у ёнгинасида турган обдастани кўрди. Чаққонгина невара-келини
Гулнора хаёлга чўмган бобони безовта қилмаслик учун оёғининг учида келиб, илиқ
сув солинган обдастани қўйиб кетган экан. – Илоҳим, бахтли-тахтли бўлгин, қизим! – деб алқади Қодир бобо ва таҳорат
олгани йўналди.
Бомдод намозини ўқиб бўлгач, тахта каравот турган жойга қайта чиққанида,
тонг отган, қўшни уйлар томлари узра баҳор қуёшининг ёрқин нурлари таралиб
турарди.
Невара-келини Қодир бобо хонтахта ёнидаги жойини эгаллашини кутиб турди
да, кейин пиёлаларга чой қуя бошлади. Уруш бошлангандан буён қишлоқ аҳли чой
таъмини аллақачон унутиб бўлишган, чой ўрнида қуритилган олма баргларини
дамлашар, баъзан ялпиз, жанбил, наъматак ёки жийда мевалари дамламаси ҳам чой
ўрнига ўтарди.
Мамлакат хонтахтанинг бир чеккасидаги тугун қилиб ўралган дастурхонни
очди. Унинг ичида тўрт бурда зоғора нон турарди.– Ота… фақат шугина қолибди… – айбдорона оҳангда пичирлади Мамлакат. –
Уйда бир пайса ҳам ун йўқ, ҳатто туршак ва лавлаги ҳам қолмади. Эртага нима
еймиз, билмадим… – Қизим, ҳаммаси Яратган Эгам амрига боғлиқ, – деди бобо қайноқ олма чойни
лаззатланиб ҳўпларкан. – Эртанги кун ҳақида эртага ўйлаймиз, хўпми, болам?
Бугун эса берган насибасини еймиз. Бизга шу неъматни ато этган Тангримга
шукрона айтамиз!
Бобонинг кенжа набираси Салим норозиланган кўйи жойида типирларди. Туни
бўйи қорни карнай-сурнай чалгани етмагандай, булар нега гапни чўзишади-я?
Қодир бобо бўйи чўзилиб қолган набирасининг сабрсизланаётгани сабабини
тушуниб, келинига қаради:– Оббо, нега худди бозордаги кампирларга ўхшаб гап сотамиз-а? Қани,
болаларим, нонга қаранглар!
Шу пайт эски темир дарвоза томондан қўшни Зарифа опанинг баланд овози
эшитилди:– Мамлакатхон, уйдамисиз?
Ҳаммалари ўша томонга ўгирилишди. Шу пайт Салим қўлини тез дастурхонга
узатиб, бир бурда зоғора нонни чангаллади-да, кўйлагининг ичига тиқди. Ўғлининг
кутилмаган бу қилиғидан довдираб қолган Мамлакат ҳам беихтиёр бир бурда
зоғорани қўлига олиб, кафти орасига яширди. Бироқ қайнатасининг норози нигоҳини
илғади-ю, дув қизариб кетди ва нонни қайтариб қўйишини ҳам, қўймаслигини ҳам
билолмай, хўрсина бошлади. Ёшгина келинчак Гулнора эса ўзининг улушига қўл
узатишга журъат қилолмасди. У худди тош ҳайкалдек қимирламай ўтирар ва оч
кўзларини дастурхон устида турган икки бурда зоғорадан узолмасди.
Қўшни аёл Зарифа опа эса уй эгалари чиқишини ҳам кутмаёқ, катта-катта қадам
ташлаб, худди югургандек тез ҳовлига кириб келди. – Ассалому алайкум, Қодир бобо! – Зарифа опа тезгина бобога салом берди-ю,
бироқ бошқалар билан сўрашишни ҳам унутиб, янгилигини етказишга шошилди. –
Айланайлар, севинчимни сизлар билан баҳам кўргани келдим-ей! Бизнинг ўғлимиз
тирик экан! Эсингиздами, қирқ учинчи йилда қорахат олувдик-ку?! Аза очувдик,
баҳолиқудрат йилини ҳам берувдик! Болам бечора бу пайтда оғир ярадор бўлиб,
ўзини билмай, Белоруссиядаги бир аёлнинг уйида ётган экан. Ўғлимдан хат келди,
айланайлар! Яқинда уйга келармиш! – Вой, Зарифахон, бу қандай қувонч бўлди-я! Тасаддуқ бўлай ўзим сиздан! – деб
хитоб қилди Мамлакат, одатича кафтларини бир-бирига ураркан.
Шу пайт кафти орасига яшириб турган зоғора бурдаси тап этиб ерга тушиб
кетди. Ҳали оғиз очишга улгурмаган Қодир бобо, Мамлакат ва Гулнора шунақанги
ноқулай ҳолга тушишдики, дув қизариб кетишди. Воқеадан бехабар қўшни аёл эса
тезгина ерга эгилди, нонни қўлига олди, устини кафтлари билан суртди, пуфлаб
чанг-чунгларни кетказган бўлди-да, кейин кўзларига суртиб, дастурхон устига
қўйди. Қўшни аёл шу ишларни қилаётган пайтда, уй эгалари жимгина унинг хатти
ҳаракатларини кузатиб туришарди.– Қодир бобо, ўғлим урушга кетганидан бери бир қоп буғдойни яшириб
келаётгандим, – деди Зарифа опа ҳаяжонини ҳамон босолмай. – Боламнинг
урушдан соғ-омон қайтишига асраётгандим. Ўғлимда хабар келганида эса бу буғдой
келажакда ўғлимга ортиқча асқотмаслигини, айни пайтда эса ким учундир жудаям
керак бўлиши мумкинлигини тушуниб қолдим, – қўшни аёл Гулнора томон имо
қилди. – Ўша буғдойнинг ярмини сизларга илиндим. Чин кўнгилдан олиб келдим!
Қодир бобо бош ирғаб, невара-келинига қўшнининг қўлидаги халтачани олишга
рухсат берди, кейин ўзига хос босиқлик билан гап бошлади:– Қизим, ҳамма нарсанинг ибтидоси ва интиҳоси бўлади. Урушнинг бошланиши
бор эди, Худо хоҳласа, яқинда охирини ҳам кўрамиз. Мана кўрасизлар!– Айтганингиз келсин, Қодир бобо! Айтганингиз келсин! – деб такрорлашди
аёллар ва бу янгиликни муҳокама қилганча дарвоза томон йўналишди.
Қодир бобо кўксидан сакраб чиқиб кетгудек бўлиб ураётган юрагини қоқсуяк
қўллари билан маҳкам босганча узоқ ўтирди. Гарчи қўшни аёл келтирган хабар
қувончли янгилик бўлса-да, бироқ қариянинг хаста юраги учун оғирлик қилганди…
Қайнатасининг тут дарахти тагида узоқ ухлашидан хавотирга тушган Мамлакат
тушга яқин Қодир бобога яқинлашди. Шунда Қодир бобо чин дунёга сафар қилгани
маълум бўлди.
Эртаси куни бомдод маҳали Қодир бобонинг жанозаси ўқилди. Эркаклар
бобонинг тобутини елкага олиб, ҳовлидан чиқишга чоғланган пайт, тўсатдан
кўчада қаттиқ шовқин-сурон кўтарилди. Кейин эркак ва аёлларнинг ҳаяжонга
тўлиқ хитоблари азали ҳовлига бостириб кирди: – Халойиқ-қ-қ! Уруш тугади! Тунда фашистлар таслим бўлишибди! Биз ғалаба
қилдик! Бугун Ғалаба куни деб эълон қилинди! Ғалаба куни!

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 1-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil