Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Сўз хоқони

Дарбанд ҳокими Сайфиддин Арслон ижодкорнинг бошига тушган
мусибатлардан хабардор эди. У шоирга эл ичида Темир эшик, Дарбанд каби
номлар билан танилган бу шаҳарнинг Жума масжиди ҳовлисидан бир уй ҳадя
этди. Бунда Хоқоний ўзига кўплаб дўстлар орттирди. Шаҳарнинг маданий ҳаёти
билан танишди, эски шаҳар ва унинг атрофини кезиб чиқди. Бу жойларни Дада
Қўрқут дафн этилган муқаддас даргоҳ, дея зиёрат қилди.
Ўзининг қасидаларидан бирини Сайфиддин Арслонга бағишлаган Хоқоний
Дарбандда кўп қололмади. Бир йилдан кейин Ганжага кўчиб ўтди. Бу ерда
Хоқоний Ширвондан яхши биладиган дўсти ва маслакдоши Арон ва Ширвон
сўфийларининг бошлиғи машҳур файласуф имом Насириддин Бакувий билан
учрашди. У бир неча йиллар аввал Ширвоншоҳ томонидан бу ерга сургун
қилинган эди. Насириддин Бакувий Хоқонийни унинг келиши шарафига йиғилган
маслакдошларига:
– Абу Бадил Афзалиддин Иброҳим ибн Али Нажжор ибн Усмон ибн Иброҳим
Хоқоний Ҳасанул-Ажам Хоқоний Ширвоний бизга ташриф буюрди, – дея
таништирди.
Даврага йиғилганларга юзланаркан, Хоқоний шундай деди:
– Мен ҳам бир сургундаман аслида. Аввал Дарбандда бўлдим, ҳозир эса
Ганжада. Энди бас, исмимни Хоқоний деб чақиришларини истамайман, мен
фақирлар шоири, Халқонийман, Халқоний! Мен Шаброн зиндонидан озодликка
чиққан куним ўйланиб қолдим, Ширвон саройига қайтиб ғурбатга юз тутайми,
она юртим Шамохида қолайми, ё Аллоҳга сиғиниб, озод бўлайми?! Ва шу чоғ
қалбимдан бир садо келди: “Узоқда бўл, ул зулм ўчоғидан…”
– Бу ерда ҳеч қачон зерикмайсиз, – деди Насириддин Бакувий, – биз сўфийлар
дунё неъматлари билан банд бўлиб қолмаймиз, мен сизни истеъдодли ёш
маслакдошимиз Низомий Ганжавий деган шоир билан таништираман. Сизга у
билан учрашиб, дўстлашишингни маслаҳат бераман. Сўз санъатида у ҳам сиз каби
ўзига хос услуб яратган, юксак беқиёс маънолар ва самимий дилкаш ифодалар
соҳибидир.
Хоқоний Ширвоний Низомий Ганжавий билан танишгач, ораларидаги
ёшнинг фарқига қарамай, қисқа вақт ичида ўрталарида самимий дўстлик
муносабатлари пайдо бўлди. Улар Ганжанинг Харобот деган маҳалласида
ижодкорлар мажлисида учрашиб, танишган эдилар. Бу жойда етмиш ёшли кекса
Маҳсатий Ганжавийнинг2 созини, унинг рубоийларини завқ билан тингладилар.
Сўнгра назм мажлисдагилар устоз Хоқоний ғазалларини ҳам мусиқа жўрлигида
тинглаш истагида экангини бирдириб, ундан шеър ўқишни таклиф қилишди.
Хоқоний ўрнидан туриб, ғазалларидан бирини ўқиди:
Бу ишқнинг бора-бора дарди пурхатар бўлди,
Дармон истасам анга, ундан ҳам баттар бўлди.
Ишқ олови куйдирди жими жонимни воҳ-ким,
Бундан жумла-ю, жаҳон буткул бехабар бўлди.
Ҳасрат ичра васлини мен ғариб умид этсам,
Зулматда қолиб орзум, ҳар лаҳза қамар бўлди.
Сенсиз зебо ҳажр аро, азоб заҳрин ичардим,
Келсанг гар ёнимга агар, заҳар бол, шакар бўлди.
Сени кўргач ҳар дарду алам йўқ, ғам йўқдир,
Аҳволим тун эди, боқ, ҳам тонгу саҳар бўлди.
Хоқоний, шодлан энди, ки ул ёр раҳм айлагач,
Ғариб кўнглинг дегайсан, ҳаргиз бахтиёр бўлди.
Бир куни Низомий у билан ҳамсуҳбат бўларкан, шундай деди:
– “Туҳфат-ул-Ироқайн” номли саёҳатномангиздан маълумки, сиз шарқнинг
буюк шаҳарларига саёҳат қилгансиз. Мен эса, шу пайтгача туғилган жойим Ганжа
шаҳридан ҳеч қаёққа чиққан эмасман.
– Сенинг сўфиёна ҳаёт кечиришингдан Ганжадаги бутун олимлар бохабардирлар. Мен сенга, албатта, сафарга чиқишингни тавсия қиламан. Агар борди-ю,
менга яна Ҳаж зиёрати насиб айласа, албатта сени ҳам ўзим билан бирга олиб
кетаман.
Низомий миннатдорлик билдирди.
– Мен ўзим туғилган ушбу шаҳарни жуда ҳам севаман, бу жойдан айрилмоқ
мен учун жуда оғир кечса керак. Менга сизнинг шеърларингиз ёқади, уларнинг
кўпини ёддан биламан. Ва ўзини ажам турки, деб атаган сўз мулки хоқонининг
шеърларида менга энг манзур бўлган жиҳати, унинг ўзига, ўзлигига бўлган
муҳаббатидир. Мен ҳам туркийликка муҳаббат руҳида сўз марваридларидан
ажойиб буюк асарлар ёзишни хоҳлайман.
2 Маҳсатий Ганжавий (1098–1185 й.) – Озарбайжон мумтоз адабиётининг йирик вакилларидан
бири.
110 Шарқ юлдузи
“Офарин, юз бора офарин!” дея ўзининг самимий фикрларини билдирган бўлсада, қирқ ёшни қаршилаган тажрибали Хоқоний унинг зоҳидона содда турмуш
тарзига қаноатини кўриб ҳайрон бўлди.
– Ҳа, сен учта тилни мукаммал биласан, араб, форс ва туркий манбаларидан
яхшигина фойдалана оласан. Асосийси, бетакрор гўзал таъбинг бор. Сен, албатта,
Аллоҳ инояти бирла буюк олим, шоир бўласан…
Сўнгра Хоқоний у билан Дарбанд ҳокими Сайфиддин Музаффар ибн Муҳаммад
ҳақида суҳбат қурди.
1159 йилнинг ёзи эди. Ширвоншоҳ Манучеҳр Хоқонийнинг Ганжада эканидан
хабар топиб, унга мактуб йўллаган ва ўз мактуби орқали Хоқонийнинг Шамохига
қайтишини талаб қилган эди. Мактубда шундай сўзлар битилган эди: “Ширвонда
сиёсий вазият ўта оғир. Сенинг зудлик билан бу ерга етиб келишинг жуда муҳим”.
Шунингдек, Манучеҳр ушбу мактубда икки машҳур сарой шоирининг ўлими
ҳақида ҳам маълум қилган эди. Улардан бири Абул Аъло Ганжавий эди. Бундан
роппа-роса ўн йил аввал Абул-Аъло Ганжавий сарой ҳимоясидан маҳрум
этилганди. Ўшанда у эллик беш ёшда эди. “Бу адоғсиз бевафо умрим давомида
замондошларим орасидан бирорта ҳақиқат соҳиби бўлган садоқатли инсон топа
билмадим!”, дея қисматидан нолиган устозининг зиндонбанд этилганига Хоқоний
ўзини айбдор деб биларди. Фалакий Ширвонийнинг Шаброн қалъасидаги зиндонда
жуда аянчли ҳаёт кечиргани ва зиндондан озод этилганидан сўнг кўп ўтмай вафот
этгани ҳақидаги хабар ҳам уни буткул ларзага солди.
Манучеҳрдан кутилмаган бундай совуқ хабарни олганидан сўнг Хоқоний бир
муддат оғир хасталаниб қолди. Имом Насириддин Бакувий, Низомий Ганжавий каби
бошқа дўстлари унинг аҳволидан хавотирда эдилар. Дўстлари орасида ганжалик
Шамсиддин табиб иситма касалига чалиниб ётган Хоқонийга муолажалар қилиб,
тез орада хасталикдан халос бўлишига ёрдам берди. Шамсиддин табиб табобат
мадрасасида таълим олган Хоқонийнинг амакисининг шогирди эди.
Ганжада “Беморхона” номи билан аталгувчи касалхона эътиборга тушиб,
машҳур эди.
Имом Насириддин Бакувий Хоқонийдан сўради:
– Қандай фикрга келдинг? Ширвоншоҳ саройига қайтасанми?
– Менинг отам ўрнида оталик қилган амаким Мирзо Кофиуддиннинг вафотидан
кейин унинг азиз бўйини ўғли Воҳидиддин Усмоннинг мактубларидан туяр
эрдим. Мана, орадан анча вақт ўтди, ундан мактуб келмай қолди. Эшитишимча,
мен Шаброн қалъасига зиндонбанд этилганимдан кўп ўтмай, у Бардага сургун
қилинган экан. Шу туфайли саройга қайтишим керак, деган фикрга келдим, чунки
унинг турмуш ўртоғи, яъни, менинг синглим ва уларнинг фарзандлари усиз
қийналиб қолишмасин…
Хоқоний жойига қайтиб ўтираркан, ҳукмдорнинг хатига қайта назар солди.
– Ширвоншоҳлар хонадони бошқаруви касронийлар сулоласига ўтганидан бери
илм-фан ва маданият анча юксалди, – дея, Шайхулислом Насириддин Бакувий
сўзида давом этди. – Касронийлар ўзларини Сосоний подшоҳларининг авлодлари
деб билсалар-да, улар Ширвоншоҳлар давлатининг қудратига қудрат ҳам қўшган.
– Аммо менинг Шамохига қайтишимнинг яна бир сабаби бор, Ширвоншоҳнинг қизи малика Олчечак ҳам вафот этибди. Шунинг учун мен Буюк
Манучеҳрга ўз ҳамдардлигимни билдириш учун ҳам саройга боришим керак.
– Унда унга менинг ҳамдардлигимни ҳам етказиб қўй. Ўша гўзалликда тенги
йўқ, туркча чиройли исмли маликани мен яхши билардим.
…Соғайганидан сўнг орадан бир неча кун ўтиб Ганжадан Шамохига
қайтган Хоқоний йўл устида Бардага ташриф буюрди. У бу жойга сургундаги
амакиваччасининг ҳолидан хабар олгали келган эди. Бу хабар Ширвоншоҳ саройига
етар-етмас, Буюк Манучеҳр уларнинг ҳар иккаласини ҳам афв этишга фармон берди
ва уларга ўзининг саркардаси Амир Солиҳ Асадиддин бошчилигида саройнинг
мўътабар одамларидан қимматбаҳо совғалар, тўн ва от юборган эди. Амир Солиҳ
Асадиддин Ширвоншоҳ саройида Ширвоний тахаллуси билан машҳур бўлган
таниқли ҳарб бошлиқларидан бири эди. Унинг таклифи билан Хоқоний ва унинг
амакиваччаси Воҳидиддин Усмон Кур дарёси устидаги сув тўғонининг очилишида
иштирок этдилар.
Бу тўғон йигирма йилдан ортиқ сув тошқинлари остида қолиб кетганди.
Табиий офат Кур соҳилларидаги қишлоқларга катта зарар келтирган эди. Хоқоний
Ширвоншоҳнинг унинг барпо бўлишида қанчалар кўп ҳаракат қилганини яхши
биларди.
Амир Солиҳ Асадиддин йўл давомида Хоқонийга Буюк Манучеҳрнинг тўғон
очилиши маросимига келиши ҳақида айтди. Ўша куни тўғон очилгандан кейин
Хоқоний гузаргоҳда қурилган Манучеҳрнинг чодирига таклиф қилинди.
Хоқоний ҳукумдор Манучеҳр ҳузурида таъзим қилиб, амакиваччасининг афв
этилгани учун миннатдорлик билдирди. Сўнгра, Ширвоншоҳнинг қизи малика
Олчечакнинг вафотига ўз ҳамдардлигини изҳор этиб, унинг вафотига бағишланган
шеърини ўқиди.
Хоқоний эртаси куни Манучеҳр билан бирга Шамохига қайтди. Ҳукмдорнинг
саройдан бир неча кун узоқда эканлигидан фойдаланган мухолифат гуруҳи
ўтган бу вақт ичида давлат тўнтаришини содир этишга уринган эдилар. Улар
Ширвоншоҳ хизматида бўлган юзлаб амалдорларнинг уйларини вайрон қилиб,
ўзларини ўлдиришни мақсад қилиб қўйган эди. Мухолифатчиларнинг режаси
фош бўлгач, ушбу гуруҳ ўлдирмоққа ҳозирлик кўраётган ўнлаб энг машҳур
давлат ходимлари орасида шоир Хоқоний ва Ширвоннинг сиёсий ҳаётида буюк
нуфуз касб этган амир Асадиддин Хулбошининг ҳам бор эканлиги маълум бўлди.
Бундан хабар топган Манучеҳр зудлик билан керакли чораларни ишга солиб,
давлат тўнтарилиши хавфининг олдини олиб қолишга муваффақ бўлди. Шундан
сўнг кўплаб фитначи суиқасдчилар қатл қилинди, уларга шерик бўлганлар дарҳол
лавозимидан четлаштирилди ва аксарият қисми зиндонбанд этилиб, сургун
қилинди.
Афзалиддин Хоқоний саройдан ташқарида яшаган кунларини ҳаётидаги энг
ширин эртакка ўхшатар эди. Саройнинг золим амалдорлари косасидаги шаробни
мазлум халқнинг қонига, дастурхонлардаги кабобни эса, халқнинг жигар-бағрига
ўхшатарди. “Башанг либослар кийиб, лаззатли таомлар билан мақтаниб, уларга асир
бўлмоқ, иблис сифат одамлар қўлида қул бўлмоқдир. Ўзлигини, одамийлигини,
диёнатини йўқотмоқ демакдир. Ахир инсон нега ва қандай қилиб очкўзлик, нафс
зиндонига тушиб қолади?! Гар, иложини топсанг, бу ердан йироқ бўл. Бу қонхўр
оламнинг остонаси гулистон, ичи мозористондир” деган хаёллар билан шоир яна
саройдан узоқлашиш учун йўл ахтарарди.
Бир куни у ҳукмдорга ёзган номасида унинг ўғлидан шикоят айлади:
“Э, улуғ хоқон, улуғлик ҳамиша зийнатингиз бўлсин! Қалбимда шундай озорлар
борки, уни баён айлашга тилим ожиз. Асли ёмон кўздан асрасин ўғлингизни, мавқеи
янада баланд бўлсин унинг, аммо у ҳали ҳамон юрагида менга нисбатан гинакудурат сақлаб юрибди. Ахситон менинг обрўйимни тўкди. Ҳеч бир гуноҳим йўғу,
у мени гуноҳкор санайди, унда на карам бор, на ҳаё, на ор… Мен сизга йигирма
йил давомида қишин-ёзин хизмат қилиб келдим, менинг сизга ва саройга бўлган
садоқатим, хизматларимга ўзингиз баҳо беринг, ўғлингиз буни ҳеч қачон билмас!..”
Буюк Манучеҳр ўғлининг тарбиячиси билиб, бу сафар унга марҳамат кўрсатди.
Тез орада фармон чиқариб, уни Хояга элчи сифатида жўнатди.
Бироқ ҳижрий тақвимга кўра, 555 йилда Буюк Манучеҳрнинг тўсатдан вафот
этгани унинг Шамохига қайтишига сабаб бўлди. Хоқоний Шомаҳига қайтар экан,
саройда тожу тахт устида авжига чиқаётган хунук жангларнинг шоҳиди бўлди.
Мамлакатда қарийб олти ой давом этган кескин сиёсий буҳронлар ва
таҳликаларга сабаб бўлган ҳокимият устида бораётган курашлар тобора кучайиб
борарди. Манучеҳрнинг ўрнини эгаллаган шер юракли шаҳзода Фаридун
пистирмадан отилган ўқ орқали ўлдирилди. Буюк Манучеҳрнинг бошқа ўғиллари
ҳокимият учун кураш олиб бораркан, сарой аъёнлари бир неча гуруҳга бўлиниб
кетди. Ва ниҳоят Манучеҳрнинг тўнғич ўғли Жалолиддин Абул Музаффар
Ахситон ўшанда аллақачон “Буюк Отабеги” унвонига сазовор бўлган Шамсиддин
Элдегизнинг ёрдамида Ширвондаги ҳокимиятни ўз қўлига олиб, тахтни эгаллади.
Манучеҳр III ҳукмдорлиги даврида буюк ҳурмат қозонган ҳарб бошлиғи, ўз
даврининг энг қудратли ва сўзи ўткир баҳодирлардан бири бўлган амир Солиҳ
Асадиддин ҳам Ахситон I нинг ҳокимият бошига келиши учун ҳаммадан кўра
кўпроқ ҳаракат қилган.
Ахситон I ўзини Ширвоншоҳ деб эълон қилди. Аввал Отабеги Элдегизнинг,
сўнгра ўзининг номига Шамохи Жума масжидида хутба ўқиттирди. Зарбхонада
“Ал-малик ал-муаззам Ахситон ибн Манучеҳр” сўзлари ўйиб ёзилган пул зарб
эттирди. Сўнгра тожу тахтни эгаллашни истаган ака-укалари ва уларни қўллабқувватлаган сарой аъёнларини сўроқ қила бошлади. Манучеҳрнинг бева қолган
хотини – Ширвон маликаси, Довуд IV нинг қизи малика Тамаранинг қипчоқларга
таянган ҳолда курашиб ҳокимият даъво қилган кенжа ўғлини ва унга қўшилган
тўнғич ўғлини қатл қилишга қарор қилди.
Унинг бу қароридан сўнг Ширвон маликаси Тамара рўмолини Ахситонинг оёғи
остига ташлаб, ўғиллари учун ундан омонлик тилади. Кечаётган воқеаларнинг
гувоҳи бўлиб турган Хоқоний бундай вазиятда янги ҳукмдорни онасига нисбатан
раҳм-шафқатли бўлишга чақирди. Шундан сўнг Ахситон ўгай онасининг
фарзандлари билан биргаликда саройни тарк этиб, Гуржистонга қардошининг
ўғли – гуржи ҳукмдори Георгий III нинг ёнига кетишига изн берди.
Буткул оромини йўқотган, “Шоҳ тожига мафтун бўлган кас дарвеш эмас, асл
дарвеш фақир билан подшоҳни бир кўзда кўради…” каби сўфиёна хаёллар қалбига
тинчлик бермаётган Хоқоний яна саройдан узоқ-узоқларга кетмоқни ўйларди.
“Фалакни забт этмоқ учун осмонга нарвон тополмаган” шоир “бу жойдан бош
олиб узоқларга қочмоқни” истар эди.
Яқинда тахтга ўтирган ҳукмдор Ахситон I нафақат ҳукмдор, балки у ҳам ўзига
хос сўз устаси, санъат, ижод билимдони ҳам эди. Балки шу сабабдан Ахситон
Хоқонийдан аввалгилардан-да гўзалроқ, янада аълороқ мақтову мадҳиялар
кутарди. Хоқоний эса бу чоғда умрининг донишмандлик даврини яшаётган
эди, шеърият жавҳарида билимга эга бўлмаган шоирлар сафига қўшилиб,
мадҳиялар битишни истамасди. Аммо саройда яшаётган ҳар қандай шоирнинг
мадҳиячиликдан узоқлашиши мумкин эмас эди. Хоқоний саройдаги бадхоҳлар
эртами-кеч “давлатнинг ва диннинг жалоли” дея хитоб қилаётганлари Ахситон ибн
Манучеҳрнинг кўз ўнгида яна душманга айланажагини яхши биларди. У хаёлан
Хизр алайҳиссалом билан сўзлашарди ва гўё унинг тилидан ўзига ўзи шундай
сўзларни айтар эди:
– Энди боқ, замон айниб, кўр бўлди эй, воҳ!
Жамшид қул бўлибди, дев эса подишоҳ.
Бу ёвуз даргоҳдан узоқларга қоч,
Хоқоний, Ҳақ ҳузуридан паноҳ топ!
* * *
Ширвонга яна баҳор келди. Кенгликлару чаманзорлар чечаклар ва булбуллар
хонишига тўлиб кетди. Муаттар гулларнинг гўзаллигига томоша этмакдан на
кўнгил тўярди, на-да уни шеърга солгувчи кўзлар.
Бироқ табиатнинг еру осмонга олам-олам завқу шавқ улашадиган ушбу беқиёс
гўзал онлари Хоқонийнинг қалбига шодликдан кўра кўпроқ қайғу ғам келтирган
эди. Қалбига ором бермаётган саройни тарк этиб, узоқ сафарга чиқиб кетмоқ
савдоси унинг роҳатини буткул ўғирлаб олган эди. Сўнгги вақтлар у гўё тарки
дунёга чўмган эди. Кун бўйи кичкина ҳужрасида ўтириб олиб, нигоҳларини бошини
олиб кетмоқ истаётган узоқ-узоқларга тикарди. “Ё, Аллоҳ, қалбимдан кечаётган
барча дардларим ўзингга аён, ўзинг ҳар дардимга дармон айлагил…”
У баъзан чўмган фикрлардан бир нафас узилиб, ҳужра ўртасига қўйилган,
рангин сиёҳлар ила бўялган саккиз қиррали хонтахта юзасидаги битмай қолган
қўлёзмага тикиларди.
Унинг қалби яна озодликка интилиб, Макка зиёратига йўл олиш, Каъбани тавоф
этиш иштиёқида ёнарди. У хонтахта устидаги ярмида тўхтаб қолган мадҳияни
қўлга олиб, ёзишда давом этди. Мадҳия тайёр бўлгач, уни Ширвоншоҳнинг завжаси
Сафватаддин Сафват-Исломга юборишга қарор қилди. У Маккага бориши учун
Ширвоншоҳдан Шоҳбону орқали рухсат олишни режа қилган эди. Чунки бу вақтда
Хоқоний унинг ўғли Малик Фахриддиннинг, яъни, Ширвоншоҳ валиаҳдининг
тарбиячиси ва мураббийси эди.

“Бу йил муқаддас Маккага боришни ният қилдим, юрагим шу орзу йўлида
интизор. Шарқу Ғарбнинг муҳтарам аёли мен учун ижозат сўраб берадиган
кундаги хушхабарни эшитиш учун бутун вужудим қулоққа айланмиш…” Хоқоний
Шоҳбону Исматиддин Сафватиддин Сафват-Исломга ёзган хатини яна бир бора
кўздан кечираркан, қаламни қайта қўлга олиб, ёзганига тузатишлар киритди.
“Эй, Жамшид оиласин азиз бекаси аёл!
Оила шарафидир номинг қуёш, ой мисол!
Шоир шоҳ саройида таъзимда хизматингдан,
Сўнг яна меҳрим ортиб подишоҳ неъматидан.
Боғланганга ўхшайди насибам бу даргоҳдан,
Ёт элларга ижозат сўрайман подишоҳдан!
Орзум, қўллаб бу ишда кўрсатсангиз гар ёрдам,
Мен учун сиздан ўзга бўлмасди азиз одам.
Видолашув чоғида шеър ёзишни истадим,
Шеър эмас, мадҳингизда сўз оқиб тўлди дилим…
Орадан кўп ўтмай, Хоқоний ҳужрасининг эшиги тақиллади. Эшикни очар экан,
Ширвоншоҳ девонхонасининг ёш котибларидан бири келиб турганини кўрди. У
Хоқонийга бошдан-оёқ тикилиб, шундай деди:
– Абу Музаффар Малик ал-Муаззам I сизни ҳузурига чорламоқдалар.
Девонхона хизматчиси овозининг ғамгин оҳанги Хоқонийнинг қалбига бир
маҳзунлик каби ўрнашди. Бундан Маликанинг ҳукмдори унинг йўлга чиқишига
рухсат бермаганлиги сезилиб турарди.
Бошига олтин тож кийган Ширвоншоҳ Ахситон тахтда ўтирганча, қўлидаги
Хоқонийнинг малика Сафватуддин Сафват-Исломга ёзган мактубидан икки байтни
ўқиди:
Видолашув чоғида шеър ёзишни истадим,
Шеър эмас, мадҳингизда сўз оқиб тўлди дилим…
Шундан сўнг Ширвоншоҳнинг сўнгги қарори қатъий жаранглади:
– Мен сенинг Шомаҳида қолиб, давлат ишлари билан машғул бўлмоғингни
истайман.
Хоқонийнинг юрагини бир қурт тинмай кемираётган каби эди гўё. Ҳукмдорни
кўкларга кўтаришдан ортиқ воз кечган шоирнинг қалбидан: “дардимдан воқиф
бўлган дўстнинг зулми ҳаддан ошганда, мен ўзимга қилични меҳрибон дўст деб
танлаганман. Мен қушман, севги қафас, бу жойдан учсам агар, қўнмоқ учун бу
уяни танлаганман”, деган сўзлар кечди.
Бир куни Афзалиддин Хақоний Ахситонинг қарорига аҳамият бермасдан сафарга
тайёрланиб, йўлга тушди. Аммо бундан хабар топган ҳукмдорнинг одамлари уни
Бойлақондан қайтариб олиб келишди. Бу сафар Ширвоншоҳнинг ҳукмига кўра
Сўна АББОСАЛИ қизи
№ 7 2024 115
Сўз хоқони
озодликдан маҳрум этилиб, Шаброн қалъасидаги зиндонга ташланди. Ҳажга
бориш ишқи билан бу тарзда сафарга чиқиш, охири бир кун уни зиндонга бошлаб
боришини олдиндан сезган эди у.
Хоқоний зиндонбанд этилганидан бери орадан уч ой вақт ўтмай, Буюк
Манучеҳрнинг опаси соясида зиндон азобидан қутулди. Зиндондан чиққанидан
кейин яна саройнинг мўътабар аъёнлари ҳамроҳлигида ҳукмдорнинг ҳузурига
кирди. Улар орасида Ширвоншоҳнинг энг қудратли ва сўзи ўткир баҳодирларидан
бири бўлган Амир Солиҳ Асадиддин ҳам бор эди. Унинг кескир қиличи туфайли
Ахситон тожу тахтга эришганди. Ниҳоят, Хоқоний Маккага боришга ижозат олди.
Ўша куни Саройда Ширвоншоҳ бошчилигидаги сарой хонимининг кўзлари
Хоқонийга тикилди. Унинг зиндон азоби акс этиб турган қиёфасидан ғурур ва
ифтихор ёғилиб турарди. Афзалиддин Хоқоний Аллоҳнинг муҳаббати билан
Ахситоннинг қайсарлиги устидан ғолиб келган эди.
– Улуғ хоқонимиз Абулмузаффар, менга айлаган юксак илтифотингиз учун
катта раҳмат, – дея, қўлини кўксига қўйиб таъзим қилди у. – Орзуйим шулки,
қиличингизга доим самолар мадад берсин, доимо ғолибликнинг олдинги қаторида
бўлинг!
– Мен сенинг садоқатингга сира шубҳа қилишни истамасдим. Сафар йўлинг
равон, зиёратинг муборак бўлсин!
– Ўша муқаддас жойлар – Макка-ю Мукаррама, Мадинаи Мунавварада мен
Аллоҳга дуолар қиламан-ки, иншааллоҳ, Роббим ўз марҳаматини сизнинг
ҳузурингиздан ҳеч қачон дариғ тутмагай.
Озодлик завқи унинг қалб кўзгусидан гина-кудуратни буткул аритиб, тозартириб
юборган эди…
* * *
Ўша кечада чиққан янги ой, Хоқонийнинг назарида гўё уфққа осилиб турган
олтин болдоққа ўхшарди.
Эртаси куни, бомдод намозидан кейин саройдан чиққан Хоқонийнинг чексиз
қувончи кўксига сиғмасди. Икки-уч йилдан ортиқ кўнглига ўрнашиб олган ғамқайғу уясини шу кунги шодлигу қувонч буткул тарқатиб юборган эди. У осмонга
бўйланиб: “Аллоҳим, ўзингга беҳисоб ҳамду санолар бўлсин!” деди.
“– Биз ҳам Ҳақнинг ҳузурида сен билан бирга паноҳ топамиз!”
Бу овоз осмондан эмас, ердан келаётганди. Ҳа, бу жойда уни қуршаб олган
дўстлари ва унинг яқинлари шоирни иккинчи бор Ҳаж сафарига шундайгина
қўйиб юборишни хоҳламаган эдилар…
Хоқонийнинг қалби хавотирда эди. Ким билади дейсиз, балки шоирнинг кўнгли
олдинда уни кутиб турган ҳодисалардан огоҳ этмоқчидир. Кўнглидаги алланечук
хавотир сабаб у ўғли Рашид ва рафиқаси Фотимани Малҳамга, амакисининг ўғли
Воҳидиддин Усмоннинг ёнига юборди. Фотима ҳомиладор эди. Тез-тез касал
бўлаётганди.
– Бундай вазиятда узоқ сафарга чиқиб кетишим жуда оғир. Умид қиламан-ки,
мен Макка зиёратидан қайтиб келгунимча, фарзандимиз дунёга келган бўлади.
116 Шарқ юлдузи
Агар қиз фарзанд кўрсак унга онам Робиянинг исмини қўясан. Рашид сен билан
бирга қолади.
У қариндошлари, дўстлари ва хизматкорлари билан бирга йўлга чиққанига бир
неча кун бўлган. Мужриддин Бойлақоний ҳам улар билан бирга эди. Хуржунлар
тўла идиш-тавоқ, кийим-кечак, озиқ-овқат каби бошқа нарсалар юкланган туя
карвонига Хоқонийнинг ўғли Амир Абдулмажид билан бирга яна уч-тўрт отлиқ
ҳамроҳлик қилиб борарди. Зиёратчилар одатига кўра, улар ҳам карвонсаройлар бор
жойда тўхтаб дам олишар, кейин яна йўлларида давом этишарди…
Отлиқлардан иккиси – Хоқоний Ширвоний ва Мужриддин Бойлақонийлар
бирга йўл-йўлакай шеър, ижод борасида суҳбатлашиб боришар, бу билан улар гўё
йўлнинг “умри”ни қисқартирардилар. Йўлбўйи Хоқоний унга биринчи марта Ҳаж
сафари давомида учрашган олимлар ҳақида сўзлаб, Мужриддин Бойлақонийга
уларни таништириб борарди.
– Мужир, – дея йўл давомидаги кунларнинг бирида Хоқоний Мужриддин
Бойлақонийга мурожаат қилди, – мен Ганжада бўлган чоғимда Низомий Ганжавий
деган бир ёш шоирга, агар иншааллоҳ менга иккинчи бор Ҳажга бориш насиб
этса, сени ҳам ўзим билан бирга олиб бораман, деб ваъда берган эдим, аммо…
– Аммо сиз билан Ҳажга бирга бориш бу сафар менга насиб айлади, устоду
аъзам!
Хоқоний рубоийларининг бирида ўзини устозидан юқори тутиб, шундай
мақтанган эди:
Феруза ранг кўз, қошли зўр узугим бор,
Эгар ҳамда отиму рўзуғорим бор.
Шеъриятим ва насрим сунбулларидан
Хоқоний мингу битта бошоқлар тўплар.
Хоқоний ўшанда бу рубоийни тинглар экан, аввал юзига енгил табассум
югурганди, сўнгра устози Абул Аъло Ганжавийни эслаб, кўнгил осмонига
ўша йиллардан қолган ҳасрат булутлари ёйилганди. Фалакий Ширвонийни ва
Шомаҳидан гуржи подшосининг саройига эндигина келган ёш Изиддинни кўз
ўнгига келтириб, шундай деганди:
– Агар ким биландир дўстлашсангиз, унга жуда боғланиб қолманг, Мужир! У
билан қачондир йўлларингиз айро тушиши мумкинлигини сира эсдан чиқарманг.
Кейин эса, ушбу рубоийни пичирлаб ўқиганди:
Ёшлигим ғусса-ю, ғам аламда кечди,
Кунларим, биларсан не ғам-ла кечди.
Дўстларнинг ўлими қаддимни букди,
Умрим марсия-ю, мотамда кечди.
1176 йилда Хоқоний ҳамроҳлари билан Бағдодга етиб келди. Бу ерда Бағдоднинг
янги халифаси Ал-Мустадий уни ўзидан олдинги халифа Ал-Муқтафийдан ҳам
Сўна АББОСАЛИ қизи
№ 7 2024 117
Сўз хоқони
тантаналироқ кутиб олди. Халифа Ал-Мустадий Зумрад исмли турк қизи билан
никоҳланган эди.
Аббосийлар сулоласининг вакили ал-Мустадий сунний мазҳабидан эди.
Бағдоддаги уламолар жума намози пайтида уни улуғлар, номига хутбалар
ўқирдилар…
“Аббосийлар халифалиги сизнинг шарофатингиз билан шуҳрат қозонди, эй,
улуғ фазилат соҳиби”, дея Афзалиддин Хоқоний ҳам унинг шаънини улуғлаб,
таъриф келтирди. Итоаткорлик билан илтифот учун миннатдорлик билдирди.
– Аллоҳ бандаларини қўллаб-қувватлаганга зафарлар бахш этар!
Бир неча кундан кейин Хоқоний бошчилигидаги ҳожилар гуруҳи Бағдоддан
Маккага, сўнгра эса, Мадинага қараб йўлга тушдилар. Мадинага етиб боргач, у
жойда Муҳаммад пайғамбарнинг (с.а.в.) қабрини зиёрат қилдилар.
Қайтишда, Бағдод яқинидаги йўлда пистирма қўйган қароқчилар уларнинг
карвонига босқин уюштирди. Бу пайтда олис йўл юриб чарчаган туялар қиблага
қараб чўкиб, ўтирган ҳолда дам олаётган эди.
Хоқоний карвонга бостириб келган қароқчилар бошлиғига дуч келиб деди:
– Қайси қабиладан эканингизни билмайман, лекин муқаддас Каъбага қасамки,
биз минган туяларни тортиб олмангизлар, чунки биз бу ерга жуда узоқдан
келаяпмиз.
Қароқчилар бошлиғи отдан тушиб, Хоқонийга яқинлашди.
– Агар насроний динини қабул қилсангиз, шунда сизнинг туяларингизга
тегмаймиз.
Бу таклифни эшитган Хоқоний ўз насиҳатлари билан уни йўлга солмоқчи бўлган
эди, фойдаси бўлмади. Шу пайт унинг ўғли Амир Абдулмажид қилич чоғлаб,
ўғриларга қаршилик кўрсатмоқчи бўлди, лекин қароқчилардан бири унинг кўкрагига
ўқ отиб яралади. Оғир яраланган ўғил отасининг қўлида жон таслим қилди.
Қароқчилар ширвонлик ҳожилар миниб сафарга чиққан ўнта туяни олиб, қумли
саҳро узра кўздан ғойиб бўлдилар. Хоқоний ўғлини саҳродаги кўҳна бир ибодатхона
яқинида тупроққа қўйди. Шундан сўнг улар омон қолган одамлари билан бир
неча кун пиёда йўл босиб, амаллаб Бағдодга етиб келдилар. Хоқонийнинг кечган
шу кунлар ичида соч-соқоллари оқариб кетган эди. У бирдан қариб қолгандек
эди гўё. Бошига тушган вазиятни мактуб ила баён айлаб, Шомаҳига қайтаётган
зиёратчилар орқали Ширвоншоҳ саройига – Амир Солиҳ Асадиддинга йўллади. У
ёзган мактубида настурий3 мазҳабидан бўлган қароқчиларнинг йўлда тортиб олган
туялари ўрнига бир-иккита туя бериб юборишини сўраган эди…
* * *
Хоқоний Ширвоний Бағдодда турк-салжуқий ҳокимлари маблағи ҳисобидан
машҳур вазир Низомулмулкнинг шарафига қурилган “Низомия” мадрасасини
зиёрат қилди. У бу мадрасанинг бутун Шарқ оламида қудратли илм-фан маркази
сифатида шуҳрат қозонганини яхши биларди. Бағдодга биринчи ташрифи чоғида
машҳур Озарбайжон олими Хатиб Табризийнинг “Низомийя” мадрасасида
3 Настурий (несториан) – христиан динига мансуб мазҳаб.
118 Шарқ юлдузи
у очилган кундан бошлаб то умрининг охиригача – тахминан қирқ йил
давомида – дарс бергани, айни пайтда бу ердаги машҳур кутубхонани ҳам ташкил
қилгани ҳақида эшитган эди. Хоқоний Мужриддин Бойлақоний билан бирга
Бағдодда унинг қабрини зиёрат қилди.
– Айтишларига кўра, Хатиб Табризийнинг дафн маросимида бутун Бағдод аҳли
иштирок этган экан. Бир олимнинг жанозасида бутун бир шаҳар аҳлининг оёққа
тургани унинг саодатманд инсонлигидан дарак беради. Аллоҳ Абу Закариё Яҳё ибн
Алийнинг охиратини обод айласин! – деди, зиёрат чоғида.
Бир ҳафтага яқин вақт давомида Бағдодда қолиб кетган озодлик ҳожиси қўшни
давлат ҳамда вилоятларнинг кўплаб ҳукмдорларидан ўз саройларига таклифлар
олаётган эди. Аммо улар қошига шошилмасди. У озодлик ҳиссининг энг катта
неъмат экани ҳақида бир қарорга келиб бўлганди.
Шоир Бағдодда бўлган кунларида бу шаҳар ва бунда кўрган-кечирганлари
таъсирида кўплаб шеърлар ёзди. Жума кунлари масжидларга борди, намоз ўқиди,
дуолар қилди. Ўзини “На ғарибман, на фақирман, на ажам, сўзим ила Боғдодда
ҳоким манам”, дея лутф қилган Хоқонийга бу ерда уни яхши биладиган бағдодлик
олимлар “Араблардан бири” лақаби билан мурожаат этардилар.
* * *
Амир Солиҳ Хоқонийдан мактуб олган заҳотиёқ, зудлик билан Бағдодга ўнта
туя юборди. Шомаҳидан келган туя карвони Бағдоддаги карвонсаройда бир кун
дам олди. Ушбу карвонсаройдан Табризнинг об-ҳавоси сезилиб турарди. Бунда
табризлик зиёратчилар ўз ватанига қайтиш учун ҳозирлик кўрмоқда эдилар.
Хоқонийнинг кўнглида ҳам Табризга бориб, бир муддат у ерда қолмоқ истаги пайдо
бўлди. Эртаси куни улар ҳам табризлик зиёратчилар билан бирга йўлга чиқдилар.
Йўлда кетаётиб, у Ширвоншоҳ Ахситоннинг суюкли ўғли Фахриддиннинг
ўлими тўғрисидаги хабарни эшитди. Ёш шаҳзоданинг тарбиячиси бўлган Хоқоний
шаҳзоданинг бевақт ўлими ҳақидаги совуқ хабардан чуқур қайғуга чўмди ва
Ахситонга чопар орқали ўз ҳамдардлиги битилган нома юборди.
1177 йилнинг ёзида Хоқоний Диёрбакир ерларидан ўтиб бораркан, бир неча
кун бу жойда қолди. Онадўлининг марказий майдонларини кезиб чиқди. Кейин
Табризга келди. Бу пайтда Табриз Отабегилар давлатининг пойтахти бўлган эди.
Бора-бора Озарбайжон Отабегилари сулоласи ўрта ва яқин шарқда энг нуфузли
давлатга айланиб бораётган эди. Бу сулолада илм-фан юқори ўрин тутар, олимлар
ва шоирларга алоҳида эътибор, ҳурмат кўрсатилар эди. Улар Нахчиванда, Табризда
кўплаб мадрасалар барпо қилардилар. Ушбу мадрасаларга Шарқнинг машҳур
таниқли олимлари таклиф қилиниб, уларга қиммматбаҳо ҳадялар бериларди.
Қизил Арслоннинг марказий қароргоҳи Табризда жойлашганидан кейин эса, ушбу
шаҳарда ободонлаштириш ва қурилиш ишлари янада равнақ топди.
Улар Табризда бозор яқиндаги гумбазлари кўзни қамаштирувчи карвонсаройга
келиб тўхтадилар. Бу жойга Шомаҳидан ҳам савдогарлар келиб-кетардилар. Бу ерга
келган савдогарларни чақириш учун бозорнинг ҳар бир бурчагида ҳаммолларнинг
Сўна АББОСАЛИ қизи
№ 7 2024 119
Сўз хоқони
кўзлари йўл пойларди. Уларнинг баъзилари юкларни елкаларига қўйиб, бошқалари
эса қўлда ёки ёғоч аравалар билан таширдилар. Қўшни мамлакатлардан келган
савдогарлар Табризнинг қушлару ва бошқа турли ҳайвонлар тасвири туширилган
ипак ҳамда пахта матоларини, жун ва гиламларини карвонлар орқали ўз юртларига
олиб кетишарди.
Шомаҳида яшаётган оиласи ҳақида сўраб билиш ниятида бўлган Хоқонийнинг
кўзлари савдогарлар орасидан таниш-билишларни қидирарди. Мужриддин
Бойлақоний ҳам кўпинча карвонсарой ва бозор расталарини у билан бирга кезиб
айланарди. Бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида Хоқоний Табризнинг айланма
кўчалари, равводийлар сулоласи даврида қурилган обод маҳаллаларини томоша
қилиб чиқди. У кейинчалик умрининг қолган йигирма тўрт йили худди шу шаҳарда
ўтишини, бу жойда яшаб, ўқитувчилик қилишини, шаҳардаги бой кутубхоналарда
сақланаётган қадимий қўлёзмалар билан танишишини ҳали билмасди…
Орадан бир неча кун ўтди. Хоқонийнинг қалбини аллақандай хавотир банд
айлади. У ўзини овутиб, тинчлантиришга ҳаракат қилар, ўзига сабр тиларди.
Бир куни эса ҳатто душманига ҳам раво кўрмайдиган ёмон хабар уни бу шаҳарга
топиб келди.
– Афзалиддин Хоқоний! – дея, Табриз бозори атрофида бир чол ҳайрат ичра
унга яқинлашди. Кўринишидан, чол Ширвондан келган савдогарга ўхшарди. У
қўлини кўксига қўйганча, таъзим қилди.
– Демак, менинг тақдиримда бугун айни шу жой, ушбу шаҳарда Афзалиддин
Иброҳим Али Нажжор ўғли Хоқоний номи ила машҳур шоир билан учрашиш ҳам
бор экан-да…
Афзалиддин Хоқоний ҳамда Мужриддин Бойлақонийнинг қизиқиш ва савол
тўла нигоҳлари унга қадалди.
– Мени танимадингизми? Менинг исмим Абдуллоҳ, яъни, Аллоҳнинг қулиман.
Малҳамда илгари дурадгорлик билан шуғилланардим. Ҳозирда эса, Шомаҳи билан
бу жой орасида савдогарлик қиляпман…
Хоқоний сабр ила унинг сўзини якунлашини кутиб турарди. “Шомаҳидан келган
бу савдогар бир пайтлар Малҳамда дурадгор бўлган бўлса, отамни ҳамда мени
танийди. Шундай экан, у оиламни ва амакиваччам Воҳидиддинни ҳам танийди”,
деган илинж бор эди шоирда. Лекин бу ҳақида савол беришга эҳтиёж қолмади.
Савдогар суҳбатини давом эттираркан, унинг оиласи ҳақида ўзи сўз очди.
– Ҳар доим узоқ сафарга жўнаб кетишимдан аввал амакингиз Умар ибн Усмон
Кофиуддин – Қуёш бобомнинг қабрини зиёрат қиламан. Шунда харидларим
муваффақиятли бўлади. Мен сўнгги бор зиёратга борган чоғимда у жойга
амакингизнинг ўғли Воҳидиддин Усмон ҳамда кичик ўғлингиз Рашиднинг ҳам
дафн этилгани ҳақида эшитдим. Шундан сўнг бироз вақт ўтиб, завжангиз Фотима
ҳам фарзандини дунёга келтираётган чоғида ҳаётдан кўз юмиб, Ҳақнинг даргоҳига
қўшилгани ҳақида хабар топдим…
Чолдан бу каби совуқ хабарларни тинглаётган Хоқоний бошини ушлаб қолди.
Бор иродасини йиғиб, ундан яна бир нарса ҳақида сўрамоқчи бўлди-ю, тили
бормади. Аммо дунё кўрган савдогар унинг кўнглини ўқиётгандек эди:
120 Шарқ юлдузи
– Афсуски, онангиз Робиянинг исми билан аталган қизингиз ҳам…
Хоқонийнинг елкасига, Ардабилдан ўтаётган чоғида ўзи таъриф этган оқ
саллали Савалан тоғининг оғирлиги чўккандек бўлди. Бунча қайғули хабарларни
эшитган шоир ўз ихтиёрини йўқотиб, ўтириб қолди:
– Воҳ, Аллоҳ! Бу қадар оғир балоларни нечун менга раво кўрдинг?! Энди қандай
қиламан, эй воҳ! Ахир, Воҳидни қанчалар соғинган эдим, соғинч азобида эзилиб
келаётгандим. Унинг дийдорига талпинганим бекор бўлди, дийдордан олдинроқ
“ўлди” деган хабар етди…
– Гўзал сабр берсин, бошингиз омон бўлсин, устоз! – дея Мужриддин
Бойлақоний Хоқонийнинг қўлтиғидан тутиб, жойидан турғизди. Хоқонийга бу
совуқ хабарни етказган кекса савдогар, унинг қайғули аҳволини кўриб “Аллоҳ
уларнинг барчасини ўз раҳматига олсин!” деди ва бир зумда ғойиб бўлди…
* * *
Кекса савдогар шаҳарни тарк этмаган эди. У пешин чоғида Хоқоний яшаётган
Сурхоб маҳалласида ташкил этилган эҳсон маросимига Табриз бозорида ўзи
яхши таниган бир қанча савдогарлар билан бирга келди. Эҳсон дастурхонига
келганлар учун чой, хурмо, ширинликлар тарқатилди. Маҳалла масжиди имоми
Шайх Нифтуллоҳ Муғоний марҳумлар руҳига Қуръон тиловат қилди, ёсин ўқиди.
Ўша куни бу жойга Афзалиддин Хоқонийга ҳамдардлик билдириш учун келганлар
орасида Табриз саройида, Отабеги Қизил Арслон хизматида юксак лавозимни
эгаллаган Сайфиддин Бойтемир ҳам бор эди. Бойтемир ўзининг ақл-заковати ва
садоқати билан ҳукмдорнинг ишончини қозонган мамлук4 эди. Айтишларига кўра,
унинг бой кутубхонаси бўлган ва у олимлар ва шоир аҳлига ҳар томонлама
ҳомийлик қилган…
Ўша куни бутун борлиғини ғам-қайғу эгаллаб олган Афзалиддин Хоқонийнинг
устига золим фалак тўрт томондан шафқатсиз ҳужум қилгандек эди. У
амакиваччаси, умр йўлдоши, ўғилчаси, онасининг исми қўйилган, ҳали юзини-да
кўриб улгурмаган қизалоғи Робиядан ҳам бир варакайига айрилган эди. Хоқоний
на-да йиғлаб билди – бу каби чексиз қайғу йиғиси учун куч топа олармиди? Ўтирган
жойида ўйга ботганча, тирик ҳайкал каби қотиб қолганди у.
Сўнгра гўё кўзёшлари ичига оқаётган бу тирик ҳайкал тилга кирди. Кўзёшлари
соқоли узра сизаётган Хоқоний энди йигирма ёшга кирган марҳум ўғли Рашид
ҳақида қуйидаги шеърни битганди:
Фурқатингда жон болам, бундан баттар ёнсин отанг,
Сўнди шаминг, кўр бўлиб ғуссангдан ўт олсин отанг.
Бургутим, ташна соғинч ила учдинг, қон йиғладим,
Бир пас шошма ортингдан, қанотларин қоқсин отанг.
4 Мамлук (арабчадан – қул) – ўрта асрлар ислом дунёсида ёш қуллар орасидан ёлланган жангчи.
Сўна АББОСАЛИ қизи
№ 7 2024 121
Сўз хоқони
Юрак бағри қон онанг бўлди ул ғамингдан нолон,
Волиданг қалби каби куйсин, оловлансин отанг.
Отангнинг жони эдинг, жисмимни тарк этдинг ўғлим!
Мендек боши тошни ҳам зор қақшатиб кетдинг ўғлим!
Унинг ҳар бир нафаси, айтар сўзлари ҳам мотам либосида эди. Ўғлининг
ўлимига бағишлаган марсия маракага келганларнинг барчасининг юрак-бағрини
ўртаб юборди.
Хоқоний Ширвоний қайғусига Бағдоддаги, Табриз ва Ширвондаги барча
дўстлари шерик бўлдилар, унга ҳамдардлик билдириб, Аллоҳдан сабру жамил
тиладилар.
Орадан кўп ўтмай, Ширвоншоҳ Ахситон Хоқонийга ҳамдардлик билдириш ва
унинг Шомаҳига қайтишини сўраш мақсадида ўз элчиларини юборди. Шомаҳидаги
бор яқинларидан айрилган шоир эса элчиларга у жойга ортиқ қайтиб боришни
истамаслигини маълум қилди. Гарчи у Ширвонни жуда яхши кўрган бўлса-да,
кўнглида бу юртга хизмат қилишни ўзининг маънавий бурчи деб билса-да, у юртга
қайтиб боришини тасавввур қилолмасди.
Хоқоний билан қадрдонга айланган Сайфиддин Бойтемир бир куни унга
қуйидагича илтимос қилди:
– Хоқоний, мен сенинг Ширвоншоҳ саройида бошингга тушган оғир кунлар,
ҳатто икки марта зиндонга тушганингни ҳам яхши биламан. Лекин Аммо Қизил
Арслон саройида сенинг назм ва мусиқа мажлисларинг қизиқарли ўтади,
зерикмайсан! Отабеги сени саройга қайтариш учун мени вакил қилиб юборди,
саройга қайт…
– Жавобим дўстлигимизга путур етказишини хоҳламайман, – деди Ҳоқоний,
тингла, шу кунларда юрагимдан шундай садо келмоқда:
Эй, Хоқоний, сен шоҳларнинг хизматидан узоқ бўл,
Ки, ёқангни қутқарурсан сиёсат тамғасидан.
Шароб тўла қадаҳ каби кезма шоҳлар қўлида,
Бағринг қон денгизи бўлар, кир сувдек чайқаларсан.
Яқинлашиб, узоқлашсанг, қуёш санаб, уларни бил,
Ой каби тўлсанг-да гар, ингичкариб йўқ бўларсан…
Сайфиддин Бойтемир таклифни рад этгани учун Хоқонийдан ранжимади. Чунки
у Хоқонийни бошқа подшоҳлар ҳам ўз саройларига таклиф қилишгани, шоир
дўстининг ўша таклиф, даъватларини ҳам турли баҳоналар билан рад этганини
яхши билар эди…
Буюк Манучеҳрнинг синглиси 1177 йилнинг кузида Маккага кетаётиб, уч ой
Табризда қолди. У ҳам Хоқоний билан учрашиб, шоирга Шомаҳийга қайтишини
маслаҳат берди ва Ширвоншоҳ юборган ҳадяларни топширди.
122 Шарқ юлдузи
– Ахситонинг ўғил-вориси бўлганлиги билан табриклаганингиз учун у сизга бу
совғаларни бериб юборди, – деди у.
– Ширвоншоҳ номи бу дунёда абадий яшасин, доим бор бўлсин, – эҳтиром
кўрсатди Ҳоқоний.
– Сиз унинг Шомаҳига қайтиш таклифини қабул қилдингизми?..
Хоқоний Макка зиёратига чиққан Шоҳбону Хотунни Буюк Манучеҳрнинг
синглиси бўлганидан ташқари, Шомаҳидаги Гулистон қалъаси обод бўлишида
ҳисса қўшгани учун ҳам ҳурмат қиларди. Гулистон қалъаси узоқ вақт давомида
Ширвоншоҳлар сулоласининг ёзги қароргоҳи сифатида танилган эди. Хоқоний бу
қалъани васф этаркан, уни Каъба этагида жойлашган тоғларга ўхшатганди, яъни,
“Каъба муқаддас тоғ этагида жойлашгани каби, Шомаҳи ҳам Гулистон этагида
жойлашгандир”, дея юксак таъриф берган эди. Қолаверса, у Шоҳбону Хотуннинг
ёрдами билан Шаброн зиндонидан озод этилганини ҳам сира унутмасди. Шунинг
учун ҳам, айни дамда ўт билан сув орасида қолган каби эди.
Ниҳоят, у Шоҳбону Хотунга хитоб айлади:
– Эй, Ширвон мулкининг бебаҳо жавоҳири! Сизнинг шоҳона тавсиянгиз ва
саволингизда Биби Марямнинг ҳукми бордир. Гарчи мен хизматида камдан-кам
бўлсам-да, Ширвонни ўзимга қиблагоҳ деб биламан. Ишонинг, Шомаҳисиз чеҳрам
ёришмас, кўзларимдан ёш аримас… Юрагимнинг тўрида тоғ каби оғир интизорлик
бор. Баъзан кечалари ватан соғинчи билан кўзёш тўкаман. Ҳар бир айтар сўзим
аввалида “Оҳ, Ватаним!” дейман… Бироқ менинг Табриздаги ишларимнинг ҳам
Ширвоншоҳ саройига оз бўлса-да фойдаси тегади, деб ўйлайман! Ҳар саҳар қўл
очиб, Ҳаққа юзланиб, Ширвоншоҳ ва сизнинг ҳаққингизга дуо қиламан. Аллоҳ
таоло зиёратингиз давомида ўзи ёр бўлсин, ўзи қўлласин…
Шоҳбону Хотун Табризда бир муддат қолиб, Шомаҳига ўзи қайтиб кетди.
Кунлардан бир куни гуржи подшоси Георгий III ҳам худди шундай илтимос
билан Хоқонийга мурожаат этди. Бироқ озодликка эришган зиёратчи яна жойидан
жилмади…
Шоҳбону Хотун Шомаҳига қайтганидан сўнг, Хоқоний билан Ширвоншоҳ
ўртасида илиқ муносабатлар пайдо бўлди. У Табризда туриб Ахситонинг
буйруқларини бажара бошлади. Ширвоншоҳ у билан хат ёзишар, шоир ўзининг
жавоб хатларига янги шеърларидан қўшиб юборарди. Хоқоний Табриздаги ўз
уйини Ширвоншоҳлар сулоласининг элчихонасига айлантирганини Ширвоншоҳ
ва унинг сарой аъёнларининг кўпчилиги яхши биларди. Ширвондан Табризга
келган расмий ва норасмий меҳмонлар унинг уйида қабул қилинарди. Хоқоний
Ширвоншоҳга ёзган мактубларининг бирида Табриздаги меҳмонлар учун ҳар
йили уч-тўрт минг динор сарфлашини маълум қилган эди. Ахситон бу хатни олиши
билан, сарой бош хазинабонига Хоқонийнинг Табриздаги барча харажатларини
ширвоншоҳлар саройининг ғазнасидан қоплаш ҳақида топшириқ берди.
* * *
Афзалиддин Хоқоний ўша даврда шоир дўстларининг кўзидан йироқ бўлса-да,
қалбларидан йироқда эмасди. Табризда яшаётган пайтида унда кўплаб тасаввуфга
Сўна АББОСАЛИ қизи
№ 7 2024 123
Сўз хоқони
молик олимлар билан танишиш имкони пайдо бўлган эди. Мужриддин Бойлақоний,
Сайфиддин Бойтемир, Хазар Мунис каби инсонлар билан у тез-тез учрашиб
турарди.
Хоқонийнинг художўй дўстлари ҳамда маҳалланинг имоми Шайх Нифтуллоҳ
Муғоний унинг ёлғизликда кечаётган ҳаётидан хавотирда эдилар. Бир куни
Мужриддин Бойлақоний у билан суҳбат орасида бу ҳақда шундай деди:
– Устоди аъзам, Табриз уламоларидан эшитишимга қараганда, эркак кишининг
бу ёшда ёлғиз қолиши шариатга кўра номаъқбул саналади.
Хоқонийнинг кўзлари унга боқиб турган бўлса-да, хаёли Ширвон томон қанот
қоқди. Гулчечаклар очилган баҳор кунларининг бирида ширвоншоҳлар саройига
боргани, устози Абул Аъло Ганжавийнинг уни Ширвоншоҳга таништиргани,
устозининг қизи Ойбека билан никоҳлангани ва уларнинг никоҳи бузилган кунлар
бирма-бир кўз ўнгидан ўта бошлади…
– Қалбимда ҳар сафар Хуросонга бориш истаги пайдо бўлганида у ерда бошимга
тушган воқеалар, оғир касал бўлиб қолганим ёдимга тушади. Қара, бу аччиқ
хотира менинг Хуросонга бўлган муҳаббатим қаршисида ҳали ҳануз мустаҳкам
Хитой девори каби кетмай турибди. Энди, Мужир, сенинг айтаётган сўзларингни
ўйлаб қарасам, сен менга учинчи бор уйланишим ҳақида гапираяпсан-да?..
Мужир жавоб ўрнига бир рубоий ўқиди:
– Куйида минг ғам аро тўзмоғимга фармон бор,
Йиғлаётган кўзларимда ҳар кечалар тўфон бор.
Қалбим яшаб бўлди ғам қайғусини демангиз,
Сабр айламоқ даркордир, токи танамда жон бор.
Хоқоний суҳбатдоши ўқиган рубоийдаги “Ғам аро тўзмоғимга фармон бор” дея,
янграган ифодани ёқтириб, ўзи ҳам рубоий билан жавоб қайтарди:
– Хоқоний буғдойни беҳиштга бензар,
Ошиқлар Одамдек давронда кезар.
Буғдойга тегмаганди Хоқоний қўли,
Воҳ, жаннатдан қувдилар уни бехабар.
* * *
Орадан бир қанча ойлар, йиллар ўтди. Бу пайтга келиб Хоқонийнинг ёши
етмишдан ошиб қолган эди. Кексалик чоғида у сўфий шайхлар каби ҳаёт кечирарди.
Мужриддин Бойлақоний бир куни яна у ер-бу ердан сўз очиб, устозининг ёлғиз
қолганига ишора қилди:
– Эзилдим ёлғизликдан, кимсасизликдан,
Қоронғу пардалар чекилсин кўкдан…
124 Шарқ юлдузи
– “Эзилдим ёлғизликдан, кимсасизликдан”, Хоқоний унинг сўзларини қайта
такрорлади.
– Эҳ, Мужир, агар толе инсондан юз ўгирса, ундан унинг ўз сояси
ҳам нари қочаркан…
Мужриддин чуқур хўрсинди.
– Бу тақдирни ўзингиз танладингиз устози аъзам, бу чоққача ҳали ҳам шоҳлар
саройларидан келаётган таклифларни қабул қилмаяпсиз.
Хоқоний кулимсираб қўйди. Унинг ҳолатидан Мужриддин Бойлақоний
устозининг ҳазил, кулгига сабаб бўлгувчи бир гап айтишини яхши биларди.
Хоқоний соч-соқоллари тўкилиб бораётган дўстига боқиб, ниҳоят деди:
– Эшакка айтдилар: “Қани, тўйга кел”,
Эшак “қаҳ-қаҳ” уриб кулди бағоят.
Деди: “Сиз хоҳлаган раққос эмасман,
На-да бир чолғучи, топмадим шуҳрат.
Мени ҳаммолликка чақиринг тўйга,
Сув, ўтин ташимоқ керакдир, албат”.
– Устоз, сиз ота-боболар масалини жуда яхши назмга солибсиз.
– Бу бизнинг боболаримиз томонидан ўз она тилимизда яралган бир масалдир…
– Айтганча, мен сизга анчадан бери айтмоқчи эдим. Эшитишимга кўра, ганжалик
Абу Муҳаммад Илёс ибн Юсуф ҳам Отабегилар саройига келиш таклифини қатъий
рад этибди. Аммо баъзи сабабларга кўра Отабеги ҳукмдор Қизил Арслоннинг унга
бўлган ҳурматига заррача путур етмабди. Айтишларига қараганда, Отабеги унга
ҳатто Капазнинг этагидаги бир қишлоқни ҳам бағишлаган экан…
– Шеърият мулкини тартибга солган ганжалик Низомий!.. – дея, Хоқоний
бир зум ўйланиб қолди. Ганжада Низомий Ганжавий билан танишгани, у билан
бирга Вайронада мусиқа садолари остида шеър ўқиган кунларини эслади. Сўнг,
Мужриддинга юзланди.
– Сен унинг Отабеги Шамсиддин Муҳаммад Жаҳон Паҳлавон Элдагизга
бағишланган “Хусров ва Ширин” маснавийсини ўқимаганмидинг? Бу маснавийда
Жаҳон Паҳлавондан ташқари, Султон Тоғрул ибн-Арслон Салжуқий II ва Қизил
Арслоннинг ҳам номи тилга олинади.
– Ўқиганман устоз, Қизил Арслон Низомийни кўриш учун Ганжага келганини
ҳам биламан…
– Бу Отабеги наслидан бўлган ҳукмдорнинг аслзодаларга мансублигидан
далолат беради. Яна бир нарсани билиб олингки, Низомийнинг “Хусрав ва Ширин”
маснавийси бизнинг назмсевар Ширвоншоҳнинг ҳам олқишига сазовор бўлган.
Ахситон ибн Манучеҳр яқинда ўз қўли билан Низомийга эҳтиромга йўғрилган
мактуб ёзиб, ундан “Лайли ва Мажнун” достонини назмга солишини сўраган…
– “Хусрав ва Ширин” каби муҳаббат достонини назмга солган шоирнинг,
албатта, арабларнинг асрлар давомида оғиздан-оғизга ўтиб юрган бу ишқ достонига
форсчада ўзига хос янгича нафас бахш этишга қодирдир…
Сўна АББОСАЛИ қизи
№ 7 2024 125
Сўз хоқони
– Низомийнинг форсчаси ажиб равондир. У ҳатто шу қадар содда равон
англашилганки, унинг ёзганлари шоҳга ҳам, оддий фуқарога ҳам бирдай тушунарли
бўларди…
Сўнгра у янги муҳрланган бир мактубини Мужриддинга узатди.
– Шу кунларда унга атаб кичик бир қитъа ёзгандим, уни бу мактубим билан
бирга Ганжага жўнатарсан.
Мужриддин хатни олиб, савол назари билан унга қаради.
– Мактубда нима ёзганим ҳақида билмоқ истайсанми, унда тингла, – деди
Хоқоний:
– Бебаҳо гавҳар эдинг, ғаввос каби қидириб,
Топдинг таъб дарёсидан, ажаб бебаҳо гавҳар…
Хоқоний сирли боғлаб қолдирган хазинанинг,
Тилсимин очмоқ фақат сенга бўлди муяссар…
Мужриддин Бойлақоний бир муддат сукутга чўмди.
– Биласанми, Мужрий, – деб сукутни Хоқоний бузди, – бир пайтлар Ширвоншоҳ
Ахситон мен билан Лайли ва Мажнуннинг қадимдан тилларда ёд бўлиб кетган
ишқий муносабатлари ҳақида суҳбатлашган эди. Мен ҳам унга бу икки арабнинг
бир-бирига бўлган муҳаббати тўғрисида куйловчи кичик ҳажмли бир қўлёзмамни
берган эдим. Шоҳ “Хусрав ва Ширин” қиссасини ўқиб бўлгач, бу араб афсонаси
Низомий Ганжавийнинг қалами билан форс тилида жуда яхши сайқаллаганига
амин бўлганга ўхшайди. Тўғрида, олтин қийматини заргар, сўз қийматини сўз
қадрига етган билар…
* * *
Мужриддиндан бир муддат дарак бўлмади. Бу ҳолдан хавотирга тушган
Хоқоний, “Ҳеч қачон кўзларимни бунчалар йўл қаратмаганди”, деган гина билан
ўрнидан турди. Ҳассасини қўлга олиб, оғир қадамлар ила сарой томонга қараб
йўл олди. Сарой дарвозасининг ёнига етганида дўсти Сайфиддин Бойтемир билан
учрашиб қолди. Сайфиддин шоир дўстининг нега бу жойга келганини тушунди.
– Мужриддин анчадан бери хасталаниб тўшакда ётибди. Аммо ўзининг бу
аҳволини сиздан сир сақлашимни илтимос қилганди, шу сабаб сизга айтмаган
эдим, – деди у.
Хоқоний хасталаниб ётган дўстининг ҳолидан хабар олишга шошилди.
Анчадан бери оғир ётган Мужриддин, устозининг ўзини йўқлаб келганидан
дардларини бир зумга унутгандек бўлди, юзида табассум пайдо бўлди.
– Мен абжад ҳисоби ила ҳисоблаб қарасам, Аллоҳ Пайғамбар (с.а.в.) сарвари
оламга берган умрдан бир йил ортиқ яшаб қўйибман. Устод, қани айтинг-чи, мен
каби бир банданинг Пайғамбардан (с.а.в.) узоқ умр кўришининг маъноси не экан?
– Ўша “абжад” менга устоз каби таълим бериб, сарғайган чеҳрамга ёзди қизил
хат-ла кўзларим қонин. Мен инсон умрини муз устига қурилган бир бино каби, деб
тасаввур қилардим… Демак, мамлакатлар ва маҳаллалар ҳам худди шу каби экан…
Мужриддин шеърий оҳангга уйқаш жавобдан касал ҳолида ҳам хаяжон туйди:
126 Шарқ юлдузи
– Бирор нарса бўлдими?
Хоқонийнинг томоғи бўғилди:
– Шомаҳида кучли зилзила бўлди, Мужир… – сўнгра ўзини қўлга олишга
ҳаракат қилиб, – кўплаб одамлар ҳалок бўлди, – деди у. – Ширвоншоҳ оиласида
Исматиддин, ўғли ва валиаҳд шаҳзода Манучеҳр ҳамда унинг қизлари ҳам зилзила
офатидан вафот этган. Неча кундан бери бу ғамни сизга айтаман деб, фурсат
кутаётган эдим. Демак, сиз хасталаниб тўшакда ётиб қолган экансиз-да…
Мужриддин бу хабарни эшитгач, кўзларида ёш қалқди.
– Ахситондан қандай хабар бор…
– Зилзила юз берган пайтда, Ширвоншоҳ, сиз дунёга келган жой, Бойлақонда
эди. Шомаҳи зилзиласидан кейин у ўз қароргоҳини Бокуга кўчирди…
– Оҳ, Бойлақон… Бойлақон… – дея, Мужриддин чуқур қайғуга чўмди.
Орадан бир неча кун ўтганидан сўнг, Мужриддин Бойлақоний оламдан кўз
юмди. Унинг васиятига кўра Абулмакарим Мужриддин Бойлақоний Мағбарат
шуарода – Табризнинг шоирлар қабристонига дафн этилди.
Ўша куни Хоқоний на ўзида, на сўзида-да эмасди, кўзлари тўла ёш, дўсти Хазар
Мунисга Мужирнинг ўсмирлик йилларида Шомаҳига келганини, сўнгра у билан
бирга Макка зиёрати чоғида бошига тушган воқеаларни бирма-бир сўзлаб берди.
Шундан сўнг у бир ҳафта аввал Мужирнинг ўлим тўшагида ётган маҳалида
қаламга олган рубоийларидан бирини ўқиди:
Тонгда гул очилиб, баногоҳ сўлди,
Бу ҳол насимга тегиб, кўкка соврилди.
Умр вафосин кўр, бир ҳафта ичра,
Гулғунча очилди, ҳам хазон бўлди.
Сурхоб маҳалласининг имоми Шайх Нифтуллоҳ Муғоний, беихтиёр шундай
деди:
– Раҳматли, бу рубоийси орқали бир гулнинг ҳаётини эмас, балки ўз умрининг
қисқалигин баён айламиш экан.
Маҳалла масжиди имоми Афзалиддин Хоқонийга катта бобоси Муғона Ажам
Ироқийнинг Киркук шаҳридан кўчиб келгани ҳақида сўзлаб берган эди. Улар
Хоқоний билан тез-тез учрашиб турардилар. Ҳар иккиси ўтган кунларни хотирлаб,
эслашар ва улар ўзаро ўзларининг туркий тилида сўзлашаётганидан завқ олардилар.
* * *
Орадан уч-тўрт йил ўтди. Бешафқат ўлим Ширвоншоҳ Ахситоннинг ўттиз етти
йиллик ҳукмронлигини тугатди. Бу хабарни эшитган чоғида Хоқоний касал бўлиб
тўшакда ётган эди. Қалбида кечаётган бўлса-да, Ахситоннинг вафотига бағишлаб
марсия ёза олмади, айрилиқ сатрларини қоғозга туширишга мажоли етмади. “Замона
чевари барчага бирдай ўлим либосидан тўн кийдирар. Хоҳ у шоҳ бўлсин, хоҳ гадо…”
Афзалиддин Хоқоний умрининг сўнгги йигирма тўрт йилини Ахситон
томонидан ажратилган катта маош эвазига шу ерда, яъни, Табризда яшаб ўтказди.
Сўна АББОСАЛИ қизи
№ 7 2024 127
Сўз хоқони
Шомаҳи зилзиласидан сўнг Ахситоннинг меросхўри қолмагани учун унинг укаси
Шоҳаншоҳ ибн Манучеҳр III тахтга чиқди. Бу вақтда шоҳаншоҳ тахтига кўз
тиккан кекса ёшлилар, марҳум Ахситонинг акалари ўртасида жанжал бошланган
эди. Кексайиб қолган шоир Хоқонийга Ширвоншоҳ хазинасидан ажратилаётган
маош ҳам тўхтатилганди. Шу тариқа Афзалиддин Хоқоний умрининг сўнгги
нафасларида азоб чека-чека ўлим фариштасини кутиб ётарди.
Қайда юрагимнинг малҳами – заҳар?
Қайда ҳаётимни тугатган ханжар?
Қани дарду ғамни унутган ўлим?
Келса ғам чекмасман, бир зарра қадар.
1199 йилнинг ёзининг иссиқ кунларидан бирида Афзалиддин Хоқонийни қаттиқ
иситма тутди. Хоқоний илгари Рейда ва Ганжада бўлганида ҳам шундай бир
хасталикни бошидан кечирганди. Аммо унинг ўша чоғлардаги ҳаётга муҳаббати ва
шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари боис бу касалликни енгиб ўтганди. Айни пайтда
эса, унинг атрофида ҳеч ким йўқ, яқин дўсти Хазар Мунис ҳам оғир хасталикка
чалиниб, ётиб қолганди. Сайфиддин Бойтемирнинг боши эса, буткул сарой ишлари
билан банд, ким билади дейсиз, балки ҳозирда у Табризда ҳам эмасдир. Шунинг
учун Афзалиддин Хоқонийнинг ҳолидан хабар олгувчи бирор яқин инсон бўлмади,
айниқса, сўнгги кунларида тўшакда ётган ҳолда ўзи ёлғиз қолиб кетди. Шоирга
ўрнидан туришга на истак, на қувват қолмаганди.
“Ажал етиб келса гар, ожиз қолур Луқмон ҳам… Бу тупроққа ем бўлди қанча
шоҳу хоқон ҳам… Лекин, сира тўймас у, очкўз одам ютмоқдан…” у ётган жойида
кўнглидан кечирганларини мисраларда ифодалашда давом этарди.
У Мужриддин Бойлақонийнинг “Эзилдим ёлғизликдан, кимсасизликдан”, дея
бошланувчи марсиясини ёдга олиб, пичирлаб қайтарди. Малҳамда ғамдан йироқ
кечган болалик чоғларини, саройдаги ҳаётини, зиндонда бўлган пайтидаги азобу
уқубатларни бирма-бир кўз ўнгидан ўтказиб, эсга олди. Унинг ўй-хаёллари ҳам
гўё шам янглиғ эриб бораверди. Шундан сўнг дилига Калимаи шаҳодат келди ва
беихтиёр уни қайтара бошлади: “Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна
Муҳаммадан ъабдуҳу ва Росулуҳ…”
Хоқоний жон берар чоғидан аввал Шайх Нифтуллоҳ Муғоний шошганича унинг
ёнига етиб келди. Ўшанда Шайхнинг қулоғига эшитилгандек туюлган қандайдир
ғаройиб овоз уни Хоқонийнинг қошига бошлаб келганди.
У сал олдинроқ Шайх Хоқонийнинг яқин дўсти Хазар Муниснинг жаноза
намозини ўқиган эди, энди эса, унга туғишгандек азиз билган бир инсон, турк
миллатидан бўлган қўшнисининг бошида Ёсин сурасини ўқиди.
Ўша куни Хоқонийнинг ўлими ҳақидаги совуқ хабар қанот қоққан қуш каби
ҳаволаб учарди. Шомаҳида, Бокуда, Дарбандда, Бағдодда уни билган, ўлими
ҳақидаги хабардан маъюс бўлган дўстлари шоир руҳига фотиҳа бағишлаб, дуолар
ўқирдилар. Ганжада бу хабарни эшитган Низомий Ганжавий унинг ўлимидан чуқур
қайғуга ботиб, форсийда қуйидаги мазмунда қайғунома битди:
128 Шарқ юлдузи
Хоқоний менга атаб марсия ёзар дердим,
Во дариғо, Хоқонийга марсияни мен ёздим.
Ниҳоят Хоқонийнинг жасади Табриз тупроғига, руҳи самоларга – Аллоҳнинг
ҳузурига қўшилди. Ўша куни Ширвон осмонининг ва Табриз каби доимо шафақдан
заррин тўн кийувчи юрт кўкининг юзини бирдай қора булут қоплаган эди. Унинг
жанозасига бутун Табриз аҳли оқиб келди. Сурхоб маҳалласи яқинидаги Шоирлар
мақбарасида Шайх ўқиган дуолардан сўнг баланд овозда янграган такбир садолари
еру осмонни ларзага солди…
Шарқнинг буюк сўз хоқони дафн этилган шоирлар қабристони кўҳна Табризнинг
янада муқаддас, янада ўзгача масканга айланишига ҳисса қўшган эди. Ёз ёмғиридан
ҳўл бўлган қабртошлар ҳам Афзалиддин Хоқоний Ширвонийга мотам тутаётгандек
эди, гўё…
ХОТИМА
Табриз. Ўрта асрларда узоқ вақт давомида Озарбайжон пойтахти бўлган бу кўҳна
шаҳар қадимдан жаҳонга маълуму машҳур мумтоз шоирлар маскани ҳисобланади.
Табриз Отабегилар (Элдегизийлар) давлатининг пойтахти бўлганидан сўнг,
Афзалиддин Хоқоний каби бошқа узоқ-яқин диёрлардан кўплаб шоирлар келиб
бунда паноҳ топганди. Уларнинг қай бирлари Ганжадан, қай бирлари Ширвондан
ва яна кимдир Шероз, Нахчивондан эдилар. Табризни “ватан”, дея талпинганлар
бу ерда тинч, фаровон ҳаётни умид қиларди. Шу ерда турли урушлар, жанг
майдонларидан узоқ ва озод, эркин яшамоқни истарди…
Элхонийлар, Оққуюнлилар, Сафавийлар даврида ҳам бу шаҳар қанчадан-қанча
таниқли шоир ва зиёлилар, ошиқлар5, рассомлар, меъморларга ўз бағридан жой
берган, беминнат бошпана, тинч макон бўлган. Ўз вақтида ушбу шаҳарни маскан
айлаб, унинг кўҳна маҳаллаларида яшаган адиблар, санъат аҳлининг аксарият
қисми ўз васиятига кўра бу ерда жойлашган Шуаро мақбараси номи билан машҳур
қабристонда дафн этилган. Саккизинчи асрдан бошлаб турли тазкиралар ва тарихий
китобларда қайд этилгани каби, Асадий Тусий, Қатрон Табризий, Мужриддин
Бойлақоний, Заҳириддин Форобий, Шоҳпур Нишобурий, Шамсиддин Сажжосий,
Зулфуқор Ширвоний, Ҳуммом Табризий, Мағриби Табризий, Мани Шерозий,
Лисоний Шерозий, Шакибий Шерозий каби бошқа даҳо шоир ва ёзувчилар руҳлари
ушбу қабристонда ором топган. Мирзо Исо Фараҳоний (Қажарлар даврида яшаган
зиёли), Сиғатул Ислом, Бобо Ҳасан, Бобо Мазид, Пир Турк, Султон Дада Али, Ҳасан
Нахчивоний ҳамда замонавий шоирлар Азиз Давлатободий, Меҳди Ровшанзамир,
Жавод Азар каби мутафаккирларнинг қабри ҳам шу жойда.
789 йилда ушбу мақбарага XX асрнинг машҳур шоири, Шаҳриёр тахаллуси
билан шуҳрат қозонган Муҳаммадҳусайн Беҳжати Табризий дафн этилган. У бу
мақбарада сўнгги дафн этилган шоирдир. Бугунги кунда дунёдаги энг қадим санъат
музейига ўхшаш бу муқаддас макон Муҳаммадҳусайн Шаҳриёрнинг мақбараси
номи билан ҳам машҳур.
5 Озарбайжон ошиқ санъатининг вакиллари.
Сўна АББОСАЛИ қизи
№ 7 2024 129
Сўз хоқони
2005 йилда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Табриздаги
Шуаролар мақбарасини зиёрат қилди. Озарбайжон ва форс адабиётининг атоқли
намояндаси Муҳаммадҳусайн Шаҳриёрнинг қабрига гулдаста қўйиб, бу ерда
дафн этилган мумтоз ижодкор адиблар хотирасини ҳурмат билан ёдга олди. Кейин
мақбаранинг ёдгорлик китобига ўз юрак сўзларини ёзди:
“Шоирлар мақбарасини зиёрат қилдим. Даҳо Шаҳриёрнинг қабрини зиёрат
қилдим. Шаҳриёрнинг ўлмас асарлари ва унинг азиз хотираси Озарбайжон
халқининг қалбида мангу яшайди.
Илҳом АЛИЕВ,
Озарбайжон Республикасининг Президенти
2005 йил 26 январ”
Табриз марказида Бокудаги каби гул-чечакларга бурканган Хоқоний номи билан
аталгувчи жуда гўзал истироҳат боғи бор. Боғнинг кираверишида Афзалиддин
Хоқоний шарафига муҳташам ёдгорлик қад кўтарган. Хиёбон яқинида “Ислом
ферузаси” номли машҳур Мовий масжид жойлашган. Масжид ичида Ҳақиқий
тахаллуси билан танилган шоир, Қорақуюнли давлатининг Бешинчи Султони
Музаффаруддин Жаҳоншоҳ ҳамда унинг рафиқаси дафн этилган мақбара
жойлашган. Жаҳоншоҳ Ҳақиқий Озарбайжон турки эди…
Шомаҳийлик Озодлик ҳожиси – асли ўғуз турки бўлган Хоқоний Ширвонийнинг
қабр тошига ушбу сўзлар ёзилган: “Бу раҳматли марҳум, файласуфларнинг ва
шоирларнинг буюги, ҳаким Афзалиддин Иброҳим Хоқоний ибн Али Ширвонийнинг
қабридир. Ҳижрий беш юз тўқсон бешинчи йилнинг Шаввол ойи”6.
Бу жойда ором олаётган тўрт юздан ортиқ шоирлар сафидан сўз мулкининг
хоқони – Ўрта аср Шарқ Уйғониш даврининг “Зуҳро юлдузи” саналган Хоқоний
Ширвонийнинг қуйидаги ўлмас ва боқий сўзлари шабада билан бирга эсиб туради:
“Бир ажам туркиман… Тангри истаган…”
Тамом
2018 йил март–апрель
Озар тилидан
Дилором АБДУРАҲМОН қизи таржимаси

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil