
Йўлдош СОЛИЖОНОВ – филология фанлари доктори, профессор. 1940 йил
туғилган. Фарғона давлат педагогика институтининг (ҳозирги ФДУ) тарих-филология
факультетини тугатган. «Улуғ санъаткор», «Шеъриятнинг сирли жилвалари», «Сўз
сеҳргари», «Зулматдан нур қидирганлар», «Мен сиздан сабоқ олдим», «Фарғона адабиёти»
каби илмий асарлар муаллифи.
Ҳамид Бурҳон таваллудининг 75 йиллигига
Таниқли журналист Ҳамид Бурҳон ёзувчи сифатида ижодини кенгроқ
бошлаган бўлса-да, янги асрнинг сўнгги ўн беш йиллигида унинг ўттизга яқин
ҳикоялари, тўртта қиссаси, бешта романи нашр этилиб, адабий жамоатчиликка
танилди. Айниқса, ёзувчининг маънавий-маърифий мавзудаги “Сирот кўприги”
(ҳаммуаллиф Ҳ.Исҳоқов), очерклар, эсселар, хотира, сафарнома ва шеърлардан
иборат “Юрган дарё” қисса ва ҳикоялардан таркиб топган “Тоғлар орасидаги
қишлоқ”, “Искандарнинг сирли ўлими” (ҳикоялар), “Тақдир жазоси” (қиссалар),
“Шайдо” (роман), “Кўприк” (ҳужжатли роман), “Кўприк ёхуд Гитлерни чўчитган
ўзбек” (ҳужжатли роман), “Тушда кўрган оқ кунлар” (ҳужжатли роман), “Ажал
домидаги ҳаёт” (роман-эссе) каби асарлари китобхонларда катта қизиқиш уйғотди.
Ҳамид Бурхон асарлари учун танланган мавзу, муаммо, воқелик ва персонажлар
барчаси ҳаётий, ўзи кўрган, билган кишилар, гувоҳ бўлган, бошидан кечирган
ҳодисалардир. Масалан, “Тоғлар орасидаги қишлоқ” қиссасида ифодаланган
макон “Йигитпирим” номи билан машҳур зиёратгоҳ бўлиб, чиндан ҳам бу ерда
яшайдиган “одамларнинг одати, соддалиги, турмуш тарзи, шеваларининг
бошқачароқ”лиги асарда ишонарли тасвирланган. Қиссада чаласавод бўлса-да,
ўзини шу ернинг шайхи деб эълон қилган Зокир чол, унинг азалий рақиби Жилон
пиёниста, отасининг акси бўлиб вояга етган Палахмон қори, туман раҳбарининг
югурдаги “Қизил бурун” Тўланбой, текинтомоқ Кимсанлар ўртасидаги ўзаро
муомала-муносабатлар, зиёратга келаётганлардан тушаётган даромаддан ўз
киссасини бойитиш мақсадида юрган айрим раҳбарларнинг кирдикорлари ўзининг
яққол ифодасини топган. Кейинроқ адиб бу қиссани “Зокир чолнинг манзили”
номи билан қайта эълон қилди. “Ният ёхуд ажал қувган қассоб” қиссасида эса
ёмон ниятли Нишон қассобнинг кирдикорлари фош этилади.
Дастлаб очерклар, ҳикоялар, ҳужжатли қиссалар яратиб, маълум тажриба
тўплагач, Ҳамид Бурҳон роман жанрига дадил қўл урди. Бу ижодий ҳаракатнинг
биринчи меваси ўлароқ “Шайдо” романи дунёга келди. Роман воқеалари, ғоявий
бадиий даражаси, муаллифнинг маҳорати тўғрисида йирик адабиётшунос олим
Иброҳим Ғафуров “Журналистнинг уйдирмасиз романи” сарлавҳали сўзбошисида
батафсил ёзганини ҳисобга олиб, мен ортиқча тафсилотларга тўхталиб ўтирмайман
да, ўзимнинг айрим шахсий мулоҳазаларимни қўшимча қиламан, холос. Аввало,
таъкидлашим жоизки, сўзбоши муаллифи тўғри қайд этганидек, романда “Ёзувчи
маънавий қашшоқлик ва уни келтириб чиқарган муҳит, ҳукм сурган сурбет
лоқайдлик, чирик ҳафсаласизликларнинг фожиасини воқеалар, персонажлар
тақдири замирида очиб беради. Енгилтаклик, тарбиясизлик ақлий заифликдан
бошқа нарса эмаслигини Фарғонага хос воқеалар замирида ишонарли ва таъсирчан
бадиий лавҳаларда ёритади”.
Ёзувчи қиссани “Шайдо” деб атайди. Маълумки, бу сўзни эшитган одам
биринчи галда қиз боланинг исми деб ўйлайди ва бош қаҳрамон (ёки улардан бири)
Шайдо деб аталса керак деб излашга тушади. Бироқ уни тополмайди. Ваҳоланки,
бу сўз исм маъносида эмас, балки “севгидан девона бўлган, ҳаддан ташқари
гирифтор, мафтун” деган асл маъносида қўлланган. Бу сифатлар кўпроқ Мунисага
(Сабибуллага эмас!) тегишли эканлигини воқеалар ривожидан англаб олиш қийин
эмас. Сўзбоши муаллифи ҳамда китобхонларнинг асар воқеаларидан чиқарган
хулосаларига қўшилган ҳолда қуйидаги мулоҳазаларимни айтишни лозим топдим.
Халқимизда “Тарозининг икки палласи бор” деган мақол мавжуд. Қай бири
оғирлигини англаш, тўғри хулоса чиқариш учун қисса қаҳрамонларининг сурати ва
сийратига, хоҳиши ва психофизиологик ҳолатига синчиклаб разм солайлик. Хўш,
Қўқонга яқин қишлоқда яшаб, Наманган шаҳридаги педбилим юртида сиртдан
таълим олаётган одобли, эс-ҳушли, ота-онаси ва қаҳри қаттиқ акасининг чизган
чизиғидан чиқмайдиган Мунисанинг бошига тушган кўргиликлар қачон, қаерда,
қай тарзда бошланди? Бунга ким айбдор? Бу саволларга жавоб топиш учун энг
аввал уйидан, “Зора йўлда бирон қиз чиқиб қолса, танишиб олардим”, деган қабиҳ
ният билан чиққан Сабибулла билан Мунисанинг биринчи учрашувини эслаб
кўрайлик. Ёзма ишларини топшириб келиш учун педбилим юртига кетаётган
қиз бекатда автобус кутиб турибди. Шу пайт рўпарасига яп-янги “Жигули”
келиб тўхтади-да, олдинги эшиги очилди. Табиийки, қиз танишиммикин деб,
ҳайдовчига нигоҳ ташлади ва “ўзига меҳрли қараб турган йигитнинг юзларидан
дағал маъно топмагани учун уч-тўрт қадам юриб, машина ёнига жадал келди”.
Аммо танимади, шунга қарамай, йигитнинг “Ҳойнаҳой шаҳарга кетаётган
бўлсангиз керак-а, чиқаверинг, йўлимиз бир экан”, деган таклифига биноан лом
мим демай, орқа ўриндиққа ўтирди. Машина ичидаги кўзгуда уларнинг кўзлари
тўқнашди. Шу биринчи тўқнашувдаёқ “йигит енгилгина табассум қилди.
Қиз ҳам жилмайиб қўйди”. Кейин танишиш бошланди. Ҳайдовчи ўзини эркин
тутиб, қизнинг гўзаллиги-ю, исмининг чиройли эканлигини, уни шу пайтгача
нега учратмаганлигини айтди. Қизнинг хаёлидан эса “Хўш, билганингизда нима
бўларди?” деган гап ўтди.
Хўб, энди бир ўйлаб кўрайлик-чи, “айб” кимда кўпроқ экан. Сабибулла-ку,
атай бирон-бир қизни тузоғига илинтиришни ният қилиб чиққанди. Шунинг учун
“жадал келиб” индамай машинасига ўтирган қизга бундан бошқача муомалада
бўлолмаслиги табиий. Муниса нега танимаган одамига “жилмайиб қўйди”? Ҳа,
“озода салонидан димоқни қитиқловчи ажиб анбар ҳиди анқиб турган” машинага
чиқиши билан унинг руҳиятида йигитга нисбатан қизиқиш ва хайрихоҳлик ҳисси
уйғонганди. Эътибор беринг-да, қизнинг хаёлига келган биринчи ўй “танишса
танишгудек, севишса севишадигандек йигит” эканлиги бўлди. Қизнинг биринчи
кўришгандаёқ ҳали яхши танишмай, билмай туриб, Намангангача бирга боришга
кўниши, йўл-йўлакай эски қадрдонлардек суҳбатлашиши, ошхоналарда бемалол
овқатланишлари, қўлини ушлаганда индамай туриши, атторлик дўконидан энг
қимматбаҳо атир олиб бериб, билагидан етаклаб чиқиши, Сабибулланинг ошхона
ходимлари ва сотувчи аёлга “келинингиз” деб таништириши, уларнинг “бир
бирларингга мос куёв-келин экансизлар” дейишларининг хуш ёқиши, қайтишда
хилват жойда тўхтаб, қучоқлашиб-ўпишишлари… Буларнинг барчаси бошига
тушган шўришларга биринчи галда Мунисанинг ўзи айбдор эканлигини
исботламайдими? Ахир, “Қарс икки қўлдан чиқади” дейдилар-ку! Зора, бу асарни
ўқиганлар (айниқса, қизлар) муаллифнинг Муниса образини яратишдан кутган
мақсади “ўз ҳаётини чигаллаштириб юбораётган, кейин бир умрга қийналиб
яшаётган ёшларни тўғри юришга, ҳалол ишлашга, тинч яшашга ундаш”
эканлигини англаб етсалар.
Ёзувчи ижодида ҳамқишлоғи, бутун ўзбек халқининг фахри, Белорус халқига
Казбек номи билан машҳур бўлган партизан-жангчи, Совет Иттифоқи Қаҳрамони
Мамадали Топиболдиев образи алоҳида ўрин тутади. У ҳақда ёзилган “Мамадали ака
оиласи” сарлавҳали очерклар туркумидан ташқари бир неча ҳикоя ва қиссаларида
ҳам раис образи тилга олинган. Уларнинг барчасида Мамадали ака табиат ошиғи ва
ҳомийси, камгап, жиддий, босиқ, мулоҳазали, қўл остида ишлайдиганларга ғамхўр
ва меҳрибон, ҳеч кимнинг кўнглини оғритмаган инсон сифатида ифодаланган.
Бундан ташқари адиб М.Топиболдиев ҳаёти ва фаолиятига бағишланган иккита
ҳужжатли роман ёзди. Улардан биринчиси “Кўприк” деб аталган бўлиб, унда
Мамадали Топиболдиевнинг Ўзбекистон, Белоруссия ва Русия мамлакатлари
ўртасига қурилган дўстлик, иқтисодий ва маънавий-маърифий соҳаларни бир
бирига боғловчи мустаҳкам кўприк эканлигини бадиий манзаралар орқали акс
эттиради. Кейинроқ уни қайта ишлаб ва тўлдириб “Кўприк ёхуд Гитлерни чўчитган
ўзбек” номли ҳужжатли романини яратди.
Романда М.Топиболдиев қиёфаси икки линияда акс эттирилади. Маълумки, у
эллик йиллик умрининг беш йилини Иккинчи жаҳон уруши жангоҳларида ўтказди.
Бироқ бу қисқа муддат унинг ярим асрлик ҳаётига татийдиган воқеа-ҳодисаларга
бой бўлди. Қолган қирқ беш йилини ўзи туғилиб ўсган Пандигон (туғилганидан
то армияга олингунча) ва йигирма йилга яқинини тумандаги энг катта Зоҳидон
қишлоғида ташкил этилган “Коммунизм” колхозида раислик қилиб ўтказди. Бироқ
бу қишлоққа уй-жой қуриб кўчиб келмаган. Пандигон билан Зоҳидон ўртасидаги
Қўқон-Фарғона магистрал йўлининг Катта Фарғона канали кўприги ёнида қурилган
уйида яшади. Бу билан худди ўзбек-белорус-рус миллатлари ўртасида кўприк
бўлгани сингари туғилган қишлоғи билан бутун куч-қудрати, ақл-фаросатини
ишлатиб, обод қилган Зоҳидонни ҳудудий жиҳатдан бир-бирига боғлаб турувчи
кўприк вазифасини адо этди. Уни ҳам, буни ҳам хафа қилмади. Ота қишлоғи унинг
шарафига “Герой-Пандигон” номи билан машҳур бўлган бўлса, Зоҳидон шаҳар
типидаги обод қишлоққа айланди.
Ёзувчи ана шу икки линияни параллел равишда ривожлантириб, Мамадали
аканинг монументал қиёфасини яратишга эришади. Унинг сурати ва сийратига
янги чизгилар тортишда муаллиф қўшимча ҳикоячилар хизматидан унумли
фойдаланади. Айниқса, унинг қуролдош дўстлари Шалва Сохадзе, Герасим
Кирпич, Александр Симидянкин, қаҳрамон ёзувчи Владимир Карпов ҳикоялари
Мамадали аканинг жанг майдонидаги жасорати, эпчиллиги, ҳеч ким ўйламаган
“ҳарбий ҳийла”ларни ўйлаб топиши, ботирлиги ҳақидаги таассуротимизни
бойитса, унинг тенгдоши ва дўсти, кейинроқ давлат ва жамоат арбоби даражасига
кўтарилган Иномжон Усмонхўжаев, Фарғона шаҳрининг ягона “козири” Сайфи,
агроном Собиржон Халилов, ғишт терувчилар бригадаси бошлиғи Иномжон ака,
қурувчи Жакбарали Ҳайдаров, рафиқаси Доно ая, ўғли Ҳасанбой Топиболдиевлар
ҳикояларидан қаҳрамоннинг илгари билмаган, эшитмаган томонларини билиб
оламиз. Бу ҳикоячилар баён қилган воқеалар марказида ҳам жангчи-қаҳрамон, ҳам
оддий инсон, ҳам ор-номусли йигит, ҳам одамларга яхшилик қилишни ҳаётининг
мазмуни деб билган раҳбар, ҳам меҳрибон ота, ҳам оиласига садоқатли эркак
характери бутун бўй-басти билан намоён бўлади. Ишонувчанлиги, одамларни
яхши кўриши туфайли бир телбанинг жаҳл билан кириб келишидан ҳам, бежо
хатти-ҳаракати, қўлини биқинига солиб туришидан ҳам шубҳаланмади ва мана шу
одамохунлиги туфайли ҳалок бўлди.
Романни ўқиб бўлгач, китобхон чуқур ўйга толади. Нега миллати, дини,
эътиқоди, тили, урф-одатлари бошқа бир халқ унинг ҳудудида жанг қилган бир
ўзбек йигитини қадрласа-ю, бир бева аёл уни асраб, жароҳатига малҳам суртиб,
оналик меҳри билан ҳаётини сақлаб қолса-ю, биз унинг қадрига етмадик? Ким
бўлдик? Нима қилиб қўйдик? Ҳеч йўқ вафотидан кейин тўғри хулоса чиқариб, уни
ва у каби жабрдийда ҳамюртларимизни эслаб, хотирлаб, ҳурматини жойига қўйиб
турибмизми? Қанийди, бу саволларга якдиллик билан “Ҳа!” деб жавоб бера олсак.
Жанри “роман-эссе” деб белгиланган “Ажал домидаги ҳаёт” номли асари
кўпроқ биографик характерга эга бўлиб, асосан муаллифнинг ҳаёт йўли, ота-онаси,
қишлоғи ҳақида маълумот берилади. Роман гарчи “Меҳрибон онаси Раҳимахон
Йўлдошбой қизи ва умр йўлдоши Мастурахон Аҳрорхон эшон қизи хотирасига
бағишланган” бўлса ҳам замон ва макон, мавзу ва муаммо кўлами кенглиги билан
ибратлидир. Аммо адиб асарида фақат биографик маълумотларни баён қилиш,
онаси ва рафиқасининг ўзбек аёлига хос гўзал хулқини, андиша-ю ибратли
фазилатларини чизиш билангина чекланиб қолмаган. Иш фаолиятининг дастлабки
ўн беш йилини собиқ Шўро идораларида (адабий ходим, бўлим мудири, муҳаррир,
райкомда бўлим мудири) ишлагани туфайли пахта яккаҳокимлиги оқибатида юз
берган кўплаб нохуш воқеа-ҳодисалар, мудҳиш “ўзбек иши” туфайли ҳалол ва
ростгўй одамлар бошига тушган кўргиликлар ҳам тилга олинади, уларнинг туб
сабаблари очиб берилади. Булар, шубҳасиз, журналистлик босқичидан ёзувчилик
поғонасига кўтарила олган Ҳамид Бурҳоннинг ютуғи деб биламан.