Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

СУВРАТЛАНГАН РУҲИЯТ

Қозоқбой ЙЎЛДОШ – педагогика фанлари доктори, профессор. 1949 йилда туғилган.
Ғафур Ғулом номидаги Сирдарё давлат педагогика институтининг (ҳозирги ГулДУ) Ўзбек
филологияси факультетини тамомлаган. Ҳозирга қадар қирққа яқин китоби ва кўплаб
илмий мақолалари чоп этилган.


Таниқли шоир Абдунаби Бойқўзи ижодининг катта қисмини қамраб олган
“Чўли ироғим” китобида ўқирман руҳиятини мувозанатдан чиқариб, кўнглига
ҳузур бағишлайдиган шеърий битиклар анча кўп. Қофияли ҳар қандай тизма
шеър бўлавермагани каби ҳар қандай шеър ҳам ўқувчига таъсир қилавермайди.
Кўнгилдан чиққан сатрларгина киши кўнглида из қолдиради. Муаллифнинг кўнгил
изҳори бўлмиш мўъжазгина “Неки ёздим” шеърида шоир ижодининг кредоси
ифодаланган дейиш мумкин:


Неки ёздим,
Кўнглимни ёздим,
Кўнгилларни кўнглимга ёздим.
Кел, кўнглингни ўқи кўнглимдан,
Неки бўлса кўнгилдан ёздим.


Ўзгалар кўнглини кўнглига жойлаб олган шоирнинг кўнглидан тўкилган
сатрларда шеърхоннинг кўнгил манзараси акс этади. Белгилики, ижодкорнинг
поэтик маҳорати нимани ёзганида эмас, балки қандай ёзганида намоён бўлади.
Ўн беш сўздан иборат беш қатор шеърда «кўнгил» сўзи олти бор қўлланганига
қарамай, ўқирман кўнглига урмаслигига эришиш шоирнинг қайралган тасвир
маҳоратидан дарак.
Абдунаби Бойқўзининг “Ҳеч йўқ” шеърида дунё поэзиясида айтилавериб,
қирпити чиққан ҳолат тасвирланган. Чин шоиргина эски ҳаётий вазиятдан янги
поэтик маъно чиқара олади. Абдунаби бундай натижага тасвирда одатий мантиқни
бироз бузиш орқали эришган:


Қандайин тушингга кирдим, билмадим,
Наҳот бахт гулининг бўлса армони.
Демак, тушларингга бежиз кирмадим,
Демак, сенга ҳануз зорман, армоним.



Илк банднинг учинчи ва тўртинчи қаторларида акс этган ҳолат дунёдаги бошқа
барча севгибитикларда ўзгачароқ хулосага келишга сабаб бўларди: маъшуқа
ошиқни туш кўрган бўлса, демак у буни ўйлаган. Бу мазмундаги ҳар қандай
тушнинг жўяли таъбири ҳам шу аслида. Лекин ушбу шеърнинг лирик қаҳрамони
бу ҳолатдан: “Демак, сенга ҳануз зорман, армоним” тарзидаги тескари хулосага
келади. Ошиқнинг маъшуқа тушига кириши бошқа барча ошиқлар кўнглидан
ўтадиган универсал изоҳнинг акси бўладиган йўсинда тушунтирилади. Ва бу
изоҳ кутилмаганлиги билан шеърхонни ишонтиради. Қаҳрамон “армони” бўлмиш
санамни шундай ардоқлайдики, унинг тушига киришдай “юмуш”ни ҳам ўз
зиммасига олади.
Шеърнинг якунловчи бандида ўнгланмас ҳаётий фожиа тасвирида умид, мангу
йўқотиш ифодасида топиш илинжи акс этгандай бўлади:


Қани, у дамларга қайтолсак, қани,
Хато қилдим, хато қилдим, дилойим.
Бағрингни бир умр банд этди ғаним,
Ҳеч йўқ тушларингга кириб туройин…
Ҳеч йўқ тушларингда… кўриб турайин.


