Санжар ТОШБЕКОВ – 1999 йилда туғилган. Самарқанд давлат университетини
тамомлаган. Шеърлари республика матбуотида эълон қилинган.
Ниҳоя
Сўнгги жумлагача
айтилди алла
У дастлаб дўконда ишлаган,
Нам ва қоронғуда ўтган ёз-қиши.
Хўжайин олдида тилни тишлаган,
Сўнгра уйга қайтган оғриб, энгашиб.
“Бир куни ҳаммаси изига тушар”
Ширин орзу билан хаёлга ботган.
«Бу олим бўлади, униси ҳоким»
деган орзу билан тонглари отган.
Тағин эрталабдан ишга жўнаган,
Ҳар кунги юмушни адо этгани.
Баъзан кечга қолиб, захда тунаган,
Баъзан билмаганман келиб кетганин.
Мудҳиш даврийликдан чиқмаган асло,
Бориб келаверган оғриқли йўлдан.
Саноғини билмас қанча деворнинг
Ажинлари силлиқ чиққан қўлидан.
Аммо, орзулари чинга дўнмади,
Алам неча бора тилди жонини.
Ҳамон тили қисиқ, эгик қомати,
Бу гардун беаёв ичди қонини.
У юзма-юз турар йўқчилик билан,
Ҳасрати, оғриғи нигоҳида жо.
Икки томон кетган икки ўғли ҳам,
Бириси тошбағир, бири бесадо.
Унга дунё ҳақда ортиқ сўйламанг,
Дунё таржимаси ўлик сийратнинг.
Ўғли ҳоким бўлди сўзга, қайғуга,
Олими ҳам бўлди мағлубиятнинг.
Тўкилиш
Истеъмол қилади хотиржамликни,
Ноябрь оқшоми, сершовқин шаҳар.
Соямни майдалаб, сўнгсиз жимликни
Шошмасдан, бирма-бир, ютмоқда башар.
Бўшаб бораяпман қадам-бақадам,
Бўшатиб боряпман тўлмас ҳовучни.
Юз чайиб изтироб томчиларига,
Унутиб юбордим бокира тушни.
Энди ўнгланмайди, тош қотди бари,
Тасаввурдан бунёд минглаб ҳайкаллар.
Чизиб тугатилди рассом сурати,
Сўнгги жумлагача айтилди алла.
Ниҳоят бўм-бўшман, тирноғим қонаб,
Қонталаш жумлалар, сўзлар чўзди бўй.
Энди бағрингга ол сукунат – онам,
Пешонангни узат ўйланмаган ўй.