Нуриддин ЭГАМОВ – 1975 йилда туғилган. Қарши давлат университетининг
ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. “Китоб кўтарган одам” (назм, наср,
публицистика) номли китоби чоп этилган.
Пора ва “чора”
Идорада бир ходим пора билан қўлга тушди. Бошлиқ шу масалани муҳокома
қилиш учун фавқулодда мажлис чақирди.
Кимдир мажлисдан чиққанлардан сўради:
– Хўш, “Коррупция – ёмон иллат, шу жирканч иш бизнинг идорамизга
ярашадими, қани инсоф, қани маънавият”, дедими бошлиқ?
– Йўқ, – деди ходимлардан бири. – Бизнинг бошлиқ ундай майдалаб ўтирадиган
одам эмас.
– Унда нима деди?
– “Эҳтиёт бўлинглар”, деди…
Капалак
Дўкондан зил-замбил сумкаларни кўтариб чиқди-ю, йўлак четида ўйланиб
туриб қолди. Телефони орқали пластик картасида қолган пулни текширди. Уфф…
Аранг иккитага етадиган пул қопти… Кўзи фаввора ёнидаги гулзорда учиб юрган
капалакка тушди-ю, бижилдоқ қизалоғининг эрталабки илтимосини эслади:
“Дадажон, менинг туғилган кунимни нишонламанг, майли, меҳмонлар ҳам, торт
ҳам керакмас. Фақат… китоб обкелинг. “Атлас кийган капалак” деган шеър китоб!
Нозимага дадаси обберипти. Расмлари, шеърлари бирам чиройли. Кўп китоб
ўқисам, танловда қатнашиб, сизга “Спарк” обберардим…”
Бош қашиди. Боя дўконда сўровди. Ўн тўрт минг сўм экан. Тавба, кафтдеккина
китобча ҳам шунча қиммат бўладими? Бир хиёл супермаркетнинг “Китоблар”
бўлимига қайтмоқчи бўлди. Бозорлик тўрваларини кўтариб туриб, иккиланиб
туриб қолди. “Барибир китобга пул етмайди… Бугун кичкинанинг туғилган кунига
божаларим, қайниларим келади… Иккитамас, битта олсам, балки китобгаям пул
қолар?.. Ёш бола нарса шундоқ қиммат китобни нима қилади ўзи?.. ”
Охири бир қарорга келди, шекилли, шахд билан рўпарадаги дўконга кириб
кетди. “Пластик”ни пештахтага қўйиб, сотувчига буюрди:
– Иккита бир литрлигидан!..
“Ана, Рисолатнинг эри…”
Беш йил аввал…
“Дадаси, ана, чопиққа чиқма, дейсиз, кеча Жума фермер уч юз минг сўм берди.
Шу пулга иккита қўзи олиб боқмоқчиман. Кузда сотсам, пулини шифернинг пулига
қўшиб қўяман. Яна қирқта жўжа ҳам очирдим. Бу ёқда сигиримиз туғади яқинда…
Бу йил Худо хоҳласа, томни ёпиб олармиз. Чакканинг тагида қишламаймиз энди…
Худога минг шукур. Кимдан камимиз бор? Ана, Рисолатнинг эри…”
Уч йил аввал…
“Олий маълумотлиман, домулламан, деб кўкрак кериб юраверсангиз, биров
бир сўм берадими? Бир миллион сўм ойлигингизга рўзғор ўтмайди-ю, орттириб
бўларканми? Ана, Рисолатнинг эри у ёқда икки йил ишлаб, участкасини қаср
қилиб олди. Эртадан кейин қайнингиз Питерга кетаяпти. “Поччамниям менга
қўшиб юборинг, йўл пули мендан”, – дейди. Ҳатто жигарингиз ҳам бундай яхшилик
қилолмайди. Гап шу! Кетасиз, дедимми, кетасиз! Менинг ҳам қанчадан-қанча орзуҳавасим бор…”
Бир йил аввал…
“Алло! Қанча жўнатдингиз? Беш юз доллар ҳам пулми? Ана, Рисолатнинг эри…
Э-э-э, мен билмайман, йиғиштиринг баҳонани… Ўтган ойнинг пулими? Ҳа, тилла
“тросс” олдим. Жума фермернинг хотинидан кам жойим борми?”
Олти ой аввал…
“Нима, мен далага, чопиққа чиқаманми? Мен-а? Ковушимнинг пулини
берадими? Нима, қайтяпсиз? Шундай ишни ташлаб-а? Бу ёқда нима бор? Яна
юрасиз-да фермернинг ерида судралиб… Нима, “йиқилдим”, “оёғим қайрилди”?
Нимага йиқиласиз? Бу ёқда қизингизнинг тўйи бўлай деб турипти… Шунинг учун
уйга чопиб келиш шартми? Ўша ерда даволанаверинг… Ана, Рисолатнинг эри…”
Кеча…
“Ука, нималар деяяпсан? Нима бўлди поччангга? Қандай тушиб кетади? Алло,
алло… Иккинчи қаватдан?! Синди? Оёқми? Кўзларингга қарасанглар бўлмайдими?
Э-э-э, эркак кишиям шундай латта бўладими? Тузукмилар?! Иш жойидан товон
пули беришарканми? Нимага энди… Ана, Рисолатнинг эри…”
Масала
– Ая, – дея ўғли китобини кўтариб, сериал кўраётган онасининг олдига келди. –
Масалам…
– Ўчириб тур, – ўғлини жеркиб солган она кўзларини экрандан узмасдан
қулоқларига қистирилган телефонига шанғиллади: – Кўрдингми, Шаххи, тўғри
қилди ёлғон айтиб… Айтувдим-ку буям эрига қасдма-қасд хиёнат қилади деб…
Ажаб қилди…
Ўғил телефон титкилаётган отанинг тепасига борди:
– Дада…
Ота бошини ҳам кўтармасдан қўл силтади. Митти экранда куннинг энг муҳим
воқеалари тасвирлари ўта бошлади: Японияда зилзила, АҚШда довул, Индонезияда
вулқон, Афғонистонда портлаш…
Масала яна ечилмади.
“Алкимёгар”
ёхуд ким қандай хулоса чиқаради?
– Алло, дадаси, қачон қайтасиз?
– Ҳа, нима, ош қилувдингми?
– Ош қайда, нонқовурдоқни музлаткичга қўйдим. Иситиб ерсиз. Мен Меҳри
дугонамникига гапга кетяпман.
– Яхши бориб кел. Навбатчиман, кеч бораман.
– “Яхши бориб кел”, эмиш. Пулсиз қандай бораман? Эллик мингдан йиғишади.
Эрталаб сиздан обқоламан, девдим, эсимдан чиқибди…
– Бўлмаса, бундоқ қиласан. Менинг жавонимдан устига “Алкимёгар” деб
ёзилган китобни оласан… Китобларимни тит-пит қилиб ташлама тағин…
– Билганингиз китоб-китоб… Шу тобда китобингизни пишириб ейманми?
Ундан кўра пул қайси киссангизда, шуни айтинг…
– “Берди” сини айтгунча гапни белига тепма-да. Олдингми?
– Нима дедингиз, “Афсунгар”ми?
– “Алкимёгар” , дедим, ўқимаган… Энди варақла…
– Уффф! Кеч бўпкетди-ку…
– Қимирла. Эллик олтинчи бетини оч…
– Ҳозир… Ҳозир… Ордона… Мана, очаяпман… Ие, бўлди-бўлди, раҳмат,
барака топинг, дадаси… Айтувдингиз-а, ҳар замонда кисса ўрнига китоб титкилаб
турган одам кам бўлмайди, деб…