Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Мен шоирмас, ошиқман, жоним…

Ғайрат МАЖИД – 1976 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг
журналистика факультетини тамомлаган. Ижодкорнинг “Гул санам”, “Ҳеч кимга
ўхшамайсан”, “Кўзларингни соғинаман”, “Ишққа борар йўл”, “Айиқчанинг туши”, “Беш
дарс”, “Мумкин эмас сени йиғлашинг”, “Кўксимдаги юлдузлар”, “Бунда булбул китоб
ўқийди”, “Йўлдаман, нурли йўлда” номли китоблари нашр этилган.


Шоир дема мени севгилим,
Шоир кимдир, шоир ўзи ким?!
Ман юракни сўйловчи одам,
Фақат Ҳақни ўйловчи одам,
Куйиб-куйиб, куйдириб, яна
Куйлатгувчи, куйловчи одам.


Шоир дема мени, севгилим.
Шоир дема, айтдим-ку, жоним,
Шоир кимдир, шоир ўзи ким?!
Дил, умрни ел бил, сабо бил,
Пок иймонни йўлдош – або бил.
Ёр деб тўккан ҳар томчи ёшим,
Пуч ҳисларга тоши абобил.
Шоир дема мени, севгилим.


Шоир дема мени, севгилим,
Шоир кимдир, шоир ўзи ким?!
Ўртар дилни саҳройи жунун,
Билмам, қайдин бу оташ афсун.
Ёр каломи, дўстнинг пайғоми,
Бағишлайди умримга мазмун.
Шоир дема мени, севгилим.


Шоир дема мени, севгилим,
Шоир кимдир, шоир ўзи ким?!
Жон бўлсаю жоннисор бўлса,
Фарҳод бўлсам, Ширин ёр бўлса,
Бу дунёда шоир йўқ, ахир,
Ошиқлар бор, агар бор бўлса.
Шоир дема мени, севгилим.

Мен шоирмас, ошиқман, жоним…

Тилак


Ошиқ юрагимда бир нурли тўлқин –
Яратган Эгамнинг меҳри деб билдим.
Чексиз самоватнинг бағрида ёлқин –
Порлаган қуёшни муҳри деб билдим.


Юлдузлар жимирлаб кезади оқшом,
Сирли коинотнинг дала-даштида.
Бир туғро сингари ойнинг нурафшон –
Оппоқ табассум бор сайру гаштида.


Мусаффо қалб билан боқдим, эранлар,
Юзида, кўзида муборак белги.
Оталар бор бўлсин, ўссин фарзандлар,
Ҳазрат боболарнинг покиза мулки.


Қисмат қўшиғи
Устоз Сирожиддин Саййидга


Кимнингдир орзуси юракда армон,
Ким эса муроду мақсадга етган.
Кўп шукур, нолисам бўлмас, Художон,
Кўнглимга шоирлик онамдан ўтган.


Меҳри ҳам, қаҳри ҳам қаттиқ боламан,
У интиқ дил билан соғинган, кутган.
Сочларига тушган оппоқ толаман,
Кўнглимга шоирлик онамдан ўтган.


Неки топган бўлсам мисқоллаб топдим,
Умрим пушаймонлик шаҳрида йитган.
Жаннат хабари деб пойини ўпдим,
Кўнглимга шоирлик онамдан ўтган.


Гоҳи зулмат ичра қолсам адашиб,
Йўлинг оқ бўлсин, деб чироқлар тутган.
Қалбидан қалбимга таманно ташиб,
Кўнглимга шоирлик онамдан ўтган.


Доим тоқат билан бир қумлоқ каби,
Дунё ғамларини ичига ютган.
Сўнмаган ҳаётдан асло матлаби,
Кўнглимга шоирлик онамдан ўтган.

Деган, булбул бўлгин, булбулдай яша,
Қарғалар ҳолини кўргин, гўнг титган.
Юксак бўл,
Юксак бўл, юксалиб яша,
Кўнглимга шоирлик онамдан ўтган.


Яшамоқ керакдир талпиниб нурга,
Кўрдим, ғўралардан ҳалволар битган.
Шукрона, Ҳақ берган ҳаёт, тақдирга,
Кўнглимга шоирлик онамдан ўтган.


Устозим

Абдували Қутбиддинни ёд этиб…


Малаксиймоларим ёдимга тушди,
Улсиз ўтган дамим додимга тушди,
Юрагим бир қутлуғ одимга тушди,
Қалбни муҳаббатга қорди, устозим.


Бахтли йил келади, жоним, тасаддуқ,
Асрорим асрашга, қалбим бор – қудуқ,
Ташна диллар учун оби ишқ тортуқ,
Борини бир Ёрга ёрди, устозим.


Лаб очдим, юракдан лолалар оқди,
Муножот, илтижо, нолалар оқди,
Кўзимдан қалбимга жолалар оқди,
Сувсаганга сувлар берди, устозим.


Руҳим аллалаган Зарафшондир ишқ,
Садолари ўлмас шараф-шондир ишқ,
Боқдим, эранларга каҳкашондир ишқ,
Дилларга ёғдулар берди, устозим.


Осима, оҳларни кўмиб бўлмайди,
Ишқ тўла чоғларни кўмиб бўлмайди,
Устоз – тоғ, тоғларни кўмиб бўлмайди,
Тангри раҳматига борди, устозим.


ТУРКИЯ ДАФТАРИДАН


Талпингандек…


Талпингадек соҳилга Босфор,
Лабларимнинг соҳилидан ўп.
Шундай дея такрор ва такрор,
Сен кирасан тушларимга кўп.


Чайқалади шовуллаб осмон,
Бағри тўла минг битта юлдуз.
Мен минг битта ўй билан инон,
Ёлғиз сени ўйлайман, ёлғиз.

Шоирларни ўқийман кўп бор,
Мисралари умрим баёни.
Сарҳади йўқ денгиздек, дилдор,
Йўқдир сенга ишқим поёни…


Дилбар хаёли
Истанбулдаги Рамий кутубхонасига борганимда мовий кўзли бир
турк қизи менга ҳам китобингиздан совға қилинг, деб айтди. Кейин
китобимни варақлай туриб, исмим Марол, менга атаб ҳам шеър ёзинг,
деди.


Мовий осмон, денгиз – пок туйғу,
Мовий эпкин қиздай ҳаёли.
Хаёлимда яшайди мангу,
Мовий кўзли дилбар хаёли.


Ранг беради ўйларимга у,
Камалакдек умрим жилоли.
Хаёлимда яшайди мангу,
Мовий кўзли дилбар хаёли.


Бирам нурли, иссиқдир орзу,
Ой жамоли, офтоб жамоли.
Хаёлимда яшайди мангу,
Мовий кўзли дилбар хаёли.


Ишқ туфайли шер бўлар оҳу,
Тоғни талқон қилар чумоли.
Хаёлимда яшайди мангу,
Мовий кўзли дилбар хаёли.


Мендан холи неки бор, ёҳу
Яшамоқ йўқ севгидан холи.
Хаёлимда яшайди мангу,
Мовий кўзли дилбар хаёли.


Эй кўнглимда яралган турку,
Эй жонимнинг бахти, иқболи.
Хаёлимда яшайди мангу,
Мовий кўзли дилбар хаёли.


Олам бу – дарсхона..


О, мактаб. Чалинди сўнгги қўнғироқ,
Қалдирғочлар каби учиб кетдик соз.
Ўқиб, ўрганишлар тугамас бироқ,
Олам бу – дарсхона, ҳаёт бу – устоз.

Доскага чиқамиз, синов, имтиҳон,
Муаллим саволлар ёғдиради боз.
Гоҳ жавоб топамиз, гоҳо йўқ, аён,
Олам бу – дарсхона, ҳаёт бу – устоз.


Сувларда оқизиб еямиз нонни,
Ризқу рўз, насиба ҳамиша мумтоз.
Эслаб яшаш мумкин ўтган ҳар онни,
Олам бу – дарсхона, ҳаёт бу – устоз.


Гулим, мен абадий ошиқ андалиб,
Ичим тўла рангин айтилмаган роз.
Ҳалиям юрибман сени ахтариб,
Олам бу – дарсхона, ҳаёт бу – устоз.


Узук кўзидаги гавҳар мисоли,
Инсон иймон билан топгайдир эъзоз.
Дунёда яшаш йўқ синовдан холи,
Олам бу – дарсхона, ҳаёт бу – устоз.


Меҳрибон муаллим, азиз синфдош,
Сиз булбул дилимга гул янглиғ ҳамроз.
Заминга ой каби тоабад йўлдош,
Олам бу – дарсхона, ҳаёт бу – устоз.


О, мактаб. Чалинди сўнгги қўнғироқ,
Қалдирғочлар каби учиб кетдик соз.
Ўқиб, ўрганишлар тугамас бироқ,
Олам бу – дарсхона, ҳаёт бу – устоз.


Ҳақдан менинг руҳимга…


Ҳақдан менинг руҳимга
Чўғ тушган, зиё тушган,
Юрагимнинг боғига
Булбулигўё тушган.


Айтмас тилда борини,
Сўйлар дилда борини,
Сендан неъмат, Аллоҳим,
Ор тушган, ҳаё тушган.


Рўзим менинг рўзимдир,
Сўзим менинг сўзимдир,
Битта менга тегишли
Туғ тушган, туғро тушган.


Гоҳи виждон ичраман,
Гоҳи исён ичраман,
Ҳаётимга, водариғ,
Гул тушган, саҳро тушган.

Эй азамат пирларим,
Росту ошкор сирларим,
На бўлғай деб аҳволим,
Сир тушган, ҳулё тушган.


На матлуб, на манзурман,
Ошиқ Машраб, Мансурман,
Эй дил, ажаб бу ҳолинг,
Дард тушган, даво тушган.


Дилга суймоқ одатми,
Ёниб, куймоқ одатми,
Шул қутлуғ саодатми,
Куй тушган, наво тушган.


Ёр номини ёд айлаб,
Пайғомини ёд айлаб,
Мудом уйғоқ этгувчи,
Сўз тушган, садо тушган.


Ғулом манам, шоҳ манам,
Масрур манам, оҳ манам,
Алҳол, зикру истиғфор,
Дуо, илтижо тушган.


Ишқ айёми


Пок ишқ маним қишларимни ёз айлар,
Ишқ айёми ўлгунчадир, дилбарим.
Бу дунёнинг дардлари ҳам дунёнинг
Паймонаси тўлгунчадир, дилбарим.


Олам орзум рангларини билмайди,
Кўнглим маним гулғунчадир, дилбарим.
Тошдилларга гулнинг қадри бор бўлса,
Саҳродаги юлғунчадир, дилбарим.


Нафс ўлгурнинг меҳри алалоқибат,
Мақсад ҳосил бўлгунчадир, дилбарим.
Нечун кўнгил берай дунё гулига,
Таровати сўлгунчадир, дилбарим.


Пок ишқ маним қишларимни ёз айлар,
Ишқ айёми ўлгунчадир, дилбарим…

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil