Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ЎЛМАС УМАРБЕКОВ ИЖОДИДА БАРҚАРОР БИРИКМАЛАР

Дилобар ЖЎРАЕВА – 1987 йилда туғилган. Бухоро вилояти Олот тумани коллежини
тамомлаган. “Иккинчи умр”, “Кўнгил одами”, “Юрагимда гуллайсан, Ватан”, “Мен
сизни сўраб келдим” шеърий тўпламлари ҳамда “Қисмат чорраҳаси” насрий тўплами
нашрдан чиққан.

Буюк эврилишлар, ўзгаришлар даврида яшаган ҳар бир ижодкор ҳаёти давомида
ўз миллий тили, қадриятлар, атрофида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга
нисбатан асло бефарқ бўла олмайди, муттасил равишда уларга ўз муносабатини
билдириб туради.
Бетакрор иқтидор эгаси Ўлмас Умарбеков ҳам ўз даврининг илғор фикрли
инсонларидан бири сифатида ХХ асрнинг иккинчи ярмида халқимизнинг виждони,
иймони бўлиб юзага чиққан адиблардан эди. Ёзувчининг биргина “Одам бўлиш
қийин” романи ҳам ўша давр ёшлар ҳаётининг маънавий-ахлоқий муаммоларидан
тортиб, инсонларнинг мураккаб психологик муносабатлари ҳақида ҳикоя қилади.
Адиб мазкур асарида болаларнинг бепоён орзулар олами, ёшларнинг лаззатли ва
эҳтиросли муҳаббати, вафо, хиёнат, лафз, виждон – умуман кишилик жамиятидаги
турфа муносабатларни ғоят чуқур ва самимий тасвирлай олган.
Таниқли тилшунос олим Ғайбуллоҳ ас Саломнинг: “Ўзбек романини ўзбек тилида
ёзиш зарур. Токи бизнинг ёзганларимизни “таржима” қилишга тўғри келмасин”,
деган гапи бор. Олимнинг бу фикридан ёзувчи ўз она тилида ёзганда нафақат
ёзиши, балки тўғри ва мазмунли ёзиши шарт эканини англаш мумкин. Чунки ҳар
бир тил муайян бир қавмнинг дунёларга алишмайдиган бебаҳо бойлиги – ардоғи
ҳисобланади. Шу боис асар битилган тил миллий ҳамият ва умуминсоний қадрият,
миллий ўзлик идроки, ғурур ва ифтихор, маънавий камолот ўзагини ташкил этувчи
Ватанга муҳаббат тушунчаларини акс эттиради.
Ўлмас Умарбековнинг “Одам бўлиш қийин” романида ҳам тилимизнинг
барқарор бирикмалар ва уларнинг лисоний хусусиятлари содда ва самимий
ифодалар орқали ифодаланиши замирида айнан шу жиҳатларни кўриш мумкин.
Ушбу асарда бундай барқарор бирикмаларни кўплаб учрайди. Масалан:
“– Айтганинг бўлсин… – деди ўпкаси тўлиб, – омин! Неварамнинг умри узоқ
бўлсин, боши тошдан бўлсин!”
Бу ўринда ижодкор янги туғилган чақалоққа тилак билдираётган кампир
тилидан “боши тошдан бўлсин” барқарор бирикмаси орқали узоқ умр тилови,
ёмон кун кўрмасин деган маъноларда қўлласа, “– Ўзида битта эмас – тўртта ити
бор. Кўп бўлса, кўз тўймас экан-да”, деган жумласида “Кўп бўлса, кўз тўймас эканда” ибораси орқали ҳар қанча бисоти кўпайса-да шунчалик тўймаслик маъносини
беради.
“Фронт уни шундай қилиб қўйдими ё бола-чақа ташвиши кўпайиб, қуйилиб
қолдими, ҳар ҳолда, у жуда мўмин-қобил бўлиб қолди” деганда эса “қуйилиб
қолмоқ” ибораси орқали ижобий томонга ўзгарган ва оила ташвишига берилган ёки
турмушдаги хатоларидан хулоса чиқариб, инсофга кирган инсонни тасвирлайди.
“– Мана бу ишларинг чакки бўпти, – деди у ҳамма нарсага тушуниб. – Кўр
одам ҳассасиз юролмайди. Бу бургут ҳам кўр, ҳам қари” дейилганда “Кўр одам
ҳассасиз юролмайди” барқарор бирикмаси худдики, ўзбек халқ мақолларида
келтирилган, кўпроқ эҳтиётсизлик назарда тутиладиган “Кўр ҳам ҳассасини бир
марта йўқотади” мақолига ўхшаб кетса-да, асарда кўрдан ҳассаси олиб қўйилса,
юролмаслигига ишора қилинади.
“Абдулла бу гапдан энсаси қотиб, ўзини четга олмоқчи бўлди, лекин Қосимжон
уни қўлидан маҳкам ушлаганича, дастурхоннинг тўрига тортди” жумласидаги
“энса қотирмоқ” бирикмаси нутқ жараёнига қадар ҳам тайёр ҳолда барқарор
бирикма сифатида мавжуд ва мазмунан базўр, ўзини мажбурлаб, ғаши келиб
фикрини ифодалаган маънога тенг келади.
Ўзбек тилида “товусдек товланиб” деган ўхшатиш бор. Яъни товус қанотдумларини ёйганда унинг бор гўзаллиги намоён бўлади. Ўлмас Умарбеков эса
“Гулчеҳра бошини кўтарди, иккала қўлини Абдулланинг елкаларига ташлади-да,
товусдек сузиб кетди”, дейди. Аслида товус сувда сузмайдиган қуш бўлса-да, ўзбек
тилида “товусдек сузиб кетмоқ” жумласи нафақат енгил ҳаракатлар билан, балки
бор чиройи юзага чиқиб юриш маъносини беради. Шу сабабдан ёзувчи мазкур
иборани маҳорат билан қўллаб, Гулчеҳранинг ҳаракатларига товуснинг ҳуснитароватини қиёсларкан, асар таъсирчанлигини янада ошира олган.
Романдаги “Мингбулоқ осуда тун қўйнида ором олар эди”, деган лирик ўхшатиш
орқали ёзувчи Мингбулоқ қишлоғи, унинг экин экилавериб, толиб қолган ерлари,
шамоллардан чайқалиб ҳориган тол-тераклар, куни билан шовуллаб оқиб, гўё
эндигина сокинлашган анҳору, узоқлардан битта-яримта итларнинг ҳуриши –
буларнинг барчасини айнан – осуда тун қўйнига шўнғиган қишлоқ манзарасини
кўз олдимизда гавдалантиради, ўқувчини ўша чигирткалар чирриллаб турган,
тераклар барги секин шивирлашаётган, анҳорлари сокин оққан Мингбулоққа олиб
киради.
“Янги етилган кунгабоқардек сарғайиб турган ойнинг ним ранг шуълаларидан
олмазор ҳисобсиз кумуш исирға таққан эди”, дейиш орқали эса ижодкор боғдаги
олма дарахтлари барглари ора-орасидан тушаётган ой нурини кумуш сирғаларга
қиёсласа, қизнинг оташин нигоҳи йигитга тушгани тасвирланган. “У Абдуллага
қаради, унинг кўзлари ёнар эди” гапида бу нигоҳлардаги қувонч, муҳаббат ёки
ҳаё ифодасини “кўзлари ёнар эди” дея таърифлайди. “Аксинча, тепадан туриб, у билан биргаликда димоғини қитиқлаган ялпизни ахтара бошлади”, деганда эса
ялпизнинг ҳиди хуш ёққани – “димоғини қитиқлаган”и, шунинг учун бўлса керак,
ўша ялпизни ҳидидан топиб олишга муяссар бўлганини тасвирлайди.
Адиб воқеалар ривожи давомида “Шу пайтгача ҳеч ким унинг истагини
англаб, кўнглини олмаган эди” каби ибораларни қўллар экан, китобхонга олдинда
қизиқарли саргузаштлар кутаётганига ишора беради ва “кўнгилни олмоқ”ни ўз
вақти ва ўрнида жуда тўғри қўллайди.
“Ўша пайтда Гулчеҳранинг хаёллари ғамгин, келажаги қоронғи хаёллар эди”
жумлаларини ўқиганда эса “Хаёлларнинг ҳам келажаги бўладими?” деган савол
туғилиши мумкин. Адиб ижод кишиси сифатида бу ўринда сўзни шу қадар
моҳирлик билан қўллайдики, натижада қизнинг ўй суришларидаги дард ва
умидсизликни яққол тасвирларкан: “Аммо улар қанча ўйлашмасин, аниқ бир фикр
йилтиллаб кўринмас, келажак гўзал бўлса ҳам, тундек қоронғи эди”, дейди.
Шунингдек мазкур асарга айнан ўзбек халқ мақолларидан келиб чиқиб
сингдирилган “Завод аяга оғир, етти ўлчаб, бир кесадиган Ғафуржон ака ёқиб
қолди” ёки “ – Е, ая, – дерди шунда Ғафуржон ака, – яхши бисотдан яхши от қолгани
яхши. Қозон қайнаб турибдими, шунинг ўзи катта давлат” каби жумлаларда ҳам
миллийлик яққол намоён бўлади.
“– Агар, – дерди Ғафуржон ака эртакни айтиб бўлиб, – фиръавннинг ҳунари
бўлмаганда, шу гиламни бир кечада тўқимаганда соғ қолмасди. Ҳунарсиз одамнинг
ҳассасиз кўрдан фарқи йўқ” деркан, “Ҳунарли киши хор бўлмас”, “Ҳунар, ҳунардан
унар” ва ҳоказо халқ мақолларини ўз ўрнида қўллайди. Ёки: “– Жон-дилим билан
бердим, эскича айтганда: суяги бизники, эти сизники” гапидаги жараёнда ҳам
адиб фикрини баён қилишда бир неча сўзларнинг барқарор боғланишидан ҳосил
бўлган бирикмалардан унумли фойдаланади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ўлмас Умарбековнинг “Одам бўлиш
қийин” романи ўз бадиий қимматига эга асарлардан бири бўлиш билан бирга унда
барқарор бирликлар кенг ва халқона услубда қўллангани билан ҳам аҳамиятлидир.
Халқ мақоллари, ибратли сўзлар ва иборалар сингдириб юборилган мазкур асар
китобхоннинг миллий урф-одатларимиз ва ўзбекчилигимизга бўлган ҳурмати,
эътиборини оширади. Асрлар давомида сайқалланиб келаётган ўзбек тилимиздаги
гўзал иборалар, ибратли сўз ва мақоллар ўзбек адабиётини ҳамиша бойитиб
яшайверар экан, буларнинг барчаси миллий ўзлигимизни англаш, миллат руҳини
сақлаб қолиш, ўзбек тилининг чинакамига халқ дили кўзгусига айланишига хизмат
қилиб қолади.


Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil