Насимхон РАҲМОНОВ – филология фанлари доктори. 1952 йилда туғилган. Фарғона
давлат педагогика институтини (ҳозирги ФарДУ) тамомлаган. “Кўҳна битиктошлар”,
“Турк ҳоқонлиги”, “Ўзбек адабиёти тарихи”, “Олтин ёруғ” номли китоблар муаллифи.
Ўзбек адабиётида ҳужжатли наср жанрнинг етакчиларидан бири Набижон
Боқий деб айтсак, муболаға бўлмас. Муаллифнинг “Қатлнома”, “Чингиз афандига
мактублар. Анвар пошонинг васияти” номли китоблари қаторига “Қизил Тошбўрон”
ҳужжатли романи ҳам қўшилди. Бу роман жадидчилик ҳаракатининг аввалидаги
шахс Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг босиб ўтган йўли ва фаолияти ҳақида сўзлайди.
Бир қонуният бор: ўз давридан анча олдин кетганларни замон қабул қила
олмайди, бунинг оқибатида олдин кетганларга тош отилади, ҳар хил бўҳтонлар
уюштирилади, иғвою фисқ-фасод ботқоғига ботирадилар. Ҳамза ҳам ўз давридан
анча олдин кетгани боис ҳар хил ваҳшийларнинг ҳужумидан сақланиш учун
ҳимояга муҳтож эди. Мустақиллик даврига келиб у яна бизнинг ҳимоямизга муҳтож
бўлиб қолди. Бир неча йиллар олдин Ҳамзани танимаган кимсалар матбуотда уни
“тошбўрон” қилган эди. Бунинг оқибати ҳаммамизга маълум.
Роман аввалидаёқ Ҳамзани жисман маҳв қилиш режаси Октябрь тўнтаришидан
бошлаб Қўқонда бошланганини Набижон архив ҳужжатлари орқали далиллашга
ҳаракат қилади. Ҳужжатли насрнинг энг муҳим хусусиятларидан бири шундаки,
у ўтмиш воқелигини китобхонга рўй-рост етказади, воқеликни тўғри англашда
ҳужжатлар энг ишончли гувоҳ эканига мазкур роман ибтидосида келтирилган
далилларга таяниб ишонч ҳосил қиламиз. Хуллас, то 1929 йилгача Ҳамзани тирик
қолдириш хавфли бўлган. Роман бошидаги воқеалар тасвирига кўра ўзини Қўқон
хони деб эълон қилган Эргаш қўрбоши Ҳамзанинг биринчи кушандаси эди.
Ҳамзанинг шахсий ҳаётига оид воқеалар ҳам романнинг муҳим бўғинларидан
биридир. Жумладан, Ҳамзанинг Аксиняга уйланиш воқеаси китобхон олдида
дарров саволни кўндаланг қилиб қўяди: Нега номусулмон оиланинг қизига
уйланди? Қўқон шаҳри Аксинянинг киндик қони тўкилган юрт бўлиб, ўша ерда
улғайган. Набижон Боқий Ҳамзанинг уйланиш воқеаси ҳақида ҳикоя қилганда
сентиментализмга эмас, тарихий ҳодисаларга урғу беради. Уйланиш воқеасида
Аксинянинг мусулмонликни қабул қилишига китобхон ишонч ҳосил қилади.
Ёзувчи воқеаларни шунчалик ишонч билан тасвирлайдики, романнинг ҳар бир
қаҳрамонига оид лавҳада реаллик бўртиб кўринади. Ҳамза ҳақида яқин йиллардаги
ҳар хил миш-мишлар, айниқса зиёли қатламига мансуб айрим одамларнинг Ҳамза
ҳақида тийиқсиз гапларини романдаги ҳужжатлар тили инкор қилади.
Ҳамзанинг Қўқондаги илк ижодий фаолиятига оид бир ҳужжат бор. Ёзувчи бу
ҳужжатни Ҳамзанинг адабиёт ва театр санъатини Қўқонда ривож топтириш учун
ўзига хос дастур сифатида келтиради. Ҳамза ўн йиллар давомида дастурини амалга
ошириш учун турли идораларга бош уради, аммо натижага эриша олмасдан дили
қон, кўнгли вайрон бўлади. Охири дардларини матбуотда ошкор қилиб Қўқонда
адабиёт ва театр санъати эътибордан тамомила четда қолиб кетганини ёзади. Ана
шу бир саҳифа ҳужжатни Набижон романида келтирар экан, Ҳамзанинг Қўқондаги
фаолиятининг илк даври тарихини китобхон кўз ўнгида гавдалантиради.
Ҳамза ҳар соҳада имкон қадар ўзининг имкониятларини ишга солиб, ўзи
ёзган дарсликларни чоп эттириб Қўқонда, Марғилонда ўзи очган усули савтия
мактабида ўқитиш ва миллатнинг фарзандларини замоннинг илғор наслларига
айлантиришдай буюк мақсадлар йўлида куйиб-пишади. “Кейинги авлодимизнинг
хуршиди саодатларин заволға еткурмайлик. Бундан кейин бидъат ва мажусият
одатларини йўқ қилмоқ учун ёлғиз икки калима сўзни яхши тушунмоқ лозим:
ўқимоқ ва уқимоқ” дея дунё билан ҳамнафас бўлишга чорлайди. Аммо эски
усул мактабдорлари ҳужумига учраб мактаби ёпилгани, қаерда ўз давридан олға
кетишга ҳаракат қилган бўлса, қаршиликка учрагани ҳақидаги далилларни ёзувчи
архив ҳужжатларидан топади, романга тамал тоши қилиб олади.
Набижоннинг бадиий тўқималари ўзига хос ишончли чиққан. Ҳаёт Шодмонни
романнинг муқаддимасида дарвеш шоир сифатида тасвирлаган бўлса, Ҳамзанинг
ҳаж зиёратидан қайтиб келгандан кейинги оилавий ҳаёти муаммоларида яна Ҳаёт
Шодмон пайдо бўлади. Зотан, Ҳамзанинг зиёратдан қайтиб келгандан кейинги
оилавий ҳаёти билан Ҳаёт Шодмоннинг турмуш тарзида уйғунликни ёзувчи топа
олган.
Ҳамзанинг руҳий-маънавий ҳаётига оид лавҳаларни топишда ёзувчи
ҳужжатлардан маҳорат билан фойдаланади. Агарда ҳужжатларнинг ўзини баён қилиб
қўя қолганда ва Ҳамзанинг таржимаи ҳолининг бир қисми сифатида баён қилганда
эди, Ҳамзанинг маънавий олами, руҳий ҳаёти қуруқ, ҳиссиз тасвирдан иборат бўлиб
қоларди. Қолаверса, Ўз ФА собиқ қўлёзмалар институти 1990, 1991 йиллари Ҳамза
Ҳакимзода Ниёзий архивини икки жилддан иборат қилиб чоп эттирган эди. Бу
архив ҳужжатлари Ҳамзанинг фаолияти ҳақида тўлақонли тасаввур ҳосил қилади.
Аммо Набижон фойдаланган архив ҳужжатларининг кўпчилиги ўша нашрда йўқ.
Ҳамзанинг маънавий ҳаёти ҳақида архив ҳужжатларида кўп маълумотлар бор.
Ҳамзанинг шахсий ҳаётига оид воқеалар мазкур архив ҳужжатларида жуда кам
учрайди. Ҳамзанинг шахсий ҳаётига оид сентиментал воқеалар Набижоннинг
ижоди. Жумладан, Набижон Ҳамза билан Саидносирбойнинг қизи Ҳанифа
ўртасидаги қизғин муҳаббатга йўғрилган муносабатлар тасвири шундан далолат
беради. Ҳамза архиви каталогидан ўрин олган Бўронбойнинг дўсти Ҳамзага ёзган
мактубида “Саидносир афандининг қизини олмоқчи турубтурмен” деган хабар
Ҳамзанинг ҳаётида юз берган реал ҳодиса эканини далиллашга хизмат қилади.
Ёзувчи Ҳамза билан Ханифа ўртасида юз берган кейинги можаролар, айрилиқ
изтироблари китобхонга руҳий кайфият бағишлаш учун романга киритилганга
ўхшайди. Чунки, бу лавҳалар Ҳамзанинг улкан шахс сифатидаги фаолиятининг бир
қиррасини кўрсатиш учун киритилган.
Ҳамзанинг Қўқон шаҳридаги, умуман Фарғона водийсидаги фаолиятидан
лавҳалар романга асос бўлса-да, шунинг ўзи ҳам “Қонли тошбўрон”нинг
муваффақиятли чиқишига асос бўлган. Тошкентдаги илмий ва адабий муҳитга
ҳам Ҳамзанинг дахлдор томонларига романда ўрин берилган. Саидносир афанди,
Мунаввар қориларнинг Туркистон тақдири борасидаги суҳбатлари, хизматчи
бола Мадҳий (асли ГПУнинг хуфияси)нинг ўзини худди нотавон ва ожизу
бечорадай тутиши, унинг тилидан Наманган ва Тошкент ташкилотлари тўғрисида
келтирилган хатдаги маълумотларда Ҳамзага ишоралар борлигини сезамиз.
Чекистлар бошиданоқ Ҳамзани назоратга олганларини ҳар бир воқеа баёнида
ёзувчи далиллар орқали баён қилади. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Чунки
роман ҳужжатларга асослангани боис, Ҳамза билан диндорлар ўртасида зиддият
пайдо қилишдан чекистлар манфаатдор эдилар. Улар ҳам дин аҳлига, ҳам Ҳамзага
зарба берган бўлардилар. Жанр талабларига асосан, Ҳамзанинг ҳаётига оид ҳар
бир лавҳада тарихий шахслар, тарихий воқеалар Ҳамзанинг бирон қирраси билан
боғланган. Айтайлик, Ҳамза билан қўқонлик маърифатпарвар, тилшунос ҳамда
адабиётшунос Ашурали Зоҳирий, Миртемир образини олиб кирганда, ана шундай
ҳолатни кўрамиз. Ёки Усмон Носир, Ғулом Зафарий, Сўфизода, Абдулла Қодирий
каби қатор ижодкорлар билан Ҳамзанинг ижод, адабиёт борасидаги мубоҳасалари
ҳам Туркистон ўлкасининг адабий жараёни бошиданоқ юксак бўлганига бир далил
бўлиб хизмат қилган.
Набижон Боқий романида яна бир муаммони ўртага ташлаган. Бу – “Бой ила
хизматчи”нинг муаллифлиги ва матннинг оригиналлиги муаммоси. “Бой ила
хизматчи” драмасининг пайдо бўлишига оид лавҳалардан ёзувчининг бу асар
тарихини яхши ўрганганидан, асли саҳна асари томошаси мавжуд драмадан тамомила
фарқли эканига чизгилар қилади. Бу драма воқеалари аслида Обид чатоқнинг
буюртмаси бўйича саҳналаштирилган. Ҳамза Солиҳбой учун ҳазил тариқасида
бир кўринишли пьеса ёзган экан. Шўро давридаги “Бой ила хизматчи” тамомила
сиёсийлаштирилган саҳна асари, Шўронинг мафкурасига мослаштирилганини
романни ўқиганимизда англаб етамиз. Асли Ўз даврида Сарқўрғондаги – Қўқон
шаҳрининг шундоққина ёнида (ҳозир Учкўприк туманига қарайди) сой бўйида
икки кишидан иборат ҳаваскорлар труппаси томонидан саҳна асари ижро этилади.
Икки кишининг бири Ҳамза, у Солиҳбой ролини ижро этган; иккинчиси Обид
чатоқ, у Ғофир ролини ижро этган. Жамила ролини эса чиммат ёпиниб олган Ғулом
Зафарий ижро этган. Пьесада юмор бош ўрин тутган. Мазкур пьесадан маълум
бўлишича, “Бой ила хизматчи”да инқилобий руҳ Шўро манфаатларига мос бўлгани
боис Ғофир Сибирга сургун қилинган.
“Қизил тошбўрон” ўз навбатида илмий-маърифий роман сифатида юзага
келганини “Бой ила хизматчи”дан ташқари, Ҳамзанинг Ашурали Зоҳирий, Лазиз
Азиззода, Садриддин Айний ва бошқа бир қатор зиёли қавми билан бўлган
суҳбатларидан ҳам билиш мумкин. Романни ўқиган сари Ҳамзанинг биз билмаган
қирраларини Набижон Боқий кашф қила борганини англаб етамиз. Айниқса, Ҳамза
Миртемир ва икки рус чекисти билан суҳбатларида Қўқон аҳлига хос юморга
мойиллиги, ҳар қандай вазиятда ҳам ҳамсуҳбати билан эркин гаплаша олиш лаёқати
борлигини, одамшавандалигини намойиш қила олади.
Ёзувчи шу воқеалардан сўнг ўнта мактубни бирин-кетин келтиради. Нимага
романда шунча мактубни бирин-кетин келтиради, деган савол туғилади. Мактублар
Ҳамзанинг таржимаи ҳолидан ва иқтисодий ночор аҳволда яшаганидан дарак
беради. Бу мактубларни Ҳамза Хивадан, Хўжаэлидан қўқонлик дўстлари ва айни
пайтда труппанинг аъзолари бўлган Маҳмуджон, Ғуломжонга, қиёматли қадрдон
дўсти Бўронбойга ёзган. Мактубларда Ҳамза ўша ерларда ўқитувчилик қилганда
маош учун ҳам иш ҳақи тўлай олмаганларидан қўлга илинган нарсани сотиб
муаллимларга иш ҳақи қилиб берганига гувоҳ бўламиз. Қолаверса, Ҳамза ўша
пайтдаги раҳбарлардан Ўлмасбоевга ёрдам сўраб қилган мурожаатида “Туну кун
уйқумни барбод бериб, байрамда труппани кўтариш учун бир қанча материал
тайёрлаб бердим.Энди уйимда бир сиқим ун, бир қабза ўтин, эгнимда, на оилам, на
болам учун бир тўн йўқ. Изиллашиб пул сўрасак, бизга тескари қарайдилар”.
Ўша ўнта мактубдан бири Марказий онг-билим қўмитасига ёзилган бўлиб,
1928 йил, 19 март санаси қўйилган. Мактуб Ҳамзанинг саҳна учун мўлжалланган
ўнга яқин пьесасини қўмитага юбориши ҳақидаги режасини ўз ичига олади.
Ҳамза тирикчилигига боғлиқ қийинчиликларни бошидан кечиришига ва маҳаллий
идораларнинг ҳар хил топшириқларини бажаришга сафарбар қилинганига қарамай,
мактубда номлари келтирилган пьесаларни ёзиб, қўмитага тақдим қилиши ҳақидаги
режаларини баён қилади.
Бир миллаттпарвар одам бўлса Ҳамзачалик бўлар, қишли-қировли кунларда
эгнида кийишга тўни, уйида нон қилиб ейишга бир ҳовуч уни йўқ, болалари
оч, яланғоч бўлса ҳам, муаллимлик қилиш, ҳам труппалар ташкил қилиб, саҳна
асарларини халққа намойиш қилиш вазифаларини ўз ихтиёри билан зиммасига
олган, бутун кучини миллат равнақи учун сарф қилган одамни қандай қилиб
бугунга келиб қоралаш мумкин?! Нега уни тарих саҳифларидан ўчириб ташлаш
керак?! Ҳамза тенгсиз катта шахс экани “Қонли тошбўрон”да ҳам, Ҳамза архиви
каталогидаги ҳужжатларда ҳам муҳрланиб қолган.
Ҳамза Қўқонда туғилиб, Хоразм, Хўжаэли ва унга ёндош қишлоқларда,
Самарқандда фаолият олиб борганини Набижон изчил ҳикоя қилиб боради.
Ҳар бир ўлканинг маданий-маърифий, ижтимоий-сиёсий ҳаётида Ҳамзанинг
иштирокини чуқур ўргангани ҳар бир ҳужжатда ва ҳикояларида аниқ сезилиб
туради. Ҳамза ҳаётининг энг қайноқ ва сермаҳсул даври Қўқонга, умуман Фарғона
водийсига тўғри келади. Ҳамза ҳаётининг охирги дамлари ҳам водийда ўтди.
Водийнинг чет қишоқларидан бўлган Шоҳимардонни тамомила ислоҳ қилиш
учун Йўлдош Охун бошчилигидаги вакиллар бу ердаги вазиятни ўрганиб, ҳар
томонлама ислоҳ қилиш учун Шоҳимардон қишлоқ шўросига Ҳамза бошчилигида
махсус ҳайъат тузишни тавсия қилади. Албатта, Ҳайъат маҳаллий шароитни
ҳисобга олган ҳолда иш бошлайди. Ҳамза Шоҳимардонга келган биринчи кундан
бошлаб ёт унсурларга қарши синфий кураш эълон қилади. “Ҳукмнома – 1”да қайд
этилишича, Шоҳимардон ва унинг атрофидаги қишлоқлардаги батрак ва камбағал
деҳқонлардан артел тузишга астойдил бел боғлайди. Хотун-қизларни озод қилиш
йўлида кўп ташвиқотлар юргузиб, бир қанча хотун-қизлар фаранжиларини
ташлаб, мактабга кела бошлайди. Очилган хотунлар учун ипакчилик артели
тузиш чораларини кўради…бир неча йиллардан бери халқни эзиб келган хўжаларни
четга суриб юборади”.
Мазкур “Ҳукмнома” қисқа, бир саҳифадан иборат. Аммо Ҳамзанинг сиёсий
портрети жуда аниқ қилиб чизиб берилган. Ҳамза ўз дўсти Комил Алиевга йўллаган
мактубида Шоҳимардондаги вазият мураккаблашганини, ана шундай шароитда
“Тўсқунчилар оғзиға кавшар қуйиш” билан вазиятни бир оз ўз фойдасига ҳал
қилганини ёзган эди. Аммо вазият мураккаблаша борди. Шўро ҳукумати Ҳамзага
Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвонини бериб, яъни унвон билан унинг “оғзини
кавшарлаб” ўзларининг ифлос сиёсатини Ҳамза орқали амалга оширдилар.
Шўро Шоҳимардондаги диндорлар билан Ҳамза ўртасига нифоқ уруғини
сочиб, Ҳамзанинг ўлимини тезлаштирдилар. Набижон бу нифоқ уруғларининг
деталларини шунчалик маҳорат билан тасвирлайдики, кўз олдимизга ҳимоясиз,
чорасиз Ҳамза келади. У ёлғиз, ҳеч кимса унинг тарафида эмас. Шоҳимардон
қишлоқ Шўроси раиси Умархон Охун вазифасидан четлаштирилади. У янги
раис ва унинг раҳнамоси бўлмиш Ҳамзага душман бўлиб қолади. ГПУ ўз агенти
орқали Умархонга йўл-йўриқ кўрсатади. Тўғридан тўғри Ҳамзага ҳужум қилинса,
пировард мақсад заҳа еб қолиши мумкин. Пировард мақсад – коммунизм. Мана,
Шўро Ҳамзанинг фаолиятини тамомила бошқа ўзанга солиб юборганидан асосий
ният. Лекин Ҳамзанинг ўзи Шўронинг бу чиркин ниятларини англаб етмаган-ов.
Шўро – бу ГПУ деганидир, ГПУ – Шўро деганидир. Ҳамза ҳалок бўлган куни
ГПУ ходимлари Шоҳимардонда бўлмасалар ҳам, мудҳиш қотилликка узоқдан
туриб раҳбарлик қиладилар, яъни дирижёр саҳна ортида ўз ишларини бажариш
билан банд бўлади. Роман ниҳоясида ёзувчининг хулосаси шу. Воқеалар оқими ҳам
шунга олиб келади. Роман сўнгида келтирилган хатда Ҳамзага нисбатан мудҳиш
қотилликни уюштирган Иброҳимхўжа, Турсунқори, Исмоил мутавалли сингари
кимсаларнинг қиёфаси чизиб берилади, аммо бу қотилликни амалга оширганлар,
суд жараёни ҳужжатларида диндорлар эканлиги айтилса ҳам, воқеалар оқимидан
раҳнамо Шўро ҳукумати эканига романни ўқиб хулоса қиламиз.
Роман Ҳамзанинг умр йўлига оид лавҳаларни ҳикоя қилиш билан боғлиқ
воқеалар асосида яратилган. Аммо романни ўқиш жараёнида айрим лавҳаларнинг
сунъийлигини сезамиз. Жумладан, “Мавлоно Муқимий ҳужрасида” фаслида Амир
Темурнинг Шом фатҳига йўл олиши, Ҳалаб ҳукмдори Тоштемир ва саркарда
Суданнинг Амир Темур томонидан мағлуб этилиши, қолаверса, араб шаҳарларини
бирин-кетин Темур ўрдаси фатҳ этганига оид воқеалар, Қоҳира қозиси ва буюк
мутафаккир Ибн Халдунни Темур ўз хизматига чорлагани ҳақидаги тарихий
воқеалар “Қонли тошбўрон” воқеаларига унчалик ёпишмайди. Набижон Боқий бу
воқеаларни нима учун киритгани номаълум. Ёки Худоёрхон ҳукмронлиги даврида
юз берган Садбарг воқеаси ҳам романнинг сюжет чизиқларига ёки Ҳамзага
боғланмаганини айтиб ўтишимиз керак. Балки Садбарг воқеаси Қўқон хонлигида
айнан Худоёрхон ҳукмронлиги даврида бўлиб ўтганини, Ҳамза билан боғлиқ барча
воқеалар Қўқонда бўлиб ўтганига ишора қилиш ва ҳар иккаласи макон жиҳатдан
бир эканига ишора қилишни мақсад қилгандир. Қандай бўлганда ҳам, бу воқеа
ҳам роман воқеаларидан ажралиб қолганини эътироф этишимиз керак. Эҳтимол,
келгусида Набижон Боқий мана шу лавҳаларни алоҳида қисса ёки романга
айлантириш режасини китобхонга ҳавола қилаётгандир. Барибир, бу воқеаларнинг
романга олиб кирилгани қоронғулигича қолган.
Набижон Боқий истеъдодли ёзувчи сифатида ҳужжатли романни ёзиш орқали
катта муваффақиятга эришган. Бу роман ўзбек адабиётининг ўлмас мулки бўлиб
қолишига ишончим комил.