Венера НУРМАМАТОВА – 2005 йилда туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон
тиллари университети талабаси. Шеърлари республика матбуотида эълон қилинган.
“Зомин – 2024” ёш ижодкорлар семинари иштирокчиси.
***
Чуқур-чуқур хаёл сураман,
Тўйиб-тўйиб оламан нафас.
Адоси йўқ, кенг дунёсида
Нега менга ясайсиз қафас?
Вужудимда бўйсунмас ҳис бор,
Битта қушман, нурга тизилган.
Чеклов қўя кўрманг руҳимга,
Пешонамга “эрк” деб ёзилган.
Хайрли
Хайрли тонг дердинг ҳар куни,
Сўргандай бўлардинг телбанинг ҳолин.
Шу сўзни эшитиш илинжи мени,
Ҳар кун уйғотарди қуёшдан олдин.
Ҳадя қилар эдинг хайрли кунлар,
Бергандай бўлардинг дунё муҳаббат.
Бир кун ўзимла ўзим яшашим учун,
Шу сўзлар етарли бўларди фақат.
Орзу қилмагандим ортиқча бахтни,
Ортиқча сўзларга йўқ эди ҳушим.
Хайрли тунингни айтардинг ҳар кеч,
Сендан иборатдай бўларди тушим.
Бир ҳовуч шодликни кўксимга солиб,
Юракда сезардим дунёнинг кучин.
Балки мен дунёга келганлигим рост,
Сендан шу сўзларни эшитиш учун.
Хайрли сўзларга ясадинг якун,
Хайр дединг бирдан, қайнади қоним.
Балки мени шод деб ўйларсан лекин,
Хайрсиз бўляпти тонгларим шомим…
Ҳеч кимлик
Ҳеч ким билан юрибман дайдиб,
Сирларимни айтиб ҳеч кимга.
Фақат менга ишонар ҳеч ким,
Ишонаман фақат ҳеч кимга.
Мен ҳеч кимни қаттиқ севаман,
Тобедирман фақат тақдирга.
Ахир катта жасорат керак,
Кимдир бўлмоқ учун кимдирга.
***
Уйқум қочиб кетди қирларга,
Вужудимда муздайин титроқ.
Дардлар макон тутган жойларга,
Табассумим келақол тезроқ.
Кетганига неча кун бўлди,
Чақирсам ҳам келмай турибди.
Шу қурмағур қайси жойларда,
Кайфиятим санғиб юрибди.
Кутаяпман қачондан бери,
Шодлик олиб келар қўлларни.
Излаб-излаб тополмаяпман,
Мени бахтга элтар йўлларни.
Ҳеч вақосиз – талангандайман,
Фақатгина алам қолгани.
Ҳозиргина элчи юбордим,
Юрагимдан хабар олгани.
Йўқ, вақтимни сарфлаб бир куни
Тоғлардайин кучга тўламан.
Мендан кетган ўша бевафо,
Ҳаммасини олиб келаман.
Шундан кейин бутун ҳисларим,
Қўрқиб қолар икки кўзимдан.
Лек ҳайронман, ким қайтараркан
Кетиб қолсам ўзим ўзимдан?
***
Кимлигингни билгим келмайди,
Кимлигингни келмас сўрагим.
Сир бўлиб яшасанг хаёлларимда,
Танимаса сени юрагим.
Овозингни эшитмасам ҳеч,
Кўзёшимга бўлмасанг сабаб.
Ўйларимда мавжуд бўлмасанг,
Соғинч мени олмаса қуршаб.
Учрашмасак то бахтга қадар,
Танимасанг мендаги юзни.
Кимлигингни билгим келмайди,
Тасодифлар учратсин бизни!
***
Зерикасан баъзан дунёдан,
Гоҳо сени тинч қўймайди ер.
Дунёни бир чеккага суриб,
Ёзгинг келар дунё-дунё шеър.
Хоҳишинг йўқ ҳатто уйқуга,
Китобларга чўзасан қўлинг.
Баъзан, нурли, қуёшли кунда,
Йиғлаб қолар булутли кўнглинг.