Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ЮКСАК ТАФАККУР САМАРАЛАРИ

Дилрабо ҚУВВАТОВА – филология фанлари доктори, профессор. 1968 йилда
туғилган. Бухоро давлат педагогика инстититининг ўзбек филологияси ва чет тиллар
факультетини тамомлаган. Унинг “Сирли олам мусаввири (фантаст-адиб Ҳожиакбар
Шайхов ижодига чизгилар)”, “ХХ аср иккинчи ярми ўзбек поэмачилигида жанр ва услуб
ранг-баранглиги”, “ХХ аср иккинчи ярми ўзбек поэмаси”, “ХХ аср иккинчи ярми ўзбек
достончилигининг тараққиёт хусусиятлари” сингари монографиялари ва 200 га яқин
мақолалари нашр этилган.


“Шарқ юлдузи” журнали йил кесимида 12 та сонда нашр этилган. “Адабиёт ва
шахс”, “Таҳлил”, “Талқин” рукнларида 28 номдаги мақола, обзор-мақола, суҳбат
мақола, тақризлар эълон қилинган. Уларда ўзбек мумтоз адабиёти, янги ўзбек
адабиёти, ҳозирги адабий жараён, адабий танқид масалалари таҳлил этилган.
Хилма-хил мавзудаги бу чиқишларда бадиий сўзга масъуллик, тарихга муносабат,
бугунги шеъриятимизнинг етакчи тамойиллари, насрдаги янгиланишлар, драматик
турдаги изланишлар ўз ифодасини топган. Обзор-мақолаларда эса танқидий руҳ
устувор хусусият касб этган. Журналдаги мақолаларни қуйидагича гуруҳлаштириш
мумкин:
Янги ўзбек адабиёти. Олим Олтинбекнинг “Oна Туркистондир туркларнинг
тожи…” (Шарқ юлдузи, № 03, 2023. – Б. 131–138) деб номланган мақоласи Рауф
Парфининг Туркистон ҳақидаги шеърлари таҳлил этилган. Адабиётшунос
Р.Парфига: “Миллий шеъриятимизда Фитрату Чўлпонлардан кейин Туркистон
бирлиги байроғини баланд кўтарган шоир” деб баҳо беради. Унинг шеъриятига
Туркистон мавзуси кириб келиши омилларини асослайди. Буни Водилий, Абдал
ака, Наврасли сингари туркчи жадидлар фаолияти билан боғлайди. Шоирнинг
Она Туркистон ҳасрати ифода этилган “Туркистон ёди”, “Қадимги туркулардан”,
“Она Туркистон”, “Абдулҳамид Чўлпонга мухаммас”, “Дорнинг оғочи”, “Туҳмат –
1985”, “Адашган руҳ” сингари муайян даврлар ўзбек шеъриятида ҳодиса бўлган
шеърлар таҳлили орқали очиб берилган. Хусусан, адабиётшунос “Туркистон ёди”
шеърини назардан ўтказар экан: “…шоир 80-йиллар бошида, худди жадидлардай,
Туркистон бирлиги борасида қайғураётганини; иккинчидан, сиёсатчилар кўзини
шамғалат қилиш учун адабий усул қўллаганини, учинчидан, “Туркистон ёди” шоир
ижодида Туркистон мавзусидаги биринчи шеър” эканлигини айтади (ШЮ, 132).
Бу талқинлар Рауф Парфининг ватансевар ижодкор сифатида унинг истиқболи
учун қайғурганлигини кўрсатиб туради. Дарҳақиқат, ўтган асрнинг 80-йилларида
бундай шеърлар ёзиш маънавий жасорат эди. Ёки “Шоирнинг “Дорнинг оғочи”
(1988) шеърида туркий қавмларнинг парокандалиги, ғафлатда ётганлиги,
ўзлигини йўқотганлиги, дўсту душманини ажратолмаганлиги, туркийлар орасида
иттифоқнинг йўқлиги, аксинча, нифоқнинг устунлиги хақида куйиниб гапиради.
Шунинг учун шоирнинг кўзи борлиқда фақат қоронғиликни, тутунни, ёлғиз боши
узра увуллаган шамолни, кўзларини ғажиган аллақандай тунни кўради” (ШЮ,
136). Бу кузатишлар ҳам адабиётшунос олимнинг Рауф Парфи бадиий оламини
чуқур идрок этганлигини кўрсатиб туради. Шоирнинг “Қадимги туркулардан” деб
номланган шеъри яқин тарихимиз саҳифалари билан боғлиқликда таҳлил этилган.
Бунда тарихшунос нигоҳи ҳам кўзга ташланади. Рауф Парфининг “Адашган
руҳ” шеърида Турон (Туркистон) фожиалари билан боғлиқ туйғу-кечинмалар акс
этган. Бу асар адабиётшуносликда достонга тенглаштирилади (Н.Раҳимжонов):
“Дарҳақиқат, шеърда Турон билан боғлиқ фожеий ҳолат чизилган. Лекин шоир
умидсиз эмас. “Бу тунлар”ни кун ва тонгларга эвириш мумкин. Бунинг учун “мен
ва сен” бирикиб, “биз”га айланишимиз керак, деган бадиий хулосани илгари
суради шоир” (ШЮ, 138). Олимнинг бу хулосалари шоирнинг Туркистон бирлиги
ғояларига ҳамоҳанг жаранглайди.
Умуман олганда, О.Олтинбек Рауф Парфининг Туркистон мавзусида шеърларини
таҳлил қилар экан, улар қатида турли йилларда эгилган, букилган, бироқ синмаган
муаззам Ватан тимсолини кўради.
Академик Наим Каримовнинг “Сизга оламни бахш этмоқни истайман!” (Шарқ
юлдузи, № 03, 2023. – Б. 102–109) деб номланган мақоласи “бугунги адабиётимизда
Абдулла Қодирийдек, Ойбек ва Ғафур Ғуломдек, Асқад Мухтор ва Шуҳратдек,
Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповдек байроқдор ёзувчилар изидан белига ғайрат
камарини боғлаб ижод қилаётган шоир ва ёзувчилар” қаторида Ўткир Раҳмат
ижоди ҳақида фикр юритилган. Унда ижодкорнинг бадиий биографияси яратилган.
Шу маънода мақолани мўъжазгина адабий портрет дейиш мумкин.
Маълумки, даврлар тўфони адабиётга, ижод аҳлига таъсир ўтказмай қўймаган.
Наим Каримов Ўткир Раҳмат ҳақида сўз айтар экан, унинг ижодига таъсир этган
воқеликларни назаридан қочирмайди: “У севимли шоирлари Ҳамид Олимжон,
Усмон Носир, ҳатто Ойбекнинг бошига тушган савдоларни яхши биларди. Шунинг
учун ҳам кўзёшларини тўка туриб, севги ва баҳор, қиқирлаган ирмоқлар, шафақ
ва юлдузлар ҳақида жўшиб ёзиш малакасини эгаллади” (ШЮ, 104). Бу қайдлар,
аввало, шоирнинг Ойбек, Ҳамид Олимжон, Усмон Носир каби улуғ шоирларга
эргашганлигини билдирса, иккинчидан, собиқ тузум тазйиқлари туфайли “кўзёш
тўкиб” туриб кулишга мажбур авлодга эш бўлганлигини кўрсатиб туради.
Умуман олганда, ушбу мақолани янги ўзбек шеъриятининг таниқли вакилларидан
бири Ўткир Раҳмат ижодий оламига қилинган теран илмий саёҳат дейиш мумкин.
Сулаймон Раҳмоннинг Рауф Парфи сиймосига оид чизгилар берилган “Суюк
ва буюк шоир” (Шарқ юлдузи, № 10, 2023. – Б. 98–114) номли эссеси Рауф Парфи
ҳақида ёзилганлардан ўзининг самимияти ва ҳаққонияти билан ажралиб туради.
Эссени ўқир экансиз, буюк шоир, катта шахсият эгаси ва қиёси йўқ қалб соҳибининг
зиддиятларга тўла ҳаёти билан юзлашасиз. Бу асар бугунги кун китобхонига ва ёш
авлодга Рауф Парфидек буюк шоирни танитишда муҳим аҳамият касб этади деб
айтиш мумкин. Эссе сўнггида айтилган қуйидаги фикрларда эссе муаллифининг
буюк шоирга эҳтироми ва баҳоси акс этган: “Рауф Парфи ҳақиқат шоири, ҳақиқий
шоир. Рауф Парфи ўхшаши йўқ шоир, ўз мактабини очган шоир. Ва ниҳоят, худди
шу жиҳатлари билан у ҳеч муболағасиз улуғ шоир” (ШЮ, 114).
Муҳаббат Сафоеванинг “Ёнаётган йўлни ўқиб…” (Шарқ юлдузи, № 11, 2023. – Б.
134–137) эссесида Абдулла Шернинг шу тўплами асосида ҳам шоир сиймосига оид
чизгилар, ҳам шеърнинг сеҳрли дунёси, ўқувчига берадиган эстетик завқи ҳақида
фикрлар берилган. Муаллиф шоир шеърларини “янги бир дунё очаётган”, “инсон
аталмиш мавжудотнинг кўнгил сайёраси ҳақидаги билимларни ошираётганга”
ўхшатади, Абдулла Шерни эса XXI аср ўзбек шеъриятида фалсафий драматизмни
бошлаб берган шоир сифатида баҳолайди. “Иосиф Сталинга”, “Аёлга шафқат”
сингари ўнга яқин шеърларини таҳлилга тортади ва хулосаларни ўқувчининг ўзига
ҳавола қилади.

  1. Адабий танқид масалалари ёритилган мақолалар. Таниқли мунаққид
    Бойназар Йўлдошевнинг “Танқидчи теран булоқлар кўзини очиши лозим”
    (Шарқ юлдузи, № 10, 2023. – Б. 115–118) мақоласида ўзбек адабий танқидчилиги
    тарихида ўз муносиб ўрнига эга мунаққид Иброҳим Ғафуровнинг фаолиятига
    назар ташланади. Унинг “Ёнар сўз”, “Жозиба”, “Ям-яшил дарахт”, “Юрак аланга”,
    “Лириканинг юраги”, “Шеър билан суҳбатлар” каби кўплаб китоблари “эстетик
    олам янгиликларидан бўла олган”лиги алоҳида таъкидланади. Б.Йўлдошев “Ўз
    вақтида Иброҳим Ғафуров Рауф Парфи, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева,
    Маъруф Жалил, Абдулла Шер, Машраб Бобоев, Чўлпон Эргаш, Ҳалима Қорабоева
    каби ижодкорлар ҳақида илк фикрларини билдириб, улар шеъриятидаги ижобий ва
    салбий ҳолатларни ҳам аниқ кўрсатиб бера олганди” (ШЮ, 115)деб ёзади. Айниқса
    мунаққиднинг Зулфия ва Асқад Мухтор шеърияти таҳлил этилган ишларига юқори
    баҳо беради. Иброҳим Ғафуровнинг Ойбек ва Мақсуд Шайхзода лирикасига
    мунаққид сифатида ёндашувларига алоҳида диққат қаратади. Шунингдек, мақола
    муаллифи ўтган асрнинг 60-70-йилларидаёқ Сайёр, Барот Бойқобил, Тўлқин,
    Эътибор Охунова, Гулчеҳра Жўраева, Гулчеҳра Нуруллаева, Ойдин Ҳожиева,
    Нормурод Нарзуллаев, Теша Сайдали, Йўлдош Сулаймон, Омон Мухтор, Миразиз
    Аъзам каби кўплаб шоирлар ижодини кузатиб борган Иброҳим Ғафуров ўзининг
    “Тонг тўккан шеърият” мақоласида ёш шоирлар шеъриятига муносиб баҳони
    бера олганини таъкидлайди. Умуман, мақолада Ўзбекистон Қаҳрамони, нуктадон
    мунаққид Иброҳим Ғафуров ўзининг юксак адабий-танқидий қарашлари билан
    ХХ ва XXI аср адабий танқидчилиги тарихида муҳим ўрин эгаллагани асослаб
    берилган.
    Нуктадон адабиётшунос, танқидчи Узоқ Жўрақуловнинг “Адабий танқид
    ва назария таҳлили” номли обзор-мақоласи (Шарқ юлдузи, 2023, № 5. -Б. 57
    62) 2022 йилда чоп этилган монография, китоблар тадқиқига бағишланган. У
    профессор Бегали Қосимовнинг уч жилддан иборат “Танланган асарлар”ини 2022
    йилда адабий воқеа бўлган асарлардан деб ҳисоблайди. Баҳодир Саримсоқовнинг
    “Бадиийлик асослари ва мезонлари” китобининг доцент Ҳошимжон Аҳмедов
    томонидан кенгайтирилган қайта нашрида адабиёт назариясининг марказида
    турадиган бадиийлик ҳодисасининг руҳий, ақлий, илмий, ижтимоий асослари,
    лирик, эпик, драматик кечинма табиати халқ ижодиёти, мумтоз ва замонавий
    адабиёт намуналари мисолида очиб берилганлиги ёритиб берилган. Йўлдош
    Солижоновнинг “Анвар Обиджон поэтик олами” номли монографияси илмий
    ҳаётдаги янгилик сифатида эътироф этилади. Бу монографияни Узоқ Жўрақулов
    Анвар Обиджон ижодига бағишланган яхлит илмий тадқиқот деб ҳисоблайди.
    Чунки, унда шоир биографияси, шахсияти, ижодининг босқичлари ва йўналишлари
    хусусида батафсил фикр юритилган. Адҳамбек Алимбековнинг “Саъдулла
    Ҳаким ижодий портретига чизгилар” монографияси ҳам адабий портрет жанрига
    мансублиги, ижоди адабиёт илмида нисбатан кам ўрганилган Саъдулла Ҳаким
    ҳақидаги махсус тадқиқот бўлганлиги таъкидланган.
    Гулчеҳра Имомованинг “Ўзбек ҳикояларида бадиий синтез шакллари” номли
    монографияси ҳикоячилигимизнинг қарийб бир асрлик намуналарини қамраб
    олиши, Вафо Файзуллоҳнинг адабий жараёнга оид “Куртакда дарахтни кўрмоқ”,
    “Ҳақ ва ҳақиқат хаёли” деб номланган икки китобида Алишер Навоий, Лев Толстой,
    Эрнест Сетон-Томпсон, Иван Бунин, Михаил Булгаков, Одил Ёқубов, Асқад Мухтор,
    Абдулла Орипов, Абдували Қутбиддинлар ижоди ҳақида бадиий амалиётчи нуқтаи
    назарлари акс этганлиги, Улуғбек Ҳамдамнинг “Абдулла Қодирий ва янги ўзбек
    адабиёти” илмий-адабий тўпламида адиб ҳақида муаллифнинг шахсий кузатув,
    таҳлил, қиёс ва хулосалари, у ҳақидаги илмий-танқидий диалоглар ўрганилганлиги,
    Баҳор Тўраеванинг “Замонавий романларда хронотоп поэтикаси” деб номланган
    монографиясида бадиий замон-макон муаммоси Чингиз Айтматов, Ўткир
    Ҳошимов, Нормурод Норқобил, Улуғбек Ҳамдам ва Исажон Султон романларини
    қиёсий аспектда текширилганлиги билан боғлик илмий кузатишлар орқали янги
    китобларга баҳо берилган.
    Мақоладаги яна бир жиҳатни таъкидлаш керак: унда адабиёт илмида ўз сўзини
    айтишга чоғланаётган умидли ёш олималарнинг илмдаги илк кузатишлари маҳсули
    бўлган биринчи китоблари ҳам назардан ўтказилган. Жумладан, Гулрух Худоёрова
    ҳамда Ойбарчин Абдулҳакимоваларнинг монографиясида улуғ шоиримиз Абдулла
    Орипов шеъриятида лирик кечинма табиати, шоирнинг адабий-эстетик қарашлари,
    Ҳуррият Худоймуродованинг китобида Нодир Норматовнинг бадиий маҳорати
    қайд этилган.
    Мақолада танқидий нуқтаи назар ҳам кўзга ташланади. Олим драматургия
    тарихи ва назариясини ўрганиш ўта оқсоқ ҳолатда эканлигини таъкидлар экан,
    бунинг сабабларини – адабий жараёнда етук драматик асарларнинг майдонга
    келмаганлиги билан боғлайди.
  2. Ҳозирги адабий жараён. Абдулла Улуғовнинг “Қиссалар муқояса қилинса”
    мақоласи (ШЮ, 2023, № 1)да 2023 йилда чоп этилган қиссаларни назардан
    ўтказилган ва бу асарларнинг ҳозирги адабий жараёндаги моҳияти очиб берилган.
    Шу жиҳатдан уни обзор-мақола дейиш мумкин. Адабиётшунос, аввало, қиссаларни
    иккига бўлиб тасниф қилади: “Шойим Бўтаевнинг “Кутубхоначи хоним”, Исажон
    Султоннинг “Аввалгиларга ўхшамас”, Маъмура Зоҳидованинг “Манглайдаги ёзиқ”,
    “Бойчечак”, “Садоқат”, Байрам Алининг “Босириқ”, Шавкат Низомнинг “Дўлта”,
    Меҳрибон Абдураҳмонованинг “Қонли шафақ сурати”, Шаҳодат Улуғнинг “Номи
    Ҳабибим”, Фолькиннинг “Йиртқич” қиссаларида замонавий ҳаёт ҳодисалари
    диққат марказига қўйилгани, Отабек Жўрабоевнинг “Ризо билан борамиз”,
    Меҳрибон Абдураҳмонованинг “Қонли шафақ”, Каримберди Тўрамуродовнинг
    “Сўнгги бек” қиссаларида эса тарихий воқеалар қаламга олингани кўринади”
    (ШЮ, №1, 2023. Б.133).
    140
    Қозоқбой Йўлдошевнинг “Бадиий маҳорат меваси” ( Шарқ юлдузи, № 02, 2023. – Б.
    73–78) мақоласи ёзувчи Шаҳодат Исахоннинг “Гавҳаршод бегим ёхуд қиёмат
    ўйини” романи таҳлилига бағишланганлиги билан эътиборни тортади. Олим
    дастлаб истиқлол йиллари ажабий жараёнига, шу даврда яратилган Саъдихон
    Мавлавихоннинг “Таназзул”, Луқмон Бўрихоннинг “Имом Мотуридий”, Исмоил
    Шомуроднинг “Қамал” каби бадиий юксак романларига назар ташлайди. Шу асосда
    Шаҳодат Исахоннинг “Гавҳаршод бегим ёхуд қиёмат ўйини” романи тадқиқига
    киришади. Таниқли мунаққид асар таҳлили давомида Шаҳодат Исахон бадиий
    услуби, ундаги индивидуаллик кабиларни ҳам очиб берган. Айтайлик, Шаҳодат
    Исахон бош қаҳрамон руҳиятидаги ҳар бир катта-кичик ўзгаришни ҳаётий акс
    эттирганлиги, ретроспектив тасвир усулидан самарали фойдаланганлиги билан
    алоқадор кузатишлар бу жиҳатдан эътиборга лойиқ.
    Мақолада асарга нисбатан танқидий муносабат ҳам ўз ифодасини топган. Булар
    асарнинг номланиши, бадиий тилида бугунги кўча одами ишлатадиган сўз ва
    гаплар, давр одамининг табиатига хос бўлмаган ифодаларнинг мавжудлиги, унда
    XVIII асрда яшаб ўтган Шоҳ Машраб номини ҳам келтириши мантиққа зидлиги
    каби моҳир мунаққиднинг романга холис баҳо берганлигини кўрсатади.
    Нигоҳи тийрак адабиётшунос асарнинг қатор фазилатларини инобатга олиб, уни
    “бугунги ўзбек тарихий романчилигида юз берган ўзига хос эстетик ҳодиса ўлароқ
    эътибор ҳамда эътирофга сазовордир” деган асосли хулосага келади.
    Хосият Рустамованинг “Шоирона исённинг ошкора акси” (Шарқ юлдузи,
    № 02, 2023, – Б. 140–144.) мақоласида Зебо Мирзо шеърияти таҳлил этилган.
    Муаллиф шоира шеърларини ўрганар экан, уларда ўз-ўзини тафтиш қилиш
    хусусияти етакчи эканлигини ва бу унинг бошқа ижодкорлардан фарқли жиҳатини,
    индивидуаллигини намоён этишини таъкидлайди. Жумладан, унинг “Оловдарахт”
    шеърида табиат билан руҳиятнинг уйғунлиги ва номутаносибликлари акс этганлиги
    ёритилган. Хуршид Даврон унга юқори баҳо беради: “…Бугунги ўзбек шеъриятида
    аёл шоирларнинг алоҳида ўрни, янада очиқроқ айтадиган бўлсам, “эркаклар”
    шеърияти билан тенглашган даражадаги мавқеи бор. Ана шу ўринни, мавқени
    белгилаган ва белгилаётганлардан бири Зебодир…” Мақола муаллифи шу фикрдан
    келиб чиқиб шоира ижодига ёндашар экан, унинг лирик қаҳрамонида “майсалар
    титроғини яширган кичик бахтни сиғдиролмаган улкан юрак” тасвирини кўради.
    Адабиётшунос олима Санобар Тўлаганованинг “Aдабий жараёнда миллий
    роман муаммолари” (Шарқ юлдузи, № 03, 2023, – Б. 110–117) номли мақоласи
    Муҳаммад Алининг “Клеопатра”, Шаҳодат Исахонованинг “Гавҳаршодбегим ёхуд
    қиёмат ўйини”, “Нодираи Даврон”, Луқмон Бўрихоннинг “Имом Мотуридий”
    романлари тадқиқига бағишланган. Бу асарларда у, ҳақли равишда, ўтмишдаги
    машҳур аёллар қиёфасини жонлантиришга уриниш ҳаракати мавжудлигини
    фазилат қилиб кўрсатади. Шу билан бирга Клеопатра образи Чўлпон ижодида
    юз кўрсатганлигини таъкидлар экан, унда Миср маликаси муҳаббатга ташна аёл
    сифатида тасвирланганлигини қайд этади. Мақола муаллифи Муҳаммад Али
    талқинида бу образнинг ўзгача мазмун касб этганлиги, унинг Миср озодлиги йўлида
    курашчи, давлати мустақиллиги йўлида ҳаётини қурбон қилишга тайёр маккора
    тарзида гавдалантирилганлиги, романда қадимий Миср ва Рим ҳаётининг тарихий
    манзаралари жонлантирилганлиги ҳақида умумлашмалар қиладики, бу олиманинг
    қадимий мавзунинг янгича талқинига чуқур киришганлигини кўрсатиб туради.
    Шаҳодат Исахонованинг “Гавҳаршодбегим ёхуд қиёмат ўйини” романи
    тадқиқида ҳам олима ўзига хос йўлдан боради. Унинг қайд этишича, муаллиф
    ижодий концепциясида тарихий мавзуга мурожаат қилиш, машҳур шахсларнинг
    ҳаётини ёритиш, қаҳрамон руҳиятини англашга уриниш,
    малика яшаган
    даврни тасвирлаш орқали мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазият, салтанатнинг
    танназулга юз тутиши, шаҳзодаларнинг тахт йўлида биродаркушликка бориши
    каби муаммоларнинг илдизини очиб беришга ҳаракат қилган. Бироқ адабиётшунос
    асарнинг юқоридаги фазилатли жиҳатлари билан бирга ундаги тасвир
    номутаносиблиги, тарихийликдан чекинилган лавҳаларни топади. Бинобарин:
    “Муаллиф Гавҳаршодбегим характерини ёритишда ниҳоятда интиргаларга бой,
    зиддиятли саҳналардан унумли фойдаланиш ўрнига баёнчиликка берилиб кетади”
    (ШЮ, 112). Кўринадики, бу каби қарашлар адабиётшуноснинг асарга тарих ва
    бадиият мезонларида назар солганлигини кўрсатади. Асардаги яна бир жиҳат:
    унда аёл қалбидаги пўртаналар очиб берилмаганлиги билан боғлиқки, буни ҳам
    тадқиқотчи тўғри таъкидлайди. Қолаверса, романдаги Алишер Навоий билан
    боғлиқ лавҳалар ҳам сюжетга у қадар ёпишмаганлиги ҳақидаги таҳлилларга ҳам
    қўшилиш мумкин. Роман бадиий тилининг ночорлигини кўрсатувчи мисоллар
    олиманинг адабий жараёнга тийрак нигоҳ билан назар солганлигини кўрсатади.
    Ҳозирги адабий жараёндаги тарихий мавзу ёритилган асарлардан бири Луқмон
    Бўрихоннинг “Имом Мотуридий” романидир. Юқоридаги асарлар билан деярли
    бир даврда ёзилган бу асар ҳақидаги олиманинг кузатишлари анча ижобий.
    Адабиётшунос бу романга юқори баҳо беради. Абу Мансур Мотуридий шаръий
    илмларнинг учта йўналиши: тафсир; усули фиқҳ; ақоид билан боғлиқ йўналишда
    асарлар ёзганлиги маълум. Адабиётда бундай сиймоларини бадиий образини
    гавдалантириш анча мушкул ва масъулиятли. Ёзувчи шу масъулиятни елкасига
    олганлиги олима таҳлилларида кўзга ташланади. Дарҳақиқат, асарда тарихий давр
    руҳи акс эттирилганлиги, бадиий матннинг пухта ишланганлиги каби жиҳатлар
    фазилат сифатида кўрсатилган. Бу таҳлиллар давомида ҳам танқидий нуқтаи назар
    кўзга ташланади: “Мотуридийнинг оилавий аҳволи, Мастонбиби, Сурайё образи
    талқинида “ёпишмаган” ўринлар талайгина. Мотуридий шахсини очиб беришда
    муаллиф унинг хотини билан муносабатларидан восита ўрнида фойдаланишни
    афзал билади. Мана шундай саҳналарда асардаги мантиқий бирликка путур етади.
    Ақоид илмининг билимдони “имомил Худо” саналган олим хотини билан муқояса
    қилинади, дунёқарашлари бир-бирига қарама-қарши қўйиладики, етук уламонинг
    маиший ўринга туширилиб қўйилиши романнинг ютқизиқларидан бири деб
    ҳисоблайман” (ШЮ, 115). Бу фикрлар илмий асосга эга. Чунки ўз даврининг етук
    алломасини бундай икир-чикирлар ичида кўрсатиш роман мазмун-мундарижасига
    мувофиқ келмайди, албатта.
    Мақолада Неъмат Арслоновнинг “Хўтама” романи ноанъанавий услубдаги
    роман сифатида ўрганилган. Санобар Тўлаганова, аввало, асарнинг номланишига
    муносабат билдиради. “Шарқ юлдузи” журналида эълон қилинган. Романинг
    “Хўтама” деб номланиши эътиборни тортади. Хўтама – дўзах дарвозаларидан
    бирининг номи. Адабиётшунос асар композицияси, сюжети билан боғлиқ
    нуқталарга эътибор қаратади: “Муаллиф асар композициясини шакллантиришда
    миф ва рамзлардан поэтик восита сифатида фойдаланади. Романда ер ости
    салтанатининг маъбудалари ҳақидаги ривоятлар қолипловчи вазифасини бажарган.
    Рамз ва тимсоллар воситасида жамият ҳаётидаги муаммолар фош этилади.
    Асарда бир неча тасвир чизиқлари кўп тармоқли шаклда ривожлантирилган”
    (ШЮ, 115).
    Умуман олганда, ушбу обзор-мақолада Санобар Тўлаганова ҳозирги адабий
    жараённинг тийрак нигоҳли зукко кузатувчиси сифатида намоён бўлади. У
    ниҳоятда холислик билан давр романларига баҳо беради, улардаги миқдор ва сифат
    янгиланишларини аниқлайди, танқидий нуқталарни топади.
    Шоҳрух Абдурасуловнинг “Эркин Аъзам драмаларида шахс ва жамият талқини”
    (Шарқ юлдузи, 2023, № 5. – Б. 155–160) мақоласи ҳозирги адабий жараёнда катта
    мавқе эгаллаган ёзувчи Эркин Аъзамнинг “Жаннат ўзи қайдадир”, “Шажара”,
    “Фаррош кампирнинг туши”, “Хонадон эгаси”, “Танҳо қайиқ” сингари драматик
    асарлари тадқиқига бағишланган. Олимнинг таъкидлашича, “Эркин Аъзам ижодига
    хос пухта матн, истеҳзоли тил, тагматн жозибаси, маиший турмуш фонидаги
    ижтимоий, ўткир ҳақиқатлар” драматик асарларида ҳам намоён бўлган. Бу жиҳатдан
    унинг “Фаррош кампирнинг туши” пъесаси таҳлил қилинган. Пьеса қаҳрамони
    моҳиятан А.Ориповниг “Ранжком” достонидаги фаррош кампир образига уйғун
    келади. У гарчи “асарнинг икки-уч ўрнида кўриниш берса-да, воқеаларнинг бари
    шу кампирга келиб туташади”. Жараённинг теран нигоҳли кузатувчиси мақолада
    бўлиб турган воқеаларнинг моҳиятини англаган, синчков ва ҳушёр фаррош кампир
    характерини чиройли далиллайди.
    Тадқиқотчи “Шажара”, “Жаннат ўзи қайдадир” драмалари қатидаги ҳаётийликни
    очиб берар экан, ёзувчи драмаларининг марказида инсон руҳияти, унинг ботиний
    олами туришини алоҳида таъкидлайди.
    Ёш адабиётшунос Рухсора Тўлабоеванинг “Ҳикояларда қаҳрамонлар
    психологизми” (Шарқ юлдузи, 2023, № 5. – Б. 161–166.) деб номланган мақоласи
    адабий жараёнда дадил қадам ташлаётган Нурилла Чориев ҳикояларидан баҳс
    этади. Ёш олима ёзувчи ҳикояларини бадиият синтезидан ўтказар экан, унда машҳур
    ҳикоянавис Габриэл Гарсиа Маркеснинг ижодий анъаналари сезилишини илмий
    далиллаб беради. Хусусан, ёзувчининг “Ташвиши йўқ одамлар” “Лўлитопмаслик
    чол” “Қизғалдоқ”, “Бўрон тинган кеча” каби ҳикоялари таҳлили орқали миллатга
    хос белгилар, миллий руҳни акс эттириши, руҳий кечинма ва изтироблар
    фожиалар фонида берилиши, қишлоқнинг оддий, содда кишиларининг қаҳрамон
    сифатида танланганлигини ёзувчи ижодий индивидуаллиги, услубини белгиловчи
    хусусиятлар сифатида кўрсатади.
    Иқбол Қўшшаеванинг “Бахтнинг пешонасидан ўпиб-ўпиб ёзилган достонлар”
    номли обзор мақоласи (Шарқ юлдузи, 2023, № 6. – Б. 100–102) 2022 йилги айрим
    достон ва фахрия-мадҳиялар таҳлилига бағишланган. Олима, аввало, янги ўзбек
    адабиётида бадиий ҳодиса, воқеа бўлган “Сурат”, “Даврим жароҳати”, “Руҳлар
    исёни”, “Жаннатга йўл”, “Нидо”, “Хотирам синиқлари”, “Нега мен?” ва “Янги
    инсон“ каби достонларни тилга олади ва йил достонлари ва манзумаларига ҳам
    шундай юксак асарлар мезонларида ёндашади. Жумладан, Замира Рўзиеванинг “Жон
    риштаси” номли фахриясини таҳлилга тортади ва бунга ҳам жанр табиатидан келиб
    чиқиб муносабатда бўлади. Бобур ҳақидаги бу фахриянинг бадиий ночорлигини
    таъкидлаб: “Бундай зотлар бу тахлит муболағали мадҳларга муҳтожмикан?”
    деган асосли саволни қўяди. Айни чоқда Зебо Мирзонинг “Турон замини дарду
    дунёси акс этган “Кишан кийма…” шеъри ҳам катта бир достонга асос бўла олиши
    эьтироф этилган. Бироқ Зуҳрабегимнинг “Мангу руҳлар суҳбати” достонида
    биргина Бибихоним билан Амир Темурнинг суҳбати мисолида асарга холис баҳо
    берилади: “Зуҳрабегим ҳам Соҳибқирон Темур ва Бибихоним руҳи билан гўзал
    Самарқанд кўчаларини кезганча, бугунги гулгун ҳаётни кўкка кўтаради… Совет
    даврида партияни, замонни мадҳ этиш одатга айланган бўлса, бугун очиқчасига
    шахсга сиғинишга даъват этиляпти. Ва бу даъват асарда пропаганданинг жўнгина,
    бетаъсир тилида ифодаланган. Баландпарвоз кўтаринкилик эса кучайгандан
    кучайиб бораверади…” (ШЮ, 101). Дарҳақиқат, шеър қалбнинг туб-тубига кириб
    бориши, ўрнашиши керак. Қуруқдан қуруқ риторика, дабдабабозлик – шеъриятнинг
    душмани. Олима асарнинг мана шу ноқис жиҳатини тўғри таъкидлайди.
    Таниқли адабиётшунос Ортиқбой Абдуллаевнинг “Ижоднинг машаққатли йўли”
    (Шарқ юлдузи, № 07, 2023. – Б.122–127.) камтарин, заҳматкаш ёзувчи Муҳаммад
    Салом ҳақида сўз боради. Мақола интизомли ёзувчининг кун тартибини, оддий
    инсон сифатида ҳаммага ўрнак бўларли одатларини ёзиш билан бошланади.
    Сўнгра Муҳаммад Саломнинг талабалик фаолияти ва қизғин ижодий ҳаётга кириб
    келиши ҳақидаги фикрлар берилади. Мақола ижодкорнинг “Бухоро сувлари”
    очерк-кузатуви мутолаасидан олинган таассуротлари билан давом эттирилади.
    “Зулматдан нидо” асари ҳақида тўхталар экан, унда қаламга олинган ҳар бир
    мавзу долзарб деган хулосага келади тадқиқотчи: “Улар ҳаммамизнинг дилимизни
    безовта қилаётган, тилимизнинг учида турган аччиқ дардлар тугунига бориб
    боғланади. Биз куюнчак ёзувчининг беором ўйларига дарддош бўлиб қолганимизни,
    у тилга олган муаммолар кўпдан бери бизни ҳам безовта қилиб, кўнглимизнинг бир
    чеккасида тугун бўлиб ётганини дил-дилдан ҳис қила бошлаймиз. Бу тугунларни
    осонлик билан ечиб бўлмаслигини чуқур ҳис этиб аччиқ хўрсинамиз” (ШЮ, 121).
    Сўнгра Муҳаммад Саломнинг бадиалари ҳақидаги мулоҳазалар баён этилади.
    “Агар сен ёнмасанг”, “Мавжли дарё”, “Зиндондан нидо”, “Капралактам” сингари
    бадиалар таҳлилга тортилади. Айниқса “Таназзул” романини ёзиш жараёнидаги
    машаққатлар кишин ўйга толдиради. Мақола муаллифи ёзувчи 2014 йилда эълон
    қилган “Катта хонадон” роман-дилогияси ҳақида ҳам қимматли маълумотларни
    келтиради.
    Тўлқин Эшбекнинг “Сатрларда Тошкент тафти” (Шарқ юлдузи, № 08, 2023. – Б.
    155–158.) мақоласида адиба Рисолат Ҳайдарованинг илк қиссаси – “Мағрура”да
    қаҳрамон кайфиятига уйғун тарзда Тошкент картинасининг берилиши ҳақида сўз
    боради. Тўлқин Эшбек қиссани бахт ҳақидаги баҳс дея баҳолайди. Шунингдек,
    адибанинг “Жавзо” тарихий романида, “Карантин” қиссасида, “Ғурғуртепада
    саратон” ҳикоялар туркуми, “Себзор” эссеси, “Қурбон ҳайити”, “Дарахт мева
    тукканда” ва бошқа қатор ҳикояларида ҳам Тошкентнинг “бетакрор нафаси ва
    руҳи” акс этганини таъкидлайди.
    Таржимашунослик. Гуландом Қурамбоеванинг “Ўзбекистон Бартоси” (Шарқ
    юлдузи, № 10, 2023, – Б. 88–91) номли мақоласида олима, шоира, драматург,
    киносценарист ҳамда таржимон Кавсар Турдиева ижод дунёсига назар ташланган.
    Мақола “Ёдласам бўлмасмиди” шеъри таҳлили билан бошланади, “Дунёни сақлар
    болалар” китобидаги шеърларга хос жиҳатлар билан давом эттирилади. Гуландом
    Қурамбоева назаридан шоиранинг рус, корейс ва хитой тилларига таржима
    қилинган асарлари ҳам четда қолмайди. У айни пайтда Жанубий Кореянинг
    қатор болалар боғчаларида “Нортой ва Қорбола” китоби асосида машғулотлар
    олиб борилаётганлигини алоҳида фахр билан ёзади. Шунингдек, мақолада
    ижодкорнинг сценарист сифатидаги фаолиятига ҳам алоҳида баҳо берилган.
    Кавсар Турдиеванинг рус тилини ўз она тилини билганчалик яхши билиши, айрим
    шеърларини рус тилида ёзиши ҳам Гуландом Қурамбоеванинг назаридан четда
    қолмаган. У Кавсар Турдиеванинг нафақат ўз асарларини, балки К.Чуковскийнинг
    “Доктор Войжоним”, С.Маршакнинг “Мушукойим уйи” эртаги, Р.Фарҳодийнинг
    “Ступеньки здоровья и счастья”, Абдулла Тўқайнинг “Шеърлар ва эртаклар”,
    “Бола билан капалак” китоблари ва яна кўплаб жаҳон болалар шеъриятининг етук
    асарларини маҳорат билан ўзбек тилига ва ўзбек болалар шеъриятидан рус тилига
    қилган таржималарини юқори баҳолайди.
    Адҳамбек Алимбековнинг “Серқирра ижодкор, моҳир таржимон” (Шарқ
    юлдузи, № 07, 2023, – Б. 111–113) мақоласида таниқли сухандон, шоир ва таржимон
    Муслимбек Йўлдошев фаолиятига назар ташланган. Даставвал ижодкорнинг
    адабиёт оламига кириб келиши, асарлари ва замондошларнинг унга оид қарашлари
    ҳақидаги фикрлар келтирилади. Олим Муслимбек Йўлдошевнинг шеърлари,
    ҳикоялари, адабиётга оид мақолалари, хотиралари, публицистик чиқишлари
    ҳақида мухтасар фикр билдиради, асосий эътиборни унинг таржомонлик
    маҳоратига қаратади. М.Йўлдошевнинг Александр Пушкин, Расул Ҳамзатов,
    Андрей Деменьтев каби таниқли ижодкорлар асарларидан қилган таржималари
    ҳақида тўхталиб, бу таржималарнинг ичида бурят ёзувчиси Исай Калашниковнинг
    “Шафқатсиз аср” асарига алоҳида урғу беради.
    Бобохон Муҳаммад Шариф “Имони ҳуррият бўлган шоир” (Шарқ юлдузи, №
    07, 2023, – Б. 114–121) номли мақоласида ўлкамизда ва хорижда журналист, шоир,
    таржимон, олим сифатида танилган Тоҳир Қаҳҳорнинг илмий-ижодий фаолиятига
    назар ташлайди. Мақола муаллифи дастлаб ижодкорнинг шеърларини таҳлилга
    тортади. Тоҳир Қаҳҳорнинг кўпгина шеърларида ёр, Ватан, эл севгиси бўртиб
    туриши, мустамлака остида эзилаётган ватандошларининг аччиқ қисмати, юртини
    озод кўриш истаги етакчилик қилиши ҳақида фикрлар берилади. Бобохон Муҳаммад
    фикрларини 1994 йилда босилган “Эшик тақиллаётир” тўпламига кирган айрим
    шеърлар мисолида асослайди. Чунончи, шоирнинг “Битиктошдаги ёзув”, “Тоғнинг
    истаги”, Вьетнам раҳбари Хо Ши Мин номидан ёзилган “Зиндоннома” шеъри,
    “Мустамлака”, “Битиктошдаги ёзув” ва “Сарбадорлар” сингари шеърлари таҳлилга
    тортилади. Мақола муаллифи шоирнинг “Биз беш йил”, “Остлавҳали шеърлар”,
    “Бу дунёда”, “Пушаймон” сингари бадиий бақувват шеърлари миллат ўзлигини
    танитишга хизмат қилганлигини алоҳида таъкидлайди.
    Умуман олганда, “Шарқ юлдузи” нашр этилган турли жанрлардаги (илмий
    мақола, обзор-мақола, суҳбат-мақола, адабий портрет характеридаги мақола) илмий
    изланишлар бадиий тафаккур кенгликларига теран назар ташлаётган адабиёт илми
    фидойиларининг кўз нури, қалб қўри, интеллектуал салоҳиятини намоён этиб
    туради.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil