Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Ишқ бу Яратганнинг буюк имдоди

Санобар МЕҲМОН – 1981 йилда туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари
университетининг Халқаро журналистика факультетини тамомлаган. Ижодкорнинг
“Яшил ибодатлар”, “Ҳайёмона қўшиқлар”, “Ишқ келяпти пўшт-пўшт”, “Сўзнинг
ватани” номли китоблари нашр этилган.


* * *
Бир ёнда…
Қорнинг сувратига чеврилган умр,
Бир ёнда балони эмар минг ҳузур,
Бир ёнда Мавлоно тушгайдир садр
Руҳга келаётган фасли наводир!
Бир ёнда айрилиқ, жудолиғ тоти,
Бир ёнда васлнинг ўтлиғ баёти,
Билмадим, не бўлар бу ҳиснинг оти
Ҳар неки билгувчи Қодир Худодир!
Бир ёнда карам мўл, бир ён хасис бахт,
Бир ёнда сахий мунг, арзанда фараҳ,
Бир насия шодликка шунча қурбон вақт
Битта қувончингга минг иддаодир!
Не бўлар шоирнинг кўрган сафоси,
Етгани Мажнуннинг дашту саҳроси,
Эй, сен бу кўнгилнинг қотил савдоси
Ёнганни куйдирмоқ не муддаодир!?
Ёнғиним қайгача, кулим қайгача,
Мени таъқиб этар ўлим қайгача,
Дард айтиб борганим дардкаш майгача
Хум мендан баттарроқ ғамдан адодир.
Гар ёнсак шу ишқдан кулимиз покдир,
Аслан, бу танимиз зарраи хокдир,
Азал ошиқларнинг сийнаси чокдир
Ёлғизнинг Ёри ёлғиз Худодир!
Бу ишқда ёнмоқлик дардга даводир!..


* * *
Билмадим, кимларга ўхшадим,
Ўзимни пойингга тўшадим,
Умримда бир кеча яшадим
Тунингга рози бўл!..
Тўкилиб боряпман кун-бакун,
Бир олис, бир ғаним ёр учун,
Бошимда чарх урма чархи дун
Хунингга рози бўл!..
Бир дилга минг ғамни таратган,
Кўзимни ул кўзга қаратган,
Художон кўнглимни яратган
Кунингга рози бўл!..


* * *
Безийнат,
беҳикмат,
бешафқат – тақдир роҳларини оралаб,
Видо боғларини оралаб,
Қайғу тоғларини қоралаб,
Ва сўлғин гуллардан саралаб
Ўтиб бораяпмиз қирқдан, эй умр!
Ношукрлик яхшимас аммо,
Аммо на шавқ бор,
На завқ бор
Нада севилмак;
Бўм-бўшмиз хазонли боғ аҳволидай,
Хомушмиз йиғлаган қиз хаёлидай,
Сархушмиз Ҳайёмнинг изтиробидан
Пишганмиз ҳижроннинг оби-тобидан
Аммо, бир он яшолмасдан
ҳайрат ичинда.
Шавқ топмай анжуман – суҳбат ичинда,
Пинҳон қайғу, ғаму ғийбат ичинда
Кетиб бораяпмиз қирқдан элликка.
Эй умр, нега жимсан?!
Нечун дод солмайсан бу аҳволингга.
Нега уйғонмайсан
Ахир бир марта келарку дунёга одам,
Бир бор яйраб яшамасанг, айт, қачон яшайсан ушбу умрингни.
Бу пинҳон ғамингни,
Айтолмай ўтаётган сўзингни,
Яшолмай ўтаётган ҳар бир дамингни
Хунини қандайлар тўлайсан?!
Бир лўли каби озодлик соғинган умр,
Бир майсадай ободлик соғинган умр,
Шу оқар сув каби дилшодлик соғинган умр
Ўтиб бораяпсан қирқдан элликка…
Шу дарахт гуллайди ҳар баҳор беармон,
Шу гиёҳ яйрайди хазон бўлгунча.
Сен-чи бутун умр гуллолмай бир он
Хазон сипоҳига руҳинг тўлгунча
Ўтиб бораяпсан қирқдан элликка.
Кетиб бораяпсан тақдирдай тикка…
Ўтиб бораяпсан ношуд, беҳуд, паришон…
Эй бир лўли каби озодлиги йўқ,
Бир оқар сув каби ободлиги йўқ…
Паришон кўнглим…


Қисмат


Кетдим, кетавердим киприкларимдан
Томчилаб уммонга етгунча ёшим.
Билмадим тўхтамоқ даркорлигини
Кетдим оёғингга етгунча бошим.
Қанча жабрларга бўлганда шоҳид
Билмади сўзламоқ расмин қароғим
Қўққисдан тўхтадим,
тўхтадим ҳайҳот!
Тўхтадим бошимга етгач оёғим…


Надомат


Дил ҳамон тентирар, ишқнинг ғамида,
Жонга тиғ санчадир ушбу яроким.
Худо уриб қўйган нафс ҳангомида
Билмайсан мотам ким, мотамсаро ким.
Туйғулар умрдай кетганда увол,
Ҳислар умид янглиғ бўлганда талош.
Кел энди ўзимга келгин, келақол
Айт, кимнинг ғами бу кўзингдаги ёш.
Фано зулматида Бақонинг ёди,
Борлигу йўқликка Ҳақ буюк имзо.
Ишқ бу Яратганнинг буюк имдоди
Ишқ Бани Одамга илоҳий жазо!
О, нафснинг йўлида судралган басир,
О, руҳининг Ҳолин англолмаган шўр.
Севгидан қолгани минг бир афсона
Нафсга ўйилгани биттагина гўр…


***

Бир гул келди кўнглим ичидан,
Унда ҳазин нафосатлар бор.
Яшалмасдан қолган севгидан
Хушбўй-хушбўй шикоятлар бор.
Бир нур келди кўнглим тубидан
Нурки унда самовотлар бор.
Ҳар қатида осмон тоқидан
Келган қадим ҳикоятлар бор.
Бир ишқ келди бошқа оламдан
Хабар берди: “Саодатлар бор!”
Билмайсанда мени дунёга
Боғлаб турган маломатлар бор.
Не бор, бари ўткинчи рўё
Ҳар недаки ҳаловатлар бор.
Айланади чархи-бедаво
Ҳар лаҳза минг синоатлар бор.
Эй, кўзлари жонимга тузоқ
Эй, руҳида иноятлар бор.
Кел учамиз баланд ва узоқ
Бу парвозда фароғатлар бор.
Бир он чида, чидагин озроқ,
Сабр учун ишоратлар бор.
Муҳаббат бу энг гўзал тузоқ
Бу кўзларда қиёматлар бор…
Бу кўзларда буюк интиҳо
Яна буюк бидоятлар бор.
Юр кетайлик, умри-бевафо
Бу кўзларда ҳидоятлар бор.


* * *
Одам кетиб борар…
Д е санка Максимович


Фалакка ўрларкан, руҳнинг қушлари,
Жонким бу танангни тарк этиб борар.
Дунё билан тугаб барча ишлари
Одам
кетиб
борар…
Ҳар неки қиласан, ҳар не аъмолинг,
Азал котиблари дарж этиб борар.
Наҳотки, сўлади гулдай жамолинг
(Гулгун мато билан тобут ичида)
Одам
кетиб
борар…
Шундоқ ёнимизда яшар эди у,
Дунёни дунёдай тарк этиб борар.
Ахир, сизу бизга ўхшар эди у
Энди кетиб борар…
Келмоқлик-кетмоқлик гарчанд, эҳтиёж,
Гарчанд у фанодан дарс ўтиб борар.
Боқ, жоним, фикр қил, кўзларингни оч
Одам
кетиб
борар…
Вақтга ўхшаб кетар, сокин ва бедил,
Шу ҳолда Тангрига хуш келар ҳоли.
Ўйла, тафаккур қил, нотавон кўнгил
Шу ҳолда тугайди тақдир аъмолинг!
Ҳазрати Исодай қазога ризо,
Билмадим, ҳолидан не ўтиб борар.
Бу одам зотига илоҳий жазо
Одам
кетиб
борар…
Гарчанд, кўнглимизда ҳаёт нашъаси,
Ҳамонки, дилда бир севилмоқдай ноз.
Кел, сени сўнгги бор туйсин нафасим
Кел, мени сўнгги бор, бағрингга бир бос.
Сўз ҳам тополмадим, топмадим илож,
Жон қуши Худога не деб, ёлборар.
Эй одам, жон одам, кўзларингни оч
Одам
кетиб
борар…


* * *
Мен кимман;
Гулнинг япроғига Худо битган хат,
Тупроққа ҳавола қилинган танман.
Минг йилки Ошиқлар англолмай диққат
Ишқ, дея аталган энг сирли фанман.
Мен кимман:
Осмоннинг заминга эккан,
Аҳли Ишққа ҳадя, қуёшиман мен.
Зулайҳонинг Юсуф ҳажрида тўккан
Севгига айланган кўзёшиман мен.
Мен кимман;
Мавлоно Румийнинг ичкин ноласи
Шамс Табризийнинг фарёдиман мен.
Онамнинг энг содда, доно боласи
Яратганнинг гўзал ижодиман мен…
Мен кимман;
Ғунчалар Ишқ туккан маҳал,
Аллоҳ, – деб оҳ чеккан нидосиман мен.
Минг йилки бир дилнинг қошида маҳтал
Ёронлар, соғинчнинг адосиман мен…
Мен кимман,
Мажнуннинг самовий оҳи,
Лайлидан олмаган қасосиман мен.
Ҳазрати Айюбнинг ижобат чоғи
Ижобат этилган дуосиман мен.
Шу дуо хайридан дунёга келган
Дунёнинг самимий дунёсиман мен.
Ҳар лаҳза минг тўлиб, минг бор тўкилган
Кўнгилнинг бир маъсум дарёсиман мен.
Эй фалак, дастингдан дод демасман йўқ.
Ҳар неки кўргуздинг шайдосиман мен.
Тақдири азалнинг гул билан битган
Санобар аталмиш иншосиман мен…

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil