Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ТАРИХИЙ ҲУЖЖАТЛИ ФИЛЬМЛАРНИНГ ДИЛЕММАСИ

Давлат ЎРОЗАЛИЕВ – 1997 йилда туғилган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият
институти Кинотелеоператорлик факультетини тамомлаган. Илмий мақолалари
миллий ва хорижий нашрларда мунтазам чоп этиб келинмоқда.


Бадиий фильмдан фарқли ўлароқ ҳужжатли кинонинг аксарият турларида
маълум бир сюжет ва сценарийни яратишга ёки топишга бўлган эҳтиёж,
актёрлик санъатининг улкан маҳоратига таяниш, декорация ва грим каби фильм
факторлари катта аҳамиятга эга бўлмайди. Ҳужжатли фильмнинг энг асосий
қуроли – ҳис-ҳаяжонга, фикр ва ғояга бой ҳамда айни бир лаҳзада буларнинг
ҳаммасини тақдим этувчи ҳаётнинг ўзидир. Шунчаки ўша микролаҳзаларда
ўтиб кетиши мумкин бўлган воқеани вақтни бой бермай тасвирга олиш керак,
холос. Аммо, юқорида айтганимиз – “аксарият турлар”га кирмайдиган “тарихий
ҳужжатли фильм”ларнинг констуктив хилма-хиллиги чексиз.
Кино санъатининг айни ривожланиш даврларида яратилган ҳужжатли
фильмлар мавзуси одатда илмий далиллар ва гипотезалар халқ маданиятини
ўзгаришига туртки бўлаётган йирик воқеалар бўлган. Ваҳоланки, ўша даврдаги
ҳужжатли фильмнинг етук намояндалари томонидан фильм мазмунига жиддий
фалсафий фикрлар ҳам сингдирилган. ХIХ асрнинг сўнгги йиллари ҳамда ХХ
асрнинг бошлари ҳужжатли ва бадиий кино учун ривожланиш даври бўлган эди.
Ўша даврда барча ижодкорлар дунё бўйлаб янги ғоялар, томошабинларни лол
қолдирувчи воқеаларни излашга тушишган. Яъни томошабинлар эътиборини
тортувчи экзотик жойлар, турли хил халқлар этнографияси, ҳарбий ҳаракатлар,
техника оламидаги янгиликлар, табиий офатлар каби шов-шув бўлувчи мавзулар
кино ижодкорларининг эътиборини тортган эди.
2000 йилларда ҳужжатли фильмларга эътибор жаҳон миқёсида янада кучаяди.
Бутун дунёда фақатгина ҳужжатли фильмларни намойиш этишга мўлжалланган
телеканаллар очилади. Уларга мисол қилиб, Al Jazeera Documentary Channel,
Animal Planet, BBC Four, Canal D, Discovery Channel, Discovery History,
Documentary Channel, Historia, Nat Geo ларни келтириш мумкин, лекин бу албатта
wikipediaда қайд этилган рўйхатнинг ҳаммаси эмас. Айнан шу йилларда ҳужжатли
фильм оламида кенг тарқалган феномен тушунчаси дунёга келади. Бу ҳужжатли
фильмнинг “тарихий” деб номланувчи жанри ҳисобланади. Тарихий ҳужжатли
фильм дилеммаси ҳамда унга нисбатан фикрларнинг дуализми ҳеч қачон
аниқ бир ечимга келиб камаймаган. Зеро, таниқли британиялик кинорежиссёр
таъкидлаганидек, “Бадиий фильмларда режиссёр бу Худонинг ўзидир, ҳужжатли
фильмларда эса Худо бу режиссёрдир.” (Алфред Хичкок).
Тарихий ҳужжатли фильмнинг энг йирик муаммоси унинг тасвирга олиниш
жараёнида эмас, балки унинг асоси ҳамда негизи бўлмиш адабиётда ётади. Айнан
адабиётларда келтирилган тарих воқеаларнинг турли давлатларда турлича талқин
этилиши бу ижодкорларнинг яратган ҳужжатли фильмларида ўзининг субъектив
позициясини келтиришга ундайди ва бу ўз ўрнида маълум аудиторияга турлича
таъсир қилади. Чунки бутун дунё билганидек, “Тарих ғолиблар томонидан
яратилади, унда мағлублар эсланилмайди”. Шундан хулоса қилиб айтиш
мумкинки, ҳар қандай тарихий ҳужжатли фильм, у фактларга тўлиқ асосланган
бўлмасин, унинг маълум қисм аудиторияси ҳужжатли фильм бераётган фактик
воқеа ҳамда дикторлик сўзларини ёлғонга йўяди.
Тарихий ҳужжатли фильм ҳам ўз шаклининг тарафкашларига кўра
сценарийнависликнинг маълум қонунларига бўйсуниши керак. Албатта,
берилаётган қадрли информациялар ўз аксини топган ҳужжатли бўлса-да – “фильм”, яъни унда драматургиянинг олтин қоидалари (кириш, экспозиция,
тугун, кульминация, ечим, якун) бўлиши талаб этилади. Акс ҳолда, булардан
биронтаси бўлмаган тақдирда фильм кўпгина фактик маълумотларни берса ҳам у
оддий томошабин учун жалб этарли даражада қизиқарли бўлмайди. Бундай фильм
эса ундаги маълумотлар қанчалик муҳимлигига қарамасдан ўз аудиториясини
тополмайди. Шунинг учун ҳужжатли фильмлар айнан қаҳрамонлар ва
ҳикояларда томошабинни ҳиссий жиҳатдан жалб қилишга интилади. Бу риштани
яратишнинг бир йўли томошабинларга фильмнинг субъектлари ўзларига ўхшаш
одамлар эканлигини ҳис қилишдир. Танишувни ўрнатиш учун ушбу конвенция
кўп жиҳатдан тақдимот услубига боғлиқ. Аммо ҳужжатли фильм оламининг
ўз аспектларига бундай қонуният ҳамда адабиёт асносида яратилган ҳужжатли
фильм ўз номи билан ҳаққонийликка тўғри келармикан?!
Рус ҳужжатли фильми отаси Дзига Вертов мактабига асосан ҳужжатли фильм
ҳеч қачон саҳналаштирилган ҳолда тасвирга олиниши керак эмас ҳамда ҳаққоний
ҳужжатли фильм тасвири ўша фильм даври ҳамда воқеа жойининг ҳаққоний
дубликати сифатида тасдиқланувчи даражасида ҳақиқатга эга бўлиши керак, дея
юритилади. Аммо ушбу таъкид ҳамда белгилар ҳужжатли фильмнинг деярли
барча жанр ҳамда суб жанрларига тўғри келади. Бироқ, бундай слоганлардан
бир қанча йиллардан кейин яратилган ҳужжатли фильмнинг “тарихий” ҳамда
“фантастик” жанрларга ҳам шундай талаб қўйиладими?
Тарихий ҳужжатли фильмларни яратишда бугунги кунда ижодкорга ҳеч
қандай чегаралар қўйилмаган. Ундан ягона қонунга бўйсуниш талаб этилади.
Бу фильмдаги тарихий маълумотлар ҳамда кўрсатилаётган тасвирлар фақат ва
фақат ҳақиқатдан иборат бўлишидир. Мисол учун, тарихий алломалармизнинг
ҳужжатли фильмини тасвирга олаяпмиз, дея тасаввур қилайлик. Унда тарихий
алломамизнинг реконструктив образининг ҳаракати ҳамда улар томонидан
айтилаётган ҳар қандай реплика тарихий адабиётлар асосида тасдиқланиши
керак ёки тарихий ҳужжатли фильм диктор овозига (нарративликка) қурилган
бўлса, унда дикторнинг ҳар бир гапи тарихий адабиётлар билан тасдиқланган
бўлиши даркор. Шу билан бирга тасвирга олиш жараёнида ижодкорлар албатта
кино графикасидан ҳам фойдаланишлари мумкин. Чунки, тарихий ҳужжатли
фильм кўрсатаётган давр – ҳали видео ҳам фото ҳам кашф қилинмаган ва ҳеч
қандай архив материаллар бўлмаган давр бўлиши мумкин. Юқорида тарихий
алломомаларимиз тўғрисидаги фильм мисолини бежизга келтирмадим, чунки
улар яшаган даврда фото ҳамда видео архив материаллар у ёқда турсин, оддий
тасвирий санъатнинг портрет жанрини яратишнинг ҳам имкони бўлмаган. Ўша
даврни тасвирлашда албатта ишончли тарихий адабиёт сифатида етук ҳамда
машҳур тарихчиларнинг фикрларидан фойдаланилади. Бундай ҳужжатли фильм
ҳаққоний бўлиши учун у “талкинг ҳеад” (интервью берувчи) услубида яратилиб,
мана шу интервью бераётган машҳур тарихчининг ҳар бир таъкидлаган ва факт
дея талқин қилаётган гаплари асосида маълум бир реконструктив кадрлар ёки
компьютер графикасига асосланган муҳит ёки CGIлар яратилади. Шунда ҳам
ҳеч қандай тарихий ҳужжатли фильмни тўлақонлигича ҳаққоний дея таъкидлаб
бўлмайди.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil