Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Ҳамма ўқияпти. Ўқинг!


Икром БЎРИБОЕВ – 1972 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг
(ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини битирган. Ижодкорнинг “Бир даста гул”,
“Баҳорни излайман”, “Яшил хиргойи”, “Фасллар оҳанги”, “Шамол қўшиғи”, “Висол
қушлари” номли шеърий тўпламлари чоп этилган.


Қайси китобни ўқияпсиз?
Ҳа, саволни айнан шундай бермоқчиман: сиз қайси китобни ўқияпсиз? “Сиз
китоб ўқийсизми ўзи ёки ҳозир ўқияпсизми?” деб сўрамоқчи эмасман. Мен ўқияпман
ва ишонаман, умид қиламанки, сиз ҳам ўқияпсиз, бошқалар ҳам ўқияпти.
Донолар айтадики, замона айниди, дея нолиб юрувчилар замона айнишида
айблидирлар. Энг ноинсоф кимсалар “Одамлар ноинсоф бўлиб кетди” деб янувчилар
орасида учрайди. Ўғри “ҳамма ўғри” деб ўйлайди. Китоб ўқимай қўйган одамлар
“ҳеч ким ўқимай қўйди” деган фикрда бўлсалар, эҳтимол.
Ушбу таҳлилий мақолани тайёрлашга кейинги вақтларда турли оммавий ахборот
воситаларида, ижтимоий тармоқларда “одамлар китоб ўқимай қўйди”, деган нохуш
фикрнинг кенг тарқалаётгани сабаб бўлди. Албатта, бунга сиз ҳам гувоҳсиз. Кундакунора чиқиб турадиган бундай нолишларни кузатиб: “Наҳотки, азал-азалдан
юзлаб етук алломаларни етиштириб, башарият тараққиётига унутилмас ҳисса
қўшган ўзбек халқи бугун мана шундай буюк ворисийликдан мосуво қолган –
инсонни комиллик сари элтувчи энг муҳим восита бўлмиш мутолаадан воз кечиб,
китоб ўқимай қўйган бўлса?” деган аччиқ савол туғилади.
Ахир, бизнинг ота-боболаримиз, атоқли маърифатпарвар Абдурауф Фитрат
фахрланиб ёзганидек,“…ҳар бобда, айниқса, илм ва маърифатда олам аҳли учун
ибрат ва намуна бўлганлар – уларнинг илм-у маърифатлари “қийл-у қол”нинг
такрори ва ҳошияхонлиги бўлмай, балки улар ҳар бир илмнинг асосий моҳиятини
яхши билиб, ундан малака ва маҳоратга эга бўлиб, мўътабар китобларнинг таълиф
ва таснифига қодир бўлганлар” эмасми?!
“Ўзингиз тўғрингизда ёмон гапирманг, бошқалар сўзингизга ишонишлари
мумкин”, дейди франсуз адиби Андре Моруа.
Бугун Ўзбекистонга маърифат истаб келаётган, халқимизнинг миллий
анъаналарига, унинг шонли тарихига қизиқиб, шу ерда таҳсил олаётган ёки илмий
тадқиқотлар олиб бораётган, она тилимизнинг гўзал жозибасига ҳавас қилиб, уни
ўрганаётган қанчадан қанча хорижий дўстларимиз бор. Юртимизда фаолият олиб
бораётган дипломатлар, тадбиркорлар ва бошқа соҳалар вакиллари бор.
Ана энди тасаввур қилинг: кундалик ахборот воситаларида бодраб чиқиб
турган юқоридаги каби фикрларни ўқиб, уларнинг биз ҳақимиздаги тасаввурлари
ўзгармайдими? Ҳадеб одамлар китоб ўқимай қўйди, деб ёзғираверсак, четдан
кузатган одам булар ғирт саводсиз, оми халқ экан, деб ўйламайдими? Тараққиётдан,
маданиятдан юз ўгирган бу қандай жамият бўлди, дея ҳайратга тушмайдиларми?
Наҳотки, шу фикрлар рост бўлса? Наҳотки, китоб ўқимай қўйган бўлсак? Агар
чиндан ҳам шундай бўлса, нима учун ўқимай қўйдик? Китоблар етишмайдими?
Яхши китоблар йўқми?
Келинг, бу саволларга биргаликда жавоб излаб кўрайлик, мавжуд вазиятга
таҳлилий назар ташлайлик.
Давлат раҳбари – бош тарғиботчи
Аввало, Янги Ўзбекистонда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев
раҳнамолигида илм-фан, таълим-тарбия, маданият, санъат ва адабиёт, жумладан,
китоб ва китобхонлик масалаларига юксак эътибор қаратилаётганини алоҳида
таъкидлаб ўтишимиз зарур.
Жамиятимизда мутолаа маданиятини ривожлантиришга устувор аҳамият
берилиб, бу масала бўйича қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси
Президентининг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг бир неча қарорлари, хусусан,
мамлакатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп
этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик
маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича Комиссия тузиш
тўғрисида”ги Фармойиши юртдошларимиз томонидан кўтаринки кайфиятда
кутиб олингани ҳаммамизнинг ёдимизда. Бугунги кунда мамлакатимизда ушбу
муҳим ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш юзасидан бошланган катта ишлар,
миллий дастурлар изчил давом эттирилмоқда. Ёшлар орасида китобхонликни
ривожлантириш ва тарғиб қилиш вазифаси “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг
асосий мақсадларидан бири сифатида белгилангани ҳам ушбу масалага қанчалик
жиддий эътибор қаратилаётганини кўрсатади.
Мамлакатимиз раҳбари шоир-ёзувчилар, ноширлар, олимлар билан доимий
мулоқотда бўлади, ҳудудларга ташрифлари давомида имкон қадар жойлардаги
кутубхоналарни кириб кўришга, улар фаолияти билан танишишга ҳаракат қилади.
Президентимизнинг хорижий давлатларга ҳамда турли мамлакатлар
раҳбарларининг юртимизга расмий ташрифлари чоғида олий мартабали
меҳмонларга китоб совға қилишлари хайрли анъана тусини олган. Муҳими,
уларнинг аксарияти давлатимиз раҳбарининг Сўзбошиси билан чоп этилган.
Президентимиз, шунингдек, “Туркий адабиёт дурдоналари” деб номланган 100
жилдлик китоблар туркумини нашр этиш ғоясини илгари сургани ҳам барчамизга
маълум. Ушбу эзгу ташаббус асосида Ўзбекистонда амалга оширилган улкан
лойиҳа – 100 жилдлик китоблар туркуми нафақат туркий дунё, балки жаҳоннинг
узоқ-яқин бошқа минтақаларида ҳам катта қизиқиш уйғотди.
Мамлакатимизда турли ёш тоифалари ўртасида “Ёш китобхон” танловининг
ўтказилиши, унда ғолиб бўлганлар Президент совғаси сифатида енгил автомашина
билан тақдирланиши аҳолида кучли қизиқиш ва рағбат уйғотмоқда.
Буларнинг барчаси Ўзбекистонда китобхонлик масаласи давлат эътиборидаги
муҳим масала бўлиб, бу борада шахсан мамлакат раҳбари бош тарғиботчи
эканидан, мутолаа маданиятини юксалтириш юртимизда умуммиллий ҳаракатга
айланаётганидан далолат беради.
“Ёш китобхон” танловининг шов-шуви
Ўзбекистон Президентининг юқорида тилга олинган Фармойиши қабул
қилиниши, шу йилдан бошлаб “Ёш китобхон” танловининг ўтказилиши, унда
ғолиб бўлганлар Президент совғаси – енгил автомашина билан тақдирланиши
яхши маънода шов-шув уйғотганини барчамиз кузатдик.
Ёшлар ишлари агентлигидан олинган маълумотга кўра, 2017 йилдан буён
анъанавий тарзда ўтказилаётган “Ёш китобхон” танлови орқали қарийб 5 миллионга
яқин ёшлар қамраб олинган. Таҳлилларга кўра, китоб дўконлари ва кутубхоналарда
энг кўп изланаётган китоблар ҳам “Ёш китобхон” танловида эълон қилинган
140 номдаги адабиётлар экани маълум бўлди. Бу ўз ўрнида китоб бозорида талаб
ва таклифнинг ортишига ҳам хизмат қилмоқда.
2017 йилдан буён 280 нафар ёш китобхон танловнинг республика босқичида
иштирок этган бўлса, шундан 20 нафари ғолибликни қўлга киритиб, Президент
совғаси совриндори бўлган. Эътиборли жиҳати, танловда ғолиб бўлган 17
нафар қизнинг 7 нафари кейинчалик Ўзбекистон Президенти томонидан давлат
мукофотлари билан тақдирланган. Демак, китоб уларнинг кейинги тақдирига ҳам
ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Хўш, жамиятимизда китобга бўлган эътиборни тубдан ўзгартирган ушбу муҳим
маданий воқеалардан сўнг китобхонлик даражасининг ўзгаришини кимдир ёки
қайсидир ташкилот жиддий ўрганиб, таҳлил қилиб чиққанми?
“Ижтимоий фикр” нима дейди?
Энди, бевосита мана шундай ижтимоий сўровлар ўтказишга ихтисослашган
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказига мурожаат
қилсак. Хўш, Марказда бу борада қандай маълумотлар бор?
Афсуски, Марказ ушбу қизғин воқеалар жараёнида китобхонлик даражасининг
ўзгаришини ўрганмаган. Фақат, бу воқеалардан анча кейин, яъни 2021 йил январфеврал ойларида Ўзбекистон ёшларининг китоб мутолаасига муносабати, бадиий
адабиётга мойилликлари ва қизиқишларини ўрганиш бўйича телефон сўрови
воситасида тадқиқот ўтказган экан.
Тадқиқот 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган респондентлар ўртасида ўтказилган,
уларнинг 60 фоиздан кўпроғини эркаклар ва 40 фоизга яқинини хотин-қизлар
ташкил этган.
Сўровда иштирок этган ёшларнинг 47,1 фоизи китоб ўқиши, 52,9 фоизи китоб
ўқимаслиги аниқланган. Китоб ўқийдиганлар ўртасида талаба ва ўқувчилар, декрет
таътилида бўлганлар, доимий ишга эга бўлганлар кўпчиликни ташкил қилган.
Ўқимайдиган респондентларнинг кўпчилиги ишламайди, уй бекаси ва эркин
ишловчилар ҳисобланади.
Гендер кесимида қизлар ва ёш аёллар (50,8 фоиз) ўсмирлар ва ёш йигитларга
қараганда кўпроқ ўқиши намоён бўлган (44,7 фоиз).
“Сиз китоб ўқишнинг қандай усулини мақбул кўрасиз?” деган саволга 73,5
фоиз респондент босма китоб деб жавоб берган. Қолганлар: 13,9 фоиз электрон
китобларни, 8,3 фоиз телефон ёки планшет орқали ўқишни, 2,4 фоиз аудио
китобни ва 1,1 фоиз барча мумкин бўлган усулларни танлаган. Демак, босма китоб
аввалгидек мутолаанинг энг оммавийлашган усули бўлиб қолмоқда.
Респондентларнинг қарийб ярми (48,1 фоиз) интернетдан китобларни қидириш
ва юклаб олиш учун манба сифатида фойдаланишини, иккинчи қисми (42 фоиз)
китоб ўқишда ўзи учун интернет ҳеч қандай рол ўйнамаслиги, улар фақат босма
китобларни сотиб олиши ва ўқишини маълум қилган.
Китобни уйда ўқийдиганлар 85,3 фоиз, ўқиш ёки ишда ўқийдиганлар 15,5 фоиз,
кутубхоналарда мутолаа қиладиганлар 8,6 фоизни ташкил этган. Транспортда
кетаётганда (1,9 фоиз), табиат қўйнида (1,1 фоиз) ўқишни хуш кўрувчилар ҳам
йўқ эмас. Респондентларнинг асосий қисми – 61,2 фоизи ўзбек мумтоз ва 29,9
фоизи замонавий ўзбек адабиётини маъқул кўрса, қолганлар хорижий адабиётлар
ихлосмандлари экан.
Албатта, жамиятнинг ижтимоий кайфияти ва руҳиятини англаш ҳамда таҳлил
қилиш, шу асосда келгуси мақсад ва режаларни белгилашда бу каби сўровлар
ғоят муҳим аҳамият касб этади. Шундан келиб чиққан ҳолда, “Ижтимоий фикр”
республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази жамиятимизда китобхонлик
даражасини мунтазам ўрганиб, натижаларини доимий эълон қилиб борса, мақсадга
мувофиқ бўларди, деб ўйлаймиз.
Дарвоқе…
“Миллий тикланиш” газетасининг шу йил 19 ноябр сонида “АВТОМОБИЛ
БОЗОРИДАГИ ҳолат ўрганиляпти, КИТОБ БОЗОРИДАГИ аҳвол эса йўқ!” номли
мақола эълон қилинди.
Муаллиф Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг Ўзбекистон
автомобил бозоридаги ҳолатни – ҳар бир детал, ҳатто арзимас кўрсаткичларгача
чуқур таҳлил ўтказганини таъкидлар экан, шундай ёзади:
“Шу ўринда ҳақли савол туғилади: жамиятда таълим тизими, ёшларнинг билим
даражаси, тафаккури ҳақида автомобиллардан кўра кўпроқ гапирилаётган бир
пайтда нега китоблар сотуви ҳақида шундай таҳлиллар қилинмаяпти? Агар ҳар
ойда миллий китоб бозорлари фаолияти юзасидан вилоятлар, шаҳар ва туманлар
кесимида таҳлиллар ўтказилиб, бу бозорда қайси вилоят пешқадам-у, қайси ҳудуд
орқада қолаётгани кўрсатиб берилганида, балки ушбу соҳада ҳам жонланиш юз
берармиди?”
Ўринли таклиф. Ўйлаймизки, “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик
фикрини ўрганиш маркази ҳамда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
бу таклифни, албатта, инобатга олади.
Китоблар етишмайдими?
Айни вақтда Ўзбекистондаги жами оммавий кутубхоналар, шахсий кутубхоналар,
ташкилотлар, китоб дўконларида қанча номда, қанча китоб фонди мавжуд? Бир
йилда мамлакатдаги китоб дўконлари ва бозорлари орқали қанча номда ва тиражда
китоб сотилади? Мана шу рақамни тахминий бўлса-да, ҳисоблаш мумкинми?
Давлат статистика агентлигига берилган бу каби саволларга жавоб тариқасида
агентлик Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидан олинган 2023 йилги
маълумотни тақдим этди.
Мазкур маълумотга кўра, республикада жами 13 минг 46 та ахборот-кутубхона
муассасалари мавжуд. Уларда 43 миллион 493 минг 497 номда жами 71 миллион 131
минг 175 та китоб фонди бор.
Энг кўп кутубхона Самарқанд вилоятида – 1 минг 511 та, энг кам кутубхона –
Сирдарё вилоятида – 468 та.
Жами фойдаланувчилар сони 11 миллион 396 минг 50 нафар – асосан 14–24 ёш
атрофидаги китобхонлар.
21 минг 714 нафар кутубхоначи, жумладан, 18 минг 173 нафар аёл мутахассислар
фаолият олиб боради.
Бошқа тизимдаги ташкилотларда қанча китоб бор?
Келинг, имкон қадар китобга, маънавиятга яқин соҳалардаги кутубхоналар
фонди ва уларнинг китобхонларини бир қур ҳисоблаб чиқайлик.
Аввало, республикамиздаги бош китоб маскани бўлмиш Алишер Навоий
номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг бебаҳо хазинасига бир назар
ташлайлик.
Бугунги кунда Миллий кутубхонанинг умумий фонди 8 миллион 183 минг
235 нусхадан ташкил топган. Шундан китоблар 5 миллион 479 минг 605 номда.
Жумладан, 7 миллион 142 минг 691 нусха босма нашрлар, 1 миллион 40 минг 544
нусха электрон китоблар мавжуд.
Миллий кутубхонанинг доимий аъзолари сони 120 мингга яқин. Улар сафига ҳар
йили 32-36 минг янги аъзолар қўшилади.
Кутубхона ҳар йили ўртача 16–18 минг дона китоб (мажбурий нусха ва харид)
қабул қилиб олади. Бу кўрсаткич охирги йилларда ошиб бормоқда.


Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг маълумотига кўра, бугунги кунда
жами 10 минг 134 та мактабда 10 минг 103 та кутубхона мавжуд. Бу кутубхоналар
16 миллион 346 минг 826 та бадиий адабиёт фондига эга. Республика бўйича
6 миллион 542 минг 493 нафар ўқувчининг 5 миллион 512 минг 267 нафари
кутубхоналарга аъзо.
Афсуски, ҳар йили бюджет маблағлари ҳисобидан мактабларга китоблар
ажратиш тизими мавжуд эмас. Ҳар йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда
Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан 15–20 минг дона китоб
ҳомийлик асосида ажратилмоқда.


Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг маълумотига кўра,
республикада мавжуд 182 та олий таълим муассасаларида (давлат ва хусусий) 205
та ахборот-ресурс маркази мавжуд.
Олий таълим муассасаларида жами талабалар сони 1 миллион 562 минг 330
нафардан ортиқ. Тизимдаги ахборот-ресурс марказлари фондида эса 3 миллион 762
минг 973 номда 23 миллион 672 минг 907 нусхада адабиётлар мавжуд.
Ҳар йили тизимдаги кутубхоналар учун 50 мингга яқин адабиёт кирим
қилинади. Китоблар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил
10 октябрдаги “Олий таълим муассасаларини ўқув адабиётлари билан таъминлаш
тўғрисида”ги 816-сонли қарорига асосан харид қилинади.


Ўзбекистон Фанлар академиясининг фундаментал кутубхонаси, шунингдек,
академия таркибидаги 20 га яқин институтлар тизимида 4 миллион 436 минг 897
та китоб фонди мавжуд.


Рақамли технологиялар вазирлигидан олинган маълумотда кўрсатилишича,
айни вақтда “ЗиёНЕТ” таълим порталида 769 та электрон ва 763 та аудио китоблар
мавжуд. Улардан доимий фойдаланувчилар 47 минг 681 нафарни ташкил этади.
Вазирлик тизимидаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот
технологиялари университети Ахборот-ресурс марказининг умумий босма фонди
Икром БЎРИБОЕВ
№ 12 2024 9
Ҳамма ўқияпти. Ўқинг!
2024 йил ҳолатига кўра, 47 минг 192 номда – 336 минг 968 нусхани ташкил
этади. Шулардан, ўқув адабиётлари 7 минг 53 номда – 198 минг 168 нусха, илмий
адабиётлар 26 минг 956 номда – 111 минг 600 нусха, бадиий адабиётлар 11 минг
725 номда – 18 минг 471 нусха ва турли нашрлар 1 минг 458 номда – 7 минг 729
нусхани ташкил этади.
Марказнинг электрон ресурслар фондида 35 минг 277 номда адабиётлар,
жумладан, дарслик ва қўлланмалар, бадиий ва илмий адабиётлар, мақола ва
диссертациялар мавжуд. Уларнинг барчаси марказ сайтига жойлаштирилган.
Жорий йилда 2 минг 314 номдаги адабиёт рақамлаштирилган..


Маданият вазирлиги тизимида жами 1 минг 438 та муассаса, жумладан, 41 та
театр, 49 та концерт-томоша муассасаси, 837 та маданият маркази, 367 та таълим
муассасаси, шунингдек, 144 та кўзи ожизлар кутубхонаси фаолият кўрсатади.
Ушбу ташкилотлардаги кутубхоналар фондида 2 миллион 233 минг 909 та китоб
бор. Кутубхоналарга сўнгги 2 йилда жами 319 минг 189 та китоб харид қилинган
бўлиб, янги китобларнинг 157 минг 164 таси давлат бюджети, 4 минг 316 таси
бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ҳамда 130 минг 386 таси ҳомийлик
хайриялари ва 27 минг 322 таси бошқа тартибда олинган.


Дин ишлари бўйича қўмитадан олинган маълумотда кўрсатилишича, айни
пайтда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси фондида 3 минг 133 дона
қўлёзма китоблар, 9 минг 216 дона тошбосма китоблар, 6 минг 867 дона янги нашр
қилинган араб тилидаги адабиётлар ва 2 минг 865 дона янги нашр қилинган ўзбек
тилидаги адабиётлар мавжуд. Шунингдек, мамлакатимизда фаолият юритаётган 15
та диний конфессияларда 42 минг 756 номдаги 108 минг 624 дона адабиёт мавжуд.
2023 йилда юртимизда 1 минг 48 номда диний адабиётлар нашр этилган бўлса,
2024 йилнинг шу кунига қадар 1 минг 77 номда шундай адабиётлар чоп қилинган.
Шу билан бирга, 15 та диний конфессия томонидан 2023 йилда 8 номдаги китоб 16
минг 200 нусхада, 2024 йилда 2 номдаги китоб 4 ярим минг нусхада нашр этилган.


Энди мамлакатимиздаги энг катта тизимлардан бири бўлган Ўзбекистон
маҳаллалари уюшмасининг маълумотларига эътибор берайлик: ҳозирги вақтда
республика бўйича 9 минг 452 та маҳалланинг 5 минг 226 тасида кутубхоналар
ташкил этилган. Бу зиё масканларида 260 мингдан ортиқ китоб бор. Уларнинг
фонди ҳомийлар ҳисобидан шакллантирилади.


Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги 31 та санаторийнинг
барчасида кутубхона мавжуд. Улардаги умумий китоб фонди 57 минг 780 тани
ташкил этади. Ҳар йили бу кутубхоналарга 15–20 номдаги янги бадиий адабиётлар,
ижтимоий-сиёсий, соҳага оид китоблар харид қилинади. Шунингдек, Федерация
тизимидаги 77 та болалар соғломлаштириш оромгоҳида 75 та кутубхона ташкил
этилган бўлиб, уларнинг умумий фонди 42 минг 342 та адабиётдан иборат. Ёзги
мавсумда оромгоҳ кутубхоналари қўшимча китоблар билан таъминланади.
10 Шарқ юлдузи


Масалага нашриётлар мисолида қарайдиган бўлсак, соҳадаги йирик муассаса –
биргина “Шарқ” НМАКда йилига 100–120 номда, 150 мингга яқин ададда китоблар
нашр этилмоқда.


Китоб соҳасидаги пешқадам муассасалардан ҳисобланмиш Ўзбекистон
Ёзувчилар уюшмаси томонидан 2018–2023 йиллар мобайнида 512 номда 1 миллион
310 мингта китоб чоп этилган. Жумладан, жорий йилнинг ўзида 49 номда 146
мингдан зиёд ададда китоблар нашр қилинди.
Қизиқ маълумот
Мавзуни ўрганиш жараёнида Давлат божхона қўмитасидан қизиқ маълумот
олдик. Қарангки, бу тизимда хорижий давлатлардан республикага кириб келадиган
китоблар сонига эмас, вазнига қараб ҳисобланар экан.
Қўмита хабарига кўра, Ўзбекистон Республикасига:
2023 йилда 13 минг 769 тонна;
2024 йилнинг 10 ойида эса 7 минг 779 тонна китоб маҳсулотлари импорт
қилинган.
2023 йилда китобларнинг салкам 7,8 тоннаси, 2024 йилда эса 13 тоннасини
турли луғат ва энциклопедиялар ташкил қилган. Китоблар дунёнинг 36 та
давлатидан келтирилган.
Шахсий ибрат кўрсатаётганлар
Одамларимиз орасида китобга чин маънода меҳр қўйган инсонлар, шукрки,
кўпчиликни ташкил этади. Буни шахсий маблағлари ҳисобидан ўз мактаби,
қишлоғи, маҳалласи учун кутубхона ташкил қилаётган юртдошларимиз мисолида
ҳам кўриш мумкин.
Масалан, Андижон вилоятининг Марҳамат туманида тадбиркор Қобилжон
Обидов томонидан бунёд этилган уч қаватдан иборат замонавий “Келажак нури”
кутубхонасида 50 минг нусхадан зиёд китоб ва 300 мингдан ортиқ электрон
адабиётлар мавжуд. Бу ерда 10 та иш ўрни ҳам яратилган.
Кутубхона 30 дона энг сўнгги русумдаги замонавий компютерлар билан
жиҳозланган. Компютерлар интернет орқали Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва
вилоят ахборот кутубхона маркази тармоғига уланган. Кутубхона бир вақтнинг ўзида
300 нафардан зиёд китобхонга хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Китобхонларга
қулайлик яратиш мақсадида “Боок” кафе ташкил этилган. Мазкур зиё масканида
турли танловлар, заковат ўйинлари, атоқли адиблар билан учрашувлар, китоб
тақдимотлари ва адабий кечалар ўтказиб келинмоқда.
Таниқли шоир Барот Исроил ўзи истиқомат қилаётган Оҳангарон туманининг
Тошсой қишлоғидаги ҳовлисида шахсий маблағи ҳисобидан икки қаватли
кутубхона қурдирган. Кутубхонанинг биринчи қавати тўлалигича катта ўқув зали
(бир вақтнинг ўзида 80 нафар китобхонга хизмат кўрсатади), иккинчи қавати эса
китоб фонди, кўргазма заллари, кичик қироатхонадан иборат. Кутубхонада 10
мингдан зиёд китоб бор.
Куни кеча газетада ўқидим. Жиззах вилоятининг чекка Жийдали қишлоғида
яшовчи Наргиза Қўшмонова “Нима учун фақат мен китоб ўқийман? Нега бошқа
қишлоқдошларим бу неъматдан бебаҳра қолиши керак?” деган эзгу ният билан ўз
қишлоғида “Умид” номли мўъжазгина кутубхона ташкил қилибди, мингга яқин
китоб тўплабди. Омадини берсин.
Икром БЎРИБОЕВ
№ 12 2024 11
Энди ҳисоблаб чиқайлик
Эсда тутайликки, юқорида келтирилган факт ва рақамлар – имкон қадар йиғилган
маълумотлар, холос. Ҳали бизнинг ҳисобимизга кирмай қолган китоблар қанча.
Халқимиз китобни севадиган, маърифатпарвар халқ. Демак, хонадонларда,
атоқли илм-фан ва маданият намояндаларининг уйларидаги мавжуд китоблар сони
ҳам салмоқли миқдорни ташкил этиши шубҳасиз.
Энди бор маълумотлар асосида хомаки ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, айни
вақтда мамлакатимиз кутубхоналарида 128 миллион 692 минг 867 та китоб мавжуд.
Яна хориждан кириб келадиган 21 тоннадан ортиқ китоб маҳсулотлари ҳам бор.
Ўзбекистон аҳолиси 2024 йилнинг 1 октябр ҳолатига кўра, 37,4 миллион
кишилик нуфусга эга. Шундан ҳали фаол китобхонлик даврига кирмайдиган
0–7 ёшдаги болалар 7 миллионга яқинни ташкил қилади. Демак, халқнинг китоб
ўқийдиган 30 миллиондан ошиқроқ вакилига камида 128 миллион 692 минг 867 та
китоб тўғри келади.
Ўзингиз айтинг, яна шу ҳолда ҳам китоб етишмайди, деб даъво қилишга ҳақимиз
борми?
Афсуски…
Бир пайтлар, мустақилликнинг дастлабки даврларида, эсласангиз,
кутубхоналарни мафкуравий яроқсиз китоблардан тозалаш ҳаракати бўлиб ўтган
эди. Чунки собиқ тузум даврида чоп этилган аксарият китоблар истиқлол ғоясига
тўғри келмас эди. Ўша даврларда ман-ман деган адибларнинг 10 томлик танланган
асарларидан фақат биргина-ориққина жилди келгуси даврга ўтишга муваффақ
бўлганини ҳам кўрдик. “Узумни ширин қилган Партияга минг раҳмат” қабилидаги
собиқ компартияга ва “доҳий боболар”га қарата айтилган ҳамду санолар билан
лиммо-лим асарлар ўз умрини яшаб бўлган эди.
Бундай “асар”лардан воз кечилгани яхши, албатта, лекин ҳазрат Алишер Навоий
бобомиз: “Бўрк ўрнида бош элтур”, деганларидек, бугунги тил таъбири билан
айтганда, “салла деса, калла олиб келадиганлар”нинг “шарофати” билан биргина
“ЎзССР давлат нашриётида чоп этилди” деган тамға туфайли қанчадан қанча ўзбек
ва жаҳон мумтоз адабиёти намуналари ҳам макулатурага топшириб юборилгани
ачинарли. Агар шу “тозалаш” кампанияси оқилона тарзда ташкил этилганида эди,
мамлакатимизнинг китоб фонди янада кўпроқ бўларди.
Аҳолида, оилаларда қанча китоб бор?
Буни биз билмаймиз. Ҳартугул, барча мавжуд кутубхоналар фондидан кам
бўлмаса керак. Чунки ашаддий китобхон юртдошларимиз кўп.
Биргина мисол. Ўзбек адабиётшунослик фани ривожига ўзининг муносиб
ҳиссасини қўшиб келаётган таниқли олимлардан бири Сувон Мели бадиий адабиёт,
адабиётшунослик, фалсафа ва эзотерикага оид 60 мингдан ортиқ китоб тўплаган.
Ўзим ҳам жавонларимга сиғмаган китобларимнинг бир қисмини ўқиган
мактабимга, қолганини маҳалламизнинг янги очилган кутубхонасига совға қилдим.
Ўқийман деган одамга китоб топиб бериш керак, деган фикрда қизиқадиганларга
китоб тарқатаман. Уйда энг зарур ва қадрдон китобларим қолган, лекин шулар ҳам
оила аъзоларимизнинг ҳар бирига 10–15 тадан тўғри келади.
Уйингизда китоб бўлса – маънавий бойсиз
Ўтмишда – китоблар ҳали оммавий ададларда чиқмайдиган, қўлда саноқли
нусхаларда кўчириладиган ва шу боис жуда қиммат сотиладиган бир замонларда
Ҳамма ўқияпти. Ўқинг!
12 Шарқ юлдузи
уйида китоби бор хонадон моддий жиҳатдан бой ҳисобланган. Ҳозир китоби бор
оила маънавий бой ҳисобланади.
Атоқли ўзбек адиби Абдулла Қаҳҳор: “Хонадонда чироқ бўлмаслиги мумкин.
Лекин китоб бўлмаса, бу гўшанинг кундузлари ҳам зимистондир”, деб ёзади. Ким
ҳам хонадони зимистон бўлишини хоҳлайди, дейсиз.
Яна бир муҳим маълумот
Ўзбекистон Чингиз Айтматов, Махтумқули асарлари энг кўп нашр этиладиган
мамлакатлардан ҳисобланади. Бундан фахрлансак арзийди.
Чингиз Айтматовнинг фарзанди Элдор Айтматовнинг хотирлашича, машҳур
адиб ҳар гал Ўзбекистонда китоби нашр этилганида, “Қирғизистонда китобим
чиқса, 4–5 миллион одам ўқийди, Ўзбекистонда китобим чиқса, 22 миллиондан
зиёд одам ўқийди”, деб жуда хурсанд бўлар экан.
Кутубхоналар фондини бойитиш учун қанча маблағ ажратилмоқда?
Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан олинган маълумотга кўра, 2024 йилда
республикамизда мавжуд давлат кутубхоналари ҳамда ахборот-кутубхона
муассасаларининг китоб фондларини тўлдириш ва янгилаш харажатлари учун
давлат бюджетидан қарийб 21,4 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилган.
Хусусан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси учун 10 735,1 миллион, ахбороткутубхона марказларига 8 910,8 миллион, кўзи ожизлар кутубхоналари учун 1
440,8 миллион, педагогика кутубхонаси учун 144,4 миллион, Республика болалар
кутубхонаси учун 80,0 миллион, тиббиёт кутубхоналари учун 77,7 миллион сўм
миқдорида маблағ ажратилган.
Ўрни келганда бир фикр
Яқинда газетада Жиззах вилоят ахборот-ресурс маркази (болалар кутубхонаси)
раҳбари Анвар Йўлдошевнинг шундай фикрини ўқиб қолгандим:
“2006 йил 20 июнда “Республика аҳолисини ахборот-кутубхона билан
таъминлашни ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Ушбу Қарорга асосан шу пайтга қадар Маданият вазирлиги тасарруфида
бўлган кутубхоналар иккига ажратилди. Вилоятлардаги оммавий (универсал)
кутубхоналар Алоқа вазирлигига, туман марказий кутубхоналари Олий ва ўрта
махсус таълим вазирлигига, болалар кутубхоналари эса Халқ таълими вазирлиги
тасарруфига ўтказилди ва Ахборот-ресурс марказларига айлантирилди.
Менимча, бунда вазирликларнинг давлат бюджетидан оладиган улуши ва
бюджетдан ташқари топган маблағларидан бир қисми кутубхоналарнинг моддийтехник базасини мустаҳкамлашга қаратилиши назарда тутилган бўлса керак. Аммо
амалда кутубхона билан аҳоли ўртасидаги ришталар узилди. Энг ачинарлиси, Халқ
таълими тизимидаги кутубхоналарнинг аҳволи яхшиланмади.
Қизиғи кейин бошланди. Кутубхоналарнинг Алоқа вазирлиги тасарруфида
бўлиши унчалик ҳам тўғри эмаслиги маълум бўлгач, бунга тезда чора топила қолди.
Яъни, кутубхоналар номига “ахборот” сўзи қўшилди.
Қарабсизки, Ахборот-кутубхона маркази (АКМ) пайдо бўлди. Болалар
кутубхоналари эса Ахборот-ресурс маркази (АРМ) деб юритила бошлади.
Кутубхоначилар бир юмалаб маданият ходимидан алоқачига ва таълим
тизимидагилари техник ходимга айландилар.
Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида кутубхонага “ахборот” сўзи қўшилмаган ва биз
бу борада биринчи бўлдик… Китобхонни “фойдаланувчи”, электрон китобларни
“маълумотлар базаси” деб атайдиган бўлдик. Ҳамма замонларда ҳам кутубхона
Икром БЎРИБОЕВ
№ 12 2024 13
мутолаа маскани бўлган. Кутубхоналарга 4-5 та компютер ўрнатилса, ахборот
марказига айланиб қолмайди. Бу воситаларнинг ўз вазифаси бор, яъни китобхон
китоб сўраб келса, бу асарнинг қоғоз варианти бўлмаса, электрон варианти билан
китобхонни таъминлаш ёки ўша асарни бошқа кутубхоналардан топиш имконини
беради (бу соҳада муаллифлик ҳуқуқига зид бўлган ҳаракатлар ҳам юзага келади).
Республикамиздаги мавжуд кутубхоналар ўз номи билан юритилиши
тарафдоримиз. Мажбурлаб тиқиштирилган “ахборот” сўзини олиб ташлаш керак.
Ҳар доим кутубхоналар оммавий кутубхоналар, болалар кутубхоналари, таълим
муассасалари кутубхоналари… деб атаб келинган, АКМ ёки АРМ деб эмас.
Барча кутубхоналарни битта тизимга бирлаштирсак, самарадорлик юқори
бўлади.
Янги китоблар
Юқорида ҳисобланган 128 миллион 692 минг 867 та китобга ҳар йили яна
камида 40–45 миллионта китоб қўшилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот
ва оммавий коммуникациялар агентлиги маълумотига кўра, айни пайтда
республикада 602 та ноширлик субъекти фаолият олиб боради. Шундан 54 таси,
яъни 9 фоизи давлат улушига эга бўлса, қолган 548 таси, яъни 91 фоизи хусусий
секторга тегишли. Бу кўрсаткич 2020 йилда – 168 та, 2021 йилда – 252 та, 2022
йилда – 364 та, 2023 йилда – 458 тани ташкил қилган. Ноширлик соҳасида фаолият
бошлаган тадбиркорлик субъектлари сони 2020 йилга нисбатан қарийб 3,5 баробар,
яъни 364 тага ошган. Демак, нашриётлар сони ҳар йили ўртача 100 тага кўпайиб
бормоқда. Нашриётлар сонининг ошиб бориши, албатта, китоблар сонининг ҳам
ошишига олиб келади.
Бир йилда мазкур нашриётлар томонидан, эътибор қилинг, 2023 йил давомида
15 минг 867 номда салкам 40 миллион нусха; 2024 йилнинг 10 ойи давомида 12
минг 770 номда қарийб 45 миллион нусха адабиётлар нашр этилган.
Озгина лирик чекиниш
“Қалб тарбияси деган нарса бор, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими, таниқли шоир Эшқобил Шукур. – Қалбни тарбиялаш адабиётнинг
жуда катта вазифаси. Қалб тарбияландими, инсонда ҳамма нарса тарбияланади.
Масалан, Абдулла Қодирийнинг китобини ўқияпсиз ёки боланагиз ўқияпти.
Болангиз-ку, болангиз, ўзингиз тарбияланасиз ўша пайтда. Сизга ҳеч қачон Абдулла
Қодирий нуқиб ўргатмайди, ўз-ўзидан, табиийлик билан тарбиялайди. Саҳифамасаҳифа қалбингизни, фикрингизни, тафаккурингизни, дидингизни тарбиялаб
боради. Шунинг учун ҳам китобнинг қадри муҳим.
Яқинда Озод Шарафиддиновнинг бир гапини ўқиб, қойил қолдим. Болалар
айниб кетяпти, ёшлар ёмон бўлиб кетяпти, деяпмиз. Нима қилиш керак, деяпмиз.
Бунинг арзон ва жуда осон йўли бор. Ҳамма болаларни китобхон қилиш керак.
Болага китоб ўқишни ўргатинг, шунда бошқа ортиқча харажатларнинг кераги ҳам
бўлмай қолади. Китоб ўқийдиган бола бошқача бўлади. Шунинг учун адабиётнинг
вазифасини ҳар қандай вазиятда ҳам эсдан чиқармаслигимиз керак”.
Китоб савдоси
Юқорида республикада 602 та ноширлик субъекти фаолият олиб бораётганини
айтиб ўтдик. Хўш, улар нашр этган китоблар китобхонлар қўлига қай тарзда етиб
боради?
Ҳамма ўқияпти. Ўқинг!
14 Шарқ юлдузи
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги маълумотига кўра, янги нашр
этилаётган китоблар республика ҳудудида фаолият юритаётган 682 та китоб савдо
дўконлари орқали сотилади. Шу билан бирга, 30 га яқин нашриёт ва китоб савдо
дўконлари томонидан жорий этилган етказиб бериш хизмати ҳамда онлайн савдо
платформалари орқали ҳам китоб сотуви йўлга қўйилган.
Китоб савдоси мутахассисларининг фикри
Бир вақтлар бинойидек ишлаган “Ўздавкитобсавдо” давлат унитар корхонаси
бугунги кунда паст самарадорлик билан ишлаётгани учун фаолияти тўхташ
арафасида.
Бозор иқтисодиёти шундайки, унда бўшлиқ бўлмайди. Аввалги китоб савдоси
тизими тугаётган бўлса, ҳозир бу соҳа табдиркорлар қўлига ўтган. Хусусан, 2003
йили ташкил этилган “Ўздавкитобсавдотаъминот” МЧЖ хусусий корхонаси
барқарор ишлаб келмоқда. Ташкилотнинг йиллик савдоси айни вақтда ўртача
4 миллиард сўмни ташкил этаётгани, ўйлаймизки, биргина мана шу рақамнинг
ўзиёқ, одамлар китоб сотиб олаётгани, демак, ўқиётганини кўрсатади
“Ўздавкитобсавдотаъминот” МЧЖ хусусий корхонаси директори Шаҳзод
Назаров шундай дейди:
“Умумий ҳисоблаганда, бугунги кунда Ўзбекистон бўйича китоб савдоси йилига
ўртача 240 миллиард сўмни ташкил этади. Шундан 120 миллиард сўмлик китоб
савдоси мактабгача ва мактаб таълими тизимига тўғри келади. Қолгани бошқа
тизимлар ва аҳоли ҳиссасига тўғри келади.
2019 йилда Ўзбекистонда китоб савдоси мустақиллик йилларидаги энг юқори
кўрсаткичга эришган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев китоб масаласига алоҳида
эътибор қаратгани натижасида ўша йили китоб сотувлари ҳажми олдинги йилларга
нисбатан 30–35 фоизга кўтарилган. Бироқ кейинчалик коронавирус пандемияси,
2020 йилдан солиқ имтиёзининг бекор қилиниши туфайли яна савдо ҳажми
пасая бошлади. Ўша йилдан китоб дўкони қуриш ёки китоб дўкони учун ижара
тўловларида имтиёзлар олиб ташланди. Натижада китоб дўконини юритаётган
тадбиркор спиртли ичимликлар дўкони тўлайдиган даражадаги ижара ҳақини
тўлолмай қолди.
2020 йилда нашриёт фаолияти учун лицензия талабининг бекор қилиниши китоб
нашр этиш ишларини бироз жонлантирди. Гарчи ҳолат 2019 йилдаги даражага
қайтмаган бўлса-да, янги китоблар сони орта бошлади. Ана шу янгиликнинг меваси
сифатида 2024 йилда янги китоблар нашр этилиши бўйича кўрсаткичлар анча яхши
бўлди. Мисол учун, олдинги йилларда умумий нашр этилаётган китоблар орасида
янги асарларнинг ҳиссаси 10–15 фоиздан ошмас эди. Асосан қайта нашр этилган
китоблар бўларди. 2024 йилда бу кўрсаткич 30–35 фоизни ташкил қилди.
Мен шу соҳада фаолият юритаётган инсон сифатида китоб тарғиботи бўйича
давлат буюртмасини ташкил қилишни таклиф этаман. Китоб тарғиботига
бағишланган ижтимоий роликларни таъсирчан замонавий шаклларда телевидение,
радио ва интернет орқали тизимли бериб боришни йўлга қўйиш керак. Айни
қайсидир китобни эмас, умуман, китоб ўқишни тарғиб қиладиган рекламаларни
кўпайтириш зарур. Мисол учун, маънавият соҳасига ажратилаётган 64 миллиард
сўмлик бюджет маблағларининг 5 миллиарди шу роликларга ажратилса,
яхши натижага эришса бўлади. Бу ишга тадбиркорлар ҳам ўз маблағлари билан
ҳисса қўшишга тайёр. Лекин давлат қўлловисиз тадбиркорларнинг ўзлари буни
қилолмайди”.
Икром БЎРИБОЕВ
№ 12 2024 15


Китоб савдоси бўйича тилга тушиб келаётган яна бир муассаса – “Асахий”
интернет дўконининг “Асахий Боок” бўлими орқали ойига ўртача 100 мингта,
чоракда 300-350 минг, йилига эса 1 миллиондан ортиқ китоблар сотилмоқда экан.
Зангиота туманидаги, халқ тили билан айтганда, “Канстовар бозори”ни
ҳаммамиз яхши биламиз, лекин бу савдо масканида, масалан, бир кунда қанча
китоб сотилади – буни билмаймиз.


Энди “Китоб маркази” ва “Китоб дунёси” савдо тармоқлари раҳбари Шуҳратжон
Охунжоновнинг фикрларига қулоқ тутинг:
“Ёшлар китоб ўқимайди, деган фикр хато. Улар китоб ўқийди, аксинча, биз китоб
соҳасида ишлайдиганлар уларга янги ва сифатли китобларни етказиб беришда
оқсаяпмиз, холос.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг китобхонликни ривожлантириш
масаласига қаратаётган алоҳида эътибори юртимизда чинакам ўзгаришлар даврини
бошлаб берди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 сентябрда қабул
қилган китобхонликни ривожлантириш тўғрисидаги қароридан руҳланган ҳолда,
мен “Китоб олами” хусусий корхонасини ташкил этганман. Ташкилотимизда 100 га
яқин одамни иш билан таъминлаганмиз. 2016 йилда ташкилотимизнинг бир йиллик
пул айланмаси 43 миллион сўм бўлган бўлса, бугунги кунга келиб бу кўрсаткич 4
миллиард сўмдан ошди.
Бугун мамлакатимиз бўйлаб ўнлаб “Китоб маркази” ва “Китоб дунёси” деб
номланган тармоқ савдо марказларимиз бор. Корхонамиз аҳоли ва ёшлар ўртасида
китобхонлик маданиятини ривожлантириш мақсадида ҳудудларда турли танловлар
ўтказиб келади. Масалан, биргина 2021 йилнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси
ва Хоразм, Бухоро, Қашқадарё, Жиззах вилоятларидаги китобхон ўқувчилар учун
жами 10 та автомобил ҳамда кўплаб номинациялар бўйича қимматбаҳо совғалар
тақдим этилди. Вилоятлардаги барча уй таълимидаги болажонларга ҳомийлик
асосида қизиқарли китоблар бердик. Ҳозирги кунда доимий равишда “Энг
китобхон мактаб” ва “Энг китобхон оила” лойиҳалари доирасида чекка қишлоқ ва
маҳаллаларда ижодий учрашув ҳамда китоб ярмаркаларини ўтказяпмиз.
Бугунги кунда ташкилотимиз доирасидаги китобсеварлар сони 3 миллионга
етди. Насиб қилса, 2025 йилга бориб доимий китобхонларимиз сонини 10 миллионга
етказмоқчимиз. Бугун мен 100 нафарга яқин ёшни иш билан таъминлаган бўлсам,
икки йилдан кейин мана шу 100 нафар ёшнинг ҳар бири камида 100 нафардан
тенгдошига иш беради. Мен бунга қатъий ишонаман.
Китоб орқали нафақат моддий жиҳатдан ютуқларга эришдим, балки инсонларга
зиё, маънавият тарқатишдек сеҳрли оламга кириб келдим. Эҳтимол, айрим
танишларим айтганидек, китоб ўрнига бошқа бизнес билан шуғулланганимда,
бундан бир неча баробар кўпроқ даромадга эга бўлишим мумкин эди. Аммо бугун
мен юракдан ҳис этаётган, инсонларга маърифат улашишдек бахт ва ҳузурни топа
олмаслигим аниқ. Шунинг учун ҳам ҳеч қачон китоб дунёсини тарк этмайман.
Ўзбекистон – китобхонлар юрти!”


Китоб савдоси бўйича америкалик таниқли адиб Арчибалд Маклишнинг ҳам
ибратли фикри бор:
Ҳамма ўқияпти. Ўқинг!
16 Шарқ юлдузи
“Китоблар, ҳақиқий китоблар ўз-ўзидан сотилиб кетмайди. Китобнинг
муқоваси қанчалик чиройли бўлмасин, унда китобнинг мазмун-моҳияти қанчалик
маҳорат билан акс эттирилган бўлмасин, китобнинг ташқи кўриниши одамларда
уни албатта сотиб олиб ўқиб чиқиш керак экан, деган фикрни уйғотолмайди.
Ҳақиқий китоблар уларнинг қандай китоблигини биладиган ва уларга ҳурмат
билан муносабатда бўладиган одамларнинг ғайрат-шижоати туфайли сотилади.
Бу ғайрат-шижоат эса аввало китобни варақлаб чиқаётган ўқувчини ишонтиришга
қаратилган бўлиши керак. Энг ҳурматли танқидчи ёзган энг беназир тақриз ҳам
ўқувчининг ўқувчи билан гурунгидан камроқ фойда келтиради. Бундай гурунгларда
эса ҳар доим ўз китобларини ҳам, ўз харидорларини ҳам яхши биладиган китобчи
энг обрўли суҳбатдош саналади.
Агар китоб савдосида шундай сотувчилар қолмаса, бу савдо ҳамма нарсани улкан
ва ёрқин реклама плакатлари ҳал қиладиган, муваффақият ва муваффақиятсизлик
ҳақида эса олинган даромадга қараб баҳо бериладиган совун ёки консерва савдоси
каби оддий, ўртамиёна савдога айланади”.
Тарғибот ишлари қандай олиб борилмоқда?
Албатта, аҳоли, жумладан, ёшлар ўртасида китоб ўқишни оммалаштириш ва
рағбатлантиришда турли тарғибот тадбирларининг муҳим ўрни бор. Биз китоб
тарғиботи бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолатини уч ташкилот – Ёшлар ишлари
агентлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази ва Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси фаолияти мисолида ўргандик.


Ёшлар ишлари агентлиги томонидан 2017 йилдан буён анъанавий тарзда
ўтказилаётган “Ёш китобхон” танлови ҳақида юқорида айтиб ўтдик. Ёш оилалар
ўртасида китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган “Ёш китобхон
оила” танловини ўтказиш орқали 160 минг китобхон оила, шунингдек, “Зукко
китобхон” танлови орқали 80 мингдан ортиқ китобхон қамраб олинган.
“Мутолаа” лойиҳаси доирасида 3 минг 200 дан ортиқ китобларнинг аудио ва
электрон вариантлари тайёрланиб, мобил иловага жойлаштирилган. Бугунги кунда
1,1 миллиондан ортиқ китобхон ушбу мобил иловадан фойдаланмоқда (2 миллион
609 мингта китоб ўқилмоқда).
“Ёшлар учун минг китоб” лойиҳаси доирасида жаҳон адабиётининг 50 номдаги
энг сара илмий-оммабоп китоблари танлаб олиниб, ўзбек тилига таржима қилинган.
“Жадидлар” рукни остида 8 та китобдан иборат тўплам 23 минг (жами 184 минг)
нусхада чоп этилиб, ҳар бир таълим маскани, вазирлик, идора ва муассасалар
кутубхоналарига етказилган.
Қомусий олимлар, маърифатпарвар алломаларнинг илмий ва маънавий мероси
ҳақида “Уйғониш” рукни остида 7 та китобдан иборат тўплам 20 минг (жами 140
минг) нусхада чоп этилиб, таълим масканлари, вазирлик, идора ва муассасалар
кутубхоналарига етказилган. Миллий қаҳрамонларимизнинг болаларга хос
персонажларини яратиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган
“Жасорат”, “Илдиз” ва “Жажжи академик” китоблар тўпламлари нашрга
тайёрланган.
“Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида 4 миллиондан ортиқ китоблар
ёшларга етказиб берилган.
Икром БЎРИБОЕВ
№ 12 2024 17


Айни пайтда, Республика Маънавият ва маърифат маркази ва унинг ҳудудий
бўлимлари томонидан ҳам китобхонлик маданиятини юксалтириш борасида бир
қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жойларда беш ташаббус лойиҳаси доирасидаги “Зукко китобхон”, “Ёш
китобхон”, “Ёш китобхон оила”, “Мушоира”, “Ибрат” чет тиллари танлови”,
“Ментал” ва “Заковат” лойиҳалари доирасида 4 минг 971 та “Маърифат
улашиб”, “Китоб карвони” акциялари ташкил қилиниб, таълим муассасалари,
кутубхоналар ва маҳаллаларга адабий-маърифий мавзулардаги 48 минг 401 та
адабиётлар беғараз етказиб берилди.
“Беш ташаббус” лойиҳаси доирасида 12 та олий таълим муассасасида “Учинчи
Ренессанс жадидлари – 2024” китобхонлик форумлари ташкил қилинди.
Шунингдек, 29 минг 139 дона китоб Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси,
вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимларига юборилди.
“Менинг илк китоб жавоним” лойиҳаси доирасида мактабгача таълим
ташкилотларига 2 минг 200 дона, жойларда маънавий-маърифий соҳа ривожига
муносиб ҳисса қўшиб келаётган турли соҳадаги ёш ходимларга “Энг ёш
маънавиятчи – 2024” танлови орқали 2 минг 500 га яқин китоблар совға қилинди.
“Китоб ўқиш маданияти оиладан бошланади”, “Ота-она ўз фарзандига яхши
тарбиядан бошқа мерос қолдирмайди” каби мавзуларда 1 минг 630 та маънавиймаърифий тадбир ўтказилиб, аҳолининг кенг қатлами ўртасида “Китоб улаш!”
акцияси ташкил қилинди ва 22 мингдан ортиқ китоб мактаб, маҳалла ва оилавий
кутубхоналар ва аҳоли вакилларига тақдим этилди.
“Ойина.уз” порталида 4 босқичда “Китоблараро 80 кун” марафони ташкил
этилди.


Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан китобхонлик мавзусида бадииймаърифий тадбирлар мунтазам ташкил қилинмоқда. 2018–2024 йилларда Уюшма
ҳомийлигида чоп этилган 1 миллион нусхадан зиёд китоблар маҳаллалар, таълим
муассасалари, ҳарбий қисмлар, Меҳрибонлик ва Саховат уйларига “Китоб
акцияси” тадбирлари доирасида совға қилинди.
2021 йилда 100 жилдлик “Рус адабиёти дурдоналари”, 2022 йилда 100 жилдлик
“Туркий адабиёт дурдоналари” китоблар мажмуаси чоп этилди.
“Биринчи китобим” лойиҳасида 2010 йилдан 2024 йилга қадар жами 201 нафар
ёш ижодкорнинг 196 номдаги китоби 3 миллион 210 минг нусхада нашр қилинди.
Шунингдек, 16 жилдлик “Қорақалпоқ адабиёти дурдоналари”, 100 жилдлик
“Жаҳон болалар адабиёти хазинасидан”, “Ўзбек адабиёти хазинасидан” кўп
жилдлик асарлар мажмуаси нашрга тайёрланмоқда.
Ҳарбий хизматчилар ва курсантлар қалбида ватанпарварлик, она юртга
садоқат, мардлик ва жасорат туйғуларини мустаҳкамлаш, уларнинг жанговар
руҳини ошириш, бу борада таъсирчан тарғибот ишларини олиб боришга
қаратилган “Мард аскарга совға” туркумида 18 номда ихчам китоблар тўплами
нашр этилди.
Уюшмада мунтазам равишда янги нашр этилган китоблар тақдимотлари
ўтказиб келинмоқда.
Яхши китоблар йўқми?
Нега йўқ бўлар экан. Бугун яхши китоблар ёзиляпти ҳам, чоп этиляпти ҳам.
Ўқишга яхши китоблар йўқ, дея баҳона айтгувчиларга айрим мисолларни келтириб
ўтмоқчимиз.
Ҳамма ўқияпти. Ўқинг!
18 Шарқ юлдузи
Ўзининг асарлари ва таржималари билан жамиятимиз тафаккурини бир поғона
юксакка кўтарган, бугун табаррук ёшда ҳам фаол ижод қилиб келаётган атоқли
адиб ва таржимон, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров қаламига мансуб
китоблар сони 30 дан ошиқ экан. Ва устознинг яна шунча миқдорда жаҳон
адабиётининг энг сара намуналаридан қилган таржималари бор – Достоевский,
Мопассан, Хемингуэй, Фолкнер, Айтматов… Эҳ-ҳе! Биргина Жеймс Жойснинг
“Улисс” романини ўгиришнинг ўзиёқ ҳар бир моҳир таржимон ижодий фаолиятига
олий мақом бахш этади.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг нашр этилган китоблари сони
40 дан ортиқ. Биргина охирги 3 йилнинг ўзида – 2021–2024 йиллар оралиғида
адибнинг 12 та китоби нашрдан чиққан. Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг
китоблари сони ҳам 40 дан ошиқ.
Бир ўзи бир институтнинг ишини бажараётган ижодкорларимиз, олимларимиз
бор. Масалан, устоз шоир ва олим Мирзо Кенжабек сўнгги йилларда фаол меҳнат
қилиб, 20 дан зиёд китоблар ёзган, таржима қилган ва нашрга тайёрлаган.
Яна бир заҳматкаш тадқиқотчи Абдусаттор Жуманазар томонидан тайёрланган
китобларга разм солинг: “Хилват аҳли”, “Ўргимчак китоби”, “Насаф”, “Вахшувор”,
“Машраб”, “Бухоро таълим тизими тарихи”, “Яккабоғ”, “Туғли ҳикоялар буржи”,
“Самарқанд таълим тизими ва мадрасалари тарихи”, “Қоратош”, “Булунғур”
ва бошқа сўнгги йилларда чоп қилинган 10 дан зиёд тўпламлар. Орада “Амир
Абдуаҳадхон. Фетербурғ сафари” таржима асари нашр этилган, республика
матбуоти ва илмий тўпламларда 200 дан ортиқ мақоласи эълон қилинган. Булардан
ташқари, тиниб-тинчимас олим “Қиссайи Шоҳ Машраб”, “Қалқон қўшиғи”,
“Мовароуннаҳр илмий марказлари”, “Армия билан ҳамқадам, ҳамфикр, ҳамнафас”
каби тўпламларда ҳамкорлик қилган. Ҳозирги пайтда “Хоразм таълим тизими ва
мадрасалари тарихи” асари устида иш олиб бормоқда.
Замонамизнинг забардаст адиби Исажон Султоннинг охирги 3 йилда “Алишер
Навоий”, “Маъсума”, “Билга Хоқон”, “Абу Райҳон Беруний” сингари 5 та романи
ўқувчилар қўлига тегди. Шунингдек, 5 та йирик асари хорижда нашр этилди,
адабий мукофотларга лойиқ топилди. Айни пайтда, яна 2 та янги романи нашр
арафасида.
Мен бу рўйхатга ҳали истеъдодли шоирларимизнинг ўнлаб шеърий тўпламларини
киритганим йўқ. Буларнинг ҳаммаси яхши, мириқиб ўқиладиган китоблар.
Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам…
Айни пайтда ўқиш ниятида ажратилган ўнлаб эски ва янги китоблар менинг
вақтимни кутиб турибди. Агар уларнинг мухтасар рўйхатини зикр этадиган бўлсам
ҳам, кўпгина оқ варақларни қоралашга тўғри келади.
Бир пайтлар ҳазрат Алишер Навоийнинг 10 томлик тўла асарлар тўпламини
тугал ўқиб, ундан компютерда 500 бетга яқин кўчирмалар олган эдим. Уларга доим
кўз ташлаб турганим боис, мутафаккир шоиримизнинг ўлмас мисралари хаёлимда
айланиб юради. Яқинда тўла асарлар тўпламининг электрон нусхасини топдим,
яна мутолаага шўнғидим. “Насойимул муҳаббат”ни учинчи қайта ўқидим, турли
нашрларда… Фикримча, бу дунёга биргина Алишер Навоий асарларини ўқиш учун
ҳам келиб-кетсанг арзийди.
Мавзу доирасида бир таклиф: Алишер Навоийнинг 10 томлик тўла асарлар
тўплами ЎзФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти томонидан
нашрга тайёрланиб, 2011 йили Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий
уйида чоп этилган. Яқин одамингизга ҳадя сифатида берсангиз арзийдиган
Икром БЎРИБОЕВ
№ 12 2024 19
муҳташам тўплам. Лекин ўқиш учун тўғри маънода оғирлик қилади – столгами,
хонтахтагами қўйиб ўқиш керак. Кўтариб юриш ҳам ноқулай. 1983 йилда “Фан”
нашриёти шоир асарларини 20 том остида жамлаган, уни бугунги кунда топиш
қийин.
Буюк мутафаккир асарларининг қўлёзмалари ва нашрлари тақдири ҳамма
замонларда ҳам шундай – қиммат ва серҳашам бўлган, шекилли.
Алишер Навоий ижодини халққа яқинлаштиришни хоҳлар эканмиз, аввало,
шоир асарларини ўқиш ва кўтариб юриш учун қулай, ихчам шаклда нашр этиш
зарур, деб ўйлайман. Бу, майли, 50 жилд бўлсин, лекин ўзингиз билан доим олиб
юришга қулай – шаклиям, нархиям чўнтакбоп бўлсин.
Хайрли иш
Яқинда “Осмон ерга яқин” номли китоб қўлимга тегди – “Микрокредитбанк”
АТБ жамоаси ва “Ижод НАШР” нашриёти ҳамкорликда йўлга қўйган “Чиғаноқ”
лойиҳаси доирасида чоп этилибди. Банк ва нашриёт жамоалари юртимизда
китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга
оширилаётган эзгу ишларга ҳисса қўшиш ниятида мазкур лойиҳага қўл урибди.
Ғоят хайрли иш.
Энг яхши ибрат – оилада
“Нимагаки эришган бўлсам китобдан миннатдорман, қайсидир хато ишдан
қайтган бўлсам ҳам, – дейди ижодкор ва журналист Азиз Норқулов. – Эсимни
таниганимдан буён уйимизда адабиёт, турли бадиий асарлар, она тилимиз
жозибаси, шевалар ҳақида гаплашганмиз. Отам ўқитувчи бўлиб ишлагани, ўзи ҳам
ижод билан шуғуллангани учун уйимизда катта кутубхона доим бўлган. Шу боис,
энг яхши ибрат – оилада, деб биламан. Бугун мендан улгу олиб, фарзандларимда
ҳам китобга қизиқиш баландлигини кўриб, хурсанд бўламан.
Ҳозирги ёшларга, уларнинг имкониятларига ва бундан унумли
фойдаланаётганларига ҳавас қиламан. Ёшлар китоб ўқимай қўйди, мутолаадан
узоқлашиб кетди, маънавиятни ошириш керак, каби гаплар кўп қулоққа чалинади.
Ростини айтиш керак, кўнгилни кўтарадиган, умидни оширадиган ҳолатлар ҳам
етарлича.
Миллий кутубхонамизга кўп бораман. Эрта тонгдан ёшлар китобларга муҳр
босдириш учун навбатда турганини кўраман. Мен ҳам улар сафига қўшиламан.
Ичкаридаги ўқув зали доим тўла бўлади, китобхон ёшлар сиғмай қолади. Биринчи
кирганимда жой топилмаганидан хурсанд бўлиб кетганман. Китоб ўқимай қўйган
ёшлардан нолийдиганларни шу даргоҳга олиб келиб, кўрсатгим келган”.
Донолар нима дейди?
“Миллатни босма сўз яратиши” (Бенедикт Андерсон), “Тараққиётнинг умумий
кўламида ҳар бир халқнинг ўрни ўша халқ ўқиётган китобларнинг сони билан
белгиланиши” (Эдуард Лабулэ) ҳақидаги фикрларни ўқигансиз.
Машҳур адиб Хорхе Луис Борхеснинг ҳам китоб ҳақида эътиборли фикри
бор: “Инсон қўлидаги турли-туман қурол-яроғ, асбоб-ускуналар орасида энг
ғаройиби, шубҳасиз, китоб саналади. Қолганларини унинг жисмоний давоми дейиш
мумкин. Микроскоп ва телескоп – кўзнинг давоми, телефон – овознинг, омоч ва
қилич – қўлнинг. Бироқ китоб – бутунлай бошқа нарса, китоблар – хотиралар ва
тасаввурларнинг давомидир. Китоб одамзотнинг хотираси хазинасидир”.
Ҳамма ўқияпти. Ўқинг!
20 Шарқ юлдузи
“Китобни жонсиз буюм деб ҳисобламаслик зарур, зеро, китоб уни яратган
даҳонинг салоҳиятига тенг равишда ҳаётий куч-қудратга эга”, деб ёзади инглиз
шоири Жон Милтон. Бу сўзлар мавлоно Жалолиддин Румийнинг: “Сўз инсоннинг
қиймати қадар қадрлидир” деган лутфини эслатади. Яна бир адиб Александр
Генис бу фикрларни бошқачароқ ифода этади: “Биз ёзувчи асарини унинг ўзидан
кўра муҳимроқ деб ҳисоблаймиз, чунки у умрининг энг яхши дақиқаларини асарига
бағишлаган”.
Япон ёзувчиси ва мутафаккири Дайсаку Икеда эса нафақат ёзувчига, айни пайтда
китобхонга ҳам жиддий ва тўғри талаб қўяди: “Яхши ўқувчи бўлиш ҳам яхши ёзувчи
бўлишдай гап – бу ҳар бир шахс кўтарилиши лозим бўлган маънавий мақом”.
“Гаранг одам биров гапириб берганига қараб мусиқанинг сеҳрли кучини
англамаганидек, мен ҳам бутун умр давомида биронта китоб ўқимаган инсоннинг
фикрлаш тарзини англай олмадим” – бу австриялик файласуф ёзувчи Стефан
Свейгнинг фикри. Ҳаққоний фикр.
Ҳазрати Бобур ўз вақтида Самарқанд ҳокими Султон Аҳмад Мирзога таъриф
бериб: “Ҳеч нарса ўқимаган, оми киши эрди, шул сабабдин бор ихтиёри бекларининг
илгида (қўлида) эди”, деган ниҳоятда чуқур маъноли, ҳаётий хулосани баён этган.
Қаранг, улуғ аждодимизнинг фикрида бизнинг замонамиз учун ҳам қандай
ибратли жиҳатлар бор. Афсуски, китоб ўқимаслиги билан мақтанадиган
амалдорлар, пул топиб, ақлу фаросат топмаган “тадбиркор”лар орамизда йўқ эмас.
Китоб ўқимаслик – ақлнинг яланғочлигидан далолат, китоб ўқимаслиги билан
мақтанган одам эса худди кўчада яланғоч юргани билан мақтанган кимсадек
бўлади. Дарвоқе, буюк маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзининг
машҳур “Падаркуш” драмасига “Ўқимаган боланинг ҳоли” дея бежиз тагсарлавҳа
қўймаган!
Қиссадан ҳисса
Яхшини яхши десанг, яхшилиги ортади, ёмонни ёмон десанг, ёмонликка
тортади. Чиндан ҳам, Ғарб ёзувчиларидан бири айтганидек, кишига чўчқасан деб
айтаверсанг, охир-оқибат у ҳуриллаб юборади.
Ҳеч ким ўқимаяпти, деб ўқиётган одамнинг ҳам ҳафсаласини пир қилмайлик,
аксинча, ўқимаётганларни ҳам ўқишга қизиқтирайлик. “Йўқ-йўқ” деявериб, борини
ҳам йўқ қилиб қўймайлик. Ўқиётган инсонларни тарғиб этайлик.
Ҳаммамиз биламиз, аксарият одамлар табиатан эргашувчи бўлади. Буни
ижтимоий тармоқлардаги бир ҳолатдан ҳам кузатиш мумкин. Одатда, қайсидир
фикр ёки лавҳага биринчи бўлиб изоҳ қолдирган киши ўзидан кейинги деярли
барча изоҳларга ўзан очиб беради. Битта-иккита қарши муносабатлар умумий
оқимда кўринмай кетади. Демак, кимдир ҳеч ким ўқимаяпти, деса, бошқалар ҳам
ўқимай қўйиши, аксинча, ҳамма ўқияпти, дейилса, одамлар ўқишга меҳр ва ихлос
қўйиши мумкин. Айни мутолаа асносида инсонда эргашувчанлик одати йўқолиб,
мустақил фикрлаш туйғуси шаклланади.
Қиссадан ҳисса шуки, Ўзбекистон – китобхон мамлакат, мамлакатимизда китоб
фонди ҳам, китобхонлар сони ҳам етарлича. Ва даъватимиз шундайки: бугун
кўпчилик китоб ўқияпти, сиз ҳам албатта ўқинг!

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil