Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Қуш тилида хонишлар этдим


Яҳё ТОҒА – 1957 йилда туғилган. Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ),
Максим Горький номидаги Москва адабиёт институтининг Олий адабиёт курсини
тамомлаган. Ижодкорнинг “Кўклам қалдирғочлари”, “Қафасдаги бургут”, “Тасалли”,
“Куйла, ҳофиз”, “Фахриёна”, “Хотира дарёси”, “Тўполончи топағон”, “Ота макон”,
“Бахмалнома”, “Чиноз манзаралари”, “Қарчиғайнинг жияни”, “Ифтихор” каби шеърий
ва насрий китоблари нашр этилган.

Отам қариб қолибди

Ўтган асрда ёзилган достондан парча


Кечагина икки қоп унни
Ердан шартта узволадиган,
Сал мундоғроқ деворни
Битта урса бузворадиган,
Отам қариб қолибди.


Ҳар кўкламда ток кўкартириб,
Ҳар кўкламда шафтоли эккан,
Беш йил, дайди ўқни оралаб,
Урушдан ҳам соғ-омон чиққан,
Отам қариб қолибди.


Бир арава пичанни
Яккаш ортиб келавергувчи,
Ҳангиси ҳориб қолса,
Ўзи тортиб келавергувчи,
Отам қариб қолибди.


Билмай курорт, “балниса” нима,
Бизнинг ғамимизни еб юриб,
Болаларим рўшнолик кўрсин,
Улар одам бўлсин, деб юриб
Отам қариб қолибди.

Баъзан ичда қўзғалар кулги,
Қаранг, ўғлим отамдан дароз.
Умр – дарё! дегани шулми,
Кўҳна минор нурабди бироз,
Отам қариб қолибди.


Қарибди-ю, сўзлари дадил,
Бизга ҳазил-ҳузул гап қилар.
Мен эшитиб ўтираману…
Бир изтироб ични кемирар:
Отам қариб қолибди.


Отам, отажоним…
Қариб қолибди.


Соғинч


Ғунчагаму, гулга парвона
Қуш тилида хонишлар этдим.
Гарчи, бу гап сал шоирона,
Лекин сени соғиниб кетдим.


Товуслар сув қуйди қўлимга,
Қайтгим келди Ойдинкўлимга.
Бир гул йиғлаб чиқди йўлимга,
Лекин сени соғиниб кетдим.


Сайрайверди булбул мен учун,
Йиғлайверди ул гул мен учун.
Балки, бари бир пул мен учун,
Лекин сени соғиниб кетдим.


Юлдуз санаб бу кеча дилгир,
Эслаб қўяр мени ҳам кимдир!
Дўстларимни унутдим бир-бир,
Лекин сени соғиниб кетдим.


Қанот истаб куйдим, бўзладим,
Қарчиғайдай кўкни кўзладим.
Рост сўзладим, ёлғон сўзладим,
Лекин сени соғиниб кетдим.


Жумла битдим далли, девона,
Шеър, деб билдим жумла жаҳона.
Мен бир бедард болангман, она,
Лекин сени соғиниб кетдим.


Бахт қуши


Мана бахт қуши ҳам елкага қўнди.
Бу яғир елкага қўнди-ку охир,
Оғир бахт қуши.
Этга ботиб кетди тирноғи.
Бағир қон.
Қанотлар қон.
Лабга силққан қон таъми – тахир.
Мен бу қушдан фақат
Бахт сўрагандим, ахир.
У эса…
Мени қурбонликка сўради.


Тегирмон тоши


Дил маърака майдон, тил беор жангчи,
Дошингда айланар тегирмон тоши.
Қўлларинг ўқига етмайди, гарчи
Қошингда айланар тегирмон тоши.


Ҳар кимнинг ташвиши ўзигадур эш,
Оҳ, қачон тўлибдур рўзғор деган меш?
Хиваю Андижон, Самарқанду Кеш,
Шошингда айланар тегирмон тоши.


Ўзинг жардасану кўзинг қуёшда,
Ёш жонинг қарғалар аро талошда.
Дунё акс этармиш бир томчи ёшда,
Ёшингда айланар тегирмон тоши.


Ҳар гул ўз ҳидидан мастдур чаманда,
Асрлар шамоли айлайди ханда…
То ҳаётсан, яша, эй ожиз банда,
Бошингда айланар тегирмон тоши.


Киприги ўқмонанд, ўсмабанд қоши,
Хазонга ўт қўяр фалак фарроши.
Яҳё, юрагингда минг армон тоши,
Тошингда айланар тегирмон тоши.


Кузатиш


Топганидан
Йўқотгани мўл отам,
Аё, меҳри дарё,
Қаҳри кўл отам,
Онам ўлиб,
Яқолари ҳўл отам.
Оқ йўл, отам,
Оқ йўл, отам,
Оқ йўл, отам.
Маржонбулоқ отам,
Мирзачўл отам,
Кўнгли очиқ,
Бироқ,
Юпқақўл отам,
Жаннатда ҳам
Қабатимда бўл, отам.
Оқ йўл, отам,
Оқ йўл, отам,
Оқ йўл, отам…


Арафадаги ўйлар


Бошларимга ёғдимикан қор,
Сочлар оппоқ.
Қиш бўлса керак?!
Манглайдаги не ғурра, эй ёр,
Битикми?
Йўқ, шиш бўлса керак?!


Ёлғончининг
Ўнг қўлида бол,
Сўл қўлида ниш бўлса керак?!
Бир кўзга
Тик боқиб, эҳтимол,
Алдаш
Қийин иш бўлса керак?!


Умрингнинг
Ям-яшил дафтари
Бугун
Сал сарғиш бўлса керак?!
Милкингни
Тарк этган лашкари
Ўттиз икки тиш бўлса керак?!


Янгалар


Нима қилса қилди янгалар,
Бағримизни тилди янгалар.
Сени оққа ўраб-чирмашиб,
Менинг терим шилди янгалар.


Тупроқ йўлга чўккалаб қолдим,
Оёғимда тугаб мадорлар.
Янгаларга тош отдиму мен,
Бошларимни ёрди “ёр-ёр”лар.


Энасини сўкдим уларнинг,
Ўлим тилаб кетди янгалар.
Келинчакнинг ёшини артиб,
Қўлин силаб кетди янгалар.


Бахмал кўрпа-тўшаклар солиб,
Ағанашиб кулди янгалар.
Ичкарига қўймай куёвни,
Беш-ўн сўмлик бўлди янгалар.


Ўша кеча мен ўтда ёндим.
Ўша кеча йиғлаб чиқди шам.
Мен энг ғамгин шеъримни ёздим,
Мени эслаб қўймадилар ҳам.


Уйларингга чимилдиқ эмас,
Қора парда илди янгалар.
Сени бошқа бировга бериб.
Нима қилса қилди янгалар.


Йўқсил хиргойиси


Чарх урар
Ҳар дам миям,
Ғоям бору
Чорам йўқ.


Адл турар
Шамсиям,
Соям бору
Қорам йўқ.


Ҳамшира қизга


Кўрпамни
Сал кўтариб қўй,
Курагим музлаб кетди…


Кўнглимни
Сал кўтариб қўй,
Юрагим музлаб кетди.


Омад


Бой бованинг боғида
Бир қизга кўзим тушди.
Сирғаси қулоғида
Юлдузга кўзим тушди.


Тополмай бирор чора,
Бир айладим наззора:
Икки кўзи қоп-қора
Денгизга кўзим тушди.


Кезаркан ул гулбадан,
Яшнаб кетди бул чаман.
Чаккасида титраган
Ялпизга кўзим тушди.


Ҳилпирар-эй кўйлаги,
Туймадеккина лаби.
Боғ ичра ўзим каби
Ёлғизга кўзим тушди.


Боравердим ортидан,
Ўтдик боғнинг ёртидан.
Шунда бир ўроқ тутган
Тўнғизга кўзим тушди.


Боғдан чиқиб кетди гул,
Омад деганим, бир пул.
Қўлтиғимдан тушган ул
Тарвузга кўзим тушди.


Шоирлар


Сўзимиз – қуролимиз,
Қуролимиз – сўзимиз.
Дилгир,
Дилрабо кўнгил
Қаролимиз – ўзимиз.


Ҳар биримиз
Биродар,
Даҳоликка даъвогар…
Ақл қилмайди бовар,
Бўримизми, қўзимиз?!


Беку тўра,
Қорага…
Учмагаймиз порага.
Бирор бир бечорага
Ямоқ бўлар бўзимиз.


Биз – озодликдан жарчи,
Улуғ кундан хабарчи…
Кўксимиз тоғдай,
Гарчи
Очу наҳор рўзимиз.


Миллат шаънини агар,
Булғаса
Қай ҳийлагар…
Рўзи қиёмат қадар
Очиқ кетар кўзимиз.


Сўзимиз – қуролимиз,
Қуролимиз – сўзимиз…

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil