
Дилдора АБДИНАЗАРОВА – 1979 йилда туғилган. Тошкент Фармацевтика
институтини тамомлаган. Ижодкорнинг “Аллоҳ омонатлари”, “Кўнглим, кетдик…”
номли шеърий китоблари нашр этилган.
Қишлоқ боласи
Тонгни уйғотади табассум билан,
Қуёшдан аввалроқ уйғониб турар.
Қўлда таёқ – умид устуни билан,
Ҳайт-ҳайтлаб, сурувнинг ортидан жўнар.
Осмони поёнсиз, орзулари мўл,
Ортидан кучукдай эргашар шамол.
Қўшиқлар айтади, шеърлар айтади,
Юракни сурурга тўлдирар хаёл.
Белида белбоғи – ҳаёт камари,
Онаси тутқазган тугунчада нон.
Олис-олисларга, тоғлар ортига,
Кўкрагидан тошиб кетгудек исён.
Севган китобини олар қўйнидан,
Қўшилиб кетади Кунтуғмишларга.
Умидли дунёга ёниб боқар у,
Сира парво қилмас майда ишларга.
Тафовут
Одамзоддан ёрдам сўрадим,
Бошим эгиб, мисоли ғариб.
Яратгандан ёрдам сўрадим,
Эгик бошим баланд кўтариб.
Одамзоддан қўрқдиму, қочдим,
Ўздан қочмоқ тобора қийин.
Ҳақдин қўрқиб, кўнглимни очдим,
Яқинлашдим қўрққаним сайин.
Одамзод минг яхшилигимни,
Бир хатоим учун ўчирди.
Минг гуноҳ ва бир бора тавба
Қилсам Роббим мени кечирди.
* * *
Ёмғирларда сайр этар аёл,
Ўтган умрин қилиб сарҳисоб.
Олисларга учади хаёл,
Жавоби йўқ, савол беҳисоб.
Ортга боқиб, топар, ўзгалар,
Чизиб берган умр йўлини.
“Бахтлиман” деб яшаб, лек бахтнинг
Ушламабди ҳатто қўлини.
Забонларнинг озор пайкони,
Қалбгинасин нимталаб ўтган.
Фарёдларин фавворасини,
Андишаси ичига ютган.
Сочларига ёққан ёмғирлар,
Кўзёшига қўшилиб кетар.
Ерда ётган хазонлар каби,
Орзу – мунчоқ узилиб ётар…
Соябонсиз, ивиб сайр этар,
“Телбами” дер шивир, шивирлар.
Тегманг, кўксин оловин фақат,
Ўчиради кузги ёмғирлар.
…Кимдир келди, яна аёлдан,
Норизодир, қовоғин уйди.
Соябонин очиб, қўлига,
Силтабгина тутқизиб қўйди…