Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Мен кузакнинг йўлларини тўсолмадим

Дурдона БАҲОДИРОВА – 2001 йилда туғилган. Гулистон давлат университетининг
бошланғич таълим йўналишини тамомлаган. Республика ёш ижодкорлари анъанавий
Зомин семинари иштирокчиси. Шеърлари республика матбуотида нашр этилган.


* * *
Сендан кейин… юрагимни чақмоқ урди.
Тақдир дардга қориб ўтди
сендан кейин.
Қорлар босди, муз ёрилди, тоғлар кўчди,
Кўп ёмғирлар ёғиб ўтди
сендан кейин.


Қара, олам яшил эди, барқут эди,
Мен кузакнинг йўлларини тўсолмадим.
Ўпкам тўлиб кетаверди кулай десам,
Сендан кейин бахт ҳақида ёзолмадим.


Ҳеч келмадинг тиканларга тўлди йўллар,
Пешонамдан ўчиради сени йиллар.
Кимдир мени юрагига босиб йиғлар,
Сендан кейин…



* * *
Тун… тоғлар бағрида ётар хотиржам
Сойларнинг сирига бўлади амин.
Ногоҳ мудраб ётган тонгни уйқудан,
Юзига сув сепиб уйғотар замин.


Булутлар хаёли тўзғийди чунон,
Майсалар ёшини яширар секин.
Кўзлари қизариб чиқади осмон,
Ҳарир рўмолининг ушлаб бир четин.


Баҳорда чўққининг қорлари эриб,
Қирларнинг этагин тўзғитар шамол.
Тонг саҳар кўксини тандирга бериб,
Ухламай нон ёпиб чиқади аёл.


* * *
Тўкилиб кетаман кафтингдан,
Ижобат бўлмаган дуодек.
Соврилиб кетаман кўкларга,
Бир чуқур оҳингдан ҳаводек.


Эзилиб ёмғирлар ёғади,
Фақат сен сокинсан, мудом жим.
Наҳотки елкамга тўкилиб,
Йиғлагинг келмайди, азизим?!


* * *
Тўқнаш келар нигоҳларимиз,
Бошланади сўзсизлик жанги.
Катталашар қароқларимиз,
Қизаради яноқлар ранги.


Нигоҳларим оласан йиғиб,
Хижолатдан аланглайди кўз.
Сўраб қолма мендан ишқилиб
Ҳол-аҳволга ўхшаш бирор сўз.


Жим сўзлаймиз, тугайди суҳбат,
Анча гаплар бўлди эҳтимол.
Ўртамизда беш дақиқа вақт,
Ва узоқ вақт жимлигимиз бор.


Бир сўз айтмай кетиб бўлмайди,
Жимликларга бергандай барҳам. – Наҳот сенинг рашкинг келмайди?
Мен кимнингдир тушига кирсам.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil