Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Ёнғин

Нормурод НОРҚОБИЛОВ – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият
ходими. 1953 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ)
журналистика факультетини тугатган. “Унутилган қўшиқ”, “Юзма-юз”, “Сариқ
гул”, “Темур ғори”,“Бекатдаги оқ уйча” каби ҳикоя ва қиссалар тўпламлари, “Дашту
далаларда”, “Қорақуюн” каби романлари нашр этилган.

Танасига чирмашган ўтдан алангага айланган улкан Боботерак узумзор устига
бор бўйича гурсиллаб қулаб тушганида, ўтни тезроқ учириш ўйида ошиқиб
келаётган қишлоқ аҳли наздида оламни жаҳаннам оташи қучгандай бўлди – ўтли
дарахтдан чор тарафга сочилган чўғу аланга нафақат заминни, балки фалакни ҳам
ёндириб юборадигандек эди.
Олов тафтига бардош беролмай ортга чекинганлар ўзига хос ғаройиб бир
синоатни – алангага эврилган Боботерак ўзининг ўтли шоху бутоқлари билан
токзорни янада кенгроқ қамрашга уринаётганини пайқашмас, боиси, тунги
кутилмаган ёнғин барчани довдиратиб қўйганди. Бунинг устига, кўпчиликнинг
диққат-эътибори токзордаги алангадан ҳам кўра, томи гуриллаб ёнаётган оқиш
бинога қаратилган эди. Кимдир ёнғинни ўчирмоққа уринар, кимдир, аксинча, худди
четдан мадад кутаётгандек, томошабинга айланган эди.
Токзорга узала тушган аланга ўтли панжаларини ҳар томонга чўзганча, яшил
япроқларни аёвсиз равишда ямлар, тўла пишиб етилган узум бошлари ўтда
писиллаб-тисиллаб тутдай тўкиларди. Қисқаси, Боботерак токзорнинг кулини
кўкка совурмоққа азм қилгандек аланга тимсолида қутурар, яъники, ёнмоғу
ёндирмоқ учун яралгану, эндиликда зиммасидаги ушбу вазифани бекам-кўст адо
этмоқ учун жон-жаҳди билан тиришаётгандай эди. Аслида ҳам шу – теваракдаги
воқеа-ҳодисалардан азалдан Боботеракнинг ичи тутаб келаётганди. Ва оқибатда,
арзимаган ўтдан алангага айланиб қўя қолганди.
Ёнғинга шомдан сўнг оқиш бино эшигидан аламзада кайфиятда чиқиб келган
Тўра узун сабабчи бўлган, яъни, жаҳлу зарда билан четга итқитилган ярим чекилган
сигарети қолдиғидан йўлак бўйидаги хас-хашаклар секин-аста туташиб, юзага
келган аланга оқиш бино биқинидаги Боботерак пойига чиппа ёпиша қолганди.
Боботерак кекса – ичи қуриб, пўсти пўкиллаб, куни битай деб қолган азим дарахт
эмасми, танасига оғули илондек чирмашган ўтдан заррача ҳам чўчимаган, қайтага
қуйида ястаниб ётган токзордан ўч олмоққа имкон туғилганидан ўзида йўқ қувониб
кетганди.
Бу пайтда Тўра узун кулбасида ғамга чўмиб ўтирарди.
У амакиваччаси Зокир қорадан аламда эди. Ахир қандайдир ёт-бегона эмас,
яқин хеши унинг устидан айбнома битиб, эл-юртда шарманда қилиб ўтирибди-да.
У чой ҳўплаб, дам-бадам манглай қашлаб, ўша куни юз берган воқеани кўз олдига
келтирганча, қайта ва қайта мушоҳада этишга уринарди. Ўша куни тушга яқин Зокир
қора хийла кайф ҳолатда йўлини тўсиб, кеча Орол узуннинг тўйида пиёламдаги
ароққа сув қўшиб, дўст-душман олдида роса устимдан ҳиринглаб кулибсиз, дея
тўсатдан тирғалганди. Ҳолбуки, у амакиваччасининг ароғига сув қўшиб, устидан
кулиш нари турсин, уйига қай аҳволда етиб келганини ҳам тузукроқ эслай олмасди.
Шунга кўра, ўзини оқлашга уриниб, қаршисида хўмрайиб турган хешининг соқол
босган афтига, қизарган кўзларига боқаркан, гапи якунида, вой-бўй, шунинг
нимасига ўпка-гина қиласан, кейинги сафар сен куларсан устимдан, дея жилмайган
кўйи уни туртган. Ана шунда сира кутилмаган ҳол юз берган – ўзидан бир неча
ёш кичик амакиваччаси жеркиб, уни илкис итариб ташлаган. Бу қилиғидан Тўра
узуннинг миясига қон тепиб, қўлидаги токқайчи сирти билан хешининг яғринига
боплаб туширганини ўзи ҳам сезмай қолган. Ва кейин жанжалга аёллар аралашиб,
бу иш Ҳайдар нозиргача етиб борган.
Ҳайдар нозир зоҳиран ўта жиддий эса-да, одамийлиги устун, айбдор шахсга
дарров чора кўришга ошиқавермайди; кўпинча муоммани иссиғида, ими-жимида
ҳал этишга уринади, мабодо вазият чатоқроқ бўлса, айбдорни идорасига –
қишлоқдан, чамаси, икки юз метрча узоқликда, яъники, токзор бўйида жойлашган
оқиш бинога бошлаб боради-да, қамоқни назарда тутган ҳолда, ҳар икки гапининг
бирида: “Тиқиб юбораман, тиқтириб юбораман!” дея дўқ-пўписа қилишни
бошлайди. Қишлоқчилик эмасми, ҳудуд нозирининг қонуний ҳақ-ҳуқуқи нечоғлик
эканлигини ҳамма ҳам билавермайди, ҳукумат одами – ғашига тегсанг, шартта
тиқиб юборишдан тоймайди, деб ўйлашади. Бу орада Ҳайдар нозир дағдағасини
адоқлаб, қарши томоннинг айбномаси солинган стол устидаги елим жилдга бармоқ
нуқиб, сен ярамасни нима қилишим лозимлигини ўйлаб олишим керак, деган
маънода, чиқиб тур, сўнг ўзим чақираман, дейди. Унинг кенг бўлмасидан пати
юлинган товуқдай қўнишиб чиққан айбдор Боботерак пойига чўкади – овлоқ жойда, аламдан кўзёши тўкса-да, биров кўрмайди.
Ҳайдар нозир ҳамиша ҳам айбдорни бўлмасига қайта чорлавермайди, доимо
ёнида олиб юрадиган қорамтир жилдли папкасини қўлтиғига қисганча ичкаридан
ўзи чиқиб келади. Залварли оғоч эшикни қулфлаш асносида теваракка тезгина
назар ташлайди-да, сўнг оқиш-кўкиш тусдаги тошлардан ярим тўгарак шаклда
кўтарилган зиналарни бир-бир босганча қуйига энади, шовурини эшитиши ҳамон
қошида пайдо бўлган айбдорга дўқли, буйруқомуз овозда дейди: “Бугунча уйингда
қилт этмай ўтира тур, масалангни эртан ҳал этамиз!” Кейин қишлоқ томонга
юзланган кўйи, иддаоли оҳангда қуйидаги гапни ирод этади:
– Тавба, бу қишлоққа нима бўлган ўзи, а?
Қишлоққа, яъни қишлоқ аҳлига нима бўлганини, янада аниқроғи, нима бўлишбўлмаслигини Боботерак яхши билади. Бу – кўп жиҳатдан токзордан олинадиган
ҳосилнинг чўғига боғлиқ. Айнан шундай – ҳосил камроқ йили қишлоқ эркаклари
алланечук ювош тортиб, аксинча бўлса, кексалар таъбири билан айтганда, ўзидан
кетишади, қутуришади – узумдан хирмонлар ясаб, қоп-қоп майиз қуритиб олишгач,
тўқликдан айнишади, ҳеч важсиз турли зиёфатлар уюштиришиб, кайф таъсирида
ўзаро ёқалашиб юришади. Аммо қиш охирлаб, кунлар илиб, қўллари кетмонга
тегиши билан ғиди-бидиларга чек қўйилиб, ҳамма боши билан меҳнатга шўнғийди.
Кузакда эса…
Кузги мўл-кўл ҳосилдан чўнтаги пулга тўлганлардан бири бундай ёни-берига
разм солсаки, қўшниси ёхуд узоқ-яқин жўраларидан бирининг димоғи шишиб
қолибди, худди ўтган галгидек, бу сафар ҳам чойхонани тўлдириб ўтирибди, ўзига
ўхшаганлар билан шовқунлашиб. Вой-бўй, авзойидан унча-бунча одамни писанд
қиладиган эмас. Турган гапки, бу нарса унинг ғашига тегмай қолмайди, беихтиёр,
ичи ёниб, сендан мен камми, деган ўйга боради. Пировардида, катта-кичик
давраларда шишалар жиринглаб, гурунглар чўзила боради, гурунглар чўзилгани
сари, юраклар қатида биқиниб ётган эски гина-кудуратлар қайта жонланиб, хешу
биродарлик туйғуси чанггу тўзон остида қолади. Зеро, қишлоқда ёт-бегонанинг ўзи
йўқ – ҳамма бир-бирига узоқ-яқин қон-қариндош. Аммо ёқалашган кезлари ёвдан
баттар ҳезланишади. Айни шу нарса қўшни қишлоқдаги нозирлик идорасининг бу
қишлоққа – оқиш бинога кўчишига сабаб бўлган.
Ҳайдар нозир худди Боботерак каби аҳмоқона ғиди-бидилар нечоғлик даражада
урчиш-урчимаслигини йилги ҳосилга қараб фаҳм этса-да, аммо у сингари
узумзорни ёмон кўрмайди. Баъзан шунчаки таассуф ила кулимсираб қўя қолади.
Бекорга кулмайди, чунки қишлоқнинг серзарда, нодон йигитлари жанжалдан сўнг,
ҳосилдан тушган мўмай даромаднинг маълум бир қисмини айбларини ювишга
сарфлаб, жабрдийданинг кўнглини овлаш учун кунда ва кунора шифохонага товуқ
шўрва ташиб юришади-да. Табиийки, бу ҳол киши кулгисини қистамай қўймайди.
Ҳайдар нозир бу хилдаги жанжалларни тўқликка шўхлик деб билади ва қошида
ғазабдан тутаб турган даъвогарни инсофга чақириш ниятида, хай-й, ортиқча
бир-икки мушт есанг-ебсанда, шунгаям ота гўри қозихонами, деган оҳангда
ва ўз навбатида, қишлоққа бегоналигини рўкач қилгандек бир тарзда дейди:
“Айтишларича, у сенга қариндош экан… Ростини айтсам, бунчалар яқинсилар деб
ҳеч ўйламагандим…” Бу гапдан кейин гўё яқин хешлиги энди эсига тушгандай,
арзгўй пича бақрайиб туради-да, сўнгра ҳамқишлоқларига хос гинахонлик билан:
“Э-э, бунақа қариндошнинг боридан йўғи, тиригидан ўлиги яхши…” дея саннашга
тушади. Бунақа пайтларда Ҳайдар нозир ошиқмайди, рўпарасидаги аламзада
кимсанинг жазавадан тушмоғини сабр билан кутади, сўнг столни черткилаб,
гапни кўпчитиб дейди: “Судга бериб, маълум муддатга тиқиб юборишнинг ҳеч
қийин жойи йўқ. Аммо сўнг, фалонча ўз жигарининг боплаб жойини сопти, деган
маломатни кўтариб юришга чоғингиз етармикан? Эл-юрт сизни одам ўрнида
кўрармикан?..” Масаланинг бу ёғини ўйламаган аризачи ели чиққан пуфакдай
бирдан бўшашади. Ҳайдар нозир керишган ва эснаган киши бўлиб, ўйлаб кўришга
изн берган бўлади. Жабрланувчи ташга чиқиб ўйлайди, гоҳ Боботеракка суяниб,
гоҳ унинг пойига чўкиб, гоҳ қишлоққа боқиб, гоҳ Ҳайдар нозирнинг кажавали кўк
“Урал” мотоциклига тикилиб ўйлайди. Кечирай деса, алам ўтган, кечирмай деса…
Боботерак фурсатдан фойдаланиб, япроқларини шитирлатганча, бошда уни
инсофга чақирган бўлади, сўнг, барига айбдор мана шу, дея шарқдан ғарб томонга
чўзилиб кетган шимолий дўнглик пойига қадар ястаниб ётган токзорни яниб,
узумзорни таг-томири билан қўпориб, янчиб ташлаш керак дейди. Куракда турмас
қутқуси билан, ҳар дамгидек, узумзорнинг изтеҳзоли кулгисига сабаб бўлади.
Бу-ку майли, Боботеракка энг алам қилгани, қишлоқ аҳли узумзорни ҳаддан зиёд
ардоқлайди, қиш олди ертоклар устига тупроқ тортиб, кунлар илиши билан уларни
замин бағридан халос этиб, меҳр билан парваришлашади, кўклам охирларида шохшабба ва қамишдан капалар тикиб, қушлардан ҳосилини қўриқлашади.
Алами тошган кезлари Боботерак дардини эрка елга айтади. Бироқ ели
тушмагур дардини тинглашга тинглайди-ю, лекин ҳеч қачон узумзорга ёт кўз билан
боқмайди – терак қатори токларни ҳам силаб-сийпалайди, меҳр билан эркалайди.
Аммо бобоси қорасовуқнинг феъли чатоқ – гоҳида кутилмаганда пайдо бўлади-да,
бир тундаёқ эндигина уйғона бошлаган боғ-роғларни шип-шийдам қилиб кетади.
Ва ҳосилнинг кескин камайиши оқибатида, қишлоқ йигитлари ҳалимдек юмшаб,
Ҳайдар нозир бекорчиликдан эснаб қолади. Яхшиямки, ҳамиша бевақт ташриф
буюрувчи қорасовуқ йилда эмас, уч-тўрт йилда бир ҳунар кўрсатиб кетади. Қолган
пайт олам куну тун тиним билмай эсадиган эрка ел измида бўлади. Мана, ҳозир ҳам
бошдан-адоқ алангага айланган Боботеракнинг жонига ора кирмоқ учун тепасида
чарх урмоқда эди. Афсуски, бу ҳаракати билан, аксинча, ўтни янада кучайтирмоқда
эди.
Эрка ел ҳамиша Боботеракни ўзига яқин тутар, баъзида токзорга оёқ узатиб,
дарахт тўшига бош қўйиб, унинг саодатли ўтмиши ҳақидаги ҳикояларини мароқ
билан тингларди. Якунида эса аста хўрсиниб қўярди. У хўрсиниши билан Боботерак
новдаларини тебратиб, япроқларини ўйнатиб, беихтиёр, куйлашга тушарди. Бу –
унинг масъуд дамларидан ёдгорлик бўлиб қолган ягона қўшиғи эди. У вақтларда
токзордан асар ҳам йўқ эди. Қишлоқ нисбатан кичикроқ бўлиб, одамлар зиғир
етиштириш билан шуғулланишарди.
Тераклар мўл, толзор адоғидаги тегирмонга қадар чўзилганди.
О-о, қанчалик ажойиб дамлар эди!
Кейинроқ қишлоқ аҳли негадир зиғирчиликдан воз кечиб, узумчиликка ўтиб
олишди. Токлар ҳосилга киргач эса, эрка ел дилни хира айлагувчи гап-сўзларни
тез-тез етказадиган бўлиб қолди.
“Абдутолиб деганлари ўн қопдан зиёд майиз қипти. Кеча даврада ўзича катта
кетиб, керак бўлса, кўкдаги ойни сотиб олишга-да қурбим етади дея мақтанибди…”
“Шодивойнинг мусалласи эсни чаппа қиладиган даражада ўткир бўпти.
Ичганлар икки пиёладаноқ думалаб қолаётган эмиш…”
“Санақул кайф устида Холёр бодини калтаклаб қўйибди. Э, холавачча бўлмай
ўлларинг…”
“Гелдиёр боди қиш ўртасида юбилей қилмоқчи эмиш. Шаҳардан энг машҳур
қўшиқчиларни чорлаб, ўзи зар чопонда тўрда керилиб ўтирар эмиш. Тавба, қирқ
ёшда юбилейга бало борми…”
“Узунқул ҳам хумларини мусалласга тўлдирибди. Тунов куни кайфда туғишган
инисини “онангни” деб сўккан экан, укаси оғзини йириб қўйибди. Янгаси энди уни
қаматаман деб юрган эмиш…”
“Эшқобил шаҳарда уч қоп майизнинг пулини олдириб қўйибди. Бирор ерда
ичиб олиб мақтанган шекилли. Азалдан шу, оғзига озгина тегиши билан, йигитлар
хўрози ўзимман дея, мақтанишни хуш кўради. Аёли аразлаб кетиб қолибди…”
“Шариф кўса кайф устида, токзорим отам, деб қўшиқ айтган экан, отаси Соли
махсум жаҳл устида уч-тўрт токини кесиб ташлабди…”
Бу каби нохуш хабарлар эл оғзидан учарди.Эрка ел уларни илиб олиб, оқизмай-томизмай Боботеракка етказар эди.Бунга сари Боботеракнинг ғами ортарди. Нега деганда, “Янгитом” деб аталмишқишлоқ унинг кўз ўнгида қад ростлаган. Шу боис, қишлоқ аҳли унга жондек азизва қадрдон эди. Яхшидир, ёмондир – ҳеч бир бегонаси йўқ эди.Бегонаси – узумзор эди.Боботерак зиғирпоя ўрнида пайдо бўлган “бегона”га аввалига кўпда эътиборбермаган. Сўнг қарасаки, ерга қадалган ток қаламчалари кўкка бўй чўзгани сайин,секин-аста теракларга қирон келмоқда – оғочи томларга тўсин, шоху новдаларитокзорга тирговуч бўлмоқда. Бу ҳолдан у талвасага тушиб қолган. Чунки болтатутган кимсалар унинг теварагида ҳам бир неча бор айланишган эди-да. Ҳайтовур,куни битмаган экан, танасига болта тегмаган, чамаси, нозир идорасига бақамтилигиҳам жонига ора кирганга ўхшайди. Яна ким билади дейсиз.“Боботерак” деган номга мушаррафлигига келсак, бу номни унга Тўра узунберган, теракка тикилиб деганки: “Аммо-лекин зўр терагимиз бор-да! Олисданқайтсанг, қаршилайди, кетар бўлсанг, кузатиб қолади! Момотерак, э, йўқ,Боботерак бу!” Бу гапни ирод этганида, у ширакайф эди. Улфатлари билан чимзорустида яримтани майдалашиб ўтирарди. Айтгани шерикларига маъқул тушиб, улардарахтнинг соғлиги учун, ҳа, айнан соғлиги учун кетма-кет қадаҳ кўтаришган.Охирида Тўра узун ҳадеб ғашига тегаверган оғайниси билан ёқалашиб қолиб, иккитишини уриб синдирган. Шундай қилиб, ёмон воқеадан яхши ном қолган.Боботерак!Ўшанда оғайниси етти ёт бегона эса-да, нозирга арз қилишни хаёлигакелтирмаган. Ўз амакиваччаси андишанинг бетига туфлаб, устидан бир қулочарзнома битиб ўтирибди. Арзнома томи гуриллаб ёнаётган бинода, стол тортмасидаэди. Оқшом Ҳайдар нозир ўша ёзилмани дастак қилиб, роса жонини олганди.Боядан бери алангани узоқроқдан кузатиб турган Тўра узун шунинг учун ҳамўзича мамнун эди. Қолганлар эса саросимада – кимдир сув тўла челакни кўтарибоқиш бино томонга чопган, кимдир ток новдаларини пешма-пеш ямлаётганузумзордаги аланга билан андармон, улар қаторида Тўра узун каби томошабинларҳам йўқ эмасди.Тўра узун токзорда, одамлар орасида ўралашиб юрган Зокир қорани кўриб,истеҳзоли жилмайди. Қаватидаги кимсанинг ажабланиб боққанини сезгач, гўётутундан бўғилгандай, кафти билан оғзини тўсиб, кетма-кет йўталган киши бўлди.Бироқ кўзлари қувончини ошкор этиб турарди. Ахир севинмай бўладими, чункихеши бўла туриб, душманнинг ишини қилган амакиваччасининг ҳам токзориёнмоқни бошлаган эди-да. Бунинг устига, оловнинг шашти шу қадар баланд эдики,агар шу суръатда авжланишда давом этса, ҳадемай Санақулнинг узумзорини ҳамямлаши мумкин эди. Бу ўйдан Тўра узун бирдан сергак тортди, боиси Санақулнингузумзоридан кейингиси ўзининг токзори эди. У ияк кўтариб, токзори томонгахавотир ила боқди. Хавотирга ҳожат йўқлигини пайқагач, сигарет тутатганча, оёғиостидаги бўш челакни нари тепиб, ҳа, бўлларинг, дея овоз кўтарган бўлди. Бу пайтдаэс-ҳушини йиғнаб олган одамлар ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишни бошлаган эди.Улкан алангага айланган Боботерак бўлса ўша-ўша бўш келмасликка уринар, ўтличангалини ҳар томонга чўзганча ғарқ пишган узум бошлари-ю, ток новдаларини,ердаги қуриган хас-хашакларни аямай ямлар, эрка ел ғир-ғир эсганча унга кўмакберарди…


Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil