
Зиёвиддин МАНСУР – 1954 йилда туғилган. Наманган давлат педагогика
институтининг филология факулътетини тамомлаган. Ижодкорнинг “Қалбим
парчалари”, “Ҳайрат салтанати”, “Дилраболар диёри”, “Ноёб кашфиёт”, “Муҳаббат
боғи”, “Эзгулик элчиси”, “Тўтиё”, “Хўрозқанд” , “Истиқбол йўли”, “Шом ва тонг”,
“Ғазнаи Намангоним”, “Афсоналар водийси”, “Сайланма”, “Яккатут манзумаси”,
“Аёлнинг қирқ жони тавсифи” (2 томлик), “Онагинам, онажонгинам”, “Башарият
аҳлига мактуб”, “Карантинда топган хазинам”, “Менинг янги Ўзбекистоним” номли
китоблари нашр этилган.
Қачонлардир
Ажойиб бир замон келгай қачонлардир,
Қуёшдай бахтимиз кулгай қачонлардир.
Бу кун ҳам бахтсиз эрмасмиз вале бахтдан
Бу тўлмас кўнглимиз тўлгай қачонлардир.
Диёримиз кўриб, ҳуснига пайдар-пай,
Ичиккан ажнабийлардай дебон: Ҳай-ҳай!
Баайни пирига содиқ муридлардай
Башар бизларга интилгай қачонлардир.
Кўролмаслар ҳамон йўқмас, кўролмаслар
Мудом фитна қўзиб, бусиз туролмаслар,
Улар ҳақ йўлда эл бирла юролмаслар –
Фасодлар аҳли даф бўлгай қачонлардир.
Бу кун биз пашшалардаймиз, улар филдай,
Ўтиб кетгай улар бизни писанд қилмай.
Бадавлат-бой бўлишни истаган қулдай
Улус бизга ҳавас қилгай қачонлардир.
Ажаб! Андишани қўрқоқ атаб отин,
Учарлар тобакай учгай бўлиб лочин?
Бас! Ўлғуси кибор зотлар, ҳалол, мискин
Қавмнинг ишлари жилгай қачонлардир.
Дуо-ла поклабон орзу-тилакларни,
Қувонгаймиз кўриб гулгун чечакларни.
Чечакларни бузувчи зарпечакларни
Худойим ўзи даф қилгай қачонлардир.
Ажойиб бир замон келгай қачонлардир,
Бу тўлмас кўнглимиз тўлгай қачонлардир.
Ушалгай барча армонлар жаҳон бўйлаб
Ажаб дориломон бўлгай қачонлардир!
Гулининг гулига изҳори
Гулим-эй, бунчалар мағрурсан, гулим,
Гўёки мен каби масрурсан, гулим.
Тиконлар ичра ҳам ўзим сингари
Жилмайиб туришга мажбурсан, гулим…
Наманганлик лўлилар мадҳи
Дунёда бир миллат бор,
Ҳаммадан завқи бисёр:
Бу – лўлилар,
Уларнинг
Қувончига дунё тор.
Лўли, деманг,
Лўли бу –
Элларнинг зўр эли бу.
Кенгфеълликда дунёнинг
Дарёси бу, кўли бу.
Елкасида хуржуни,
Йўлда ўтар кун-туни.
Мўл ризқ йиғиб,
Тўй қилиб,
Сочиб яшайди уни.
Улар эмас анойи,
Бинойидай бинойи.
Чунки билар Ер қаъри
Бир куни борар жойи.
Асқарали, Усмони
Доим элда кайвони.
Ёвларга ёв, дўстларга
Садқа ҳамиша жони.
Бўлса ҳамки қора тан,
Диркиллаган сара тан.
Гўзалликда қизлари
Қолишмайди ҳиндлардан.
Гарчанд бари оқилмас,
Лек ҳеч бири жоҳилмас.
Лўлилик қилмаганга
У ҳам лўлилик қилмас.
Лўли, деманг, лўли ҳам
Ахир бандаи Эгам.
Юртимиз лўлилари
Ҳеч кимсадан эмас кам!
Башорат
Доно беқадр жойда
Аҳмоқлар азиз бўлгай,
Ботирлар ботиб лойда,
Қўрқоқлар азиз бўлгай.
Қатронда қолиб бўстон,
Булбуллар чекиб афгон,
Тўтидай қуши ваъзхон
Сайроқлар азиз бўлгай.
Битмасдан каму кўстлар,
Дўстларни сотиб дўстлар,
Бўҳтондан ўлиб ростлар,
Алдоқлар азиз бўлгай.
Юксалиб тубан зотлар,
Зотким – аҳли бедодлар,
Пойгакда қолиб ётлар,
Аймоқлар азиз бўлгай.
Қай элким эрур тарқоқ,
Бўлмас эртаси порлоқ,
Шахдамлар қолиб, оқсоқ –
Маймоқлар азиз бўлгай.
Каззоблар ўқиб фатво,
Дўзахни атаб маъво,
Хор ўлгай эли тақво
Олчоқлар азиз бўлгай.
Бу кунлар ўтар, лекин
Охират ютар мўмин –
У чоғлар Худога чин
Ўртоқлар азиз бўлгай.
Гапнинг шу, Зиё, нақди:
Олдда сарҳисоб вақти –
Меъзонда асл бахти
Порлоқлар азиз бўлгай.
Севги
Замон ҳам, макон ҳам ўзгарар экан,
Жаҳон ҳам, даврон ҳам ўзгарар экан,
Сарбон ҳам, карвон ҳам ўзгарар экан,
Фақат сен ўзгармас экансан, севги,
Сен мангу ҳамнафас экансан, севги!
Зуволанг Ерданму ёки Самодан,
Қуёшдан ё Ойдан ёки ҳаводан,
Эҳтимол, тушгансан Арши Аълодан?
Жавобсиз бир савол экансан, севги,
Тенги йўқ – бетимсол экансан, севги!
Бежиз қиз асранмас ўраб пардага,
Талоқдан Арш бежиз келмас ларзага.
Бу – Ҳақдан огоҳлик барча-барчага!
Шу қадар қурбатли экансан, севги,
Шу қадар қудратли экансан, севги!
Хоҳласанг, минг ўйга толдирган ўзинг,
Хоҳласанг, минг куйга солдирган ўзинг,
Ёндирган ҳам ўзинг, қондирган ўзинг,
Илҳомбахш, оромбахш экансан, севги,
Ҳам оташ, ҳам сергашт экансан, севги!
Инсонни инсонга боғловчи ўзинг,
Туғилган ошёнга боғловчи ўзинг,
Раҳмон ё Шайтонга боғловчи ўзинг
Илоҳий, пурҳикмат экансан, севги,
Ажаб сир-синоат экансан, севги!
Отамиз Ато-ю, момомиз Ҳаво,
Биз учун қолдирган ғаройиб дунё,
Зулмат ҳам сенда жо, Зиё сенда жо,
Ҳаётнинг тонг-шоми экансан, севги,
Аллоҳнинг инъоми экансан, севги!
Отам яшаб ўтган хонадон
Ҳаёт қайнар эди туну кун,
Яшнар эди мисоли бўстон.
Энди кунлар ҳам мисоли тун,
Отам яшаб ўтган хонадон.
Устун экан отам қулади,
Онам тўсин экан нуради,
Борсам ғордай яшнаб туради
Отам яшаб ўтган хонадон.
Кунда бўлар эди гўё тўй,
Ҳавас қилар эди кўча-кўй,
Эмас энди у қадар хушрўй
Отам яшаб ўтган хонадон.
Тегар жойи бор-да кўнгли тўқ,
Сингилларим учди гўё ўқ,
Шоҳсарой-ку, лекин шоҳи йўқ
Отам яшаб ўтган хонадон.
Ўзи билан обод экан-да,
Сўзи билан обод экан-да,
Изи билан обод экан-да
Отам яшаб ўтган хонадон.
Ўша-ўша шу кунга қадар,
Ҳашаматдан йўқ зарра асар,
Аммо менга тенгсиз мемуар
Отам яшаб ўтган хонадон.
Майли, бефайз бўлсин бу маскан,
Лек мен учун энг серфайз чаман,
Азиз гўша,
Табаррук Ватан
Отам яшаб ўтган хонадон!
Ўзгаришга чорловчи даъват
Беҳуда бу кўрк-ку, виқор ўзгармасак,
Шу юртга айлаб жон нисор ўзгармасак.
Тутқун эдик, ҳурмиз, мана, қўлларда эрк,
Бўлгаймиз, эҳ! Ғамга дучор ўзгармасак.
Эврилди дил, эврилди йўл, эврилди эл,
Яшнармиди гуллаб диёр ўзгармасак?!
Ваъзлар, қуруқ сўзлар билан юрмайди иш,
Ҳеч битта гап қилмайди кор ўзгармасак.
Дунё – ўйинхона, кетар унда ўйин,
Домига тортгай бу қимор ўзгармасак.
Мисли Ироқу Шом, бўлиб дўстлар ғаним,
Ўз-ўзни қилгай тор-мор ўзгармасак.
Ўзгарса дунёга сабоқ берган бу эл,
Хорижда бўлғай мардикор ўзгармасак…
Бизни кечирмайди Худо, эй кексалар,
Ёшларга айлаб эътибор ўзгармасак.
Ёшларга ҳам маврид келар кексайгани,
Олмоқни нақд бермоғи бор ўзгармасак.
Омад, ютуқ бирликда, эй, ёронларим!
Ишлар сира олмас барор ўзгармасак.
Ният буюк: Юртни буюк юрт айламоқ,
Рўёбга чиқмас бу қарор ўзгармасак.
Ўзгаргин, эй халқим! Зиё – нур изла, ён!
Фатху зафар бўлмайди ёр ўзгармасак!