Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

БОЛАЛИКНИНГ ТИНИҚ ОСМОНИ

Зулфия МЎМИНОВА – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,
“Дўстлик” ордени билан мукофотланган. 1959 йилда туғилган. Тошкент давлат
университетининг (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетини тамомлаган. “Ватан
ташлаб кетмайди”, “Бешикларни асрагин, дунё”, “Самога сочилган юлдузлар”, “Истиқлол –
олтин гулим”, “Ёнаётган аёл”, “Азизим, бахтиёрман”, “Қудратли юртимга” шеърий
тўпламлари ва “Биринчи ўқитувчим”, “Никоҳ шартномаси”, “Аёлга бахт беринг”, “Бир
кун дарс қолдирган бир умр пушаймондир” каби китоблари чоп этилган.

Қушлари сайроқи, ҳаволари жонга малҳам, ҳар қаричи мукаррам – ўзингдирсан,
туғилган юртим – Нарпайим.
Саратонда, айни чошгоҳда “Суюнчи, уйимизда қиз бола туғилди!” дея ҳаммадан
суюнчилаётган акамга ўртоқлари ҳавас билан қарашган экан. Холаларим, аммаларим
бизникига югурган, кексалар “Умри билан, ризқи билан берган бўлсин”, дея дуолар
қилган…
Нарпайим! Сен бу хушхабарни эшитган момомга қўшилиб шукроналар
қилгансан, бобомдек эҳсон тарқатгансан, отамга қўшилиб орзуларга берилгансан.
Мен шундайин меҳрлар қуршовида камолга етдим. Оламни англай бошлаганимда
кўзларим сенинг бепоён кенгликларинг, тиниқ осмонинг, ҳосилдор далаларинг,
барокат барқ урган боғларинг, қизғалдоқлар сеп ёйган қирларинг, ранг-баранг
гулларингга тушди. Мен бутун дунёни шундай гўзал англадим.
Ақлимни таний бошлагач ҳам яхшилар ичра бўлдим. Ватанга садоқат, иймон,
эътиқод, инсоф, одамгарчилик, оқибат, шарм-ҳаё, уят, андиша, иззат, ҳурмат каби
фазилатларни дастлаб нарпайликларда кўрдим. Ва гўдак тасаввуримда бутун олам –
Нарпайим – сен, бори одамизод – нарпайликлар эди.
Она қишлоғим Янгисарой. Бу ернинг урф-одатлари мендаги одамийликни
тарбиялади. Ота-онам бир қишлоқдан, яъни янгисаройликлар. Қишлоғимизнинг
бир ёнидан Нарпай канали, бир ёнидан Қозоқариқ, қоқ ўртасидан эса Дамариқ
оқади. Қишлоқ аҳли Дамариқдан сув ичади.
Дастлабки бола тасаввуримда ёши катталарнинг “Сайловга борамиз” дея, юк
машиналарига минишиб, колхоз идорасига жўнагани, мени эса ҳали ёшсан, деб,
ташлаб кетишгани ҳамон эсимда. Бошқа болаларни билмадиму, аммо менинг колхоз
идорасига бориб, ўша сайлов деган анжуманни жуда-жуда кўргим келарди. Бирор
қариндошимиз раҳми келиб олиб кетар, деган умидда йўл бошидаги тошга чиқиб
ўтириб олдим. Бахтимга яйловдан отини миниб бобом келиб қолдилар. Бобомнинг
қўлида сайлов қоғози бор экан. Бобом уйга кириб кийимларини алмаштириб
чиқди-да, мени ҳам оқ йўрғасига мингаштириб, сайловга йўл олдилар. Борсак,
колхоз клубида тумонат одам ичкарига кириб-чиқаётирлар. Колхоз идораси ёнида
бир сартарошхона ҳам бўлар, унда ҳамқишлоғимиз ишларди. Бобом отини ариқ
бўйидаги дарахтга боғлаб, яхши кўриб ейдиганим, қоғозга ўралган мойли ҳолвадан
олиб бергач, сартарош Ашур тоғага менга қараб туришни тайинлаб, ўзи сайлов
қоғозни олиб, ичкарига кириб кетди. Мен эса “сайлов” нималигини кўришни
истардим. Аммо у ерга ёш болалар қўйилмас, шу боис қандай бўлмасин ичкарида
нелар бўлаётганини кўриш учун йўл излай бошладим. Сартарошхонада Ашур
тоғанинг биздан икки синф юқорида ўқийдиган ўғли отасига қарашиб юрарди. Мен
унга, “Клуб деразасидан менга сайловни кўрсатсанг, манави мойли ҳолваларни
бераман”, дедим. У рози бўлди. Клуб деразаси тагига бориб, энгашиб турди. Мен
унинг устига чиқиб, ичкарини – сайловни кузатдим.
Одамлар қизил парда тортилган жойга навбати билан кириб-чиқар, сўнг
қўлларидаги қоғозни зал четига стол қўйиб ўтириб олганларга топширар эди.
Улар аллақандай дафтарларга нималарнидир ёзишар, мени эса энди ўша ёзувлар
қизиқтирарди.
Бобом сайлов қоғозини топшириб чиққач, дўконга кириб, новвот сотиб олди,
кейин мени отига мингаштириб яна уйга томон йўл солди. Борарканмиз, сабрим
чидамай бобомдан сўрадим: “Бобожон сайловда нима ёздингиз?” Бобом: “Бир
ўрисни депутат қилиб сайладик. Аммо уни танимайман ҳам. Айтишларича, яхши
одам эмиш”, деди.
Беш ёшимдан бошлаб, уйда ёш гўдаклар кўплиги, қолаверса, онамга кўмаклашиш
учундир балки, мени онамнинг ота-онаси, бувам ва момом тарбиясига олдилар.
Онамнинг онаси Санобар момомни биз набиралари “катта эна” ёки қисқа қилиб,
“катта” деб чақирардик. Мен югуриб битириладиган енгил юмушларга яраб
қолганимдан роса хурсанд эдим. Масалан, қишлоқ чеккасида ёлғиз яшайдиган
Тожинор момога ҳар эрта сут олиб бориб бериш, товуқларнинг тухумини пақирга
териб чиқиш, чойнак-пиёлаларни ювиш, бувам даладан келсалар, махсисини
ечиб, қўлларига сув қуйиб туриш кабилар. Менга айниқса буважонимнинг
оёқларини уқалаш ва юзтубан ётганларида устиларига тик оёқда туриб белларидан,
елкаларигача у ёқдан, бу ёққа юриш ёқарди. Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси
бўлган бобомнинг танасида катта-кичик чандиқлар бўларди. Бу жанггоҳда
буважонимнинг танасини тешиб ўтган ўқларнинг излари эди. Битта ўқ бобомнинг
ўнг елкасига тегиб олдидан тешиб ўтган, бири қўлнинг у ёғидан тегиб, бу ёғидан
чиққан, бири белидан ўтган. Айниқса иккала оёғида беўхшов чандиқлар кўп эди.
Улар немис итлари талаганида тишлари ўрнидан қолган экан.
Қайсидир бир жангда бувам ва унинг батальонини немислар асир олади. Бир неча
ойлик тутқинликдан сўнг бувам ва унинг дўстлари қочишга муваффақ бўладилар.
Буни сезиб қолган немислар орқаларидан қувиб келади. Режа бўйича улар ўзларини
дарёга ташлаб қочишлари керак бўлган. Шу боис бувам ва яна иккита аскар ўртоғи
ортларидан қуваётган фашистларнинг етиб келган немис овчарка итлари билан
олишиб, уларни қайтариб турган. Кўпчилик ўзини дарёга ташлагандан кейин
бувам ва унинг бақувват ўртоғлари ҳам сувга ташлаб қочишган. Уларнинг устидан
немислар ўқларни ёмғирлардек ёғдиришган, яраларидан қон чакиллаб турса-да,
совуқ сувни кечиб ўтган аскарларнинг ҳаммаси соғ-саломат қолишган.
Аёзли қиш тунларида буважонимнинг оёқлари оғрир, инграб чиқардилар. Мен
ўшанда буважонимга ва ер юзида тинчлик бўлиши учун жасорат кўрсатган барчага
яхши одамларга атаб шеърлар ёзган эдим. Бувам билан фахрланар эдим.


* * *


Олти ёшли қизалоқ пайтим, февраль ойи бўлса керак, бувам ва момом рўза
тутадиган бўлишди. Рўзанинг маънисини тушинмасам-да мен ҳам рўза тутмоқчи
бўлдим. Қишнинг совуқ кечасида бувам ва момомнинг шивир-шивиридан уйғондим.
Иссиққина кўрпага ўраниб ётар эканман, азизларимнинг иккиси ҳам уйғонганини
сезиб, секин ўрнимдан турдим. Момом печ устида турган офтобаларнинг бирини,
бобом иккинчисини олиб чиқиб кетишди. Ташқарида ювиниб, таҳорат олиб
келишди. Мен ҳам ўзим билганча ювиниб келдим. Улар уйга кириши билан
ўрнимдан туриб, “Ассалому алайкум”, деганча таъзим билан саломлашар, бу орада
ширчой тайёр бўлар, дастурхонга хурмо, майиз, ёнғоқлар қўйилиб, мен ҳам ўзимча
меҳрибонларим билан рўза тутардим. Момом чойгумни қўйиб, жойнамозларни
ёзиб турган бобомнинг олдига ўтди. Азизларим уйнинг тўрида қиблага қараб намоз
ўқидилар. Мен печга суяниб бобомнинг овоз чиқариб, “Аллоҳу акбар, Аллоҳу
акбар, Аллоҳу акбар”, дейишлари билан печканинг ёнидаги кўрпачага ўраниб
қотиб қоламан. Назаримда улар гўё жойномозлари устида учар гиламларда ўтирган
каби ўзга дунёларга учиб ўтишарди. Ҳар гал саждага бош қўйганларида эса бутун
дунёни ёмонликдан қутқараётгандек туюларди.
Эрта тонгда момом менга нонушта қилиб берар, аммо ўзлари емасди. Бобом
ҳам, момом ҳам намоз ўқир, тасбеҳ ўгирар, сўнг бобом чорва молларига қараш,
момом уй юмушлари билан банд бўларди.
Бобомнинг ошхонаси ёнида каттагина омборхонаси бўлиб, у ерда қопларда
гуруч, нўхат, мош ва яна бир қанча менга номаълум дон-дунлар сақланар, ярмидан
кўп жойига эса сомон тўшалган, унинг устида тарвузлар, тепада осилган қовунлар
ва уч-тўрт қатор симларга илинган узумлар, анорлар сақланарди. Шу тариқа то
илик узилдигача олма ва беҳи, ёнғоқ, майиз, туршакнинг кети узилмасди. Аёзли
кунлар бошланганда бобом иккита қўчқорини сўйдирар, катта қозонда ўзининг
ёғига қовуриб, сопол хумларга солдириб қўярди. Бу хумлар ошхона тўрида
сақланар, қиш чилласида, айниқса рўза чоғида момом бу гўштлардан турли таомлар
тайёрлар, косаларга соларди-да, қўлимга тутқазиб, “Ифторда дуо қилиб ейди”, дея
қишлоғимиз кексаларининг уйларига жўнатардилар. Гўштларни тарқатар эканман,
ҳамқишлоқлар томонидан берилган хурмолару, майизлардан хоҳлаганча мазза
қилиб еб қайтардим.


* * *


Тўртинчи синфда ўқиб юрган пайтим германиялик мактаб ўқувчиси, немис
қизи Хильдага мактуб ёзган эдим. Бу хатни жаҳлим чиққанидан салом ҳам бермай
бошлаганман:
“Мен, ўзбек қаҳрамонининг набирасиман. Менинг бувамни ҳамма паҳлавон
деб, ҳурмат қилишади. Сенинг немис буванг фашистдан ўтиб кетган фашист
экан. Бизнинг тинч Ватанимизга бостириб келгани етмагандай, аскарларимизни
қамоқларга ташлаганлар. Азоблар берганлар. Буважонимни ва унинг бир нечта
ўртоқларини асирга туширганлар. Бувам ва унинг сафдошлари тутқиндан қочишга
эришганлар. Менинг буважонимнинг баданида чандиқлари кўп. Уни сенинг буванг
отган. Чандиқлар ўқлар тешиб ўтган яраларнинг ўрни. Сенларнинг итларинг ҳам
ҳақиқий немиснинг ити экан. Буважонимни оёқларини тишлаб ташлаган, аммо
бувам барибир таслим бўлмаган. Сенинг буванг ўзи қандай одам?
Александир Сергеевич Пушкин эртагида ёзганидек:
На қизалоқ, на ўғлон,
Бадбашара бир ҳайвон.

Мени кечиргину, балки сенинг буванг ўзини сенга қаҳрамон қилиб кўрсатар.
Ғирт ёлғон. Сенинг бувангнинг баданида чандиқлари йўқдир, оёқлари оғримас.
Менинг бувам бир куни Берлинга яна бормоқчи, балки мени ҳам олиб борар. Сен
ўшанда немис бувангни яшириб қўй. Йўқса менинг бувам уни Брест қалъасидан
улоқтириб юбормоқчи. Бувам менга, “Буваларнинг гуноҳи учун набиралар жавоб
бермайди, фақат уяладилар”, дейди.
Моможоним бир куни менга, “Мана сен ҳам кап-катта бўлиб қолдинг. Менга
анави қирғин урушди бошлаган немисти бошлиғи, қонхўр Гитлернинг аниқ отини,
гўргинанг куйгурди отасини отини билиб кел!” дедилар. “Гитлерди отасининг оти
сизга нимага керак?” деб сўрадим. “Қарғашим учун керак. Зоти-зурриёди билан
қўшиб қарғашим ва қарғишим тўғри бориб тегиши учун”, дедилар. “Бусиз ҳам
Гитлер ўлиб кетган-ку”, дедим. “Ўлган бўлса ҳам билиб кел, гап бор”, дедилар.
Эртасига билиб келиб, “Моможон анави Гитлернинг отасини оти Адольф экан.
Марҳамат, кампирларнинг шоҳи қарғайверсинлар!” дедим. Момом қилаётган
ишидан тўхтаб, “Ай, сен Адолипти ули Гитлер! Неча-неча кун кўрмай кетган
жовқир жигитларди руҳи ҳақи, бевалару жетимлар ҳақи, ҳали ҳам эрларини
кутаётган содиқлар ҳақи икки дунёнг куйсин!” дедилар. “Чалпагингни итлар есин”,
деб қўшиб ҳам қўйдилар. Бизда ўлган одамнинг арвоҳларига атаб чалпак – ис
пиширишади. Жаҳли чиққан момом Гитлерни ҳатто, “Чалпагини ҳам итлар есин”,
деб қарғади. Бу жуда оғир қарғиш.
Агар “Немис фашистларини қарғаш бўйича Жаҳон биринчилиги” танлови
ўтса, менинг момом биринчи ўринни олиши аниқ. Момом сени момонгни
қарғамайди, аммо унинг айтишича сенинг момонг бувангга, “Ҳой, Яратганнинг
бандаси, бировнинг юртида сенга пишириб қўйибдими? Бировни отиб, ўлдириб
нима қиласан? Ҳаромдан топганинг буюрмайди!” демаганда. “Сен ўзбекларни
қарғишини олма”, демаганда!
Дарсдан қайтганимда моможонимга тинчлик ҳақида ёзган шеъримни ўқиб
берсам, бечорагинам кўзда ёш билан мени роса дуо қилди. Бувамга ўқиб берсам,
улар мактабимиз ошхонасидан ширинликлар сотиб олишим учун қўшимча пул
тутқаздилар.
Хильда, сенга мактуб ёзишимдан мақсадим, дугона тополмай қолганимдан эмас.
Аксинча сен ўзингнинг немисларингга биз ўзбеклар ҳақида гапириб бер. Бундан
кейин буваларинг қилган хатоларни набиралари такрорламасинлар. Дўст бўлиб
яшайлик. Биз тинчлик истаган халқмиз. Сен ўзларинг ҳақингизда ёзиб юбор.
Манзилим: Самарқанд, Нарпай, 9-мактабнинг 4-“А” синф ўқувчиси Зулфия
Мўминова”.
Бу сарғайиб кетган мактуб орадан йиллар ўтиб момомнинг катта, гулдор
сандиғидан топилганига қараганда, Хильдага жўнатилмаган, аммо моможонимнинг
қимматли буюмлари, суратлари солинган альбомида сақланганидан маълумки,
мактуб меҳрибонимга нимаси биландир қадрли бўлган…


* * *


Мен дугонам Холбувини жуда яхши кўраман. У амакимнинг қизи бўлиб, иккимиз
бир синфда ўқиймиз. Шунинг учун мактабга бирга бориб, бирга қайтамиз. У
ниҳоятда меҳрибон ва камгап. Қиш кунларининг бирида ўқиш тугаб, дарсдан чиқсак,
роса қор ёғибди. Менга янги этик олиб беришгани учун этикдаман. Холбувига эса
ҳали этик олиб бериб улгуришмагани учун пайпоқ билан калишда. Қишлоғимиз
мактабдан узоқда жойлашган. Оралиқ бир ярим соатлик йўл. Мактабдан чиқиб сал
йўл юриб қарасам, Холбувининг оёғидан совуқ ўтиб, юзлари қизариб кетаяпти.
Шунда мен, “Холбувижон мени оёғим қизиб кетаяпти. Кел менга калишингни
бериб, мени этигимни кия қол”, дедим. У эса, “Йўқ, сенинг тез-тез томоғинг
оғрийди, этигингни менга берсанг шамоллаб, касал бўлиб қоласан”, деди. Унга
ичим ачир, нима қилишни билмасдим. “Мана кўрасан биз уйга борсак, сенга этик
олиб келишган бўлади”, дейман умид билан. Дарёга яқинлашганимизда изғирин
кучайди. Мен тоқат қилолмадим. Унга, “Тўхта, менга калишингни бир пойини
бер, мен сенга этигимни бир пойини”, дедим. У бунга рози бўлди. Биз икки дўст
бир оёғимизда калиш, бир оёғимизда этик билан қишлоққа кириб борганимизни
кўрганлар “Чин дўстлар” деб, роса мақташган. Уйга борсак, Холбувига ҳам янги
этик олиб келган эканлар. Эртаси куни менинг томоғим оғриб, мактабга боролмай
қолдим. У мени кўришга келиб: “Зулпияжон, сен мени деб касал бўлиб қолдингми?
Мен ҳамма дарсларни тайёрлашингда ёрдам бераман. Барча мавзуларни сенга
ўқитувчи айтгандек тушунтириб бераман”, деди. Биринчи куни дарсдан қайтиб
келиб, “Мен сени йўл бўйи соғиндим. Мактабда ҳам соғиндим, энди ҳеч ҳам касал
бўлмагин”, деб йиғлади. Мен дўстимнинг гапларига ишондим. Чунки ўзим ҳам уни
мактабдан келгунича соғиниб қолган эдим.
Шу дугонам Холбуви юқори синфлардан бирида ўқиётганимизда жисмоний
тарбия дарсидан узунликка сакраш бўйича имтиҳон топшира олмади. Жисмоний
тарбия ўқитувчимиз Сайдилла домла жуда қаттиққўл бўлиб, синфимиздан яна
саккизта, Холбуви билан тўққизта ўқувчининг баҳосини қўйиб бермади. Қолганлар
ҳаммамиз топширганмиз. Мен синф бошлиғиман. Ўқув чораги якунига етиб борар,
бу бечора тўққиз синфдош ҳалиям синовни топширолмай овора эди. Бир кун
танаффусда Холбуви менга, “Сен синфбошисан, қандайдир йўлини топ! Мен шу
“ЖТ”дан баҳойимни олайин”, деди. Унга, “Мана янги йил келаяпти, ўқитувчига совға
қилсак балога қолиб, порахўрлар деган, ном оламиз. Аммо, унинг болалари кўп. Сен
уйдагиларга айтиб битта арча олдир. Иккимиз арчани “ЖТ”нинг уйига, болаларига
олиб бориб берамиз. Болалари арча атрофида айланиб ўйинга тушсалар “ЖТ”нинг
кўнгли юмшаб, сенга баҳо қўйиб юборади”, дедим. Иш шунча осон кечишидан
хурсанд бўлган Холбуви орадан уч кун ўтиб, отасига айтиб, қишлоғимиздан унча
узоқ бўлмаган ўрмон хўжалигидан ям-яшил арча олдириб келди. У “Кел арчага
битта қоғозга гуллар чизиб, “Ушбу совға Зулфия ва Холбувидан” деб, ёзиб қўямиз.
Чунки сен баҳони олгансан. Шундай деб ёзмасак, менинг бу хатти-ҳаракатим
баҳо учунлиги билиниб, “ЖТ”нинг баттар жаҳли чиқиши мумкин”, деди. Менинг
исмимни арчага тиқиштириш унча ёқмаса-да, синф бошлиғи сифатида рози
бўлдим. Эртаси куни биз арчани кўтариб ўқитувчиникига йўл олдик. Олдинда
арчани кўтариб олган Холбуви, орқада мен ўзимнинг ва дугонамнинг сўмкасини
ортмоқлаб олганман. Ўқитувчимизнинг уйи қишлоғимиздан анча олисда, темир
йўл тарафдаги янги қурилган уйлардан бирида экан. Сўраб-суриштириб, топиб
бордик. Чиройли дарвозани чиройли аёл, яъни ўқитувчимизнинг хотини очди.
Биз бараварига, “Ассалому алайкум, янги йилингиз муборак бўлсин”, дедик. Аёл,
“Ҳа, яна арчами?” деб, дарвозани ланг очди. Ичкарида девор ёқалаб қатор қилиб
саккизта арча, яъни Холбуви каби топширолмаганларнинг арчалари турар, уларнинг
ҳар бирига “Зулфиядан, Рисолатдан”, “Зулфиядан, Отамуроддан”, “Зулфиядан,
Тожинордан” деган гулқоғозлар илинганди. Биз арчалар ёнига арчани қўйдигу
тезда “ЖТ” ўқитувчининг уйидан чиқиб кетдик. Эртасига билдимки, мен Холбувига
маслаҳат бераётганимда синфдаги қолган барча топширолмаган ўқувчилар ҳам
эшитиб, бу маслаҳатни ўзлари учун ягона йўл деб ўйлаб, аллақачон арчаларни
ўқитувчининг уйига элтиб қўйишган экан. Эртаси куни мени ва тўққизта “ЖТ”дан
топшира олмаган синфдошларимни мактабимиз директори Раззоқ Худоёровичнинг
хонасига чақиришди. Не кўз билан кўрайликки, директорнинг хонасида қатор
қилиб терилган бизнинг арчалар турар, думалоқ стол атрофида жисмоний тарбия
ўқитувчимиз, синф раҳбаримиз ва директор ўринбосарлари ўтиришар эди.
Хонадаги сукунатдан сездикки, менинг синфдошларимга берган маслаҳатим – жиноий
жавобгарлик даражасидаги салбий оқибатга олиб келибди. Бу ҳолатга менинг
алоқам йўқ дея, олмайман, чунки яшил арчалардаги гулқоғозларда исмим турарди.
Директор ўшанда узундан-узоқ тарбиявий соат ўтгани ва ҳамманинг арчасини
қўлига бериб, “Уйларингга олиб кетасизлар, ҳар бирингиз “Жисмоний тарбия”дан
узунликка сакраш бўйича қайтадан имтиҳон топширасизлар!” дегани ҳамон
ёдимда.
Эҳ, синфдошлар, синфдошлар! Ахир менинг Холбувига берган маслаҳатимни
шунчалар қулоқларинг динг бўлиб эшитганларингни, арчаларни биздан олдин
ҳаммаларинг ўқитувчининг уйига ғизиллатиб олиб боришларингни билганимда
эди…
Директорнинг хонасидан чиқдиму шалпайиб, арча кўтариб олган
синфдошларимга қараб йиғлаб юбордим. Улар эса, “Бизни кечир Зулпи, сендан
сўрамай исмингни гулқоғозларга ёзиб юбордик, биз қаёқдан билайлик? Ишлар
тескари кетиб қолди”, дедилар. Синфга келсак, қолганлар бизни масхара қилишиб,
роса кулишиб:
Арча, арча, арчажон,
Япроқларинг нинажон.
“ЖТ”дан топширолмай,
Биз юрибмиз чалажон,
деб қўшиқ айтишган. Аввалига хафа бўлдик, сўнгра биз ҳам уларга қўшилиб,
кулиб, ўйнаб кетдик.
Мана орадан ўттиз беш йилдан ортиқ вақт ўтди. Ҳамон синфдошларим янги йил
арафасида менга интернетдан тўққиз дона яшил арчанинг суратини юборишади.
Табрик ёнига гуллар суратини чизиб, “Сени яхши кўрамиз! “ЖТ”чилар”, деб
қўйишади. “Мен ҳам сизларни яхши кўраман, менинг беғуборларим”, дейман
соғинч билан

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil