Муртазо ҚАРШИБОЙ – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.
1961 йилда туғилган. Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетининг
ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган. “Ўнгланмаган тақдир талқини”,
“Талотўпдан уйғунлик сари”, “Инсон мўъжиза излаб яшайди”, “Ўттиз йиллик андиша”
каби адабий-танқидий, публицистик ва шеърий китоблар муаллифи.
Ростлар маъманидур дайр, туз ур ул сари гом,
Кимки ул эгри қадам урди, иши келмади ўнг.
Алишер Навоий
Биринчи қисм.
Тўйдан олдинги ҳангомалар
“Танишинг, бизнинг Бойсўра!”
Ғалати одам бу Сўрақул деганимиз, доим бир ғалвани бошлаб юради. На
маслаҳат сўраш, на бундай ўйлаб, каллани ишлатиш бор. Бир ишга қўл урса, мард
бўлиб бошлайди-ю, мағлуб бўлиб тугатади. Кейин, иштонини ҳўллаб қўйган
боладек, мўлтайиб туришига ўласизми? Мунғайишни ҳам боплайди. Не қилсаям
ошнам-да, деб раҳмингиз келади. Балки шуни билгани учун ҳам оқибатини ўйлаб
нетиб ўтирмасдан ҳар кўчага бош суқар?
Ўзинг Султонтоғ вилоятининг олис Бойқўрғон туманидан, Туябоши деган
гадойтопмас бир қишлоқдан зўрға йўл топиб келган бўлсанг, ҳаддингни бил,
дейдиган мард топилса қани!
Нима эмиш, жудаям қадим замонларда Буюк ипак йўли ўша қишлоқнинг
қоқ белидан ўтиб кетганмиш. Ота-боболари туя етакловчи – сарбон бўлишган
экан-да, ном ҳам шундан мерос бўлиб қолганмиш. Лекин буни ким исботлаган –
номаълум.
Мақтанишга келадиган бўлсак, камина қулингиз ҳам чакана эмас – жанубий
ва шимолий воҳалар ўртасида жойлашгани учун Миёндара номи билан машҳури
жаҳон бўлган табаррук бир масканда таваллуд топиб, вояга етганман. Ана шу
азим кентдан унча узоқ бўлмаган қишлоғимизнинг бир учи ўша Бойқўрғоннинг
бепоён қир-адирларига туташиб кетади билсангиз. Эҳтимол, ўша туялар бизга
1 Дил гавҳари – инглизча
№ 9 2024 17
Муртазо ҚАРШИБОЙ
болаликдан қадрдон бўлган жойлардан ҳам ўтиб, биронта тезак ёки из қолдириб
кетгандир?
Пойтахти азимдаги номдор дорилфунуннинг жуғрофия факультетини
дала-туздан келган аксари илмталаб мардум каби амал-тақал қилиб битирган
Сўрақулимизнинг оти иккита эканига нима дейсиз? Кеккайишига балки шуям
сабабдир.
Асл исми Сўрақул, сўраганига етсин дегандир-да, фамилияси Турдиматов.
Ота-бобоси “Хай энди бизди уруғдонам савлатли, сарватли бойлор чиқсин-да,
анов катта-катта мансаплорда ишлап, жузимизди жориғ қисин-да!” деб, суюкли
фарзандини нуқул Бойсўрам деб эркалар экан. Шу-шу одамлар ҳам бу номга
ўрганиб кетибди. Аксарият таниш-билишу ошналари ҳозир ҳам уни Бойсўра
деб чақиради. Икки исм йигит кишига ярашади, бахтидан нишона, дейишади.
Ростмикан?
Одамни ҳайрон қолдирадиган яна бир жиҳати – ўзи жуғрофия ўқитувчиси
дипломига эга бўлатуриб бизнинг соҳа – журналистика илмига қандай ишқи
тушди экан бу девонанинг? Ақли бор одам бу соҳага келмайди, дейсизми? Мана,
Бойсўра келди-ку! Тўрт мучаси соппа-соғ. Демакким, биздек далли-девоналар
қўлига қалам тутиб, бир иш чиқса-чиқмаса, сўз болидан ҳалво пиширмакка жидду
жаҳд этадиган бу ишда ҳам недир бир ҳикмат бор экан-да!
Нима бўлганда ҳам, тўпори ошнамизнинг журналист қавмига озгина дахлдор
бўлиб қолгани рост. Э, кўнгил тилаги шу қадар зўр эканки, ҳозирги кунда
юртимиздаги таниқли адиб ва матбуот заҳматкашларидан бири бўлган, қўша
қўша унвону орден-медалларга эга чиққан Бекман Ботирманнинг маслаҳати билан
вақтида бошқа бир йўналиш бўйича ўқигани ҳам бунга тўсиқ бўлолмади.
Афтидан, зийрак мактабдош бундан росмана журналист чиқмаслигини билган.
“Жўғропия пакултетиға кирип қўяғой, ошна, Туябошининг чексиз қир-адирлори,
қадимий тепаликлори, мусаппо ҳавоси, зумрад булоқлори боврида жашинип
жотқан қонча сиру синоатни келажак авлодлорға тушунтириш учун битта
жербилгич ҳам керак-ку”, деб жўяли маслаҳат берган.
Тақдир-да, буни қарангки, донишманд синфдошнинг ўйлагани бўлмади.
Пойтахтда яшашга чин дилдан орзуманд Бойсўрамиз кўҳна Шош кўчаларидан сира
йироқ кетгиси келмас, бирров-бирров қадрдон қишлоғига бориб, ўқитувчиликнинг
оғир меҳнати, турмушнинг тахир таъмини татиб кўргач, уриниб-суриниб, яна
саховатли “нон шаҳри”га қайтиб келаверарди.
Айни пайтда бу жиндак хаёлчан, қорачиқлари тубида мунг аралаш аллақандай
тушунуксиз туйғулар сузиб юрадиган ошнамизга хос яна бир фазилат бор эдики, ҳар
қандай рўзғорда учраб турадиган майда-чуйда юмушларнинг кифтини келтириб
бажарарди, шунинг орқасидан не-не инсонларнинг ҳожатини чиқариб, дуо ва обрў
оларди. Тошкенти муаззамда нашъу намо топмоқ илинжида бошкентга келган эл
қатори омад тулпори бир чопса, бир чопмайдиган бу девона ҳаётида недир ишкал
пайдо бўлиши билан имдод тилаган кўйи ўша машҳур қишлоқдошининг олдига
боришга мажбур бўларди. Бегона юртда яна кимга ялинсин!
Мусофирчилик дунёсининг неча бир водийсидан сабр ва матонат билан ўтишда
фақиру ҳақир қулингизга ҳам кўп мурувватлар кўрсатган, йиллар давомида шаҳар
ҳавосини олиб, анча салобат боғлаган ҳалиги оғамиз ана шу бахти чопмаган
синфдошини қўллаб-қувватлаб юришни каминага топширганига не дейсиз!
Мустабид шўро тузумининг зилдек мушти бошимизга пайдар-пай тушиб
турган оғир замонлар. Чор-ночор ана шу зарбалар оқимида сузиб, “Мушт кетди”
журналида ишлар эдик. Бекман оғамизнинг олдига қорачадан келган, ўртабўй,
ўттиз беш ёшлардан ошган, одмироқ кийинган бир киши келди. “Танишинг, бизнинг
Бойсўра, мактабда бирга сабоқ олганмиз!” дея барчамизнинг эътиборимизни
18
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul
жайдари ҳамқишлоғига қаратган эди ўшанда биздан пешлиги яққол сезилиб
турган ҳамкасб оғамиз.
Маълум бўлдики, Бойсўра қадрдон дўсти, синфдошига ёшликдаги ваъдаларни
эслатиб, доруссалтанадан дурустроқ юмуш топиш, имкони бўлса, таҳририятлардан
бирига жойлашиб олишни бу сафар узил-кесил кўнглига тугиб келган экан. Кейин
билсак, бу – дастурул-аввал, яъни, яқин истиқболга мўлжалланган проғрамм
минимус бўлиб, ошнамизнинг қалбида дастурус-соний, яъни, узоқ келажакка-да
қаратилган проғрамм максимус ҳам бор эканки, анинг моҳияти ҳикоямиз давомида
аён бўлғай.
Бойсўра – ошиқ
Ўзингиздан қолар гап йўқ, ижодкор халқи қизиқувчан ва янгиликка ўч бўлади.
Айниқса, севги-муҳаббат можаролари зинҳор-базинҳор уларнинг эътиборидан
четда қолмайди. Хуллас, дастлаб кичик ижодий олам – олами суғрода, яъни биз
хизмат қиладиган “Фикрат” журнали жамоасида узунқулоқ гап тарқалди: Бойсўра
бозори ўтмай қолган бир қариқизни севиб қолганмиш. Ё тавба, шумшайибгина
юрадиган шу Бойсўрагина-я, дабдурустдан кесакдан олов чиқдими, нима бало!
Келин бўлмиш ДУМда – шундоқ ёнгинамизда катта дўкон бор-ку, Давлат
универсал магазини, ўшанинг қимматбаҳо совғалар бўлимими, кийим-кечаклар
бўлимими, ишқилиб ана шу ойнаванд бинода, ҳашамат ва сарват масканида,
иккинчи қаватда ишлар эмиш. Бойсўрамиз журналнинг тарҳини қўлтиқлаб
босмахонага зир қатнаган паллаларда ойнадан кузатиб юрган-да қизгина ўлгур
писмиқланиб! Ҳали журналга ишга келганига бир йил ҳам бўлмаган эди-я! Худо
бераман деса, “стажи”га қараб ўтирмас экан-да!
Нима қилсин, бепоён дашт бағрида юравериб юз-кўзига упа-элик суртган қизу
жувонни кўрмаган-да! Лекин мавридини топиб айтса, бирорта жунбошни ўзимиз
ҳам топиб берардик, деганлар ҳам бўлди.
Яратган Эгам ҳам мазлумга қайишади. Хотин, бола-чақа – Туябошида,
қирчиллама қирқ ёшдаги сўққабош эркак Тошкентдек ғамзаси бисёр шаҳарда
бошини қайга уришни билмасдан қийналиб юрганини ҳисобга олган бўлса керак
да!
Ўзи-чи, замон ҳам алғов-далғов бўлиб турган эди. Шунинг ҳам таъсири бўлса
керак. СССР деган қизил салтанат қулаб, аввалги метин деворлар дарз кетган,
тақатақ берк дарчалар ланг очилиб, эркинлик ҳавосидан сармаст одамлар ўзини
ҳар қайга уриб ётар эди.
Иши бўлатуриб, иш излаганлар, бахти бўлатуриб, бахт деб чопганлар, оиласи
бўлатуриб, хотин илинжида тентираганлар…
Ҳазрати Бойсўрамиз дастлаб босмахонадаги маликалар билан дўстлик
ришталарини боғлаб, уларнинг қўйнига қўл солишга уриниб кўрди. Иш юритувчи
ходимамиз Диёрахондан аёл зотининг ғунчадек қалбини очадиган сўзларнинг
русча муқобилини сўраб, бу борадаги “билим ва малакаси”ни оширишга ҳаракат
қилганини айтмайсизми!
Афсус, шунча урунишлар бесамар кетса-я!
Кечки пайтлар ДУМ томон гум бўладиган одат чиқаргани шундан экан-да!
Ахийри бутунлай бошқа бир манзилда муроди ҳосил бўлганига нима дейсиз!
Бу орада бамисоли Кўрқуш номидан йўлга чиққан Япалоқ қуш каби, бундай кори
хайрга суяги йўқ Диёрахон “келинкўрар”га бориб келса денг. Чамаси, қизгина унга
ҳам маъқул келган. Бу ишюритар опамиз аралашган юмуш битмасдан қолмайди
ўзи. Шугина бошлиқ жамоат фаоллари совчилик таомилини тезда бадастир этиб,
бўлғуси келиндан розилик васиқасини олиб, тўй кунини ҳам белгилаб қайтишди.
№ 9 2024 19
Муртазо ҚАРШИБОЙ
Лекин қалинига қанча “чолдевор” аталди – буёғи бизга қоронғи. Афтидан, ногоҳ
қулаб тушган шўро тузумидек ҳадсиз-ҳудудсиз салтанатдаги барча чолдеворлар,
жумладан, собиқ “Йўқсиллар овози” жамиятидан биз – бечора қалам аҳли учун
мерос бўлиб қолган басавлат бино ҳам – ичию ташидаги барча ашқол-дашқоли
билан – ваъда қилингандир? Нега десангиз, Бойсўрамиз билиб-билмай баланд
дорга осилиб қўйган эди-да!
Ана шундай гап-сўзлар шабадаси биномиздаги тор ва зах хоналардан ўрмалаб,
ёруғ йўлаклар бўйлаб тарқала бошлагач, кечга яқин “айбдор”нинг ўзини холи
топдиму сўроққа тутдим.– Туври, шўндой, шўндой, қочанғоча Ташқанда мўндай уй-жайсиз жураман,
одамдой жашой-да! – деди ошиқи беқарор дўстимиз.– Қишлоқдаги хотинингиз, жўжабирдек беш гўдак-чи, улар нима бўлади? –
дедим қулоқларимга гоҳ ишониб, гоҳ ишонмай.– Ўлор рози, ўша жайлорда қийналмой журсангиз, томир отсангиз, ҳар-ҳар
замонда ҳанову жонгга чиққан пулдан – миллий валутадан жўнатиб турсангиз
бўлди, дияпти.
Башарти уй-жой масаласида шунчалик қийналган экан, бунинг бошқа йўлини
топса бўларди-ку, дейман бечора ошнамнинг чорасизликдан қалтис ишга қўл
ураётганига ачиниб.
Насиба экан-да, бир замонлар мен ҳам мана шундай қийналиб юрганимда
Бекман Ботирман орага тушиб, беғараз ёрдам қилган эди. Қачонки эсласам, бундай
иноят учун Яратганга шукроналар айтаман.
Бекман муаллим бир гал забтига олди. “Қаттиқ-қаттиқ ҳаракат қилиш керак-да
энди!” деди ўзини росмана жаҳли чиққандек кўрсатиб. “Ахир, квартира дегани
кўчада сочилиб ётадиган матоҳ эмас-ку, қандай ҳаракат қиламан, кимга ялинаман!”
деб ҳайрон бўлганман ўшанда. “Керак бўлса, кўчада сочилиб ётади, фақат қандай
қилиб ундиришни билиш керак! Юринг, шаҳар ижроқўмининг олдига!” дегани
эсимда кўпни кўрган акамиз ногаҳон йўлга шайланиб.
Бордик, қадимий соатли минора қаршисидаги шўроча монументал услубда
қурилган мустаҳкам бинонинг иккинчи қаватига кўтарилиб, жуфтлашган
бақувват эшигига “Озод Асқаров” деб ёзилган ҳайҳотдек хонага кирдик. Телефон
деганингизнинг ўзидан нақд ўн-ўн беш хили ярақлаб турибди. Бундай ҳайбатни
кўриб мендек оддий йигит, катта журналда масъул котиб бўлиб ишласам-да,
довдираб қолдим.
Қандай қилиб шундай мартабали одамнинг олдига “ҳе” йўқ, “бе” йўқ бостириб
кириш мумкин? Бекман ака катта идоралар бўсағасидан ҳатлайвериб кўзи пишиб
кетган экан, парво ҳам қилмади.
Шўролар иттифоқи деган улкан салтанатнинг ичидан зил кетиб, томирлари
бўшашиб қолган дамлар эмасми, ошкоралик бўлиб, раҳбарлар ҳам журналистларга
бошқача муносабатда бўлишга ўтган экан-да!
Ботир оғам ижроқўм раиси шаънига бир-икки оғиз ширин сўз айтиб муддаога
кўчди:– Сизнинг номингиздан журналга суҳбат тайёрламоқчимиз, оқсоқол, йўқ
демайсиз!– Суҳбат? “Мушт кетди”га, сатирик журналга?.. – деди ижроқўм бува
дабдурустдан дудуқланиб.– Ташвиш чекманг, бу ижобий материал бўлади. Фақат яхши ўзгаришлар
ҳақида гапириб берасиз, – деб амалдор суҳбатдошимизни тинчлантиришга уринди
ҳамроҳим.– Барибир… “Мушт кетди”да чиқибди, деган гап яхши эмас-ку! – деди шаҳар
доруғаси.
20
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul– “Мушт кетди”да мақтабди, деган гап-чи? – деди Бекман ака ҳам бўш
келмасдан. – Тасаввур қилинг, шу пайтгача ҳеч ким бу журналда мақталмаган,
фақат дўппосланган. Энди замон ўзгарди, сиз биринчи марта ижобий қиёфада
чиқасиз. Бошқалар ҳам мақташи мумкин, лекин “Мушт кетди”да мақталиш
бошқача. Ҳамма ўқиб, қойил қолади, “тепа”дагилар ҳам “ислоҳотларимиз
натижаси бу”, деб яхши қабул қилади.
Устамон дўстимиз мақсадга етмасдан қўярмиди, раис бечора ахийри рози
бўлди.– Керакли маълумотларни ёрдамчимдан бериб юбораман, фақат рус тилида,
ўзларинг таржима қилиб оласизлар, – деди бўлғуси муаллиф-ҳамкоримиз.– Энди, оқсоқол, сиз ижодкорларни яхши тушунар экансиз, бир илтимос
бор, – деди Бекман ака бамисоли “ириллаб” турган шернинг ёлини силаб
тинчлантиргандек. – Шу десангиз, журналимизга битта, бир донагина квартира
керак. Йўқ деманг, сиздан эсдалик бўлсин, мана шу девдек йигит бола-чақаси
билан пойтахтда уй-жойсиз сарсон бўлиб юрибди! Шугина сизнинг замонингизда
ватанли бўлсин!– Пропискаси2 борми, шаҳарда яшайдими ўзи?– Э, бор албатта!– Пропискаси бўлса, гап йўқ, редакция номидан битта хат қилиб келинглар! –
деди ижроқўм бува пинагини ҳам бузмасдан.– Ана, кўрдингизми, масала ҳал! Ҳар қалай, саломимиз аликсиз қолмади. Энди
буёғи ўзингизга боғлиқ, суҳбатни зўр қилиб ёзинг, тезлатинг! – деди Бекман ака
ижроқўм биносидан чиқишимиз билан. Кейин бехос ҳушёр тортиб сўради: –
Ростдан ҳам пропискангиз борми ўзи?– Бор, бир ўрис амаки тўғрилаб берган.– Шулардан бошқа эплолмайди-да ўзи бу ишни.
Суҳбат мустақиллик эълон қилинишига бир неча кун қолганда журналда
босилиб чиқди. Квартира сўраб ёзган хатимиз имзоланиб, мен муваққат кулбада
яшайдиган туманга ўтказилди. Ҳар куни ишдан қайтишда квартира бўлимига
кириб, масала қачон ҳал бўлиши билан қизиқаман.– Ана, кўрдингизми, лоақал бир ҳафта кечикканимизда ҳам ишимиз пачава эди.
СССР деган лаънати империя қулаб, эски қонун-қоидалар бекор бўлиб, тўнингизни
елкага ташлаганча яна кўчада уй-жойсиз, сарсону саргардон қолар эдингиз, – деди
Бекман ака замоннинг бунчалик шиддат билан эврилишидан ҳайратга тушиб.
Барча ташкилотлар эркинлик байроғини баланд кўтариб, ўзининг номию
қудратини намойиш этиш учун бирин-кетин газета ёки журнал ташкил эта
бошлади. Ижроқўм раисидан квартира ундириб берган оғамиз, бозори чаққон
эмасми, янги мансаб тўнини кийиб, ана шундай нашрлардан бирига бош муҳаррир
бўлиб кетди. Лекин менинг масалам нима бўлаётганини бот-бот сўраб турди:– Тезлатинг, ҳар куни боравериб ҳоли-жонига қўйманг у бюрократларни!
Анави гўзал-гўзал хонимлар юрибди-ку, белини ликиллатиб, ҳар бирига шоколад
поколаддан обориб беринг! Озгина “эриш” ҳам керак-да! Мана, хусусийлаштириш
деган бало бошланяпти, бундан буёғига давлат тарафидан квартира берилмайди,
билиб қўйинг, йил охиригача олсангиз – олдингиз, бўлмаса, тамом, яна ижарама
ижара тентираб юраверасиз! Социализм деган эртак тугади, тушуняпсизми, ту-га
ди!
Шулар ҳақида ўйлаб, маслаҳат умидида илҳақ бўлиб турган ошнамга дедим:– Сабр қилсангиз, бошқа йўли топилиб қолармиди? Мен чидаганман, ДУМда
эртаю кеч мижоз пойлайдиган жанонларга қиё ҳам боқмаганман. Шошилиб хато
қилиб қўйманг дейман-да!
2 Совет давридан 2021 йилгача давом этган, фуқаронинг паспортида доимий яшаш жойини муҳр
урган ҳолда қайд этиш, тасдиқлаш тартиби
№ 9 2024 21
Муртазо ҚАРШИБОЙ– Йэнди ўл давр бошқа бўған-да, ҳазир битта мақоламинан иш битмайди
ёв… Ойниқса, прописқа дегани ўлимдан ҳам қийинакан. Жонгижўлда бир эски
танишимдикида воқтинча рўйхаттан ўтканман. Ҳар олти ойда борип муддатини
ўзайтириб келаман. Участка мелисаси ҳар ойда бир кўринип кетинг, дийди. Ўзи
бир тутамғана ойлиқти жарми прописқаға, қоғони ижара пулиға кетади. Ўртада
ҳанову босмахонадағилорға ҳам ўл-бўл берип туриш керак.– Уларга нима учун нарса берасиз?– Сизар макит таййар бўғандан кийинам ўзгариш қиласизар, хато топасизар,
тузатишлор кўпайиб кеткандан кийин босмахонадағилор жарима жозамиз,
дийди. Мен жозманглор, деп ўларға ўл-бўл нерса оппорип бераман. Мўни Оқром
муҳоррирға ойтишқа уяламан. Шўйтиб, бола-чақаға жубаришқа пулам қомаяпти.
Уйлансам, ҳам прописқа, ҳам ижара пулидан қутуламанм-а… Озғана бўсаям
қишлоққа жўбаришқа пул қолади-да.
Сездимки, Бойсўрамиз ниятида қатъий, “Қайтмасман ҳаргиз, мардона
бўлдим”3, дея кўнгли қўмсаган манзил томон бамисоли “Титаник” кемасидек
шиддат билан сузиб бормоқда.– Икки исмли йигит эдингиз, энди икки хотинли бой бўларкансиз-да! – дедим
гапни ҳазилга буриб.
Ҳамма қорин, тириклик ғамида юрган пайтда кўнглига бунақа гаплар сиққанини
айтмайсизми бу Бойсўра ўлгурнинг! Ажаб одам экан тушмагур! Майли, ниятига
етсин, севги фаришталари қўлласин!
Янгиликни Акром муҳаррир ҳам, эндигина у кишига ўринбосар бўлиб иш
бошлаган донгдор адабиётшунос олим, профессор Восилхон Башариддинов –
Васлий домла ҳам эшитибди.– Бу Сўрақулингизда виждон борми ўзи? – деб кекса профессор андак дарғазаб
бўлган экан, Акром муҳаррир масалага гуманист адибларга хос бағрикенглик
билан ёндашиб, устозни ҳовридан туширибди:– Домла, биласиз, кўнгилга буйруқ бериб бўлмайди. Севгига айб йўқ! Айниқса,
кўпчилик молу давлат ташвишида жон олиб, жон бераётган замонда бу бечора
севиб-севилиб, одамдек яшай деса, нимаси ёмон?
Кўп китоб ўқиган эмасми, домласи қурғур “Ҳа, тўғри, агар ёшроғи бўлса, мен
ҳам йўқ демасдим”, дея, самимий иқрор ила розилик қўнғироғини чалибди.
Профессор ҳамкасбимиз қаттол шўро замонида кўп синов ва машаққатларни
бошидан ўтказган эмасми, бошлиғимизга ўринли маслаҳат бериб, огоҳлантириб
қўйишни ҳам унутмабди: “Ҳар қалай депутатсиз, юқори лавозимга кўтарилиш
арафасида турибсиз, бу тўйга бормаганингиз маъқул-ов. Борсангиз ҳам, ҳаммадан
кейин, ёмон кўзлардан ўзингизни паналаб бирров ўтиб қўяқолинг”.
Куёвжўра бўлишга муносиб номзод
Одатда ўзи шундай, фавқулодда рўй берган янгилик аввал-бошда қаршиликка
учрайди, эҳтирослар дами босилгач, дастлабки ҳайратлар ўрнида “балки
шуям тўғридир” деган эътироф уруғлари ниш ура бошлайди. Буни кўрингки,
кутилмаганда аксари мардум ана шу қўшқулоқ майса чуқур томир отиб, катта
дарахтга айланишини истаб ҳам қолади. Ҳамонки тақдир шуни лозим кўрибди,
бўладиган иш тезроқ бўлақолсин, дейди-да!
Асосан журналнинг тарҳи тайёрланадиган, техник муҳаррир, яъни Бойсўра ва
рассом оғамиз ўтирадиган хонага кирганимда жамоат жам, қирқ яшар “мажнун”
“Обрўлироқ одам бўлиши керак-да!” деб масъул котибимиз Тоҳир файласуфга
ниманидир қимтиниб тушунтираётган экан.
3 Бобораҳим Машраб сатри
22
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul
Ижодкор аҳли ўртасида “Жингаласоч шоир” деб ном олган адабиёт бўлими
мудири Жўшқин Салом мен тарафга маъноли қараб қўйди.– Шундай машҳур шоир куёвжўра бўламан деса, жон демайсизми, Сўрақул,
ўзи қанақа одамсиз? – деди Тоҳир ака хуноби ошиб. – Қаранг, – деди сўнг менга
қараб, – Жўшқин Салом куёвжўраликка арзимас эмиш.– Орзийдитоғин, некин пақат мансаби сал жўғорироқ, обрўлироқ бўса, дияппан.
Ўзи жоқинда уйланган жош жигит бўса, ноқўлой бўлома дийман-да. Жоши жошиға
туври кемаса, одамнор кулама?.. Бундайчақа тўй ҳаятта бир марта бўса!..– Нима, аввал уйланмаганмисиз? Шу ҳолингиз бўлса ҳали кўп уйланасиз, –
деди Тоҳир ака ҳазилга зўр бериб.– Оввалғисини тўй деп бўлома, э-се-сер пойтида, одолат бузилғон, ҳамма
қийнолған замонда бўған…– Буям бир тақдир-да! – деб гапга аралашди Жўшқин Салом. – Қирқ ёшдаги
севги – ҳақиқий севги. Бунақаси камдан-кам бўлади. Машҳур шоирлар ҳам
ҳақиқий севги қирқ ёшдан кейин бошланади, деб ёзган-ку!– Бошқа ким бор? – дедим беҳуда баҳсни тўхтатиш учун. – Ичимизда энг обрўли
одам Васлий домла, лекин у кишига шу ёшда куёвжўра бўлишни ким ҳам ботиниб
айта олади? Акром муҳаррирга келсак, депутат, парламент аъзоси, арбоб одамга
бу иш ярашмайди. Қўшиқчи шоир оғамиз – зўр номзод, лекин ҳақиқий ижодкор,
кайфият одами. Тўй куни таниш-билишлари бошқа ёққа судраб кетса-чи?.. Энг
яхши номзод ўзингиз экан-да! – дедим Тоҳир акага юзланиб.– Э, менинг вазифам аниқ – ҳайдовчилик қиламан. Буларни машинада олиб
юриш керак, шунга келишганмиз. Машинаси борлар бўлса, марҳамат, шу
ташвишни олсин, менга “Волга”ни ҳайдашдан кўра, давранинг тўрида куёвжўра
бўлиб ўтириш маза-ку! Ўзим ҳам янгитдан уйлангандек бўламан. Яна арақдан,
винодан ураман! Ўзи машина олганимга бир ой ҳам бўлгани йўқ, нотаниш
жойларга ҳайдашга қийналаман. Шу бечора Тошкентда уй-жойли бўлиб қолсин,
деб рози бўлиб турибман. Хуллас, ўзингиздан бошқа муносиб номзод йўқ, – деди
у киши менга қараб.– Мен уч боланинг отаси бўлатуриб шу ёшда куёвжўра бўламанми? Ақлга
сиғмайдиган иш, – дедим жиндак араз оҳангида.– Ҳой, менга қаранг, беш боланинг отаси бўлган мана бу одам қирқ ёшида
куёвтўра бўляпти, хотин оляпти, ҳозир бунинг айби йўқ! – деди Тоҳир ака қандай
кунларга қолдим-а, дегандек қошини чимириб.– Йэнди сиздан илтимос-то, жўқ деманг!.. – деди Бойсўра ҳар доимгидек
мўлтираб.
Уятми, андишами, ишқилиб шунга ўхшаш недир бир туйғу кўнгилнинг
аллақайси кунжини чимчилаб, секингина ўртар эди.
Ким катта?
Яхшиям шу Олим ака бор, ишдан чарчаб, сиқилган пайтларим гурунг беради.
Соз тарафи – ўзини ақлли, билимли ва доно қилиб кўрсатмайди, кўнглида борини
яширмасдан тўкиб солади.
Олим ака бўйчан, келишган қоматли, юз-кўзида ўзига ярашадиган недир бир
донишмандлик, вазминлик мужассам бўлган қорамағиз, ҳалим бир киши. Ота
бобоси асли Тўлғондарё воҳасининг Қиробод даштларида туғилиб, нашъу намо
топган экан. Шўролар устимизга хўжайин бўлиб келгач, бор-будидан айрилган
боёқиш оила чет элларга бош олиб кетибди. Ўшанда Олим ака ҳали она сутига
тўймаган чақалоқ экан. Улғайиб, катта бўлгач, кўп замонлар Афғонистон, Саудия,
№ 9 2024 23
Муртазо ҚАРШИБОЙ
Туркия, Амириқо каби давлатларда муҳожирликда яшабди. Бошимизда истиқлол
қуёши балқигач, она юрт соғинчи уни яна Ватанга етаклаб келди.
Оғамиз гурунгга ўч. Аҳён-аҳёнда суҳбатлашиш илинжида “Фикрат” журналига
келиб туради. Давлат универсал дўкони ортида қўним топган савдо фирмасидаги
ёрдамчиларини урушиб, сўкиб, хуморидан чиққач, зодагоний тилда сўзлашадиган
биздек қавм ҳузурига эрталабдан келиб олади.
Бош муҳарриримиз ташкилий ишларни ҳал этиш учун кўпроқ телефонда
гаплашар, бир оёғи доим Амириқо ёки Афғонистонда бўлса, бошқаси Ўзбекистонда
бўладиган, ёши етмишни қоралаган ватандошимиз эса каминанинг олдига кириб,
ёш боладек одоб сақлаб, соме бўлиб ўлтирар эди. Мудом қоғоз титкилашимни
кўриб, бир куни астойдил сўради:– Акром ака танҳо тилпўнда гаплашади, сиз эса қоғоздан кўз узмайсез. Кўзни
асраш керак, биродар, кўзни асраш керак! Сиз нега депутот бўлмаденгиз? Сиз-да
ўлтирарденгиз тилпўнда ширин гуфтор қилиб.– Ҳа энди, шунақа касбга ўқиганмиз-да, буям Оллоҳнинг берган насибаси,
шунисигаям шукр!
Олим ака баногоҳ бир нарса эсига тушгандек, ҳаяжон билан маслаҳат берди:– Сиз дипломатиёға ўқинг, мисли Акром ака депутот бўлинг, қўйинг бу коре
машаққатне! Бир оз сукутдан сўнг суҳбатдошим яна сўрашда давом этади: –
Акром ака каттами, Соғинч аками?
