Мухтор КОМИЛ – (1960–2016). Тошкент давлат университетининг (ҳозирги
ЎзМУ) журналистика факултьтетини тамомлаган. Унинг “Келдим” номли китоби
нашр этилган.
***
Юракнинг бир банди узилган кеча,
Асрлар сингари чўзилган кеча,
Чимилдиқ ичида сенинг ўрнингда,
Ўзга бир келинчак сузилган кеча,
Юракнинг бир банди узилган кеча…
Мен басир эдимми, ишқми кўзи кўр,
Қисматми бошимга ташлагувчи тўр,
Ёмғирларми ёғди, ёшми билмадим,
Лабларимга томган томчи эди шўр,
Мен басир эдимми, ишқми кўзи кўр.
Тақдирми, бошимда ўйнаган қамчи?
Сочингми, армоним учган арғамчи?
Чорлагандай бўлар кимдир олисдан,
Наҳотки?.. Сенмисан ўша алдамчи?
Тақдирми, бошимда ўйнаган қамчи?
Бошимни боғлашди, боғландим, жоним,
Қалбимни доғлашди, доғландим жоним,
Сенинг ҳузурингга бормоқчи бўлиб,
Неча бор чоғландим, чоғландим, жоним,
Бошимни боғлашди, боғландим, жоним,
Юракнинг бир банди узилган кеча,
Асрлар сингари чўзилган кеча,
Чимилдиқ ичида сенинг ўрнингда,
Ўзга бир келинчак сузилган кеча.
Юракнинг бир банди узилган кеча.
Бўри ва одам
Нажоткор олов ҳам бормоқда сўниб,
Ва лекин бу оқшом умидлар сўнмас.
Бўри ҳам кетмайди очликка кўниб,
Одам ҳам тақдирнинг ҳукмига кўнмас.
Бу оқшом кимнингдир қўрийди шўри,
Бу оқшом бир хилда сўрайди сабот,
Очлик қўшиғини куйлаган бўри,
Ва яшаб тўймаган одамдан ҳаёт.
Ажал тишларини қайрамоқдадир,
Ажал ярқирайди ханжар тиғида.
Ажал, жилва қилар: яйрамоқдадир,
Бўри ва одамнинг қорачиғида.
Қузғунлар ризқини ташлаб қаровга,
Тонгда ҳаёт яна мўътабар, ҳотам…
Бўри овладим, дер шу кун бировга,
Ажал нималигин билмаган одам.
***
Қалбимни ёритиб юборди чақмоқ.
Ёмғиржон ёғавер, тарқалма булут…
Майли, ўчиб қолсин хонада чироқ,
Мен хушбахт шивирлай: кетмоқни унут.
Ўзим ҳам унутай сўнгра ўзимни,
Роҳатга айлансин бу тун бедорлик.
Ва такрор шивирлай юмиб кўзимни:
Қандай бахт…
Сен ва мен….
Дунёда борлик…
Ширин бир табассум, ширин ноз билан,
Тонгда кўзларини олиб қочсин ёр.
Мен эса ҳайқирай бор овоз билан:
Сен жуда гўзалсан, гўзалсан, баҳор!
Суян юрт оғочига
Саҳар чоғи силаб тулпор ёлини,
Ким уйғотса юртининг шамолини,
Йигит умри билмагай заволини,
Олам сиғар ёйганда қулочига.
Ғамгин кунлар ўтса ёринг бошидан,
Вайрон кўрсанг, дунёни кўзёшидан,
Кўзёшин ич, ўпиб тиллақошидан,
Юзларингни босгил қаро сочига.
Темур қони оқар менинг қонимда,
Бир зурёдман дейсан Бибихонимдан,
Ватан учун кечарман, де жонимдан,
Михлансанг ҳам насронийлар хочига.
Қадим йўлдир менинг борар йўлим, де,
Туркий тилим менинг она тилим, де,
Ўзга юртга талпинма, ўз элим, де,
Суян ўғлон юртингнинг оғочига…
Сизни кечирдим
Бахт қушин бошимда қолган патида,
“Соғиндим!” деб ёздим иқрор хатида.
Мен гуноҳкор келиб дор қаватида,
Кечирдим, жаллодим, сизни кечирдим.
Хоҳ дор бўлсин, хоҳи насроний хочи,
Сабр дарахтидан бўлсин оғочи,
Чилвир сиртмоқ бўлса ёримнинг сочи,
Кечирдим, жаллодим, сизни кечирдим.
Бугун ўзим маҳбус, ўзим қозиман,
Ҳам маҳкум ҳам ҳукмимнинг овозиман.
Ўз қатлимга бугун ўзим розиман,
Кечирдим, жаллодим, сизни кечирдим.
Ўзим боғлагандим, бекор ечдингиз,
Кўзим қароғидан мунгли кечдингиз,
Кўзёши шўр ахир, нечун ичдингиз,
Кечирдим, жаллодим, сизни кечирдим.
Айтинг, ҳукмим энди бекор бўлдими?
Хатим бўйнингизга тумор бўлдими?
Кўксингизда юрак бедор бўлдими?
Кечирдим, жаллодим, сизни кечирдим.
Соғинсангиз…
Сескандилар ғунча, гуллар юмилдилар,
Дил боғлари хазонларга кўмилдилар.
Нур ўйнашиб, ёноғимга сувлар сочиб,
Юлдузчалар кўзёшимда чўмилдилар.
Майсаларга сачраётган шабнам, деманг,
Соғинсангиз мен қайтаман, ҳеч ғам еманг.
Бахтим қуши хор бошимдан кетди учиб,
Кафтимда сув тутдим, жайрон ичди чўчиб.
Жайронгинам, жонинг титрар қароғимда,
Мен ҳам сендек бечораман, дедим, қучиб,
Жайрон ётган қароғимда жой кам, деманг,
Соғинсангиз мен қайтаман, ҳеч ғам еманг.
Қаранг… кўкда ёлғиз бир қуш бўзлаб тушар,
Қарчиғайдан қочиб паноҳ излаб тушар.
Фиғонимиз етмагайдир фалакка, ёр,
Оҳ-зоримиз жола бўлар, музлаб тушар.
Дил дардига кўзёшини малҳам деманг,
Соғинсангиз мен қайтаман, ҳеч ғам еманг.
Қора кунда кўру соғнинг туртмоғи бор,
Қўшиқ айтсам, бўғзимни сўз йиртмоғи бор.
Қатлам учун дор олдига келар бўлсам,
Толеимга сочингизнинг сиртмоғи бор.
Мендан олис кетмоқдасиз сиз ҳам, деманг,
Соғинсангиз мен қайтаман, ҳеч ғам еманг.
***
Сомон йўлларида изғир хаёлим,
Юлдузлар гардини тўзғитиб, тўзиб.
“Қайт” дейсан, яшашга қолмади ҳолим,
Йиғлайсан мен томон қўлингни чўзиб.
“Йўқ, – дейман, – ташвишлар билан овора,
Умримда бир марта юксалдим баланд.
Сен ҳам бир кўрсайдинг манглайи қора
Нақадар гўзалдир тунги Самарқанд!”
“Қайт, – дейсан, – бошланди ахир саратон,
Боғларда сарғайди ўриклар ранги”.
“Йўқ, – дейман. – Мени қилар чалажон,
Қадаҳлар жаранги, ғоялар жанги!”
“Қайт, – дейсан, – кўзингни тўлдириб қўяр
Самода тўзғиган юлдузлар гарди”.
“Йўқ, – дейман, – йўқ мени ўлдириб қўяр,
Заминда саргардон одамлар дарди!”
“Қайт, – дейсан, – беҳуда хаёллардан кеч,
Молу мулк ҳақида ўйлагин кўпроқ…”
“Йўқ, – дейман. – одамзод қониқарми ҳеч
Токи тўлдирмаса кўзини тупроқ!..”
“Қайт, – дейсан, – бўшади ун солинган қоп,
Қиш учун ғамланган заҳира ҳам кам…”
“Йўқ, – дейман, – қайтишга бошқа сабаб топ…
Шукур қилсанг етар ноннинг қоқи ҳам…”
“Қайт, – дейсан, – мен сени соғиндим, ишон…
Йиғладим. Ҳўл бўлди ёстиғим, мана…”
Қайтаман, севгилим, самодан шу он,
Заминга қайтгучи Исодай яна…
Сомон йўлларида изғир хаёлим…
***
Заминдан узилиб маъюс нигоҳим,
Фалакка санчилди – қара, фалак қон.
Билмадим, ким бўлар бугун паноҳим,
Бу тун ким бағишлар вужудимга жон.
Ҳаловат билмадим кундузни кечиб,
Ваҳима солмоқда чўкаётган шом.
Қанийди бу қонли шафақни ичиб,
Олов оғушингда ётсам бу оқшом…
Санғиб раҳнамосиз қолган сўқирдай,
Юрсам-да оламни мудом кузатиб.
Бирор жой топмадим ул… жаҳонгирдай,
Ҳордиқ чиқаргали оёқ узатиб.
Йиғладим. Ҳаётнинг мушкул бу пайти,
Тақдир расволикни кўрганида эп.
Кўрлар қўрмайди деб ахир ким айтди?!
Ким айтди “Эркаклар йиғламайди!” деб.
Ичдим гарчи кўзёш шўртанг ва тахир,
Қаровсиз боладай бошимни эгиб.
Зарбалар зарбидан зада ва яғир,
Жонимга дунёси кетди-ку тегиб…
Яна нима айтай, тағин нима дей?
Ҳиссиз санамлардай кулиб турсанг сен.
Ахир нима қилай, эй, Худойим-ей, Метиндан яралган эмасман-ку мен!
Ҳаловат билмадим кундузни ичиб,
Ваҳима солмоқда чўкаётган шом.
Қанийди бу қонли шафақни ичиб,
Олов оғушингда ётсам бу оқшом…
Муҳаббат
Муҳаббат – пинҳона ичилган шароб,
Шайтон алдаётган одамнинг туши.
Аёлга талпинар бир ҳоли хароб
Тақиқ нималигин билмаган киши.
Бир беқадр аёл у қадр туни
Ногаҳон очилди намозшомгулдай,
Негадир қалтираб қучолмас уни
Эркак тамғаланган ҳуқуқсиз қулдай.
Муҳаббат пинҳона чекилгувси ғам,
Ошкор айлагувчи ошиқ – шарманда.
Уятга қолишдан қўрқар номаҳрам
Дўзах азобидан қўрқмаган банда.
Ўртада гувоҳсиз ушатилар нон,
Сукут ризоликдан балки аломат…
Кўнгил оч қушчадай сўраб турса дон,
Қандай яшаш мумкин соғу саломат?..
Муҳаббат паришон одамга тортиқ,
Эслатар жаннатий буғдой тотини.
Аёл севилганда жондан ҳам ортиқ
Қандай қилиш мумкин маҳшар ёдини?
Беҳуш гул юзига шабнам сепар тун,
Гезара бошлади осмоннинг лаби.
Бутпараст аёлнинг талаби учун
Диндан чиқаётган мусулмон каби.
Муҳаббат кучлидир эрлар оридан,
Эҳтимол номусдан оғирдир тоши.
Афсунгар аёллар кирдикоридан
Уялиб қизарар фалак қуёши.
Эркак беихтиёр қарар осмонга,
Гуноҳни севимли аёлдай қучиб.
Мезонлар оралаб, мозий томонга
Паришон турналар ўтганда учиб…
Таассуф
Бизни илиқ ҳислар қучар,
Қалбимиздан музлар кўчар.
Сиз томонлар аёзлидир,
Биз томонда гуллар учар.
Гарчи оҳу зоримиз бор,
Телба ғурур, оримиз бор.
Қаҳратондан қолиб кетган,
Бошимизда қоримиз бор.
Йиллар зумдай ўтиб борар,
Дилни фиғон тутиб борар.
Борлиқда барқ уриб бўлдик,
Йўқлик бизни ютиб борар.
Иккимиз ҳам шошилмадик,
Икки тордай эшилмадик.
Икки тошқин дарё бўлиб,
Бир уммонга қўшилмадик.
Баҳорим қани?
Хазонрезлик ўтди бошимдан,
Қаҳратонлар қақшатди мани.
Жудо бўлдим ўттиз ёшимдан,
Баҳор, менинг баҳорим қани?
Гоҳ жонимдан ўтиб буровлар,
Сочларимга инди қировлар,
Гул тутмоқда эди бировлар,
Баҳор, менинг баҳорим қани?
Мудҳиш сирни менга ўзинг оч,
Йиғламоқда нечун қалдирғоч?
Қаро кўзли ўша чилвирсоч,
Баҳор, менинг баҳорим қани?
Айтгил, бегонага дўнайми?
Шамдай ёниб, шамдай сўнайми?
Тақдиримга такрор кўнайми?
Баҳор, менинг баҳорим қани?
Баҳор, менинг баҳорим қани?
Гоҳ жонимдан ўтиб буровлар,
Сочларимга инди қировлар,
Гул тутмоқда эди бировлар,
Маҳзун
Маҳзун бир қушга айлансам,
Учиб кетсам, учиб кетсам.
Ширин бир тушга айлансам,
Сўнг ёдингдан ўчиб кетсам.
Маҳзун-маҳзун нидо қилсам,
Маҳзун қушлар қаторида.
Кета-кетгунча йўлларда,
Кўзёшимни ичиб кетсам.
Тиканлар ичра хор ётсам,
Уйғонсам гулни ёдида…
Ногоҳ булбуллигим англаб
Фиғон қилсам, чўчиб кетсам?
Хаёл – ёлғон, муҳаббат – рост,
Менинг тортган азобим рост.
Ўзимни сендан топдим-ку
Наҳот сендан кечиб кетсам?
Ошиқман
Санам, ҳажрингда ёндим,
Яна парвона ошиқман.
Тониб, ёдингда уйғондим
Тағин бегона ошиқман.
Санам, сен зору фарёдим,
Бахтимсан, борим, барбодим.
Кел-ей, кел, кўнгли ободим,
Дили вайрона ошиқман.
Ишқ китобин ўзим очиб,
Сўнг кулдим тўзғитиб, сочиб.
Паноҳингдан кетдим қочиб,
Ажаб, девона ошиқман.
Бор, десанг, борлигим ёлғон,
Тушим, бедорлигим ёлғон.
Ишон, Мухторлигим ёлғон,
Ҳамон афсона ошиқман.