Дилшода САИДОЛИМОВА – 1952 йилда туғилган. Самарқанд давлат педагогика
институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаган. “Сен менинг
қувончимсан”, “Қизлар”, “Кичкина аммам”, “Хаёлим гули”, “Урушдан қайтмаган
болалар” номли ҳикоя, қатра ва шеър тўпламлари нашрдан чиққан.
Булоқ суви қанчалар тоза, мусаффо. У тоғ бошидан ана шу сифатлари билан
пастга интилади. Лекин ҳамма вақт ҳам дарёга тиниқ етиб келолмайди. Йўлда
лойга қоришиб қолади.
Пинҳона изтироб қанчалик оғир бўлса, яширинча қувонч ҳам шунчалик оғир.
Етиш мумкин бўлмаган нарсага қўл чўзиш – сувдаги ойни қувлашдек гап.
Уруш – бамисоли битмай қолган яра. У тугагандан кейин ҳам узоқ йиллар
кўзлардан қонли ёш, юраклардан аччиқ фарёд отилиб туради.
Томирларида қон юриб турган ҳайкаллардан қўрқаман…
Уй остонадан – кашфиёт хаёлдан бошланади.
Олма пишиб етилгач, узиб олинмаса тўкилади, фикр ҳам.
Қайсидир яхши фазилатларимдан бири йўқолган экан, демак, менга яна бир
нуқсон илашган бўлади.
Ҳаёт – ечими номаълум мураккаб масала.
Баъзан ёнингда ўтириб, сенга қўшилиб йиғлашиб, дардлашиб туриб ҳам сени
тушунмайдилар.
Уч киши уч нарсани тез унутади: нодон душман кирдикорини, доно
дилғашликни, сергап айтган гапини…
Майхўр учун майдан гўзалроқ соҳибжамол, майдан улфатроқ дўст, майдан ўзга
душман йўқ.
Балиқ – сувсиз, инсон – умидсиз яшай олмайди.
Дунёни она, онани дунё яратади.
Ватанга муҳаббат туйғуси болаликдан бошланади. Дарахт шохларини
синдираётган, гулларни пайҳон қилаётган болаларга бепарво бўлманг. Улар онгида
туғилиб вояга етаётган шафқатсизлик, бағритошликнинг олдини олинг.
Қиз боланинг номуси ҳаётидан ҳам бебаҳо.
Ҳалоллик – туганмас хазина.
Дарёлар ўз йўлларини ўзгартириб турганлари сингари, авлодлар ҳам
дунёқарашларини янгилаб боради.
Ихтиролар тасодифан туғилади.
Қувонч ҳам, қайғу ҳам юрагимизда туғилиб, шунда ўсиб-унади. Лекин уларнинг
жасади ўзга юракларга кўмилади.
Сен бошқаларни кўзига оппоқ кўриняпман, деб ўйлама. Ҳар ким бисотида бор
ранга бўяб кўради сени.№ 6 2024 121
Учиб келган қушлар
Оқмаган сувда сассиқ алаф ўсади.
Маёқ бедорлиги туфайли ўзгалар йўлини ёритади.
Ижод қилиш, изтироб тўлатилган идишдан бир умрга дил чанқоғини қондириб
туришдир.
Зиналар… Сиздан тушиш бунчалар осон-а?! Суянчиқ ҳам керак эмас. Сирғалиб
ҳам тушиш мумкин ҳеч бўлмаганда. Қийинчиликнинг бари чиқишда!
Лоқайдлик – инсон табиатидаги ботқоқликдир.
Совуқ сўзли одам заҳарли илонга ўхшайди – одамлар иложи борича унга рўбарў
келмасликка уринишади.
Омад келишида тўсатдан кириб келса-да, кетишидан олдин ўз белгиларини
юборади.
Умр – узун тушдан иборат.
Қисмат майи тахир, шундай бўлса-да, қадаҳингга қуйилгач, ичмай иложинг йўқ.
Пушаймон шамолга ўхшайди. Ҳар эсганда кўнгилдаги нохуш хотиралар
тўзонини чангитиб, руҳингни қоронғи булут қоплайди.
Илҳом – кўнгилнинг сочларини ёйиб фарёд қилган ёки хандон отиб кулган
лаҳзаларидир.
Қабристон фақатгина марҳумлар дафн этиладиган азиз жой бўлмасдан,
тирикларни уйғоқликка чорловчи маскан ҳам.
Инсон ҳеч вақт қабристон ёнидан ўтаётиб ёмон хаёллар суролмайди, малъун
ниятларни кўнглига тугмайди. Ўлимнинг сирли қудратига таҳсин ўқийди киши.
Муҳаббатсиз турмуш қишли-қировли кунда ўт ёқилмаган уйга ўхшайди.122 Шарқ юлдузи
Баҳор жамики борлиққа тароват бахш этгани сингари, ёшлик инсон юрагига бир
умрга етгулик шижоат ва ғайрат бахш этади.
Нафратнинг бўлгани тузук, лекин у муҳаббатнинг жойига ўрнашиб олмаслиги
керак.
Хотирасиз инсон ҳаёти ўкинчлидир. Яхши-ёмон дамларни эсламай яшаш
ўлимдан ҳам даҳшатлидир.
Зебу зийнат шундай бир тор либоски, уни кийган кишининг танасига қалби
сиғмайди.
Баъзан шунчалик бепарво бўлиб кетамизки, девордаги соатнинг “чиқ-чиқ”и
ҳаётимиз аравакашининг “чуҳ-чух”и эканини эсдан чиқариб қўямиз.
Тешилган қайиқ ичидаги сувни қанча олиб ташласанг ҳам тугамайди. Инсон
баъзан ўзи йўл қўйган хатоларни бутун умр тузатолмайди.
Инсон кўнгли шундай бир сирли хилқатки, уни кашф этиб ҳам, изоҳлаб ҳам
бўлмайди. Уни идрок эта билмоқ лозим.
Ирсиятнинг метин қонунларини бузгувчи куч йўқ. Яратганнинг қудратига
таҳсинлар бўлсинки, етти авлоднинг қонини жамлаб, ажиб бир мўъжиза – инсонни
яратди.
Инсон улғая борган сари танасидаги тирик ҳужайралар сони тобора камая
боради. Унинг ақли камолга етганда юраги ортиқча ҳис-ҳаяжонлардан холи
бўлишининг боиси шу.
Мусиқа – инсон кўнглидаги нозик ҳис-туйғуларни бутун борлиғича ошкор
этишга қодир бўлган ягона ифода усули.
Армон инсоннинг камолга етмаган эзгу орзуларининг дилига дафн этилган
мажозий маънодаги қабридир.
Ўлим бу одамлар ҳаётига қўйилган сўнгги нуқта эмас!
Тириклар ҳаётининг ҳар бир лаҳзаси марҳумлар нафасининг давомидир.