Соғинч ака дегани бош муҳарримизнинг яқин ошнаси, энг юқори идорада, юрт
оғасиға мубошир вазифасида ишлайди.– Албатта, Соғинч ака катта-да, у киши Жумҳурраиснинг маслаҳатчиси,
бизнинг оғамиз эса кичик бир журналда бош муҳаррир, холос. Шунинг учун
исми ҳам Акром муҳаррир бўлиб кетган, – дедим шу оддий нарсани ҳам фарқлай
олмаган суҳбатдошимга таажжуб билан боқиб.– Ахир, Соғинч ака депутот эмаслар-ку?– Депутат бўлмаса ҳам подшонинг ёнида туриб буйруқ беради, амри фармон
қилади, билдингизми?– Ҳа-а, шўндойми? Локин мисоли Акром ака хоҳлаган пайте тайёрада текин
уча оладиларми?– Жумҳурраиснинг самолётида учади.– Ҳа-а, – дейди содда мусоҳибим бир нарсани англаб етгандек ва дарҳол
қўшимча қилади: – Ҳасанали4 ака-чи, у киши-да катта одамме?– “Тепа”да ишлайдиганларнинг ҳаммаси катта, Олим ака, ҳаммаси! – дейман
дунёда мендан ҳам содда кишилар борлигига ҳайрон қолиб.
Одамларнинг мансаб-мартабаси ҳақида бу қадар синчиклаб суриштириши
бежиз эмас. Илк бор Ўзбекистонга келганида пойтахт вилоятидаги қайсидир
бир тумандан ер сотиб олиб, бизнесини йўлга қўймоқчи бўлади. Лекин солиқ,
ички ишлар идоралари ва бошқа назорат органлари текширавериб тавбасига
таянтиради. Ахийри “Мен бу ватанне сотиб олганман, унга сармоя тикиб, обод
қилмоқчиман. Сезлар бу ватанне нима қилдиларинг?” деб бояги идоралар ишидан
норози бўлади. Арзу доди таниш-билишлар орқали энг юқори идорагача етиб
боради, мушкули бир оз енгиллашса-да, лекин узил-кесил ҳал бўлмайди.
“Ўзбек хотини бор-ку”
Олим ака Бойсўранинг уйланишидан бехабар экан, “суюнчи” тилаган бўлдим:– Бойсўра Тошкентдан уйланмоқчи.
4 Ҳасанали Соатов – Соғинч Деҳқоновнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган биолог олим
24
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul– Ўрусга уйланяптиларми?– Йўқ, ўзбек хонимга.– Ахер, ўзбек хотини бор-ку? Энди ўрусга уйлансун! Иккита ўзбекни нима
қилади? Жанжол бўлади-ку!
Андак сукутдан сўнг яна сўрайди:– Анави бирга ишлайтиғон ўрус хотин бор-ку, шу тузук эмасми?– Любани айтасизми? Тўғри, иккаласи ўтириб журналнинг макети, яъни,
тарҳини тахлайди. Лекин унинг эри бор-да, яқинда болали бўлади.– Яхшигина жувон эди, эссиз!.. Опоққина, келишган, пўстиям, мағзиям ширин…
Ахер, шу хотингинани олдига олуб, “давай-давай” дейди-ку?– Макет дегани шу-да! Ҳар бир ҳарфнинг шакли, шу шаклни билдирадиган
номи бор. Ана шу номларни айтади. Бу ишни бирга ўтириб қилмаса бўлмайди.
Масалан, Бойсўра “таймис-роман давай”, “алверготик давай”, “прағматиқ давай”,
дейди. Люба эса ана шу ҳарфларни топиб, жойига қўяди, саҳифалар зебо бўлади.– Бошқа нарсани “давай” десун, нега ҳарфни айтади!– Энг ёмони, биласизми, нима, Бойсўра менга куёвжўра бўласиз, деб оёқ тираб
туриб олган.– Бўлинг, яхши-ку, сиз уйлансангиз агар, у кишиям сизга куёвжўра бўлади.– Менга биттасиям етади, Олим ака! Агар уйланадиган бўлсам, амириқолик
хонимга уйланаман, мана, сиз куёвжўра бўласиз.– Амириқо жаҳаннум, у жойни орзу қилакўрманг! Ўзбакистон – жаннат, ҳар
қадамда инсоф, барака бисёр. Локин ҳоли-бери муаммоси мўл, чин бизнес одамиға
йўл бекук.
Тўй тўйдек бўлсин!
Олим ака кетиши билан хонамга Сўрақул кириб келди.– Воқтингиз бўса, тўйға ойтадиған одамлорди рўйхатини тузиб чиқсоқма
дувдим.– Келин билан бирга қилайвермайсизми, тўй сизларники-ку! – дедим сал энсам
қотиб.– Туври, некин Ташқандағи обрўли-обрўли одамлорди бизар билмаймиз-да! Ўл
томон, – деди Бойсўра қўли билан ДУМ тарафни кўрсатиб, – тўй тўйдай бўсин,
ўёлип қомайиқ, дияпти. Ўзингиз жордам берип жармосангиз бўмайди-ёв…– Э, Тошкентда обрўли одамдан кўпи борми, қайси бирини айтамиз?– Масалон, ўл томон ойтяпти, – деди суҳбатдошим яна қорачиғини шифтга
қадаган кўйи манзили муборакка ишора қилиб, – ишхоналорингда пропессор
борақан, оқадемик ҳам бўсин, дияпти.– Оббо, академикни қаердан топамиз энди?– Тонишлорингиз кўп, изласангиз чиқип қолама?..
Баногоҳ журналимизнинг нишона сонини тайёрлаган пайтимиз юз берган воқеа
эсимга тушдию “Бўлди, бўлди, “Боборадиёл”ни айтамиз”, деб бақириб юбордим.– “Боборадиёл” ким ўл, родиёда ишлойдима? – деди Бойсўра ҳайратдан оғзи
очилиб.– Йўқ, у киши фалсафа бўйича катта олим, академик. Мана шу журналимиз
ташкил бўлганида Нотиқлар жамиятининг раиси эди. Журнал ана шу жамиятга
қарайди-ку! Нишона сонимизга шу одам билан суҳбат тайёрлаганман.– Ўл томон ҳаммасини мойдалап сўройди. Бир инжиқ бувиси пақат “бу ким, бу
ким”, деб безор қилайкан. Йэри терғовчи бўғанакан-да… Ўзи жошлиғида шеърми,
ҳикаями жозғанакан. Шўйтип бир неварасини жозувчилиққа ўқитяптийкан.
“Поччангди ўртоғи жохши редактиракан, ўл-бўл жозған нерсалорингди берсанг,
кўрип беради”, депти.
№ 9 2024 25
Муртазо ҚАРШИБОЙ– Ишқилиб эр топиб бериш керак эмасми ўша бўлғуси журналистга?
Бойсўра кулди.
“Боборадиёл”– Хўп, майли, – дедим, – “Боборадиёл” ҳақида айтиб кўринг-чи, нима дейишар
экан. Бу одам Москвада ўқиб, диссертациясини ҳам ўша ёқда ёқлаб келган,
вақтида катта-катта лавозимларда ишлаган, СССР депутати бўлиб, Кремлдаги
мажлисларда ҳам қатнашган. Уни Ўзбекистонда ҳамма танийди. Исми – Марат,
фамилияси – Ниғмонов. Э, телевизорда кўп кўргансиз. Ўзингиз ҳам дорилфунунда
ўқигансиз-ку, ўша жойда ректор ҳам бўлган бу бобой. Мажлисларда виқор билан,
тин олмасдан гапиргани учун “Боборадиёл” деган лақаб орттириб олган.
Ўша одам журнал ташкил бўлганида қувониб, дастлаб юз бетлик рисоласини
олиб келган. Қарасак, пичоққа илинадиган гапи йўқ. Бош муҳарриримиз “Энг осон
йўли – тўрт-беш бетлик суҳбат тайёрлаш”, деб шу вазифани менга топширган.
Суҳбат куни тайин бўлди. Айтилган вақтда қирқ саккиз варақлик семиз дафтар
бор-ку, ўшандан битта ва равон ёзадиган янги ручкани олиб, “Боборадиёл”нинг
қабулхонасида ҳозир бўлдим.– Кўп гапирадилар, сира тўхтай демайдилар, зерикиблар кетасиз. Ишқилиб
қоринни тўқлаб олганмисиз? – деди у кишининг котибаси Дилдора опа менга
ачиниш ҳисси билан қараб.
Суҳбатимиз бошиданоқ эслатдим: материал беш саҳифадан ошмаслиги керак!– Биламан, биламан, лекин мавзу жиддий, гапни узоқдан бошламасак бўлмайди,
расми таомили ўзи шунақа, – дедилар домласи тушмагур. – Кўряпсиз, Мустақиллик
байрамига тайёргарлик зўр. Тўрт-беш бетда ҳеч гапни айтиб бўлмайди. Масалага
кенг ва ҳушёр назар билан, файласуфона қараш керак. Катта Жамиятнинг раҳбари
янги жўрнолда бир парча гап билан чиқса ярашадими, раҳбарият нима дейди?
Булар ҳеч иш қилмасдан ўтиргани учун гапирадиган тайинли гапи ҳам йўқ, дейди
да!
Файласуф мусоҳибим ўртабўй, тўладан келган, оппоқ сочларини тепага тараган,
кўзлари алланечук доим юқорига – бир нуқтага қараб пирпираб турадиган,
буғдойранг одам эди. Гапни тутилмасдан, оҳанжамасини сақлаб, бамисоли
минбарда тургандек, бир маромда гапирарди. Гўё ўзидан бошқани эшитишни
мутлақо истамас эди.
Домла сўзни ўзингиз билган “мозийдан, яқин ўткан кунлардан, тарихимизнинг
энг кирлик, қора кунлари бўлған кейинги “хон замонлари”дан”5 бошлади. Дастлаб
Чор империясининг кўҳна Туркистонни босиб олишга қаратилган босқинчилик
сиёсатининг маъно-мазмунини очиб беришга уринди. Қарасам, ёзганларим уч
тўрт бетдан ошиб боряпти. Саҳифаларни намойишкорона варақлаб қўйдим.
“Боборадиёл”имиз эса бунга эътибор ҳам бермади, юмшоқ ўриндиққа ястанган
кўйи, ҳар бир сўзидан завқ олиб, маърузани баҳузур давом эттираверди. Аввал
Авлиёота ҳимояси учун бўлган жанглар ҳақида бамисоли танбур наволариға
уйғун сўзлаётгандек, эринмасдан, ҳис-ҳаяжонсиз гапирди. Орада раҳматли
Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи, унинг бош қаҳрамони Отабекнинг
рус лашкарига қарши курашда кўрсатган жасорати тўғрисида ҳам эслатиб ўтди.
Лекин бир оғиз “Оллоҳ раҳмат қилсин, шундай қаҳрамон аждодларимизни”
демади. Нима бўлганда ҳам ўн бет тайёр!
Бобонинг ўзи Қозоғистонда туғилган эмасми, ушбу ўлканинг бошқа
шаҳарларида бўлган тарихий воқеаларни ҳам мароқ билан бир-бир тилга олиб
ўтди. Баъзи қишлоқлар таърифига келганида “Ўша жойларда болалигимиз ўтган
5 Абдулла Қодирийнинг ибораси
26
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul
да! Маза қилиб, от чоптириб, кабоб еб, қимиз ичиб юрганмиз. Насиб этса, бирга
ҳали ўша ёқларга борамиз”, деб “лирик чекиниш”лар ҳам қилиб кетарди.
Шу тариқа йигирма бет қораланди. Ҳечқиси йўқ, бизда сабр бисёр, чидайман!
Навбат Тошкент истилосига келди. Вақтида марксизм-ленинизм асосларидан
илмий иш қилган файласуф домламиз бу хусусда ҳам тахминан бир соатларча
гапирди. Қарадим, ўттиз бетни қоралаб бўлибман.– Энди бир перекур қилайлик, – деди академик тушмагур.
Мен яна бош муҳарриримизнинг топшириғини эслатдим – суҳбат мошинкада
терилган ҳолда тўрт-беш саҳифадан ошмаслиги керак.– Биламан, биламан! – деди устоз нотиқ. – Акромжон билан бу ҳақда
гаплашганмиз. Мустақиллик – буюк ҳодиса! Унинг моҳиятини очиб бериш учун
чоризм ва шўроларнинг мустамлака сиёсатини чуқур ёритиб бериш керак. Буни
биз қилмасак, ким қилади? Илмий зиёлийлар деб бизга билдирилган ишонч қаерда
қолади?– Ҳали шўро тузуми ҳақида ҳам гаплашамизми? – дедим фиғоним фалакка
ўрлаб, дафтаримни қайта варақлар эканман.– Албатта-да, перекурдан кейин аввало жадидлик ҳаракати ҳақида гаплашамиз.
Эртага, вақтим бўлса, пешиндан сўнг октябрь тўнтариши, тарихда “босмачилик”
деб нотўғри ном олиб қолган миллий озодлик курашлари тўғрисида, кейин,
индинига аблаҳ Сталиннинг қатағон сиёсати, сўғин, хўш, “пахта иши” бўйича ҳам
батафсил фикр билдирамиз. Кейин келамиз, ана, 90-йиллардаги Гдлян, Ивановга
қарши кураш масаласига, СССР халқ депутатлари кенгашидаги тортишувлар,
ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши, Наврўз байрамининг тикланиши,
Рамазон ва Қурбон ҳайитлари янгитдан нишонланиб келаётгани, мустақиллик
учун бўлган жанглар ва ҳоказо.– Ташвишланманг, ука, буёғи осон бўлади, чунки бу жараёнларда шахсан
ўзим бевосита иштирок этганман. Баъзи гапларни анави китобларимдан,
кутубхоналардаги газеталардан ҳам олишингиз мумкин. Ўша пайтлари жуда кўп
чиқишлар қилганман. Шуларниям кимдир ўрганиши керак-да! – деб домла елкаси
оша хонанинг чап тарафидаги жигарранг жавонга ишора қилиб қўйди. Кейин
дафъатан ҳушёр тортиб, сўзида давом этди:– Ахир, мустақилликка эришиш борасида йўлбошчимизнинг ролини сал бўлмаса
эсдан чиқарай дебмиз-ку! Албатта, буни алоҳида йўналиш сифатида гапиришимиз
керак. Майли, бунга ҳам бир кун кетақолсин! Дарвоқе, халқлар дўстлиги,
кўпконфессиялик, кўппартиявийлик, виждон эркинлиги, инсон ҳуқуқлари,
дунёвий давлатчилик тамойиллари, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар, ногиронлар,
ёлғиз кексалар, аёллар, ишсизлар, ёрдамга муҳтожлар, хуллас, ижтимоий ҳимоя
масалалари ҳам бор. Атрофимиздаги хавф-хатарлар, мустақилликка қараши
таҳдидлар-чи? Қани айтинг, шуларни гапирмасдан бўладими? Ана, кўрдингизми,
ҳали қанча мавзу турибди. Шунда уёқ-буёғи, кўп эмас, яна бир ҳафта ишлар
эканмиз-да! Ўзи шу гапларни тўплаб, кейин бир номзодлик диссертацияси қилиб
юборсангиз ҳам бўлади. Қўлингизда юз бетлик тап-тайёр материал бўлади.
Шу пайт эшик қия очилдию Дилдора опанинг овози эшитилди:– Домла, соат бешда мажлисга бораман, дегандингиз, шуни эслатиб қўяй,
дедим.– Ҳа, айтганча, Вазирлар Маҳкамасида йиғилиш бор эди-ку! Хай, майли, сиз
билан эртага пешиндан сўнг кўришамиз бўлмаса.
“Боборадиёл”нинг олдидан чиқдиму бош муҳаррирнинг хонасига толиққан
ҳолда кириб бордим.– Бўлдими, суҳбат тайёрми? – деди у киши бамайлихотир.– Э, қанақасига тайёр бўлсин, бу “Боборадиёл”ингиз ғалати одам экан-ку!
№ 9 2024 27
Муртазо ҚАРШИБОЙ
Шунча Худонинг зорини қилсам ҳам, ўша сизга берган брошюрасини бошдан
оёқ қайтадан гапириб беряпти. Мана, ўттиз бет ёздим, ўлсин агар бирорта янги
гап бўлса! Биринчи саволингиз бўйича яна бир ҳафта гаплашамиз, деяпти. Қўлим
ҳам, асабим ҳам толиқиб, тамом бўлди. Етар, бошқа унинг олдига бормайман!
Эртаси куни муҳарриримиз “тепа”да ишлайдиган, бунақа ишларнинг ҳадисини
олган донишманд бир дўсти билан гаплашибди. “Шуни ўзларинг ширингина
қилиб ёзиб, қўл қўйдириб олдирмайсизларми гапни кўпайтирмасдан?” дебди
ҳалиги кўпни кўрган оғамиз.
Ишнинг кўзини билганнинг садағаси кетсанг арзийди. Икки-уч соатда ўзим
тузган саволларга ўзим жавоб ёзиб қўяқолдим. Раҳбаримиз “Бу – байрам сони,
журнални тезроқ босмахонага топширмасак бўлмайди. Шунинг учун ҳалиги
рисолангиздан энг муҳим фикрларни олиб, тезгина ўзимиз тайёрлаб қўяқолдик.
“Юқори”дагиларга ҳам шуниси маъқул бўлди”, деб академик домлани кўндирибди.
У киши тайёр “маҳсулот”ни ўқиб берар экан, “Кўп яхши гапларимиз қолиб
кетибди-да, афсус. Хай, майли, кейинги сонларга бошқа бир суҳбат қилармиз,
журнал ўзимизники-ку”, дея ахийри рози бўлибди.– Ўл кишини тўйға ойтсақ, сўз беришқа туври келама, йэкки соат гапирса, ҳамма
зерикип ўлама, дийман-да! – деди Сўрақул кўзларида чинакамига аллақандай
ташвиш чўғи милтиллаб.– Э, бунинг йўли осон, Васлий домланинг олдига ўтқазиб қўйсангиз, оғзини
ҳам очолмайди. Улар тенгдош, бирга ўқишган. Васлий домла академик бўлмаса
ҳам ундан пеш келади.
Радиёл уста эмас, академик керак
Эртасига Бойсўра тушкун кайфиятда кириб келди. Кейин ҳорғин бир алфозда
сўз бошлади:– Шўл кечағи оқадемик ўл тарапқа ўнча жоқмоғондай бўлди-да. Сизлор
оқадемик деп родиёл устони чоқирмоқчи бўлёпсилор, Ойбек деган катта оқадемик
бор-кў, мактапта романнорини ўқиғонмиз, шўни нега чоқирмойсилор, дияпти.– Анави кампир айтгандир-да бу гапни, у момо ҳамма балони билади. Чиндан
ҳам, Ойбек домла зўр академик бўлганлар, бир-биридан ажойиб китоблар ёзганлар.
Айниқса, “Навоий” романи учун битта эмас, ўнта академик унвонини берса
арзийди. Лекин, афсуски, бу беназир инсон бугунги кунларга етиб келолмади.
Қани энди тирик бўлганларида, тўйингизга бундан обрўлироқ, бундан азизроқ
меҳмон бўлмасди.– Ҳо, шўндойма? Кампир ўл кишининг ўтқанини билмоған бўса керак-да!
Йэнди нима қиламиз, шўндай одамди ўлғон деп ойтишқа тил бормайди-да.– Тўғри айтасиз, аслида бундай буюк зотлар ҳеч қачон ўлмайди. Энди бундай
қиламиз, бугун ишдан эртароқ чиқиб, анави сураткаш ошнамиз билан бирга Ойбек
домланинг уй-музейига борамиз. Ҳамонки шундай улуғ инсон эсга олинган экан,
бунда бир ҳикмат борлиги аниқ. Устоз адибнинг хонадонида у кишининг руҳига
тиловату дуолар қиламиз, ҳайкалининг олдида расмга тушамиз. Кейин шуларни
кампирга етказасиз. Тўйга айтишга борган эдик, афсуски, асл ҳолат бундай экан,
дейсиз.– Жохши бўлорди-да!
Вақт асрга яқинлашиб қолган маҳалда учавлон таҳририятдан чиқиб, зикр
этилган режани амалга ошириш учун шаҳарнинг шимол тарафига қараб йўл
олдик. Адибнинг уй-музейида бизни ёши элликларни қоралаб қолган илмий
ходим кутиб олди. Ойбек домланинг ҳовлисидаги салобатли ҳайкали ёнида
суратга тушдик. Ичкарига кириб, дастлаб марҳум академикнинг руҳи покларига
28
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul
Қуръон тиловат қилиб, эзгу дуоларимизни йўлладик. Ойнали жавонлардаги
китоб ва ҳужжатларни бир-бир кўздан кечириб, “Қутлуғ қон” романининг турли
йиллардаги нашрлари териб қўйилган пештахта ёнида тўхтадик. Олис қишлоқдан
шаҳарга – Мирзакаримбой хонадонига келиб не-не савдоларни бошидан кечирган
бечора деҳқон йигит – Йўлчининг кечмиши хаёлдан ўтди. – Шўл замоннордаям Ташқанда жашаш қийин бўғанақан-да, а? – деди Бойсўра
роман ҳақидаги фикрларимни эшитиб. – Жўлчини тоғаси каттокан бой бўсаям
прописқаға жардам бераммағамма? – Э, у пайтлар прописка деган гап бўлмаган. Лекин тирикчилик ҳозиргидан беш
баттар қийин эди. Йўлчибой ялангоёқ “инқилобчи”ларнинг ортидан чопмасдан,
тоғасининг қизига уйланиб қўяқолганида-ку, олам гулистон эди. Сиз Йўлчининг
хатосини такрорламасдан тўғри қилаяпсиз.
Бойсўра бу ҳазил гапларга тушунгандек, мамнун ҳолда, оғзини очганча,
“Шўндой, шўндой”, деб қўйди.
Кўчага чиққанимиздан сўнг дедим:– Энди савобни жуфт қилсакмикан, яна бир улуғ академигимиз бор, у
кишининг уй-музейини ҳам зиёрат қилсакмикан, нима дейсиз? Донишмандлар
бўлажак ишнинг чорасини олдиндан кўрган маъқул, деганлар. Билиб бўлмайди,
бу кампиршо “Ойбек домла ўтган бўлсалар, ана, академик Ғафур Ғулом бор-ку”,
деб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Бу момо замон мен мактабда ўқиган даврда қандай
бўлса, ҳозир ҳам шундай деб ўйлаётганга ўхшайди.
Сўнгра, катта кўчага чиққунимизча, Ғафур Ғулом ҳақида озгина гапириб
бердим. “Сен етим эмассан” шеъридан парча ҳам ўқидим. “Бошимни силашга
бир меҳрибон қўл, Бир оғиз ширин сўз нондек арзанда”, деган сатрларни
эшитиб, Бойсўра йиғлаб юборди. “Бўни мен ҳоқимда жозғанма дийман”, деди у
мижжаларини дастрўмоли билан артар экан.
Қуёш ботмасдан Ғафур Ғуломнинг уй-музейини ҳам айланиб, расмларга
тушдик. Кўчага чиққанимизда шом қоронғиси парда торта бошлаган эди. Бешоғоч
майдонига етганимизда узоқдан Алишер Навоий бобомизнинг муаззам ҳайкали
кўзга ташланди.– Шўл кампир ўлгур Олишер Навоийниям ойтинглор, деп қомасмақан ишқилип.
Шўнга ўл жоқтиям бир зиёрат қип қўйсоқма?
Рози бўлдим. Бамисоли бизга қараб: “Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш”,
деб турган мўътабар сиймо ёдгорлиги томон йўл олдик.
Ҳамроҳим ҳайкал тепасидаги муҳташам гумбазни обдон томоша қилар экан,
деди:– Бир парчоғана бўсаям бошпанаси борақан…
Ҳам кулдириб, ҳам куйдириб– Мен сизга айтсам, Акром муҳаррир билан бирга ишлаб кўп нарсанинг фарқига
борадиган бўлиб қолганман. Устознинг айтишича, эшонлар икки хил бўлар экан:
катта эшон ва кичик эшон. Лекин бу тасниф қайси мезонларга асосланади – буёғи
каминага номаълум. Журналимизда ишлайдиган, бир бармоғини афғон урушида
йўқотиб келган Хўжахуррам бор-ку, ана шу – кичик эшонлар авлодидан, юқори
идорада ишлайдиган Ҳасанали Соатов эса катта эшонлар қавмига мансуб экан, –
дедим Бойсўра тушмагурни яна қойил қолдириш умидида.
Сўрақулни-ку, бир амаллаб алдаса бўлар, лекин “нариги тараф”да кўзига ойнак
тақиб, “темир рўйхат” тузаётган кампирни қандай авраймиз?
Бойсўра сўради:– Шўл эшоннордиям ойтамизма бўмасам?
№ 9 2024 29
Муртазо ҚАРШИБОЙ– Бердисини дегунча шошмай туринг, барака топкур, бунча ҳовлиқасиз? Ўзи
оз қолди, бир ой нари-берисида кирасиз шу гўшанга ўлгурга, безор ҳам бўласиз
ҳали.– Хопа қипқўйғон бўсом, ўзр, шўнчақи сўрадим-да!– Ахир, сизга эшонлардан ҳам бўлсин дейишмаган-ку, тўғрими?– Туври, туври! Энди, обрўли бўса дувдим-да!.. Мойли, сиз нима десангиз шў,
жана кимлорди ойтсақ бўлади?– Ана, Хурсаной опа Сиддиқовани айтинг, Ўзбекистонда бунақа гапга чечан
опани топиш қийин. Э, бу меҳрибон опамизнинг тилидан ўзбекона сўзлар
бамисоли дурдек, дуодек ёғилади. У кишининг қалби – ҳикматлар хазинаси. Гап
билан ҳам кулдиради, ҳам куйдиради.
Анави ўзимизнинг Жўшқин Салом бор-ку, бир куни Қушбеги мавзеси яқинидаги
поликлиникада опа билан учрашув ташкил этди. Ўзиям ўша ерда яшаркан-да!
Бирга бордик. Эллик нафарга яқин оқ халатли шифокорлар, ҳамширалар йиғилган
даврада Хурсаной опа она ва фарзанд ўртасидаги илоҳий боғлиқлиқ ҳақида
маъруза қиларди. Зал сув қуйгандек жим-жит.
Бизни кўриши билан “Ана, менинг кўнглим қутбида порлаган ою юлдузларим”,
дея биз сари таважжуҳ қилган устозимиз она зотини шунчалик таъриф-тавсиф
этдиларки, қизу жувонларнинг кўзларидан шашқатор ёш оқа бошлади.– Ака, менинг ҳам йиғлагим келяпти, – деди Жўшқин Салом чин дилдан
таъсирланиб.– Йиғламай туринг, опа ҳозир сизни минбарга таклиф қилиб қолишлари
мумкин, – дедим.
Акром муҳаррир Олий Мажлисга депутат этиб сайланиш учун Тўлғондарёдан
номзодини қўйди. Биринчи босқич натижалари сарҳисоб қилинганидан сўнг
бошлиғимизга қарши ўша жойдаги ёғ-мой комбинати директори курашни давом
эттирадиган бўлди. Кичик эшонимиз Акром ака билан бирга юриб, у ёқдаги вазият
ҳақида бизга узлуксиз хабар йўллаб турди. Ана, кўрдингизми, эшонлар шунақа
ишларга зўр, жонкуяр, садоқатли!
Ёғ-мой комбинати директорининг қўли узун экан. Одамларга пахта ёғи,
совун, арақ ва яна алламбалолар тарқатиб, фаол ташвиқотчиларни ишга солиб,
кўпчиликни ўз томонига оғдириб олибди. Акром муҳаррирдек аҳли миллат
танийдиган адибни эса “Тошкентдан келган мухбир” деб кўпчилик назар-писанд
қилмай қўйибди. Бой – бойга боқар, сув – сойга оқар, деганлари шу-да!
Турган гапки, ана шу хабарларнинг шамоли Хурсаной опагача етиб
келибди. Миллатпарвар опамизнинг орияти қўзғаб, бир жойда ўтиролмай,
дарҳол Тўлғондарёдаги ўша сайлов участкасига қараб учибди. Уятчан бош
муҳарримизнинг бу гаплардан хабари ҳам йўқ денг.– Хай ўзим ўргилиб кетай-да, сиздек алпқомат жигарларимдан! Шундай
келишган ака-укаларим, опа-сингилларим билан мириқиб гаплашай, деб келдим
да! Сизларни кўрсам, Алпомишдек марди майдон боболаримизни, Барчинойдек
сулув ва донишманд момоларимизни кўргандек бўламан-да! – деб халойиқни
хўб деганча таъриф-тавсиф этганларидан сўнг опа юракни бамисоли шамширдек
тилиб ўтадиган ўтли сўзлар билан мақсадга кўчибди: – А, менинг болагинамни
нима қилдиларинг? Мен учун олтину гавҳардан ортиқ полапонимнинг боши
эгилса, мен Тошкентда жим ўтира оламанми? Ҳар бири тиллога тенг китобларни
ёзган шу болагинам эмасми? Шундай мард ўғлон наҳотки ўз юртида муносиб
иззат-икром топмаса! Хай ўзим гиргиттон бўлай-да сиздек шеркелбат, серсавлат,
қорақош, қоракўз жигарларимдан! Мен сизларни тиллодан – тупроқнинг, дарёдан –
ирмоқнинг, муллодан – гумроҳнинг фарқини тушунар деб келдим, болажонларим!
Мен сизларга ишонаман.
30
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul
Бутун Ўзбекистонда етти ёшдан етмиш ёшгача – барча-барчанинг ўртасида
маъни тўла сўзлари, теша тегмаган иборалари билан машҳур бўлиб кетган
мўътабар опанинг даъваткор сўзларини сел бўлиб эшитган Тўлғондарё аҳли не
аҳволга тушганини биз айтмайлик, сиз эшитманг. Халойиқ кўнглида ғурур ва
ор-номус ҳислари ғалаён кўтариб, “Эҳ, нотўғри қилибмиз-да!”, “Эҳ биздан хато
ўтибди-да!”, “Эҳ, буёғини ўйламаган эканмиз-да!” дея бутунлай бошқа халққа
айланибди денг.
Эртаси куни бутун эл-улус қайнаб-тошиб, “Тўлғондарёмизнинг асл фарзанди
учун овоз берамиз!”, “Бизга амалу мансабининг фарқи йўқ, ғурур учун, ҳамият
учун овоз берамиз!” деб сайлов участкасига оқиб келаверибди.
Ўшанда Кичик эшонимиз ҳаяжон билан: “Одамлар уйғонди, ака, анави
оғамизнинг совун-повуни, виносию арағи – ҳаммаси бир тийин бўлди!” деб, ўзи
ҳам бутунлай бошқа одамга айланиб сўйлаган эди бизга.– Ой, жўдаём зўр опай экан-ой, некин ҳаммани жилатса, тўйда ўнча бўмайма
дийман-да!– Хай, ўзингизга қаранг, менинг ишим – таклиф бериш.– Бўмаса, бугун шўлорди бориб маслаҳат қилай, қани, ўл томон нима дийкан? – деди Бойcўра ўрнидан турар экан. Кейин дабдурустдан бир гап эсига тушгандек
илкис сўради: – Шўл опай прописқани ҳал қилип бераммайма?..
Бу гапни эшитиб, тиззаларимни шаппатилаганча мириқиб кулдим. Бойсўра
ҳайрон.–Эй, ошна, опагинамиз гапга уста бўлгани билан бу масалада сизу биздан
пеш эмас. Боғистондан кўчиб келганига ҳали бир йил ҳам бўлгани йўқ. Сиз каби
қаердадир вақтинча рўйхатда туради, деб эшитганман.
Мустақиллик берган жасорат
Cўрақул қўлидаги варақчага бир қараб олди-да, деди:– Шўл эркаклорданам битта шўндайчоғин гапти қотирадиған, ўнча-мўнчаға
қўрқмайдиған ботир жозувчи жўқма?..– Ана, Нотиқлар жамиятининг ҳозирги раҳбари Аминжон Бобоевни айтамиз.
Зўр ёзувчи, латифа айтишни ҳам, ёзишни ҳам қотиради. Хоҳласангиз, у киши
ҳақида бир-икки оғиз гапириб бераман.– Мойли, – деди Бойcўра, – ҳанову инжиқ момо учун керак бўлама?– Аминжон ака кўнгли очиқ, дилкаш ва самимий инсон. Мустақиллик арафасида
“Мушт кетди” журналида бош муҳарир бўлиб ишлаб юрган кезлари мен масъул
котиб эдим.
Ўша йиллари журналимизнинг қайсидир сонида Москвадаги “Бутирка” деган
даҳшатли қамоқхонада ҳибсда ётган машҳур пахтакор ҳақида мақола эълон
қилинди. Халқ орасида бу одам тўғрисида ана-мана суди бўлармиш, деган гаплар
юрарди. Мақола сўнгида жабрдийданинг кейинги тақдирини фақат суд ҳал
қилиши, муаллиф эса ўзбек халқининг шаъни ва ғурури ҳақида қайғураётгани
таъкидланиб, таҳририят номидан мўъжазгина изоҳ берилган эди.
Орадан кўп ўтмасдан, СССР бош прокуратурасининг алоҳида муҳим ишлар
бўйича терговчиси – Владимир Калиниченкоми ёки бошқамиди, билмайман,
аниқ эсимда йўқ – таҳририятга келиб, тергов қоидаларини бузишда айблаб,
бош муҳаррирга дағдаға қилди. Бундай дўқ-пўписалар бир-икки ой давом этди.
Ниҳоят, Ўзбекистонимиз давлат мустақиллигига эга бўлди. Бир ойча ўтгач,
ҳалиги терговчи яна ишхонамиз йўлагида пайдо бўлди. У ҳеч кимдан изн
сўрамасдан, худди авалгидек, тўғри Аминжон Бобоевнинг хонасига кириб кетди.
Биз қабулхонада туриб, устознинг қаттиқ ва дадил овозда гапирганини эшитдик:
№ 9 2024 31
Муртазо ҚАРШИБОЙ
“Шўролар иттифоқи деган давлат энди йўқ. Ўзбекистон – мустақил мамлакат.
Ўзи йўқ давлат номидан бу ерда бўлиб туришингиз қонунларимизга мутлақо зид.
Сиздан тезда бу ердан чиқиб кетишингиз ва бошқа қадам босмаслигингизни талаб
қиламан!”
Ҳалиги терговчи оғир сумкасини кўтариб, бошини эгганча йўлак бўйлаб кетиб
бораётганини кўриб, барчамиз мустақиллик қандай буюк неъмат эканини, айнан
истиқлол юрагимизни – ботир, тилимизни узун қилганини чин дилдан ҳис этган,
бош муҳаррирнинг жасоратига тан берган эдик. Ана шу ёзувчимиз бир вилоят
ҳокимининг савияси қанчалик паст эканини бутун мамлакатга кўрсатиб, унинг
ишдан бўшатилишига сабаб бўлганини биласизми?– Жўқ!– Бўлмаса эшитинг! Ёзувчи акамиз Нотиқлар жамиятига маънавият бўйича
берилган топшириқ юзасидан вилоят ҳокимларидан бирига қўнғироқ қилади. Ўша
раҳбар советча тарбия кўрган, миллий қадриятларимиздан узоқ, анъаналаримизни
билса ҳам унча менсимайдиган одам экан-да! “Мен маънавият масаласида
гаплашмоқчиман”, дейди унга тили ҳам, қалами ҳам ўткир устозимиз. Ҳалиги
амалдор “Что такой маънавият? Мен маънавият билан шуғулланмайман”, деб
жавоб беради. Гап келган маҳал ҳеч кимни аяб ўтирмайдиган адибимиз эса “Унда
маънавият сиз билан шуғулланади, ошна!”, деб гўшакни “шақ” этиб қўйиб қўяди.
Қарабсизки, бир ҳафтадан сўнг ҳалиги ҳокимнинг ковуши тўғри бўлиб турибди
да!..
“Бойлардан ҳам бўлсин!”– Кампирнинг дарди – ғозада. Шу момой қачон набирамни эрга бераман деб
роса интиқ бўлиб ўтирган экан-да, а, Бойcўра! – дедим эртаси куни ошнам хонамга
кириб келиши билан. – Яхшиям, золим шўро давлати прописка деган балони ўйлаб
топган экан, бўлмаса, буларга сиздек куёв қаерда эди? Бу тўй кампирга армон
бўлиб қолармиди, билмайман.– Шўндой, шўндой, – деди Cўрақул ҳар доимгидек кўнглидаги дардини айтишга
чоғланиб. – Шўл парзанд кўрсалоринг, мени оқиқамдиям қўшиб ўтқазаслор, чўнки
золим совит даврида мен бахтиқароға шўям насип қимаған, неча кунник ўмрим
қолди, ўлишдан олдин шўниям кўрип кетсам ормоним қомасти, депти.– Кўрдингизми, битта сизнинг орқангиздан қанча одамнинг орзуси ушаляпти.
Булар ҳаммаси бирлашиб, сизни бир марта эмас, ўн марта пропискадан
ўтказишсаям арзийди.– Туври, шўничун қишлоқтан хотинимдиям опкеп прописқаға қўйсаммиқан?– Икки кундош бир жойда яшолмайди-ёв, бир умр жанжалдан бошингиз
чиқмайди. Аввал ўзингизникини тўғриланг! Ҳа, айтганча, кечаги таклифларимиз
маъқул бўлдими у тарафга?– Жўқ, жўрноллорингда ўзи пақат жозувчи, шайир, редактир ишласа, жана
шўндой одамларди кўпайтирип нима қиламиз, дийишяпти. Ҳайронман-ой,
ўзлари ойтип, жана ўзлари қойтайберайкан. Иложи бўса, дуня кўрган, бизнесмен
одамлордан ойтсақ, чет эллик бўса жанаям жохши, дияпти.– Ана, Олим акани айтамиз, ана шу талабга жуда мос-да, – дедим.– Ўл киши машҳурма?– Э тавба, нима, машҳур бўлмаса одам эмасми?– Йэнди ойтаман-да, ўл томон одамнор кўрип, қойил қосин, дияпти.– Анави “Маҳаллада дув-дув гап”дагидек, қўшниларимиз кўриб, ичи куйиб
ўлсин, деяётгандир-да?– Ҳа, шўндойға ўхшайди.– Олим ака бизга мутлақо бегона бўлган капитализм шароитида туғилиб
ўсган. Дастлаб танишган пайтлари Акром муҳаррирга “Нью-Йоркда юз қабатли
32
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul
иморат қурдим”, деб айтганларида устоз ҳайрат бармоғини тишлаганча лолу
ҳайрон бўлиб қолган экан. Яна бу кишимнинг шундай маҳобатли юмуш ҳақида
лойдан қил суғурдим, дегандек, бамайлихотир гапиришини қаранг. Ана шундай
одам тўйга келибди, деган гапни эшитса, Тошкентнинг етти даҳаси бир тўлғаниб
тушади-ёв! Нью-Йоркдек дунёнинг марказларидан бири бўлган шаҳри азимда юз
қаватли бино қуришнинг ўзи бўладими?
Шу десангиз, Олим акамиз пойтахтга яқин жойдан корхона қуришга рухсат
ололмаганидан сўнг, минг алам ва ҳасрат билан, “ўз ота юртимда барибир
нимадир барпо қилишим керак-ку”, деб ёзувчиларнинг Дўрмондаги дала
ҳовлилари қаторидан жой сотиб олган. Кейин эл қатори иморат солган. Таниқли
шоир оғаларимиздан бирига қўшни бўлиб яшайди. Қайсидир даврада ана шу
ёзарманни суҳбат аҳлига таништирмоқчи бўлибди. Дунёни ҳарчанд кезиб,
ўзбеклигини йўқотмаган ватандошимиз ҳалиги шоир оғамизнинг шеърлари
“Фикрат” журналида босилганини кўрган экан. Ўзиям пўстинини елкага ташлаб,
Пабло Нерудадек гердайиб тушган суратини шеърлари тепасига байроқ қилиб
илдириб қўйган-да бу муаллиф. Олим акамиз зукко эмасми, гурунг асносида ўша
ҳолатни кўз олдига келтириб, қўшнисига ажойиб таъриф берибди. Нима дебди,
денг. “Акром акамнинг мажаллосида мана мундоқ қилиб тўхтағон шоир”, деб
қўшнисининг суратию сийратини мухтасар баён қилибди.
АҚШ фуқароси бўлган юртдошимиз ҳовлисида мардикор ёллаб ишлатаётган
экан. Бир ҳафтага Тўлғондарёга боришига тўғри келибди. Бу орада бечора
усталарнинг егулик ва таъминот масаласида андак узилиш бўлибди.
Олим ака Тошкантда қайтиб келгач, у кишига қўшни бўлиб яшайдиган
журналист ҳамкасбимиз вазиятни тушунтирган бўлибди:– Шароитини тўғрилаб бериб кетмаган экансиз, сиз йўқлигингизда усталар
анча қийналиб қолди.
Тушунчаю тасаввурлари бутунлай бошқа муҳитда шаклланган Олим ака
пинагини ҳам бузмасдан дебди: “Мен семонни бисёр қилиб қўйғон бўлсам, қумни,
шағални бисёр қилиб қўйғон бўлсам, мендан уларға яна нима даркор бўлсун?
Менга деса, тош есун, кесак есун!”– Шўл одам Тошқанда прописқадан ўтқанмикан? Ўтқан бўса, жўл-жўриғини
сўрасақма?
Яна кулгим қистади.– Э, соддасиз, соддасиз, Бойcўра! Атрофингизда нималар бўлаётганини
билмайсиз. Бечора асли шу тупроқда туғилганман, ота-боболаримнинг хоки шу
заминда ётибди, мени доимий рўйхатга қўйинглар, менга фуқаролик беринглар,
бу – қонуний ҳаққим, деб неча йил югурди, кимларга ялинмади, лекин бир иш
чиқмади.– Катта пулди ўстида ўтирған шўл одамнор қиламмаған бўса, биз бечоралор
хапа бўмасағам бўлайкан.– Айдим-ку сизга, жаҳонни хўб кезган шу устамон одам каттагина ер сотиб
олиб, ният қилган корхонаси учун ақалли пойдевор ётқизишга рухсат ололмай
сарсон бўлди.– Вой-бўй, бегана журтларда жуз қоватли бийнолор қурған одам, ўз жерида
бир ғишт қўяммаса! Ўнда мен уйланип туври қилаятқанақанман, – деди Бойcўра
чеҳрасига мамнунлик ифодаси ёйилиб. – Ташқанниқ бўлишти шўндан бошқа
жўли жўғақан.– Яхши мақсадга ҳам эгри йўл билан боришдан бошқа имкон қолдирмаган
бизга шўро деган бало. Афсус, шу иллатдан қутулолмаяпмиз.
Бу гапни мен айтдимми ёки четдан бошқа бир садо олиб келдими – англолмай
қолдим.
№ 9 2024 33
Муртазо ҚАРШИБОЙ
Афғонларни қойил қолдирган ўзбек– Жана ким бор она шўндой тадбиркорларға жоқин, пейли-хўйи қизиқ
одамнордан? – деб сўради Бойcўра.– Пропискаси бўлсинми ёки бўлмасинми? – дедим кулиб.– Ўзи ойтётқан одамлорингизди бари менга ўхшаған мусопир бўп чиқяпти.
Обрўйи бўғаниминан ҳаяти тўкис эмасдай…– Агар уйланиб олсангиз, ҳаёти энг тўкис одам сиз бўласиз, Бойcўра, сиз
бўласиз!– Ойтқонингиз кесин! – Яна бир мусофир бор, Бекмурод ака, уни танийсиз…– Бўмосо, шўл кишини ойтамизма?– У кишиям асли мусофир, Қирғизистоннинг Ўш вилояти Ўзган шаҳридан.
Лекин икки хонали бўлсаям еттинчи қаватда уйи бор. “Она юрт” газетасида
бирга ишлаган қадрдонимиз, уни албатта айтиш керак, – дедим. – Бу оғамиз
Афғонистонни етти йил кезганидан хабарингиз борми? Ҳам тадбиркор, ҳам
жангчи, ҳам содиқ дўст!– Шўнисини эшитмағанаканман.– Э, унда бу одамни танийман демасангиз ҳам бўлади.
Бекмурод Раҳматуллаев – сув иншоотлари бўйича моҳир муҳандис, тажрибали
қурувчи, ажойиб инсон. Афғонистонда биргалашиб жанг қилмаган бўлсак-да,
қуролдош дўстлардан ҳам ортиқ яқинмиз.
Биласиз, собиқ СССР ўз таъсирида бўлган давлатларга нисбатан ўта сахий
бўлган. Улардан ёрдамини аямаган. Албатта, беғараз эмас, узоқни кўзлаган ёвуз
ниятлари бўлган. Айниқса, турли мутахассислар иштирокида бегона юртларда
муҳим стратегик иншоотлар барпо этиб, уларни ўзига янада қарам қилишнинг
ҳадисини олган эди қизил салтанат.
Бекмурод акамиз ҳам Тошкент ирригация ва мелиорация муҳандислари
институти дипломини қўлга олганидан сўнг Тошкент шаҳрида бирмунча муддат
ишлайди. Кейинчалик ана шу сиёсат тўлқинида Афғонистонга сафарбар этилади.
Кўп йиллар ушбу жафокаш юрт ҳудудини қадам-бақадам кезиб чиқади.
Мен бормаган қишлоқ ва шаҳар қолмагандир-ов бу талон-тарож юртда, дейди
ошнамиз. Бу заминдаги ўзбегу тожик, пуштину ҳазарий – барчаси билан тил
топишиб, оға-инидек бўлиб кетади. Қанча-қанча кўприклар, сув иншоотларини
қуришда иштирок этади. Бошидан кўп савдоларни ўтказади. Неча бор ўлим билан
юзма-юз келади. Одамларнинг меҳрини ҳам, қаҳрини ҳам кўради.
Бир сафар афғон фуқароси недир сабаб билан қалин халтачадаги олтину кумуш
тангаларини йўқотиб қўяди. Доимо ер кавлаб, тупроқ оралаб, нимадир қуриш
ташвишида юрган Бек акамиз ана шу хазинани қайсидир бир пучмоқдан топиб
олади. Овулма-овул юриб, ҳалиги одамни топади ва омонатини топширади. Афғон
бу қадар олижанобликдан ҳайратга тушади. “Наҳотки шўравийлар давлатида
сенингдек бировнинг ҳақидан қўрқадиган, дину диёнатли, пок ва ҳалол инсонлар
қолган бўлса?!” дея бироз таажжубга ҳам тушади. Кейин ўзининг ноўрин
шубҳаларидан уялиб, узр сўрайди. Миннатдорлик ифодаси сифатида “Юр, масжид
имомидан сенинг ҳақинга хутба ўқиб, дуо қилишини илтимос қиламан”, деб
Бекмурод оғамизни масжидга етаклаб боради. Кейин саждагоҳ минбарига чиқиб,
ибодатга келганларга мурожаат қилади: “Эй халойиқ, қаршингизда турган мана
шу банда, шўравий бўлишига қарамасдан, чинакам мусулмоннинг ишини қилди – менинг йўқолиб қолган пулларимни топиб, бир чақасига ҳам хиёнат қилмасдан
ўзимга бус-бутун ҳолда қайтариб берди. Биз буни шўравий деб менсимас эдик.
Аслида ҳақиқий мусулмон шу экан!”
34
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul
Масжидга йиғилган аҳли ислом “Ҳа, бухорийлар, термизийлар юртидан келган
ўғлон улуғ аждодларига муносиб иш қилибди-да, барака топсин, жони омон
бўлсин, ватанига соғ-омон қайтсин!” деб дуолар қилибди.
Қачон шу мавзуда сўз очилса, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”да
отаси Умаршайх мирзо ҳақида айтган мана бу фикрларини эсга олардим: “Адолати
бу мартабада эдики, Хитой корвони келадурғонда, Андижоннинг шарқий
тарафидағи тоғларнинг тубида минг ўйлуқ корвонни андоғ қор бостиким, икки
киши қутулди. Хабар топиб, муҳассиллар йибориб, корвоннинг жамиъ жиҳотини
забт қилди. Ҳар чандиким, вориси ҳозир йўқ эрди, бувужуди эҳтиёж сахлаб,
бир-икки йилдин сўнгра Самарқанд ва Хуросондин ворисларини тилаб келтуруб,
молларини солим топшурди”6.
“Сиз ҳам ўша тоғлар атрофида туғилиб катта бўлгансиз, боболаримизга хос
ноёб фазилатлар ўтган-да”, деб, она диёри – Ўзган шаҳрига ишора қилиб қўйсам,
кўнгли янада ёришиб, кўзидан ёш чиқиб кетарди оғамизнинг.– Ҳа, ойтсақ бўлоди, жўдо зўр одамакан, – деди Бойcўра. Кейин давом этди: –
Шўл киши ойиқминан олишқон, дувдингиз, туврима?– Э, айиқ билан олишган эмас. Ўша оғир 90-йилларда кечаси Ўзгандан хабар
келади: “Тезда етиб кел, онамизнинг аҳволи ёмон”. Оғамиз дарҳол йўлга отланади.
Ярим тунда Марҳамат туманидаги қариндошлариникига етиб боради. “Чегара
ёпиқ, бемаҳалда у ердан ўтолмайсан”, дейишади жигарлари. “Мени сўнгги нафасда
ҳам фарзандидан кўнгил узолмаётган онажоним кутяпти, ҳеч нарса йўлимга тўсиқ
бўлолмайди”, дейди оғамиз. Кейин чўпонларнинг кийимини кийиб, тоққа қараб
йўл олади.
Узоқ-узоқлардан чегарачилар масканидаги чироқлар элас-элас кўзга ташланади.
Бек ака гўё қўй-қўзиларни ҳайдаган бўлиб, тик жарга етганида ўзини пастга –
чегаранинг нариги тарафига отади. Энди сўқмоқ йўлга тушиб оламан деганида
олдидан бўкирганча баҳайбат қўнғир айиқ чиқиб қолади. Маймоқ паҳлавон икки
оёғида тик турганча иррилайди. “Эй оғайни, йўлни бўшат, тушунгин, онам жон
беряпти, тезда бормасам бўлмайди”, дейди оғамиз. Йиртқич жойидан жилмайди.
“Мен билан ҳазиллашма, билсанг, мен афғон урушида хизмат қилганман, жаҳлим
чиқса борми, анави харсангтош билан бошингни уриб ёраман, дарҳол йўлни
бўшат!”
Айиқ вағиллаганча бош чайқайди. “Эй, менга қара, мен катта журналда
ишлайман, мана, ҳужжатим бор. Журналист ҳам элчидек гап, жўра, унгаям ўлим
йўқ, қани, бўл тезроқ, йўлимдан қоч!” Айиқ яна қайсарлик қилади. Айни шу лаҳзада
афғончи баҳодирнинг чўнтагига жиянлари солиб қўйган икки дона “Синикерс”
сирғалиб тушади. Собиқ жангчимиз уларнинг пўстини арчиб, айиқ томон отади.
Маймоқ егуликка қараб ташланади. Шу онда акамиз ҳам пастга қараб думалайди.
Ўзганга яқинлашганида қадрдон уйидан тобут кўтариб чиқаётган халойиқни
кўради ва изиллаб йиғлаганча олдинга отилади.– Мўни келин бўлмишти жиёни эшитса борма, олбатта ҳикая қиса кераг-ов, –
деди Бойсўра. – Оғар жозса, устидан кўрип берасма?– Майли, шусиз ҳам умримиз мардикорчиликда ўтяпти-ку, – дедим бепарво
оҳангда.– “Йэна журт” газитида ишлағанимизда Йэрдонқул Ҳомилоп деган “цензурачи”
билан ҳар куни оди-боди ойтишиб жотардингиз, шўниям тўйға айтсақма? – деди
Сўрақул дафъатан.– У мен билан эмас, Собиржон Шавқий домла билан жиққамушт бўлиб
олишарди. Э, ўша кунларни бекор эслатдингиз. Ахир, турган-битгани уруш
жанжал эди-да у даврдаги ҳаётимиз.
6 Заҳириддин Муҳаммад Бобур, “Бобурнома”. Тошкент, “Юлдузча” нашриёти, 1989 йил, 10-бет.
№ 9 2024 35
Муртазо ҚАРШИБОЙ
Беихтиёр бир муддат хаёлга кетибман. Хаёлки, унинг тўлқинларида Бойcўра
билан бирга сузиб юрган эмишмиз.
“Олатовда журған эдим қимиз ичип”
Бекман Ботирманнинг қўллови билан Тошкентга пар боғлаб келган Cўрақул
иккимиз “Она юрт” газетасида иш бошлаган кезларимиз эди. Мен – бош
муҳаррир ўринбосари, Бойcўра – техник муҳаррир. Йўғон чўзилиб, ингичка
узиладиган оғир замонлар эди-да. “Мушт кетди” журналидаги жойи, маоши,
нуфузи тайин лавозимни ташлаб, ана шундай омонат бир нашрга ўтиб ишлаганим – “декабристлик” қилмоқчи бўлганим ҳаётимдаги жиддий хато бўлганини кейин
минг алам ва изтироб ила англаб етдим.
Газетадаги энг машаққатли ишлар иккаламизнинг зиммамизда. Менинг вазифам – рўзнома учун материалларни тайёрлаб, камига уларни ўша пайтда Матбуотда
давлат сирларини сақлаш инспекцияси ёки қисқача “Ўзлит” деб аталган идора
ҳамда унинг ҳафтафаҳм, думбул ва чаласавод вакили – Эрдон Ҳомиловга тақдим
этиб, “нашрга рухсат” деган муҳр ила тасдиқланадиган розиликни олиш.
Газета саҳифалари босмахонага топшириладиган кун биз учун чинакам жанги
жадалга, не-не қонлар тўкилиб, қурбонлар бериладиган жаҳаннам синовига
айланар эди. Ҳар сафар нашрга мўлжалланган матнларнинг ўттиз-қирқ фоизи
қаттол “Ўзлит” томонидан олиб ташланарди. Уларнинг ўрнини тўлдириш учун
изиллаганча янги мақола ва расмлар излашга тушамиз. Бойcўрамиз эса хомуш
тортганча бўёқ ва қўрғошин ҳидидан димиқиб ётган ертўладаги босмахонага қараб
кетади. Аввалги қолипларни бузиб, янги материалларни жойлашга киришади –
усталик қилади.
Соат кечки ўндан ошиб, “Матбуотчилар уйи” отлиғ бинонинг йўлаклари сокин
ва хира тортиб, иш вақти тугай бошлагач, цехдаги уста ва ишчилар ҳам ғалва
кўтаради. “Атайлаб орқага чўздиларинг, бўлди, ишламаймиз!” деб оёқ тираб туриб
олишади. Тайинли маош олмайдиган Cўрақул уларга нимадир ваъда қилиб, соат
ўн иккидан ошганида қўли, юзи, бутун кийим-боши қоп-қора мойга ботган ҳолда
тепага чиқади. “Бир бало қилдиғ-ай, қутулдиғ-ай”, дея мамнун ҳолда жилмайиб
қўяди.
Ошнамиз чўнтагида бир мири ҳам қолмаган кезлари бош муҳаррир Соҳибжон
Эгамбердиевга арз қилади:– Ака, босмахонадағилор, бошқа газитлор ҳар сапар ишни воқтида тугатади,
сизор нега жарим тунғача чўзасилор, бўлди, жонимизға тийдилоринг, кетамиз,
дияпти… Шўл бир нерса оппориб бериш керакма?.. Бўмоса, шўл бугун газитимиз
чиқмайди-ёв!– Боринг, иложини топиб кўндиринг, эртага вино-пино олиб берамиз, денг! Айб
бизда эмас-ку! – дейди торгина хонадаги эски стол-стулда безовта бўлиб ўтирган
кўнгилчан муҳарриримиз.– Ай, шу винони менга беринглар-ай, кейинги сафар ҳеч нарса ёзмайман,
газетани эртароқ ёпасизлар! – дейди Шавқий домла ўлганнинг устига тепган
қилиб.– Мирмулло, болалар чиндан ҳам қийналиб кетди. Бундан буён сал шубҳа
уйғотадиган материал келса, шартта қисқартириб ташланг ёки бутунлай саҳифага
қўйманг, биз ҳам одамга ўхшаб эртароқ уйга борайлик! – дейди “декабрист”лар
раҳбари Соҳибжон ака шаштидан қайтгандек.
Афсуски, булар барчаси шунчаки гаплар. Эртаси куни кечаги машмашалар
ҳамманинг эсидан чиқади. Май “солиғи” ҳам бечора Бойcўранинг ўзига қолиб
кетади. Яна барчамиз якдиллик билан “декабрист” бўлиб тўрт саҳифалик “Сенат
майдони”га отилиб чиққимиз келади.
36
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul
Қаҳрамон бўлиш ҳаваси қурсин, наҳотки бу ўлгур оила, бола-чақа меҳридан,
ҳаётнинг бошқа лаззатларидан ҳам азизроқ бўлса?! Бизда-ку, хароброқ бўлсаям
уй-жой бор. На прописка, на бошпана, на бола-чақа, хуллас, одамдек яшашга
айтарлик бир жири бўлмаган Бойcўрага нима экан? Қандай руҳий куч-қудрат уни
кечаю кундуз бундай қаҳрамонликка руҳлантираётган экан?
Қадрдон қишлоғида тинчгина ўқитувчилик қилиб юраверса бўлмасмикан?
Ёки ҳавоси баланд ошнамиз бу ишни менсимасмикан? Кўринишидан ундайга
ўхшамайди-ку?– Бугунги сонимизни ҳамма мақтаяпти. “Ўзлит” шунча қирқса, олиб ташласаям,
барибир жонли, тишли-тирноқли материалларимиз бор, – дейди болаларча
соддалик билан Соҳибжон ака.
Мудом у кишининг оғзини пойлаб, кўнглини овлашни хуш кўрадиган, Шавқий
домла “Резонанс Тилло” деб лақаб таққан Тиллахонов секингина гап қистиради:– Яхши резонанс бўляпти лекин, мен ҳам уёқ-буёқдан эшитиб турибман.– Э-э-на-а-нгди эмгирлар шунча қирқсаям, барибир ҳаммасини юз поиз олиб
ташлаяммайди! О-о-либ таш-ла-а-ям-ма-а-й-ди, йўқ! Мана, мени айтти дейсизлар.
Бачани “дингили”ни кессаям, таги барибир қолади-ку! Кўп нарсага ақлиям
етмайди бу э-э-н-а-а-нг қиз тув-ғир-лар-ди! Шунинг учун зўр-зўр материалларди
қаторлаштириб берабериш керак. Биттасини олиб ташлаганиминан бошқаси
албатта қолади. Қўрқмаш керак, барибир энди орқага йўл йўқ. Ё – ҳаёт, ё –
мамот! Мана, мен зўр нарса ёзиб келдим. Бу навбатдаги “бомба” бўлади! Қани,
э-э-на-а-нгди ит тепкирлар нима дийкан?! Ўзи бу ташкилотни таг-туги билан йўқ
қилиб, биносини бузиб, шудгор қилиб, устига пахта экиб юбориш керак, – дейди
Собиржон Шавқий қўлидаги матоҳини столга ташлаб.– Пахтанинг ўрнига бошқа нарса экса бўлмайдими, масалан, гул-пулми,
ишқилиб одамларга фойдаси тегса? – дейди эндигина танилиб келаётган навқирон
журналистларимиздан Сўрақул Турсун гапни ҳазилга буриб.– Йўқ, айнан пахта экиш керак! Чунки пахта ўсган жойда бошқа нарса
кўкармайди.
Шоир акамиз Жонибек Вафо жонимга ора киради.– Эй, бечора Cўрақул билан Мирмуллони ҳам ўйланглар, яна ярим кечагача
қолиб овора бўлмасин! – дейди у дўриллаган овоз билан.
Бу шоир ва таржимон ошнамиз билан бир хонада ўтирамиз. Тушликка бир дона
булка нон кўтариб келади-да, пиёзни майдалаб тўғрайди. “Мирмулло, келинг,
тушлик қиламиз”, дейди сўнг “тўкин дастурхон”га таклиф этиб. Намозхон, иймон
эътиқодли, ориятли инсон эди. Бир-икки бор “Шарқ” босмахонаси ҳовлисидаги
чойхонада тамадди қилган экан, кимдир “Бу ердаги таомларга шаръий йўл билан
сўйилган мол гўшти солинмас, инчунун, аларнинг ҳалоллиғиға шубҳа бордир”,
деб танбеҳ берибди. Шундан сўнг фақат хонада, юқорида зикр этилган тарзда
“тушлик” қиладиган бўлди.
Қонимизни ичишдан чарчамайдиган Эрдон Ҳомилов ўта содда ва гўл, шу билан
бирга, жиндак муғомбир эди. Э, нимасини айтасиз, ҳатто радио эшитиб, телевизор
кўриб, дунёда, юртимизда бўлаётган воқеаларни таҳлил қилиш, хулоса чиқариш
малакаси ҳам йўқ эди бу оғамизда.
“Ўзлит” билан “олишув”лар жонга теккан маҳалда масъул котиб бўлиб
ишлаётган шоир акамиз Нуриддин Носир кутилмаган ҳазил гаплар, шеърлар
топиб, кўнглимизни кўтарар ва бундан ўзи ҳам яйраб кетар эди.
Нимадир бўлиб қирғиз жирови азим бир кентга келибдию бу ердаги одатларга
кўниколмасдан, кўп қийналибди. Азоблар жонига текканида минг ҳасрат билан
байт айтибди:
№ 9 2024 37
Муртазо ҚАРШИБОЙ
Олатовда журған эдим қимиз ичип,
Бу жерларға нега келдим этим қичип…
Бу сатрлар оғиздан-оғизга ўтиб машҳур бўлиб кетди.
“Бир бала қимасақ бўмайди-ёв!”
Газетани саҳифалаш пайтидаги сурунакали можаролардан толиққан Cўрақул
бир куни йиғлагудек бўлиб, “Бир бала қимасақ бўмайди-ёв, бўндайчада ўлип
кетамиз”, деб ҳасрат қилди.
Эрдон ака билан дўстлашишдан бўлак чорам қолмади.– Устоз, – дедим бир куни самимий оҳангда, – воронежлик мушукча ҳақидаги
мультфильмни кўргансиз… Қарға қиёфани ўзгартириш бўйича кооператив очади
ва мушукчани бегемот, яъни сув отига айлантириб, Африкага жўнатиб юборади.– Эй, мен мультфильм кўрмайман, набираларим кўради. Менга мана бу
машмашалар ҳам етиб ортади. Нима демоқчисиз, шундан гапиринг! Бугун ҳам
газетангизда бир бало борми дейман-а, жа гапларингиз бошқача бўпқопти?– Эй, устоз, хавотир олманг, бугун ҳаммаси жойида! Ўша мушукчанинг
“Воронежда маза қилиб юргандим!” деган ажойиб гапи бор.– “Олатовда журған эдим қимиз ичип” деган қирғизнинг машҳур шеъриям бор
агар билсангиз, хўш, нима бўпти, гапиринг!– Ҳа, Нуриддин ака сизга ҳам айтибди-да машҳур латифасини! – дедим.– Нима, Нуриддин айтмаса, ўзим билмайманми? – деди Эрдон ака паст
кетмасдан.– Биласиз, биласиз, – дедим мақтовни қуюқ қилиб. – Нақд нишонга урдингиз!
Камина ҳам “Мушт кетди” журналида маза қилиб юрган эдим қимиз ичиб. Бугун
газетада айтишга уринаётган гапларни ўша ерда ҳам ёзардик. Лекин кифтини
келтириб, одоб доирасидан чиқмасдан, нозик кулгига ўраб ёзардик. Билмадим,
булар ёшлик қиляптими, ўзини тўппа-тўғри оловга отаман дейди-я! Боши деворга
тегиб, қашқа бўлмаган-да! Тўғриси, тушунтиравериб чарчадим. Шартта ариза
ёзиб бўшаб кетсаммикан, деб турибман. Вазият ўзгармаса, кетаман ҳам! “Мушт
кетди”да қимизгинани ичиб, яйраб юрганга нима етсин!– Менга қаранг, – деди Эрдон оға сал жаҳли чиққандек, – кетсангиз
кетавермайсизми, менга нима? Биласиз-ку, биз кадрлар масаласига аралашмаймиз.
Мушук бўласизми, бегемот бўласизми, бу – сизнинг ишингиз!– Хай, майли, кетаман, фақат сизга қийин бўлмасмикан?..– Нега менга қийин бўларкан, а, нега қийин бўларкан, ўйлаб гапиряпсизми ўзи?– Ўзингиз айтгансиз-ку…– Нима деганман? – деди Эрдон ака ўзини тобора ғолибу музаффар ҳис этиб,
бердисини айтгунимча сабр қилмасдан. – Гапиринг, нима деганман, ахир?– Собиржон Шавқийларингни кўрарга кўзим йўқ, айниқса, ҳар бир сўзини
“э-э-на-а-нгди” деб бошлашига юрагим дош бермайди, бу бадбахт бунча қўпол,
дегансиз-ку, эсингизда йўқми?– Ҳа, деганман, шу бемаза болани кўришга тоқатим йўқ!– Ана энди ҳар ҳафтада камида икки-уч марта тўқнаш келасиз ўша жинингиз
суймаган нусха билан!– Нима-нима, ҳар ҳафтада, шу ярамас Собиржон Шавқий билан-а?! Қаердан
олдингиз бу гапни?!– Қаердан олардим, мен кетсам, кимдир ўрнимни эгаллаши керакми, ахир?– Нима, тарбия кўрмаган шу бола сизнинг ўрнингизга бош муҳаррир ўринбосари
бўладими? Бошқа одам қуриб қоптими?! Анави куни кўрдингизми, Бош прокурор
38
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul
билан суҳбат тайёрлаган экан, бир-икки жойига қизил қалам теккизганимни
биламан, “Жаноб прокурор, бу кишини қамоққа олинг, сизнинг муаллифлик
ҳуқуқингизни менсимасдан, Конституцияга зид иш қиляпти”, дейди-я, ярамас!
Бунча нафаси совуқ бунинг. Бундай аҳмоқона гапларни қаердан топади, билмайман.
“Пётр Биринчи Россиянинг келажагини ўйлаб Европага дарвоза очган, бизнинг
боболаримиз эса ўзлари тўқиган чўпчакларга маҳлиё бўлиб, ғафлатда ётаверган”,
деб ёзибди, нодон! А бизникилар ҳам бу борада кам эмас-ку! Ана, Жиззахда Амир
Темур дарвозаси бор-ку! Бу бола ўзи Жиззах қаердалигини ҳам билмаса керак.
Яна бош муҳаррир ўринбосари бўлармиш. Ўргилдим сендақа валломатдан!– Ўзингиз ҳам ошириб юборасиз-да, бутун дунёга маълум гапларни ҳам “мумкин
эмас, мана, инструкциямизда белгилаб қўйилган”, деб кимдандир яширмоқчи
бўласиз. Ҳолбуки, ўша қоғозларингиз эллик-олтмиш йил олдин тасдиқланган.
Ҳозир мустақиллик замони бўлса…
Эрдон ака мен тарафга эгилиб, махфий бир сирни айтмоқчи бўлгандек,
шивирлаб сўради:– Сиз мустақиллик деган гапга ишонасизми?– Э, ишонмасам газетада ишлармидим? Шунча умрим алдам-қалдам билан
бекор кетган бўлади-ку!– Билиб бўлмайди, ука, вазият бир кунда ўзгариб кетиши мумкин. Шунинг учун
ўйлаб иш қилинглар. Неча минг километрдан туриб, ракета билан кабинетингиздаги
столни ҳам, ҳатто қўлингиздаги қаламни ҳам аниқ нишонга олиб урадиган кучлар
бор дунёда…Кетадиган бўлсангиз, ўрнингизга яхшироқ одамни қўйиб кетинг.– Афсуски, бошқа муносиб номзод йўқ! Битта шу тушунади газетачиликнинг
пасту баландини, билдингизми, битта шу!– Йўқ-йўқ, укажон, бунга асло йўл қўйиб бўлмайди! У мени бир ойга қолдирмай
хароб қилади, тушуняпсизми, ўлдиради! “Ўзлит” етим бўлиб қолади! – деди
матбуот назоратчиси кутилмаганда ирғиб ўрнидан турганча ёнимдаги стулга
келиб ўтирар экан. Кейин акаларча меҳрибонлик билан деди: – Буларнинг орасида
сал гапга тушунадигани, сўкинмайдиган, эс-ҳуши бори ўзи битта сиз бўлсангиз,
кетманг, ўтинаман, кетманг!–Унда келишиб олайлик! – дедим мурод ҳосил бўлаётганидан хурсанд бўлиб.
Эрдон Ҳомилов мен тарафга бир ёвқараш қилди-да, деди:– Ҳ-и-м-м, майли, келишамиз. Шу пайтгача ҳам келишганмиз. Биз фақат
сизларга яхши бўлишини ўйлаймиз. Ўзи бу қуриб кетгур газетачилик нозик иш
да, турган-битгани ғалва. Жанжалсиз куннинг ўзи йўғ-а! Эҳтиёт бўлмасангиз,
биргина қалтис сўздан ўт чиқиб кетиши ҳеч гапмас.
Шундан сўнг ишимиз бир оз изга тушгандек бўлди. Лекин ўз ихтиёрим ила
излаб топган бу азобларга бир ярим йилча зўрға чидадим. Қадрдон Олатовим – “Мушт кетди”да ичган қимизларимнинг хумори тутди. Ўша онларда Худо
кўнглига солдими, билмайман, Бекман ака, барака топсин, бошқа бир ям-яшил
водий – Ахборот вазирлигига ишга таклиф қилиб қолди. Ҳар куни олтин қадаҳда
қимиз симирмасангиз ҳам, “цензура” билан олишиш, лодонларга ҳисобот бериш
йўқ.
Фалак борлиққа шом пардасини ёяр-ёймас уйга бориб, бола-чақанинг бағрида
яйраб ўтирасиз. Шунинг ўзи ҳар қандай қимиздан аъло.
Яшасин Ахборот вазирлиги!– Сиз билан не кунларни кўрмадиг-а газетада, Бойcўра, ҳатто эслашга ҳам
одамнинг юраги бетламайди, – дедим хаёл дарёсидан чиқиб, шу онда тўй
ташвишидан бўлак гап қулоғига кирмайдиган суҳбатдошимга қараб. – Мана,
барчаси ортда қолди. Энди сиз ҳам, Худо хоҳласа, Тошкенти азимда оилали, уй
жойли бўлиб маза қилиб яшайсиз.
№ 9 2024 39
Муртазо ҚАРШИБОЙ– Ойтқонингиз кесин-да, ишқилип, – деди Бойcўра. Кейин ўйланиб туриб давом
этди: – Йэрдон Ҳомилопти тўйға ойтмоғанимиз моқулмақан дийман-да?..– Тўғри, у кишини кўрсак, ўша қора кунларимиз эсга тушади, тўй тўйдек
бўлмайди. Тоҳир-Зуҳронинг висол кечасида Қоработирга нима бор? – дедим
кулимсираб.– Шўл бугун ишдан кейин ДЎМға, келинди олдиға ўтсақмакан?..– Нега, – дедим ҳайрон бўлиб, – бирон маслаҳат борми?– Шўл бойноғи куёвжўраминан кастим-шимлорингиз бир хил бўса, мен зўридан
гаплашип қўйғонман, шўни бир кийип кўрсалоринг, дияпти.– Янги костюм-шим қимматтир-да, бошқа зарур нарсаларга пул тополмаяпмиз
ку, буёғи қандай бўлар экан?– Совит давридан омборда сақланип жотқанақан, Пўлшоники, зўридан, дияпти.
Шўнға бирга ўтсақмакан?– Совет давридаги бўлса, ўша пайтдаги пул билан ҳисобласа, бугун арзонга
тушар? Келинимиз балки ҳиммат қилиб текинга бериб юборар?.. Шундай азамат
куёв ва азамат куёвжўра учун бир жуфт костюм-шим нима деган гап!
Бойcўра уялгандек ерга қаради.
“Майсазор”ни қўлтиқлаб
Устоз адибларимиздан бири қайта нашр қилинаётган “Майсазор” романини
муҳаррир сифатида кўриб беришни илтимос қилган эди.
Даргоҳи ҳумоюнга бориб, ўша асарнинг иккита қалин жилдга зичлаб
жойланган қўлёзмасини олиб келдим. Оғамиз ўша табаррук масканда ишлар эди
да! Жилдларни Бойcўранинг пўлат сандиғи – сейфига жойлаб, қаттиқ қўриқлаш
лозимлигини тайинладим.– Жўдо қолин нерса-ку? – деди ошнам “тепа”да шундай танишларим борлигидан
ҳайратга тушиб.– Акамиз тўққизинчи қаватдаги икки хонали квартирадан чиқмасдан, фақат
қотган нон еб, бир ойда шуни мошинкада ёзиб битирган, билдингизми? – дедим
жиндак талтайиб.– Қойил-ай! – деди Бойcўра, – Шўнчо нерсани пақат кўчиришти ўзиға олти ой
керак бўлади-ёв!..
ДУМга кирадиган бўлсак, шугинани ҳам олакетай, деган ниятда дедим:– Пўлат сандиқни очинг, анавининг биринчи жилдини олинг!– Сиз жўраберинг, ўзим оламан, – деди Cўрақул.
Бинодан чиқаверишда “Йўқсиллар овози” жамияти ҳукмрон бўлган даврлардан
буён шу масканда дурадгор бўлиб ишлаб келадиган, ёши элликка яқинлашиб
қолган, қотмадан келган, ўртабўй, ўзбекча, қозоқча ва русчани аралаш-қуралаш
қилиб гапирадиган Темир акага дуч келдик.– Мен сенга зўр роман жазиб бераман, босасанма? – деди у ҳар доимги гапини
такрорлаб.– Минг йилдан буён ваъда қиласиз, қачон ёзасиз? – дедим бечора сўққабошнинг
кўнглига қараб.– Жазаман! Анави нима, бунча семиз? – деб сўради суҳбатдошим Бойсўранинг
қўлидаги жилдга ишора қилиб.– Сиз ёзмаяпсиз, мана, бошқа бир роман келди, энди шуни журналга тайёрлашга
мажбурман, – дедим йўлимда давом этиб.– Жазаман, зўр роман бўлади, жазаман! – деди Темир ака ортимдан жилмайганча
қараб.
Бизни ўзиюрар зинанинг тепасида кутиб олган Бойсўранинг бўлғуси завжаси
қисқагина салом-аликдан сўнг ўз бўлмаси томон бошлади.
40
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul
Келинпошшамиз тўгарак юзли, ўртабўй, бўлиқ келбатли, обдан зеб берилган
яноқларида сепкил излари сезилиб турган бир қиз эди. Орқага ташланган
сочларига бўйин тарафдан танғилган, тепа қисми бамисоли қизил гул баргидек
икки тарафга елпиниб турган алвон тасма аслида унчалик кўримли бўлмаган
қизгинанинг чеҳрасига аллақандай назокат бағишлаб турарди.
Гирдо-гирди кийим жавонлари билан ўралган кенг ва ёруғ саҳнга ўтдик.
ДУМ бекаси каттагина елим халталардан бизга аталган “сарпо”ларни чиқариб,
энликкина, қалин яшил духобага ўхшаш мато тортиб қўйилган бурчакка –
кийиниш жойига ишора қилди. Одам бўйи келадиган ойнаси ҳам бор экан, янги
либосни кийиб, қарадим – эгнимга чиппа ёпишиб тушди. Умримда бунақа башанг
кийинмаганман. Беихтиёр “куёвжўра бўлиш ҳам ёмон эмас экан” деган фикр
хаёлдан ўтди.
Бойcўранинг костюм-шими ҳам ўзига ярашди.– Мана, келиннинг шарофати билан бир зумда шаҳзодага айландингиз
қолдингиз! Сизни бундай ҳолатда кўрган одам таниши қийин. “Мушт кетди”
журналида бирга ишлаган дўстим бор, Хива подшоларининг сўнгги авлодига
мансуб хонзода. Агар ҳозир кўрса борми, шаҳзодалик мартабасидан воз кечиб,
уни сизга атаб юборган бўларди.– Жўғ-ой, жўғ-ой, ўнчолиғмасдир-ов!.. – деди Бойcўра қувончдан ўзини қаерга
қўйишни билмасдан.
Келин шимнинг этагини туфлига мослаб қайта тикиш зарурлигини айтди-да,
ўлчамини белгилаш учун оёқларимга эгилди. Эски чориғимнинг абгорлигидан
уялиб кетдим. Эпчил сотувчимиз мастона кўзларини эгаллаган недир бир таажжуб
ила қайлиғига қаради. Унинг нигоҳидан бунга янги туфли ҳам керак экан-ку, деган
иддао сезилиб турарди. Янги бошмоққа бало борми? Костюм-шимга яраша пул
топиб берсам ҳам катта гап. Кимгадир бахт олиб келадиган тўйни деб хонавайрон
бўлишим қолди энди! Оёғимдаги бир тўйни ўтказишга ярар. Ярамаса, ана, Акром
муҳаррирдан эскироқ бўлса ҳам бир кун-ярим кунга бошқасини олиб тураман.
Келин-куёвни холи қолдириб ташқарига чиқдим. Ҳайбатли дўкон ёнида
одам йиғадиган биринчи трамвайга зўрға тирмашиб чиқиб олдим. Ўриндиқлари
эскириб, титилиб кетган, “темир шох”ли уловда йўловчи кўплигидан нафасингиз
қайтиб кетади.
Бир бекат ҳам юришга улгурмасдан, қўлимда нимадир йўқлигини сезиб қолдим.
Ҳамиша ўзим билан олиб юрадиган чарим жилдим қўлтиғимда. Лекин нимадир
йўқ. Эҳ, жин урсин, “Майсазор” қани? Шунча қоғоз йитиб-нетиб қолса, амалдор
акамизнинг олдида нима деган одам бўламан!
Трамвай дастлабки бекатда тўхташи билан ўзимни ташқарига отдим. Ўпкамни
қўлтиқлаганча, терлаб-пишиб дўконга қайтдим. Боя биз тўпланиб ўтирган саҳнда
ҳеч ким йўқ.
Ўзи кеч ҳам бўлиб қолди-да! Бундай пайтда, яна денг йўқчилик замонида
харидор келиши қийин. Нигоҳим билан қоғоз жилдни излай бошладим. Атрофда
кийимлар осиладиган жавонлар, илгичлар, сотувчи қиз ўтирадиган курси, оқ
тусдаги энсиз пештахтадан бошқа ҳеч вақо кўзга ташланмади. Баногоҳ яшил мато
тортилган киярманлар жойи – “примерка”га кўзим тушди. Айни шу фурсатда ўша
сирли парда бир текис тўлғонгандек бўлди.– Бўлди, қолганини тўйдан кейин оласиз, – деган аёл кишининг нозли саси
эшитилди.– Тўйғоча чидашим қийин-ов, одам севип қоса жоман бўлайқан, – деди Бойcўра.
Унинг овозида недир бир қалтираш бордек эди.
Яна ўша нозли сас эшитилди:
№ 9 2024 41
Муртазо ҚАРШИБОЙ– Ёмон одам экансиз!– Жўғ-ай!– Шаҳзода дўстингиз борлигини айтмабсиз. Анави ўртоғингиз сирни очиб
қўйди. Эртага биринчи навбатда шуни суриштиринг. Агар тўйхонада “Сўзни энди
Хева хонининг авлоди, шаҳзода фалончига берамиз!” деб айтса борми, ана унда
кўринг душманларим ҳасаддан кетини чангаллаб қолишини. Эртага шуни дарров
аниқланг!– Хўп, хўп, жоним! Бир мўччи беринг-да жана манов жайдан!– Мўччи эмас, “поцелуй” денг, қишлоқи! Сизга неча марта ўргатай! По-це-луй,
қани, айтинг!– По-ше-лай…– Пошёл-ай эмас, по-це-луй! Яна қанча ўргатай? “Милая моя, я тебя люблю. Ты
моя любовь, ты моя жизнь, без тебя мне ничего не светиться в этом мире” денг.
Қани, айтинг, бўлинг!– По-ше-лайди айтаммаған одам мўнча кўп нерсани эслап қолишим қийин-ов,
жоним, қийнаманг! Ташқанниқлорди шивоси қийин дийишқанди, туврийкан…
Тўйдон кийин нима десангиз, ҳаммасини қиламан. Ўзингиз ургатасиз.– Ҳали мен сизга русча шеър, қўшиқ айтинг демадим. Одамлар анави
“Титаник”даги инглизча ашулани айтиб беради хотинига. Ҳозир шу мўда бўлган.– Шиволорингизди йэнглизчасиям борма?– Уф-ф, қайси тилда гаплашсам экан-а, бу одам билан. Ўзбекчани билмасангиз,
русчани билмасангиз, инглизчани шева десангиз, мактабда нимани ўқигансиз, эй
инсон!– Гартак ўзбекча, гартак ўрисча, гартак немисча ўқиғандай бўлардиқ…– Кейин-чи?– Кийин оввал ғаллаға – бошоқ теришқа, шўндон сўнг пахтаға оппарарди.– Шунинг учун “Я тебя люблю” деган сўзни ҳам эплаб айтолмайсиз, боринг,
йўқолинг!
Орага бир оз жимлик чўкди.– Гул ўрнига мана бу папкани кўтариб келибсиз! Шунақа нарсани кўрсам,
кўнглим бузилади. Анави сотувчиларни қақшатадиган ревизорлар кўтариб юради
бунақа қоғозларни. Буни нима қилмоқчисиз ўзи? Шунга бошимизни қўйиб ётамиз,
деб ўйладингизми? Чиройли парёстиқлар тиктириб қўйганман сизга деб, эй шаҳар
кўрмаган банда!– Жўғ-ай, бу каттакан омалдорди китаби. Онови жўрам уйига оппорип,
хатоларини тувриламоқчи.– Амалдорларга югурдаклик қилгунча ўзига дурустроқ туфли олсин ўртоғингиз!
Ҳаммаларинг мирқуруқ экансизлар! – Андак жимликдан сўнг аёл шивирлагандек
сўради: – Шунча қоғозни текинга ўқийдими?– Жозғон одамға гўнарар беради!– Гўнарари нима у?– Пул-да, жозғаниға жараша ҳоқ.– Масалан, ўша гўнарардан қанча беради?– Мўндай попқадан жона биттаси бор, йэкковини қўшса, э-се-сер пойтида
битта жоп-жонғи “Волғо”нинг пулини берайкан.– Шунча пул бўлса Қўйлиқ бозоридан тўрт-бешта дўкон сотиб олса бўлади,
билдингизми?– Ҳо-о-о, шўндойма, билмағанаканман.– “Шўндой”лайвермасдан сиз ҳам ҳаракат қилинг! Ўртоғингизга айтинг, ўша
папканинг ҳеч бўлмаса биттасини сизга атасин! Боринг, ҳозироқ шуни ҳал қилинг.
Кейин русчалаб севаман дейишни ўрганинг!
42
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul– Мано, тонишқанимизғаям шўл бугун йэкки ойдан ошти, онови жайди…
кўкрагингиздағи қушчалорди бир ушлап кўрсам бўлама? Хўдди гўбалак гулга
қўнғандай, лаблоримминан искасам дувдим…– Ҳо-о-о, одам бўлмай кетинг, бу гапларни ким ўргатди сизга? Анави шоир
дўстларингизми? Қушчаларниям, капалакниям тўйдан кейин кўрасиз. Ҳозир мен
айтган гапни қилинг!– Биттаға камайиб қомайди-кў!– Йўқ, камайиб қолади!– Некин бўйнингиздағи тилла занжир, ўнға осилған монову олмос тоқинчоқ
жўдо жарашқан-ой! Қонийди шу тоқинчоққа ийлашиб менам кўкрагингизди
сийпалап турсам, мўччи осам.– Тегинманг, кир қиласиз! Бунинг номи “Дил гавҳари”. Пастдаги отделда7
бундан ҳам каттароғи бор. Ким мени чин дилдан севса, ўшани олиб беради. Кейин
кўкрагимдаги бойликлар ҳам уники бўлади.– Мен оппераман, йэрингизман-кў!– Эр бўлмай кетинг, қачон олиб берасиз, мирқуруқ?– Жоқинда редактримиз жўқориға кўтарилади. Ў жайда жўдо катта ишда
ишлайдиған жўралари бор. Кийин ўнинг ўрниға менга куёвжўра бўлётқан ҳанову
жигит ўтади.– Сиз-чи?– Мен ўни ўрниға зам бўсам кераг-ов! Шўнда ҳанову “Тил гувҳари”ни
каттаканидан оппераман.– “Тил гувҳари” эмас, “Дил гавҳари”, жиннивой Бойтук?– Бойтук дийишти кимдан ургандингиз?– Бувим ўргаттила. Уларнинг ҳовлисидаги итнинг номи ҳам шунга ўхшаб
кетади. Ҳа, айтганча, зам бўлсангиз, “Волга”да юрасизми?– Шўндой бўса кераг-ов. Жўра бўғондан кийин олмошиб минайбирамиз-да!– Ҳечам-да, “Волга” мени ишга олиб келиб, уйга олиб бориб қўяди,
билдингизми? Қўшниларим кўриб, ичи куйиб ўлсин-да!– Шўл куннарға жетайиқ йэмасам, омин!
Бойcўра ташқарига чиқиш тараддудига тушганини сезиб, тезда пастга қараб
шошилдим.
Уч-тўрт дақиқадан кейин ташқи йўлакда ошнам пайдо бўлди.– Қоғозларни эсдан чиқарибмиз, уйга олиб кетиб кўришни бошламасам
бўлмайди. Суҳбат қандай бўлди? Янги топшириқлар йўқми?– Бор-кў, некин ҳазир қандай бўлойқан? – деди Бойcўра гапни нимадан
бошласам экан, дегандек тараддудланиб.– Бугун кеч бўлди, сиз келинни кузатиб қўйинг, мен уйга борай. Қолган
гапларни эртага гаплашамиз, – деб бекат томон шайланган ҳам эдим, ошнам яна
нимадир демоқчи бўлди.– Шўл битта гапти ойтмоқчийдим.– Айтинг!– У кишининг жаши сиздан каттароқма дийман-да. Шўнға…– Чеча деб чақиринг демоқчимисиз? Майли, бугундан бошлаб Кичик чеча
деймиз. Каттаси уёқда-ку, тўғрими?– Туври, туври. Некин отини ойтиб, Назакат кеннойи деса жохши чиқама
дийман-да! “Чеча” қишлоқти гапи-кў! Нази десаям бўлойқан, жохши кўрайдиған
бувиси шўндой деп чақирайкан. Чиройли эшитилади-да!– Бўлди, Назокат кеннойи бўлса, Назокат кеннойи-да! Қолаверса, сиз ҳам
мендан бир-икки кўйлак ортиқ йиртгансиз, ҳурматингиз бор. Нази деб эркалаш
7 Бўлимда демоқчи
№ 9 2024 43
Муртазо ҚАРШИБОЙ
яқин қариндошларига, дугоналарига ярашади, бизга тўғри келмайди-ёв! Ҳар
қалай, ўзбекмиз, ўртада ҳурмат, одоб-андиша деган гаплар бор.– Шўндой, шўндой, – деди Бойcўра хурсанд бўлиб. – Некин сиз ойтсангиз
бўлайбиради.
Ферузшоҳнинг зурриёди– Ўл томон, – деб гап бошлади Бойcўра кейинги машваратимизда, – ҳанову
Хева хонини небарасини биринчи бўп ойтиш керагийди, сизор “точка”ға уришти,
кимлорди тўйға таклип қилишти билмапсилор, дияпти.– Бўлди, айтамиз. Бу хонзода дўстимиз туркча, озарбайжонча ва туркманчани
равон ўқиб, яхши тушунади. “Қаранг-а, аслида барчаси бир тил-ку, таржима
қилишга ҳожат йўқ”, деб менга қардош лаҳжаларда битилган китобларни кўрсатиб,
ибратга муносиб ўринларидан ўқиб берарди.
Султон суягини хўрламас, деганлари рост экан, шўро замонида Украинага
сургун қилиниб, ўша юртларда яшаб қолган қариндошларини мустақиллик
йилларида излаб, минг машаққат ила топди. Кейин ўртадаги қариндошлик
робиталарини тиклаб, ғариб кўнгилларини жиндак бўлса-да, обод қилиб келди.
Архивларга кириб, айримларининг фожиали қисмати, дарду ҳасратларини тўплаб,
матбуот саҳифаларида эълон ҳам қилдирди.
Бизга бу сулоланинг аччиқ тақдири ҳақида, умуман, Хева хонлигининг сўнгги
кунлари тўғрисида изтиробли лавҳаларни ҳикоя қилиб берарди. Айни пайтда ушбу
қутлуғ шажаранинг қатағон қилинган юзлаб вакиллари ҳақидаги ҳужжатлар ҳали
архивларда очилмасдан чанг босиб ётгани, бу бегуноҳ инсонларнинг номларини
оқлаш, улар ҳақидаги бор ҳақиқатни халқимизга етказиш зарурлигини куйиниб
гапирарди.
Ҳеч ким билмайдиган яна бир жиҳатни айтайми? Ҳозирги кунда буюк саркарда
ва давлат арбоби Жалолиддин Мангубердининг ҳайкалларида акс этган тарихий
қиёфа ана шу дўстимизнинг юзи ва кўзидан улгу олиб яратилган, билдингизми?
Агар уни ҳам зиёфатга айтсангиз, худди Мангубердининг ўзи тўйга келгандек
бўлади!
Эй, тарихда бунақа тўй бўлганми ўзи! Тасавур қилинг, кимсан, Жалолиддин
Мангуберди ҳазратлари сиймосидаги бир мард инсон келин-куёвни қутлаб турса!
Лекин келин тараф бунинг қадрига етармикан?– Билмадим-ов… Жўқ, жетади, жетади! – деди Бойcўра дафъатан кўзлари
қувнаб. Кейин бир нарса эсига тушиб, нигоҳида ўт чақнагандек бўлди: – Ўша
шоҳзодани Қўйлиқда ҳавлиси боракан, узоққа човуп журмастан, прописқамни
шўникига қўйиб турсам бўмойма?– Эй, шу соддалигингиз қолмади-қолмади-да! У бечоралар ўзи доим қувғинда – гоҳ Хевада, гоҳ Тошкентда, гоҳ Украинада яшаб келган. Прописка дейсиз,
яқин-яқингача ўша уйни росмана расмийлаштиришга ҳам қийналиб юрган эди.
Ҳамма уларга худди “халқ душмани”дек қараган-да! Уйида Украинада туғилган
икки нафар жияни ҳам бор. Боёқишларнинг ҳатто фуқаролиги ҳам йўқ. Сиз билан
менда, ҳар қалай, фуқаролик бор-ку! Шукр қилишимиз керак.– Шўндой, шўндой. Ташқанда жашаб жўрғониминан бу жердоғилордиям
ташпиши кўбакан-да.– Бўлмасам-чи! Энди менга қаранг, – дедим суҳбатдошимга чин дилдан
қайишиб. – Фақат машҳур одамларга ёпишиб олаверманг. Кўряпсиз-ку, мустамлака
тузум ҳеч кимни аямаган, ҳаммани қул, бечора қилиб ташлаган. Савоб учун оддий
оддий меҳнаткаш халқ вакилларидан ҳам айтинг! Масалан, сиз яхши танийдиган
дурадгор-романнавис Темир акани.
44
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul– Хўп, хўп, – деди Cўрақул бечора сомелик билан қўлини кўксига қўйганча.
Кейин сўради: – Ўл кишиниям қизиқ гаплори борма?– Э, бўлганда қандай!
Ўқитувчиликнинг азоби– Уйда хотин киши ўқитувчи бўлмасин экан, Бой ака, – дедим суҳбатдошимга
қараб, – ғурбатдан бошингиз чиқмасдан тамом бўлар экансиз. На кундузи ҳаловат
бор, на кечаси.– Биломан, биломан, – деди ошнам нималарнидир эслагиси келмагандек, кўзида
аллақандай ҳасрат ўти яллиғланиб, – ўзим қишлоқтан шўл ишга чидоёммастан
қочип кеганман.– Э, дардимиз бир экан-да бўлмасам! Шу десангиз, келинингизнинг ишлайдиган
мактабдаги бир ташвиш сабаб Темур акага ишим тушди. Хотиним ўзбек тили ва
адабиёти ўқитувчиси, шаҳар марказидаги жадид боболаримиздан бирининг номи
билан аталадиган машҳур мактабда ишлар, болаларим ҳам ўша ерда ўқир эди.
Синфни таъмирлаш, безаш ва жиҳозлаш тўлиқ муаллим бечоранинг зиммасида.
Буям камдек шанба ва якшанба кунлари бечораларни кўчалар, кўпқаватли
уйларнинг подъездларини супириб-сидиришга олиб чиқишади. Ҳар ҳафтада
ё “Районо” ёки прокуратурадан одам келиб текширади. Ҳаммаси муаллимнинг
елкасига миниб олган. Бечора рафиқам “мени шу азобдан қутқаринг, бошқа иш
топиб беринг”, деб кечалари билан йиғлаб чиқарди. “Озгина сабр қил, онажониси,
болаларимиз улғайиб ўзларини тутиб олишсин, албатта енгилроқ бир иш топамиз”,
деб овутган бўламан.
Шўйтиб десангиз, хотиним синф раҳбари бўлгани учун ёзги таътил пайтида
дастлаб унга бириктирилган хонани парталардан бўшатиб, полию деворларини
биргаликда бўяб чиқдик. Кейин нимадир сабаб билан синфнинг эшиги синиб
қолган экан, уни янгилаш зарурати туғилди. Тоғаларимдан бири Буюк ипак
йўли кўчасидан уч хонали квартира сотиб олган эди. Янги жойни таъмирлашга
киришганида эски эшик-ром, тахта-пахталарини шу яқин орадаги ҳовлилардан
бирида яшайдиган доцент дўстимникига олиб бориб ташладик. Бояги масала
ўртага чиққанидан сўнг Темур акани етаклаб, ўша ошнамнинг уйига бордим.
Эшиклардан яхшисини танлаб, мактабга олиб бориб ўрнатадиган бўлдик.
Бу орада доцент домланинг жўмардлиги тутди.– Шу Темир ака яхши одам, эрталабдан бир савоб иш қилсам, анави савилдан
озгина қуйиб берсам, бир тишлам колбаса билан уриб олса, нима дейсиз? – деди.– Эй, домла бўлмай кетинг, кап-катта мусулмон одам, ҳеч ақлингиз кирмади
кирмади-да, савоб ишингиз шуми? – дедим ноўрин ҳазилдан жиндак ранжиб.
Ҳарчанд йўқ, аввал ишни битирайлик, қолган гап кейин бўлар, дейишимга
қарамасдан, Темур ака, кўнгли бўш одам эмасми, “Савоб бўлади, деяпти-қў,
савоб бўлади, деяпти-қў”, деган баҳона билан ҳалиги заҳарни бир кўтаришда
жиғилдонга урди.
Сўнгра менинг бошқа ишлар билан андармон бўлганимдан фойдаланиб, уй
эгасига “Савобни жуфт қилиш керак эди, мўсулмончилиқ бундай бўмайди”, дебди.
Бундан руҳланган жўрамиз яна қуйиб берибди.
Эшикни машинага юклаб, мактабга олиб бордик. Кейин, кўнглим тўқ ҳолда
ишга кетдим. Рафиқам эса яна аллақаерда мажбурий ишми, мажлисми бор экан,
ўқитувчилар билан бирга ўша ёққа борадиган бўлди. Пешиндан сўнг хотиним
телефон қилди: Темур ака эшикни чаппа ўрнатиб қўйибди…
Бошқа уста топиб, эшикни тўғриладик. Янги ўқув йили бошланишидан
олдин келинингиз ўқувчилари билан парталарни жойлаштирмоқчи бўлибди.
№ 9 2024 45
Муртазо ҚАРШИБОЙ
Шунда зилдек оғир ва бесўнақай парта ўлгур бир боланинг оёғига тушиб, қаттиқ
шикаст етказибди. Хотиним билан бирга шифохонага олиб бордик. Энди ўша
ўқувчининг ота-онаси “боламни нима қилдиларинг, прокуратурага, судга бераман,
Омбудсманга ёзаман, қаматтираман!” деб нақд олти ой сарсон қилса денг.
Хотиним синфни таъмир қиламан, парта кўтараман деб бел оғриги бўлиб
қолди. Лекин бунақа ғалвалардан сўнг касаллиги ҳам эсидан чиқиб кетди. Охири
бўлмади, нашриётлардан бирида ишлайдиган оғайниларим билан гаплашиб,
келинингизни ўша жойга мусаҳҳиҳ қилиб ўтказдиму қулоғим сал тинчигандек
бўлди. Яхшиям шунақа жойлар бор экан, ўқитувчи бечоралар бўлмаса кимга
сиғинди бўлар, қаёққа бориб жон сақлар эди.– Ой, бизда мўндонам жомон бўғон, – деди Бойcўра кўзларини пирпиратиб,
дард халтамни бекор кавладингиз-да, дегандек. – Мактап бошланар-бошланмас
узоқ-узоқ сопхозлорға похтаға опкетарди. Бола бечоралор уч ойлап – совуқтаям,
қор-жомғирдаям – доладан бери кемасти. Прокурорам, милисаям, сопхоз
дириктирлориям, райқўмлорам ҳўқитувчи бечарани бўролатип сўкарди. Бир сапар
йеттинчи синфда ўқийтоған болалордан бири терим мошинаси похта тўкотиған
хирмонға борип ухлап қопти. Жаш бола йерта турип чарчағон-да. Шунда ҳанову
мошиннор қотор бўп, похтасини тўкаман деп кепти. Бола ухлап жотқонини
билмоған-да! Кетинма-кетин кеп похтани тўкайберипти. Бола ухлағон жайида
напас оламмай ўлип қопти. Бир сўтқа изладиқ товилмойди-да. Охири похта
завоттинг йэлеваторида ишлайтиғон жигитлор кўрип, товип опти.
Мактап дириктири бор молини сотип зўрға қутулди. Бўмаса қомолип кетарди
ёв! Шўндон сўнг мактапта ўмўман ишлағим кемай қолди…–
Эй,
қани илм-маърифатли бир жўмард раҳбар бўлсаю бечора
ўқитувчиларимизни бундай азоб-уқубатлардан қутқарса, – дедим қишлоқда
мактаб директори бўлиб ишлайдиган акамга ичим ачиб.– Шўл, ойтқонча, – деди Бойcўра яна нимадир дейишга чоғланиб, – бойноғи
Темир ака сизға рўмон жозиппераман, деп журади, жозмадима?– Э, бу девона ўзини шунақа гаплар билан овутиб, хурсанд қилиб юради-да!
Темир ака даражасидаги жиннилик билан романнавис бўлиш қийин-ов! Бунинг
учун ақл ҳам, қалб ҳам нур билан, маърифат билан йўғрилган бўлиши керак. Нима
эди?– Йэнди сўродим-да! Оғар жозған бўса, ҳанову “Майсазор”ди эгасиға ўхшап
кўтарилип кетама деп ўйловдим-да! Шўндай бўса, бўниём ўл тарапқа ойтсақма?– Ул тарафингизни бошқача романлар қизиқтиради-ёв! Уларнинг романи,
мақоми, ашуласи бошқача, Бойсўрам! Мен “Тижорат” газетасида бир неча йил
ишлаб, савдо аҳлини, уларнинг ўй-хаёлини анча билиб олганман.
Оға
Буни қарангки, “Тижорат” газетаси сабаб бир гап, бир гап эмас, кўп гап эсимга
тушиб, Бойcўрага дедим:– Эй ошна, бир кишини эсдан чиқарибмиз-ку!– Ойтинг, кимакан ўл? – деди суҳбатдошим ўрнидан бир қўзғалиб, менга
ҳаяжон билан тикилар экан.– “Тижорат” газетасининг бош муҳаррири, Кичик чечамиз, э, узр, Назокат
кеннойимиз ишлайдиган ДУМ дўкони директори Шожалил Шоқосимовнинг
жондек яқин ошнаси – Гулиммат Ризаметов. Журналист қавми у кишини “Оға” деб
чақиради. Акром муҳаррир вақт топиб, Оғанинг газетасига ҳам қарашиб туринг,
деб тайинлаган. Тўрт йилдан буён унинг қўлида яримта лавозимда ишлайман.
Тайинли мояна бермаса ҳам, иши қизиқ, мен билмаган соҳа-да!
46
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul
Халқ ўртасида жойлардаги бўлинмалари “райпо”, “матлуботсавдо” деган
номлар билан машҳур бўлган ширкатлар уюшмаси – “Ўзбекбирлашув” ёки Савдо
вазирлигининг мажлислари тез-тез бўлиб турарди. Туб ислоҳот ва ўзгаришлар
даври эди-да! Оға билан биргаликда ана шу йиғинларда иштирок этамиз. Нуқул
савдо-сотиқ, тушум қанчаю чиқим қанча бўлгани, савдо ва умумий овқатланиш
корхоналарини хусусийлаштириш жараёнлари ҳақида гап борарди.
Буёғини сўрасангиз, Миёндарада ўқиб юрган кезларим факультетимиздан
бир кўча нарида “Кооператив институт” деб аталадиган билимгоҳ бўлар, савдо
ходимларини тайёрлаб чиқарар эди. Айтишларича, собиқ Иттифоқда ягона экан.
Институтнинг биноси жуда ҳашаматли қилиб қурилган, ҳовлиси кўркам, ён-атрофи
топ-тоза бўларди. Талабаларини айтмайсизми! Ҳаммаси пўрим кийинган, юзи
кўзи, юриш-туришидаги имо-ишора ва ҳаракатлар ҳам бошқача.
Аксига олиб денг, биз ижарада турадиган ҳовли ҳам институт ётоқхонасининг
шундоқ ёнгинасида жойлашганди. Бу ердаги муҳит, шароит ҳам одамнинг ҳавасини
келтирар эди.
Биз ўқийдиган дорилфунундаги энг гўзал қизлар ҳам негадир кўпроқ ўша тарафга
қараб парвоз қилгиси келарди. Юзида офтоб, кўзида юлдуз балқиб турадиган
ўша хонимлар орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, қандай обрўли лавозимда ишлаб,
“коопертивчи”ларга пеш келиб турганимни кўрса борми, оҳ, бир кўрса борми,
минг жойини чимчилаб, “Эй Худойим, нега шу боланинг шеърларига мафтун
бўлиб, ортидан эргаша қолмадим”, деб, афсусдан нолайи фиғонлар чекса ажаб
эмас. Чунки ҳалиги матлуботсавдо бошқармалари бошлиқлари ҳар мажлисдан сўнг
“Ака, вақтингиз бўлса, бир чой ичиб, мириқиб гаплашсак, бизни ҳам газетанинг
кўзга яқинроқ жойида чиқарсангиз”, деб турса, бундан ортиқ обрў борми? Мен ҳам
сир бой бермасдан, ҳозирча “тепа”нинг топшириғини бажаряпман”, деб қўяман.
Хуллас, Оғанинг шарофати билан “коопертивчи”лар назарида катта одамга
айландим. Бир хаёлим олдимда янги истиқбол эшиклари ланг очилиб турган
фурсатда шу ғурбат олами – филолог бўлишдан воз кечиб юборсамми, деб ҳам
ўйладим. Яна ўзимни тийдим. Ҳар қалай, кўз очиб кўрган касбим-да!
Ҳар ҳафтанинг бошида “Тижорат”нинг масъул котиби Муллахўжа ака телефон
қилади:– Хўжайин шу сонга бош мақола ёзмоқчилар.– Қайси мавзуда? – деб сўрайман.
Газетанинг асосий юкини тортиб келадиган боёқиш масъул котиб ўтган
ҳафтада салтанатнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида бўлган энг муҳим воқеаларни
бир-бир санайди. Демак, ўшалар ҳақида таҳлилий мақола ёзиш керак. У пайтлар
ёш, навқирон эдим, сўзим ҳам, фикрим ҳам осмонда чарх ураётган бургутнинг
кўзини кўрадиган даражада ўткир ва тиниқ, бунақа “бош мақола”лардан нечтасини
бирпасда юмалоқ-ёстиқ қилиб ташлар эдим. Битигим пайшанба куни газетада
босилиб чиқарди. Муаллиф – Оғага “тепа”дан қуюқ мақтовлар ёғиларди.
Мажлисда ўтириб хаёл сураман: агар шу пулдорларнинг биронтаси қўллаб
юборса, Миёндарадаги катта дўкон ёки ресторанлардан бирини ўзимники қилиб
олсам борми, ана унда кўринг ошиғим олчи бўлишини! Бирпасда бой-бадавлат
одамга, йўқ, Олим акадек бизнесменга айланаман-қоламан. Ана унда ўша Нью
Йоркда “юз қабатли иморат” қурган оғамиз ҳам “дипломатиёға ўқинг, депутат
бўлинг” деб бошимни қотирмайди.
Шу пайт “Тижорат” газетасидан ким бор?” деган савол янграйди. Савдо вазири
экан. Оға иккаламиз дик этиб ўрнимиздан турамиз.– Мана шу гапларни газетада яхшилаб ёритасизлар! – дейди у киши Оға тарафга
қараб. – Сизлар эса, – дейди сўнг йиғилиш аҳлига, – газетага ёрдам бериб туринглар,
унда мақолаларинг билан қатнашинглар.
№ 9 2024 47
Муртазо ҚАРШИБОЙ
Мажлисдан қайтар эканмиз, Оғага дейман:– Савдо, маиший хизмат шохобчалари жадал хусусийлаштирилаётган экан, сиз
ҳам биронта дўкон очиб олсангиз бўлмайдими? Балки ишхонангиз ёнидаги ДУМни
оларсиз?– Э, уни олмаға гучимиз йетмас, – дейди Оға, – у жай дим гаттадағин, ғелваси
да гўп.– Некин шўл жайди осалорингиз зўр бўлорди-да! – деди Бойcўра ўзини
тутолмасдан, енгил тамшаниб.– Сизни фақат ДУМ қизиқтиради-а? Оғага яна айтиб кўраман, балки келгусида
олармиз. Нази кеннойимиз ишлайдиган бўлимни алоҳида ажратиб, оилавий
тадбиркорлик қиларсизлар эҳтимол? – дедим худди ҳаммаси менга қараб
қолгандек.– Зўр бўлорди-да, ўзим ҳам шеққа8 ўтип кетордим, – деди Cўрақул кўзида
аллақандай учқунлар порлаб. – Цехқа жугурабериш жонимға тийди.
Комсомол қори– Комсомол қорини ҳам айтиш керакмикан? – дедим яна бош қотирганча.– Комсомол қори ким? Никаҳ ўқийдима?– Ҳа, комсомолчасига ўқийди. Аслида исми бошқа, мен ҳам уни яхши
билмайман. Айтишларича, илгари Атеизм марказида ишлаган, қизил тарғибот
билан шуғулланган. Мустақилликдан кейин эса миллий истиқлол ғояси
тарғиботчиларидан бирига айланган. Китобларини кўрганмисиз?– Жўқ.– Ана, жавонда турибди, – деб кўкиш муқовадаги кўримсиз китобчани қўлга
олдим. – Қаранг, қандай зўр ёзган: “Келажаги буюк давлат бўлган Ўзбекистон
тараққиётнинг машҳур беш тамойили асосида аниқ-равшан кўрсатиб берилган
кенг миқёсли жабҳаларда, “ўзбек модели”нинг руҳи ва мазмунига мос кенг
кўламли ислоҳотлар жараёнида бутун дунё тан олаётган улкан ғалабаларни
қўлга киритиб, босқичма-босқич довонлардан ошиб, ёрқин уфқлар сари изчил ва
қатъият билан бораётганини кўриб, кўпмиллатли, кўпконфессияли, кўппартиявий
жамиятимизнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшилиб, ёш авлодимиз учун
бу шон-шараф мактаби бўлиб хизмат қилган ҳолда, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб
яшашни ўзининг ҳаёт тарзига айлантирган халқимиз турли соҳа ва тармоқларда – бу ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги бўладими, таълим, соғлиқни сақлаш
бўладими, маданият, адабиёт, санъат ва спорт бўладими – барчасида қонун
устуворлигини таъминлаб, жаҳондаги ғоят мураккаб ва таҳликали вазиятни
ҳисобга олиб, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини ошириб, суд-ҳуқуқ
тизимида адолат устуворлигини таъминлаб, эркин бозор муносабатларига
ўтишни жадаллаштириб, иқтисодиётни либераллаштириб ва дивирсификация
қилиб, бу борада аҳолининг кам таъминланган қатламлари, айниқса, қаровчисиз
қолган ёлғиз кексалар, ногиронлар, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёшлар ва хотин
қизлар манфаатларини унутмасдан, “Ўзбекистон – умумий уйимиз” деган
ҳаётбахш тамойилга амал қилган аснода юртимизда тинчлик, миллатлараро
ва фуқаролараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаб, она юрт таянчи бўлган
фермерлик, кичик ва ўрта безнесни ривожлантиришга янада катта эътибор
қаратиб, гўзал диёримизнинг халқаро обрўси ва нуфузини юксалтириш йўлида
бугун ҳар қачонгидан ҳам фидокорона меҳнат қилаётганини барчамиз кўриб,
гувоҳи бўлиб турганимизни алоҳида таъкидлаб, мамнуният билан қайд этсак,
албатта ўринли бўлишини тушунган, англаган тарзда, юрт тинчлиги, Ватан
8 Ўша жойга демоқчи
48
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul
равнақи, халқ фаровонлиги деган ҳаётбахш ғояларни бошимиз узра мағрур ялов
каби баланд кўтариб, жамиятимизда ўта бойлар ҳам, ўта камбағаллар ҳам
бўлмаслиги, ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмаслиги реал факт, яққол
кўриниб турган ҳақиқат эканини эътироф этиб, Имом Бухорий, Имом Термизий,
Имом Мотрудий, Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий, Абурайҳон Беруний,
Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби
буюк аждодларимиз меросини чуқур ўрганиб, уларни Маҳатма Ганди, Жорж
Вашингтон, Уинстон Черчилль сингари инсоният йўлбошчилари, шарқ ва ғарб
мутафаккирлари қарашлари билан уйғунлаштириб, буюк истиқлол ишига хизмат
қилдириш, танлаган йўлимиздан янада қатъият ила олдинга бориш, прагматик
асосда фикрлаб, давр жараёнларидан тўғри ва концептуал хулосалар чиқариш
барчамизнинг энг биринчи галдаги бурчимиз ва вазифамиз бўлиб қолишига,
аҳолимиз, аввало навқирон авлодимизни ишонтириш йўлида ҳар биримиз кечани – кеча, кундузни – кундуз демасдан, жонбозлик ва ташаббускорлик кўрсатиб
ҳаракат қилишимиз нафақат керак, балки шарт ва зарур ҳамдир”.– Вой-бўй, мўнча узун гапакан!.. Сизға ўхшаған биронта одам таҳрир қимағанма
дийман-да?– Э, таҳрир қиламан деган ҳам энасини кўради, гап эмас, боши-кети йўқ, сариқ
печак-ку бу! Ҳалиям, сизнинг вақтингизни ҳисобга олиб, қисқароғини ўқидим.
Сарлавҳалари ҳам антиқа: “Модернизация қилинаётган онг”, “Модернизация
қилинаётган тонг”, “Модернизация қилинаётган бонг” Хай, майли, бу кишини
айтиб ўтирмайсиз, шундоқ ҳам одам кўпайиб кетди, менимча. Сиз, ахир,
комсомолча тўй қилаётганингиз йўқ-ку!– Шўндой, шўндой, мона, ончағина одам бўлди, ҳаммасини жозип олдим,
йэнди ўёққа борип маслаҳат қилип кўрамиз-да, – деди Бойcўра ҳар доимгидек
Давлат универсал дўкони тарафни кўрсатиб.
Ошнамиз тузган рўйхатдаги одамлар “ўёққа” ёқмадими ёки ошнамиз уларнинг
қандай муҳим шахслар эканини тушунтириб беролмадими, ҳар қалай, тўйда
уларга кўзим тушмади.
Яна бир жиҳати – Cўрақул Турдимат ўша давр мезонларига унча тўғри
келмайдиган тарзда, очиқчасига хотин устига хотин олаётгани уларни ҳушёр
торттирган бўлса керак. Билгичларнинг фикри ҳам шундай. Йўқса, энг қадрдон
дўсти Бекман Ботирман лоақал номига бўлсаям бир хабар олиб қўярди-да!
Келмади. Мансаби, обрўсига зарар етади деб қўрқди.
Ниҳоят, никоҳ кунлари ҳам яқинлашиб қолди. Бу орада “Майсазор”нинг
иккинчи қисмини ҳам таҳрир қилишга улгурдим. Китоб ҳам чиқди, меҳнатимга
яраша қалам ҳақи ҳам олдим. Костюм-шимнинг пулини эзгу тилакларим ва
шахсий дасхатим битилган яп-янги китоб – “Майсазор”га қўшиб, Бойcўрадан
Кичик чечамизга бериб юбордим.
Тўй арафасида Cўрақул Тоҳир файласуф иккаламизни чақириб маслаҳат солди:– Қишлоқдан омақим кеган, кечка томон “Мўвий гўмбозлор” ошхонасиға
ўтсаларингиз, тўй олдидан озғана гурунглашип олардиқ.
Тоҳир ака квартирасини таъмирлаш билан банд экан, “Усталарга қарашим
керак, боролмайман”, деди.
Ўзим бордим. Амаки олтмишлардан ошиб қолган, чўққи соқолли, юзи офтобда
қизарган, эгнига енгил яктак кийиб олган киши экан.
Салом-аликдан кейин ошхонанинг ташқи саҳнида, фаввора ёнидаги айлана
столлардан бирига ўтирдик. Cўрақул бизни таништирди. Бобо кўп йиллар туман
миқёсида молия ишларида ишлаган, пенсияга чиққан бўлса ҳам, меҳнат фахрийси
сифатида фаол экан. Яқинда ҳажга бориб келибди.– Қани, ҳожи бува, икки ёшнинг бахтига дуо қилинг! – дедим.
№ 9 2024 49
Муртазо ҚАРШИБОЙ
Меҳмон қадоқ бўлиб кетган кафтларини очиб, астойдил тилак билдирди:– Ой жаратқан Эгам, шўндой куннорға жетқазғанингға шукр, овваламбор,
журтимиз тинч, халқимиз омон бўсин, Ўзбекистонимиз келажаги буюк давлат
бўсин, жашлоримиз биздан кўраям кучли, оқлли, билимли, доно ва олбатта
бохтли бўсин, йэсанниқ, туваллиқминан жанағи ой, жанағи жилларға сағ-саламат
жетайиқ, дуолоримизди ўз даргайида қабул қисин, омин, Оллоҳу окбар!– Акамиз дуониям боплар экан. Ўзиям сиёсий дуо бўлди-да! – дедим Бойcўрага
қараб.– Қишлоғимизда кўпчилик жозувчи, бу кишиям газит-жўрналға ўл-бўл нерсалор
жозип туради. Тўй-маъракалорди очип бериш, даврани қизитишда бўёққа тенг
келадигани жўқ.– Туябошининг “Боборадиёли” денг!– Шўндой десаям бўлоди некин.
Кейин Тошкентга икки киши келишгани, кеча тўй бўладиган жойни, кейин
келиннинг Бойcўра билан келажакда бирга яшайдиган уйини бориб кўришганини
ҳикоя қилиб берди. Ҳамроҳи бугун эрталаб Чирчиқ шаҳрида йигитлик бурчини
ўтаётган аскар ўғлини кўришга кетибди.– Қаранғ-а, дуняда шўндай мард, қўли очиқ одамнор бор. Бир мусопирға энаси
ўппаған қизини берип, жана куявдан бир тийинам омастан тўйиниям ўзлори
ҳесобидан ўтқазса-я! Буям жетмағандай шаҳарди қоқ марказидан йэкки хонали
уйдиям совға қиса! Эй отасиға, бовасиға раҳмат шўндой одамнординг.– Албатта, текин тўй, текин хотин – яхши. Лекин ўртада ёшларни боғлайдиган
нимадир бўлиши ҳам керак, – дедим мен. – Шунинг учун аввало буларнинг
бахтини берсин!– Ойтқонингиз кесин! – деди меҳмон.– Шу баҳона келиб қопсиз, бир-икки кун юриб, тўйниям ўтказиб кетинг-да!– Энди ҳамройимизам бор-да! Ҳадемай Чирчиқдан кеп қоса, қайдасан, Қўшдаря
деп жўлға чиқамиз. Кетайтиғанға жўл жохши-да!– У киши ўзи кетаверар, ёш боламасдир?– Кетишга-кў, кетади, некин жолғиз ўзи қишлоққа борип бир гаплар деп
журама. Шўнинг учун бирга кетканимиз жохши-да!
Бобо мусофир юртда эркак кишига иссиқ-совуғидан хабар олиб турадиган
танмаҳрам албатта зарурлиги, шариатимиз ҳам шунга буюриши, Cўрақул ўзи
кўп яхши, одобли йигит экани, қўлида ҳунари борлиги, шунинг учун Яратган
ҳам яхши, тагли-тугли жойдан яна бир умр йўлдоши ато этаётгани, бу ўзи ота
боболаримиздан қолган анъана бўлиб, “Ўткан кунлар” фильмида Отабек ҳам икки
шаҳарда – Марғилон ва Тошкентда биттадан хотин олиб яшагани, жияни шу эзгу
одатни давом эттириб тўғри қилаётгани ҳақида тўлқинланиб гапирди. Сўз орасида
мана шундай бегона юртда дўст бўлиб ёрдам бериб юргани учун каминага раҳмат
айтишни ҳам унутмади.
Кейин, хайрлашиш олдидан:– Ўзингиз энг жоқин оғайниси бўп, куявжўралиқти жайиға қўйип берасиз
йэнди. Сизға ишондиқ. Бўл бечара иложсизлиқдан шўл ишлорди қиляпти, бегана
жайди расм-русумини ўргатип, қарашип турасиз, – деб тайинлади.
Иккинчи қисм.
Тўй. Мулла излаб
Чамамда, шанба эди-ёв, кун пешиндан оққанда “Чароғон” кўчасида, Гулбозорга
етмасдан, чап тарафда жойлашган, ҳозирги кунда муаззим кўприк қурилган
масканда Тоҳир файласуфни кутиб турдим. У киши зангори тусдаги “Волга”да
50
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul
ёнига куёвбола – Бойcўрани ўтқазган ҳолда етиб келди. Учовлон “Сўлим” турар
жой мавзеси томон юзландик. Бўлғуси чечамиз ўша масканда янгитдан барпо
этилган ширкат уйларнинг бирида, тўртинчи қаватда турар экан. “Қайси жойда
хонаси?9” дея тепага кўтарилдик, икки хонали, чиройли безатилган шинамгина
хонадон экан.
Ичкарида келин билан бирга қирқлардан ошган опаси тайёргарлик ишларини
адо этарди. Тоҳир ака билан бирга пастга тушиб, уёқ-буёқдан гаплашиб турдик.
Москвада ўқиб, ўша пайтда эндигина расм бўла бошлаган ижтимоий сўровлар
ўтказиб, анча кўзи пишган ҳамроҳим мен каби янги сарполар кийиб ясаниб
олган Бойcўрани “Сиз кириб, келинни етаклаб чиқинг, фақат тезроқ бўлинг!” деб
жўнатиб юборганига ярим соатлардан ошди.– Аввал Гулбозордаги сиз боя бизни кутиб олган масжидда никоҳ ўқитамиз.
Кейин тўғри Самарқанддарвозага, “Шошобод” тўйхонасига қараб йўл оламиз, –
деди Тоҳир ака.– У Тошкентдаги энг баобрў жой-ку! Қаранг, Бойcўра чакки эмас! – дедим
ҳайратимни яширолмасдан.– Келин ўткир, – деди Тоҳир ака.– Дарвоқе, мулла огоҳлантириб қўйилганмикан? Яна тополмасдан овора
бўлмайлик! – дедим.– Бойcўрангиз гаплашганман деяпти-ку! Пишиқ бу, – деди Тоҳир ака.
Бу орада парилардек ясанган қаллиғини етаклаган ҳолда Бойсўра пайдо бўлди.
Машинага ўтириб, йўлга тушдик. Аксига олиб масжидда ҳеч ким йўқ эди.– Бойcўра, ўлинг-ай, гаплашганман дегандингиз-ку, қани мулла? – деди Тоҳир
файласуф жиғибийрон бўлиб.– Билмосам, шўл жайда бўломан дувди, – дея куёв бўлмишимиз тайсаллашни
бошлади.
Масжиднинг тўридаги ҳужралардан олтмиш ёшдан ошган отахон чиқиб келди.– Домла ҳажга кетганлар, – деди у киши бизнинг ташрифимиздан ажабсингандек.– Ўлинг-ай, шарманда қилдингиз! – деди Тоҳир ака куёвтўрага қараб.
Шу аснода ҳовлиққанча Жўшқин Салом телефон қилди.– Меҳмонлар тўйхонага йиғилиб бўлишибди, ҳамма бизни кутаётган экан, –
деди Тоҳир ака қўл телефонини чўнтагига жойлаб. Кейин менга юзланиб давом
этди: – Нима қилдик, бораверамизми, балки тўйхонада никоҳни ўзингиз ўқиб
юборарсиз?..– Ҳой, унақа гапни қўйинглар, – деди келиннинг опаси, – менинг синглим
кўчада қолган матоҳ эмас! Никоҳ ўқиттирмасдан ҳеч қаерга бормаймиз! Сизлар
бизни ким деб ўйлаяпсизлар?! Ўртоғингиз қанақа одам ўзи?
Беихтиёр мавлоно Гулханийнинг сўзлари хаёлдан кечди: “Илгари ўткан
яхшилар масалидурким: “Яхши нафас – ярим мол”, бари боламнинг асбоби
кулонкирлигғи минқори билан чангалидин маълум ва равшан эмасдурму?”.
Эй, Гулханий бобо, бу бизнинг сарсон куёвтўра хусусинда ҳам ўзингиз бир
таъриф айтиб юборинг!
Шу онда миям ишлаб кетса денг! Маҳалламизда яхши домла бор эди. Ўғлим
кетма-кет касал бўлавергач, бир сафар ўқиттиргани олиб борганман. Баҳонада йўл
усти уйимдан ҳам хабар олиб ўтаман, деб ўйладим.
Биринчи қаватда, шундоқ қаршимизда турадиган Серёжа амаки билан бирга
деразамиз олдидаги бир тутам ерга гўнг солиб, помидор, булғори қалампири,
лавлаги ва бошқа нарсалар экканмиз. Ер узоқ вақтдан буён дам олиб ётган
эмасми, экинларимиз роса гуркираб кетса денг! Умрида бунақа мўъжизани
кўрмаган қўшниларим ҳайрон. Лекин бир гуруҳ тийиқсиз болалар шу атрофда
тўп ўйнаб, безор қилади. Гоҳо коптоклари мен қўлбола усулда ясаган қўрғонча
9 Ҳофиз Шерозий сатри
№ 9 2024 51
Муртазо ҚАРШИБОЙ– ёғоч тўсиқлардан ошиб, экинзоримизга тушади. Тўпни олиб, ёриб ташлайман,
деб пўписа қиламан. Ҳалиги миттивойлар ялинишга тушади. Иккинчи марта
қилмаслик шарти билан коптокни қайтариб бераман. Аммо мен уйга киришим
ёки экинзордан узоқлашишим билан футбол жиннилари яна чанг-тўзон кўтариб
ўйинни бошлаб юборишади. Шу боис Серёжа амакининг кампири Валия хола
билан биргаликда навбатма-навбат қўриқчилик қиламиз. Бугун қўшни холанинг
гали. Боёқиш нима қилаётган экан?
Ҳовлига кирмасдан, узоқдан қарадим, Валия хола икки қаватли уйимиз
ёнидаги ўриндиқда ўтириб, қўриқчиликни адо этмоқда. Худобезори футболчилар
эса, чиқиндилар йиғиладиган кулба ёнида тўпланиб, пайт пойлашмоқда. Ҳаммаси
яхши, куёвжўраликни давом эттирсам бўлади, деган хаёлда Тоҳир файласуфга
керакли йўналишга қараб ҳайдашни амр этдим.
Келиннинг маҳри
Домланинг дарвозаси ёнида энди машинадан тушган ҳам эдик, етмиш
ёшлардаги кампир елкамдан қучиб илиқ сўрашди. Кимларнингдир номларини
айтиб, “Тузуккина юришибдими?” деб қўйди. “Ҳаммалари яхши, сизни сўраб
юборишди”, дедим. Ҳойнаҳой кимгадир ўхшатди мени.
Мулла бобо энди сигирларини даладан ҳайдаб келиб, уйига кираётган экан,
вазиятни обдан тушунтирдим.– Марҳамат, киринглар! – деб ичкари бошлади мезбон.
Хонтахта қўйилиб, гирдига кўрпачалар тўшалган, деразасиз, чоғроққина хонага
кирдик. Камина тепароққа чиқиб ўтирдим. Ўнг тарафимда – Бойcўра, унинг ёнида
эса келинпошша. Тоҳир ака машинада қолди. “Фақат тезлаштиринглар, вақт
алламаҳал бўлиб қолди, тўйхонадагилар ҳам ичини ит талаб ўтиргандир”, деди у
киши ҳар доимгидек бесабрлик билан.
Дуои фотиҳадан сўнг домла сўради:– Хўш, куёвтўра, келиннинг маҳрига бирон нарса атаганмисиз?
Cўрақулимиз оғзига талқон солгандек жим. Бир лаҳзалик сукутдан сўнг,
буёғини ўзинг ҳал қил, дегандек, менга қараб қўйди. Демак, ҳеч бало атамаган.
Балки хонасига йиғиб қўйган, собиқ “Йўқсиллар овози” жамиятидан мерос эски
туски нарсалардан биронтасини бағишлагандир. Э, қайда, уларнинг барчаси
Туябошдаги рўзғор учун мўлжалланган. Қолаверса, шаҳарлик танноз қиз яғири
чиққан бу нарсаларни бошига урадими? Бўлмаса, нима атайди? Топганини “Шарқ”
босмахонасида ишлайдиган хотин-халажга улашиб чиққан бўлса!– Ҳа энди, топган-тутгани шу келинники-да! – дедим мен бошқа ҳеч бир илинж
тополмасдан.– Шўндой, шўндой! – деди Бойcўра мени қувватлаб.– Йўқ, шариатимиз бўйича аниқ бир нарса аташ керак. Мана, масалан, узукми,
сирғами ёки бошқа тақинчоқларми олиб берганмисиз келинга? Бўлганми шундай?
Cўрақул ўлгур яна жим қотганча ер чизиб қолди. Уйланиш гўё менинг чекимга
тушгандек. Ўзим бирон нарса атаворсаммикан, деб оғиз очишга чоғландим-у, яна
яратган Эгам олдидаги жавобгарликни ўйлаб, тилимни тийдим.– Бўлганми шундай? – деди домла яна одоб билан ошнамга юзланиб.
Мен, тирикмисан, овозингни чиқарсанг-чи, дегандек, дўстимнинг биқинига
туртдим.– Бўғон, бўғон! – деди ниҳоят Cўрақул ўзига келиб.
Никоҳ ўқилди. Ташқарига чиқдик. Аллақачон қош қорайиб қолган эди.
Худди “Ёр-ёр” фильмидаги каби ҳаммани ўзимизга қаратиб тўйхонага кириб
бордик. Мени ҳайрон қолдиргани – Тошкенти азимдаги манаман деган ижодкор
зиёлиларнинг барчаси шу ерда жам эди.
52
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul
Тавба, мен – содда Бойcўрага қанча азиз инсонларни тавсия қилиб ўтирибман-а!
Тўй деса, шундоқ ҳам одам ёғилиб келар экан-ку!
Э, нимасини айтасиз, томошаталаб халқмиз, Бойқўрғондан қоқилиб-суриниб
келган, беш боланинг отаси бўлган тўпори йигитнинг кимсан ДУМдек савдо
марказининг маликаси дейишга муносиб соҳибжамолга уйланаётгани қанчалик
қизиқ бўлса, ана шу икки девонага қўшилиб, менинг ҳам бу ишқий можарога
аралашиб қолганим кимлар учундир янада мароқли эди.
Менким, куёвжўра – Мирмулло сўзим
Ниҳоят, тўй бошланди. Давракаш ўттиз ёшлардаги сўзамол йигит экан. Гапни
кўп айлантириб ўтирмасдан, гўё шу маҳобатли тўйхонада бошқа одам қуриб
қолгандек, мен томон юзландию деди:– Биринчи сўзни бугунги тантанамизнинг асосий қаҳрамонларидан бири
бўлмиш азму шижоатли куёвтўранинг азиз дўсти, ундан молини ҳам, жонини ҳам
аямайдиган яқин сирдоши – куёвжўрага берамиз, марҳамат!
Боятдан буён ҳайратдан лол қотиб турган издиҳом яна бир тўлғаниб тушди-ку!
Афтодаҳол нигоҳим билан зални бир айланиб чиқдим. Журналда бирга ишлайдиган
устоз ва ҳамкасбларим, яна қанча ижодкор дўстларим “Ҳали бунақа қилиқларинг
ҳам бормиди?” дегандек, менга маъноли қараб туришибди. Уларнинг кўзларида
ҳавас кўпмиди ёки ачиниш – билолмадим. Ҳар қалай, омиларча фикрлайдиганлар
“Ўл бу кунингдан, эрта-индин соч-соқолига оқ оралайдиган, беш болани етим
қолдираётган шу азаматни йўлдан оздирган сен экансан-да”, деб ичида мени
дуоибад қилиб ўтирган бўлса ажаб эмас.
Шу ишларнинг бошида Бекман Ботирманнинг ўзи турса бўларди-ку!
Бошимга бундай синовлар ёғилишини билганимда, Қўшиқчи шоир оғамизнинг
оёғиға йиқилиб бўлсаям, арз қилардим: акажон, мен бу ролни маромига етказиб
ўйнашим қийин, санъаткор дўстларингиздан бирини кўндиринг, тўй куни бир
икки соат шу бечоранинг ёнида ўтириб берсин!
Ана унда кўринг эди кўҳна Шошнинг ҳайратдан тўлғанишини. Маҳалла
ва гузарларда, таҳририят ва ижодий жамоаларда эртаю кеч шу гап бўларди:
Қўшдарёнинг Бойқўрғон деган жойидан бир бойвачча келиб, шунақанги тўй
берибдики, кимсан фалончи ҳофиз уч-тўрт соат бадалида қимирламасдан ёнида
ўтирибди.
Э, қанийди шундай бўлса! Аҳмоқнинг ақли пешиндан кейин киради, деганлари
тўғри экан. Айб ўзимда, шундай имкониятни бой бериб ўтирибман-а!
Бағрим ҳасратдан урён бўлиб энди ўрнимдан тураётган ҳам эдимки, Яратганнинг
ўзи қўллаб юборса денг! Лоп этиб хаёлимга машҳур шоиримизнинг қуймадан
қуйма сатрлари келди (барака топсин, вақтида шундай ажойиб шеърни ёзиб
қўйган экан). Менким, куёвжўра – Мирмулло Шермулло ўғли дўстим Cўрақул
Турдимат ўғлининг бахт кечаси, висол айёмида айтар сўзим булдурар, дея нутқ
ирод қилишни бошладим-ку! Ҳей, йиғилган мардумки бор ҳаммасининг оғзи
ланг очилиб қолди. Баъзилари ҳатто йиғлаб ҳам юборди. Сизга ростини айтаман.
Менда ёлғон гапириш йўқ, мутлақо!
Айниқса, шеърий сатрларни бор овозим билан қотириб ўқидим:
Мен бу чўллар бағрида туғилиб, топдим камол,
Кўҳна сардобаларда тўкилиб қолди дардим.
Гўё нар арслондан сут талаб қилган мисол,
Олис шаҳар, кентлардан толеимни ахтардим10.
Кейин дедим:
10 Абдулла Орипов сатрлари
№ 9 2024 53
Муртазо ҚАРШИБОЙ– Бугун барчамизни ўзига чорлаган мана шу гўзал кошонада қўшалоқ юлдуздек
порлаётган бахтиёр келин-куёвга боқиб, Қўшдарёнинг бепоён дашту далалари
бағридан азим Тошкентимизга толе излаб келган қадрдон ошнамиз Cўрақул
Турдимат ўғли ўз бахтини топганига гувоҳ бўлиб турибмиз! Азиз дўстим,
пойтахтнинг энг гўзал қизларидан бири, ДУМ маликаси сенга насиб этгани
муборак бўлсин! Ҳаётинг мудом шундай гўзал ва саодатли бўлсин!
Гулдурос қарсаклар янгради. Орада мусиқачилар ҳам анвойи садолар ила жўр
бўлишди. Чунки оташин нутқим уларнинг илҳомини ҳам жўштириб юборган эди
да!
Менинг шаънимга янграган қарсак ва олқишлардан сўнг навбат куй-қўшиққа
берилди. Маҳмуд Намозов, Равшан Намозов, Ғиёс Бойтоев, хуллас, машҳур оғамиз – Қўшиқчи шоир қайси санъаткор билан дўсти иноқ бўлса, барчаси бирин-кетин
дилбар хонишлари билан даврани қизита бошлади.
Менинг фикру хаёлим уйда, қаттиқ меҳнат эвазига ўстирган экинларимда.
Ишқилиб, Валия хола безори тўптепарларни томорқамизга йўлатмасин-да!
Cўрақулдан менга не наф! Ҳали бу нози чексиз Нази хоним у билан бир йил
яшайдими-йўқми, Худо билади! Ҳайф мендек обрўли куёвжўра шуларга!
Битта прописка учун шунча ташвиш-а!
Эй номард фалак, шугина бандангга қўшиб пойтахти азимнинг ярмини алдаб,
сарсон қилмасдан ўша муҳрли ёзувгинангни ол, қулим, дея беминнат берақолсанг
нетади?
Домланинг эътирофлари
Сўз навбати Васлий домла, яъни, Восилхон Башариддиновга берилди.– Азиз дўстлар, мен ўзим ДУМга яқин жойда тураман, – деб сўз бошладилар
устоз ҳамкасбимиз. – Қачон шу тарафга йўлим тушса, ҳеч нарса олмасам ҳам
албатта бу бинонинг барча қаватларини айланиб чиқаман. Менимча, бошқа
эркаклар ҳам шундай қилса керак. Чунки бу даргоҳда бир-биридан гўзал қизлар,
латофатли аёллар ишлайди. Уларнинг кийиниш, гапириш маданияти, ширин
муомаласи албатта ҳар қандай одамни мафтун этади. Келинимиз айнан ана шундай
фазилатлари билан “Фикрат”дек катта ва обрўли журналда хизмат қилаётган бирам
барно, бирам оқилу доно, жўмард йигитнинг кўнглини ром этгани шубҳасиз. Энди
бугун куёвтўралик либосини кийиб, келинга ой ёнидаги Зуҳро юлдузидек ярашиб
турган Cўрақул дўстимиз ҳақида гапирадиган бўлсақ, буям чакана йигит эмас.
У не-не буюк зотлар етишиб чиққан Қўшдарё воҳасида туғилиб, камол топган.
Тошкент давлат университетининг жуғрофия факультетини аъло баҳолар билан
тугатган бўлса-да, диди ўткирлиги, истеъдоди, ижодга ҳаваси зўрлиги туфайли
журналистика соҳасида ишлаб, ўз ўрнини топиб келяпти.
“Қиз бўлсам, Cўрақулга тегардим”
Боя айтганимдек, “Фикрат” журналида машҳурдан-машҳур инсонлар ишлагани
учун, уларнинг ҳурматини қилибми ёки азбаройи қизиқиш зўриданми, даврага
“юлдуз”лар ёғилгандан ёғилаверди.
Таниқли шоирлардан бири, билмадим, унга сўз берилдими ёки ўзи ширакайф
ҳолда илҳоми жўшиб, тилак билдиргиси келдими, ҳар қалай ўртакаш йигитдан
микрофонни юлқиб олиб, дангал гапни айтиб қўяқолди:– Азизлар, мен бугун қиз бола бўлиб туғилмаганимдан афсусдаман. Агар
Оллоҳ таоло шундай бахтни менга раво кўрганида борми, ҳеч ўйлаб ўтирмасдан,
Cўрақулга тегардим!
54
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul
Қарсак ва қийқириқлар шўх яллаларга уланиб кетди. Ҳамма турган кўйи,
қўлларини ҳавода тўлғаб рақсга тушса, ҳалиги соҳиби қалам ҳамкасбимиз
тиззалаганча муқом қила кетса денг! Тўғриси, “Лазги”да ҳам, “Лезгинка”да ҳам
бунақа антиқа ва жозиб ҳаракатларни кўрган эмасман.
“Юлдуз Усмонова келмадими?”
Мусиқа тугаб, орада бироз танаффус бўлиб қолган эди, меҳмонлар қаторида
шивир-шивир гап бошланди: сеҳрли овоз соҳиби, машҳур ҳофиз Муҳриддин
Холиқов ва унинг укаси Қўшиқчи шоирни йўқлаб келишибди, биргаликда
қаёққадир боришмоқчи экан. Дарҳақиқат, бир неча дақиқа олдин ўйин-кулгига
қўшилмасдан, бир чеккада маъюс бўлиб ўтирган шоир оғамиз санъаткорлар
қуршовида ташқарига қараб йўл олганини кўрган эдим. Гап бу ёқда экан-да!– Ортистлор нега тўхтап қолди? Тўй тугайдима энди? Мўнча тез! – деди
Бойcўра менга қандайдир хавотир аралаш қараб. – Ҳеч ким пул қистирмағониға
ўлор хопа бўлдимиқан-а? – деди сўнгра ниманингдир тагига етгандек.– Э, қизиқ экансиз, ўзини ҳурмат қилган қайси санъаткор зиёли халқидан пул
умидвор бўлади. Муҳриддин Холиқов келган экан, ҳамма уни кутиб олиш учун
ташқарига чиқди, билдингизми? Сиз Нази кеннойига қаранг, зериктирманг!
Бойcўра чечамиз тарафга энгашиб, шивирлади:– Мўҳриддин Холиқип кепти.
Келин парво ҳам қилмасдан, сўз қотди:– Юлдуз-чи, Юлдуз Усмонова қачон келар экан?– Ўнисини билмодим-ов некин… Жулдуз кемаса кераг-ов, журидическийда
ўқип, депутат бўғон, деб эшитувдим. Шўндой катта одам бундой тўйға келама?– Нима қипти, ана, сизнинг хўжайинингиз ҳам депутат эканлар-ку, индамай
келдилар-ку!– Кемаса бўмойди-да, ҳор куни кўз кўзға тушади. Кемаса, одамнор уят қилоди.
Ҳамманинг эътиборини тортган бояги машҳур ҳофиз тўйхонага кирмасдан,
остонадан қайтиб кетди.
Менимча, шу муҳташам кошонада ўтирган эркак зотининг ҳар иккисидан бири
қани менга ҳам шундай тўй, йўқ, йўқ, шундай хотин, йўқ-йўқ, шундай куёвжўра
насиб этса, жонимни сотиб бўлса ҳам, эй элликдан ошиб, олтмишга етсам ҳам
данғиллатиб тўй қилиб берар эдим, деган хаёлга борди-ёв!
Аёллар-чи, дейсизми? Асло сўраманг, барчаси уйига бориб эрларини қасди
бастига олгани аниқ: “Сиз ҳам тўй қилдим, уйландим деб юрибсиз-да! Тўғри,
сиз ҳам данғиллама тўй қилгансиз, лекин-чи, энг муҳими куёвжўра танлашни
билиш керак экан. Шунисида гап кўп экан. Бугун бир тўй бўлди, бир тўй бўлдики,
асти қўверасиз. Келин – гўзал, куёв – ундан ҳам гўзал. Бечора Қўшдарё деган
жойдан экан, котта жўрнолда юқори лавозимда ишласа ҳам келиннинг ёнида
сипогина бўлиб ўтирибди. Ана, камтарлик, ана, одобу маданият, ана, тарбия!
Куёвнинг ёнгинасида ўтирган куёвжўрани айтмайсизми? Оҳ-оҳ, вообще гап йўқ
унга. Шунақа табрик сўзлар айтдики, бутун тўйхона “воҳ” деб юборди. Агар
чи, энг зўр актёрни танласангиз ҳам куёвжўралик ролини бунчалик қойилмақом
қилиб бажара олмасди. Ўзи-чи, куёв ишлайдиган ўша котта жўрнолда главний
редакторнинг зами экан, яп-янги яшил “Волга”да юрар экан. Бу редактор-чи, анави
Верховний Советда депутат экан. Энг юқорида ўтирадиган қайсидир амалдорнинг
ўртоғимиш! Куёв билан куёвжўра бир хил яп-янги импортний костюм-шимда,
кўйлаги, галстуклари, причёскасиям бир хил. Бирам ярашган, бирам ярашган,
қўяверасиз.
№ 9 2024 55
Муртазо ҚАРШИБОЙ
“Ўша куёвжўрани маҳкам ушлаб, тегиб қўяқолмабсан-да!” деса ажаб эмас
рашкдан қоврилиб, орияти қўзғаган эркак зоти бу гапларга чидай олмасдан.
“Тегсам, тегавераман, нима бўпти, ҳали ўн гулимдан бир гулим очилгани
йўқ! Сиз гулнинг фарқига борармидингиз. Ҳайф-ей, сизга ишониб шунча умрим,
хазондек елга сочилиб кетди. Шунча бирга яшаб, менга бир қатор шеър ёки ашула
айтмагансиз.
Ҳалиги, нима эди… Ҳа, шунинг учун тўйда артист деганингиз осмондан дўлдек
ёғилди. Доим журналистларга иши тушар экан-да уларнинг. Сиз ҳам билиб
олинг, ҳали олдимизда нима кўп – тўй кўп! Ҳа, нима деяётган эдим-а, ҳалиги
артистлардан кўпчилигига навбат ҳам етмасдан, эшикдан қайтиб кетса денг. Яна
энг зўрлари, Муҳриддин Холиқов билан укаси навбат кута-кута узр сўраб, қайтиб
кетишди. Келин-куёв фарзанд кўришса, бешик тўйида албатта келиб, бел боғлаб
хизмат қилармиш. Кўрдингизми, ҳурмат қанчалик!”
…Давракаш йигит айтганидек, висол айёми алламаҳалгача давом этди. Тўйни
тугатиб, йўлда кетар эканмиз, Тоҳир акадан уловни Қорақамиш орқали ҳайдашни
илтимос қилдим.– Келин-куёвни бирга уйигача кузатиб қўймаймизми? – деди файласуф. – Ўзи
расми-таомили шу, куёвжўра чимилдиққача бирга бориши шарт.– Мана, тўй яхши ўтди, барча расм-русумларни адо этдик. Қўлимиздан келган
ҳамма ишни қилдиқ. Қолгани – Худодан. Бойcўрамизга Нази опамиз билан бирга
бахт, файзу баракани мўл-мўл қилиб берган бўлсин! Кеннойимизга ҳам куёвига
муносиб бахт, иқбол берсин! – дедим-да, трамвай депоси ётоқхонаси ёнидаги
чорраҳада машинадан тушиб қолдим.
Учинчи қисм.
Тўйдан кейинги ҳангомалар
Бу қандай бахт?
Турган гапки, душанба куни таҳририятда тўй таассуротлари асосий мавзуга
айланди.– Мирмулло, ўзингиз айтинг, ижодкорлардан ким шундай данғиллама тўй
қилган? Тошкентдек азим шаҳарда бунча тантана, бу артистлар, бу шоиру
ёзувчиларни айтинг! Сизнинг тўйингизда шундай бўлганми? Менинг тўйимда ҳам
бўлмаган. Ҳеч қачон! Бу балани омади бор экан ўзи, – деди бош муҳарриримиз.
Энг муҳими, Бойcўра мамнун.
“Нази кеннойимиз қалайлар, сизни ҳурмат қиляптиларми?”, деб сўрадим ундан.
“Қилоди, қилоди, кийим-бошимди жувип, дазмоллап беради. Вообщем,
бўлоди”, деди куёвтўра.
Ўртада янги муаммо пайдо бўлди. Туябоши қишлоғида беш бола билан
бирга изиллаб қолган хотин, тешик қулоқ деганларидек, Тошкентдаги тўйнинг
овозасини эшитганми ёки кимдир атай бориб қўшиб-чатиб бошқа бир гапларни
ҳам етказганми, икки варақни тўлдириб, Акром муҳаррирнинг номига шикоят
ёзиб юбориб.
“Жаноб Акром Мударрисович, менинг эримни нима қилдингиз?” деб
бошланарди бечора заифанинг арзи ҳоли.– Мўни ўзи жазмаған, кимдир тезлаған, рашкини қўзғаған. Йэринг беганаларға
шўнча пулини сарплап жотипти, деган. Ўзи осли уйланишимға қаршимас.
Ташқанд боринг, менга берган ваъдани бажарип келинг, деган, – деди Бойcўра
бошини чангаллаб.
Бу қандай ваъда экан? Ҳойнаҳой, эру хотин ўртасидаги маҳрам гап –
айтилмайдиган сир бўлса керак.
56
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul– Тезда қишлоғингизга бориб, бу масалани ҳал қилиб келинг, бўлмаса ишдан
кетасиз! – деди бош муҳарриримиз қатъий қилиб.
Биз жойлашган бинонинг собиқ эгаси бўлган “Йўқсиллар овози” жамияти
тугатилганидан сўнг унинг мол-мулки ҳеч ерга сиғмай кетди. Катта экранли
рангли телевизорлар, кондиционер, холодильник, бақувват арғувоний тусдаги
стол-стуллар, пўлат сейфлар, китоб ва кийим жавонлари, биллур сувдону
финжонларнинг саноғи йўқ. Муассасанинг ишлар бошқарувчиси бутун жамоаси
билан бирга шунча сарват ичидан энг сараларини танлаб, аввало раҳбарлар, сўнгра
ходимлар ўтирадиган хоналарга жойлаштириб чиқди. Лекин шўро ҳукумати ушбу
жамиятга улкан саховат ила улашган бу мол-мулк камайиш ўрнига баттар кўпайиб
бораётгандек эди. Бинонинг ертўла қисми, биринчи қаватдаги кичик мажлислар
зали нарсага тўлиб кетди.
Бойcўра иши пишиқ одам-да, ана шу ҳеч қайга сиғмай ётган ашқол-дашқолдан
нақд бир машинага жой бўладиганини йиғиб, асраб қўйган экан. Норизо
аёлининг кўнглини олиш учун шуларнинг барчасини катта юк машинасига ортиб,
Бойқўрғонга қараб йўл олди. Олис қишлоқда битта рангли телевизор, холодильник
ёки кондиционери бор оила энг бадавлат ҳисобланади. Махсус ёстиқчаси бор
дивану креслоларни-ку гапирмай қўяқолайлик. Яна денг, Cўрақул дўстимиз
булардан бир донадан эмас, қўша-қўша олган.
Ота-бобосининг тушига ҳам кирмаган шунча бисоту бойликни кўриб, ҳар
қандай қишлоқ аёлининг ҳам боши айланиб кетади-да!– Хотин оғанингизминан ишим жўқ. Менга берган ваъдасини унуттимиқан,
деб хавотирим ошти. Йэркак зотини жиловидан тортип турмаса бўлама! – дебди
ошнамизнинг вафодор аёли – Катта чечамиз.
Бойcўра бир ойдан кейин мамнун ҳолда қайтиб келди.
Демак, “асал ойи” давом этади.
“Кампир” тилга кирди
Йўқ, буёғи тинчгина давом этмади, бамисоли балиқчи ва олтин балиқча
ҳақидаги эртакдагидек бўлди. “Кампир” тилга кирди – тўй олдидан эртак абадий
давом этади, дея хомхаёлда юрган Бойсўрамиз янги аёлидан кетма-кет “буюртма”
олиб, денгиз бўйига, э, йўғ-ей, эски қудуққа, яъниким, камина Мирмуллабек
ҳузурига келиб, тинимсиз арзи ҳол қилар эди.
Дастлаб, тўйдан уч ойча ўтиб, никоҳ кечаси видеотасвирга олинган лавҳалар
тайёр бўлган экан, буни “ойнаи жаҳон” орқали кўрсатадиган қурилма нимадир
бўлиб ишламай қолибди.– Уста топиб келинг, тузатиб берсин, опа-сингилларим, жиянларимни чақириб,
тўйда ким қандай кўйлак кийиб ўйнаганларини мириқиб кўрайлик! – дебди Кичик
чеча.
Ҳалиги кампир бувиси ҳам шу ерда экан, гапга аралашибди:– Бойтук, зачем нам уста? У твоего куёвжўра есть “Боборадиёл”, мастер
настоящий, его надо привести11, – дебди ақиқа кўрмаган момо.– “Боборадиёл” уста эмас, академик, Бойcўра, ўйлаб гапиринг! Унинг
телевизор тузатишга ҳеч қандай дахли йўқ. Ана, Темир ака дуродгор бўлсаям,
физика факультетида 3-курсгача ўқиган. Шуни олиб боринг, “Боборадиёл” деб
таништирасиз, биров билиб ўтирибдими? Иш ҳақига анави зормандадан жиндак
қуйиб берасиз, қайтага арзон тушади.
11 Бойтук, бизга уста нима керак? Куёвжўрангнинг «Боборадиёл»и бор-ку, ҳақиқий уста, шуни
олиб келиш лозим.
№ 9 2024 57
Муртазо ҚАРШИБОЙ
Ҳалиги қурилма нотўғри улангани учун видео кўрсатмаётган экан, Темир ака
дарров йўл-йўриғини тушунтириб, ишлайдиган қилиб берибди.
Кичик чечамиз раҳмат айтиш ўрнига “Боборадиёл”ингиз сассиқ экан, тезроқ
кетсин!” дебди.
Қандайдир қоғозларни титкилаб ўтирган бувиси эса “Русчани яхши гапирар
экан, молодец, ўзи шунга тегиб қўяқолсанг бўларкан. Битта бола туғиб олсанг
бўлди-да! Анави Бойтугингнинг гапига тушуниб бўлмайди, ғурракдек “ғур
ғур”лайдими-ей, билмайман!” дебди.
Регистондек уй қурса
Кичик чечамизнинг бизнесмен акаси бўлиб, Юнусободда собиқ “Зенит”
заводи атрофидаги янги маҳаллалардан бирида яшар экан. Дастлаб бир қаватли
данғиллама уй қурибди. Ёнига анча йиллар ички ишлардами, прокуратурадими
ишлаб, пенсияга чиққан, ҳозирги вақтда бир нечта тўйхона, кафе ва дорихонага
эгалик қилиб келадиган уддабурон бир киши кўчиб келибди ва икки қаватли
росмана қаср барпо этибди.
Бизнесмен эмасми, турган гапки, ҳалиги қаҳрамонимизнинг иззат-нафси
ерга урилгандек бўлибди. У дарҳол аввалги иморатини таг-туги билан қўпориб,
ертўласи билан бирга икки ярим қават қилиб янги, тоза ғишт ва материаллардан
Венециядаги барокко усулида янги уй солибди.
Қўшниси ҳам кўпни кўрган, таниш-билиши мўл одам экан-да, тинч ўтирармиди.
Улар билан маслаҳатни бир жойга қўйиб, бояги икки қават устига яна бир қават
девор тиклаб, ёнидаги бинодан ярим ҳисса юқори кўтарибди. Бутун ҳовлисига
Париждаги Елисей майдонини эслатадиган меъморий тус берибди.
Бизнесмен оғамизнинг боши қотибди: нима қилмоқ керак? Дунёнинг яна
қайси азим кентидан улгу олиб, барчани қойил қолдириш мумкин? Синглисидан
кенгаш сўрабди. Не қилса ҳам жигар-да, шу онда эгачининг ҳам мияси ишлаб
кетса денг! “Бир одам бор, Нью-Йоркда нақд юз қаватли иморат қурган, – дебди
синглиси мушкул жумбоқ олдида иложсиз қолган акасига чин дилдан ачиниб. – Ўзи Америка фуқароси, лекин ДУМнинг орқа тарафида котта фирмаси бор,
бекорчиликдан куёвингиз ишлайдиган идорага ҳар куни келиб гап сотади. Шуни
чақирайлик, сизга ҳам озгина гап сотиб, жўяли маслаҳат берсин”.
Ака бу фикрдан яйраб кетибди, “Миянгга қойил, чиндан ҳам биздан нима кетди,
қулинг ўргилсин бир паловхонтўра дамлаб, шу одамни маслаҳатга чақирамиз,
Бойтукга айт, вақтини билиб, кунини тайин қилсин”, дебди.– Шўни йэнди бир нерса қимасақ бўмайди-ёв, – деди Бойcўра. Бир оз ўйланиб
тургач, яна гап қотди: – Яки жана Темир акани оппорамизма?– Э, қизиқмисиз, бу масалада у “номер” ўтмайди, ўйин қилаётганимиз билиниб
қолади. Бу сафар дунё кўрган, ақлли ва бамаъни одам керак. Бизнесменни
ишонтириш осонми? Яхшиси, Олим аканинг ўзини кўндирамиз. Бойcўранинг
янги қариндошларидан бири меҳмонга чақиряпти, деймиз, тамом-вассалом!– Бўмоса шўндой қилойиқ.
Муборак жума куни зиёфатга борилди. Олим ака мезбоннинг уйини ҳам, ён
атрофдаги иморатларни ҳам синчиклаб кўздан кечирди. Кейин дастурхон устида
фикрларини айтди:– Ман бу одамларға сера тушунмадим, улар ўзлари яшаш учун қурадиларми ёки
тўрист келсун, томошо қилсун учун қурадиларми? Ўзлари учун қурсалар, пахса
девор қилиб, қишда – иссуқ, ёзда – салқин бўлатурғон этиб кўтарсунлар! Қуруқ
бетон, сирте – ялтироқ, иче – қалтироқ бирнема иморат кимга даркор? Тўрист учун
бўлса агар, майли, қурсун. Лекин тўрист Франсоға, Италиёға, Олмониёға, Юнонға,
58
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul
Испанға бораде, бу ерга нега келсун? Аслиёт турғонда нўсхане нима қилсун? Ана,
бизни боболар Самарқанға – Регистонни, Бухороға – Минораи колонни, бо яна
Масжиде калонни қурдилар-ку? Биз нега шулардан олмаймиз нусхане? Мислие
Амириқо юз қабат, юз ўн қабат қурса бўладе, аммо бу Ўзбакистон эмас, Амириқо
бўладе.
Сўнг муҳтарам меҳмон қўл телефонидан ўзи қурган баланд-баланд биноларни
кўрсатди.– Шуларни агар қурсангиз, марҳамат, ман берайин ёрдамне, локин уларни
тўлдириш учун одамни қаёндан топасиз? Бу ер Амириқо эмас-ку, бу ерда ҳар
кимнинг ўз уйи бор-ку?
Гурунг қизигандан-қизиди. Бозор қайтиш куни Бойcўрадан таассуротларни
сўрадим. Унинг айтишича, ҳалиги бизнесменга Олим аканинг гаплари хўб маъқул
бўлибди. Айниқса, Регистон ҳақидаги фикри ёқиб тушибди. “Бўлди, ҳовлини энди
Регистонга ўхшатиб қураман, гумбазлари қўшнининг томидан икки-уч баробар
баланд бўлади, Қибрайдан туриб қараса ҳам кўриниб туради”, дебди.
Илтимос, илтимос ва яна илтимос
Нази кеннойимизнинг боя тилга олинган бўлғуси ёзувчи жияни филология
факультетини тугатиш арафасида “диплом иши” ёзаётган экан, шугинага икки
нафар таниқли адибдан тақриз керак бўлиб қолибди. Айнан ҳалиги тўйга айтилмай
қолган Аминжон Бобоев ва Хурсаной Сиддиқовадан бўлсин, дейилибди.– Шу Бойтукжон қурғурнинг бахти учун нималар қилмадик, майли, савоб
бўлса, тугал бўлсин! Ишқилиб тинч яшаб кетсин! Пропискасиям, уйиям ҳал
бўлсин! Нима бўлганда ҳам шу ишга бош қўшган одамлармиз, эртага бирор кор
ҳол бўлса, уялиб юрмайлик, – деб, Тоҳир файласуф устозлардан розилик олиб, ана
шу иккита тақризни тўғрилаб берди.
Мардлик бобида манаман деган эркакларни ҳам йўлда қолдириб кетадиган,
оппоқ рўмолини бошию бўйни оша танғиб, икки учгинасини елкасига ташлаб
юрадиган Нотиқ опамиз:– Майли, Cўрақулжон учун керак бўлса диплом ҳимояси куни бориб, ўша
қизгинани таърифлаб беришга ҳам тайёрман, – деди.– Э, устоз, бундан ҳали-бери қутулмаймиз, ҳаёти энди бошланяпти буни! –
деди Тоҳир ака кулимсираб.– Майли-да, болам, ўзбекмиз, ўзбегимга хизмат қиламиз-да, ўзим гиргиттон
бўлай! Бу бечораям мендек ўқитувчи бўлиб, кўп азоб тортган. Ўқитувчига қанча
ёрдам қилсак арзийди, – деди опа ҳар доимгидек жарангдор ва майин овоз,
донишмандларга хос нимтабассум билан.
Ўша кезлари “Шаҳзод” гуруҳи деган мусиқачиларни тўйга айтиш расм бўлган
экан, опаларидан бирининг базм кечасига дохил маслаҳат йиғинида Кичик чечамиз
катта ваъда бериб юборибди:– Ҳамма “Шаҳзод” гуруҳини айтса, мана, кўрасизлар, мен Шаҳзоданинг ўзини
тўйга олиб келаман!
Кечаси Бойcўрани қасти-бастига олибди:– Опамнинг тўйига Шаҳзодани олиб келасиз, мен ҳамманинг олдида ваъда
берганман!
Эртасига ошнамиз бошини чангаллаб кириб келди. Унга қўшилиб биз ҳам
пешонамизни қашиладик. Бу келин тушмагур қайси Шаҳзодани истаяпти:
“Мушт кетди” журналида ишлаган хонзода дўстимизними ёки бошқа бир эстрада
“юлдузи”ними? Барака топсин, бахтимизга Қўшиқчи шоиримиз бор экан,
жонимизга ора кирди:
№ 9 2024 59
Муртазо ҚАРШИБОЙ– Бу аёллар ҳамма балони билади, ҳозир чиндан ҳам Шаҳзода деган ажойиб
қўшиқчи чиққан, шуни гаплашиб кўрамиз.
Бу синовдан ҳам бир амаллаб ўтиб олдик.
Барча можароларни кузатиб бораётган Тоҳир файласуф бир куни ахийри
Бойcўрани ёнига ўтқазиб, деди:– Ўзбекнинг энг марди, бобохўрози ҳам битта илтимосни миқ этмай бажаради.
Иккинчисига келса, пешонаси сал тиришади. Учинчи чизиқдан ўтилганида эса
бор, жўна, русчасига айтганда, “пошёл”, дейди. Бойтук, бўлди-да энди! Бу келинни
сал қўлга олмасангиз бўлмайди. Ҳамма ресурслар тугаб бўлди. Пушкиннинг
олтин балиқчаси ҳам учинчисидан кейин чидамаган. Қолаверса, журналнинг
ишиниям ўйлаш керак. Сизнинг касрингизга кўтариладиган одамларнинг иши ҳам
тўхтаб турибди. Бизлардаям оила, бола-чақа бор, лекин ишни вақтида қиламиз,
аравамизни ўзимиз тортамиз.– Туври, туври, – деди Бойcўра, – мано жоқинда йэна бўламан деб турипти,
Худо халаса, инсопқа кеп қолар…–
Э, муборак бўлсин! Шу янгиликни олдинроқ айтмайсизми? Шунча
инжиқликларнинг сабаби бу ёқда экан-да!
Ўғил муборак!
Ниҳоят, Бойcўра ўғилли бўлди. Бениҳоя хурсанд. Орадан бир ҳафта ўтар
ўтмас, ақиқа қилиш ташвишига тушиб қолди. Кекса бувининг ҳам неча йиллик
армони ушаладиган, бечора тинчгина қабрга кетадиган бўлди. Шунинг учун жуда
жиддий тайёргарлик кўрилибди. Бу анжуманга яхши бир мулла топиш вазифаси
бойқўрғонлик куёвга топширилибди.– Шўл келинингиз Комсомўл қори кеса, дияпти. Чўнки ўл киши замонни
талабини тушунайқан, кийин номиниям бошқалор эшитмаған одам-да! Ҳамма
габини қизиқишминан тинглайди, дияпти – деди хотинининг илтимосларини
бажаришдан чарчамаган ошнамиз.– Лекин у киши лицензияси бор росмана мулла эмас-ку, динимиз арконларини
билмайдиям. Э, сиз тушунинг, кўпчиликнинг орасида Қуръон тиловат қилиш,
қоидасини келтириб маъруза ўқиш осон эмас! Қўйинг, яна шарманда бўлиб
қолманг, Комсомол қори буни эплолмайди, – деди Тоҳир файласуф.– Менга қаранглар, ана, Кичкина эшонни олиб боринглар! Унча-мунча намоз
ўқиб, диндорлар билан ошна тутиниб юради, – деди Акром муҳаррир.– Бўлмайди, – деди Тоҳир ака, – орага бўлар-бўлмас гапларни қўшиб, гапни
чувалаштириб юборади. Яхшиси, Педуниверситетда меҳнат дарсини ўтиб
юраверсин!
Ўша кунлари Олим ака “Юр, ота юртимизни кўрсатиб келаман”, деб
Афғонистондан бир таниш ошнасини етаклаб келган экан. Ёшлигида Мисрда,
Саудияда яшаб, ўша ўлкаларда яхши диний таълим олган эмиш. Тоҳир ака “Шу
одамни олиб бориш керак, кўпчилик учун янгилик бўлади”, деб қолди. Кичик
чечамизнинг қариндошларига ҳам шуниси маъқул бўлибди. “Чет элники барибир
яхши-да!” дейишибди улар.
Маърака бўладиган жойга борибдилар. Кириш йўлаклари деворларига
алломаларимизнинг расмлари, шаҳар ва қишлоқларимиздаги ўзгаришлар акс
этган лавҳалар осилган экан. “Ман бундоқ бидъатлиқ жойларға ҳаргиз қадам
урмаймен. Динимиз арконлариға кўра, одам сурати турғон жойда Қуръон тиловат
қилмоқ ножоиздур. Уларға боқмоқнинг ўзи-да куфрдур”, деб қайсарлик қилибди
хорижлик меҳмон. Вақтинча расмларни олиб қўйибдилар. Олим ака кўпни кўрган
60
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul
ҳушёр одам-да, “бу ёшлик қилиб яна бир балони гапириб қўймасин”, деб “амри
маъруф усулинда жиндак маъруза қилмоқ – мандан, тиловати Қуръон эса сиздан
бўладур”, дебди. Меҳмон ёши улуғ ҳамроҳининг таклифига рози бўлибди.
Мезбонлар ақиқа сабабчилари икки нафар – янги туғилган чақалоқ ва етмиш
ёшга яқинлашиб қолган буви эканини Олим акага обдан уқтиришибди. Лекин нима
бўлибдию донишманд оғамиз сўз айтиш асносида айни шу жиҳатни фаромуш
қилибди.
Нима қилсин, биринчи марта бундай масъулиятли вазифани бажариши,
ҳаяжонланган-да, боёқиш!
Шунда хизматкор йигитлардан чаққонроғи бир парча қоғозга битилган
эслатмани маърузачига олиб келиб берибди. Беихтиёр Олим ака ўзи ҳам ўта оғир
замонларда туғилиб, вақтида бундай эътибор ва эҳтиромдан бебаҳра қолганини
эслаб, кўзда ёш билан дебди: “Азизлар, шул бугун ҳаммамез яна бир ибратлиқ
маросимға гувоҳ бўлиб турибмиз. Золим шўро даврида худди ман каби қувғинға
учраб, ақиқа ва бошқа динимиз буюрғон урф-одатлардан мосуво бўлғон, мана
шундай саодатли онларни қарийб етмиш йил интеқ ва интизор бўлиб кутган
муҳтарама онахонимизни ҳам янги туғилғон гўдак мисол эъзозу эҳтиром этуб,
юрагимиз тўридон чиқатирғон тилак ва таманноларимизни ул зотға бағишлаймуз.
Қанча оталаримиз, боволаримиз мана шундай армонлар билан қийналиб яшаб
ўтдилар. Яратган Эгамга минг-минг шукрлар бўлсун, туғилаётқон ва туғилажак
болаларимизда бундай армонлар энди серо бўлмайди. Адолат, мана, кечикуб
бўлса ҳам асл соҳиби ва соҳибалари томон юз бурмоқда. Мисли ўзим ҳам қайта
туғилиб, ақиқа кўргондек бўлмоқдаман. Барчамиз истиқлолиётқа, маъновиётқа,
исломиётқа, одамиётқа қайтғон бундай шўкўҳли кунлар муборак бўлсун! Бул
кунларнинг ҳар дақиқаси Оллоҳ таоло бизга ато эткон бебаҳо инъом, ақиқа
шодиёнаси бўлмай нима бўлсун!”
Бу сўзларни эшитиб, кекса қариндошлар “Эссиз, биз ҳам номимизни қўштириб
юборсак бўларкан, зўр гаплар айтилди”, деб армон қилиб қолишибди. Уларнинг
ёнидаги ақли пешроқлари эса “Хафа бўлманг, ўғил-қиз ва набираларимиз бор-ку,
ҳали улгурамиз”, деб кўнгилни тўқлашибди.
Хуллас, тадбир яхши ўтибди. “Чет эллик – барибир чет эллик-да”, деб мезбонлар
ҳам хурсанд бўлишибди.
Фалокат – оёқ остида
Орадан кўп ўтмай, ошнамизнинг уйида кўнгилсизлик юз берди. Куппа-кундуз
куни келин чақалоғи учун дўкондан сут олиб келаётган экан, подъезд йўлагида,
зинапоя остида бекиниб турган аллақандай қўрқинчли нусха қўққисдан унга
ташланиб, қулоқларидаги олтин сирғаларини ўғирлаб кетибди.
Бойcўра кечга томон ишдан келса, келин мотамда, роса дийдиё қилибди:– Сизга ўзи хотин ҳам, ўғил ҳам керак эмас. Менинг уйда ўтирганимдан
фойдаланиб, ДУМдан яна биронтасини топиб олгансиз. Кун бўйи бундай бир
хабар ҳам олай демайсиз. Тушликда бир келиб, шу сутгинани олиб келиб бериб
кетсангиз бу кўргулик йўқ эди. Одамлар онаси, хотини учун нималар қилмайди.
Ваҳший айиқ билан олишиб бўлсаям оиласининг олдига етиб бориб, ҳолидан хабар
олади. Сиз эса бир алкаш пиёнистадан ҳам хотинингизни ҳимоя қила олмайсиз.
Боринг, йўқолинг! – дебди.
Cўрақул ҳарчанд тинчитишга уринмасин, хотиннинг ҳасрати тугамабди.– Мойли, мелисаға тилпон қип ойтамиз, шўл уррини товади. Вослий домлани
ули Ичқи ишлор возирлиғида ишлайди, илтимос қисақ, қаттиқ назоратқа олади.
№ 9 2024 61
Муртазо ҚАРШИБОЙ– Милисангиздан иш чиқмайди, – дебди хотин. – Сиз кимдан ёрдам сўрашниям
билмайсиз, боринг, анави Афғонистонда бир халта тилла-кумуш тангани топиб,
эгасига қайтариб берган ошнангизга айтинг, бир иложини қилсин!
Бу гапни эшитиб, Бекмурод ака ўйланиб қолди.– Афғондағи шароит билан бу ердағи муҳит бошқача-да! У ерда кўпчилик бир
бирини яхши танийди. Бизда эса, ўзингиз биласиз, кўп қаватли уйларда қўшни
қўшнисидан бехабар. Танисаям танимасликка олади. Шунинг учун узр, мен бу
масалада ёрдам беролмайман, – деди жангчи дўстимиз қўлини кўксига қўйганча
ғамгин жилмайиб.
Оналар йиғламасин!
Нози кўп Нази кеннойимизнинг бир жияни икки боласи билан хотинидан
ажрашмоқчи бўлибди. Ота-она, қайнота-қайнона, маҳалла-кўй аралашибди –
натижа йўқ эмиш. Куёвбола ҳеч кимнинг гапига кирмайдиган, ўта қайсар, кечалари
билан аллақаерлардадир санғиб юрадиган йигит экан.
Қариндош-уруғ нима қилишни, ёш оилани қандай сақлаб қолишни билмасдан
боши қотибди. Шунда филолог жиян жўяли гап айтибди.– Ҳар қандай тошюракни ҳам эритиб юборадиган гапга уста опа бор,
телевизорда кўп чиқади. Бойтук поччам шуни топтириб келсин! Шундан бошқаси
бу ишни эплолмайди.
Собиқ терговчининг кенг ва баҳаво ҳовлиси ўртасидаги шийпончада қариндош
уруғ жам бўлибди.
Хурсаной опамиз қаршисида ўтирган ёш эр-хотинга қараб сўз маржонларини
тиза бошлабди:
Ўзбегимнинг уялгани – тирик ерга киргани,
Ор-номусдан ажралгани – ҳаёт бўлиб ўлгани.
Бир болам гар етим қолса, мен қайларга борайин,
Эркаклардан ғурур кетса, кўксим кимга ёрайин?
Оҳ, ўзбегим, Оллоҳ берган ўзлигингни унутма,
Ўткинчи ҳавас дея ўзингни ўтга отма!
Оила – бу Оллоҳ берган энг муқаддас қўрғоним,
Оила – бу ор-номусим, оила бу – виждоним.
Шундай бахтни етим ташлаб, бахтни қайдан топасан?
Ёринг бўлса ўзинг – султон, ўзинг – масжид, Каъбасан.
Даврадагилар, айниқса аёллар бу ўтли нидоларга чидолмасдан пиқ-пиқ йиғлай
бошлабди. Ҳалиги йигит безбетларча ўқрайиб дебди:– Ҳой, она, овора бўлманг, мени барибир йиғлатолмайсиз! Ёш бола эмасман,
сиз айтаётган чўпчакларга ишонмайман! Қаёққа борсангиз боринг, йўлимдан
қайтмайман!– Вой ўзим ўлиб қўяқолай-да, жоним болам! Она деган тилингга қоқиндиқ
бўлай-да! Илойим, ҳеч қачон йиғлама! Лекин сен йиғламасанг, мен йиғлайман-да,
жоним болам, мен йиғлайман! Менга қўшилиб, оиланг, болаларинг йиғлайди-да!
Уларга қўшилиб еру осмон йиғлайди-да! Кўксингдаги ғурур, виждон йиғлайди
да! Забонингдан тавонинггача йиғлайди-да, болажоним! Йиғлай-йиғлай яратган
Эгамдан шу гўдакларнинг бахтини сўрайман. Бутун вужудидан жаннатнинг
ҳиди келиб турибди-я! Юриши – бир мўъжиза, туриши – бир мўъжиза бу меҳр
хилқатларининг! Ким буларни бунча тотли, бунча азиз ва лазиз қилиб яратди
экан-а! Нур ичида нур-ку булар! Ҳаёт ичра ҳаёт-ку булар! Қувонч ичра қувонч-ку
булар! Ўзбегимнинг бахти, келажаги-ку булар!
62
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul
Кутилмаганда мўъжиза юз берибди. Шу пайтгача қилт этмай турган йигит
ўзини илкис ерга ташлабдию тиззалаган кўйи ерни муштлаб, “Бўлди, онажон,
бўлди, хатомни тушундим, Шаҳи, мени кечир”, дебди сўнг хотинига ўгрилиб.
Хурсаной опа шийпон саҳнидан тушиб йигитни қучибди.
Терговчи ҳам ожиз
Кичик чечамизнинг суюкли бувисининг хўжайни “ўзбеклар иши” даврида
терговчиларга қилинган зулм ва таъқиблар ҳақида эсдаликларини китоб қилиб
ёзган экан. Бойcўра шуни кўтариб келса денг!– Бу нима, янги қариндошларингиз яна бир балони бошлаяптими дейман-да!
Эй, сиз менга қаранг, ҳадеб уларнинг хизматини қилавермасдан, ўзингизнинг
мушкулингизни ҳал қилиш ҳақида ҳам ўйласангиз-чи! Мана, фарзандлик
бўлдингиз, энди келиннинг олдига ота сифатида масалани дангал қўйинг: “Мениям
уйингга рўйхатга ўтказ”, денг. Бўлмаса, шўлтайиб юраверасиз.– Шўл прописқа бўмайдима дийман-да!– Нега, унда нима учун уйландингиз!– Уй ҳанову момони номидайқан-да!– Ўҳ, ярамас кампир, ишни олдиндан пухта қилган экан-ку! Бутун бошли
журналдаги шунча ақлли, ўқиган одам шу кампирнинг тузоғига илиниб
ўтирибмиз-а! Энди буёғи неча пулга тушди? Ўзингиз ҳам латта экансиз-да! Тўйдан
олдин барчасини қатъий гаплашиб олиш керак эди. Бўлмаса, тўй бўлмайди,
деб қишлоғингизга жўнаб юборганингизда борми, булар маҳалла-кўй ўртасида
шарманда бўлишдан қўрқиб, орқангиздан югуриб боришарди. Ана энди ҳаммаси
бефойда, ўзингиз қармоққа тушиб ўтирибсиз!– Мен мўндайчағин ишлорди тушунмосам. Бир жостиққа бош қўйғандан кийин
олдомайди деб ўйлаппан-да!– Мана, алдади-ку, битта сизнимас, бизни ҳам лақиллатди. Хай, майли, бўлар
иш бўлди. Хўш, қўлингиздаги матоҳ нима?– Шўл момони йэри жозған китап. Ҳанову жўрнолда терговчини қувип ҳайдаған
жозувчи шўл даврди жохши билайкан, бир кўрип берса, дияпти.
Тоҳир ака жилдни очиб, ичидагиларни бир-бир кўздан кечирди. Баногоҳ
кайфияти ўзгарди:– Э, буни олдин саводли бир одам кўриб, жиндак тартибга келтириши керак.
Аминжон Бобоевга бу ҳолда берсак уят бўлади.
Сўнг бир оз сукут сақлаб, менга қараб деди:– Бир иш қилсак, қулёзмани аввалига сал эпақага келтириб, кейин Аминжон
акага берсак. У киши кўриб, терговчи бобога фикрини айтсалар. Гап орасида
Бойсўранинг муаммосини ҳам қистириб ўтса. Ўлдими, прокуратурада ишлаган
одам бир қўллаб юборар.– Шўндой бир жордам қисалорингиз жохши бўлорди, – деди Бойсўра яна
мўлтайиб.– Шу пайтгача ёрдам қилмадикми? – деди Тоҳир ака кулимсираб. – Ўзи кейинги
пайтда қўлимиз ҳам, фикри хаёлимиз ҳам сизнинг ташвишингиздан бўшамай
қолдик-ку!– Йэнди шўл сапарам бир қўлласалорингиз, иш питип кетама дийман-да!
Аминжон ака ўзи ҳам “пахта иши”дан озор чеккани учун қўлёзмани синчиклаб
ўқибди. Уни қандай бойитиш ҳақида таклифлар айтибди. Ёши етмишларга
яқинлашиб қолган собиқ тарговчи хурсанд бўлиб, “хизматлар бўлса айтинг,
тайёрмиз”, дебди. Устоз адибимиз “Яқинда сизга қариндош бўлган бир укамиз
прописка масаласида қийналиб юрибди, иложи бўлса, бир ҳиммат қилиб
юборсангиз”, дебди. Бу сўзлардан шашти пасайган терговчи “хай бир маслаҳат
қилайлик-чи”, дебдию шу билан жим бўлиб кетибди.
№ 9 2024 63
Муртазо ҚАРШИБОЙ
Ўйланган режадан бир иш чиқмагач, Тоҳир файласуф афсусланган кўйи деди:– Момосиз барибир иш битмайди, ўзингиз бориб, оёғига йиқилиб, онажон деб
илтимос қилсангиз бўлмайдими? – деди Бойcўрага юзланиб.– Бўлоттоғин, некин “Бойтук, тилингга тушунмайман”, деп гаплашқиси
кемайди. Ҳамма қариндошлариға Бойтук дийсан деп ургатип ташлоған.– Эй Бойcўра, вақтида русчани ўрганмагансиз, шаҳарга келиб ҳам ҳаракат
қилмагансиз. Ўзингизни ўзингиз қуролсиз қилиб қўйгансиз. Ахир, бундай ҳолда
қандай қилиб бир нарсага эришасиз? Пойтахтда яшашнинг ўзи бўлмайди. Катта
шаҳарда фалакнинг чархи бошқача айланади. Қишлоқдаги ўйинлар бу ерда
ўтмайди…
Бойcўра ўзининг қандай чорасиз аҳволга тушиб қолганини англади шекилли,
нигоҳида ёш аралаш аллақандай учқунлар порлагандек бўлди.
“Тижорат” газетасида Оғанинг номидан “Тошкент шаҳрида савдо масканларини
хусусийлаштириш кўлами кенгайтирилади” деган мақола чиққан эди. Унда
ДУМни акциядорлик жамиятига айлантириш, акцияларнинг катта қисмини
дўкон ходимлари ўртасида сотиш ҳақида ҳам гап бор эди. Бойcўра “Шўни
хотинимға кўрсатсам, бугун тинч ухласам керак”, деб мамнун ҳолда газетагинани
уйига олиб кетди. Ойимчаси шуни ўқибдию кечаси билан уйқу бермабди.
“Ишхонамдагиларнинг ҳар бирида икки-учтадан дўкон бор, мен энди шу акцияга
қараб ўтираманми? Ана, янги қурилган Қирқтерак бозорида қанча дўконлар
сотувга қўйиляпти. Таниш-билиш қилиб олмаса, нархи осмонда. Айтинг, Оғангиз
ёрдам берсин!” дебди.
Акром муҳаррир бечора Cўрақулга раҳми келиб, Оғамизга қўнғироқ қилди.– Майлиндағи, накин иккитамас, биттаға гапим ўтуви мумкин, ҳов! Тошдавлат
одли бозарқўми бор, Толик десалар ҳамма танийди, дим ёхши бола, шунға барип
гўрсин, – дебди Оға.
Кичик чечамиз бу хабарни эшитгач, “Толикни биламан, ДУМда ҳамма танийди.
Ўзим бориб гаплашаман, сиз ишни хом қиласиз”, деб боласини момога ташлаб,
Қирқтеракка бориб, мамнун ҳолда қайтиб келибди. Тошдавлат савдони яхши
тушунишини, шу соҳадан нон еб юрганларнинг аксариятини танишини билгач,
“Бутунлай бизга ишга ўтақолинг, бутун бир дўконлар қаторини сизга топшираман,
ўзингиз бошқарасиз”, дебди. Бу гап чечамизга жуда ёқиб тушибди. Болага яхши
энага топилгач, ишга қаттиқ киришиб кетибди. Эрталаб тонгда кетиб, кечқурун
шомдан сўнг уйга қайтар экан. Тилла ва жавоҳир тақинчоқлари ҳам кўпайиб,
бўйнига занжири йўғон, ял-ял товланадиган “Дил гавҳари”дан тақиб юрадиган
бўлибди. Ҳар гапида “Толик, молодец, Толик настоящий мужик”, деб оғзидан бол
томиб гапирадиган одат чиқарибди.
Айтишларича, Толикбой ҳиммат камарини қаттиқ боғлаб, ўша Қирқтерак
бозорининг ўртасида тўрт қаватли улкан ҳашаматли супермаркет ҳам барпо
этганмиш. Кечалари номи узоқдан чироқлар шуъласида порлаб, яллиғланиб
кўриниб турармиш, “Назихоним” эмиш…
“Тувар”ми, “товар”ми?– Шўл бир нерса сўрасам мойлима? – деди Бойcўра бир куни хонамга кириб. –
“Тувар” дегани нима?– Туғадиган, туғиш деган маънода бўлса керак-да. Нима эди?– Шўл хотин кейинги воқтда пақат “тувар”, “тувар” дийдиған бўп қолди. Шўни
билай дувдим-да!– Ҳа энди, катта бозорда ишлаганидан кейин “товар”, “товар” дейди-да! Бечора
бошқа нима десин. Ўзингиз ҳам фақат “алверготик”, “прағматиқ” дейсиз-ку!
Уларнинг ҳаёти ҳам иши билан боғлиқ-да!
64
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul– Некин бўл товарамас, бошқа нерсама дийман-да, зардаминан бақириб ойтади.– Қайси сўзларга қўшиб айтади шу “тувар”ни?– Жоқинлошип қучоқламоқчи бўсам, “уйди, тувар” дийди. Уйингга бор,
деғанимикан дебам ўйлап қоламан-да!
Тилимни тишлаганча жим қолдим.– Хафа бўлманг, бу ёмон гап эмас! Афтидан, бозордаги сотувчи, аравакаш ва
юкчилар, харидорлар билан тортишавериб, тили шунга ўрганиб қолган бўлса
керак. Бозорда ишлаш осонмас, минг хил одам бор, ахир!– Ҳо, шўндай бўса-кў жохши!
Бир кундан сўнг Бойcўра яна хомуш тортиб кириб келди.– Ҳа, нима бўлди, шаштингиз паст кўринади?– Хотин шўл оқшом уйидан ҳайдап жубарди.– Нега, бирон нарса бўлдими?– Шўл ошхонадан чиқип чироқти ўчирмаппан-да! Хотинди оччиғи чиқип, жана
“уйди, тувар”, деди. Кўзига жоман нерсалар кўринип, уларди ҳайдаятқан бўса,
жордомлашай деп менам “ҳой тувар, жўғол” деппан-да! Хотиним бақирип, “мени
ҳақорат қилдинг, уйимдан чиқип кет, йэнди қорангдиям кўрмай!” деди. Сўғин
ҳамма нерсалоримди эшиктан чиқарип отти. Билмайман, йэнди нима бўлоди?..
Шу куни Сўрақулни “Борадиган жойингиз йўқ, юринг бизникига, бирга
овқатланамиз”, деб уйга таклиф қилдим. Адоғсиз ғам-ғуссага ботган ошнам
овқатдан сўнг “Йэнди мен борай”, деб йўлга отланди. “Овора бўлиб юрмасдан
ётиб қолақолинг”, дедим чин дилдан. “Раҳмат, бормосам бўмайди”, деди ғариб
ошнам ўрнидан қўзғалар экан. Кўчагача кузатиб чиқдим. Меҳмоним “Сўлим”
тарафга қатнайдиган автобус бекатига эмас, “Чорсу”га қараб кетди.
Фарзанд соғинчи
Шўйтиб, денг, бечора дўстимиз бахт излаб кирган қўрғондан юрак тўла ғам
ғусса билан бош олиб кетишга мажбур бўлди. Анча вақт ишхонада ётиб юрди.
Кечалари Темир ака билан гурунглашар ёки биномиз олдидаги кенг саҳнга чиқиб,
ўтган-кетганга мунғайиб қараб ўтирар экан. Бу ерда айниқса ёш-яланг сероб
эди. Улар асосан биномиз ерталасида жойлашган ўқув курсларида чет тилларни
ўрганиш ёки иккинчи қаватдаги катта залда кино кўриш учун келишарди. Бир
бирининг пинжига кириб олган ёхуд бурчак-бурчакда “қиқир-қиқир” қилаётган
ошиқ-маъшуқлар ҳам кўп эди.
Зериккан, толиққан, зориққан Бойсўра – Туябошидан келган бўри бу азим
шаҳарда энди нима қилсин? Қайси эшикка бош урсин?
Инсон мулоқотсиз, ширин сўзсиз, меҳрсиз, айниқса, аёл зотининг муҳаббатисиз
яшолмайди-да! Шўйтиб десангиз, Бойсўрамизнинг жўмардлиги тутиб, ҳар бир
томирида навқирон бир шижоат жўш уриб, кунлардан бирида ишхонамизда
бухгалтер бўлиб ишлайдиган, ёши элликни қоралаб қолган Антонина
Михайловнани кинога таклиф этибди. Опа жуда хушчақчақ, кўнгли очиқ, дўстлар
билан шодон давраларда ўтириб, вақтни мароқли ўтказишни яхши кўрадиган аёл
эди. Яккаланиб қолган бечора эркакнинг аҳволини тушуниб, унга йўқ дея олмабди.
Томошадан сўнг ертўладаги емакхонада озгина тамадди қилишибди. Табиийки,
анави нарсадан ҳам жиндак-жиндак олинибди. Иккавлон биномиз рўпарасидаги
хиёбонни сайр этиб, яшил буталар орасидаги ёғоч ўриндиқда, юлдузли осмон
остида бир оз тин олмоқчи бўлишибди. Қони қизиб, руҳи анча тетиклашган
Бойсўра хонимни бағрига тортиб, эркаклик майилларини қондирмоқчи бўлибди.
Опа “Сўрақул, қўйсанг-чи, биз сен билан бор-йўғи бирга ишлайдиган самимий
№ 9 2024 65
Муртазо ҚАРШИБОЙ
дўстлармиз, холос”, деб қаршилик кўрсатибди. Ошнамизнинг томирларида жўш
урган ҳирс, аёл вужудини эгаллаш майли баттар хуруж қилиб, бухгалтеримизга оч
бўридек ташланибди…
Шу пайт ўриндиқ ёнидаги унча катта бўлмаган шўро доҳийсининг ҳайкали
ортидан Темир аканинг овози эшитилибди:– Бойтуқ, эккита қатининг бўсаям ўзингдан катта шу аялди бутиға қўл тиқишқа
уялмайсанма? – дебди.
Антоша опамиз шу билан қутулиб қолибди.
Ичкаридаги ҳожатхона пулли бўлгани учун Темир ака ҳар кеч шу ҳайкалнинг
орқасига келиб, ичидаги заҳарни тўкиб кетар экан-да.– Ўлинг сиз, одам ўзи ризқ еб юрган жойда ҳам шунақа бемаза ишларни
қиладими? Бухгалтер опамиз Акром муҳаррирга устингиздан арз қилиб кирибди.
Бўлди, энди мен ҳам ёрдам беролмайман, – деди Тоҳир файласуф эртаси куни жаҳл
билан. Кейин менга қараб иддао қилгандек бўлди: – Кўрдингизми оғайнингиз
қанчалик ноинсоф бўлиб кетганини? Сиз буни қўй оғзидан чўп олмайдиган
мусчаи безозор деб ўйлайсиз, унга раҳмингиз келади. Аслида ҳақиқий бўри бу,
Бойтук бўри!
Бойсўра жамоамизни тарк этишга мажбур бўлди. Шундан сўнг бирмунча муддат
“Янги кун” журналида ишлади. Хотин устига хотин олиб, “бой-феодалларча”
яшаётгани ошкор бўлгач, ахийри у ердан ҳам ҳайдалди.
Орада яна бир нашрдан таклиф бўлган экан, маслаҳат сўраб олдимга келди.– Оввол, қаламимди синап кўришмоқчийкан, муҳаббат ҳоқида битта мақола
жозип келинг, дийишяпти, – деди кўзлари мўлтираганча мендан имдод тилаб.– Мақола ёзиш қийин эмас, бир эмас, бир нечтасини ёзамиз, лекин шу билан
тақдир ўнгланиб кетармикан? Уй-жойсиз, хотин, бола-чақасиз Тошкентда барибир
қийналасиз-ку?– Бўл жердағи улимди кўзим қиймайди, ташлап кетаммайман, ҳаддин ширин
бола бўған, – деди ғамзада дўстим кўзига ёш олиб. Кейин хўрлиги келгандек
шивирлади: – Ой, камбағаллиқ қийинакан…
“Ўткан кунлар” романидаги севги тасвирлари, Отабек ва Кумуш ўртасидаги
ўтли муҳаббат ҳақида мақола ёзиб бердим.
Сўрақул Турдиматов номидан босилиб чиққан бу мақолани ўқиган экан, Акром
муҳаррир сўради:– Бу сизнинг ишингиз шекилли?..– Қўлимдан келгани шу бўлди, бошқасига қурбим етмади.
Бойсўрамиз, кўп ўтмай, Туябошига бош олиб кетди.
Охирги учрашув
Бундан бир неча йил олдин Акром муҳаррир қўнғироқ қилиб, ҳар доимгидек
қувноқ ва шодон овозда деди:– Эски ошналаримиздан бири сўраб келибди, мана, гаплашинг!
Нафасиданоқ танидим – Бойсўра! Ҳол-аҳвол сўрашганимиздан сўнг ўша-ўша
дашликларга хос дўлвори овозда деди:–
Ҳанову “Мўвий гўмбозлор”да озғана ўтирсақма дувдим, воқтингиз
бўломақан?..– Сиздек қадрдонлар учун албатта бўлади!
Кечки салқинда ошхонанинг сўлим хиёбонга қараган очиқ саҳнида яйраб
ўтирдик. Бойсўра соқол қўйиб, бошига салла ўраб, эгнига яктак кийиб, ростмана
мўйсафид бўлиб олибди. Анави зормандадан жиндак оламизми, десам, унамади.– Жоқинда ҳожға борип келдим, ҳазир қишлоқда мўллалиқ қиляппан, ҳамма
66
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul
Тўра ҳожи деб чақиради. Бундойчақа ишлор энди бизға бўмойди-ёв! Жанаям
билмодим, сиз нима десангиз шўл, – деди.– Исмингиз кўпайиб, мартабангиз ўсишда давом этаётган экан-да, муборак
бўлсин? Йигит кишига қирқ ҳунар ҳам, қирқ исм, қирқ мартаба ҳам кам. Ана
кўрдингизми, Яратган бераман деса, қишлоқда яшаган одамга ҳам бераверади.
Бахт-толе излаб ҳар томонга чопиш шарт эмас.– Шўндой, шўндой, – деди ҳожи.
Тошкентдан қайтиб борганидан сўнг дастлаб қишлоғидаги мактабда жуғрофия
ўқитувчиси, кейин маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари
бўлиб ишлабди. Меҳнат дафтарчасидаги Диёрахон чиройли дастхатда ёзиб, муҳр
билан мустаҳкамлаб берган “Фикрат” журналининг техник муҳаррири” деган қайд
иш берибди – бутун мактаб аҳли, муаллимлардан токи ўқувчиларгача, “Фикрат
бобо”, баъзилари ҳатто “Фитрат бобо” деб ҳурматини жойига қўйибди. Бекман
Ботирманнинг маслаҳати билан “Тошкентда марказий журналда ишлаб юрган
кезлари ўпкаси ва нафас йўллари ўткир бўёқ ҳидидан заҳарланган, зах жойларда
ётиб бод касалини орттириб олган” деган мазмунда тиббий маълумотнома
тўғрилаб олган экан, пахтаю ғаллага боришдан, турли мажбурий ишларга жалб
этилишдан анча қулоғи тинчигандек бўлибди.
Шу жойгинада муносиб иззат-обрў билан ишлаб юраверса бўлар экан-у, лекин…
Илгари биров номини ҳам билмаган маънавият ва маърифат соҳасига
эътибор кучайиб, туманда шу йўналишда янги ташкил этилган бўлимга бошлиқ
керак бўлиб қолибди. Маҳаллий раҳбарлар кимни тавсия этишмасин, номзоди
ярим йўлга етмасдан қайтиб келаверибди. Кадр излаш жараёнлари мактаблар
даражасига тушгач, узун рўйхат орасидан лоп этиб “бобомиз”нинг муборак
исми шарифлари чиқиб қолса денг! Кимсан, марказдаги катта бир нашрда, яна
мафкура журналида ишлаган, таржимаи ҳоли силлиқ, тўққиз болани оқ ювиб, оқ
тараган (кўҳна Шошдан қайтганидан сўнг “бобо”миз ғайрат қилиб, яна тўрт
нафар зурриёди азизни дунёга келтирган экан-да. Ўнинчиси ҳам бор-ку, дейсизми?
Унисини фақат сиз билан биз биламиз, холос. Келинг, ҳожи бобомизни ноқулай
аҳволга солмасдан, бу ҳақда индамай қўяқолайлик), ёмон йўлларга юрмаган, ёт ва
зарарли ғоялар таъсирига, пулга, майишатга берилмаган, энг муҳими, ўзимизнинг
Туябошидан шундай кадр чиқиб турса-я!
“Тепа”дан қисталанг қилиб турганлар ҳам “Фикрат” журнали” деган номни
эшитиб, олис дашт туманида бундан муносиб номзодни топиш қийин, дея
“бобо”мизнинг фойдасига оқ фотиҳа бериб юборишибди.
Хуллас, собиқ “фикрат”чимиз туман даражасидаги амалдорга айланиб,
жиддий-жиддий мажлис ва давраларга таклиф этиладиган рўйхатларга илинибди.
Бул кишимнинг ўзлари ҳам фалак гардиши бу гал тўғрисига айланганидан
хурсанд бўлиб, бел боғлаб ишга киришибди. Турли ташкилотларга бориб,
“Маънавият хоналари” қандай безатилгани, тарғибот-ташвиқот ишлари қандай
олиб борилаётганини текшир-текшир қиладиган бўлибди. Деворлардаги расмлар,
уларнинг остидаги ёзувларни кўздан кечириб, нуқул бир гап билан ҳаммани
қойил қолдирар экан: “Нима учун “алверготик” яки “прағматиқ”да жозмайсизор,
билип оғанноринг пақат “ориол” ва “таймс”. Кейинги сапар кегунимча хатони
тузатингнор!”. Мутасаддилар “алверготик” билан “прағматиқ”ни қаердан топамиз
ёки бу анави нарсага ишорамикан”, деб бошини чангаллаганча қолаверар экан.
Бели бақувватроқ ташкилот бошлиқлари эса “Маънавият бу – сиёсат, бу ишнинг
бошида турган одам билан ҳазиллашиб бўлмайди”, деб ошнамизга алоҳида иззат
икром кўрсатишар, улуғ айём кунлари эса “Йўқсиллар овози” жамияти бисоти
билан тўлиб, мунаввар бўлиб турган хонадонга “тандиркабоб” билан бирга
чиройли шиша қадоқдаги “шайтон суви”дан ҳам ташлаб кетишар экан.
№ 9 2024 67
Муртазо ҚАРШИБОЙ
Ана шундай сийловлар туфайли Бойсўрамизнинг номи ҳам ўзгариб,
“Маънавиятчи бобо” бўлиб қолибди. Худо берганда, илгари бор-йўғи иккита
бўлган муборак номлари омади чопгани сари алверготик, йўғ-эй, арифметик
прогрессияда кўпайиб бораётганини айтинг!
“Фалокат – оёқ остида” деганлари рост. Мана шундай силлиқ ва сокин йўлда
кетаётган “бобо”гинамизнинг амалдорлик йўриғи, журналист дўстларимиз
айтмоқчи, фаолияти ёинки карьераси пойтахтгинада юз берган биргина ҳодиса
туфайли чаппасига айланиб кетса денг!
Бойсўрамиз “Янги кун” таҳририятида ишлаб юрган кезлари, журнал тарҳини
тузиш ва босмахона ишлари бўйича бутун ҳокимият қўлида эмасми, янгамиз
билан бирга тушган чиройли рангли суратини муқовага мўлжаллаб қўйган экан.
Хотингинамни бир қойил қолдириб, кўнглини олай деган-да! Зора ўртадаги гина
кудуратлар ариса!
Э, қаёқда дейсиз, журналнинг бош муҳаррири бўлган Халқ шоири бундай
ишларга, айниқса, ходимларнинг маънавий поклиги, оилага садоқатига жиддий
эътибор берар экан. Яқиндагина иккинчи бор куёвлик тўнини кийиб, ўзини
фариштамисол тутиб юрган “бобо”мизнинг Қўшдарёда катта оиласи борлигини
билиб қолгач, бу ишни иссиғида тинчитиб қўяқолибди – маънавий-ахлоқий
жиҳатдан номуносиб ходимнинг паттасини қўлига берибди. Шу тахлит бояги
расм, бошқа материаллар билан бирга, кейинги сонга мўлжалланган қоғозжилдда
қолиб кетаверибди.
Орадан йиллар ўтибди. Халқ шоирининг сафари қариб, ўрнига серғайрат
бошқа Халқ шоири муҳаррир бўлиб келгач, табиийки, журнални ҳар жиҳатдан
янгилашга киришибди. Ўзингиздан қолар гап йўқ, бундай вазиятда собиқ раҳбар
йўл қўйган хато ва камчиликлар ҳам ўз-ўзидан юзага қалқиб чиқа бошлайди.
Эпчил ва устамон ходимлардан бири йиллар давомида бахт йўли очилмасдан
ётган бояги суратни олибди-да, ғизиллаганча раҳбарнинг олдига кирибди.– Қаранг, шундай ажойиб расмни – шедевр асарни муқовага қўйган вақтимизда
олдириб ташлаган эди-я! – деб аввалги бошлиғидан койинган бўлибди.– Дарҳол кейинги сон режасига киритинг! – дебди янги муҳаррир.
Қарабсизки, Бойсўрамиз тошкентлик янгамизни қучиб, катта журналнинг
муқовасини безаб турибди-да!
Одамлар китоб, газету журналга унча эътибор бермай қўйган замонларда шугина
нарса ҳеч кимнинг дилида доғу ҳасад қўзғамасдан, ғавғосиз ўтиб кетиши ҳеч гап
эмасди. Лекин биргина ҳолат бўлмаса. Пойтахтдаги донғи кетган дорилфунуннинг
журналистика факультетида ўқиётган, ҳалиги журналгинада амалиёт ўтаётган
бойқўрғонлик йигит муқовани безаб турган бахтиёр чеҳраларга жиддий назар
солиб қарайди-да, “Ой, бўл бизди Сўрақул бовомиз-кў!” деб бақириб юборади. Бу
янгиликни дарров қўл телефонига кўчириб, жонажон қишлоғига – отаси Жалил
бобога жўнатади.
Олис даштда от чоптириб юрган бобо ўғлини журналист бўласан, деб бежиз
Тошкентга юбормаган-да! Ўзи ёзув-чизувни кўпам хушламаса-да, ёшликда
жиддий бир воқеа важидан болаларимдан бирини албатта шу касбга ўқитаман,
деб кўнглига тугиб қўйган экан.
Жалил отамиз телефондаги бахтиёр оилага ҳарчанд термилиб, дастлаб бунда
қандай мақсад-муддао мужассам эканини билолмай боши қотибди. “Ҳейноғарди
Сўрақули Ташқанда жана бир хотин оған деб эшитқандай бўлувдим. Некин
кўзингминан кўрмай, қандай қилип жоғасидан оласан? Мана, сири пош бўлди!
68
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul
Шамол бўмаса, дарахтти шохи бекардан-бекарға қимирлайма, ўша гап ростакан!”
дебди ғазабга тўлиб.
Қалби ўч олови билан ёнган бобо ёшликда Бекман Ботирман ва Сўрақул
Тўрдимат билан бир синфда ўқиган экан. Бекман Ботирман болалигидан шеър,
мақола ёзиб, қишлоқда довруғи достон бўлган эмасми, мактабни битириб,
пойтахтда журналистлик касбига ўқий бошлагач, обрўйи янаям ошиб кетибди.
Шаҳду шиддатидан ер титрайдиган Жалил полвон – эл-улус уни ёшлигида шундай
деб атаганмиш – от чопиш, улоқ тортиш, кураш тушишда тенгсиз экан. Шўрлик
Сўрақулимизнинг эса устачиликдан бўлак ишда омади чопмабди.
Шўйтиб, икки бобонинг ўртасида мактаб йилларидан андак ғайирлик
десакмикан, рақиблик десакмикан, ишқилиб шунга ўхшаш бир нарса ниш отиб,
иккиси-да, қишлоқнинг олди қизи – Гулжаноқ момомизга кўнгил бергани бунга
сабаб бўлган экан. Бўлғуси Катта чечамиз йигитнинг зўри деганда, фақат Бекман
Ботирманни – бутун қишлоқ аҳли у ҳақда оғзидан бол томиб гапирар экан-да – тан
олар, мард бўлса, шундай бўлсин, деб келган совчининг йўлига тўғон соларкан.
Бекман Ботирман узоқ манзилларни кўзлаб, пойтахтда ўзига муносиб ёри вафодор
топиб, бу масалада тақдир китобини аллақачон битиб бўлган. Жонтоқдалада
давом этаётган қизғин курашда эса марди майдон бўлиб фақат икки баҳодир –
Сўрақулимиз ва Жалилбой қолибди.
“Нима бўсаям Ташқанға бораман, жўрнолистлиққа ўқийман, сени хо-о-тин қип
оламан, муродимға жетаман”, дебди Сўрақул кўкрагини кериб.
“Шўл ҳейноғарди Турдиматти боласидан ўлсам ўлигим ортиғ-ов! Десонг, поқат
мени дийсан”, деб туриб олибди Жалил полвон ҳам бўш келмасдан.
“Ким Бекман Ботирмандай бўп Ташқанда ўқиса, шўнға тияман, бошқалар
мудгар12 бўмасин!” дебди ахийри Гулжаноқ чечамиз дангали гапни айтиб.
Янги йил арафасида Бекман Ботирман қишлоққа келганида Бойсўрамиз секин
маслаҳат солибди. “Жўрнолистиқаға калла керак, жўра!” дебди анча шаҳарда
юриб, гаплари янада дадил бўлиб қолган Бекман ака. Кейин сиз билан биз билган
маслаҳатни берибди: “Номи ўқиш бўса бўлди-да, қишлоқта мўни ким билип
ўтирипти?” дебди.
Ўша йили ёзда Бойсўрамиз ербилгичлик илми бўйича дорилфунун талабаси
бўлибди. Янги йил бўсағасида юзу кўзи, қадди-қоматига шаҳарнинг нуқси уриб,
тилгинаси бийрон бўлиб, қишлоққа келибди. Гулжаноқ ойимга ўзини бўлғуси
журналист сифатида таништирибди. Бунинг исботи сифатида Бекман Ботирман
ёзиб, “Бор йэнди, шўлтайиб жураберма, ишти питир!” деб қўлига тутқазган шеърни
гўзал маъшуқасига берибди. Бўлғуси Катта чечамиз йиллар бадалида интизор
бўлган дақиқаларга етгандек, ҳаяжон билан ўқибди:
Кўп қийнадинг, Гулжаноқ,
Журагим чаноқ-чаноқ13.
Мўччи берсанг, лабингга
Ўзим бўлай суқаноқ14.
Сенсиз тунлар қора-да,
Душман кўптир орада,
“Хўп” десанг, белим байлап,
Аканг куёвтўра-да!
12 Умидвор демоқчи
13 Пора-пора демоқчи
14 Еб тўймас, очкўз маъносида
№ 9 2024 69
Муртазо ҚАРШИБОЙ
Ташқан борип кўрасан
Метро, музай, понтан,
Оппоқ қизлардан ўзинг
Сулув бўлип журасан.
Шўл гапларим моқулма?
Жўқ дема, жаҳл қилма.
Менга тийип бахтли бўл,
Эр танлашда қоқилма!
Момомиз шеърдан таъсирланиб, “хўп” деб юборганини билмай қолибди. Фақат
шарти – келгусида пойтахтда яшаймиз, дебди. Ёзги таътил маҳали Туябошида
катта тўй бўлибди. Жалил полвон тилини тишлаганча қолаверибди.
Кейин орадан ўтган гаплар бизга маълум. Бойсўрамиз ови юрса ҳам дови
юрмасдан, қачон қишлоққа қайтиб келса, Жалил ғайир элу халқ ўртасида гап
тарқатармиш: “Ҳейноғарди Турдиматти ўли жўрнолистлиққа ўқиғанман, деп
оллағонақан, мано, кўринглар, халойиқ, сири очилип шарманда бўп журипти.
Гулжаноқ ҳам шўнға тийғонидан жер тирнап опсусда”.
Бойсўрамиз дастлаб бу гапларга парво қилмасдан, кампирини “Ҳазирча уёқда
иш жўқ, бўпқоса ўзлари чақаради” деб, муаллимлик қилиб, Жалил ўшакчи15нинг
гаплари жонига тегса, ор-номус зўридан пойтахтга кетиб қолар экан.
Ёши бир жойга бориб қолгач, Гулжаноқ момомиз ҳам тақдирга тан берибди.
“Пойтахтта жашамасағам, Худоға шукр, йэрим катта начайник, ҳеч кимда бўмаған
устал-устўллар, дивоннор, халадилниқ, кондиссанерларимиз бор. Биздағи
кремлёвский гиламларди, исветной телбизирларди ўнча-мўнча амалдордикидаям
топоммайсиз. Тўнғичим Бойжўра Ташқанда грантта ўқип жотқан бўса, жана нима
керак? Агар бойноғи Жалил гуппи16га тийганимда шўнча бойлиқ қаердайди?” деб
қишлоқдаги хотин-халаж ўртасида барчадан пеш келиб юрибди.
Жалил бобога энг алам қилгани – Бойсўрамиз туманда маънавият бўйича
каттакон бўлганидан сўнг “Шўл кўпкари деган ўйинниям тартипқа сомасақ
бўмайди”, деган ташаббус билан чиқибди. Ҳатто катта бир мажлисда “Жонга
полвоннор овлодини тарбиялашимиз керак, оввалгиларди полвон деб бўлама,
шўро ҳўкуматидан қўрқип, совит солдотини кийими, шапқасини кийип, совитча
бақириб журған-да”, деган гапларни айтиб юборибди.
Табиийки, буларнинг барчаси йиғилиб-йиғилиб, Жалил полвоннинг юрагида
битмас ярага айланибди. “Ҳейноғарди боласи, совит кетинга хода урдима, сенга
нима жомонниқ қилди, қорап тур, давру давронинг тугойдиган воқт келар-кў” деб
барча аламларини бирйўла чиқариб, бошини эгганча, ҳеч кимга чурқ этмасдан,
фурсат келишини кутиб юраверибди. Мана, ўша фурсат!
Жалил гуппи туман марказига бориб, телефонидаги расмни қоғозга каттагина
қилиб чиқариб олибди-да, тўғри ҳокимнинг ҳузурига кирибди. Дарҳол бунинг
олди олинмаса, туманнинг шаънига яхши гап бўлмаслигини уқтирибди. Ҳоким
бува туман газетасига қўнғироқ қилиб, ўша журнални топтирибди. Бундай қараса,
чиндан ҳам Маънавият бўлимининг раҳбари бегона бир аёл билан рангли муқовада
ғўддайиб турибди. “Ҳай йэнангди…” дебди-да, дарров тегишли чораларни
кўрибди.
15 Ғийбатчи маъносида
16 Мақтанчоқ демоқчи
70
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul– Хафа бўлманг, ҳаёт ўзи синовлардан иборат. Яратганга шукр, мана, соғ
саломат юрибсиз, болаларни ҳам уй-жойли қилгандирсиз, – дедим бу ғамгин
ҳикояни жимгина тинглаб.– Ҳа, шўндой, шўндой, – деди Бойсўра бош сермаб.– Энг муҳими шу: бош омон бўлсин, бола-чақанинг бахтини берсин!– Шўл Ташқандағи улимди кўрмаяппан, ҳейноғарди хотини жўдо бойип кеткан
деп йэшитаман, боламди кўришка қўймаяпти.
Суҳбатдошим бошини эгганча сукутга толди.– Ўзи бўл ҳаятта туври жашаш керагакан. Уй-жаям, бойлиғам топилайкан, –
деди эски дўстим янада маҳзун тортиб. Сўнг нозик бир сирни ошкор қилмоқчи
бўлгандек деди: – Сиз синалғон жоқин ошнамсиз, ҳар дайим беғараз жордам қип
кегансиз. Одамди туври тушунасиз. Бугун манову жонгги ҳаятти кўрип, бизди
давримизда давлатти ўзи, қонунларди ўзи нотуври бўғонини, одамни қинғир
жўлдан журишқа мажбур қиғонини тушуняппиз. Билмаған, Бойсўра қишлоқтағи
оиласини қоқшатип, Ташқандан эрмак учун уйланған деп ўйлойди. Ослида ўндой
эмас. Ўзингиздан қолар гап жўқ, ўша пойтлор қанчолиқ зўр, талантли одам бўсаям
пойтахтта жашаб қолишнинг иложи жўғийди. Қишлоғимиздан молияни битирған
жўдо билимдон бола ўн жилларча воқтинча чекка бир жайларға прописқаға
ўтип, бойноғи иши бир журишса, бир журишмай кўп сарсон бўп журди. Охири
хотин, бола-чақаси Ташқанда одамдай жашашди иложи жўқма, туврисини
айтинг, қачонғача мўндай журасиз, деп қаттиқ қистовға опти. Битта жўли бор,
ташқанлиққа уйланип, прописқаға ўтип оса, ишам жохши бўлади, воқтиминан уй
оп, боллордиям кўчирип кетса бўлади, депти жигит. Некин ўлсам – ўламан, бу
ишни қимайман, оиламдан, ор-номусимдан кечмайман, депти. Шўнда хотини ҳов,
биттаю битта жўли шўл бўлса, мойли, мен розиман, оила, ор-номус деп ўтирманг,
бўладиғон ишни қилинг, депти. Кўрдингизма, ҳаёт одамди қондай қийнайди?
Жигит ўлсамам бўл ишти қимайман, депти. Хотин мен болаларим йэртаға жохши
мактапта ўқип, жохши жайлорда ишлашини халайман, қачонғача бўларди кўни
похтани, ғаллани ичида ўтади, шўл ишти қиласиз, депти. Жигит мен – йэркакман,
болаларимди кўзига қандай қорайман, депти. Хотин агар шўл ишти қимасангиз,
ўзим ЗАГС17қа бориб, ориза бераман, сизминам ожрашаман, депти. Бўл жерлорда
маллимлик қиламан деп, бошим ғурбатдан чиқмай ўлип кетишди халамайман,
депти жана. Охири жигит хотинини ойтқанини қилди, ғурурди ўртаға қўйип, ор
номусдан гартак чекинип бўсаям мақсадиға жетти – оввал Ташқандан уйланип
прописқали бўлди, кийин уй сотип олди, сўғин қишлоқтан бола-чақосини кўчирип
келди. Ташқанник оиласини нима қилди – билмойман. Бировлор пиктивни,
жонгоғи деганда, сохта никаҳ қип, номиға жашаған дийди. Хотиним шўни
эшитқанакан, сиз ҳам бир жўлини қилинг, барибир ҳўқитувчиликминан бирингиз
йэкки бўмайди, бекарға жонингиз азопда куйгани қолади, деганийди… Некин
кўрдингиз, меники ўнча ўхшамади… Ишимиз Худоға жоқмадима-а, ким билоди?..– Эй ҳожи бува, сиз кўнгли беғубор, содда инсонсиз, шу боис сизники росмана
муҳаббатга айланиб кетдимикан деб ўйлайман.– Балки шўндойдир, жанаям билмадим?…– Э, чиндан ҳам оғир замонлар эди-да. Мана, ҳаммаси орқада қолди. Оллоҳ
таоло сизни ҳам кам қилмабди, бир бандасини сийлагани шу-да!– Шўндой, шўндой, – деди яна Бойсўра чеҳраси очилиб. – Шўл журтти
каттаси мард бўса, биттағина имзоминан ҳамма нерсани жохши томонға ўзгартиб
ташлайкан. Қонча ўзгаришлар бўп кетти, ҳэй қойил!
17 Фуқаролик ҳолатлари ҳужжатларини ёзиш бўлими собиқ СССР даврида шундай аталар эди.
№ 9 2024 71
Муртазо ҚАРШИБОЙ
Суҳбатдошим жиндак тин олиб, пиёладаги совий бошлаган чойдан бир
ҳўплади-да, сўзида давом этди:– Ҳазир Қозоғистондан келяппан, ўртонча ул шеқта-да, ўч жилдан бери
ишлайди. Чегарадан ўтиш бемалол, жонингизда ҳўжжатингиз бўса бўлди.– Ҳайтовур йўлда айиққа дуч келмадингми? – дедим эски ҳангомаларимизни
эслаб.– Ойиқ-кў жўқтоғин, некин ойиқтанам каттакон оптобуслор тинимсиз қотноб
жотипти. Бирпаста оппориб қўяйқан.
Шу пайт эсимга бир нарса тушдию тилимни тиёлмадим:– Кўнглингизга келмасин, баъзан хаёлга ҳар хил гаплар келади. Шу никоҳдан
ўтган маҳалда домла айтган нарсани – ҳалиги…– Сўройберинг, сиздан жоширадиған габим жўқ.– Келиннинг маҳрини берганмидингиз?– Кистам қуп-қуруғийди-да ўша воқтлор! Топқанимди қишлоққа жўнатардим…
Камбағалчилиқ, Оллоҳ ўзи кечирсин… Кийин…– Хўш, хўш?– Келин торап бошида сиз ўнча ўйломманг, ҳамма хоражат ўзимиздан бўлади,
дувди.– Излаб борганимизда мўллаям топилмади-ку, унга олдиндан тайинлаб
қўймаганмидингиз?– Жўқ-та!– Нега?– Шўл шортмас-ов деп ўйлодим…– Ўзи никоҳ номига бўлаётган бўлса, дегансиз-да! Лекин бутун пойтахтга овоза
қилиб тўй бераётган одам никоҳ ўқитмасдан гўшангага кириши мумкин эмас-да?
Қариндош-уруғ, маҳалла-куй деган гаплар бор, бири бўлмаса, бири эшитади.
Ўзбекмиз, ор-номус, ғурур деган гапларимиз бор.– Билмодим, қишлоғимиздағилар биринчи хотинға керак, йэккинчисиға унча
шортмас-ов, дегандай бўлувди-да! Йэнди мўлла бўп билдим, керагакан.Кийин…– Тортинманг, айтаверинг!– Мўллаға пулди қойдан товаман деп ўйлодим.– Ҳали мўлла бечорага пул ҳам бермаганмисиз?– Жўқ-та! Хоражатти келин торап кўтаради деп ўйлоғамман-да!– Тушунарли. Шунинг учун ҳам никоҳ никоҳдек бўлмаган экан-да! Эссиз
шунча тўй, шунча умр, шунча ташвиш… Ҳеч бўлмаса, менга ёки Тоҳир файласуфга
айтсангиз бўларди-ку “Эй жўралар, чўнтак қуп-қуруқ, мана бу-мана бу масалаларни
ўзларинг ҳал қилинглар”, деб. Хафа бўлманг-у, Кичик чечамизнинг “тувар” дегани
бежиз эмас экан-да! – дедим ҳазил оҳангида.– Ким билоди, шўл пойтлар мияём ишломай қоған-да. Нима қиломиз, жўқчилиқ
қийинакан-да!
Ноқулай вазиятдан чиқиш учун гапни бошқа ўзанга бурдим:– Мана, жуда келишган оқсоқол бўлибсиз, соқол-мўйлабларнинг ярашганини
қаранг! Бизга ҳам мана шундай мартабалар насиб этсин! Қани, бир дуо қилинг!– Қондай бўлойқан, ўзингиздан бўғони моқулма дийман-да!– Йўқ, сиз ҳожи бобосиз, узоқдан келган меҳмонсиз, сиздан бўлгани тузук.– Хой бўмоса, Ўзбекистонимиз келажаги буюк давлат бўсин, болалоримиз
биздан кўраям кучли, билимли, оқлли, доно ва олбатта бахтли бўсин, омин,
Оллоҳу окбар!– Э, ҳалиям эски дуони такрорлаб юрибсиз-ку! – дедим неча йил олдинги
гапларни эслаб. – Энди янги замонга мос ният қилиш керак, эскилари тарихда
қолгани тузук.
72
Шарқ юлдузи
The pearl of the soul– Ҳа, туври, газетлорди ўқип, урганяппан. Жонги-жонги гапларди жозиб
боряппан. Худа халаса, шўлордиям қўшаман.– Изланишда экансиз-да!– Шўндой, шўндой! Некин жаш кеткандан кийин мия ўнча ишламай қолайкан.
Намозди урганганимда суралорди жотлаш онча қийин бўлди. Мўлла бўп намозда
олдинға – имомлиққа ўтқон пойтлорим ҳаяжон босқани учўнма, билмойман,
“Алҳамду”ни ойтаман деп “Алверготик” деп жубарғанман. Ҳа, бўған, бўған
шўндой. Жохшиям, бўни ҳеч ким сезмади, – деди Бойсўра ўз гапидан ўзи завқланиб.
Ренессанс домла
Қўшдарёдан келган меҳмон шаҳар марказини айланиб, янгиликларни
кўрмоқчи экан, мен ҳам бирга йўлга чиқдим.– Миллий боғ ҳудудида Адиблар хиёбони барпо этилган. У ерда тарихда
ўтган буюк шоир ва адибларимиз билан бирга “Фикрат” журналида ишлаган азиз
инсонларнинг ҳам ҳайкали бор, юринг, бирга кўрамиз, – дедим.– Жохши бўлорди-да! – деди Бойсўра.
Кенг ва обод кўча бўйлаб борар эканмиз, ҳамроҳим ён-атрофдаги ўзгаришларни
кўриб, бениҳоя ҳайратга тушди:– Ё, пир-ай, мўндай боланд иморатти биринчи кўришим. Олим ака ойтқон жуз
қоватли бийно шўламасма ишқилип? Мўни яки шўл одам қурғонма?– У кишининг ишини давом эттираётган тадбиркорлар кўп, – дедим раҳматли
Олим аканинг номини эшитишим билан маҳзун тортиб.– Ҳой, йэсим қурсин-ой, Оқром муҳоррирминан онча гаплашувдик, Олим
ака бўл куннорди кўраммай кетти, деп ойтувди. Ўл кишини йэккита ули
Қибройдоғи жерида унувирситит очқанмиш. Отаға насип қимоғони боллориға
тоғдир қиғонини қоранг-да! Омирқодан, Гирмониёдан, Жопониёдан, Туркиёдан
домлолор кеп дарс берайкан. Ўқишқа кирайдиған неваралор бўса шеққа
жубораберинг, деди Оқром ака.
Гап билан бўлиб Адиблар хиёбонига етганимизни билмай қолибмиз.– Шўнча жўл журсоғам биронта мелиса кўринмадима? – деди Бойсўра ҳайрон
бўлиб.– Милицияни нима қиласиз? – дедим энсам қотиб– Йенди айтомон-да, илгари ҳар қадамда мелиса тўхтатип, паспорт сўрап гаранг
қиларди-да!– Э, оғайни паспорт деган нарсанинг ўзи қолмади-ку бу замонда. Энди у гаплар
ҳаммаси тарих.
Барча ҳайкалларни томоша қилиб чиқдик. Айниқса, биз билан бирга ишлаган
инсонларнинг таниш сиймоларини кўриб, иккаламизнинг ҳам кўнглимиз тўлиб
кетди. Устозлар ҳақига дуолар қилдик.– Қондай улуғ инсонорминан ишлағанаканмиз-а, одамди ишонғиси кемайди, –
деди ҳожи Бойсўра. – Ҳанову гапқа чечан опайди ҳайкали жўқма?–
Улуғларимиз кўп-ку, барчасини бу ерга сиғдириш қийин-ов! Лекин
ҳаммасининг руҳи, хотираси доимо биз билан бирга. Мана, бошқа устозларни ҳам
эсга олдик, хотира уйғонгани яхши-да!
Алишер Навоий ҳайкали пойидаги кенг саҳнда тумонат одам тўпланиб турган
экан, беихтиёр ўша тарафга юзландик. Ҳайкалга олиб чиқадиган зина олдида ёши
етмишларни қоралаб, сочлари оқариб, анча сийраклашиб қолган кекса бир киши,
афтидан домла бўлса керак, нутқ сўзлар эди.– Азизлар, бугунги кунда мамлакатимизда бўлаётган улкан ўзгаришлар
ҳаётимизда янги бир цивилизация, янги бир ренессанс жараёнлари
бошланаётганидан дарак бермоқда. Чунки уларнинг ҳар бири инсон ва жамият
№ 9 2024 73
Муртазо ҚАРШИБОЙ
ҳаётининг маъно-мазмунини тубдан ўзгартирмоқда. Биргина собиқ мустабид
тузум, аниқроқ айтсак, сталинизм қолдиғи бўлган прописка масаласининг бекор
қилиниши инсонга ҳақиқий эркинлик, шаъну шараф ва ғурурни қайтариб берди…
Мана, сиз, ёшлар ҳатто прописка нима эканини ҳам билмайсиз, тўғрими?
Тўпланиб турганлар “Жуда тўғри! Раҳмат домла, кам бўлманг! Мана шундай
гапларингизни соғинганмиз” деб нотиқни олқишлашди.– Зўр домлайкан, – деди Бойсўра менга қараб.– Овози, гапириш мароми таниш, лекин ўзи… ким эди-я, – дедим ҳарчанд
тиришсам-да, нотиқнинг кимлигини эслолмасдан.
Қўл телефонига домланинг гапларини ёзиб олаётган ўттиз ёшлардаги йигит
бизга қараб деди:– “Комсомол қори” деб эшитганмисиз? Илгари замон нозик бўлгани учун
аравани нуқул қуруқ олиб қочар, сафсата сотар эди. Нима ҳақида гапираётганини
англаб бўлмасди. Янги Ўзбекистондаги ўзгаришлар шабадаси домлани ҳам
ўзгартирди. Маърузаларига ҳам маъни киргандек бўлди, биз – журналистлар у
кишини “Ренессанс домла” деймиз.
Боғни айлана-айлана яна одамлар тўпланиб турган жойга келиб қолибмиз.
Ҳайкал тарафдан домланинг сўзлари эшитилиб турарди:– Фарзанд бу – дил гавҳари. Инсониятнинг неча минг йиллик ҳаёт тажрибаси
шундан далолат берадики, муносиб зурриёд фақат соғлом ва мустаҳкам оилада
камолга етади. Бу борада бошқача йўл тутиш ўзни алдашдан бошқа нарса эмас.
Ўзингиз кўряпсиз, ҳозирги вақтда оилавий қадриятларга қарши салбий таъсирлар
кўпайиб бормоқда…– Домласи тушмагур нозик масалаларни ҳам яхши тушунар экан, – дедим.– Қони энди, имқони бўса, ҳаятти жонгадан бошласақ, – деди Бойсўра ҳожи.– Нима бало, яна уйланмоқчимисиз?– Ўндоймастоғин, некин бўл ўзгаришларди кўрганда одам жанаям жашагиси
келади.Уйланишам одамға мўндай ғайрат, ҳазирғи жашлар тилиминан ойтқанда,
мотувасия18 бермайди.
Сўнгги янгилик
Уни Бекман акадан эшитинг:
“Хумсон” сиҳатгоҳида дам олаётган эдим. Бир куни шомга яқин зулукдек қоп
қора “жип”дан башанг кийинган, тўлачадан келган хоним тушди. Уни икки нафар
барзанги сиҳатгоҳ биноси томон кузатиб борарди.
Эртаси куни ошхонада шу мавзуда гап очилди:– Крутой аёл экан, ёлғиз ўғли бормиш. Эри журналда ишлаган экан, – деди
кимдир.
Баногоҳ сергак тортдим:– Қайси журналда?– Билмадим, катта журнал экан. Бир неча йил олдин бандаликни бажо
келтирибди. Опанинг ўзи катта қурилиш компаниясида раҳбар эмиш. Яқинда
Дубайга бориб келибди. Тошкентда юз қаватли бино қурармиш. Номи ҳам ғалати,
чет элча, ҳой ўғлим, айтиб юбор, нима эди?
Нариги столда ўтирган ўттиз ёшлардаги йигит оғзидаги нонни охиригача
чайнаб ютинди-да, деди:– The pearl of the soul, ўзбекчаси – “Дил гавҳари”