
Карим БАҲРИЕВ – 1962 йилда туғилган. Москва давлат университетининг
журналистика факультетини битирган. Шоирнинг “Сабр косасининг синиқлари”,
“Томчидил” шеърий ва кўплаб публицистик китоблари, жаҳон адабиётининг сара
асарларидан қилган таржималари нашр этилган.
“Алвидо ёр! Кўксингиздан ўчиринг тамом,
Боғингизга янглиш қўниб, учган қушчани…
Боғингиздан учар бўлдим ўзга боғларга”.
Ҳалима Худойбердиева
***
Бир гўзал қуш каби қўндинг боғимга,
Мен-чи, одам эдим – ва лекин учдим.
Бу майни ичмоққа кеч бу чоғимда,
Жимирлаб турарди – кўз юмиб ичдим.
Сенсиз бир ғарибу тор эди кўнглим,
Ҳувуллаб ётарди ҳаётим ичкин.
Кимсасиз, қоронғу ғор эди кўнглим,
Ғорим обод бўлди, сабаби – ишқим.
Дунёнинг тарзини атай унутдим –
Билардим барг – хазон, қўнган қуш учгай.
Мангу қолади, деб ўзни овутдим –
Мен қандоқ севиниб алдандим, қушча…
Воҳ, менга қанчалар ёқарди ёлғон!
Навоий. Қуш тили. Лисон ут тайр.
Тиллар сўзлашмасди, тиллашар эди.
Тармашиб абад ишқ тилашар эди.
Лисон ут тайр… Йўқ… Хайр… Хайр…
Мана, қушча учди, боғим ҳам хазон,
Ғоримдан гўримга индамай кетдим…
Сенинг кетиш учун сабабинг – милён,
Қайтмоққа сабаб йўқ, бу – менинг севгим.
***
Ерга ёнбошлаган тоғни тушундим.
Ҳаттоки ойдаги доғни тушундим –
Сени тушунмадим, ёнимдаги одам,
Юрагиму қоним, жонимдаги одам…
Сенинг макринг мингта, менинг жоним – бир,
Отар ўқинг – сонсиз, дил қалқоним – бир.
Сен ҳам одам бўлгин, одамжоним, бир –
Бир марта келганман дунёга мен ҳам,
Сени тушунмадим, ёнимдаги одам…
Сенга етмас ҳатто халққа етган сўзим,
На юзим ёқади, на босган изим.
Тушунади ҳали тили чиқмаган қизим –
Сени тилинг бурро, сўзларинг бекам,
Тушунмадим сени, ёнимдаги одам…
Ишқ жилвалари
1
Қора рўмол каби ҳилпирайди соч,
Лабда қимтинади хавотир, қўрқиш.
Турибсиз, Сиз – гўё учиш олдидан
Нафас ростлаётган муштипар бир қуш.
Оҳиста хўрсиниш, ўғринча нигоҳ,
Нурсиз шу қоронғу дунёи дунда.
Кўзлар қамашади, кўнгил ёришар –
Мен Сизни кечалар ўйладим шундай.
Гўзалсиз, тозасиз, ҳурилиқосиз,
Санамсиз, сўз йўқдир чечан оқинда…
Олисдан шунақа кўринмоқдасиз,
Кўришга қўрқаман Сизни яқиндан.
2
Оқаяпман деб ўйламас сув,
Очилдим деб қичқирмагай гул –
Зимдан-зимдан қўзғалар ғулув,
Рухсат олмай севаверар дил.
Исмсиз ғам, номсиз қувончдир,
Улканлашар у йилдан-йилга.
Ваҳимали, қўрқинчли бир сир,
Олиб бўлмас ҳаттоки тилга…
3
Дунё. Дунё. Бепоён дунё.
Яшаб кўрдим. Мен сендан тўйдим.
Қувончлари ноаён дунё,
Аён ғамдан адоқсиз куйдим.
Сувларингда оқдим – етади,
Шамолингни яладим – етар.
Уфқларингга боқдим – етади,
Ўтар. Ўтар. Барчаси ўтар.
Изларимни кўмди оқ қорлар,
Товушимни булутлар ютди.
Олов кўзлар, гули нигорлар
Ўтди. Ўтди. Барчаси ўтди.
Яшаб кўрдик. Онгладик. Билдик.
Бешик, тобут – бақо дарчаси…
Айтинг, нега дунёга келдик,
Ўтиб кетар, ахир, барчаси…
4
Чарос кўзингизда чақнар хавотир,
Асрамоқ истайсиз мени кимлардан?!
Муҳаббат – дунёда кўҳна асотир,
Тирилар юракда ёнган шамлардан.
Маккор шаббодалар, жодугар чақмоқ,
Бўронлар яшайди кўзи ҳаросон.
Жуда ҳам қийиндир Сиз деб яшамоқ,
Сиз учун ўлмоқлик жуда ҳам осон…
5
Ярқираб чақнагай нигоҳлар бирдан,
Лаблар пичирлайди ширин, беозор.
Жуда ваҳимали, покиза сирдан
Юрагим ёрилиб кетишга тайёр.
Мен Сизни севаман… Бу шеър эмасдир,
Ташбеҳлар ожиздир, сўзлар нотавон.
Бу – бирам ёқимли, сеҳрли тушдир,
Уйғотманглар мени энди ҳеч қачон…
Дангал хулоса
Вақт нимадир –
бир дамлик омад
ё ажалнинг вақтинча раҳми;
бу тилсимни тушуна олмай
ўтиб кетди умрнинг ярми.
Вақт кетди, деб чекмагин афсус,
афсус чекиб, ажрагайсан нақд.
Вақт нимадир – мана шу шеърни
ўқигунча ўтиб кетди – вақт.
***
Илк қор босган хазонни кечиб,
боғ кезардим,
хаёлларим нек –
бир қиз келар
шу ёруғ кеча
юпун шохга осилган ойдек.
Билмам, сайд ким ишқий шикорда,
кўзим, бу пок ҳуснни ичгин –
тушларига кирмаган ҳеч ким,
покизадир мана шу қордай.
Ой ҳам чўкди қароқларига,
алланени шивирлар лаби.
Севсам, сўнгги япроқлар каби
тўкилсайдим оёқларига.
Севсам… Ўтди. Мағрур. Бегона,
Телба қилма ишқни, ёруғ шаб.
Кузги боғда турибман якка
мунғайган чўнг чинорга ўхшаб…
Ишқ марсияси
Нега кулай десам, сизиб чиқар ёш,
нега оҳ чекканда, сачраб кетар қон –
ахир топганим йўқ, сизни, қаламқош,
йўқотганим ҳам йўқ, демак, ҳеч қачон.
Сиз ўзга кулбага бўлганда меҳмон,
фалак ёмғир қуйгач гувуллаб, бирдан,
қонсираб кўчани кезганим – ёлғон,
кўйлагим ивиди шунчаки тердан.
Йўқ, севган эмасман сизни, чилвирсоч,
фақат бир нарсага бўларман ҳайрон –
нега кулай десам, сизиб чиқар ёш,
нега оҳ чекканда, сачраб кетар қон…
***
Кузакнинг шўх, дайди еллари,
йўлакларда эзилган хазон,
кўчаётган турналар – бари
ёдга солар сени беомон.
Энди қалбда тошар бир тўфон,
етим каби маҳзун сўзларим –
ёт чеҳрага термилар ҳайрон,
сени излаб топмас кўзларим.
Суратимни ташлаб қочар жон
бегонанинг қучоқларидан.
Энди юрак қололмас омон
хотиротнинг пичоқларидан…
***
Майли, суратимга боққину қувон,
Лекин сийратимга ташлама назар.
Абдулла Ориф
Кўзларингда илоҳий ўтлар,
Сазовори дўзах этма, ёр.
Боқишларинг ханжари билан
Дил қатини титмагин зинҳор.
Бугун сенга келгунча етиб,
Йигирма йил тентидим жаҳон.
Тақдир озғин қўлимдан тутиб,
Минг кўчада айлади сарсон.
Қароғингга дучор бўлгунча,
Минг кўлмакнинг лойига ботдим.
Сочинг ҳидлаб тўймадим, ғунчам,
Минг тиконнинг заҳрини тортдим.
Бозор каби турфа бу олам,
Аралашдир яхши-ёмони.
Бир инсондек яшадим, эркам,
Ўтолмадим четлаб хатони.
Умр йўли узун ва серчоҳ,
Содиқ йўлдош бунда жуда кам.
Омад кетса – кетар дўст, ҳамроҳ,
Омад кулса – кулар қизлар ҳам.
Йўллар аро кетмадим қолиб,
Ўтганлардан сўрама, жоно.
Мана, кулиб турибман ғолиб,
Суратимга боққину қувон.