Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ШОИРЛАРНИНГ ОЛИМИ,ОЛИМЛАРНИНГ ШОИРИ

Тоҳир ҚАҲҲОР – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, халқаро
Аҳмад Яссавий, Турк дунёсига хизмат (Туркия) мукофотлари билан тақдирланган. 1953
йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика
факультетини тамомлаган. “Оқ ўрик”, “Оқаётган дарё”, “Осмон кимники”, “Эшик
тақиллаётир”, “Кун кўзи”, “Юлдузлар менинг боғим”, “Тоғнинг парвози”, “Ҳур Туркистон
учун” каби шеърий ва публицистик китоблари босилган. Г. Маркеснинг “Ошкора қотиллик
қиссаси”, Ҳ.Н.Отсизнинг “Кўкбўриларнинг ўлими”, “Кўкбўриларнинг тирилиши”,
Д.Алпнинг “Шарқнинг энг буюк ҳукмдори Темур” романлари, И.Аканинг “Буюк Темур
давлати”, Насимийнинг “Жононни севарман”, С.Ширвонийнинг “Ғазаллар” ва бошқа
қатор жаҳон адабиёти намуналарини таржима қилган.

Нўъмон Раҳимжонов – таниқли адабиётшунос олим, професссор; йигирмадан
ортиқ илмий китоблар, тўрт юздан зиёд мақолалар муаллифи. Нўъмон
Раҳимжонов – моҳир таржимон. У русчадан ўзбекчага ўгирган, 1967 йилдан
бошлаб нашриётларимизда неча юз минглаб ададда босилган йигирмадан ортиқ
қиссалар, романлар, илмий асарлар бугунгача халқимизга хизмат қилмоқда.
Нўъмон Раҳимжонов – истеъдодли журналист; атоқли давлат арбоби Нуриддин
Муҳиддинов, машҳур ижодкорларимиз Асқад Мухтор, Иззат Султон, Рауф Парфи,
шунингдек, неча юзлаб замондош шоир, ёзувчи ва олимларимизнинг элимизга
танилишида биографик асарлари, китоблари билан ўзига хос ҳисса қўшган.
Нўъмон Раҳимжонов тадқиқотларидаги муҳим, ўзига хос йўналишлар,
менимча, қуйидаги уч йўналишда яққол кўринади. Биринчиси – шеърларни
олимона-шоирона қалам билан таҳлил ва талқин этишда. Иккинчиси – олимлар,
шоирлар, ёзувчилар ижодий лабораториясини олимона ва журналистона ўрганишда. Учинчиси – ғоявий йўналишда, яъни, мустақилликдан олдинги ва кейинги
даврда яратилган асарлардаги Ватан, Миллат, Истиқлол, Туркистон мавзуларини
тадқиқ қилишда.
Биринчи йўналишдаги тадқиқотларга “Асқад Мухтор поэтикаси” асаридаги
қуйидаги парчалар мисол бўла олади: “Шоирнинг “Жимлик сурони”, “Тун ўй
сурар” сингари ўнлаб шеърлари туннинг табиатини идрок этишга йўналтирилган.
Бизнинг боғда оқшом пайтлари
Йиғиб олганида кун шуъласини,
Ўтлар орасида яшил чигиртка
Бошлайди тинимсиз ашуласини…
“Ҳаёт бор!..” – тун бўйи ўжар бир таъкид,
Катта сукунатнинг жонли бўлаги.

Боғ – муаззам ҳаёт. Ҳаёт ўзининг шомлари, тунлари ва тонглари ила нажиб.
Баҳрил муҳитнинг энг катта кўзи – офтоб бир зумгина пинакка кетаркан, нурнинг
ўрнини тун, ёруғлик ўрнини қоронғилик эгаллагандек бўлади.
Миттигина капалакнинг учиши учун ҳам бутун бошли осмон керак. Ҳайҳотдек
тунни увоқдек чигиртканинг бийрон овози кўтариб туради. У йиғи ёки нола,
изтироб ёки қўрқув товуши эмас… У – тириклик рамзи”. (1)
Олимимиз Асқад Мухтор шеърларини таҳлил ва тадқиқ этаркан, ўзи ҳам шоир
бўлиб кетади. Бунчалик чуқур фалсафа-ю ҳайқириқли ҳаяжонлар ифодаси, албатта,
ўқувчини ром этади.
Нўъмон Раҳимжонов тадқиқотларидаги яна бир ўзига хос жиҳат ғоявий
йўналишда, яъни, мустақилликдан олдинги ва кейинги даврда яратилган
асарлардаги Ватан, Миллат, Истиқлол, Туркистон мавзуларини тадқиқ қилишда
намоён бўлади. Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфининг 2013 йилда босилган
“Сакина” (тўпловчи, тузувчи, сўзбоши ва изоҳлар муалифи Нўъмон Раҳимжонов)
номли сайланмасида “Энг гўзал сир” деб аталган 45 бетли сўзбоши бор. У Рауф
Парфи билан ўтказилган суҳбатга, шоирдан эшитилган гапларга суянилгани
билан ажралиб туради. Маълумки, Рауф Парфига халқ шоири унвони берилганига
қарамай, бу нодир истеъдод эгаси унвонига лойиқ муносабат кўрмади. Нўъмон
Раҳимжонов шоир ҳаётлик йилларида у билан бир неча бор суҳбатлар ўтказган;
Лимонарий тарафдаги катта боғига чақириб, овозини магнитофонига ёзиб
олганига ўзим гувоҳман. Рауф Парфи биографиясини яратишда ўша суҳбатлардан
фойдаланилгани аниқ, бу тадқиқотнинг ишончлилигини орттиради, албатта. Олим
шоирга шундай баҳо беради: “ХХ аср ўзбек адабиётининг ёрқин намояндаларидан
Рауф Парфи – Сир шоири, унвони соҳир шеърият соҳибидир. Рауф Парфи
шеъриятининг асосий мавзуси – бу шахс эрки, Ватан мустақиллиги ва Туркистон,
Турк дунёсининг бирлигидир; ХХ аср турк одамининг абадий шуурини, кескин
фоже руҳиятини муқаддас туркий тилда ифодалашга жазм этган ва муродига
етган жасоратли шеъриятдир… Ўзбек шоирлари томонидан унга бағишланган
шеърларнинг ўзи бир китоб бўлади. Рауф Парфи ўзбек адабиётида мутлақо ўзига
хос мактаб яратган шоир. У ўзбекнинг юксак миллий руҳиятини ўз шеърияти
орқали таниш ва танитиш учун олис йўлга чиққан, ҳормай-толмай бораётган Йўл
Аҳлидандир.
Рауф Парфи эстетикасида Турон-Туркистон мавзуи алоҳида саҳифани ташкил
этади. “Турон-Туркистон мавзуи милоддан аввалги ёзма адабиётларда юз кўрсатиб
келади, – деб ёзади Рауф Парфи, – Миср, Бобил, Хитой, Ҳиндистон, Рум, Эрон,
Оврўпа, Америка сингари Турон-Туркистон, Турк дунёси жаҳон илму фани,
маданияти, адабиёти ва санъати хазинасига ўзининг муносиб меросини берди ва
беражакдир”.
“Сўзлар” шеърида ёзади: “Яна тун қўйнида бўшлиқнинг темир қўллари
кўксимни қисаркан, ёрдам беринг, ухлаб ётаверманг, дея ҳайқираман. Шундай
уйғотаман қадимий Сўзларни – Туркистонимни”.
Шоир “Юрак” шеърида “Мен фақат Туркистон аталган ёрқин, Бир бутун
юртимни истайман, холос”, дейди1.
АҚШ – қўшма штатлардан тузилган бир давлат, Россия федератив республикаси
ҳам шунга ўхшаш бирлашган республикалардан иборат бир тузум. Мен юқоридаги
фикрларни якунлаб шундай дейман: 1924 йилда мустамлакачилик сиёсатини
юритиш мақсадида парчаланган бир бутун Туркистон ерларидаги барча қардош,
1 Рауф Парфи. “Сакина”, шеърлар, сайланма – “Муҳаррир” нашриёти, Тошкент 2013, 5–35-36-б.
қўшни республикалар ўзаро келишиб, ТБР – Туркистон Бирлашган Республикаларини қура оладилар. Зотан, бу менинг бугунги ўйларим эмас, юз йиллик
бир жараён ҳақидаги дунё сиёсатчиларининг хулосаси, Фурқат, Дукчи Эшон,
Мунавварқори, Беҳбудий, Авлоний, Қодирий, Ҳамза, Фитрат, Чўлпонларнинг
инончидир – демак, ўқувчи шоир Рауф Парфининг юқоридаги сатрларидан
илҳомланиб, шундай улкан ижтимоий тушунчани топиши мумкин.
…Юқорида Нўъмон Раҳимжонов тадқиқотларидаги ўзига хос йўналишлардан
бири ижодкор лабораториясини, яратилган асарлар сирини очишда кўринади,
дедик. Бу фикримизга олимнинг “Бадиий асар биографияси”, “Қодирийшунослик
қирралари” китоблари мисол бўла олади. Муаллиф таъкидлашича, “Иззат Султон
эстетикасида давр, воқелик ва сиёсат масаласи етакчи мавқега эга. Бу борада
жамият ва миллат манфаатлари нуқтаи назаридан хоҳ тарихий, хоҳ замонавий
мавзу бўладими, воқеликка ёндошиш зарурати ва маънавий интеллектуал
эҳтиёжини устувор вазифа деб билади”. Ана шу масалани ўқувчига тушунтириш
учун муаллиф Иззат Султон билан ўтказган суҳбатидан парчалар келтиради. Иззат
Султоннинг айтишича, “Ўткан кунлар” романи 1921 йилда “Инқилоб” журналида
босилган. Ўша йилларда “жамиятимиз учун қайси масала муҳим эди? Россия
билан бирга бўлишимиз шартми ёки Россиядан ажрашимиз керакми? Маҳмудхўжа
Беҳбудий, Фитрат, Мунавварқори бошлиқ жадидчилик ва сиёсий ҳаракат, Закий
Валидий иштироки билан бўлган интилишлар Россиядан ажралиш ҳаракати эди.
Ижтимоий воқелик марказида ана шу масала турарди. У миллий мустақиллик
масаласи эди. Сиртдан қараганда, романнинг бу воқеаларга сира ҳам алоқаси
йўқдек туюлади…” деркан, Иззат Султон роман воқеасини таҳлил қилиб, ишқий
можаронинг охирида Отабек ўлкага босиб келаётган мустамлакачиларга қарши
урушда ҳалок бўлганини таъкидлайди ва ўта нодир фикрни айтади: аммо ана
шу охирги ҳолат романнинг кейинги даврлардаги нашрларидан олиб ташланган.
Аслида, бутун бошли роман ана шу “бир энлик хабар учун ёзилган”. Яъни,
ўқувчининг, омманинг севимли қаҳрамонига айланган Отабек босқинчиларга
қарши жангда ҳалок бўлади, демак, роман халқимизни босқинчиларга қарши
курашга чорлайди. “Қалбимизда Отабек қолади. Ватан учун қурбон бўлган
Отабек яшайди. У қанақа одам? Замонанинг энг яхши одами. Абдулла Қодирий
айтяптики, халқимизнинг энг яхши одамлари миллий мустақиллик йўлида ҳалок
бўляпти. Мана сизга намуна, деяпти… Бундан ортиқ сиёсат бўлиши мумкинми?
Буюк ёзувчининг маҳорати шунда. Шу сиёсатни, сиз билан бизга сезилмаган
ҳолда, қалбимизга олиб киради… Шу, сиёсатдан нари тур, деган гап адабиётга
зарар етказиши мумкин. Энди бизнинг мезонларимиз қанақа? Ҳар бир даврда
ва бугунги кунда ҳам адабиётимизнинг бош вазифаси – инсонни ҳимоя қилиш.
Агар сиёсат инсонга жабр қилаётган бўлса, адабиёт исён кўтариши керак. Сиёсат
инсонни азиз-мўътабар кўраётган бўлса, унга мадад бериш лозим. Лекин бу
нарсанинг ўз йўли бор. Абдулла Қодирий амалга оширгандек, бадиий йўл билан
адо этиш керак”2.
Ана академик, ана унинг шогирди профессор Нўъмон Раҳимжонов; бизнингча,
агар муаллиф шу суҳбатни уюштирмаса, Иззат Султон ижодий оламини ўрганмаса
ва юқоридаги гапларни ёзиб қолдирмаса, “Ўткан кунлар” романининг моҳиятини
ҳамма ҳам англаб етавермасди. Олимнинг юқорида тилга олинган китоблари
Ойбекнинг “Навоий”, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романларини теран
тушунишга, қадрлашга йўналтирувчи асарлар ўлароқ биз учун қадрлидир.
2 Нўъмон Раҳимжонов. “Қодирийшунослик қирралари”, эсселар – “Наврўз нашриёти, Тошкент
2015 й., 40–43.
Нўъмон Раҳимжонов ижодида кўзга ташланадиган яна бир хусусият илмий
жасоратдир. Муҳитдаги адабий ва сиёсий муаммоларни, нуқсонларни фақат ўзи
ҳам, сўзи ҳам ўткир қаламлар очиқ ёза олади. Муросасоз машҳурлар эса сохта
донглари ва мунофиқ онгларини, қарашларини ҳимоя қилиш учун ҳақиқатни
бўяб кўрсатишда давом этадилар. Нўъмон Раҳимжонов “Тафаккур жилолари”
рисоласида асосан ўтган асрнинг етмишинчи йилларидан кейинги адабий жараён
борасида фикр юритади; Миртемир, Асқад Мухтор, Шукрулло, Одил Ёқубов,
Пиримқул Қодиров, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Омон
Матжон, Ҳалима Худойбердиевалар ижодидаги долзарб нуқталарни очиб беради.
Муаллиф “Шеърият – шоир – жамият” бобида 70-йилларнинг иккинчи ярмида
адабиётимизга Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Тоҳир Қаҳҳор, Хуршид Даврон, Азим
Суюн, Хайриддин Султонов, Йўлдош Эшбек, Тоғай Мурод сингари янги авлод
вакиллари кириб келганини таъкидлаб, “улар тарихни, бугунги воқеликни, замон
муаммоларини кўриш, тушуниш, ўрганиш ва эстетик баҳолашдаги мутлақо ўзига
хослиги билан аввалги авлодлар нуқтаи назарларидан кескин фарқ қилади” дейди
ва бу қарашини исботловчи ҳолатларини баён этади. Адабий муҳитдаги ютуқлар
билан бир қаторда айрим нуқсонлар ҳам мавжудлигини тилга оларкан, жамиятни
турғунлик ботқоғига ботиришда, иқтисодий ва ижтимоий турғунликни қўллабқувватлашда хизмат қилган маънавий турғунликнинг бир кўриниши – маддоҳликни
ҳам ўққа тутади. Жумладан, “70-йиллар шеъриятимизда нафақат партия арбоблари,
балки маҳаллий партия ва совет раҳбар ходимларига бағишланган, маддоҳликдан
иборат дифирамбалар кучайиб кетди. Ҳатто таниқли шоир А.Ориповнинг
“Нажот қалъаси” (1980) тўпламидаги бир қатор шеърлар (“Нажот қалъаси”,
“Дўстларимга айтганларим”, “Зиё”) бугунги кунда ном-нишонсиз унутилган обком
секретарларига, вазирларга бағишланган. Бунинг боиси нимада? Турғунлик йиллари
аксарият шоирларимиз ҳаёт ҳақиқатларини, жамият нуқсонларини айтишдан кўра
замонасозликка берилиб кетдилар. Даврнинг ижтимоий иллатларини фош этиш
эмас, даврга мослашиш, ҳаётни бўяб кўрсатиш авж олди. Орденлар, мукофотлар,
турли хил унвонлар шоирларимизнинг кўзини қамаштириб қўйди. Яъни, шеъриятда
“ватанни сев”, “партияга садоқатли бўл” қабилида хитоблар, чақириқлар авж олди;
ватанпарварлик юзаки талқин қилинди; ғоявийликни тушуниш ва тушунтиришда
бир ёқламалик, чекланганлик кўзга ташланди”, дейди3.
Бу фикрлар ўттиз уч йил аввал айтилган, бироқ кечагина айтилгандай одамга
таъсир қилади.
Профессор Нўъмон Раҳимжонов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган
халқаро хотира илмий-назарий конференциясида кўпчилик у инсон ҳақидаги
ибратли хотираларини айтиб ўтишди. Айтишларича, олимимиз йигирмадан ортиқ
шогирд етиштирган (иккитаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис қонунчилик
палатаси депутати): Хуршид Дўстмуҳаммад, Марҳабо Қўчқорова, Дилрабо
Қувватова каби профессорлар, Қобил Кўбаев, Гулбаҳор Саидғаниева, Бекпошша
Раҳимова каби фан номзодлари шулар жумласидандир. Атоқли олимнинг аксар
шогирдлари кўп йиллардан бери Ўзбекистон Фанлар академиясида, олий таълим
муассасаларида самарали хизмат қилиб келмоқда.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil