Ёр МУҲАММАД – 1959 йилда туғилган. Самарқанд давлат университетининг рус
филологияси факультетини тамомлаган. Ижодкорнинг “Муҳаббат бекати”, “Юртим
нафаси”, “Кўнгилга ташриф”, “Қуёшни сиғдирган юрт”, “Мангуликнинг 30 лаҳзаси”,
“Меҳр дарахти” каби китоблари нашр этилган.
Йўлингга кўз тикиб тешилди кўзим,
Бўғзимда бўғилиб эшилди сўзим,
Доғингни эллик йил кўтардим ўзим,
Усмоним қайдасан, қайдасан, қайда?
Ҳасад ҳаётингни гирдобга отди,
Умрингнинг қуёши оҳ, эрта ботди,
Дўстларинг жон сақлаб дўстини сотди,
Менинг Усмонгинам, қайдасан, қайда?
Хоинлик ҳақиқий ўзбек учун ёт,
Унинг кетмонидан бошланар ҳаёт,
Сен онанг, Наманган кўксидаги дод,
Усмоним, қайдасан, қайдасан, қайда?
Бўзлайман, фарёдим ютади ҳаво,
Она соғинчига топилмас дава,
Аза тутаётир олис Суслово,
Усмоним, қайдасан, қайдасан, қайда?
Ҳамон яшаб келар беҳис тўнкалар,
Биров ўлиб ётса лоқайд, кўлкалар,
Қоғоздан ясалган бошлар, елкалар,
Усмоним, қайдасан, қайдасан, қайда?
Кўксимни куйдириб келади оҳлар,
Усмоннинг юрагин чўқиган зоғлар,
Ҳамон минбарларда ўша маддоҳлар,
Шоир ўғилгинам, қайдасан, қайда?
1 Усмон Носирнинг онаси.
Турғунлик йиллари
Кулба аччиқ тутунга тўлар,
Ўтин ҳўлми, ёнмайди сира.
Тезак ташир жажжи қўлчалар,
Бир чеккада шам ёнар хира.
Очилади қуроқ дастурхон,
Аёл ёвғон шўрвани сузар.
Токча узра мунғайиб, нолон,
Сукут сақлар эски тилбузар.
Сўнг ўртага қўйилади шам,
Тилга кирар дафтару, китоб.
Қоғоз узра эгилар қалам,
Бирдан чироқ ёнади шу тоб.
Тилга кирар эски тилбузар,
Қувиб дилнинг армонларини.
Экран узра кузатар кўзлар,
Бу дунёнинг ёлғонларини…