Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Хосиятли  сон

Тўлқин ҲАЙИТ

Хосиятли  сон

“Шарқ юлдузи” журналининг ўн иккинчи сонини ўқиб…

        Одатда, газета, журналлар, ҳатто китобларни бир-бир варақлаб, улардаги ўзим қизиққан, кўнглимга ўтирган, ёхуд бадиий жиҳатдан пухта бўлган ҳикоя, қисса ва романларни ўқир эдим, холос, бу гал эса  адабиётимиз кўзгуси бўлган  журнални қўлдан қўймай ўқидим.

     Журнал таниқли шоир Икром Бўрибоевнинг “ҲАММА ЎҚИЯПТИ.ЎҚИНГ!” таҳлилий мақоласи билан бошланган. Мавзу яна китоб. Аммо бу бошқача мақола бўлибди: ҳар томонлама ўрганишга, тарғибот қилишга, сбаоқ олишга арзийди. Мақтаяпти, деманг. Биринчи галда, муаллиф мазкур таҳлилий мақолани ёзиш учун жуда узоқ изланган, керакли маълумотларни эринмай тўплаб, саралаб, уни қай йўсинда ўқувчига етказишни обдан ўйлагани яққол сезилади. Битта шу мақола учун нақ 26 та мавзу танланганинг ўзи бир дунё гап! Ва яна уларнинг ҳар бири ўзича мустақил фикр, жиддий лавҳаки, кетма-кетлиги, бир-бирини тўлдиргани ғоят ажойиб, Айниқса, хулоса янада чиройли! Бу ҳақда охирроқда тўхталамиз.

       Мақола “Қайси китобни ўқияпсиз?” деган савол билан бошланади. Муаллиф бошиданоқ бутун миллатни кўз олдига келтиради ва шунга яраша сўз айтади. Шахсан, ўзим бозорда ҳар куни китоб ўқиб савдо қиладиган ва ҳар кунлик газета, журналларни буюртма билан олиб мутолаа қиладиган бозорчиларни  биламан. Оддий боғбоннинг бир муаллфининг асарини ўқиб, унга жиддий баҳо берганидан ҳайратда тушганман. Бир бухгалтер ошнам энди жаҳон адабиётини ўқимоқда. Бир дўстим ҳар ойда маошининг бир қисмини китобга сарфлайди, яъни болаларим ўқисин, дейди. Жовли Хушбоқ танишимнинг 45 минг китоби бор. Сувон Мелиники 60 минг экан. Ўзимникини айтмай қўя қолай. Биз бугун давлатли миллатмиз. Халқимиз ҳақида ҳар гапни айтишдан олдин унинг шаънига тўғри келадими, йўқми шу сўз, деб ўйлайди ақлли фарзанд. Шу боис, муаллиф  ҳам: “Сиз китоб ўқияпсизми ёки ҳозир ўқияпсизми?” деб сўрамоқчи эмас. Мен ўқияпман…сиз ҳам ўқияпсиз, бошқалар ҳам ўқияпти”, дейди ва халқимизга ўта ҳурмат билан муносабатда бўлади.  Лекин юрак оғриғини ҳам яширмайди: “ўғри ҳаммани ўғри” деб ўйлашини, “китоб ўқимай қўйган одамлар бошқалар ҳам ўқимай қўйди, деган фикрда эканини ҳам гап орасида қистириб ўтганки, бу ҳолатга жиддий қарашимизга тўғри келади.

       “Давлат раҳбари – бош тарғиботчи” эканини алоҳида изоҳлаб ўтаркан, айнан Президент Шавкат Мирзиёвнинг ҳал этилиши кутилаётган жуда кўп муаммолар қатори китоб ва китобхонлик масалаларига юксак эътибор қаратаётганини, айниқса, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий мақсадларидан бири ёшлар орасида китобхонликни ривожлантириш ва тарғиб этиш эканини, бунгача бўлган жараёнларда бир қанча қарор ва фармойишлар асосида бу соҳада изчил ўзгаришлар, амалий ишлар қилинганини, айниқса, “Туркий адабиёт дурдонлари” деб номланган 100 жилдлик китоблар туркумини нашр этилгани, “Ёш китобхон” танловларининг ўтказилгани ва унинг “шов-шуви” ҳақидаги фикрлар ҳам  алоҳида тилга олиб ўтилган.

       Мақола ҳаётий манбаларга асосланган. Масалан, ижтимоий фикр ҳақида сўз юритилар экан, “Миллий тикланиш” газетасида босилган “Автомобил бозоридаги ҳолат ўрганиляпти, аммо китоб бозоридаги  аҳвол эса йўқ” сарлавҳали мақола натижаси кўздан қочирилмаган. “Китоблар етишмайдими?” деган саволга жуда одилона жавоб бор: муаллиф мамлакатимиздаги жами китоблар сонини пухта таҳлил этиб, ҳисоблаб, оқилона қарорга келади: 2024 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, аҳолимиз 37, 4 миллион кишини ташкил этган бўлса, шундан 0-7 ёш болаларимиз сони 7 миллион, яъни фаол китобхон эмас, деб ҳисобласак, қолган 30 миллион аҳолига 128 млн. 692 минг 867 та китоб тўғри келар экан. Ҳа, айтмоқчи, эътирозларни ҳам, албатта, назардан қочирмаймиз: ҳали ижодкор аҳлининг китобларини 100, 200 минг нусхаларда нашр этиш йўлга қўйилгани йўқ, аммо ўқийдиган китобларимиз бор экан, демак, китоб етишмаяпти, деган фикрлар унчалик ҳақиқат эмас, дея хулоса чиқади бундан.

       Мазкур таҳлилий мақола ҳақида яна узоқ фикр билдириш мумкин. Қисқа хулоса қиладиган бўлсам, муаллфининг қуйидаги ундалмалари ҳар қандай кишининг ёдида муҳрланиб қолиши аниқ:

– “…бу дунёда биргина Алишер Навоий асарларини ўқиш учун ҳам келиб кетсанг арзийди”;

      – “Микрокредитбанк” АТБ нинг китоб лойиҳасга қарсак чалса бўлади, бор экан-ку, ватанпарварман, дегани;

      – Бенедикт Андерсон: “…тараққиётнинг умумий кўламида ҳар бир халқнинг ўрни…ўқиётган китобларининг сони билан белгиланади”;

      -Ҳазрати Бобур  Самарқанд ҳокими Султон Аҳмад мирзони ҳеч нарса ўқимаган оми киши сифатида танқид қилган: “Афсуски, китоб ўқимаслиги  билан мақтанадиган амалдорлар, пул топиб, ақлу фаросат топмаган “тадбиркор”лар орамизда йўқ эмас”.

       МАҚОЛАни ўқиб тугатар эканман, кўнглим кемтиги тўлгандек бўлди, бу фақат шу соҳа вакили бўлганим учун эмас, китоб ўқимаган инсон пул топиши, тоғдек бойликка эга бўлиши мумкин, аммо ўша эсдан чиқармасин, Худонинг ҳам синови бор, яъни унга шунча бойлик бериб, миллат иши учун бир синовга солиб кўриши тайин, буни ҳеч ким инкор этолмайди; айнан ана шу жойда у қоқилиши, синовдан ўтолмаслигини изоҳлаб ўтиришга ҳожат йўқ. Бу гапимни ўқиганлар: “Бойлар айшини суриб юрибди-ку!” дейишлари ҳам мумкин. Ҳа, албатта, айшини сураётганлари ҳам бор, аммо бу икки эшик орасидаги “ўйинлар”, холос. Қилкўприк-чи? Шунча бойлик топиб, битта олим тайёрламаган пулдордан дунё не наф кўради. Яратган-чи?!

         Муаллиф ошиғич хулоса беради: “Ўзбекистон – китобхон мамлакат”. Ақлли жавоб: халқимизга бўлган катта ҳурмат бу!

         Шу гапларни ўқиб, журналнинг 21-бетига ногоҳ кўз югуртирсам, ҳамиятли ижодкор, амалдор Зиёвуддин Мансурнинг “Қачонлардир” шеърига кўзим тушди: “Улус бизга ҳавас қилгай қачонлардир”. Э, яшанг, мавлоно, деб юбордим. Мен, сен, улар; биз, сиз ва сизлар шу Ватан учун меҳнат қиляпмиз-ку! Четдан туриб, тош отиб, биз “зўр”миз, деб томоқ шишираётганимиз йўқ. Тер тўкяпмиз, юрак қонини беряпмиз, кучимизни, кўз нуримизни сарф этяпмиз! Миннат эмас, фарзандлик бурчини адо этмоқдамиз. Тўғри, камчиликларимиз, оқсоқликларимиз кўп! Кечирасиз, Сиз ҳам онадан туғилибоқ доно бўлиб қолган эмассиз. Жараён, вақт, фурсат, деган гаплар бор. Америка ҳам бирдан тоғ каби тараққиёт чўққисига чиққан эмас!

         Шу ўйлар билан кейинги саҳифага ўтсам, худораҳмати ўтли шоир Назар Шукурнинг қув укаси Ўроз Ҳайдар: “Темур – улкан чинор, Улуғбек – чинор..” деб турибди-да!

         Мингчинор – яшил туғ кўтарган маъво,

         Балки белбоғидир алп Осиёнинг!

Тасодиф деб ўйладим буни!

         Аммо кейинги бетга назар солишим билан,  дўпписи ўзига ярашган ўйчан Зайниддин Нўъмонхон: “Ширин тушларига ишонар боғлар”, дея луқма ташлади.

       “Булар тасодиф эмас”, деган овоз янгради кўнглимда. Қани навбатдаги саҳифани кўрай-чи, унда нима бор экан, дея варақласам, “Одам Атонинг сўнгги авлоди”да (муаллифлар Темур Пўлатов, Шерзод Комил Халил):  “Ижор халқи нима сабабдан камайиб бормоқда?” деган савол билан огоҳликка чақиришди. Миллат кўпаётган экан, рисқини ўзи беради, Худо кўрсатмасин, камайиб кетса, бундан ёмон фожиа йўқ!

         Кочубей, Микола, профессор  – ажаб дунё! Ўқиб чиқсангиз, бир дунё топасиз! Ҳажми бор-йўғи – 23 варақ! Зумда “еб-ичасиз”, роҳати ўзингизга!

       60-бетдан, албатта, сакраб кетолмадим:

       тепада “Ижор халқи нима сабабдан камайиб бормоқда?” деган огоҳликка дуч келиб, ўйланиб турган пайтимда  “Булбулни англадим, боғни тушундим” (Карим Баҳриев) шеърлар туркуми аро: “Навоий. Қуш тили.Лисон ут-тайр..” дея фкиримни яна китобга қаратди. Буларни тасодиф деб бўладими? Балки таҳририятнинг зукко “усталари” бу кетма-кетликни атайин “дизайн” қилишгандир, деган хаёлга ҳам бордим. “Бандасининг қўлидан ҳар бало келади!”

        Суҳбатга Олимжон Умаров қўшилиб:

        “Суҳбатулло, сенга қолар даста китоб-маънили…” – дея ният қилди. Энди буни тасодиф бўлмасди.       

         “…бир даста китоб-маънили!” Қанчалик ёқимли ният!

         Ҳайратим ошди.Ё мен ҳаяжонга бериляпман, ё бўлмаса, ҳақиқатан ҳам, журналнинг бу сонида қанақадир нур мавжуд!

         70-бетда Нурхон чиройли табассум билан:  “У онлар тирилмоқ учун кифоя!” деб турса, мен яна буни тасодиф дейманми?!

          Энди мен журналнинг бу сонида мўъжизаларга дуч келаётганимга тан бера бошладим. “Хосиятли сон бўлибди” дея иқрор ҳам бўлдим. Кейин “Жаманқул қабристони” га юрагим бетламай назар солдим.Бундан бирор нима топмасам керак, деб ўйлагандим, лекин  Сардор дегани: “…номрадлик қилганликдан, оғзибирчилик (иноқ) бўлмаганидан, қавмдошларимизни севмаганликдан, туққан (киндик қони тўкилган) масканимизни қадрламаганимиз учун душманларга дош беролмай, Ватанимиздан жуда бўлдик”, деса бўладими?! Ижро қавми билан бу “дакки” ўртасида боғликлик йўқ, дея ким инкор этади? Ким? Базарбай ака таржимани қотирибди. Беш баҳо! Ва лекин бу “дакки” менга ҳам тарсакидек қаттиқ ботди! Сизга-чи?!

Юрак ютиб, 76-бетга боққан эдим: “Унутмас мени боғим” дея Учқун Назаров “Алангали салом!” берса бўладими?! Йўқ, Учқун ака, сизни унутиб бўладими?! Талабалик йилларимизда бизга туйғуларимиз бир ошно эдингиз! “Унутмас мени боғим!” – Усмон Носирни ким унутади? Бунинг ортидан  Ҳамид Бурҳон: “Анвар Обиджоннинг парвози” беҳуда эмаслигини айтиб, унинг сатрлари билан: “Ўзбекнинг  ўзига беклиги недан?” дея савол берди. Мен жавоб топмасимдан бурун Ўткирбек Муҳаммад Собир: “Ҳар лаҳза ғанимат…”, дея луқма ташлаб: “Кўп Қуръон ўқинглар, соясиз кунда, У ўз соҳибини айлар шафоат”, дея яна китобга меҳр беришга ундади. Фикрларнинг кетма-кет боғланиб бораётганидан қувончим ортидан ҳадик  ҳам ортди. Лекин Нормамат Йўлдошев: “Ўзликни англаш саодати”ни яна эслатгандан сўнг, унинг ортидан  Ҳалим  Саййиднинг табассуми тагида нима маъно бор  экан, деб, унинг “Саёҳатнома”даги олтин зарралар”ига кўз ташласам, Беҳбудий улуғимизнинг китобларидаги: “Ер юзинда сулҳ ва салоҳи умумий ато айла, инсонларга  инсоният бер! Золимларни қаҳр эт, маҳв бўлсун зулм…” деган хитобини дунёдаги кескинликка, айниқса, Россия, Украина урушларини тугатиб, инсониятга тинчлик, хотиржамлик ато этишларига бўлган тарих тубидаги ҳайқириқ ўрнида қабул қилдим. Давоми-чи, дерсиз?! Давоми янада қизиқ бўлди. Ўринбой Усмоновнинг “ҚОРИШҚИ”  (“Қор ишқи” бўлса керак, яна билмадим) асарини ўқиб туриб, ундаги иштирокчилардан бири Холмуроднинг: “-Додхо, бу мен айбдорман, деяпти. Ким бўлмасин, урушда ихтиёри билан қатнашадими, ихтиёрсизми, барибир айбдор экан. Бу дунёда қанча яшардим, рост, дунёга  гуноҳ орттириб қайтишни истамайман, деяпти”, деган сўзларини ўқиб, бу китобда ҳам юқоридаги фикрларнинг давоми борлигидан яна ўйга ботдим. Эй, одамзод, қачон тинасан? Ўтган “ғирром” юз йилликнинг биз болалари 21-юз йилликни дунёни теран тушунган одамлар асри бўлади, дея орзу қилгандик. Чўчварани хом санаган эканмизми?! Аммо ўша юз йилликда суяги қотган замондошларимиз Абдулла Орипов, Худойберди Тўхтабоев, Нормурод Нарзуллаев ва…ва Илҳом Зойирлардан эзгу сўзлар, сандиқ тўла китоблар қолди, бир нидо қолди:

                      Замин тақдирини топширдим буткул,

                      Сенга ишонаман, эй буюк Инсон!

      Журналнинг китоблар ҳақидаги инжулари шу билан якунланди, деб ўйладим ва Абдуқаюм Йўлдошнинг “Энг катта бойлигим  – вақт” деган суҳбати (Рушана Зарипова билан) диққатимни тортди. Суҳбатдаги: “…адабиёт бўлмаса, инсон қалбини тушунадиган, инсон дардини ҳис этадиган одамлар бўлмаса, дунё таназзулга юз тутади”, деган  гапга кўзим тушиб, яна ўйланиб қолдим: журнал – катта китоб бўлибди, у бизни яна ўша огоҳлик билан ҳушёрликка чақиряпти. Зеро, Заҳириддин Тўраев мени “Даврий нашрлар – муҳим манба” деган мақоласи билан яна бу соннинг тасодиф эмаслигини исботлагандай бўлди. Яна қизиғи, “Булоқ кўз очди” рукнида Маржона Ҳайитмуродова: “Ўзимни топяпман битта-битталаб” дея хурсанд этган бўлса, таниқли ижодкор дўстимиз Шойим Бўтаев: “…китоб …аксарият замонавий битиклар каби уйқуга тортмайди, бедорликка чорлайди” дея юқоридаги фикрларни тўлдиргандек бўлди. Худораҳмати камтар ва камсуқум Абдували Қутбиддин “Дафтарда қолган сатрлар” идан бир кўҳна оҳанг янграб, дилимни ўртади:

                          Темурнинг жомидан бошланар баҳор,

                                          Навоий даввоти

                                          Анда йўл очар!

        Воҳ, деб юборди. Китобларда қолган ҳақиқат журналнинг 167 юзида гулдираб турибди момоқалдироқдай!

         Муштарий Ҳайдарова, адабиёт боғига ҳавас билан қараб турган қизалоқ, шу гулдиракка қараб ҳайқирди:

                           Бобом эса дейдилар,

                           “Ҳар бола ҳам бир ниҳол.

                           Уларга ҳам сувдай кўп

                           Керак билим, эътибор!

Болалар дунёси худди атайин етиб келиб, журналнинг камчилигини тўлдирди, назаримда!

       Меҳнатдан мурод – ижодкорнинг элу юртга нафидир.

       Хотимани  сўранг, хотимани!

       Журнал ўзнинг сўзини қуйидаги хушхабарлар билан якунлаганки, бу ҳам биз учун катта сабоқдир, ўрнакдир туюлди:

       Назар Эшонқул, Хосият Рустамова 2024-2025 йил бўйича “Мундус Артиум Пресс” халқаро мукофоти соҳиблари бўлишди.

       Бу халқимизнинг ютуғи, дунёга таралган овози эмасми?

       Омадларини берсин!

       Сиз нима дейсиз, муҳтарам журналхон? Мен ҳаяжонга берилдимми ёхуд журнал бош муҳаррири ва унинг салоҳиятли жамоаси 12-сонни атайин шундай тайёрлашганми? Ёхуд бу 12-буржнинг яна бир белгисими?

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil