Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Шаҳарга ошиқиб яшар шоирлар

Ўктам МИРЗАЁР – “Шуҳрат” медали, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби. 1956
йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика
факультетини тамомлаган. “Огоҳ кўнгил”, “Яхши кунлар қувончи”, “Соғинч дафтари”,
“Сўз ишқи” шеърий тўпламлари, “Тупроқ ҳиди”, “Амакимнинг касали” насрий тўплам
лари, “Ўзбекистон байроғи”, “Қадр” ҳужжатли фильмлари муаллифи. Ўктам Мирзаёр
ҳикоялари асосида тайёрланган “Боғ”, “Бобойлар” радиопастоновкалари тингловчилар
эътиборига ҳавола этилган.


Йигирма ёш эртаклари
Туркумдан


Бола эдим, тиниб, тинмаган,
Ҳали тойчоқ миниб, минмаган.
Қалдирғочлар инини буздим,
Отам янди, онам юпатди,
Деди: бола буни билмаган.
Ўтди бари, фанога кетди,
Хотиралар баримдан тутди.
Ҳар баҳорда келар қалдирғоч,
Ўйлар эдим, улар унутди.
Ин қурдилар отам уйига,
Чорлаб гўё ошён тўйига,
Чаға-чаға бўлишиб шодон,
Бир-бирларин тортди ўйинга…
Бир чеккада кузатаман жим,
Шарҳин айтар қайси мунажжим.
Йиллар ўтиб ота уйини,
Топиб келар қалдирғочдай ким?


Аёл ва хаёл
Аёл, деган сўзнинг монандин излаб,
Бисот титкиладим сурганча хаёл.
Аёлнинг сочлари толим ва толим,
Гулдастага ўхшаб кетаркан аёл.


Толим сочларининг бўйлари ҳай-ҳай,
Жаннат ифорини ҳар ён таратар.
Кўзлари чақнаса бахтдан юлдуздай,
Ҳатто девонани ўзга қаратар.


Аёлнинг сочларин парилар ўрар,
Жилғалар кокилин ўпиб яйрайди.
Боққа қадамини қўйганда аёл,
Булбуллар оташда ёниб сайрайди.


Мажнунтол пойига эгар бошини,
Ҳарир кўйлагини шамоллар берган.
Ҳилол ҳадя қилган қалам қошини,
Баҳор этагида чечаклар терган.


Қурбон ўлам, деди Фузилий устод,
Қадду қоматининг ларзонига маст.
Самарқанд, Бухорони қўшқўллаб,
Ҳофиз бир холига бағишлаган, рост.


Навоий бобомнинг руҳиятида
Мажнуннинг саҳрои майлини кўрдим.
Гулининг саробий кулгуларида,
Ишқдан адо бўлган Лайлини кўрдим.


Хаёл сурдим яна, тоғу тош кезиб,
Ортимда булоқлар шивирлар гўё.
Момогулларимга очаман кўнглим,
Бу қандай синоат, бу қандай дунё?


Жилға товушингдан қиёс олганми,
Меҳрингдай оромли офтобнинг тафти.
Нима бўлса ҳамки, сен бир оламсан,
Мўъжиза, мўъжиза муҳаббат савти.


Англамайман, англай олмайман,
Тубсиз кенгликларда сураман хаёл.
Кўраман, етаклаб Одам Атони
Кетиб бораётир ҳу унда аёл.


***

Катта шаҳар, бунча тор шаҳар,
Қай буржида ўзинг бор шаҳар.
Кўчаларинг излаб топмадим,
Бунча қилдинг интизор шаҳар.
Бизга не бўлди?


Сайроқлашар қумрилар унда,
Патларини товлашиб кунда.
Шуларчалик бўлмадик ҳатто,
Бизлар каби йўқдир очунда.
Бизга не бўлди?


Бир сўз тушган кўнгилга, бошга,
Айланган у бир метин тошга.
Олиб ташлаб бўлмайди ахир,
Ўхшаса-да бир томчи ёшга.
Бизга не бўлди?


Одам бўл
Ўғлимга
Булбулизабон бўл, шўх сасинг келсин,
Сайрасанг, баҳорнинг нафаси келсин.
Қиру адирларда алвон лоладай,
Дилларнинг дилларга ҳаваси келсин.


Асло қарға янглиғ жунжиктирма эт,
Яхши хабарларни дилга ошно эт.
Юм-юм йиғламасин, кўнгил озорда.
Одам бўл, яхши, деб ном колдириб кет.


Атрофга бир боққин, қани боболар,
Бошингни силаган тоғанг-донолар.
Танглайинг кўтарган момолар кани,
Қани, дуогўйинг, қани оналар.


Яхши бўл, иймоннинг бутлигин сақла.
Онанг берган сутни, боладай оқла.
Миллатинг боласин, суйгин болангдай,
Эр бўлсанг, эрликнинг сабоғин ёқла.


Асло бало бўлма, қалбни доғлама,
Мўмин бўл, мўминнинг йўлин боғлама.
Қадрингни тепкилаб ўтиб кетмасин,
Керилма, ўзингни Худо чоғлама.

Ин, уя қуради ҳатто парранда,
Ҳатто, тоғу тошда юрган дарранда.
Авайлаб ўстирар зурриёдини. Одамсан, одам бўл, токи жон танда.


Мудом яхшиликдан муждалар келтир,
Бўзтўрғай мисоли тик уч, мисли тир.
Ҳар кимда Ватан бор, ҳар жойда Ватан,
Ўзингнинг Ватанда ўзингдай ўлтир.


Шоирлар
Шоирлар қишлоқда туғуладилар,
Шаҳарга ошиқиб, яшар шоирлар.
Босган ҳар қадами битта юрак зарб,
Туйғулар дарёдай тошар шоирлар.


Шаҳарда қишлоғин соғинар мудом,
Таърифласа лабдан тўкилади бол.
Фурсати топилса, йўлга тушар у,
Онасин бағрига талпинган мисол.


Ҳилолнинг нурлари кўнглига боғлиқ,
Эсдан чиқаролмас, бийдай далани.
Ёр каби қучоқлаб турган лолани,
Қандай унутсин у ошиқ болани.


Қоялар пойида эртаклар тинглаб,
Тулпорга мардона жабдуқ урган мард.
Юлдузларни тинглаб, сўйлашган бўйлаб,
Йигитчалар ахир шоир бўлиш шарт!


Шоир йўлга тушса, қишлоқ шамоли,
Сочларин силайди мисоли она.
Ёр каби суюмли қишлоқ жамоли,
Шу боис, шоирлар унга парвона.


Мисралар от солар мисли лашкардай,
Шоирнинг юраги ёнади лов-лов.
Шаҳарда ор учун майдонга тушар,
Қишлоғин номидан кўтариб ялов.


Кўнгил сарҳадидан бир куй таралар,
У шундай улуғвор, у шундай майин.
Қишлоқ – Ватан, пойтахт – чегара,
Шоир чегарада ўлиши тайин.

Дунё қичқириғи
Жим,
Бир нафас нафсингдан тийил одамзод,
Ғафлат уйқусидан уйғонгин бир он.
Боқ, тегрангга боқ,
Қонлар оқаяпти мисоли булоқ.


Украин тупроғи булғанди қонга,
Бир малҳам топилмас, инграган жонга.
Қандай ишонайин бу ҳолда ахир,
Бир-бирин ўлдирган қаттол инсонга!


Оламни чулғади тугамас дард, ғам.
Қутурган қўтослар галаси каби,
Ув тортган бўрилар тўдаси мисол,
Чопасан, ёқасан дайдиб ҳар томон.
Англамай ўлган ким, ўлдирганлар ким?


Бўлди-ку одамзод, одамзод шўри!
Озодлик, озодлик! Қичқирар виждон.
Унда оч, наҳор,
Тупроққа беланиб, бўлиб ётар хор
Фаластинлик гўдак, пажмурда ул тан!


Кимсан ўзи, ниятинг надир!
Нимани бўлишиб ёқа вайронсан?
Одамзод, одамзод, бир-биринг ғажиб,
Яна қилмишингдан ўзинг ҳайронсан.


Йиққанинг ҳам ўзинг, йиқилганинг ҳам,
Аланга ичида қоврилмоқда жон.
Меҳварда ким билан охир қоласан?
Наҳот қичқирмаса, бўғзингда Виждон!


Ҳатто парранданинг шафқати бордир,
Ҳатто даррандалар тегмасанг тегмас.
Сенга нима бўлди, Одамнинг ўғли,
Кўрган кунинг бунча дардли, қайғули.


Тўхта, жим, тўхта бир нафас,
Дунё ваҳшийларга тўлган бир қафас!
Тингла, сўзларимни тингла бир бора,
Ғаму аламларга тўлиғиб кетган
Ёрилиб кетмасдан она сайёра!
Жим, тўхта!

Шеър нима, деб сўранг дўстлар
“Шеър нима”, деб сўранг дўстлар,– Шеър кўнгилнинг мавжларидир.
Оҳангларнинг тўлқинида,
Келар сўзнинг авжларидир.


Чин кўнгилдан, айтар бўлсанг,
Шайдо бўлар ҳайронлар ҳам.
Надир бир сўз, бўғзингиздан,
Тўкилгайдир райҳонлар ҳам.


Умрим ўтди, чўғдай сўзнинг,
Асириман, гадосиман.
Излаганим тополмадим,
Топсам, унинг адосиман.


Сўз на ёрдир, на содиқ дўст,
У миллатдир, бағри куюк.
У ор эрур, удир ғурур,
У тоғдаги ҳуркак кийик.


Тутолсайдим, оҳ у кўзни,
Ўпар эдим манглайидан.
Юрагимга жойлар эдим,
Олиб унинг танглайидан.


Сўз – машаъла, сўз – аланга,
Ёритгайдир йўлларимиз.
Иситгайдир, совиб кетган,
Беандиша дилларимиз.


“Шоир ким”, деб сўранг дўстлар,
У – қўёшни ютган одам.
Дод, деганда олам ёнар,
Оҳ, деганда синар қалам.


Чўлоқ турна
Чўлоқ турна каби юрибман ҳамон,
Бир қаноти синган муҳаббат билан.
Фақат тушларимда чопаман равон,
Фақат тушларимда қанот қоқаман.


Юз ўгирган бахтнинг изи бўлмайди,
Йўллари олисдир, йўллари чағир.
Демишлар, севгининг кўзи бўлмайди.
Севгисиз яшамоқ оҳ, бунча оғир.

Муҳаббат, сен шундай покиза туйғу,
Йўлингда тўкилган кўзёшлар мисол.
Сенга етказади изтироб, қайғу
Сенга етказади беозор хаёл.


Кўза
Кўза ясадилар бир кун туфроқдан,
Турфа ранг бердилар, жило ва ҳашам.
Оловнинг тафтида ёнди фироқдан.
Бўзлади бағрида ҳасрат билан ғам.


Бир пайт унга деҳқон экарди буғдой.
Унда унар эди ризқи авомнинг.
Қийқириб, адирга бағишлаб чирой,
Чопган болакайлар тўзитар ғамни.


Бағрида қизғалдоқ балдоғин таққан,
Қувончни қучоқлаб ётар эди у.
Бошида парвона юлдузли осмон,
Тўрғай-ла тонг бўлиб отар эди у.


Ҳар гиёҳ, ҳар битта жонивор ўртоқ,
Ҳар бирин ўзича иси бор эди.
Барини бағрига босарди туфроқ.
Бари бир-бирига дил хумор эди.


Энди эса кўза. Ичи ҳам бўм-бўш,
Турибди кимнингдир токчасин безаб.
Шоир, нуқта қўймоқ пайти келди, хўш,
Нима демоқчисан, ранж-ла, дарғазаб?


Энди ўша кўза мисоли ғариб.
Бағрида шамолнинг эсишига зор.
Ватангадо каби турар сарғариб,
Бошоқ шоввасига бўлиб интизор…


Алифбо дарси
Биринчи муаллимим, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси
Рўзмурод Холлиев хотираси

– Бугун Алифбо дарси,
Бор-йўғи ўттиз учта ҳарф болам,
Ўргансанг ҳаммасин, сеники олам.
Қани, бошладик:
– “А”
Қичқиради ўттиз икки жуфт кўз:– “А”.– “Б”,– “Б”, янграйди хушовоз садо.
Муаллимнинг киртайган кўзи қувнайди,
Лиқиллай бошлайди билаклар,
Лиқиллайди тана…
Қўшалоқ қўлтиқтаёғини қийнайди.
Шақиллаб кетади қўлтиқтаёғи.
Муаллим курсига чўкади ана,
Лиқиллай бошлайди мажруҳ оёғи.
Лиқ-лиқ-лиқ, лиқ-лиқ-лиқ.
Титраган бармоқлар сиқар столни,
Стол ҳам лиқиллай бошлар сабрсиз.
Муаллим таёққа таянар такрор,
чўнтагидан олади бўрни ва доскага ҳолсиз суянар.
Овози чиқади муаллимнинг базўр:
“А” бундай ёзилади:
Титрайди қонсиз бармоқлар, эзғиланар бўр.
Қинғир-қийшиқ , беўхшов “А” доскага қўнар.– Йўқ, йўқ, “А”ни бундай ёзманг,
Ақлдан озманг.
У алифбонинг “А” ҳарфини нуқиб чиқади ҳар бир болага. – Бундай ёзилади, шундай, чиройли…
Дафтарларни тирнар перолар.
Устоз қаторда сирғалар,
Қўлтиқтаёғида мажруҳ оёғини судрайди ва ғудрайди:– Баракалла, баракалла болаларим,
Менинг қорнинг остидан чиққан оппоқ лолаларим.
Энди “Б”ни ёзамиз, бундай.
Шақиллайди яна қўлтиқтаёқлар…
Болалар хурсанд қилиш учун устозни,
Бири қўйиб бири қичқирар: “Б”, “Б”лаб,
Баралла қўйганча овозни.
Муаллим мамнун, лиқилламай қўяди таёқ.
Қўнғироқ чалинар,
Тўрт йил судралади бўсағага тегиб ўтадиган ул мажруҳ оёқ…
Менинг хотирамда эса бомбаланган ернинг остида қолган тана,
жонсиз оёқ, қонсиз бармоқ, эзғиланган бўр,
Алифбонинг ўттиз уч ҳарфи ва олтмиш саккиз йил яна.
Мана сенга бир умр сабоқ!

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil