Муқимжон НУРБОЕВ – 1976 йилда туғилган. Андижон вилоятидаги Саййид
Муҳйиддин махдум мадрасаси ва Тошкент Ислом институтини тамомлаган. Ижод
намуналари республика ва хориж матбуотида эълон қилинган.
Турони бир
Дил боғининг оламида ижод аҳлин осмони бир,
Висол истаб ўртар қалби ишқи бирла гирёни бир.
На миллатда, на сарҳадда бўла олмас ҳеч бир тўсиқ,
Эътиқодда ҳаммаслагу юзлангувчи Қуръони бир.
Олиб Низомийдин илҳом Деҳлавий, Жомий, Навоий,
Туркийю форсийда қурган хамсачилик ошёни бир.
Туркий тилда битиларкан Хос Ҳожибнинг ҳар бир сатри,
Адолатни яратмоққа беку ҳамда аёни бир.
Куйлаганда Махтумқули сингиб кетар вужуд аро,
Сел бўлишиб кўнгилларнинг бу дунёдан тонғони бир.
Ишқ боғининг гулзоридан гул терганда Юнус Эмро,
Гул атрининг хушбўйидан кўнгил жоми тўлғони бир.
Қорақалпоқдан дер Бердақ, татардан Абдулла Тўқай,
Шеър битганда ҳар бир сўзин сочган жаранг, равони бир.
Қозоғимдан шоир Абай, қирғиздан Чингиз Айтмат дер,
“Инсонга хос фазилатнинг барча учун баёни бир”.
Саъдию, Лутфий, Атойи, Фузулий дер экан бир сўз,
Шеърият олами ичра тизган ҳикмат бўстони бир.
Шоир дарди сўз эрур, эй Муқим, тут ёдингда,
Лек Ҳаққа ошиқ қалбининг чин куйлаган достони бир.