
Жасур ИСРОИЛ – 1991 йилда туғилган. Гулистон давлат университетининг
педагогика факультетини тамомлаган. Ижодкорнинг “Қақнусдан пат узиб ёзмоқ
осонми” номли китоби нашр этилган.
Алп қўшиғи
Тундалик ёзади дарахтлар
кундалик ёзади дарахтлар
Шохида арғимчоқ
шохида сиртмоқ
Ҳурликни осади дарахтлар
Арғимчоқ учади хотирлар
Бағрида бойўғли потирлар
Шоирлар тушимда
хушрўй ҳушимда
Жаннатнинг майидан тотурлар
Фанодан бақога бир қадам
Ўзимдан ўзимга қирқ қадам
Олдимда рўзи мавт
тайёрман барвақт
Бўрилар йиғлагай – орқамдан
Ёзгани келганман ёзгани
Мазлумни бағримга босгани
Бўйним дорсирайди
эй аҳли лайли
Покиза соч борми осгани
Севгани келганман севгани
Чанг босган қалбларни ювгани
Шоҳ – гадо тенгликда
сўнгсиз кенгликда
Энг чопқир туркқизни қувгани
Тундалик ёзади дарахтлар
кундалик ёзади дарахтлар
Шохида арғимчоқ
шохида сиртмоқ
Ўсади
ўсади дарахтлар
* * *
Ёмғир
сулув ёмғир
кафтим қадаҳдир
Бунда бир пул менга Граал косаси
Ғамлар ботқоғига ботган Баҳромман
Чўқиштириб ичай атиргул билан
Ёғ ёғавер эй ишқ бўзаси
Ўзини синдирсин Ҳайём кўзаси
Ажинатўпаланг кўксим ортида
Масиҳнинг сочидан томчила хушрўй
Сени дилга ичай
руҳга ичай о
Покла мани покла ғуслки хушбўй
Куйга солинг тошлар илоҳий шеърни
Ҳамда хабар олинг бир зот ҳолидан
Кўзларим дераза ортидан масрур
томоша айласин волидам
Жала сел гулдурак
силтанг ишқсизни
Япроқлар айтингиз тасбеҳ саловат
Юрагида юз берар
қисқа туташув
Мана бу ҳақиқий ҳаловат
Ёмғир
сулув ёмғир
кафтим қадаҳдир