
Барчин ШУКУРОВА – филология фанлари бўйича фалсафа доктори. 1986 йилда
туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факультетини
тамомлаган. Республика ва хориж нашрларида публицистик ҳамда илмий мақолалари
эълон қилинган.
Биз таҳлил қилмоқчи бўлган асарлардаги (Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема”
ҳамда Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Мустафо” қиссалари) қария образлари идеал
қария концепти (оқил, доно, тажрибали, насиҳатгўй, мўйсафид) эмас, балки кўпроқ
бахтсиз, нотавон, давр қурбонига айланган “бечора” образида намоён бўлади.
Ҳар иккала қиссада бечора, тобе ва шахсий “мен”ига эга бўлмаган чоллар образи
бўртиб кўринади. Бу ХХ асрнинг 70 йиллари Совет Иттифоқи таркибида бўлган,
ўзбек-қирғиз халқлари оддий қишлоқ одамларининг “бечора”, “кичкина”, “фақир”,
зўравонларга сўзсиз бўйсуниши табиатига сингиб кетган қисмат эгаларининг
бадиий ифодасидир.
“Бечора” образи қиёфасидаги одамлар барча даврларда бўлган. Уларнинг ўз
шахсий ҳақ-ҳуқуқлари йўқлиги инсон сифатидаги қадр-қимматини билмаслигида
намоён бўлади. Улар фақат буйруқни сўзсиз бажаради. Инсоннинг бундай ҳаёт
тарзи ўзлигини унутишга, шахсий “мен”ининг йўқолишига олиб келади.
Бир қатор ёзувчилар кишилар онг ости ва руҳиятига ўрнашиб қолган “қуллик”
психологиясининг фожиавий оқибатларини бадиий образлар орқали кўрсатиб
берган. Ўзбек адабиётида “Мустафо” (Мурод Муҳаммад Дўст), “Ойдинда юрган
одамлар” (Тоғай Мурод), “Жавоб” (Эркин Аъзам), “Адаш Карвон” (Хайриддин
Султонов) ҳамда қирғиз адабиёти ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема”
асарларида ифодаланган “бечора одам” ўз фалсафаси билан умуминсоний
муштаракликка эга.
Жумладан, “Оқ кема” ва “Мустафо” қиссалари қаҳрамонлари Мўмин чол ва
Мустафо образлари биз таҳлил этаётган қария концептининг типик вакилларидир.
Улар якка-ю ёлғиз ўғлининг урушдан қайтишига умид қилади. “Энди йигит ёшига
етганда, немис билан урушгани кетди. Мустафо ҳеч маҳал уруш йилларидагидай
ўлимдан қўрққан эмас. Йўқ, у ўзини ўйламасди, ўзи бўлса, бир гап бўлар,
кўпроқ ўғлини ўйларди. Кечалари илтижо қиларди: “Бозорбой тирик қайтсин,
бекаму кўст қайтсин, агар умр керак бўлса, майли, меникини ол, лекин Бозорбой
қайтсин…” Лекин унинг илтижолари бекор кетди – Бозорбой қайтмади”1. Афсуски,
шафқатсиз уруш иккала йигитни ҳам ўз домига тортиб кетди. “…Мўмин жуда
қартайиб қолгани, якка-ю ёлғиз ўғли урушда ҳалок бўлгани ҳақида хаёл сурарди.
Ўғлимни ҳозир ҳеч ким билмайди, эсламайди ҳам. Ўғли ёнида бўлганда, балки
бунчалик хўрланмасмиди!”2 Юқоридаги парчалардан қарияларнинг тўкис бахтга
эришмаганлигининг бир томони уруш мотивида англашилади.
Ёзувчилар инсоннинг қисматини у яшаган муҳит ва онг ости ўйлари билан
қоришиқ тасвирлаш орқали китобхонни мулоҳаза қилишга ундайди. Мўмин ва
Мустафо образлари ўта меҳнаткаш совет одамлари. “Мустафо… ўтган жавзода
роппа-роса етмишга кирди. Ҳали озми-кўпми қуввати бор, рўзғорни ўзи эплайди.
Бировга озор бермайди, бировнинг ёмон гапига аралашмайди, ўзи билан ўзи…
Меҳнаткаш одам…”3; “Урушда меҳнат фронтида Магнитогорскдаги заводларнинг
ғиштини терди, стахановчи бўлиб шуҳрат қозонди. …Мўминнинг бутун умри эрта
тонгдан қора кечгача ишда, ташвишда ўтди…”4 Мўмин чол ва Мустафо образлари
тийнатидаги меҳнаткашлик, оддийлик, соддалик, мулойимлик, хокисорлик,
камтарлик, кечиримлилик каби умуминсоний фазилатлардан атрофдаги кимсалар
фойдаланади. Мустафо Болта қассобнинг кимлигини билади. Қассобнинг
дилозорлигидан хафа бўлади, эътироз билдиргиси келади, бироқ индолмайди.
“Одам боласини уриб кўрмаган” Мустафо қишлоқ чоллари Ибодулла Махсум ва
Ғуччи чолларга Болта қассоб уни хўрлаганини айтиб, таскин қидиради. Ҳар доим
ҳам ичидагини юзага чиқаравермаслиги унга инсонлараро муносабатларда жуда
кўп панд беради.
Мустафо образидан фарқли Мўмин чол образи руҳиятидаги исён бўй
кўрсатади, бироқ бу ботирлик оний лаҳзалик бўлиб, тезда ўчади. Мўмин
чол Олабошда набирасини мактабдан олиб қайтаётганда, бахтли бўлиш ва
бахтиёрликни бошқаларга улашиш ҳақида шундай ўйларди: “Бутун умр шундай
яшасанг. Мана шундай, худди ҳозиргидай, ҳозирги соатдагидай. Лекин ҳаёт
бундай қурилмаган, бахт билан ёнма-ён, изингдан изма-из юрадиган, ҳеч маҳал
аримайдиган бахтсизлик қалбингга, ҳаётингга бемаврид дахл қилиб туради.
Ҳатто ҳозирги дамда, у набираси билан бахтиёр бораётган чоғда ҳам, чолнинг
қалбида шодлик билан ташвиш ёнма-ён турарди: у ёқда Ўразқул нима қилди
экан? У яна нима шумликни тайёрлаб турган экан, қанақа зулм? Унга итоатсизлик
қилишга журъат этган чолга қанақа жазо ўйлаб қўйди экан?”5 деган қўрқинчли
хаёллар тинчлик бермайди. У жазоланишдан, борингки, Ўразқул билан юзма-юз
келишдан бир умр чўчиб, қўрқиб яшайди. Мўмин чол образи ҳатто хаёлида ҳам
бахтиёр яшашдан чўчийдиган кишиларнинг типик вакилидир. Муаллиф Аллоҳ
томонидан берилган бу ҳаёт фақат яшаш, бахтиёр бўлиш учун берилганини англай
олмасликдай бебахтликни шу қария образи тимсолида ишонарли тасвирлайди.
Мўмин чолнинг онг остига сингиб кетган бу ўйлар олдинга қадам босишга имкон
1 Муҳаммад М.Д. Мустафо. – Тошкент: Ўзбекистон ЛКСМ Марказий Комитети “Ёш гвардия”
нашриёти, 1989. – Б. 26.
2 Айтматов Ч. Оқ кема. Танланган асарлар: Қиссалар. – Тошкент: Шарқ, 2021. – Б. 463.
3 Муҳаммад М.Д. Мустафо. – Тошкент: Ўзбекистон ЛКСМ Марказий Комитети “Ёш гвардия”
нашриёти, 1989. – Б. 7.
4 Айтматов Ч. Оқ кема. Танланган асарлар: Қиссалар. – Тошкент: Шарқ, 2021. – Б. 445.
5 Айтматов Ч. Оқ кема. Танланган асарлар: Қиссалар. – Тошкент: Шарқ, 2021. – Б. 486.
№ 11 2024 133
бермайди. Ушбу қария образи психологиясида андиша қўрқувга, қўрқув ваҳимага
айланиб ургурган эди. Мўмин чол учун муаммонинг ечими унинг тафаккурида
эканлигини айтадиган қаҳрамон топилмасди. Ёзувчи Мўмин чол образини
китобхонга бахтли бўлишни исташ, тўғрироғи, барча хоҳишларимиз манзили
бу – бахтли бўлиш умиди… тирикликнинг мақсади – бахтга эришиш эканини
англатиш учун яратган бўлса, ажаб эмас.
Профессор Абдулла Улуғов Мўмин чол образига қуйидагича таъриф беради:
“Чингиз Айтматов муҳташам адабий оламининг ўзига хос қирраларини ўзида
мужассамлаштирган Мўмин чол образи дунёдаги барча хокисор, бечора
одамларнинг ёрқин тимсоли бўлиб кўринади. Улуғ адиб ушбу образда барча
замонда, барча манзил-маконда исталганча топиладиган бечора одамларнинг
характери, дунёқараши, кўнгил кечинмаларини акс эттиради.
“Оқ кема”даги Мўмин чол образи тўғрисида ўйлаганда, беихтиёр хаёлга
Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўғри” ҳикоясидаги Қобил бобо образи келади. Қобил
бобо ҳам худди Мўмин чол сингари камсуқум, камтар, бечора одамларнинг
типик тимсоли экани яққол билинади. Чингиз Айтматов Мўмин чолнинг, ўзбек
адиби Қобил бобонинг бошига тушган кўргиликларни кишиларнинг маънавий
дунёсидаги чиркинликлар ва ижтимоий турмушда чуқур илдиз отган иллатлар
тўғрисида ўйлантирадиган воситага айлантиради”6.
Шуни таъкидлаш керакки, ҳар икки муаллиф Мўмин чол ва Мустафо
образларини яратишда бошқа салафлардан фарқли равишда мукаммал қаҳрамонни
китобхонга таништирмади, балки чекка бир ҳудудда истиқомат қилувчи, ўз
“мен”ини ижтимоий жамиятда реаллаштира олмай қийналаётган қаҳрамонлар
тимсолини адабиётга муҳрлади.
“Оқ кема” ва “Мустафо” қиссаларида жамиятда ўз ўрнини тополмагани учун
атрофдаги инсонлардан аламини олишни яшаш тарзига айлантирган икки персонаж
алоҳида эътиборга молик. “Оқ кема”да Ўразқул ва “Мустафо”да Усмоналилар
айрим характер хусусиятига кўра бир-бирига ўхшайди. Уларнинг олдида на қария
ва на боланинг қадр-қиммати бор. Усмонали муҳаббатига эришолмагани, Ўразқул
бефарзандлиги важидан ҳаётдан аламзада қаҳрамонлар тимсоли. Ҳар икки
персонаж ҳам жамиятнинг анъана ва қадриятларини оёқости қилади. Уларнинг
наздида бу заминда яшаш азоб. Улар ўз “мен”ини тополмаганликларини шу замин
ва жамиятга тўнкаб, ўзларига гард юқтирмайдиган “покиза” одамлар қиёфасида
гавдаланган. Дунёда шундай ҳақиқат бор: инсон зоҳиран қанча бой бўлса, ўзи ва
ўзгаларга манфаатли ишлар қила олади; ботинан камбағал бўлса, умрбод айбни
бошқалардан қидириб ўтади. Икки буюк адиб ўз асарларидаги оддий одамлар ва
оддий муносабатлар орқали китобхонни огоҳликка чақиради.
Барча замонларда ҳам “Ўразқулга айланиб қолган”, ўзига бўлган баҳосини
ошириш учун бошқаларнинг айбини юзига солиб камситадиган кимсалар
топилади. Уларнинг зўравон, айни дамда ожиз ва нотавонликлари Мўмин чол
образининг қуйидаги ички монологида кўпроқ акс этган: “Одамлар нега бундай
бўлиб қолишар экан-а?” ўйга толди Мўмин. – Сен унга яхшилик қиласан, у сенга
ёмонлик қайтаради. Уялмайди ҳам, уялишни хаёлига келтирмайди ҳам. Худди
6 Улуғов А. Чингиз Айтматов муҳташам адабий олами. – Тошкент: Муҳаррир нашриёти, 2023. –
шундай бўлиши лозимдек. Ҳамиша ўзиникини тўғри деб билади. Фақат унга яхши
бўлса бўлгани”7.
Ўразқул ўз аждодларидан ўтиб келаётган урф-одатлар, қадриятларга нисбатан
жуда паст назар билан қарайди. Агар шаҳарга ўрнашиб олса-ю, фарзандли бўлса,
уларни тарбиялаш бўйича режалари ҳам ўз илдизидан, ўзлигидан орланишни
кўрсатади: “Уйда фақат русча гаплашишади: улар каллаларидан эски қишлоқ
сўзларини чиқариб ташлашади. У ўз фарзандларини шундай тарбиялаган бўларди:
“Папочка, мамочка, уни олиб бер, буни олиб бер…”8.
Чингиз Айтматов Ўразқулнинг юқоридаги ички монологи орқали миллатни
катта муаммодан огоҳлантиради. Абдулла Авлоний “Ҳифзи лисон” мақоласида
“Ҳифзи лисон деб, ҳар бир миллат ўз она тили ва адабиётини(нг) сақламаганига
айтилур. Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурғон ойинаи ҳаёти
тил ва адабиётидир. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”9,
деганда, қанчалар ҳақ бўлса, Ўразқулдек кимсаларнинг мавжудлиги миллатнинг
фожиаси экани айни ҳақиқатдир. Адиб Ўразқул образи ички монологи орқали
ушбу фикрлар, аслида, қўштирноқ ичидаги баъзи туркий халқларнинг миллий
қадриятлари, она тилига нисбатан муносабати эканини айтишга ҳаракат қилади. Бу
мавзу бугунги кунда янада долзарблик касб этмоқдаки, улуғ ёзувчи буни олдиндан
башорат қилган, десак муболаға бўлмайди.
Лев Толстой “Ҳамма дунёни ўзгартиришга ҳаракат қилади, лекин ҳеч ким
ўзини ўзгартириш ҳақида ўйламайди”, деганда, нақадар ҳақ эди. “Мустафо”
қиссаси қаҳрамони Усмонали ҳам ўзининг ички дунёсини ўзгартиришга ҳаракат
қилмай, ҳаммага дардисар бўлиб кун кечириши айнан “Оқ кема”даги Ўразқулни
эслатади. Қабртошга аталган пулни ичиб қўйган Усмоналининг тўғрисўзлигини
пеш қилиши унинг зўравон, разил, худбин, ожиз ва нотавонлигини фош
қилади. Ўзи ҳурматга лойиқ эмас, бироқ ҳурмат кўришни хаёл қилади. Ҳаётни
борича қабул қилмасдан одамлар, жамиятнинг мурувватидан умидвор кимсага
айланади. Муҳаббати рад этилган Усмонали ўзини Галатепада бегона деб
билади. Фикр-у хаёлида амалга минса, одамлар уни ҳурмат қилади. “Сирдарёга
раис бўп кетаман, – деди Усмонали. – Галатепа жонга тегди”10. У бутун вужуди
билан Галатепадан қочишга ҳаракат қилади. Аслида, у ўзидан, ўзлигидан кетишни
истайди.
“Мустафо” қиссаси қаҳрамони Мустафо асарда бобо эмас, Мустафо деб
қўлланишида ҳам ўзига хос рамзий маъно борки, зукко китобхон буни тезда англаб
олади. Ҳар икки қария ўз орзу-умидларини кўнглининг тубига кўмиб, қачондир
яхши кун келишига умид қилиб яшайди. Қиссалардаги кичик эпизодлар шу
қароримизни далиллайди. Айтайлик, қиссанинг экспозиция қисмида кўчма дўкон
сотувчиси кўзни қамаштирадиган минг хил мол олиб келади. Аёллар (Мўмин
чолнинг кампири, унинг қизи Бекей ва ишчининг хотини Гулжамол) сотувчининг
атрофини ўраб олишади. Ҳеч нарса харид қилмасалар-да, худди харидордек
бутун молларни титиб, чап-ўнгини айлантириб томоша қилишади. Ўзларига мос
7 Айтматов Ч. Оқ кема. Танланган асарлар: Қиссалар. – Тошкент: Шарқ, 2021. – Б. 474.
8 Айтматов Ч. Оқ кема. Танланган асарлар: Қиссалар. – Тошкент: Шарқ, 2021. – Б. 475.
9 Абдулла Авлоний. Танланган асарлар. 2 жилдлик. 2-жилд. Тошкент: Маънавият, 2006. – Б. 61
10 Муҳаммад М.Д. Мустафо. – Тошкент: Ўзбекистон ЛКСМ Марказий Комитети “Ёш гвардия”
нашриёти, 1989. – Б. 29.
нарсаларни танлашади, лекин охирида танлаганларини қайтариб беришади. Улар
ўзларига янги нарсаларни раво кўрмаслигини кузатган китобхон англаши керак
бўлган муҳим нуқта шу суҳбат орқали кўрсатилади. Улар ўз орзу ва умидларидан
осонгина воз кечиб қўя қолишади. Уларга шундай яшаш қулай. Бекей ҳам ўз ҳақ
ҳуқуқини билмайди. Аллоҳ берган синовни эр-хотин оқилона ҳал қилиш, овулдаги
ягона Болага меҳр бериш хаёлларининг кўчасига келмайди. Камига Ўразқулнинг
хотини икки шиша ароқ олиб, бу ишига ҳеч кимнинг аралашмаслигини истайди.
Қолганлар турли баҳоналар билан ўзларининг аҳволларини изоҳлашга тушиб
кетишади. Хуллас, “сотувчи айтгандек, “уч пул”га нарса харид қилиб, уйларига
тарқалиб кетишади”. Уларнинг кучлари қарғаш ва нолишга етади, холос. Қанийди
улар ҳам дунёда ҳамма нарсанинг баҳоси борлигини билишганда эди, ўзларининг
ҳам қадр-қиммати бебаҳолигини тушунишармиди…
Мўмин чол ҳам Бола бўлмаганда, кўчма дўкондордан ҳеч нима харид қилмасди.
У ўзининг “кўримсиз кийим-бош”и, “кампир тиккан бўз иштон”и, “титилиб кетган
камзул”и, “ёмғир ва офтобда сарғайиб кетган кигиз қалпоғи” ва “бесўнақай кирза
этиги”га рози эди. У сотувчи айтгандек, “қурумсоқ бой” эмасди. “Тоғда яшайсиз,
ер, пичан истаганингча. Чор-атрофинг ўрмон – уч кунда айланиб чиқолмайсан.
Молинг борми? Асаларинг борми? Ҳаммаси бор. Бир тийин устида эса азон
айтасан. Мана, харид қил, шойи кўрпа, тикув машинасидан битта қолди… – Худо
ҳақи, бунақа пул йўқ менда, – ўзини оқлади Мўмин. – Шу гапларимга ишонади, деб
ўйлайсанми? Қурумсоқ чол, пул йиғасан. Хўш, қаерга олиб кетасан? – Худо ҳақи,
йўқ. Шохдор она буғу ҳақига қасам ичаман! – Ҳай, майли, чий бахмал ол, янги
шим тиктириб оласан”11. Сотувчи тилидан айтилган ушбу гаплар мағзини Мўмин
қария англамайди. Агар қария ўзининг бой эканлигига ишонса, ҳаммаси бошқача
бўларди.
Хулоса қилиб айтганда, Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема”, Мурод Муҳаммад
Дўстнинг “Мустафо” қиссалари ХХ асрнинг энг яхши асарлари сирасига киради.
Уларда қариялар шахсиятининг энг ожиз ва яширин хислатлари очиб берилган.
Ижодкорлар уларни фақат “бечора”, “тобе”, “ожиз” эмас, оташқалб, кенгфеълли
бадиий образ сифатида гавдалантиришди.
Мўмин фақатгина Боланинг эмас, у баъзи хислатлари билан бутун қирғиз
халқининг бобоси. Мустафода ҳам ҳалимлик, хокисорлик фазилатлари борки,
ундан ўзбек боболарининг нафаси келиб туради. Уларда, аслида, дунёдаги барча
“ожиз” қарияларнинг фазилатлари жамланган.
Ҳар иккала қисса яқин ўтмишда яратилган ва уларнинг фожиавий қисмати
ХХI аср китобхони учун бадиий қувват беради. Икки ижодкор туркий халқлар
умуминсоний қадриятларини адабиётга катта маҳорат ва ўзигагина хос услуб
билан олиб кирди.
11 Айтматов Ч. Оқ кема. Танланган асарлар: Қиссалар. – Тошкент: Шарқ, 2021. – Б. 447