Хуршида ҲАМРОҚУЛОВА – 1976 йилда туғилган. Наманган давлат университетининг
ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. У ХХ аср ўзбек ижодкорлари ҳаёти ва
ижодига бағишланган ўнлаб услубий қўлланмалар, юзга яқин илмий мақолалар муаллифи.
Ижодкор сифатида Дилшод Ражаб ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб
болалар адабиётига кириб келди. Ўтган давр мобайнида ўнлаб шеърий тўпламлари,
мактаб саҳнаси учун сценарийлари, мактаб дарсликлари ва қўлланмаларидан жой
олган шеърлари ва болалар ансамбли репертуаридан ўрин олган қўшиқлари билан
китобхонлар қалбидан жой олди. Адабиётшунос олим Эргаш Очилов ўзининг
“Катта ҳақиқатнинг кичик суратлари” мақоласида ҳақли равишда қайд этганидек,
“Истеъдод даражаси ва бадиий салмоғи жиҳатидан у Қудрат Ҳикмат, Турсунбой
Адашбоев, Анвар Обиджон, Сафар Барноев, Ҳамза Имонбердиевдек ўзининг
машҳур салафларига муносиб издош бўлиб” етишди.
Дилшод Ражаб шеърлари орасида “Деҳқон даласи” туркум шеърлари болани
меҳнатга ўргатиш, иш жараёни билан таништириш, шу билан баробар образлар
моҳиятини қисқа сатрларда ифодалаш ва тасаввурда қайта жонлантиришдек муҳим
топилмалари билан алоҳида аҳамиятга эга. Дилшод Ражабнинг “Кетмон”, “Ўроқ”,
“Хаскаш”, “Белкурак”, “Паншаҳа”, “Паншаҳанинг эътирози” каби шеърларда
яратилган бетакрор образлар узоқ вақт ўқувчи кўз олдидан кетмайди. Айниқса, “Дам
олинг” деб ёлвораётган Кетмон, “Кимнинг арпасини хом ўрдим” деб, чексиз “нега?”
сўроқлари остида қолаётган Ўроқ, иш тугагач, жимгина ёнбошлаётган Хаскаш
тасвири фикримиз далилидир. Бундай қуйма образлар “Паншаҳа”, “Хирмон” каби
шеърларида учрайди. Муаллиф “Паншаҳа” шеърида “Четда туриб паншаҳа, Ишни
беғам кузатар. Тайёр бўлган ғарамни Юқорига узатар” дея паншаҳага киноя қилар
экан, бу очиқ кинояни “Хирмон” шеърида яна ҳам бўрттиради:
Буғдой экди Кетмонбой,
Суғорди, ўғит берди.
Пишиб етилгач, уни
Ўроқбой ўриб берди.
Шу ўринда “Тайёрга айёр”, “Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир” каби
мақоллар Паншаҳага аталгандай туюлади.
Ижодкорнинг бошқа шеърларида ҳам мақоллар асосида муайян лавҳалар,
манзаралар яратганига гувоҳ бўламиз. Болаларни халқ оғзаки ижодидан баҳраманд
қилиш, уларни тарбиялаш маъносида халқ мақолларининг қиймати ўзгача.
Шоир ижодида мақолларга ишора қилинган асарлар кўплаб учрайди. Масалан,
“Мақоллар китоби” “Подшоҳнинг ишқи қурбақага тушибди”, “Яхши сўз билан
илон инидан чиқади”, “Арслон изидан қайтмайди”, “Туя ҳаммомни орзу қилибди”,
“Сичқон сиғмас инига ғалвир боғлар думига”, “Қуён боласини ботирим деб
мақтайди”, “Чумчуқ семириб ботмон бўлмас”, “Текинга мушук офтобга чиқмайди”,
“Айрилганни айиқ ер”, “Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас”
каби халқ мақолларидан фойдаланиб яратилган турли лавҳалар мавжуд. Улар
болада мақолда акс этган жонзотга қизиқишини ошириши шубҳасиз. Ўз навбатида,
бу мақоллар мумтоз бадииятимизга хос ирсоли масал санъатини юзага келтирган.
Аммо шеърда қиёмига етмаган айрим ўринлар, қофия талабининг бузилиши
билан боғлиқ бадииятга хос қусурлар унинг мукаммал асар даражасига олиб чиқа
олмаган. Бироқ ўзбек характери акс этган “Ўзбек” шеъри хусусида бундай фикрни
айта олмаймиз. Шоирнинг том маънодаги образ яратиш маҳорати мана шу асарда
бор басти билан намоён бўлган. Аввало шеър қўшма вазнда яратилган. Шу туфайли
ритмда ўзига мусиқий оҳанг сезилади. Ана шу оҳанг гоҳ пастлаб, гоҳ юқорилаб
ўзбекнинг меҳмондўстлиги, бағрикенглиги, меҳнаткашлиги, болажонлиги ҳақида
роз айтади:
Сиғмаса ҳам ўзи, дўстга
Жойи бор унинг.
Йўловчига бир пиёла
Чойи бор унинг.
Дилшод Ражаб эса ўзбекнинг бир қанча сифатларини вазн ва ўқувчи талаби
билан битта шеър доирасида ифодалай олди, шунга мос равишда уни кўтаринки
руҳ билан якунлайди:
Ўғил-қизи ёруғ юлдуз,
Ойи бор унинг.
Ўчмас изин босадиган
Тойи бор унинг.
Дўпписини кўкка отиб,
Шодланса арзир.
Ўзбекистон деган жаннат
Жойи бор унинг.
Услубий ўзига хослик ва шаклий ранг-баранглик. 2000 йиллар Дилшод
Ражаб ижодида тафаккурга туртки берадиган шаклий-услубий изланишлар даври
бўлди. Бу даврда шоир болалар шеъриятига илмий нуқтаи назар билан ёндашди.
Дилшод Ражаб болалар адабиёти вакиллари орасида ўз йўналишига эга, болалар
поэтик оламининг кашфиётчиси, болалар ҳайратидан ҳайрат улаша оладиган шоир
ҳисобланади.
Дилшод Ражабнинг сўз сеҳрига ошно этиш маҳорати “Сўз ўйини – зўр ўйин”
туркумида яққол намоён бўлган. Шоир ижодида бошқа ҳамкасбларида учрамаган
ҳолатга дуч келамиз. “Жумбоқ бола”, “Сўзбойловчи”, “Ҳарфларга ҳазил(лашма)”,
“Бош ҳарфи олинса”, “Эҳтиёт шарт” каби ўнлаб шеърларида сўз ишлатиш, сўздан
сўз чиқариш, боланинг нигоҳини атроф-муҳит билан боғлаш маҳоратини кузатиш
мумкин. Айниқса, “Сўз ўйини – зўр ўйин”, туркумида Дилшод Ражабнинг ўзгача
ижод йўли, услубий хосланганлик, тасвир ва ифодада шаклий ранг-баранглик
кузатилади. Туркумдаги шеърлар сарлавҳасининг муайян шартга асослангани,
жумбоққа мойиллиги бирдан эътиборни тортади. Тўғри, аввал ҳам, ҳозир ҳам
топишмоқ шаклидаги шеърлар кўп ёзилди. Аммо шоир тақдим қилган топшириқ
кутилмаган жавоблари билан қизиқарли. Бу турдаги шеърларни ўқиганда, бола
иккита ўхшашсиз нарсадан учинчи маъно топишга ундалиши унинг кейинги
ҳаётий кузатмаларида ҳам ўзига хос панорамани яратади.
Қор десанг, бобо дейди,
(қорбобо)
Муз билан қаймоқ ейди.
(музқаймоқ)
Тешикдан кулча кўрар,
(тешиккулча)
Атирни гулдай терар.
(атиргул)
Тошлик бақа бўлар дер,
(тошбақа)
Соат қумга тўлар дер.
(қумсоат)
Чечакни бой деб айтар,
(бойчечак)
Болтани ой деб айтар.
(ойболта)
Ўзи қандоқ бола бу,
Ажиб жумбоқ бола бу! (“Жумбоқ бола”)
Шеърнинг “Ўзи қандоқ бола бу, Ажиб жумбоқ бола бу” деб якунланишида ҳам
боланинг топқирлигига таҳсин ва ҳайрат мавжуд.
Одатда, “кўзбойловчи”, “кўзбойлагич” сўзларини ишлатамиз. Аммо шоир
“сўзбойловчи” атамасини ишлатиб, ҳам луғатни янги бир маъноли сўз билан
бойитди, ҳам бу сўзнинг сеҳрини яна бир бор намойиш этди. Шоир назарида, тилчи
сеҳргардир. Агар кўзбойлагич кўз ўнгингизда бирор нарсани бор ёки йўқ қила олса,
сўзбойлагич сўзларни турли шаклларда ифодалаб, сизнинг луғат бойлигингизга
янги сўзлар қўшади. Айни дамда сўз англатаётган маъно кўз олдингизга келади,
завқингиз ошади:
Сўз сеҳрли дейдилар,
Демак тилчи – сеҳргар.
“С” ўрнига “М” қўйса,
“Сеҳр” дўнар “меҳр”га.
“А”ни олиб бир зумда
“Аёз”ни “ёз” қилади.
“Оз” олдига “С” ёзиб,
Ажойиб “соз” қилади.
Учиради “қовоқ”ни
“Ари” қўйиб ёнига,
(Қовоқари)
Шоир “Ҳарфларга ҳазил(лашма)” шеърида сарлавҳага икки хил маъно
юклайди. Бир томондан, шеърни ҳазил деб тушуниш мумкин. Иккинчи томондан,
ҳарфлар билан ҳазиллашмаслик кераклиги, улардан пайдо бўлган сўз маъноси
ўқувчини зийрак ва ҳушёр бўлишга, бепарво қолмасликка ундайди.
“Нина”га “чи”ни қўшдим,(ниначи)
Учиб кетди пириллаб.
“Кит”дан “к”ни олувдим,
(ит)
Жаҳл қилди ириллаб.
“Тош”ин ташлаб тошбақа,
(бақа)
Тилга кирди “қур”иллаб.
“Бўр” билан “и”ни ёздим,
(бўри)
Қочинг энди зириллаб.
Шоир “Бош ҳарфи олинса” шеърида сўзларни бош ҳарфи олинганда маъно
ўзгаришига юз тутадиган “Той” осмонда “ой” бўлар. Улкан “туя” кичкина,
Қушларга ин, жой бўлар” каби мисралардан, “Эҳтиёт шарт” шеърида “Қоп”
турибди, “қўл” берсанг, “Қўлқоп” бўлар, керакли”; ёки “Зар” ўралса “печак”ка,
(зарпечак) Яшнамайди, сўлади” каби сўзларни қўшиб қўшма сўз ҳосил қилиш
билан маъно ўзгарадиган сўзларни танлаб ишлатади.
Адабиётшуносликда палиндром деган сўз ўйини мавжуд. Бунда
мисралардаги муайян сўзларни чаппа ўқиб ҳам маъно чиқариш мумкин бўлади.
Мумтоз шарқ адабиётшунослигида бу қалб деган санъат номи билан аталади.
Дилшод Ражаб мана шу усулда ҳам болаларбоп асар яратиш мумкинлигини
исботлади. Унинг “Тескари ўқилганда” деб аталадиган шеъри бошдан-охир
палиндромга асосланган.
“Қўй”ни терс ўқисанг,
“Йўқ” бўлиб қолар.
“Зоғ” бирдан “ғоз” бўлиб,
Ғўддайиб олар.
“Кит” эса “тик” ҳолда
Сузади секин.
“Кийик” ва “кучук”чи,
Ўзгармас лекин.
Қай ёндан ўқисанг,
Бир хил “қудуқ” ҳам.
Қизиғ-а, ўзгармас,
Ўзи “қизиқ” ҳам.
“Ёзув ёвуз бўлмасин” шеъри сўз ҳарфларининг ўзгариши билан маъноси
ўзгарадиган сўзларга бағишланган.
“Қ” ўрнига “Ф” ёзсанг,
“Қил”дан “Фил” пайдо бўлар.
“Гадо”нинг боши кетса,
Албатта “адо” бўлар.
Ҳазилнамо ёзилган бу шеър “Ҳарфларни чалкаштириб, Гапни пойма-пой қилма”
деган уқтириш билан якун топади. Умуман, Дилшод Ражаб “Сўз ўйини – зўр ўйин”
туркуми билан ижодда янги бир йўналишни бошлади. Тўғри, Кавсар Турдиева
ижодида ҳам сўз ўйинларига асосланган мисралар мавжуд, аммо Дилшод Ражаб
сўз ўйинлари воситасида янги маъно қирраларини бера олди. Шу тариқа махсус
“сўзбойлагич”ларнинг шаклланишига имконият яратилди.
Ҳар бир ижодкор ўзига хос овоз, йўналиш, иқтидор эгаси ҳисобланади. Дилшод
Ражабнинг “Мусаввирнинг шеърлари” туркумида шоирнинг бошқа шоирлар
ижодида кузатилмаган турли шаклий қурилмаларга бой шеърлар учрайди. Шоир
шеър хулосасида муайян шаклларни илова қилади. Бу шаклни ифодаловчи сўз
шеърнинг охирги мисрасида берилади. Ўқувчининг нигоҳи аввал шаклга тушади.
Унинг нима эканлигини аниқ билиш учун шеърни ўқишга тутинади. Бу худди
аввал матнга ишланган расмдан бирламчи хулоса чиқариб, сўнг матнни ўқиб қайта
нигоҳ билан расмни қайта кашф қилишдек гап. “Танбеҳ”, “Спорт майдонида”,
“Миннатдорчилик”, “Топишмоқ шеър”, “Гувоҳ” каби шеърларда мана шу ҳол
кузатилади.
Бу тоққа яхшилаб боқ,
Нега унинг боши ОҚ?
Диққат қилсанг топасан,
Кийган у ОППОҚ ҚАЛПОҚ.
Қ | |
О | А |
П | Л |
П | П |
О | О |
Қ | Қ |
Дилшод Ражаб шу усулни сақлаб қолиб, болаларга хос топишмоқли манзара
яратади. Шу тариқа тўққиз бандли шеърда қалдирғоч, илон, кенгуру, олмахон,
тошбақа, хўроз, товус, қуён каби жонзотлар ҳақида билим ҳосил қилинади.
Шеърнинг якунида Шерзоджон буларнинг барини китобдан ўрганганини алоҳида
эътироф этади:
– Қайдан билдинг бу саволлар жавобин?
– Қўлимдадир,
дада,
доим китобим!
Муаллиф бола ҳаётининг дастлабки паллаларидан бошлаб, китоб унинг
доимий ҳамроҳи бўлишига ишора қиладики, бу ҳол “Китоб” шеърида яна ҳам аниқ
кўринади.
Дилшод Ражаб ижодида халқона оҳангда яратилган, “Бахши бола – яхши бола”
туркуми алоҳида ўринга эга. Асар сарлавҳасиёқ китобхонни дўмбира садоларига,
кичик Алпомиш ёхуд Равшанбек саргузаштларига ошно қилади. Туркум халқ
достонлари йўлида яратилган. Туркумни ўқиш давомида китобхон бахши бола
қўшиқлари жўрлигида баҳор фаслини кезаётгандай, Наврўз ўланларига қулоқ
тутаётгандай бўлади. Одатда, баҳор фасли келганда бутун мавжудот уйғонади.
Туркум “Алқисса бахши бола, одоб-хулқи яхши бола, сўзлари дил нақши бола, қўлга
олиб созини, янгратиб овозини, шундай баён этибди, завқию дил розини” деган
ўйноқи жумлалар билан бошланади. Шундан сўнг Бахши бола ўзини китобхонга
таништиради:
Ўзбек ўғли бўламан,
Кичик бекман, тўраман!
Элим айтган ўланга
Жўр бўламан, жўраман.
Орзудан қанотим бор,
Дил тўла баётим бор.
Элимдан айтар бўлсам,
Тилимда новвотим бор.
Терма давомида элининг сахий ва тантилиги, юртининг бойлигини мадҳ этаётган
бола бизнинг бугунги авлодимиз, эртамиз, келажагимиз эканлигидан фахрланамиз:
Бағри қуёш, ой бу эл,
Яхшиликка бой бу эл,
Кафти очил дастурхон,
Сахий, ҳотамтой бу эл.
Қалби қайнар хумчадай,
Завқи қайнаб тинмагай.
Атойи Худо, дея,
Меҳмонларни сийлагай.
Бахши боланинг ўзини таъриф этган ўринлари етти бўғинли енгил ва ўйноқи
мисралар билан ифода этилиши, таърифларда ўрни билан халқ эртакларига ишора
қилиниши (“очил дастурхон”, “қайнар хумча” каби), мисраларда қофияларнинг
изчиллиги, шунингдек, бахши боланинг савияси ва сажиясини кўрсата олишида
ижодкор маҳорати ҳам намоён бўлган. Туркумда “Наврўзи олам келди” сарлавҳаси
билан учта шеър ҳам берилган. Бу шеърлар бахши бола томонидан куйланаётган
қўшиқ эканлигини, мантиқан бир-бирининг давоми эканлигини пайқаш мумкин.
Шеърдаги асосий ғоя
Ватан – обод макондир,
Эркин, озод замондир.
Элим омон-омондир,
Йўлим қуёш томондир, –
деган мисраларда бўртиб кўринган.
Хотирага осон ўрнашади
Шоир яратган образлар гўзал лавҳа ва манзараларга бой. Жилғанинг чулдираб
чопиши, лоланинг ловуллаб ёниши, шўх елларга соч чайган болалар тасвири, шоир
айтмоқчи, “эртакда ҳам топилмас” манзаралар, бахши бола билан бирга:
Наврўзи олам келди,
Бахтимиз чаман келди.
Элга ҳам байрам келди,
Дилга ҳам байрам келди! –
деб куйлайдиган паллалардир.
Туркумда бошдан-оёқ тарзи акс санъатига асосланган “Ёмонлик ҳақида” деб
номланган шеър ҳам ўрин олган. “Бахши боладан яхши ва ёмон ҳақида айтиб
беришни сўрашганда, у бироз жим қолиб, узоқларга назар солиб, ота-бобоси
айтганларни ёдга олиб шундай дебди:
То замину замон бор, яхши билан ёмон бор,
Яхши билан ёмон бор, то замину замон бор”.
Баҳорий манзаралар, енгил кайфият уйғотувчи шеърлардан сўнг бу қисмнинг
берилиши ўқувчини бирдан хушёр торттиради. Маълум бўладики, бахши бола
ёмонлик ҳақида фикр айта туриб яхшиликнинг қадрини кўтаради.
Яхшига эҳтиром бор, эл дилида, тилида,
Эл дилида, тилида яхшига эҳтиром бор.
Болалар ижодкорлари учун Ватан бош мавзу ҳисобланади. Албатта, Ватанга
муҳаббат ҳиссини уйғотишда сўз сеҳрининг, болаларга аталган шеърларнинг
айрича ўрнини таъкидлаш керак. Дилшод Ражаб ижодида ўнлаб шеърлар Ватан,
унинг мадҳи, ўлканинг фусункор табиати, юрт гўзаллигидан ҳайрат ҳисси,
фасллар ва уларнинг ажабтовур хусусиятларига бағишланган. “Юрт мадҳи”, “Она
юрт”, “Оромгоҳ мадҳияси”, “Бизники”, “Шаҳардан хат” каби асарларида ўлканинг
бор жамоли, миллат кишиларига хос тантилик, бағрикенглик, очиқкўнгиллик каби
фазилатлар ифтихор билан куйланган. Шоир “Юрт мадҳи” шеърида “Юртимизни
айландик, Мақтовга сўз сайладик” деб бошлар экан, ҳар бир шаҳар ва вилоятни
ўша ернинг ўзига хослигидан келиб чиқиб таърифлайди. Бу таъриф баландпарвоз
гаплардан иборат эмас. Юрт оддий ва самимий мадҳ этилгани учун ҳам қулоққа
ёқимли эшитилади, хотирага осон ўрнашади.
Тошкент асли бош шаҳар,
Бағри нур – қуёш шаҳар.
Шоирнинг Ватан мадҳини ўзида акс эттирган “Она юрт”, “Туғилган юрт”, “Юрт
байроғи”, “Туғилган жой”, “Ўзбек” каби ўнлаб шеърларида юртга бўлган муҳаббат,
садоқат, муносиб фарзанд бўлишга интилиш бўртиб туради.
Осмонида офтоб, ой,
Бошига қўнган ҳумой.
Дунёда энг гўзал жой,
Ўзбекистон она юрт.
(“Она юрт”)
Дилшод Ражабнинг “Туғилган юрт” шеърида Ватан образи гўзал ташбеҳлар
билан ифодаланган. Шоир “Қадам боссам йўллари, Елка тутар мард бўлиб, Чангғубори қошимга, Қўнар тилло гард бўлиб” ёки “Яшнайди боғ-роғлари, Элнинг
манглай теридан. Далалари кенг бирам, Одамларин феълидай” дер экан она
заминнинг мунис қиёфасини чизади. Шунинг учун!
Кўрдим не макон-маъво,
Унга ишқим бошқача.
Бағрида ётсам ҳатто,
Кўрган тушим бошқача, –
деган иқрорида муболаға йўқлигига ишонтиради. Ҳар бир банддан сўнг
такрорланаётган “Шу ер менга Ватандир” таъкиди ҳар бир инсонни туғилиб ўсган
ери ҳақида чуқурроқ ўйлашга мажбур қилади.
Ватан мавзуси миллат мавзусига уланади. Дилшод Ражаб ижодида миллат
тушунчаси ўзининг оҳорли қадриятлари билан бирга тараннум этилади. Шоирнинг
“Ўзбек” шеъри бу борадаги фикримизни тасдиқлайди.
Ўғил-қизи ёруғ юлдуз,
Ойи бор унинг.
Ўчмас изин босадиган
Тойи бор унинг.
Дўпписини кўкка отиб,
Шодланса арзир.
Ўзбекистон деган жаннат
Жойи бор унинг.
(“Ўзбек”)
Шоир шеърларининг қўшиқларга айланиб кетиши ҳам юртнинг содда ва
самимий таърифи, болаларга хос тафаккур ва тасаввурнинг бадиий акси, шеърнинг
равон ва енгил ўқилиши, шеър ритмининг барқарорлиги билан белгиланади.
Дилшод Ражаб ижодида фасллар, уларнинг ўзига хос кўриниши, табиат
ҳодисалари ҳақида кўп асарлар ёзди. Улар орасида тўрт фаслнинг тароватини
ўзида ифодаланган гўзал лавҳалар ҳам бисёр. Шоир асарлари орасида куз фасли
ўзгача тараннум этилган. Унда табиатнинг сирли-сеҳрли манзарасидан тасвиридан
табиат ва жамият ҳақидаги фалсафий мушоҳадаларигача акс этган. Шоирнинг
“Куз” шеъри фикримизни тасдиқлайди.
Кузак юриш
Бошлади.
Яъни, уруш
Бошлади.
Шоир “Сарғайиб сўлди, Кўплаб Ям-яшил баргу Ўтлар” деб таърифлар экан,
кўз олдимизда мунгли ва ҳасратли хазон фасли гавдаланади. Ҳатто кейинги
ўринларда “Ўриклар ол япроғин Яъни, қизил Байроғин. Ерга ташлади Бир-бир,
Кузакка бўлиб Асир” мисралари кузак ҳақида илиқ тасаввур бермайди. Аммо
муаллиф яратган Кузак кутилмаганда табиатнинг ана шундай сўлғин манзарасига
хос бўлмаган “жиддий” ишларни амалга оширади. Куз келди эмас, “Кузак юриш
бошлади” дейилиши фаслнинг шиддати, бу даврдаги табиат ҳодисалари билан
боғлиқ тезлик, иш жараёнининг ҳам шу шиддат билан ҳамоҳанглиги сезилиб
туради.
“Сўнгги япроқ” шеъри эса “Куз шеърининг мантиқий давоми, фаслнинг ниҳояси
ҳисобланади. Шоир бу шеърида ҳам аввалги шеърида кузатилган ритмни, оҳангни
сақлаб қолган. Тасвирдан кузнинг энг охирги кунлари аён бўлади:
Дарахтнинг бир
Бутоғи,
Тутиб турар
Япроқни.
Қўлларида
Авайлаб,
Ногоҳ келар ел
Пойлаб.
Тортқилай бошлар
Юлқиб,
Дарахт қалтирар
Дир-дир.
Япроқ – кузнинг охирги лаҳзаларидан дарак берувчи деталь образ. Япроқни
авайлаб тутиб турган дарахт бутоғига елни қарши қўйиб, бу оддий табиат ҳодисасига
шоирона баҳо берилиши ҳусни таълил санъатини юзага чиқарган.
Шеър давомида бир қатор ташбеҳ, ҳусни таълил, муболаға, ташхис каби
санъатлардан ўқувчи баҳра олади. Хусусан, “хандон” пистанинг “Боғнинг қувноқ
қизлари”, “иболи” гилоснинг чўғдай қизариши, “одобли” токнинг эгилиб узум
тутиши, анорнинг паридай ёйилиб кулиши тасвирлари ўқувчига завқ бағишлайди.
Дилшод Ражаб ижодида қиш фаслига бағишланган асарлар катта салмоққа
эга. Шоир ижодида “Қор алёри”, “Қиш манзаралари”, “Қорбобога савол”, “Қиш
ташбеҳлари”, “Қорқизга олқиш”, “Қор”, “Қиш лавҳалари”, “Қишга”, “Қалин
дўст”, “Қишки боғ”, “Қишки юриш”, “Қишки сафар”, “Арча”, “Хулоса” каби сара
шеърларини ажратиб кўрсатиш мумкин.
Осмон қорни элади,
Ерни оққа белади.
Худди юмшоқ пар тўшак,
Думалагинг келади.
(“Қор алёри”)
Истиқлол даври ўзбек болалар адабиёти бола руҳиятини ўрганиш маъносида
бола оламига чуқурроқ кириб борди. Қуруқ насиҳат, тарғибот ва ташвиқот ўрнида
янги қаҳрамонни кашф этиш, бола қаҳрамоннинг ички дунёсини тафтиш қилиш,
табиат ҳодисаларини бола нигоҳи билан кузатиш, ундан ўзига хос хулосалар чиқара
олишдек тамойиллар пайдо бўла бошлади.
Шоир қиш лавҳаларига аталган шеърларининг ҳар бирида қишнинг муайян
ҳолатига урғу беради. Бу ҳолни “Қиш ташбеҳлари” шеърида ҳам кузатиш мумкин.
Қиш лавҳалари мисрадан мисрага гўзал ташбеҳлар билан бойиб боради. Кўз
ўнгимизда қор кийган арча – оқ қалпоққа, ялтироқ шох-шаббалар – жез тароққа,
муз қотган ариқчалар – зар белбоққа, сумалаклар қандилга, ўз навбатида қандиллар –
муз чироққа, феъли совуқ изғирин – Уртўқмоққа ўхшатилиши билан қиш тақдим
қилган манзара бор жозибаси билан намоён бўлади.
Ижодкорнинг “Йўлим қуёш томонда” шеърий китобига “Энг буюк бойлик”,
“Тошнинг боши “Т” тўғрисида эртак”, “Ўғрининг қисмати”, “Куч бирликда”, “Ўн
ўртоқ. Санаб боқ” каби эртаклари киритилган. “Энг буюк бойлик эртагининг
етакчи ғояси сарлавҳасида таъкидланганидай ақлу одоб, ор-номус инсон
кўрки бўлишининг бадиий талқинига бағишланган бўлса, “Тошнинг боши “Т”
тўғрисида эртак”да ақли ва тадбиркорлиги билан тулкидан омон қолган тош
ҳикояси келтирилган. “Ўғрининг қисмати”да Сичқон қандай қилиб Кўрсичқонга
айланиб қолганлиги ҳикоя қилинган бўлса, “Куч бирликда”, “Ўн ўртоқ. Санаб
боқ” эртакларида аҳиллик, дўстлик, бирдамлик улуғланади. “Бу эртаклар орасида
бадиий жиҳатдан пишиқ, тасвирга бой, қувноқ юмор ҳисси билан йўғрилган “Ўн
ўртоқ. Санаб боқ” эртагини ажратиб кўрсатиш мумкин. Муаллиф эртакларида
рақамларни ажратиб кўрсатиш, улар саноғига урғу бериш билан боғлиқ жиҳатлар
борки, бу кичик ёшдаги болалар китобхонлигида муҳим ўрин тутади. Умуман,
муаллифнинг рақамлар иштирок этган бир қанча шеърлари ҳам бор. Уларнинг
ҳаммаси бола тафаккурини чархлаш учун хизмат қилган. “Ўн ўртоқ” эртагида
дўст излаб йўлга чиққан Қўзичоққа Улоқча (“У ҳам зериккан чоғи, Ё толиққан
оёғи, Қўзичоқни кўрдию, Шарт ўрнидан турди у”), Бўталоқ (“Ҳаваси келди бирам,
Деди: “Мен ҳам сиз билан Майлими борсам бирга? Ёлғиз юрибман қирда”),
Бузоқ (“Дедилар: “Дўст бўл бизга, Қўшилгил сафимизга!” Ўйлаб ўтирмай узоқ,
Таклифга кўнди бузоқ”), Тойчоқ (Деди: Қилмасдан хафа, мени ҳам қўшинг сафга”),
Лайча (“Мен ҳам дўст бўлай сизга, Олсангиз сафингизга”), Мушук (“Деди: Миёв.
Тўхтанглар, Мени ташлаб кетманглар”), Хўтикча (“Хўтикча хўп шод бўлди,
Уларга ҳамроҳ бўлди”), Қуён (“Илтимос қилиб аста, Ҳамкор бўлди бир пасда”),
Эшжон (“Бари тўққизта ўртоқ, Ортиб қолди бир бармоқ, “Деди: Ўнинчи ўзим,
Барчангиз менинг дўстим”) кабилар ҳамроҳ бўлишди. Бу худди “Сусамбил”
эртагига ўхшайди. Эсингизда бўлса, бу эртак қаҳрамонлари тинч гўша истаб йўлга
тушган эдилар. Ундан фарқли ўлароқ “Ўн ўртоқ”да дўст излаб йўлга тушишади.
Эртак кичик ёшдаги болалар учун махсус ёзилган. Унда ҳар бир қаҳрамон
қўшилганда саноққа муҳрланиб бораверади. Масалан, Эшжоннинг қўзичоғи аввал
бир (1) ўзи эди. Улоқча билан иккита бўлди: “Энди икки (2) дўст бирга Юрдилар
қия қирга” ёки Бўталоқнинг Қўзичоқ ва Улоқчага қўшилиши билан “Кейин қўл
бериб қўлга, Уч (3) дўст тушдилар йўлга”, каби мисраларида саноқларга эътибор
қаратилганини кўриш мумкин. Шоир ўн ўртоқни ўн бармоқдай аҳил бўлишини
истайди. Эртак болаларни ўзаро аҳил бўлишга чорлаш билан якунланади.
Болалар адабиётининг жонкуяр тадқиқотчиси ва фаол ижодкори Дилшод Ражаб
бугун ўзбек болалар адабиётида ўз ўрни, ўз услуби ва овозига эга ижодкордир.
Шоир шеърияти болалар адабиётининг бугунги қиёфасини белгилаб беришда
муҳим аҳамиятга эга.