Суйгулисини хаёлан соғиниш, тасаввурда бўзлаш, унсиз-унсиз излаш
имкониданда маҳрум ошиқнинг истагу хоҳишлари якунловчи бандда ўзининг
табиий ифодасини топади.
Абдунаби Бойқўзининг кўпчилик шеърлари яхлит бутунликдан иборат. Уларни
бўлакларга ажратиб бўлмайди. Чунки уларда нафақат сўз, балки ҳар бир товуш
муайян бадиий вазифа бажаради. Ҳатто, такрорларнинг ҳам елкасига эстетик юк
ортилганидан тегинилса, шеърга заха етиб қолади. Бу яхлитлик шеър асосида
ётган фикр ва туйғунинг бирбутунлигидан пайдо бўлади. Шоирнинг кўп битиклари
сўнггида алоҳида ажратиб ёзилган бир сатр бўладики, муаллиф шеърдаги бутун
поэтик ва мантиқий юкни ана шу мисрага жо қилишга эришади. “Оҳ тортсам”
шеърида афтодаҳол ошиқ:


Майлими?..
Хаёлан исмингдан бўсалар олсам,
Хаёлан қошингда турсам мунграниб?
Майлими, сўзингдан туйсам роҳатлар,
Бахмал оҳанглардан яйрасам ёна.
Йўқ дема, йўқ дема, йўқ дема, дилбар,
Дилимда дил бор деб қилма баҳона, –

дея бефарқ санамга хаёлан бўлсада яқинлашишни илтижо қилади. Ёрнинг
жонбахш сўзи, нафақат сўз, балки унинг бахмал оҳанглари ҳам жонини яйратишини
таъкидлар экан, дилбардан дилида ўзга дил борлигини баҳона қилмасликни
ўтинади. Шеърнинг лирик қаҳрамони шунчалар фидойики, хаёл суриш учун ҳам
суйгулисидан рухсат сўрайди. Шоирнинг маъшуқа исмидан хаёлан бўса олишга
рухсат сўраши тасвири кишини ўйга толдиради. Лаблардан, қош-кўзлардан, жисму
тандан бўса олиш истаги шеъриятда кўп бор акс этган, лекин исмдан ва яна хаёлан
бўса олишга рухсат сўрашдек нафис ўтинч фақат шу шеър қаҳрамонига хосдир.
Шеърнинг якунловчи бандида шоирнинг қаҳри қаттиқ дилбардан ўтинчи бироз
ёзғириш шаклига киргандай бўлади:


Дилбарим, дил бари фақат сендами?
Ё фақат мендами тамоми зорлик?
Тикилсам, чиройинг қоларми камиб?
Озайиб қоларми менда нисорлик?


Истак билан имконнинг, интилиш билан унга жавобнинг номувофиқлиги
ошиқни ўртайди. Шу боис дил деганнинг бари дилбардами, зорликнинг бари
биргина мендами йўсинида озорланишга журъат қилади. Туйғунинг ўта йириклиги
билан талабнинг ғоят кичиклиги ўртасидаги мантиқий тазод шеърга ўзгача
жозиба бағишлайди. Тўртлик бандлардан иборат шеър якунида “Майлими, гоҳо
оҳ тортиб юборсам?” сатрининг алоҳида озода сатр сифатида келиши билан
шоир хокисорлиги ҳадди аълосига олиб чиқилади. У суюклисини оҳи билан ҳам
озорлашни истамайди. Ҳолбуки, оҳ тортганда дарди бир оз енгиллашган бўларди,
аммо бу борада ҳам ихтиёри ўзида эмаслигини ўта нозик ифодалайди.
“Тун, азизим…” шеърида Тун ва Шоир тимсоллари тасвирланган. Оддий одам
кунни орзулайди. Шоир эса дил розларини Тунга айтиш учун Қуёшнинг “эриб
битиши”ни узоқ кутади:


Қуёш шомда эриб битди,
Икков танҳо қолдик яна, Тун.
Дил розларин тўшамоқ учун
Сени узоқ, умрзоқ кутдим.


Шеърнинг кейинги бандида нафақат атроф оламни, балки шоирнинг борлиғини
ҳам қамраб олган Тундан қилинган нафисдан нафис ўтинч шундай акс этади:
“Шивирлагил дудоқларимга”. Демак, Тун – Шоирнинг илҳом париси. Унинг
кўнглига туйғу, лабларига сўз солади. Сўз эса Шоирнинг кўнглидаги дардларини,
оғриқларини қоғозга тўкади. Шу боис шоир Тундан ажралгиси келмай, уни оғушига
олиб, кўнгил пучмоқларига яширмоқчи бўлади:


Тун, азизим, оғушимга кир,
Шивирлагил дудоқларимга.
Сўнг, ўзингни кўнглимга яшир,
Ва… айлангил дилдоғларимга.
Кел, ўзингни кўнглимга яшир…


Кўпчилик шеърларида Абдунаби Бойқўзининг сўзни нозик ҳис қилиб, жуда
таъсирли қўллай олиш маҳорати намоён бўлади. Чунончи, “Кўнглим” шеърида
шоир сўзнинг нафақат маъно товланишлари, балки товуш жилвалариданда ғоят
усталик билан фойдаланади. Ҳар қандай такрор – бадииятнинг келишиб бўлмас
ғаними. Лекин усталик билан амалга оширилса, ҳатто, такрор ҳам тасвирнинг
бетакрорлигига хизмат қиларкан. Тўққиз қаторли шеърда “кўнгил” сўзи ўн бор
қайтарилган бўлишига қарамай, ўринли қўлланилгани сабаб ўқирманнинг ғашига
тегмайдигина эмас, балки уни ҳайратга солади. Чунки муаллиф ҳар бир “кўнгил”га
алоҳида маъно, алоҳида бадиий вазифа юклай билган. Бу шеърда икки қаҳрамон:
ошиқ Кўнгил ва маъшуқ Кўнгил бор. Лекин шеърдаги поэтик вазият тақозоси билан
бу кўнгиллар “ўксиб ол бўлган”, “қадди дол бўлган” ўз кўнгилларига ҳам эга бўлиб
иккиланадигина эмас, балки ўнланиблар кетади. Муҳими, кўнгилларнинг бу хил
“ўзидан кўпайишлар”и ўқирман кўнглига урмайди. Негаки бу ерда шунчаки сўзлар
қайтариғи эмас, балки шоир руҳиятидаги товланишларни ифодаловчи шеърий
санъат юз кўрсатган:


Ўксиб-ўксиб кўнгил кўнгли ол бўлган,
Кўнглинг ололмадим, ўксима, кўнглим.
Кўнгил кўчасида қадди дол бўлган
Зору зор кўнгилман кўнглингда, гулим.


Шоир тасвирнинг серқатлам бўлишига эришади: у ўкситилаверганидан ол
бўлган, яъни қизариблар кетган кўнглининг кўнглини ололмаганидан хижолат.
Муаллифнинг маҳорати шундаки, тасвир кўпқатламлигига янги сўзлар киритиш
ҳисобига эмас, балки “кўнгил” сўзининг такрори орқали эришади. Бир сўз такрори
ҳам ошиқ, ҳам ёрнинг руҳий ҳолатларидаги бетакрор турфаликни акс эттиришга
хизмат қилади. Кўпроқ мумтоз поэтикага хос “истиғно”, “ноз-карашма”ли бу
шеърнинг жозибали ва оҳангдор чиқишида такрир санъати катта ўрин тутади.
Такрордан мумтоз адабиётимиз вакиллари кўп фойдаланишган. Жумладан,
Машрабнинг:


“Ман айтурман: “Кўнгул узгил!”
Бу кўнглум кўнгул узмайдур,
Кўнгул айтурки:
“Эй нодон, кўнгул узсам, узилгайму?!”


сатрлари бу санъатнинг гўзал намунаси саналади.
Шеърнинг кейинги бандида умумий руҳ ўзгармагани ҳолда сўз ўйини давом
эттирилган. Иккинчи банднинг дастлабки икки мисрасида “зор” сўзи худди олдинги
банддаги «кўнгил» янглиғ беш бор қайтарилади. Ошиқ Кўнгил маъшуқ Кўнгилга
мурожаат қилар экан, ўз даражасини “зору зоринг” дея ифодалайди. Яъни ошиқ
Кўнгилнинг маъшуқ Кўнгил дийдору висолига эҳтиёжмандликнинг даражаси “зор”
сўзини икки марта такрорлаш (“зору зор”) орқали билдирилади. Айни замонда бу
такрор билан маъно кучайтирилишига ҳам эришилган. Биринчи мисрада учинчи
бор қўлланилган “зор” сўзи олдидан “хор” сўзини келтириш орқали ошиқнинг
ўтинчи ифода этилиб, ҳам унинг муҳаббатини хору зор қилмаслик сўралган, ҳам
ошиқ “зор”лиги даражасини икки баравар кучайтиришга эришилган. Шу банднинг
иккинчи мисрасидаги биринчи “зор” сўзи – ошиқ Кўнгилнинг сифатловчиси.
Иккинчи “зор”га эса ошиқ кўнгилни “зор қилма”слик юкланмоқда. Бу бандда “ол”
сўзи ҳам турли маъноларда уч бора қўлланилиб, ифоданинг кучайишига хизмат
қилдирилган:


Гулим, зору зоринг хору зор қилма,
Ол, ул зор кўнглини, ол-у, зор қилма.
Олу ол узоринда лолалар унди,
Лолалар бағрини волазор қилма.


Банднинг учинчи мисрасида “зор” “узор”га айланди. Узор, яъни суйгулининг
юзи гўзалликдан “олу ол” бўлиб қизилликда лолазорни эслатади. Ошиқ ёр
узорида лолалар униши сабаб кўнглида очилган умид чечакзорининг “волазор”га
айланмаслигини ўтинади. Муаллиф ушбу шеърни «Кўнглинг ололмадим, ўксима
кўнглим» шаклидаги озода мисра билан тугаллайди. Зеро, бу оламда кўнгилни
ўкситмасликдан буюкроқ аъмол йўқки, юқоридаги мисралар ана шу ниятга хизмат
қилдирилган эди.
Кўнгилдан чиқариб кўнгилга ёзгани учун Абдунаби Бойқўзининг табиат
манзараларига бағишланган битиклари ҳам ўқувчини эмрантиради. “Қиш куни”
шеърида шоирнинг зийрак назари пайқаган манзара ва тасвир беихтиёр диққатни
тортади:


Оқ қайиннинг озғин шохига,
Ястаниб ётиб олди қор.
Гул ҳам тўйди булбул оҳига,
Ухлар, бошда оқ ангор рўмол.


Бу сатрлар ўқирман кўз олдида қишнинг поэтик манзарасини намоён қилади.
Оғоч шохининг “озғин”лиги, унда қорнинг “ястаниб ётиш” тасвири шеърхон
туйғуларини уйғотади. Гулларнинг бошидаги оқ рўмол, айниқса, уларнинг
булбул ҳонишларига тўйгани тасвири кўнгилга хуш келади. Кейинги банддаги:
“Эҳтиросдан лоф урган қушлар, Машқи тўнган. Мудрар қайдадир. Чойшабларда
кўради тушлар Лолақизғалдоқларни адир” тарзидаги дилтортар тасвир туйғуларни
жунбушга келтиради. Қушларнинг лоф уриши, улар билан бирга шахслантирилган
адирнинг оқ чойшабга ўралиб олиб, кўклам келса бағрида гуркираб очилгувчи
лолақизғалдоқларни туш кўриши ифодаси ўқирманни ҳайратга солади.
Шеърнинг кейинги бандидаги даслабки икки мисрада худди лолақизғалдоқларини
соғинган адир сингари баҳорги ялпиз бўйларини соғинган қумариқ образи киши
диққатини тортади: “Сувдан қолган қумариқ яна Ётар ялпиз бўйларин қўмсаб”.
Қишлоқ ҳаётини ичдан билган одамнинг назаригина бундай нозик ҳолатни
илғаб олиб, ундан гўзаллик топади. Шеърда тасвирга тортилган барча нарсалар
жонлантирилибгина қолмай, шахслантирилади ҳам. Натижада тасвир ўзгача
тароват касб этиб, шеърхонга яқинлашади. Шу банднинг кейинги қаторлари
ўзгача оҳори билан кўнгилни ром этади: “Шамол томнинг манглайин силар. Оққор
сочин тўзғитар тараб”. Одатда соч таралганда, тартибга солиниб, силлиқлашади.
Томнинг оққор сочи шамол тароғидан тўзғиши тасвири эса ҳам кутилмаганлиги,
ҳам ҳаққонийлиги билан ёдда қолади. Бу тасвир – жуда зийрак шоирона назарнинг
натижаси. Зеро, шамолнинг иши тўзғитиш, бетартиблик яратиш.
Шеърда “ҳилвир соч” деб аталган мажнунтол новдаларини изғирин шамолнинг
истаган кўйига солиб тортқилаши шундоққина ўқирман кўз олдига келтириб
қўйилади. “Мўрилардан пуркар оҳини, Туйқус сочи оқарган уйлар…” йўсинидаги
кутилмаган тугалловчи тасвир шеърхонни ҳайратга солади. Қишда ҳар бир уйнинг
томи оппоқ қор билан қопланиши ва мўрилардан тутун чиқишидай оддий ҳодисадан
шоир ғоят инжа тасвир юзага келтиради: туйқус сочи оқарганидан ғамсиққан уйлар
оҳларини мўридан пуркайди! Бу поэтик ифода шоирнинг зийрак назари ва етук
ифода имкониятига эгалигидан далолат беради.
Абдунабининг “Онажон”, “Онам яшаган уйлар”, “Онам қабри” шеърлари
ҳамда “Жаннати онам” номли сонетлар гулчамбари шаклида битилган достонида
онани қўмсаш туйғулари самимий ифода этилган. Шоирнинг она ёдига бағишлаб
битилган шеърларида унинг бағридан йироқдаги ўғилнинг адоқсиз армонлари
ўзбекча йўсинда акс этади:


Сен яшаган ҳовлиларга боролмайман, онажон,
Борсам, яйраб борлигингдай киролмайман, онажон.
Сен бахш этган бу бағирнинг бағрида тошлар синди,
У тошларга бошим уриб, ёролмайман, онажон.


Бу эски туйғуларнинг ифодасини ўзбекча деганим боиси биздан бошқа кўпгина
миллатларда онага ҳам барча одам қатори амалиётчи кўзи билан қаралади. Яъни
унинг ҳам банда сифатида ўлимга маҳкум экани фарзандлар назарида туради. Аммо
биз ўзбекларда онага ҳеч йитмас қадрият, асло қуламас қўрғон, мангу яшайдиган
фаришта тарзида қараш устуворлик қилади. Ва онанинг ўлими ҳамиша улкан
фожиа тарзида қабул қилинади. Шеърда бола она учун бағир бўлса, бу бағирга
қанча тошлар урилиб сингани, энди бу тошларнинг синиғига онасиз бошни уриб
ёриш имконсизлиги улкан армон билан таъкидланади.
Кўпчилик ижодкор бир умр юртини улуғлаб ва уни соғиниб яшайди. Ҳар қандай
асл ижодкорнинг қисмати – шу. Абдунаби Бойқўзининг ҳам кўплаб шеърларида
унинг юрти ва юртдошларига бўлган соғинчи акс этган. Бу шеърларда руҳи туғилган
юрти билан бирлашиб кетган, зарурият сабаб ундан узоқлашган бўлсада, лекин
бегоналашмаган ўғлоннинг самимий туйғулари акс эттирилади. Абдунабининг
ўз ота юртига севгиси шунчаликки, оти қулоққа унчаям ёқимли эшитилмайдиган
“Тешикмозор” деган маскан ва унинг ғалати одамларининг феълу хўйини акс
эттирувчи юмористик қисса ёзиб, дунёга достон қилди. Аҳли ўзбек ҳам шундай
қишлоқ борлигини Абдунаби Бойқўзининг битганлари туфайли билди.
Шоирнинг “Соғинч”, “Йўлим – пойтахт”, “Андижонимсиз, ота”, “Болалигим
қишлоғи”, “Андижонсой шамоли”, “Мен туғилган юрт” шеърларида бевосита юрт
ва юртдошлар соғинчига тегишли туйғулар акс этган.
Абдунаби Бойқўзи – ўз ижодий имкониятларини турли поэтик шаклларда
синаб кўришга уринадиган санъаткор. Бу жиҳатдан шоирнинг тўртликлари ҳам
эътиборни тортади. Бу жанрдаги битиклар муаллиф кўнгил ҳолати ва ўйларининг
қисқа ифодасидир. Шоир тўртликларида ўз кўнглига қайта-қайта мурожаат қилади.
У кўнглини фақат ўзининг эмас, балки Аллоҳнинг ҳам дахлсиз мулки сифатида
доимо пок сақлашга, ғуборлардан асрашга интилади. Бу интилиш бир тўртликда
шундай намоён бўлади:


Кўнглим, не қилсам сени шод қилдим,
Зор бўлганим зорликда ёд қилдим.
Ҳар неки харобот тошимдадир,
Ўз ичимда ўзимни обод қилдим.


Ушбу тўртликда кўнглига хиёнат қилмай, унга зуғум ўтказмай, ўзини фидо этиш
орқали кўнглини обод қилиб яшаган кўнгил кишисининг кўнгил изҳори акс этган.
Ҳар бир инсон ўз савияси, дунёқараши ва ҳолатидан келиб чиқиб, Аллоҳга
илтижо қилиб, мағфират сўрайди. Шоирнинг бир тўртлигида акс этган муножотни
унинг ўзлиги ифодаси дейиш мумкин:

Ахийлар оҳига ошно қил, Эгам!
Аҳдимни фақр-ла рўшно қил, Эгам!
Йўл олдим ўзимдан Сени ахтариб,
Собир қил, сабрни ош-нон қил, Эгам!


Ахийлар каби нафсдан, дунё қутқуларидан кечиб, Эгаси сари интилишга фақат
нафс истакларидан юз ўгирган одамгина жазм этиши мумкин. Шоир ўзидан Уни
ахтариб йўлга чиққан. Сабрни “ош-нон қил”ган собиргина кўзлаган манзилига
етиши мумкин.
Абдунаби Бойқўзи – янги шеърий жанрлар яратишга ишқибоз шоир. Имкон
борича оригиналликка интиладиган ижодкор миллий поэзиямиз тарихида
кўрилмаган икки, уч, тўрт ва беш сўздан иборат шеър жанрларини яратди. Шоир
ўзининг кашфиёти бўлмиш беш сўздан иборат шеърларни “бешнаволар”, тўрт
сўздан иборат битикларини “чорёрлар”, уч сўздан иборат шеърларни “учоғайнилар”,
икки сўздан иборат яратиқларини “ирмоқчалар”, бошқа тиллардан қилган таржима
шеърларни эса “меҳмон мисралар” деб атайди.
Унинг астойдил изланувчан шоир экани ўзбек шеърияти учун том янги ҳодиса
бўлмиш “бешнаволар”ида, айниқса, очиқ кўринади. Бешнаво – ҳар бир сатри
биргина сўздан иборат бўлган беш қаторлик шеър. Чорак асрдирки, Абдунаби
шу хил шеърлар ёзиб юради. Маълумки, глобаллашув даври дунё поэзиясида
қисқаликка интилиш кучайган. Чунки шеър қанча ихчам бўлса, унда шоирнинг
нуқтаи назари камроқ ифодаланиб, ўқирманга уни фикран давом эттириш имкони
кўпроқ берилади. Ўқирман шунчаки поэтик истеъмолчи эмас, балки интерфаол
ижодкорга айланади.
Айрим бешнаволарда шоирнинг ҳаётдан чиқарган сабоқлари акс этган. Уларнинг
баъзилари бора-бора элнинг руҳи, тили ва тафаккурига сингишиб, ҳикматлардай
қабул этилса ҳам, ажабмас. Шоир қаламидан таралган шундай бешнаволар борки,
улар мақол юкини ташийди:


Остонангдан
Ўтганнинг
Ҳаммасиям
Меҳмон
Эмас.


Бу бешнаво моҳиятида ўқирманни одам танишга чақиришдай улкан ҳаёт
ҳақиқати акс этган. Алоҳида сатрларга жойланган бешта сўзда муаллиф ҳар бир
одамнинг асл моҳиятига яраша қиммат ва эътиборга эга бўлишини ифодалаган.
Шоирнинг:


Муҳаббатнинг
Кўчаларига
Девонавор
Киргиз,
Худойим


Сўзларидан иборат бешнавоси шеърхон кўнглини эмрантиради. Маълумки,
муҳаббатнинг кўчалари доим азобли. Унда ҳижрон сероб, висоли эса ғоят камёб.
Лирик қаҳрамон буни жуда яхши била туриб, муҳаббат кўчаларига девонавор
киргизишни сўраши илтижонинг таъсир даражасини не миқдор оширади.
Бир бешнавода муаллиф кўнгилга қувонч бергувчи чинакам суҳбатдош
орзулашини ифода этиб ёзади:


Сўзласанг,
Кўзлар
Сени
Ўпиб
Турса.


Шоирнинг бир туркум бешнаволарида чин ошиққа хос инжа туйғулар турфа
йўсинда акс эттирилади:


Алафчалик
Бўлолмадим,
Ўпа
Олмадим…
Оёқларингдан
ёхуд
Юрагим
Безовта…
Юрагингга
Биров
Кирди-ёв!


Ушбу бешнаволар нозик кўнгил ҳолатининг бетакрор ифодаларидир. Уларда
акс этган ҳолатлар, яъни ошиқ ўзининг ёр оёқларидан бўса оладиган алафчалик
бахтли эмаслигидан ёзғириши, ёки ўз юраги безовталигидан суюкли ёр юрагига
хиёнат оралаганини сезгандай бўлиши тасвирлари ингичкалиги билан ўқирманни
ром этади.
Ҳиссий ва интеллектуал ҳозирлиги бор одамгина қисқа асарда ифода этилган
маъноларни кўра билади. Ўқирман қанча ўйчил ва таъсирчан бўлса, кичик шеърдан
келиб чиқадиган маъно шунча катта бўлади ва аксинча. Бундай шеърларнинг таъсир
кучи фақат шоирга эмас, ўқирманга ҳам боғлиқдир. Бу хил шеърлар шеърхон
шунчаки ўқирманни эстетик яратувчига айлантиради. Абдунаби Бойқўзи “Ёнар
сўз” шеърида:


Ёнар, куяр хонумон,
Нурга дўнар бор-борим.
Ёниб қолар изимдан,
Шеърларим – ёлқинларим!
Шеърларимда ёнаман!
Бундан бошқа йўлим йўқ.
Ёнар сўз бўп қоламан,
Сўзга асло ўлим йўқ!


деб хитоб қилган эди. Ўлим билмас сўзлар эгаси бўлган шоирнинг ижодига
парвозлар ёр бўлсин!

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil