Энахон СИДДИҚОВА – (1954–2023). Ўзбекистон халқ шоири. “Эл-юрт ҳурмати” ва
“Дўстлик” орденлари билан тақдирланган. Фарғона давлат педагогика институтининг
(ҳозирги ФДУ) филология факультетини тамомлаган. “Қоракўз турналар”, “Кўнглим
уфқлари”, “Сўз устидаги дунё”, “Эъзозли аёллар”, “Она ҳақида қўшиқ”, “Барханларда
унган гул” сингари ўнлаб асарлар муаллифи.
Умиджон барвақт турди. Даҳлизга чиққанда меҳмонхонанинг ярим очиқ
эшигидан онасининг саждага эгилаётганига кўзи тушди. Шу топда юрагига
қуйилган ғалати маҳзунлик, шу билан бирга ҳузурбахш ҳаловат – тиловатдан кўкси
симиллаб кетди.– Худоё худовандо, шу ёлғизгинамдан битта тирноғингни аямагин. Меҳру
мурувватингни дариғ тутмагин!!!
Онасининг ҳар куни йиғлаб қиладиган илтижоси бу…
Оллоҳ онаизорининг нолаларига малҳам қўярмикин?! Мана, олти йилдирки
улар тирноққа зор. Хотини негадир ўзини айбдордай сезади. Кўзига ботиниб
қаролмайди. “Яратган кўргувчи, билгучи, Ўзи бенасиб қўймас”, деб сўлиш олади.
Онаси келинини ўз қизидек яхши кўради, гиргиттон бўлади. Қўша-қаришлари,
шу ҳовлини қора-қура болаларга тўлдириб юборишларини тилаб, ҳар куни дуо
қилаверади:– Болам, ҳар намозингизда Худодан сўрайверинг! Тангримнинг даргоҳи кенг,
осмоннинг қопқаси дуога очиқ!– Худодан сўрагани ҳаё қиламан…– Нега энди?! – қайнона келинига жиғибийрон тикилади.– Худди намоз ўқиб таъма қилаётгандек туюламан.
Ғалати-да шу хотини. Осмондан тушган фариштами дейсан. Яна тергагани
тергаган. Ишга кетаётганда қулоғига астойдил қуяди:– Молларингизга ортиқча нарх қўйиб, гуноҳга ботманг! Оллоҳга ҳам хуш
келмайди!
Умиджоннинг бу гапдан ростмана жаҳли чиқади.– Қўлим жарақ-жарақ пул санаганини кўрдингми? Топганимни солиқ, йўл харжи
еб қўйяпти ўзи.
Бир пой туфли– Бир айтиб қўйдим-да! – дея хотини ҳар галгидек маъюс тортади.
Дарвоза эшигига етганда онаси оғриётган оёғини зўрға судраб босиб орқасидан
чиқиб келади.– Шугинани атагандим. Етим-есир, муҳтожга, ўзинг билиб берарсан!
Ҳар ойда пенсиясини олгани ҳамоно унинг қўлига шундай бир даста пул
тутқазади. Орқасидан мулойимлик билан қўшиб қўяди:– Эҳсонда гап кўп!
Умиджон индамай пулни чўнтагига солади. Ҳар куни юрадиган йўлакдан дўкони
томон пиёда ўтиб бораркан, онасининг илтижолари юрак-бағрини ўткир аррадай
пармалаб боради.
У зулфинни шиқирлатиб, дўконни очаркан, енгил нафас олди. Бу ерда бироз
бўлса ҳам ишига берилиб, дардларини унутади. Дўкони унча катта бўлмаса ҳам
моллари харидоргир. Хорижга қатнайдиган тужжор ўртоқлари чет элнинг яхши
пойабзалларини етказиб бериб туришади. Умиджон кўча томондаги ойнаванд
шкафга эринмай бежирим туфлиларни чиройли қилиб терди. Бироз ўтмай
харидорлар шошириб қўйди. Бугун аксига олиб ёрдамчи бола ҳам келмади. У
озгина тин олиш учун стулга ўтирди. Деразадан кўчага назар ташлади. Кўча
томонга қараган ойнаванд шкафга энгашиб, туфли кўраётган болани кўрди. Болакай
туфлиларга кўзлари чақнаб тикилди-ю, кейин орқасига ўгирилиб, оқсоқланганча
кета бошлади. Озғин, юпун кийинган, бир қўлида қўлтиқтаёқ, иккинчи оёғи ўрнида
шимининг пойчаси шалвираб турибди. Шўрлик нуқсонидан уялётганини шундоқ
кўзларидаги ҳасрат ошкор қилиб турарди. Бу туғмамикин?! Унинг юраги алланечук
бўлиб кетди.– Ҳой, болакай! – деразанинг очиқ ойнасидан бошини чиқариб бақирди у. Кейин
эшикдан гўёки отилиб чиқди.– Қаёққа кетяпсан? Туфлиларни яхшилаб кўрмадинг-ку! Қара, жуда бежирим,
чиройли! Бунақасини бошқа дўкондан тополмайсан. Қани ўтир, бир кийиб кўр-чи!– Ме-ен… – бола хижолат тортгандек, янаям ортига тисланди. – Туфлиларингиз
жудаям чиройли, менга ёқди. Лекин м-е-н… – болакайнинг овози ҳазин, титраб
чиқди: – Ме-ен… мени-и… бир оёғим йўқ… олол-май-ман. Бир ҳавас қилдим-да!
Умиджон боланинг гапларидан қалқиб кетди:– Нима бўпти?
Сўнг олдига яқинроқ борди. Чўнқайиб ўтириб қўлларидан тутди, беғубор
нигоҳларига меҳр билан боқди.– Биласанми? Нима десамикин? Бу дунёда ҳамма нарсаси тугал, бутун одамнинг
ўзи йўқ. Кимнингдир қўли йўқ, кимнингдир оёғи, кимнингдир одам сиёғи йўқ,
кимнинг виждони… Қанийди, виждонимиз бўлмагунча оёғимиз бўлмасайди.
Оёғимиз бўлмаса ҳам инсонмиз! Лекин виждони йўқ одамларни инсон санаш
мумкинми? Гўзал виждонли одамлар оёқлари бўлмаса ҳам жаннати бўладилар.
Лекин виждонсизлар дўзахийдирлар, ундайларга жаннатнинг эшиклари берк.
Болакай ундан кўзини узмай анграйганча қараб қолди. У ҳеч қачон бундай
маъноли гапларни эшитмаганди. Юзларига капалак қўнгандай табассум югурди.
Гўё нигоҳидаги мунг ариб, бир зумда офтоб порлади.– Мана шу туфли сенга жуда ярашади. Кийиб кўр-чи!
У пештахтадан тоза, қиммат туфлини олиб узатди.– Кечирасиз, менинг бунча пулим йўқ! – пештахтага ёзилган нархга қараб қаттиқ
бош чайқади у.
– Ҳозир мавсум тушган пайти. Сенга жуда арзон қилиб бераман! Ўзининг асл
нархи саксон минг, сенга ярми чегирма, қирқ мингга розимисан?!
Болакай ўйланиб қолди. Кейин музтар бўлганча оҳиста сўради:– Бир пойини ким олади?– Жуда қизиқ бола экансан, гапни роса чўздинг-да?! Бир пойига ҳам харидор
топилади. Сен бунинг ташвишини қилма! Ўқувчи бўлсанг керак? Зукколигингдан
билиниб турибди.– Учинчига ўтдим, – бола оҳиста бурнини тортди.– Бошида шуни айтмайсанми? Ўқувчига эллик фоиз чегирмамиз бор. Мана
кўрдингми, шундоқ бежирим туфлини йигирма мингга оляпсан. У туфлини
боланинг оёғига кийдирди.– Қара, оёғингга қуйиб қўйгандек, худди уста сенга атаб тиккандек. Қуллуқ
бўлсин! Энди сенга бир илтимосим бор…
Болакайнинг юз-кўзларида ҳайронлик акс этди.
– Шу эски туфлингни менга сотсанг хурсанд бўлардим.
Болакай бирпас унга анқайиб қараб турди. Кейин тили базўр гапга келди.– Шу эски туфлиними?! Ҳазиллашяпсизми? Ахир бир пой-ку! Тағин тагчарми
йиртилган, сув киради!– Бу антиквар! Эски нарсалар қиммат сотилади. Юз мингга розимисан?
Бола гунг-лол бўлгандек анграйди.– Қани беш ташла-чи?! Савдомиз пишди. – Ҳозир мавсум тушган пайти-ку! – болакай билағонлик қилгандай кулиб
қўйди. Кейин Умиджоннинг қўлидаги узатилган пулнинг ярмини унга қайтарди.
Умиджон болакайни маҳкам қучоқлади. Унинг нигоҳидаги беғубор шодликни
кўриб юраги ҳапқириб, ўйнаб кетди. Ортидан юраклари эзилиб узоқ қараб қолди.
Бола гўё қўлтиқтаёғини ҳам унутгандай учиб-қўниб борарди. Умиджон, худди
Рабби эҳсонини қабул қилгандай кўнгли фараҳга тўлди. Барча молига харидор
чиқиб сотиб юборса ҳам бунчалик хурсанд бўлмасди…
ҚУЮН
Иссиқроқ кийимларини тахлаши керак! Ҳали отланмасидан совуқ юртнинг
шамоли, даҳшатли қўрқув юрагини алғов-далғов қиляпти. Қалбининг қор, муз
кўчкилари босган адоқсиз даштларини эритадиган бир нур топилармикин?!
Тақдир тўзонида гўё ярадор, қурбон қушдек мажруҳ қанотларини зўрға кўтариб
чирқираб боряпти. Қаерга қўнишини билмайди. Қўниб ҳаловат топадиган жой
бормикин бу қаттол дунёсида?! Бу лаънати уйдан тезроқ кетиши керак, тезроқ!
Бу мудҳиш хотираларни унута олсайди… Лекин ўзидан қочиб қаёққа бормоқчи?
Юрагининг хазонрезги боғларида яшинлардан қуламаган дарахтнинг бўронлардан
омон қолган сўнгги япроғи узила олмай титраб турибди. Бу – онажониси… Бошини
кундага қўйган – у – жон таслим қилолмаётган шўрлик мунисаси. Бу сўнгсиз
хўрликлар, шўришларга қандоқ чидаётган экан?! Кейин укаси… эндигина ўн бешга
кирди-ю, чоллардек қартайди, болалиги жувонмарг бўлди. Лекин у эркак, онаси
ёнида турмаса бўлмайди. Кейингиси, сўнгги оғриғи – қалбини қиймалаб турган
мурғак бола! Уни укам дейишга ҳам, жияним дейишга ҳам тили бормайди. Манфур
гуноҳларнинг меваси… Лекин бу гўдаккинада нима айб?!
У поезд чиптасини сумкачасининг ички чўнтагига солди. Ҳеч ким билмаслиги,
сезмаслиги керак. Уйдан жомадон билан чиқиш хатарли. Шубҳа уйғотиши турган
6
Шарқ юлдузи
Қуюн
гап… Ҳали жўнашига уч-тўрт кун бор. Яхшиси кийимларини бир-иккитадан қилиб,
ишхонасига олиб бориб қўйгани маъқул. Ҳамкасбларга илтимос қилса, эскироқ
бўлса ҳам сумка топиб беришар… Идорадагилари туғилган кунида йиғиб берган
пулни (бегона юртда асқотадиган бор нажоти шу) кўйлаги ичига яширди. Охирги
маошига чипта олди. Яхшики, онаси негадир сўрашни унутди.
Эшик оҳиста очилди. У жиноят устида қўлга тушгандек шошиб ўрнидан
турди. Савдойига ўхшаб қолган, ажинлари чуқурлигидан оқаётган кўзёшлари ҳам
кўринмайдиган мунглиғ онажони рўпарасида турибди. У шу топда онасининг
бағрига отилгиси, озғин, қадоқ қўлларидан ўпгиси, елкасига бошини қўйиб тўйиб
тўйиб йиғлагиси келди. Лекин бир қадам босишга унда на журъат, на жасорат
топилди. Қолаверса, онасининг дил яраларини очиб юборгиси келмади.– Уйда гугурт қомапти. Дўконга чиқиб келсанг!
Онаси кафтида тутамлаб турган пулни қўллари қалтираб-қалтираб унга узатди.
У хўп ишорасини қилди. Овозини чиқарса, ичидаги туғёнлари ошкор
бўладигандай онасининг юзига қарамай шошиб ташқарига чиқди. Билиб турибди,
онаси орқасидан юраклари узилиб қараб турибди. Кетиб қолса нима аҳволга
тушаркин шўрлик!
Жўнайдиган куни тонг саҳар укасининг дўконига юрак ютиб оҳиста бош
суқди. Дарвоза биқинидаги эшиги кўчага очилган хонада дастгоҳга бағрини бериб
ишлаётган укасининг юзида ҳайронлик акс этди. Кечаси билан ишлабди шекилли,
кўзлари киртайиб кетибди. Рўзғорнинг аравасини шу бола тортяпти. Бошқа иложи
ҳам йўқ. Мактабдан келади-ю, дарду аламларини шу ишдан олади. Ёш бўлса ҳам,
қўли гул усталиги учунми, дўконидан харидорлар узилмайди.– Тинчликми, опа? – Тинчлик, укажоним!
У укасининг ёнига ўтириб, унинг катталарникига ўхшаб кетган дағал қўлларини
кафтлари орасига олиб силади. Кейин юзларига ялинчоқлик билан термилди.
Гапирай деса бўғзига ёш тиқилди.– Қўрқитманг опажон, нима бўлди?– Сен жудаям эсли боласан. Ҳаммамизнинг суянчиғимизсан. Сен билан
фахрланаман. Ишқилиб, бахтимизга бошинг омон бўлсин! Мен сенга бир сирни
айтмоқчиман. Ҳозирча бу сир ўртамизда қолади. Ахир мени тушунадиган яқин
сирдошим ўзингсан!– Опажон, кетяпсизми?!
Қотиб қолди. Қаердан билди укаси кетмоқчилигини? Яқинларидангина эмас,
ҳатто ўзидан қалбининг қоронғи бурчакларига яширган сирни? Бешафқат ҳаётнинг
унга кўргизган кўргилик, ситамлари унинг мурғаккина кўнгил кўзини шунчалик
очиб қўйдими?– Қаердан билдинг?!
Укаси индамади. У жигарини ўзига тортиб, елкасидан маҳкам қучоқлади.– Ўзимнинг укажоним! Фақат онамга айтма! Ҳеч ким билмасин! Бугун поездга
ўтираман. Ҳеч бўлмаса эртага ошкор қил. Пешонамда нима бўлса кўрарман. Кейин
онамга ўзим хат ёзаман. Россияда ишлаб юрган мактабдошларимнинг телефон
рақамларини олдим, хавотир олма!
Укаси унинг қўлларини юзларига босди, лаблари пир-пир учди. Кейин ўрнидан
турди. Бурчакдаги эски шкафдан целофан пакет олди. Ундан қора рангли аёллар
этигини олиб узатди.
№ 8 2024 7
Энахон СИДДИҚОВА– Бир қиз буюртма берганди. Негадир бир ойдан ўтдиям келмади. Сизга асқотади.
Қўлимдан келгани шу, олинг!
Кейин эгнидаги иш халатининг чўнтагидан бир даста пул олиб узатди.– Керакмас. Бу ерда…– Илтимос, қўлимни қайтарманг!– Раҳмат! Дуо қилиб тур, укажон! Яна қачон кўришамиз, Яратган билади!– Худонинг паноҳига!
Укаси кўзида ғилтиллаган ёшни кўрсатмаслик учунми, терс ўгирилди. “Ҳатто
қаёққа кетяпсиз деб ҳам сўрамади-я?”
Шошганча хонасига кирди. Халтасига кечқурун олиб кириб қўйган онаси ёпган
иккита буғдой нонни жойлади. Кейин шкафдан онасининг эски рўмолини олди.
Онасига бетма-бет келишга, сўнгги марта юзлашишга юраги бетламади. Эшик
тагидан овоз берди.– Мен ишга жўнадим, буви! Яхши ўтиринглар!
Ҳар кунгидек онасининг ҳасратли овози шабодадек юзларини силади.– Ишинг ўнгидан келсин, болам!
Қўқон вокзалига поезд жўнашидан ярим соат илгари келди-ю, ичкарига кирмади.
Вокзал биноси биқинидаги ўриндиқнинг бир четига омонатгина ўтирди. Рўмолини
кўзигача туширди. Таниш-билишлари кўриб қолишидан чўчиди. Поезд пишқириб
тўхтагандагина чиқадиган вагоннини тусмоллаб, қўлидаги юкнинг залворидан
энкайиб чопди.
Кучли ҳаяжондан вагондан жойини тополмай довдиради. Худди кимдир
орқасидан тушгану поезддан судраб олиб тушиб кетадигандек саросима босди.
Ниҳоят, гўё бутун залвори билан елкасидан босиб турган поезд юриб кетди.
Кетаётган поезд ортидан одамларнинг югуришлари, хайрлашиш хитоблари аралаш
қуралаш бўлиб эшитилди.
Ниҳоят, ғилдиракларнинг тарақ-туруқ овозлари бир маромга тушди. Худди
қувиб келаётган ўлим хавфидан қутулгандек, кўксини кемираётган ўйлар қўйиб
юборгандек енгил нафас олди. Ҳалитдан бери ўзи билан ўзи бўлиб купедошларига
ҳам аҳамият бермабди. Етмиш ёшлар чамасидаги аёл, яна ўспирин бола, қошу
кўзидан аёлнинг неварасига ўхшайди. Аёл чарчоқ енгганми, ёнбошлаганча донг
қотган, гоҳида хуррак отиб қўяди. Тепада ётган ўсмир пинакка кетганми ё хаёл
олиб қочганми, шифтга термилган, унга ҳатто эътибор ҳам бермади.
Бошини ёстиққа ташлади-ю, бостириб келаётган ғалаёнлар, адоқсиз
саволлардан қутулиш учун кўзларини чирт юмди. Уч кундан буён киприк қоқмади,
уч кун ухламай, ўзини тергов қилди. Беғубор болалигидан шу кунгача кўнглидан
ўтган изтироблар, болалик осмонида учирган оппоқ орзулар ва ундан мосуво
қилган мудҳиш воқеаларни қайта бошидан кечирди. Ҳозир уларнинг барини қайта
эслагиси йўқ. У шу ниҳоясиз ўйлар гирдобида кўзи илинганини билмай қолди.
Аллақандай овозлар, шовқиндан аранг кўзини очди. Қаерда у? Поезднинг
шовқиними? Ёки туш кўряптими? Ҳамхоналарига бақрайиб қаради.– Қизим турсангиз-чи! Жуда қотиб ухладингиз!
Юзини ювиб, ўзига келгандек бўлди. Индамай кириб, ҳамхоналарига беозоргина
қараб жойига ўтирди. Вагон ойнасидан узоқ-узоқларга ҳасратли термилди. Наҳотки
киндик қони тўкилган юртидан чиқиб кетаётгани рост бўлса? Яна Ватанига қайтиб
келиш насиб этармикин?! Кампир уни стол устига қўйилган ноз-неъматлардан
тотишга манзират қилди.
8
Шарқ юлдузи
Қуюн– Болам қатори экансиз, овқатга яқинроқ ўтиринг! Уч кун туз-намак бўлар
эканмиз. Қани, тортинманг!
Дастурхонга қўйилган қовурилган гўшт, пиёзли патир иштаҳасини қўзғади.
Эрталаб уйдан туз тотмай чиққан. Дастурхонга қўйгани ҳеч вақоси йўқ. Аёл унинг
тортинишига қўймади.– Қон босимим баланд, узоқ йўлга асти ярамайман, – деди у. – Шу нодон
боланинг ғурбати мени поездга чиқарди. Умримда туғилиб ўсган шаҳримдан бошқа
ёқни кўрмаганман. Нима қилай? Ноқобил боланинг орқасидан шу куйларга тушиб
ўтирибман. Сиз қаёққа кетяпсиз, айланай, яна ёлғиз бошингиз билан?
Қўққисдан берилган савол уни эсанкиратди. Нима дейишини билмай каловланди.
Оғзига келгани шу бўлди:– Акам Мас-ква-да. Ишлагани ёнига ч-ча-қирув-ди-и…– Ҳамма ўрис юртига кўчиб кетяптими, нима бало, ёшам, қариям, эркагу аёл,
нима сеҳру жодуси бор, ҳамма тошиққани-тошиққан, тушунмайман, – аёл ёшланган
кўзларини рўмолчаси билан артди. – Мана менинг болам, ёлғиз ўғлим, ўшаққа
бориб йўлдан озди. Бешта қиздан кейин қариганимда кўзим қорайиб, ичикиб
топгандим. “Ҳамма ўртоқларим Московда яхши топяпти, қўша-қўша машина олиб,
уй соляпти. Чордеворда ўтираверамизми?” деб ҳол-жонимга қўймади. Қолмишига
хотини ҳам тинмай қулоғига қуйди. Бойлик васвасаси йўлдан оздирди, боламни,
эссиз, эссиз!– Ортидан қувиб йўлга чиққанингизга қараганда ўғлингизни тоза соғинибсиз
да, холажон!
Аёл оғир хўрсинди, оқарган, тўзғиган сочларини тўғрилаб, рўмолини қайтадан
ўради. Кейин неварасига тўлиқиб қаради.– Бирпас оёғинг чигилини ёзиб кел, болам! Фақат узоқ кетма! Эҳ, қизим-а! Эр
хотин қариганимизда ёмон кунларга қолдик. Худо уриб қўйди бизни.
Кампирнинг ҳасрат дафтари очилиб кетганди.– Мана, кетганига олти йилдан ошди. Бир-икки йил топган пулини бир сўмини
қўймай юбориб турди. Орада ўн беш кунгинага келиб, ҳовлиқиб, баланд иморат
қурдираман, деб уста солдириб кетди. Иморат ҳам чала қолди. Шайтон йўлдан
урди. Пул ҳам, телефон ҳам тўхтади. Хавотир олиб суриштиришга тушдик. Бирга
кетган ўртоқлари бир йил алдаб юришди, охири тилларидан тутилишди. “Ўғлингиз
ўзидан анча катта ўрис жувонга уйланган, боласи ҳам бор” дейди-я! Қулоқларимизга
ишонмадик. Ахир бирмас, иккита боласи бўлса, уларни чирқиратиб, аро йўлга
ташлаб нега уйланади, яна номусулмонга? Ҳалол-пок, соддагина эди. Ҳаром
луқма едирмагандик! Қайси гуноҳимиз учун Оллоҳ бу жазони лойиқ кўрдийкин?
Отасининг аҳволини кўрсангиз эди… Бу гап қуда-анда, маҳалла-куйга етиб, чолим
бечоранинг қадди букилиб қолди. “Бу баттол йўлдан озганни олдингга солиб олиб
келасан” деб, уч-тўрт ой олдин катта куёвимни йўлга чиқарди.– Нима, келишдан бош тортдими?
У кампирга ҳамдардлик билдирмоқчи бўлиб, аста сўради. Негадир қанчалик
ачинмасин, ўз дарди олдида аёлнинг дарди ҳечдай туюлди.
Кампир бош чайқади. – Келмасаям ҳайтовур тирик-ку, дедик. Лекин куёвим бир гап топиб келдики, бу
шум хабар бизни гўрга киргизди! Чолимни адойи тамом қилди, тўшакка михлади.
Ўз кўзи билан кўрганмиш, ўғлим бўйнига хоч тақиб олганмиш.
Аёл киприкларидан сизиб чиқаётган аччиқ кўзёшларини енги билан сидирди.
№ 8 2024 9
Энахон СИДДИҚОВА– Наҳотки! – деган сўз оғзидан нохос чиқиб кетди.– Худобехабар! Шунча қилган тоат-ибодатимизни ўтга ёқди. Қариганимизда
дўзахи қилди. Чолим бундай кўрнамакни оқ қиламан, деб қўл очганида оёқларига
чўкка тушиб, ялиниб-ёлбордим. Мен ўзим бориб олиб келаман, гуноҳига тавба
қилади, гуноҳларини ювади, деб неварамни олиб йўлга чиқдим. Билмайман, бу
гумроҳ бола, берган оқ сутимнинг ҳақи-ҳурмати тавба-тазарру қиладими, ё юзимга
эшик ёпадими?
Вагон эшиги очилиб кампирнинг невараси кирди. Бувисининг аҳволини кўриб,
мунғайиб ерга қаради, изтиробли хўрсинди. – Болагинамнинг кўнгли синди, – аёл набирасига қараб хомуш тортди-ю, мум
тишлади, бошқа ғурбатини дастурхон қилмади. Ўспириннинг кўзларида чексиз
мунг кўрди, укаси эсига тушди. Бечора ҳозир нима қиляпти экан?
Поезд тўхтади. Йўлакдаги шовқин-сурон, бесаранжонлик, савдо-сотиқдан
қулоқлари батанг бўлди. Поезд йўловчиларнинг ўзидан-да залвори оғир дарду
ташвишларини ортмоқлаб, релсларни жунбушга келтириб, яна йўлга тушди.
Вагон ойналаридан лип-лип тушаётган чироқларнинг ёғдуси кўзларини
толиқтирди, лекин уларни юмишга қўрқади. Юмса, хотираларнинг ўтмас пичоғи
кўксига қадалиб оладигандек… Симёғочлардан ҳар бир вагон деразасига бош
суқаётган чироқлар ўғлининг ҳасратида ёнаётган кампирнинг ажинларини
бўрттириб, қатма-қат қилиб кўрсатади. Вагон шифтига сўзсиз тикилиб ётган
кампир жигарбанди учун Худога тинимсиз илтижолар қилаётгани пичирлаётган
лабларидан кўриниб турибди. Қанчалик оғир, ҳалокатли бўлмасин аёлнинг
ғурбатлари уникининг олдида ҳеч нарса эмас. Унинг каби дарди бедаво бормикин
бу ёруғ дунёда? Ўзининг бахтиқаролигидан ўртаниб кетди. Опаси-чи? Опасининг
бахтиқаролиги олдида уники урвоқча ҳам эмас. Опаси тақдир қуюнидан қанчалик
қочгани сари унинг сиртмоғига тобора ўзини тутиб берди. У-чи? Бу сиртмоқдан
халос бўла оладими? У ўзи хоҳламаса ҳам хотиралар гирдобига ғарқ бўлди.
…Ўқишдан келиб, сумкасини сўрига ирғитди-ю, икки ҳатлаб ошхонага кирди.
Роса очиқди ўзиям. Сутли ноннинг беҳиштий ҳидидан боши айланди. Онаси янги
ёпибди шекилли. Ҳиди бирам ширинки… Сархил овқатлар ўтаверсин онаси ёпган
нонларнинг олдидан! Тикка турганча мазза қилиб кавшанди.– Ҳой, секинроқ, мундоқ ўтириб есанг, қиз болага ўхшаб майдароқ тишласанг
чи? Уят бўлади-я!
Ошхонага кирган онаси унга танбеҳ бериб чиқиб кетди. Кийимларини
алмаштириш учун ётоқхонасига кирди. Опаси диваннинг четида бир нуқтага
тикилиб, тиззаларини қучоқлаганча негадир карахт, паришонҳол ўтирибди. Бирам
кўхликки опаси, кўрганнинг суқи киради. Чиройда отасига тортган. Дадасиниям
қош-кўзи қора… Опасининг совчилари беҳисоб. Лекин дадаси унча-мунчани
муносиб кўрмайди, пайсалга солгани солган. Балки шундай чиройли қизини узатиб
юборгани қизғанадими, билмайди. Майли, катталарнинг ишига аралашмагани
маъқул.
Опаси ҳатто кирганини ҳам сезмади.– Ҳой дадасининг эркатойи!
У секингина пусиб бориб, опасининг елкасидан маҳкам қучди.– Шоколад еявериб семириб кетибсиз-ку! Тўлишганингизни ўзингиз ҳам
пайқаяпсизми?
Опаси бирдан ўгирилди. Унга даҳшат билан қаради. Кейин ўзидан нари итариб
10
Шарқ юлдузи
Қуюн
юбориб, йиғлаганча ўз хонасига отилиб кириб кетди. У анграйганча қотиб қолди.
Нима қилди, нима деди опасига? Хафа қиладиган ҳеч нарса демади-ку! Семирибсиз
дегани ёқмадимикин? Ой туғса ҳам, кун туғса ҳам опасига-ку! Дадаси кунда-кунора
бирор совға олиб келади. Мана, кеча энг қиммат шоколадни опасига узатаётганини
ўз кўзи билан кўрди. Лекин негадир опаси аразлаб, шоколадга қайрилиб ҳам қараб
қўймади.
Йиғи овозини эшитдими, онаси кирди.– Нима гап? Опа-сингил гап талашяпсанларми?– Йўғ-е, аяжон! Опамни хафа қиладиган ҳеч нарса демадим. Негадир кайфияти
йўқ. Дадасининг эркаси тўлишиб кетибди, деганимни биламан, йиғлаб ичкарига
кириб кетди.– Тўлишибди дедингми?
Онаси унга ғалати, қаттиқ қаради. Кейин нимадир деб ғудранди… Сўнг бир
нарсадан гумонсирагандай опасининг ортидан ҳардамхаёл кириб кетаркан:
“Майли, ўзим гаплашаман, сен ҳовлини йиғиштир”, деди.
Эртаси куни мактабдан ўзида йўқ хурсанд қайтди. Чорак якуни бўйича олинган
ёзма ишлардан энг юқори балл олди. Яна бир эмас, учта фандан.– Ў-ў! Мирзаева! Синфда аълочиликка сиздан бошқа даъвогарлар ҳам бор!
Мунча кеккаясиз? Ўқитувчилар сизга келганда ручкаларининг учи сирпаниб, “4”
баҳолар ҳам “5”га айланишини яхши биламиз.
Синфдоши Маҳлиё доим шунақа. Ҳеч кўролмайди, ҳасад қилгани қилган. Лекин
у бунга парво қилмайди. Худо хоҳласа ўқишни битириб, энг нуфузли олийгоҳга
кирганида ҳаммалари тилларини тишлаб қолишади. У шу ўй билан уйларига етиб
келганини ҳам сезмай қолди. Яхши кўрган қўшиғини хиргойи қилганча сумкасини
ўрик тагидаги сўрининг устунига илди. Бир қадам босмаёқ ичкаридан дадасининг
бақиргани бутун ҳовлини тутди.– Тинч қўй! Намунча шу қизингни юриш-туришни кавлаштирасан?! Нима
истайсан ундан?– Бу нима деганингиз? Ахир онасиман. Унинг бахти камолини хоҳлайман!
Ота-онасининг дарғазаб овози бир тиниб, яна кўтарилди. Бироздан сўнг
опасининг ҳиқиллаб йиғлаши қўшилди.
Нима бўляпти ўзи? Дадаси опасининг тарафини олавериб тантиқ қилиб
қўйди-ёв! Икки йилдан бери ўқишга киролмайди. Дадаси ўзининг касби – театр
институтига тортади, онаси ўқитувчи бўлишини тарафдори. Яна шу масаланинг
машмашаси шекилли, бир тўхтамга келишар ахир. У ҳовлига сув сепиб, кечки
овқатга тайёргарлик кўра бошлади. Бир вақт онаси кўринди. Кўзлари йиғидан
шишиб кетган. Ҳеч қачон онасини шу алпозда кўрмаган. Қўрқиб кетди.– Аяжон, нима бўлди?! Тобингиз йўқми?
Онаси гапиролмади. Чап кўксини ушлаб олган, ранги деворга ўхшайди.
Негадир дағ-дағ титрарди.– “Тез ёрдам” чақирайми?
Аяси “йўқ” ишорасини қилди. Югуриб ошхонадан сув олиб чиқиб, ичирди.
Сувга “валидол” томизиб берди. Сўрига жой солиб, ётқизди.
Қилган овқатига ҳеч ким қўл теккизмади. Опаси эшикни ичкаридан қулфлаб
олган. Дадасининг авзойи бузуқ, меҳмонхонада телевизор кўраётгандек кўринди,
лекин кўзи телевизорда-ю хаёли аллақаёқларда. Овқатга чақирганини эшитса ҳам
эшитмаганга олди. Тавба! Буларга нима бўлган ўзи?! Онаси овқатга чақирса ҳам
№ 8 2024 11
Энахон СИДДИҚОВА
бошини кўтариб қўймади. Ярим кечаси икки марта ҳолидан хабар олди. Эрталаб
турса, онаси ётган жойида кўринмади. Опасининг хонасидан дадасининг қаттиқ
қаттиқ овозлари эшитилди. Онаси ҳам шу ердамикин? Эшикни очди. Опасининг
ранги оппоқ оқариб кетган. Дадаси унга ялингансимон эгилиб турибди. – Онам… – у гапини охирига етказолмади.– Ёп эшикни!
Дадасининг ҳайқириғидан чўчиб тушди. Чой ҳам ичмади, судралиб мактабга
жўнади. Хаёли уйда, қулоғига дарс кирмади. Негадир кўнгли нотинч, юраги бир
нохуш нарсани сезгандек сиқилиб, бўғзига бир нарса тиқилаверди. Охирги дарсга
ҳам кирмай уйга югурди.
Дарвозадан отилиб кирди-ю, даҳшатдан қотиб қолди. Гапирай деса тили
калимага келмади.
Икки нафар милиция ходими дадасининг қўлига кишан солиб олиб чиқиб
кетишяпти. Опаси хуш-бехуш, сочлари тўзғиган, юзлари моматалоқ бўлиб кетган.
Онасининг пойида чўккалаб ўтирибди. Онаси дадасининг ортидан қарғаняпти:– Илоё, жаҳаннам ўтида куйгин! Ўз фарзандини жувонмарг қилган сен
иблиснинг Худо жазойингни берсин! Эл-юртнинг кўзига қандоқ қарайман, қандоқ
бош кўтариб юрамиз?! Бутун авлодингнинг юзини қаро қилдинг-ку, ифлос!
Дадаси энгашиб олган, юзи қўрқинчили тусга кирганча, гезариб турарди.
Нима бўлди? Дадасини нега олиб кетишяпти? Нима жиноят қилдики… Нега онаси
қарғаняпти?
Унинг назарида дунё остин-устун бўлиб кетди. Гўё турган жойида чирпирак
бўлиб айланарди. Ҳеч нарсани идрок қилмасди. Тўсатдан нигоҳлари опасининг
букчайган, янаям тўлишган қоматига, гуноҳкор кўзларига тушди. Онасининг куни
кеча опасининг қорнига даҳшат билан қараб тургани кўз олдидан ўтди. Наҳотки?!
Йўқ-йўқ! Хаёлига келган ўйдан қўрқиб кетди. Ҳатто ҳайвон ҳам ўз боласига бундай
разилликни раво кўрмайди!
Наҳотки, оилалари тавқи лаънатга учради? Наҳотки!!! Энди кўчага қайси юз
билан чиқишади? Мактабга қандай боради?
Ҳушига келганда билдики, дадасини олиб чиқиб кетишибди. Телбага ўхшаб
қолган онаси ҳовлини гир айланар, ҳар рўпара келганда чўккалаб ўтирган опасининг
сочларидан юлар, юзига шапалоқ соларди. Қўлидаги сумкани улоқтириб, учиб
онаси олдига келди.– Аяжон! Опамни кечиринг! Унда гуноҳ йўқ! Урманг!
Онаси индамади. Ўз юз-кўзларига шапатилаб, сочларини юла бошлади.– Шундай бўлгунча нега кўзим кўрмади. Нега шўрим қуригунча сезмадим? Нега
менга отангнинг кирдикорини айтмадинг? Ўзинг ҳам хоҳлаганмидинг, шармсиз?!
Оллоҳнинг балосига учрагурлар! Ота бўлмай номинг ўчсин!
Энди нима бўлади? Орзулари парвозида кўкларда учиб юрарди. Гўё юзтубан
ерга қулади. Ўқитувчилари, синфдошлар энди ундан ҳазар қилишади. Қандоқ
шармандалик! Бутун шаҳарга дув-дув тарқалиб кетгандир…
У уйга қамалиб олди. Томоғидан овқат ўтмасди. Ҳеч ким кўрмайдиган, ета
олмайдиган бир ер бўлса эди. Қочиб кетарди. Худди песдай юзини ҳеч кимга
кўрсатмасди. Эртаси куни каловланиб уйдан чиқди. Онасига хавотирлик уни
уйдан олиб чиқди. Ҳовлида ҳеч ким кўринмайди. Ғалати совуқ сукунат чўккан.
Кеча қариндошлари, тоғаси, келинойиси бирров кўриниш беришувди. Моховдан
қочгандай ҳаммаси тумтарақай бўлишибди-да. Дўконнинг эшиги ғирчиллаб очилди.
12
Шарқ юлдузи
Қуюн
Укаси бошини қуйи солганча ошхонага кириб кетди. Уни пайқамади шекилли. Ҳаял
ўтмай ошхонадан халта кўтариб чиқди. Дарвозага қараб юрди-ю, бирдан унга кўзи
тушди. Қўлидагини ерга қўйиб, унинг олдига ҳансираб шошганча келди.– Тузукмисиз, опа?
Ҳар ҳолда ўлгани йўқ. Лекин бу шармандаликдан ўлса яхшийди.– Онам билан бўлиб сизга қаралмай қолдим.– Нима бўлди онамга? – укасига олайиб қаради у.– Касалхонада. Тоғамлар бошида ўтирибди. Ҳозиргина ҳушига келди. Шунга
овқат қилиб олиб кетаётгандим.
“Ҳушига келмагани дуруст эди”, ўз-ўзига пичирлади.– Борасизми?
У “йўқ” ишорасини қилди. Боргани билан онасининг дардини оширишдан
бошқага ярамайди. Опаси қаёқда экан? Сўрашга ҳоли келмади.– Қозонда овқат бор, солиб берайми?
Укаси ундан жавоб кутиб, бироз тараддудланиб турди. Опасининг хаёли
аллақаёқларда изғиб юргандай. Дарвозанинг тарақлаб ёпилиши фикрларини
тўзғитди. Қайтиб хонасига кирди. Диваннинг бир четига омонатгина ўтирди. Худди
ер қимирлаётгандай, зилзила бўлаётгандай туюлди. Деворга илинган соат полга
даранглаб тушди. Михдаги жойнамоз назарида михи билан суғурилиб ерда чангга
беланди. Деворда осиғлиқ турган суратга кўзи тушди. Нега бу сурат девордан
ўприлиб тушмади? Демак, ҳеч қандай зилзила бўлмаган, хаёлида бўлдими бу
силкиниш? Дадаси билан бирга тушган суратлари… Бир-бирларига суяниб, хушбахт,
кулиб туришибди. Қандай бахтли оила! Ҳамма ҳавас қилса арзийди. Бор кучини
йиғиб ўрнидан турди. Тентираб бориб девордан суратни юлиб, деразадан ҳовлига
улоқтирди. Тавба! Ҳозиргина суратда кулиб турган дадаси шиша синиқлари ичидан
аянчли тиржайиб турарди.
Икки ҳафта мактабга бормади. Кеча синф раҳбари келди. Ҳар қанча ёлбориб
тавалло қилмасин, хонасининг эшигини очмади. Кечқурун тоғаси келди. Унинг
юзига қарамади. Лекин аччиқ-аччиқ гапирди:– Мактабга бор! Аламингни ўқишдан оласан! Бошқа иложинг йўқ! Иблис
отангнинг қилмиши ҳаммамизнинг юзимизга лой сачратди. Кўчада юргилигимиз
қолмади.
Қанийди лой сачраган бўлса?! Ювса кетарди. Бу сачраган доғ бу авлоднинг етти
пуштини тинч қўймайди.
Синф раҳбари яна келди. Ортидан мажбуран судралиб мактабга борди. Синфга
кириши билан ҳамманинг нигоҳи унга қадалди. Бировнинг раҳми, бировнинг
қаҳри келганини юрак санчиғида ҳис этди. Мийиғида кулиб кузатётганларнинг
ёнидан юриб бориб партага ўтирди. Дардини ичига ютди. Танаффусда ҳеч ким
ёнига келмади. Ҳеч ким сўроқ-савол қилмади. Шуниси дуруст, деб ўйлади.
Уйларига яқинлашганда кўчада ғийбатлашиб ўтирган қўшни аёлларни кўриб,
юраги орқасига тортди. Улардан бири қўлини бигиз қилди:– Маҳаллани иснодга қўйдинглар! Болаларимизга лаънати тегмаса гўргайди.
Яна уялмай кўчада юришини қаранглар бу беномусни! Отанг-ку қамоқхонадан
келадими-йўқми? Манжалақи опангга айт: бизга рўпара бўлмасин.– Қўйсангиз-чи, бу бечора гўдакда нима айб? – хотинлардан бири инсофга
чақирди.– Эй-й! Қуш уясида кўрганини қилади. Ёмондан хазар!
№ 8 2024 13
Энахон СИДДИҚОВА
У уйларига гандиракдаб зўрға кириб олди. Бундай кундан ўлгани яхши. Ўзини
осиб қўя қолсамикин? У атрофга олазарак қаради. Опасини ўйлаб юраги қоврилди.
Укасининг айтишича, узоқ қариндошлариникига олиб бориб қўйишибди. Эртага
мактабга бормай опасини кўргани кетсамикин? Лекин нима дейди, нимани
гаплашади? Опасининг юрагидаги дўзах ўтини ўчиришга, юпатишга қодир бирор
сўз топ оладими?– Битирув имтиҳонларига икки-уч ой вақт қолди. Ким қайси олийгоҳга ҳужжат
топширади?
Синф раҳбари ҳар бир ўқувчини тургизиб, бирма-бир суҳбат қилди. Навбати
келганда бутун синфнинг нигоҳи ер остидан унга қадалганини сезиб турди.– Ўйлаб кўриб айтаман!
Бехос оғзидан шу сўз чиқди. Нега шундай деди, ўзи ҳам билмайди. Ахир бор
орзулари барбод бўлди-ку! Орзуларининг синиқларини бир кун териб бутлай
олармикин? Танаффусда Маҳлиё ҳамманинг диққатини ўзига қаратди.– Ҳеч тушунмайман. Отаси қамалганларнинг ҳужжатини олийгоҳга ўқишга
қабул қилишармикин?– Қўйсанг-чи шу гапларни! Уялмайсанми? У сенга нима ёмонлик қилди? – синф
бошчиси Акмал унинг тарафини олди. – Уят дедингми? Мен уялайми? Опаси отасидан туғадиганлар уялсин!
Э, болалар, опасидан чақалоқ туғилса унга жиян бўладими ё укача, айтиб берсин!
Беш-олти кўз унга чақчайиб, ёмон қараб турганини кўрди. Раҳми келганлар эса
бу сафар чурқ этишмади.
У бошида қон гупурганини сезди. Мияси ари уясидек ғувуллади. Кўксидаги
оғриқдан тишлари ғижирлаб кетди. Синфдошининг ҳақоратларини жим эшитди.
Бўлди! Ҳаммасига тупуради, шу мактабга қадам босмагани бўлсин! Парта устидаги
китобларини йиғиштирди, ўзини қўлига олиб, ўрнидан турди. Ҳамма унга қўрқув
ва даҳшат билан қараб турарди. Ҳеч нарса бўлмагандай секин Маҳлиёнинг олдига
борди. Унга ўзи нима қилувди? Арпасини хом ўрганмиди? Бунча унинг малолини
олади? Тиржайган, масхараомуз башарасига қараб кечаги бахтиёр, бахтли кунлари
тугаганлигини ўйлаб ўртанди. Маҳлиёнинг нигоҳида “Хўш, нима қила оласан?”
деган безбетликни кўрди. Тўсатдан юзига қулочкашлаб туширди. Кейин унга
ташланди. Бир зарбда сочидан бир тутам қўлига чиқди. Синфни бошига кўтариб
додлаётган синфдошининг қўлидан силтаб тортиб, кафтига соч толаларини
тутқазди. Кейин индамай сумкасини олиб, синфдан чиқди. Дод-войни эшитиб
эшикдан кириб, ҳангу манг бўлган ўқитувчиларига қайрилиб ҳам қарамади.
Сой ёқалаб келаркан ҳайқириб, тошдан-тошга урилиб оқаётган сувга телбаларча
тикилди. Шу сойга ўзини ташласа, чўкиб ўлармикин? Ёки… Гўё тиғнинг устида
юриб борарди. Бошида, юрагида, товонида шу тиғ. Гўё бутун дунё биргина шу
тиғдан иборат. Узоқда боғлар, чаманлар кўриняпти. Лекин у ҳеч қачон бу тиғларнинг
таъқибидан қутула олмайди. Ҳеч қачон! Қани эди шу дунёсига келмаганида, қани
эди онаизорининг кўзидаги даҳшатли фарёдларни кўрмагинида эди…
Дарвоза тагида турган укаси унга нималардир деди. Қулоқлари эшитмади.
Кўзларидаги ёввойи даҳшатни кўриб укаси қўрқиб кетди.
Мана, ҳаммаси тугади. Мактаб ҳам, олийгоҳ ҳам, келажаги ҳам. У синфда рўй
берган воқеаларни ўйлаб, инграб ётаркан, уйни бошига кўтариб уввос тортиб
юборди.
14
Шарқ юлдузи
Қуюн– Болам, болажоним, кўзингни оч! Онангга раҳминг келмайдими? Опангники
ўзи етиб ортади! Мени ташлаб кетма!
Олис-олислардан элас-элас келаётган товушлар, бақир-чақирдан ҳушига келди.
Қўрғошиндай босиб турган қовоқларини базўр кўтарди. Бошида бу кўргиликлардан
адойи тамом бўлган шўрлик онаси йиғлаб ўтирибди. Унга нима бўлди? Нега
атрофида ҳамма тўпланиб чувуллаяпти? Нега билагига игна санчишяпти? Ҳа
а, эсига тушди. Қўлидаги ингичка арқон… Оёғининг тагидаги тўнгакни тепиб
юборгани… Ахир тубсиз бир ўпқон ўзига тортиб кетганди-ку! Нега ҳалиям тирик?
У кўзларини юмди. Ҳеч кимни кўришни истамасди. Ҳатто уни ўлимдан қутқариб
қолган онасини ҳам. Фақат ингарарди: Нега? Нега? Нега?!
Мактабга қайтиб бормади. Ўқитувчилар қанчалик қийин-қистовга олишмасин,
битирув имтиҳонларига боришдан бош тортди. Тоғаси касалхонага санитарка қилиб
ишга киргизиб қўйди. Кундузи иш билан овунгандай бўлади-ю, тунлари худди
тиғга ағанагандай ухламай чиқади. Опаси эрта-индин кўз ёрадиган… Унга юзма-юз
келишдан ўзини олиб қочади. Онаизорига қийин бўлди. Уни оёқда ушлаб турган,
йиқилишдан асраётган бахтиқаро қизи, ҳали дунёга келмасидан ғурбат, қарғиш,
ёғийлик уруғини ундираётган масъум гўдакка илҳақлик… Бу сўнгсиз азобларга
қандоқ тоб бераётган экан? Разиллик ботқоғига ботган эрининг хиёнатини-ку
кечирмаслиги аниқ, лекин онаизор қазойи қадарига қадар кўксига ўтмас пичоқ
ботирган қизини қандоқ ўтга отсин, қандоқ воз кечсин?!
Ҳамма лаънатлаётган гўдак туғиладиган кун келди. Опасини туғдириш учун
онаси уйга доя ёллаган кўринади. Тирик туғилмагани маъқулмиди шу норасида?!
Опаси ўзи ўлдириб қўйса бир умрлик ғурбатларидан фориғ бўлармиди?! Опаси
ётган хонадаги бесарамжонлик, чопа-чоплардан билдики, тўлғоқ бошланган. У
бақир-чақирларни эшитмаслик учун бошини кўрпага буркаб олди. Аҳён-аҳёнда
онаизорининг бўғиқ, хавотирли, аянчли овози кўрпани ҳам тешиб ўтади.– Ҳайрият, эсон-омон қутулиб олди! Қуллуқ бўлсин! Ўғил экан, ўғил!
Бу доянинг овози. Қуллуқлашига бало борми?
У ҳалитдан эндигина туғилган гўдакдан нафратланётгани учун ўзидан ижирғаниб
кетди. Шу онда синфдошлари, қўшни аёлларнинг масхараомуз тиржайишлари кўз
олдига келди. Билмади, онаси ёрдамга чақирдими, икки-уч эшикни тақиллатди,
эшитмаганга олиб кўру кар бўлиб ётаверди. Иши соат саккизда бошланса ҳам ишга
саҳармардонлаб чиқиб кетди.
Яхшиям шу укаси бор, ягона эркак. Онасига шу бакор келяпти. Чақалоқ
чучкирса, иситмаласа ҳам дорихонага чопган, озиқ-овқатга уннаган ҳам у. У опаси
ётган хонага бирор марта бўлсин бош суқмади. Гўдакни ҳам кўргиси йўқ! Кечалари
кўз юммай уни жон-жаҳонида катта қилаётган онасини ҳам ёмон кўриб кетди.
Болани онаси ўзининг номига олганини эшитди. Чақалоқ катта бўлиб кимлигини
билганида дунё остин-устун бўлиб кетса керак! Гуноҳсиз гуноҳкор… Бу гўдакни
ҳаётнинг қандай синовлари кутяпти экан?!– Бирпас ушлаб тургин! Опанг иситмада ёняпти. Қуруқ мастава солай-чи?!
У онасига хунук қаради. Хоҳламаса ҳам чақалоққа кўзи тушди. Оппоқина,
қоп-қора сочи дока рўмол тагидан кўриниб турибди. Бир зум меҳри товлангандай
бўлди. Гўдакнинг кўзлари… Бу қоп-қора кўзларда дадасининг аксини кўриб титроқ
турди. Юзини терс бурди. Ҳаво етмаётгандай нафаси қисилди.
Чақалоқ катта бўлган сари унга қараб талпинадиган бўлди. Баъзан эмаклаб
келиб, унинг тиззасига чиқиб ўтириб олади, нималарнидир деб чуғурлайди.
№ 8 2024 15
Энахон СИДДИҚОВА
Қочиб қаёққа борарди! Секин-секин кўникди. Эркаламаса ҳам гўдакни ўзидан
итаролмасди. Айниқса, опаси индамай қўлига бериб кетса? Тавба! Опасининг
заҳил юзига қон югургандай. Боласи билан овуниб бахтиқаролигини унутгандай.
У буларни ҳазм қила олмай кундан кунга ич-этини ейди. Яхшиямки иши бор, бироз
бўлса-да дардларини ўзидан нари қилади. Ишхонада шериклари опаси ҳақида оғиз
очишмайди. Уни авайлашадими, билмайди.
Ишдан келиб, ошхонада хонтахтага тирсагини таяб, ҳушсизларча ўтирган
опасига кўзи тушди.– Опа!– А-а, қўявер!
Опаси шошиб кўзёшларини артди. Йиғлайвериб кўзлари қип-қизариб кетибди.– Опа қўйинг! Ҳаммаси унутилиб кетади.– Йўқ, ҳеч қачон! Опаси кўзида ёш билан аламли жилмайди. – Мен ўз қўлим
билан қисматимга қора чизиқ тортдим. Бу тавқи лаънат мени ҳеч қачон тинч
қўймайди, таъқиб қилиб қўймайди. Ҳамманинг тақдирига қора соя солдим, мусибат
келтирдим… Кечир мени, сингилжоним! Кечиролсанг кечир бахтиқаро опангни!
Сендан бир нарсани ўтиниб сўрамоқчиман. Жуда ақлли, фаросатли қизсан! Мендек
бахтсиз бўлиб қолма!– Нима қил дейсиз?– Сенинг ўрнингда бўлсам узоқ-узоқларга кетардим. Бу лаънатланган уйдан
қочиб кетардим.– Қаёққа кетай? Кимга бош урай?– Москвагами, Ленинградгами? Ёки бирор хорижий давлатга! Ўқисанг, иш
топсанг, мениям чақирардинг! Насиб қилса боламни онамга ташлаб, мен ҳам бу
гап-сўз, тавқи лаънатлардан узо-оқларга қочиб қутулармидим?!– Наҳотки бу мумкин бўлса?!– Нега мумкин бўлмасин? Фақат бу ҳақда ҳозирча ҳеч кимга айтма! Опа-сингил
бир-бирларининг қучоғида унсиз йиғлашарди…
Отасининг муддатидан олдин чиқаётганини тоғасидан эшитди. Эшитди-ю,
худди биров унга ўлим ҳукмини эълон қилгандай қотиб қолди.– Бу эшикка қадам босиб кўрсин! Бутун шаҳарда шармандаи шармисор қилди,
бош кўтариб юролмаяпман. Юзимизни қора қилди, ифлос! Йўқ!!! Бу иснодга
чидолмайман! Рўпара келса сўйиб ташлайман! Кейин турмада чириб кетишга ҳам
розиман! – тоғаси қўлидаги пичоқнинг дастасини маҳкам қисди.
Энди нима бўлади? Бу даҳшатга онаси қандай рўбарў бўлади? Наҳот, эрини
кечирса?! Дадасининг ака-укалари уйларига киритмасликлари аниқ! Ичини ит
кемира бошлади. Қандай ишга бориб келяпти, нима қиляпти билмайди.
Бугун ишдан эрта келди. Меҳмонхоналарида беш-олтита аёл, уч-тўрт эркак
худди жанозага келгандай миқ этмай ўтиришибди. Ҳайронлиги ортди. Ётоқхонада
сандиқ кавлаётган онасига саволомуз боқди.– Нима гап, ким булар она?– Опангни узатяпмиз?– Ни-ма!!! Ки-им-га?
Шундай деди-ю тилини тишлади. Жавоб унинг дилини қонатиши аниқ. Онаси
индамади. Сўраб боқса, куёв отасидан ҳам қари, хотини ўлиб, бева қолган кимса.
Юраги ҳайқирди. Бечора опаси… Наҳотки шу шўришга рози бўлган? Балки жаллод
отаси билан юзма-юз келишдан кўра шу бахтсизликка бўйин эгган?
16
Шарқ юлдузи
Қуюн
Опаси билан рўбарў келишга юраги бетламади. Ҳаял ўтмай ичкаридан опасини
кийинтириб олиб чиқишди. Демак, ҳаммаси ими-жимида бўлаётган экан-да!
Опасининг аҳволига боқиб, юраги аламазон бўлиб ёнди. Худди ўлимга, дорнинг
остига олиб кетишаётгандай кўзларида мунг, даҳшат, аччиқ дод қотиб қолган.
Аёллар уни ўртага олиб, қўлтиғига киришди, кейин эшик томон бошлашди. Опаси
аёллар қуршовида оёқлари чалишиб, телбанамо бир неча қадам босди, кейин
ортига бурилди. Дарди дунёсидан айрилган одамдек, нажот истаб, ёлбориб онасига
қаради.Сўнгги марта кўраётгандек қўлларини чўзиб илтижо қилди:– Онажон!– Онанг ўлсин! Туғмасам эди, бу ҳолингни кўрмасам эди!
Шўрлик опаси онасининг қучоғига етмай ҳушсиз йиқилди. Уй ичи қий-чувга
тўлди. Қуда аёллар опасини онасининг устидан олишиб, қийин-қистов билан
машинага олиб чиқиб ўтқазишди. Машина оғир силкиниб юриб кетди.
Бироздан сўнг онаси ўзига келди. Ҳеч кимга кўнмай инжиқлик қилаётган
гўдакни олиб, афтодаҳол хонасига кириб кетди. Ухлаган гўдакни диванга
ётқизаётган онасига паришон қараб турди. Кейин унинг оёқлари тагига чўккалаб
ёлвориб гапирди:– Онажон! Нималар қилиб қўйдингиз?! Дадамнинг хўрлагани етмасмиди?
Ўлганни устига тепган қилдингиз? Наҳотки, ўз қизингизга раҳмингиз келмаса? У
шўрликни ўз қўлингиз билан жарга итардингиз. Наҳот, бу ишни ўша хиёнаткор,
иблис эрингиз учун қилган бўлсангиз? Нега фарзандларингизни ўйламаяпсиз?
Онаси индамади. Жону жаҳонидан айрилган одамдек ҳушсиз ўтирар, кўзларидан
ёшлар сел бўлиб оқарди. Ичидаги ғазаб-исён суякларини бурдалай бошлади:– Ҳаммасига сиз айбдорсиз! Агар сиз яхши аёл бўлганингизда эрингиз шу
хиёнатни қилмасди. Балки сиздан ўч олгандир шу йўл билан? Бизнинг айбимиз
нима? Сиз ҳам онамисиз? Онаман, дейишга ҳақингиз йўқ!
У бор овози билан эзилиб ҳайқирди. Сўнг ўзини онасининг устига ташлаб,
маҳкам қучоқлаганча ҳўнграб-ҳўнграб йиғлади.– Қизим, йиғлаяпсизми?
У чўчиб кетди. Ҳамхона кампир унга ҳайрон қараб турарди. Азбаройи адойи
тамом бўлганидан қаердалигини унутибди. Кўзларидан ёш шашқатор оқяпти.– Холажон! Ҳеч онамдан узоққа кетмагандим. Ҳали икки кун ўтмай соғиниб,
ўзимни йиғидан тўхтата олмаяпман.– Дадангизни соғинмадингизми?!– А-а-а?! – у кампирнинг кўзига даҳшатланиб қаради. Кейин овозлари қалтираб,
шошилиб, тутилиб жавоб берди:– Дадам болалигимда ўлиб кетган.– Кечиринг болам, сизнинг ҳам дардингиз оғир экан. Бефаҳмлик қилиб
яраларингизга туз сепибман. Дунёнинг бир қавати ўзи шунақа экан, – кампирнинг
оғир хўрсиниғи эшитилди. Агар қизнинг бошидан ўтган мусибатларини билганида
эди, балки ўзининг қайғуси кўзига кўринмасмиди.
Дунёнинг бир қавати… Ҳа, у Яратганнинг амри билан дунёнинг жирканч, қабоҳат
қаватига тушиб қолди. Шум қисматга рўбарў келди. Умри гўё ёмон босиринқи
тушга ўхшайди. Бу қўрқинчли тушдан қачондир уйғонармикин?
Тақдир қуюни уни чоҳига олиб, хас-хазондек қайси томонларга учиради, қандай
қисматнинг исканжасига отади билмайди. Билгани, қисмат тўфони олиб келган
сўнгги бекатда тушиши керак.